Ҳолбуки, Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарлик мақомига бошқалардан кўра лойиқроқ эдилар. Чунки, у зот олий табақадан келиб чиққан, насаблари пок, юксак эканлиги барчага маълум эди. Рим императори Ҳирақл Абу Суфёндан Пайғамбаримизнинг насаблари ҳақида сўраганида, Абу Суфён: “У ичимизда аслзодадир”, деб жавоб берган эди. Шунда Ҳирақл: “Мен сендан унинг насаби ҳақида сўрадим, сен унинг ичингизда насл-насаби буюк эканини айтдинг. Ҳа, шундай! Пайғамбарлар ўз қавмининг аслзодаси бўлишади”, деганда нақадар ҳақ эди.
Бир куни Аббос ибн Абдулмутталиб розийаллоҳу анҳу (кофирларнинг Пайғамбаримиз ҳақларида таҳқиромуз) гапларини эшитиб қолади ва тўғри Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига (ғазабланган ҳолда) келади. (Буни эшитган) Пайғамбаримиз (насабларини баён қилиш мақсадида) минбарга кўтарилдилар. (Танбеҳ бериш маъносида): “Мен кимман?”, деб сўрайдилар. (Саҳобалар саволни яхши тушунмасдан): “Сиз Аллоҳнинг элчисисиз”, деб жавоб беришади. Пайғамбаримиз: “Мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталибман. (Яъни, сизлар ота-боболаримни яхши биласизлар). Албатта, Аллоҳ таоло махлуқотни (яъни, жин ва инсонларни) яратди. Мени уларнинг яхшилари (бўлган мукаррам инсонлар) ичида қилди. Сўнгра у (инсон)ларни икки гуруҳ (араб ва ажам)га бўлди. Мени энг яхши гуруҳ (араблар) ичида қилди. Сўнгра уларни қабилалар қилди. Мени энг яхши қабила (бўлмиш Қурайш) ичида қилди. Сўнгра уларни хонадонлар қилди. Мени энг яхши хонадон (бўлган Бани Ҳошим) ичида қилди. (Фахр эмас), мен жон (яъни, зот ва руҳ) жиҳатидан ҳам, хонадон (ва пок насаб) жиҳатидан ҳам уларнинг энг яхшиси бўлдим (зеро, Аллоҳ мени охирзамон пайғамбари этиб тайёрлар эди)”, дедилар”. (“Сунани Термизий”, 3608-рақам. “Муснади Аҳмад ибн Ҳанбал”. “Мишкотул масобийҳ”, 5757-ҳадис. Саҳиҳ).
Араб қабилалари катта-кичиклиги жиҳатидан 6 хил бўлади: “Шаъб”(شعب), “Қабила”(قبيلة), “Имора”(عمارة), “Батн”(بطن), “Фахиз”(فخِذ), “Фасийла”(فصيلة).
“Шаъб” қабилалардан, “қабила” иморалардан, “имора” батнлардан, “батн” фахизлардан, “фахиз” эса фасийлалардан ташкил топади.
Масалан: “Хузайма” шаъбдир, “Кинона” қабиладир, “Қурайш” иморадир, “Қусай” батндир, “Ҳошим” фахиздир, “Аббос” фасийладир.
(Ҳадис изоҳлари ва қабилалар ҳақидаги маълумотлар Мулла Али қори Ҳанафийнинг “Мирқотул мафотийҳ” китоби ва Шайх Муҳаммад Абдураҳмон Муборакфурийнинг “Туҳфатул аҳвазий фий шарҳи жомеъит Термизий” китобларидан фойдаланилди).