Офат етгандаги тасарруф Принтер учун
10.12.2011 й.
islom.uz
Экинларга офат етгандаги ҳолат «жоиҳа» дейилади. Экинларга офат етганида, хусусан, икки томондан молиявий муомалага кириб қолган экинларга офат етса нима бўлади? Мисол учун, бир деҳқон бировнинг ерини олиб, шартнома асосида экди. Аммо сел, дўл, бошқа бирор офат ёки ҳашорат туфайли ҳосил ола билмади, ҳосили кам ёки сифатсиз бўлди. Бундоқ ҳолда қандоқ тасарруф қилинади?

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бир киши ўзи сотиб олган меваларда мусибатга учраб, қарзи кўпайди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга садақа қилинглар, дедилар. Одамлар унга садақа қилдилар. Лекин у ҳам қарзини адо этишга етмади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдорларга борини олинглар, сизга ўшандан бошқа нарса йўқ», дедилар».
Шарҳ: Бир киши етилган меваларни сотиб олган. Лекин уларни териб олиб савдога қўйгунча бўлмай офат етиб, мевалар ҳалокатга учраган. Оқибатда қарзга ботиб қолган. У кишини ноқулай ҳолатдан чиқариш ниятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни унга садақа қилиш орқали ёрдам беришга чақирганлар. Аммо бу ҳам кифоя қилмаган. Сўнгра охирги чора сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдорларга борини олиб, қолганига рози бўлиб қўйишни тавсия қилганлар.
Демак, шунга ўхшаш бирор офат туфайли экин-текинида мусибатга учраб, оғир иқтисодий ҳолатга тушиб қолган кишига мусулмонлар оммаси қўлларидан келганича ёрдам беришлари керак. Ундан ҳақдор бўлган кишилар ҳам борини олиб, қолганига рози бўлишлари керак.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар биродарингга мева сотсанг-у, унга офат етса, сенга ундан бирор нарсани олишинг ҳалол бўлмайди. Нима учун биродарингнинг молини ноҳақдан олар экансан?» дедилар
».
Икковини Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ривоятда экинларга офат келиб, мусибат етганда зарарни сотувчи кўтариши кераклиги уқдирилмоқда. Яъни, мева дарахтда турган ҳолида сотилган, аммо сотиб олган киши нархни тўламай туриб, дарахтда турган меваларга офат етган. Бу ҳолда зарарни сотувчи кўтаради.
Бу масала жуда ҳам кенг ўрганилган ва уламолар орасида тортишувларга сабаб бўлган. Умумий ҳолатга қараб жумҳур уламолари зарарни сотувчи кўтаради, деганлар.
Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари эса, зарарни харидор кўтаради, деганлар. Лекин ҳамма бараварига зарар тортганга ёрдам берилади, деган.
Тафсилотга келганда эса, қайси экин ва мевалар бу масалага оид, қайсилари оид эмас ва бошқа турли жиҳатлар майда-чуйдасигача ўрганиб чиқилган. Яъни, бошқа масалалар қатори бу масала ҳам ўзига керакли эътиборга эга бўлган.
Кези келганда яна бир нарсани эслаб ўтишимиз лозим. Ушбу масала «Ҳадис ва Ҳаёт» китобимиздаги энг қисқа баёнга эга масала. Фақат икки дона ҳадиси шариф зикр қилинган, холос.
Шу масалани яхшироқ ўрганиш учун ҳаракат қилиб, кичик бир кутубхонага мурожаат қилинганида бир неча алоҳида китобларга дуч келинди.
Мисол учун, Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад, Муҳаммад Хаттобнинг «Ан-қавлул возиҳ фии баёни ал-жавоиҳ» китоби, Абдус-Салом ат-Турлонийнинг «Назариятуз-зуруфит-ториъа», Фозил Шукрий ан-Нуъаймийнинг «Назариятуз-заруфут-ториъа байнаш-шарийъа вал қонун» ва Доктор Солимнинг «Назариятул-жавоиҳи байнал фиқҳил исломий вал қонунул вазъий» китобларини зикр қилиш мумкин.
Бу ҳол, бир томондан, Исломда ҳаётнинг ҳамма соҳасини батафсил ўрганилганига далолат бўлса, иккинчи томондан, биз ўзимиз ўрганаётган бобларимизда сонсиз-саноқсиз китобларда келган баҳсларнинг зубдаси-сарасини ўрганаётганимизни кўрсатади.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz