Салим қалб Принтер учун
21.11.2011 й.
«Салим» Ислом сўзи билан ўзакдош бўлиб, «касаллик ва нуқсонлардан ҳоли» деган маънони англатади.
Салим қалб соҳиби бўлиш учун, аввало, Қуръони каримда баён қилинган мўминлик сифатларига мувофиқ ҳаёт кечириш лозим.
Ҳазрати Оиша (р.а.) онамиздан: «Аллоҳ Расулининг ахлоқлари қандай эди?» деб сўралганида: «Ул зотнинг ахлоқлари Қуръон эди», деб жавоб бердилар. Иккинчидан, «салим қалб»ни инсонларга зарар берувчи нарсалардан саломат қалб деб шарҳласа ҳам бўлади. Ҳадиси шарифда Пайғамбар (с.а.в.): «Ҳақиқий мусулмон унинг тили ва қўлидан бошқа мусулмонлар саломат бўлган кишидир», деб марҳамат қиладилар. Демак, мусулмон киши қўли ва тили билан бошқага зарар бермайди.
«Қалби салим» бирикмаси Қуръони карим да икки ўринда зикр қилинади.
«У кунда на молу давлат ва на бола-чақа фойда бермас. Аллоқ хузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)» (Шуаро, 88-89-оятлар мазмуни).
Бу оятда «салим қалб» бирикмаси Иброҳим (а.с.) тилларидан айтилган. Саффот сурасининг 84-оятида ҳам Иброҳим (а.с.) ҳақларида: «Зсланг, у Парвардигорига тоза дил - қалби салим билан келди», дейилади.
Дарҳақиқат, Ҳазрати Иброҳим (а.с.) кўп пайғамбарлар отаси эдилар. Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): «Мен Иброҳимга ўхшайман» («Сиҳоҳи ситта» 17-ж, 281-бет), деб марҳамат қилганлар.
Бинобарин, салим қалб куфр, тараддуд ва ширкдан саломат қалбдир. Қалбида ҳатто куфр сояси бўлган киши ҳам салим қалб соҳиби бўла олмайди. Баъзилар: «Менинг қалбим пок, мен инсонларни яхши кўраман, улар учун фойдали иш қилишга ҳаракат этаман», деб даъво қиладилар. Аслида, салимлик, аввало, имонга боғлиқ. Имон бўлмаса, бутун яхшиликлар, ҳасаноту фазилатлар ёлғон ёки муваққат бир нарса бўлиб қолади.
Агар бир инсон халқ ва мамлакат манфаати учун кўп яхшиликлар қилиб, унинг ривожига ўз ҳиссасини қўшса-ю, айни чоқда, ўша давлат қонунларини тан олмаслигини айтиб, уларга зид ҳаракат қилса, жазога тортила-ди. У қилган яхшилик ва хизматлар эътиборга олинмайди. Шунга монанд бутун коинотнинг Яратувчисини эътироф этмаган, унга имон келтирмаган инсоннинг қилган яхшилик ва хизматлари, қанчалик буюк бўлма-син, қиёмат кунида асло фойда бермайди. Бунга Абу Толибнинг ҳаёти ёрқин мисолдир. У Пайғамбаримизни (с.а.в.) гўдаклик чоғларидан бошлаб қирқ саккиз йил ҳимоя қилди. Бирон кишининг Расулуллоҳга (с.а.в.) зиён етказишига йўл қўймади. Шунга қарамасдан, имон келтирмагани учун илоҳий раҳматга эриша олмади. Аммо Абу Бакр Сиддиқнинг (р.а.) сочлари оппоқ оқарган оталари Абу Куҳофа пайғамбар ҳузурларида имон келтирдилар. Шунда Абу Бакр (р.а.) йиғлай бошладилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Эй Абу Бакр, нега йиғлайсиз, ахир отангиз ҳидоятга эришди-ку?» дедилар. Абу Бакр (р.а.) шундай жавоб бердилар: «Отамнинг ўрнига шу тавҳид калимасини Абу Толиб айтишларини кўп орзу қилардим!»
Инсоннинг хайрли ишлари, саховатлари охиратда фойда бериши учун унинг қалби салим, Қуръон ахлоқи билан зийнатланган бўлиши зарур.
Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) Аллоҳдан қўрқиб, тақво эгаси бўлиш ва гўзал ахлоқ инсоннинг жаннатга ворид бўлишининг гарови эканлигини таъкидлаганлар. Инсон гўзал ҳаёт кечиришни, қиёмат кунида солиҳ бандалар билан бирга бўлишни хоҳласа, қалбини куфр, ширк, нифоқ ва гуноҳлардан пок тутиб, уни имон билан обод қилиши керак.

Муҳаммадайюб Ҳомид
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz