«Бадойеъ ас-санойеъ»дан «Китоб ал-истеҳсон» Принтер учун
07.01.2012 й.
Бу китоб баъзан “Китоб ал-Ҳазар ва-л-ибоҳат” ва баъзан “Китоб ал-Кароҳат” деб ҳам номланган. Аслида бу китоб ҳақида икки ўринда гап боради:
а) Китоб исми маъносининг баёнида;
б) Унда жамланган ман қилинган ва мубоҳ қилинганлар нарсаларнинг турлари баёнида.
Биринчи ном «истеҳсон»: Истиҳсон деганда бирор нарсанинг ҳасан (чиройли, гўзал) сифатида бўлиши ирода этилади. Шунингдек, удан гўзал саналган ишни ҳам ирода қилинади. Истиҳсон   бирор нарсани яхши деб қарашдир. “Истаҳсанту казо” (إستحسنت كذا) дейилса, “уни яхши деб билдим” деганидир. Эҳтимолки, айни шу китобни “Истеҳсон” деб номланиши унда келтирилган барча ҳукмларнинг, бошқаларидан фарқли ўлароқ, айнан «ҳасан» дейилиши ҳамда уларни ақл ва шариат гўзал санагани  боисидандир.
“Китаб ал-ҳазар ва-л-ибоҳат” деб номланишига келсак, бу ҳам ўз мазмунига мос, ўз тақозосига мувофиқ номлашдир. Чунки бу китоб бир мунча ман қилинган ва мубоҳ нарсаларнинг баёнига ажратилгандир.
“Китаб ал-кароҳат” деб номланиши ҳам шунга ўхшашдир. Чунки, унда кўпинча ҳаром қилинганлар баёни бор. Ҳар бир ҳаром қилинган нарса шариатда макруҳдир. Зотан, кароҳат муҳаббат ва ризонинг аксидир. Аллоҳ таборак ва таоло айтади:
وَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئاً وَهُوَ خَيْرٌ لَّكُمْ وَعَسَى أَن تُحِبُّواْ شَيْئاً وَهُوَ شَرٌّ لَّكُمْ
“Балким, сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар”.(Бақара сураси 216-оят.)
Шариат ҳаромни севмайди, унга рози ҳам бўлмайди. Бироқ, унинг ҳаромлиги Китоби азиз ёки бошқаси [яъни, мутавотир ҳадис]дан иборат қатъий далил билан собит бўлган бўлса, Муҳаммад [аш-Шайбоний]нинг одати – уни мутлақ ҳаром деб атайди. Аммо агар унинг ҳаромлиги оҳод хабарлар ва саҳобаи киромлар разийаллоҳу анҳум қавллари ёки бошқаси [яъни, уламолар фатволари]дан иборат қатъий бўлмаган далил билан собит бўлган бўлса, уни макруҳ деб номлайди. Гоҳо иккаласининг орасини жамлаб, унинг ҳаромлиги қатъий далил билан эмас, зоҳир далил билан собит бўлганига ишора қилиб, “ҳаром-макруҳ” деб атайди.
Унда жамланган ҳалол ва ҳаром қилинган нарсаларнинг турлари баёнига келсак, Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан айтамиз:
Бу китобда жамланган ҳаром қилинганлар аслида икки навдир. Бир тури, ҳаромлиги эркак ва аёллар ҳаққида баробар собит бўлган, яна бир тури эса ҳаромлиги аёлларга эмас, эркаклар ҳаққида собит бўлган.
Аммо ҳаромлиги эркаку аёлга баробар собит бўлганга келсак, баъзиси китобларда ўз ўрнида зикр қилинган, уни қайтариб ўтирмаймиз. Китобларда зикр қилинмаганларини эслатиб ўтамиз. Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ китобни нима билан бошлаган бўлса, ўша нарса биланг бошлай қоламиз. У ҳам бўлса назар солиш ва ушлашнинг ҳаромлигидир. Бу борада гап уч ўринда боради:
Биринчиси, ўшаларнинг ичида эркак учун аёлдан, аёл учун эркакдан ҳалол ва ҳаром бўлган нарсалар баёни;
Иккинчиси, эркак учун эркакдан ҳалол ва ҳаром бўлган нарсалар баёни;
Учинчиси, аёл учун аёлдан ҳалол ва ҳаром бўлган нарсалар баёнидир.

I

Аммо биринчиси, унинг маърифатига фақат аёлларнинг турларини танигандан кейингина етиш мумкин. Аллоҳ таолонинг тавфиқи ила айтурмиз:
Бу бобдаги аёллар етти турдир:
1) Улардан бир нави никоҳ қилинганлар;
2) Яна бир нави чўрилар;
3) Яна бир нави маҳрам қариндош соҳибалар. Улар она, қиз, амма, хола каби никоҳ учун ҳаром қилинган қариндошлардир.
4)Яна бир нави маҳрам бўлмаган қариндош соҳибалар. Улар эмикдошлик ва никоҳ йўли билан маҳрам бўлганлардир.
5)Яна бир нави бошқаларнинг чўрилари;
6) Яна бир нави асло қариндошлик ва маҳрамлик йўқлардир. Улар бегона, ҳур аёллардир.
7) Улардан яна бир нави маҳрам бўлмаган қариндошлар. Бу никоҳни ҳаром қилмайдиган қариндошликдир. Масалан, амаки, амма, тоға ва холанинг қизлари каби.

Биринчи тур:
Улар никоҳга олинганлардир. Эр учун ўз хотинига бошидан то қадамигача қараши ва ушлаши ҳалол бўлади. Чунки, у билан жинсий алоқа қилмоқлиги ҳалол бўлган. Зеро [Аллоҳ] таоло айтади:
وَالَّذِينَ هُمْ لِفُرُوجِهِمْ حَافِظُونَ {5} إِلَّا عَلَى أَزْوَاجِهِمْ أوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُمْ فَإِنَّهُمْ غَيْرُ مَلُومِينَ {6}
“Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар”. (Муъминун сураси 5-6- оятлар).
Зотан, у [жинсий алоқа] назар ва ушлашдан юқоридир, демак, [назар солиш ва ушлаш] ба-тариқа авло ҳалол бўлади. фақат унга ҳайз ҳолатида яқинлик қилиш ҳалол бўлмайди. Чунки [Аллоҳ] таборак ва таоло дейди:
وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْمَحِيضِ قُلْ هُوَ أَذًى فَاعْتَزِلُواْ النِّسَاء فِي الْمَحِيضِ وَلاَ تَقْرَبُوهُنَّ حَتَّىَ يَطْهُرْنَ {222}      
    “Сиздан ҳайз тўғрисида сўрайдилар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун ) азиятдир. Бас, ҳайз пайтида хотинларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича, уларга яқинлашмангиз!”. (Бақара сураси 222-оят.)
    Демак, ҳайз ҳолати биз тиловат қилган насс [далил]нинг умумийсидан хосланганга айланди. Энди, фарждан бошқа жойидан ҳузур олиш ҳалол бўладими, бунда ихтилоф қилинган:
Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф разийаллоҳу анҳумо «фақат изорнинг юқорисидан  ҳузур олиш ҳалол», дейдилар. Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ эса қон белгисидан сақланади, бундан бошқаси ихтиёри, дейди. Машойихлар икки зот (Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф)нинг “изорнинг юқорисидан” деган сўзларининг шарҳида ҳам ихтилоф қилганлар:
Баъзилар ундан киндикнинг юқориси, тушунилади деганлар. Унга кўра, киндикнинг юқорисидан ҳузур олиш ҳалол бўлади, киндик остидан то тиззагача бўлган жойдан ҳузур олиш мубоҳ бўлмайди.
Баъзилар бундан мурод “изор билан бирга” деганлар. Унга биноан, киндик остидан, фарждан бошқасидан, очилган ҳолда эмас, изор билан бўлса, ҳузур олиш ҳалол бўлади. Икковининг “изорнинг юқорисидаги нарса” деган қавлига умумий амал қилиш мумкин. Чунки, бу фарждан ташқари киндикнинг юқорисини ҳамда иштон билан бўлса, остини ҳам ўз ичига олади. Чунки, буларнинг ҳаммаси изорнинг юқорисидир. Шундай қилиб, умумий лафзга амал қилган бўлинади. Валлоҳу аълам!
Муҳаммад (р.а)нинг қавлининг далили эса [Аллоҳ] таборак ва таолонинг:
وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْمَحِيضِ قُلْ هُوَ أَذًى
“Сиздан ҳайз тўғрисида сўрамоқдалар. Айтинг: “У (эр ва хотин учун ) азиятдир.” оятининг зоҳири бўлиб, ҳайзни “азият” қилинмоқда. Демак, ҳаромлик азиятнинг ўрнига хос. Зеро, ривоят қилинганки, саййидамиз Оиша разийаллоҳу анҳодан эркак учун ҳайз кўрган аёлидан нима ҳалол бўлиши ҳақида сўралганда  У зот: “Қон белгисидан сақланади, бундан бошқаси унга жоиз”, деганлар.
    Икки зотнинг сўзининг сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган: “Бизга киндикнинг остидаги нарса, унга эса унинг устидаги нарса”, деган сўзларидир. Ривоят қилиндики, Набий алайҳиссалоту вассаломнинг хотинлари ҳайз кўрсалар, уларга [махсус] иштон киймоқликни амр қилардилар, сўнгра улар билан бир жойда ётаверардилар. Шу билан бирга, фаржга яқин жойдан фойдаланиш ҳаромга тушиб қолишга сабабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳой, огоҳ бўлинг! Ҳар бир подшоҳнинг қўрғони бор. Аллоҳнинг қўрғони унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Кимки қўрғон атрофида айланаверса, унга тушиши яқиндир”, яна бир ривоятда: “Кимки қўрғон атрофида еб ичиб, ўйнайверса, унга тушиши яқиндир” деганлар. Сон билан ҳузурланувчи таъқиқланган жойни атрофини айланган ва атрофида ўйноқлаган бўлади, демак, унга тушиши яқин бўлади. Бу шунга далолат қиладики, ундан фойдаланиш ҳаромга тушиб қолишликга сабаб бўлади. Ҳаромнинг сабаби ҳам ҳаром. Унинг асос қоидаси бегона аёл билан ёлғиз қолишдир.
    Ояти карима эса, унга (Имом Муҳаммадга) қарши ҳужжатдир. Чунки, фаржнинг атрофи одатда азиятдан холи бўлмайди. Ундан ҳузурланиш эса азиятдан фойдаланишдир. Саййидамиз Оиша разийаллоҳу анҳонинг “бундан бошқаси унга жоиздир”, деган сўзи “изор билан бирга” деганидир.  Далилларни бир-бирига зид келишидан сақланиш учун уларнинг орасини мувофиқ қилиш учун шунга ҳамл қилинади.
    Шунингдек, хотинга ҳам эрининг бошидан то қадамигача назар солиши ва ушлаши ҳалол бўлади. Зотан, бундан кўпроқ нарсалар ҳам унга ҳалол бўлган эди. У жинсий яқинликка имкон беришдир. Демак, бу (назар солиш ва ушлашни) ҳалол бўлиши [батариқи] авлодир. Никоҳидаги аёлининг айни фаржига қараш ҳам ҳалол бўлади. Чунки, ундан фойдаланиш, лаззат олиш ҳалолдир. Лекин икки тараф ҳам кўзларини тийиш одобдир. Чунки, саййидамиз Оиша разийаллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабз қилингунларича мен у зотдагига назар солмадим, у зот мендагига назар солмадилар”, деб айтганлар.
    Аёлнинг орқасига “келиш” ҳалол эмас. Чунки, Аллоҳ азза шаънуҳу ҳайзли аёлга яқинлашишдан қайтарган ва (бундаги) маъно моҳиятга ишора қилган. У эса, ҳайзнинг азият эканидир. Энди ана у жойдаги азият яна да ёмонроқ ва фаҳш, жирканчроқдир. Демак, у ҳаром бўлишга ҳақлироқдир. Саййидимиз Али разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки ҳайзли аёлга ёки аёлнинг орқасига яқинлик қилса, ёхуд коҳинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, бас , у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарсага кофирдир”, дея марҳамат қилганлар. Яъни, хотинларнинг орқасига “келиш”дан қайтарганлар.
    Шунга биноан, саҳобаи киром разийаллоҳу таоло анҳумдан келган асарларда буни «кичик лутийлик» деб номланган. Шу билан бирга дунёда баҳраланишнинг ҳалол бўлиши фақат шаҳватларни қондириш учун собит бўлмайди. Зеро фақат шаҳватларни қондиришга бошқа дунё охират бордир.   Бу фақат ҳожатни қондириш учунгина собит бўлгандир. У ҳам бўлса, дунё тугагунча наслнинг боқий қолиши ҳожатидир! Лекин ҳожатни қондиришга йўналиш учун башар зотига шаҳватлар истаклар ҳам жойлаштирилганлир. Насл ҳожати орқага яқинлик қилишни ўзига олмайди. Агар [орқага яқинлик қилиш ҳақида] ҳалоллик собит бўлганида ҳам, фақатгина шаҳватни қондириш учун собит бўлган бўлар эди. Дунё эса, бунга яратилган эмас.

    Иккинчи тур:
Улар мамлука [чўри]лардир. Уларнинг ҳукми ҳам никоҳ қилинганлар ҳукмидадир. Демак, хожага чўрисининг бошидан то қадамигача бўлган жойига назар солиши ва ушлаши ҳалол бўлади. Чунки [Аллоҳ] азза ва жалланинг сўзи: “ав ма малакат айманукум” оятига биноан ундан кўпроғи ҳам ҳалолдир. Фақат ҳайз ҳолати махсус бўлиб, ҳайз ҳолатида унга яқинлик қилмайди, зикр қилганимиз далилларга кўра орқасига ҳам келмайди. Фарждан бошқасидан фойдаланиш борасида эса ихтилоф бор.
Шунингдек, (чўрига) бошқа эгалик сабаблари билан эга бўлган бўлса, уни истибро қилмасдан аввал унга яқинлик қилиш ҳалол бўлмайди. У ҳақдаги асл қоида Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг Автос асиралари борасида: “Огоҳ бўлинглар! Ҳомиладорларига туғгунича, ҳомиласизларига бир ҳайз билан истибро қилинмагунича яқинлик қилинмайди!”, деганларидир. Чунки, бунда сув [маний]лар аралашиш хавфи бор. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, бошқанинг зироатига ўзининг сувини қуймасин!” деганлар. Шунингдек, бунда унинг ҳомиладорлиги зоҳир бўлишиинг ваҳми ҳамб бор. У ҳолда уни (олдинги эри ёки эгаси) даъво қилади ва унга (чўрига) ҳақли бўлиб олади. Натижада маълум бўладики, бу (янги эгаси) бошқанинг мулкидан фойдаланаётган бўлади.
Бўса, қучоқлашиш, фаржига шаҳват ила назар солиш каби жимоъни чақирувчи омиллар, асиралардан бошқасида оммаи уламонинг наздида ҳалол эмас. Макҳул раҳимаҳуллоҳ эса ҳалол бўлади, деган.
Унинг сўзининг далили, аслида мулк тасарруфи мутлақ нарсадир. Шунинг учун асираларда чақирувчи омиллар ҳаром бўлмайди ва рўзадорга ҳам. Демак, яқинлик қилиш ҳам ҳаром бўлмаслиги керак эди, бироқ, унинг ҳаромлигини насс билан билдик. Ҳаромлик эса, насс ворид бўлган нарсага чекланади. Шунга биноанки, агар нассда сувларнинг аралашиш хавфи иллат қилинган бўлса, бу чақирувчи омилларга ўтмайдиган бир маънодир. Демак, уларга ўтмайди.
Оммаи уламонинг сўзининг далили, яқинликнинг ҳаромлиги ҳомила бор деган хаёл келиши ёки ҳомиладорлик зоҳир бўлишининг хавфи юзасидангина собит бўлгандир. Кейин даъволашув ва ҳақдорлик талашиш пайтида бошқанинг мулкидан фойдаланган бўлиб чиқмасин. Бу маъно истибро қилингувчи ва шунга ўхшашларга нисбатан чақирувчи омилларда мавжуддир. Демак уларга ўтади, лекин, асирага ўтмайди. Натижада ундаги (асирадаги) ҳукм насс ворид бўлган нарсага чекланади.
Зотан, чақирувчи омиллардан ҳузур олиш яқинликка олиб борувчи воситадир. Ҳаромга  олиб борадиган восита  ҳам, асл қоидаси «хилват» бўлган ҳаромдир. Бу (ҳаром бўлишга) ҳақлироқ ҳам. Чунки, хилват ҳаромга восита бўлишда ушлашдан пастроқ. Демак, унинг ҳаром бўлиши батариқи авло ушлашни ҳаром қилгай. Худди “уф”лаш ҳаром қилинишининг сўкиш ва уришга нисбатидек. Кимки мана шу нуктагагина суяниб олса, асиранинг бошқалардан ортиқ бўлишини ман қилади ва бу борада асҳобларимиздан насс келмаган йўқ деб ўйлайди. Бу тўғри эмас. Чунки, асирага нисбатан ҳам чақирувчи омилларнинг ҳалоллигига Муҳаммад раҳимаҳуллоҳдан насс келтирилгандир. Демак, манъ қилиш тўғри келмайди. Бас, саҳиҳи аввалги иллатдир.
Зиҳор ва эҳром бобида чақирувчи омилларнинг ҳаромлиги бошқа маънога кўра собит бўлган. Биз уни “Китоб ал-Ҳажж” ва “Китоб аз-Зиҳор”да зикр қилганмиз.

Учинчи тур:
Улар маҳрам қариндош аёллардир. Бас, эркакка маҳрамларининг бошига, сочига, иккала қулоғига, кўксига, билагига, кўкрагига, болдирига, қадамига қараш ҳалол бўлади. Аллоҳ таборак ва таоло айтади:
وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ أَوْ آبَائِهِنَّ أَوْ آبَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ أَبْنَائِهِنَّ ... {31}
“Улар зеб-зийнатларини эрлари ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ўзларининг оға-иниларининг ўғиллари, ё опа сингилларининг ўғиллари, ё ўзларининг аёллари, ё қўл остидагилар, ё (аёллардан) беҳожат бўлган эркак хизматкорлар, аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар!”. (Нур сураси 31-оят.)
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уларни зийнатларини кўрсатишдан мутлақо қайтарган, фақат ояти каримада зикр қилинганларгагина кўрсатишни истисно қилган. Улар маҳрам қариндошлардир. Ман қилишдан истисно этиш эса зоҳирда мубоҳликдир.
Зийнат икки хил бўлади:
а) Ташқи: у кўзга сурма қўйиш, бармоқдаги узук, оёқдаги балдоқ;
б) Ички: бошдаги гажак, сочдаги сочпопук, қулоқдаги сирға, кўксдаги зебигардон, билакдаги билагузук, болдирдаги балдоқ. Зийнатдан ирода қилинган нарса унинг ўринларидир, ўзи эмас. Чунки, зийнатнинг ўзини кўрсатиш қайтарилган эмас. Дарҳақиқат субҳонаҳу ва таоло зийнатни мутлақ зикр қилганлиги иккала навни ҳам биргаликда қамраб олади. Насснинг зоҳирига кўра уларга назар солиш ҳалол бўлади. Чунки, маҳрамлар орасида зиёрат учун ва бошқа [муносабат]лар учун аралашиб юриш одатда муқаррардир. Зийнат ўринларининг очилишидан сақланиш машаққатсиз имконсиз бўлиб, бу (машаққат) эса шаръан даф қилинган нарсадир. Тўсиқсиз қараш жоиз бўлган ҳар бир нарсани ушлаш ҳам жоиз. Чунки маҳрам киши  мусофирликда улар билан бирга бўлганида уларни уловга миндириш ва туширишга муҳтож бўлади ва бу ўринларни очилишдан сақлаш имконсиз бўлиб қолади. Натижада маҳрамга очилган жойни ушлашдан сақланиш ҳам имконсиз бўлади. Зотан, бегоналардан бу ўринларга назар солиш ва ушлашнинг ҳаром бўлиши жимоъга чақирувчи шаҳватнинг ҳосил бўлиши хавфидан собит бўлгандир. Маҳрам аёллардаги бу ўринларга қараш ва ушлаш шаҳватни келтириб чиқармайди. Чунки бу иккиси одатда шаҳват учун эмас, балки шафқат учун бўлади. Шунинг учун одамлар орасида она ва қизларини ўпиш одат бўлган. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинганки, У зот ғазотдан қайтиб келганларида саййида Фотима разийаллоҳу анҳонинг бошидан ўпар эдилар.
Бу, қачонки, назар ва ушлаш шаҳват билан бўлмаса, гумонида шаҳватсирамаётгани ғолиб бўлсагинадир. Бироқ, шаҳвати келса ёки ғолиб гумони ва асосий фикрича агар қараса ёки ушласа шаҳвати қўзғаладиган бўлса, унга қараш ва ушлаш жоиз бўлмайди. Чунки, бу ҳаромга тушишга сабаб бўлади, демак ҳаром бўлади.
Қачонки, шаҳватдан саломат бўлса, у [маҳрам аёл] билан сафарга чиқишининг зарари йўқ. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганлари ривоят қилинган: “Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган аёл учун уч ва ундан ортиқ [кун] сафар қилмоқлиги фақат  у билан эри ёки маҳрам қариндоши бирга бўлсагина ҳалол бўлади”. Шу билан бирга, сафарда маҳраминг эҳтиёжи тушадиган киши уни кўтаришдаю туширишда ушлайди ва ушлаш унга ҳалол бўлади. Шунга биноан у билан бирга сафарга чиқиши ҳалол бўлгандир. Шунингдек, ўзига ишонса, у билан ёлғиз қолишининг зарари йўқ. Зотан, ушлаш ҳалол бўлса, хилват – холи қолиш ҳақлироқдир. Бас, агар нафсидан қўрқса, бундай қилмасин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинганки: “Эр киши муғайяба [эридан вақтинча айрилиқда бўлган аёл] билан ҳаргиз ёлғиз қолмасин. Агар «Қайнотаси чи?» дейилса, огоҳ бўлингки, қайнотаси ўлимдир”, деганлар. Бу хавф ҳолатига ёки мустаҳаб ва танзийҳий қайтариқ деб таъвил қилинган. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билгувчироқ!
Қорнига, орқасига, киндик ва тизза орасига қараш ва ушлаш ҳалол бўлмайди. Чунки У Аллоҳ таборак ва таолонинг:
قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ ... {30}     
“(Эй Муҳаммад!) Мўъминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!”. (Нур сураси 30-оят.) деган сўзи умумийдир.
Фақат субҳонаҳу ва таоло азза шаънуҳу маҳрамларининг ташқи ва ички зийнат ўринларига қарашга ўз сўзи билан рухсат этган:
وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ أَوْ آبَائِهِنَّ ... {31}
“Улар зеб-зийнатларини эрлари ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ўзларининг оға-иниларининг ўғиллари, ё опа сингилларининг ўғиллари, ё ўзлари (каби) аёллар, ё қўл остидаги (чўри) лар, ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолган, хунасалар ёки ақлсиз девоналар каби) эркак хизматкорлар, аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар!”. (Нур сураси 31-оят.)
          Демак, ундан бошқа жойларидан кўз тийиш буюрилган ҳолда қолади. Агар қараш ҳалол бўлмаса, ушлаш батариқи авло. Чунки, у кучлироқдир. Зотан, зийнат ўринларига назар солишнинг рухсат этилиши биз зикр қилган ҳожатлар учундир, ундан ортиқчасига қарашнинг ҳожати йўқ. Демак унга қараш шаҳват билан бўлади. Бу, албатта, ҳаром. Шу билан бирга, Аллоҳ таборак ва таоло зиҳорни мункар сўз ва ёлғон деб ҳукм қилди. Ҳолбуки, зиҳор ўз никоҳидаги аёлни ҳаромлик маъносида онанинг орқасига ўхшатиш, холос. Агар онанинг орқаси назар солиш ва ушлашга ҳаром бўлмаганида эди, зиҳор мункар сўз ва ёлғон бўлмас эди. Токи, (хабарида) қарама қаршилик келиши мумкин бўлмаган Зотнинг хабарида қарама қаршилик бўлишига олиб келмасин.
Бу қачонки, ушбу аъзолар очилиб қолгандадир. Аммо, агар кийим билан ёпилган бўлса, маҳрам қариндош уни уловга миндириб, тушириш қўйишга муҳтож бўлса, кийим устидан қорни, орқаси ва сонини ушлашнинг, модомики, ўз нафсидан хотиржам бўлса, зарари йўқ. Чунки, биз эслаб ўтдикки, одатда маҳрам қариндошини ушлаш, хусусан, кийим устидан бўлганда, шаҳватни келтириб чиқармайди. Аммо, ушлашда шаҳватдан хавфсираса, уни ушламасин, иложи борича сақлансин.
Эркак кишига маҳрам қариндош аёлга нисбатан назар солиши ва ушлаши ҳалол бўлган барча нарса аёл учун ҳам маҳрам эркакка нисбатан назар солиш ва ушлашга ҳалол бўлади. Унга ҳаром бўлган ҳар бир нарса бунга ҳам ҳаром бўлади. Аллоҳ азза ва жала билгувчироқдир!

Тўртинчи тур:
Улар қориндош бўлмаган маҳрам аёллар. Уларнинг ҳукми қориндош маҳрамлардаги ҳукмдир. Биз уларни зикр қилганмиз. Ундаги асл негиз қоида Набий алаҳис-салот вас-саломнинг сўзларидир: “Насабдан ҳаром бўлган нарса эмикдошликдан ҳам ҳаром бўлади”. Ривоят қилинадики, Афлаҳ ибн Абул Қуъайс раҳимаҳуллоҳ Саййидамиз Оиша разийаллоҳу таоло анҳо олдига киришга изн сўради. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда сўрадилар. “Ҳузурингга кираверсин, чунки у амакингдир. Унинг акасининг хотини сени эмизгандир”, дедилар.

Бешинчи тур:
Улар бошқаларнинг чўриларидир. Уларнинг ҳукми ҳам қараш ва ушлашнинг ҳалол ва ҳаром бўлишида маҳрам қариндошлар ҳукми кабидир. Уларнинг зийнат ўринларига қараш ва ушлаш ҳалол бўлади, бундан бошқаси ҳалол бўлмайди. У ҳақдаги асл қоида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилинган ривоятдир: Ул зот бир чўрининг пешонасидан ушладилар ва унга баракот тилаб дуо қилдилар. Ривоят қилинадики, саййидимиз Умар разийаллоҳу таоло анҳу ниқобланган чўрини кўриб, уни дарра билан уриб: “Эй, бадбахт! Рўмолингни ташла! озод аёлларга ўхшамоқчимисан?!” деди. Бу, унинг бошига, сочига ва қулоғига қарашнинг ҳалол эканига далолат қилади. Ривоят қилинадики, саййидимиз Умар разийаллоҳу таоло анҳу сотишга қўйилган чўрининг ёнидан ўтиб қолди. Шунда, унинг кўксига уриб, “Уни сотиб олинглар!” деди. Агар ҳаром бўлганда эди, у кишидан бу кутилмаган эди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.
Чунки, уларнинг баданларининг майин ва дағаллиги ҳамда шу каби нарсаларни билиш учун савдо-сотиқда одамларнинг бу ўринларга назар солишга ва ушлаб кўришга эҳтиёжлари бор. Чунки улар ташқи тарафларининг  ҳар-хиллигига қараб қийматлари турлича бўлади. Бинобарин, одамлардан машаққатни кетказиш мақсадида уларни ҳам маҳрам қариндошларга илова қилинди. Шунинг учун улар билан бирга маҳрамсиз сафарга чиқиш ҳалол бўлади. Бошқа жойига назар солиш ва ушлашга ҳожат йўқ. Чунки, қиймат ташқи тарфларига назар солиш ва ушлаш билан маълум бўлади. Бу ҳам нафси шаҳватдан омон бўлсадир. Бас, агар ўз нафсидан хотиржам бўлмаса ва назар солса ёки ушлаб кўрса шаҳват қилиб қолишидан қўрқса, агар сотиб олмоқчи бўлса, шаҳват қилса ҳам, унга назар солиши мумкин. Чунки назар солмай иложи йўқ. Демак, қарашга муҳтож бўлади. Муштарийнинг қараши ҳоким, гувоҳ ва уйланувчининг назар солиши ўрнидадир. Демак, бунинг зарари йўқ. Агар шаҳват билан бўлса ҳам гап шу. Шунингдек, Абу ҳанифа разийаллоҳу анҳунинг наздида, агар сотиб олмоқчи бўлса, гарчи шаҳват билан бўлса ҳам, ушлаб кўришнинг зарари йўқ,. Муҳаммад раҳимаҳуллоҳдан ривоят шуки, йигит киши чўрининг бирор нарсасини ушлаши макруҳ, деган. Абу Ҳанифа разийаллоҳу анҳу гаплари саҳиҳдир. Чунки, муштарий унинг баданини билишга муҳтож бўлади, бу эса фақат ушлаш билангина ҳосил бўлади, бас, зарурат юзасидан рухсат этилган. Шунингдек, чўрига ҳам бегона эркакнинг киндигидан юқори, тиззасидан пастини ушлаши ва назар солиши ҳалол. Бироқ, шаҳват хавфи бўлса, ўзини узоқ тутади, худди эркак киши каби. Чўри борасида сиз билган ҳар бир жавоб мудаббара ва умму валад борасида ҳам жавобдир. Негаки, икковида ҳам қуллик бор.

Олтинчи тур:

Улар озод бегона аёллардир. Бегона эркак учун багона ҳур аёлга юз ва икки кафтидан бошқа жойларига қараш ҳалол бўлмайди. Чунки Аллоҳ таборак ва таоло айтади:
قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ ... {30} إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا  
    “(Эй Муҳаммад!) Мўъминларга айтгин, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!”. (Нур сураси 30-оят.)
Фақатгина ташқи зийнат ўринлари – юз ва икки кафтга назар солишга рухсат берилгандир:
«Кўриниб Турадигандан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар”. (Нур сураси 31-оят.)
Зийнатдан мурод унинг ўринларидир. Ташқи зийнат ўринлари юз ва икки кафтдир. Сурма юзнинг зийнати, узук кафтнинг зийнати. Чунки, аёл ҳам савдо сотиқ, олди берди қилишга муҳтож бўлади. Бу эса, одатда фақат юз ва икки кафтнинг очилишисиз мумкин бўлмайди. Шу боис аёлга бу очишлик ҳалолдир. Бу Абу Ҳанифа разийаллоҳу анҳунинг қавлидир. Ал-Ҳасан Абу Ҳанифа раҳимаҳумаллоҳдан қилган ривоятида, икки қадамга ҳам қараш ҳалолдир. Бу ривоятнинг далили саййидамиз Оиша разийаллоҳу таоло анҳодан Аллоҳ таборак ва таолонинг “илла ма зоҳаро минҳа” деган қавли хусусида:  «Қулб  ва фатхадир» деганларидир. «Фатха» эса оёқнинг бармоғига тақиладиган узукдир. Бу, икки қадамга назар солишнинг жоизлигига далолат қилади. Чунки, Аллоҳ таоло зийнатни кўрсатишдан қайтарган, ундан зоҳир бўладиганларини истисно қилган. Иккала қадам эса зоҳир бўлгувчидир. Кўрмайсанми, юришда иккала қадам кўриниб туради ку. Бу иккови ҳаромдан истисно қилинганларнинг жумласидан бўлиб, уларни кўрсатиш мубоҳдир.
Зоҳири ривоятнинг далили қуйидагича:
«Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши Аллоҳ азза шаънуҳунинг “илла ма зоҳаро минҳа” деган сўзи борасида “Бу сурма ва узукдир” деганлар. Бошқа бир ривоятга кўра: “Бу кафт ва юздир” деганлар. Истисно қилингандан бошқаси насс зоҳирининг ҳукмида қолади. Шу билан бирга, бегона аёлнинг юзига ва икки кафтига қарашнинг мубоҳ бўлиши олди бердида очишга муҳтож бўлгани учундир. Икки қадамни эса очишга ҳожат йўқ, демак, уларга қараш мубоҳ бўлмайди».
Сўнгра, ташқи зийнат ўринларига қараш шаҳватсиз ҳалол бўлади, бироқ, шаҳват билан ҳалол бўлмайди. Зеро Набий алайҳи-с-салоту ва-с-салом: “Икки кўз зино қилади”, деганлар. Кўзнинг зиноси шаҳват билан қарашдан бошқа нарса эмас. Шу билан бирга, шаҳват билан қараш ҳаромга тушиш сабабидир. Демак, у ҳаром бўлади. Фақатгина гувоҳликка чақирилган ёки киши ҳоким бўлиб, аёлнинг иқрорини унинг устига юргизиши учун унга қарамоқчи бўлгани каби зарурий ҳоллардагина жоиз. Агарчи унга қараса шаҳват қилиб қоладиган ёки ғолибан фикри шу бўлса ҳам. Чунки, баъзан ҳаромларнинг зарурат ўрнида эътиборга олиниши соқит бўлади. Кўрмайсанми, зинога гувоҳлик берувчилар ададини етказишни истаган кимса учун айни фаржга назар солиш (ом ҳукмдан) хосланди. Фаржга қараш ҳаромликда юзга қарашдан юқорироқ туриши маълум. Шундай бўлса-да, зарурат ўрнида ҳаромлиги соқит бўлади. Бу эса ба-тариқи авло [ҳаромлиги соқитдир].
Шунингдек, агар бирор аёлга уйланишни хоҳласа, унинг юзига қарашнинг зарари йўқ, гарчи шаҳват билан бўлса ҳам. Чунки, кўргандан кейинги никоҳ мақсадларни ҳосил қилишга чақирувчи мувофиқлик ва улфатлик олиб борувчироқдир. Набий алайҳи-с-салоту ва-с-салом Муғира ибн Шуъба разийаллоҳу анҳуга, бир аёлга уйланмоқчи бўлганида айтдилар: “Бориб, уни кўргин! Чунки, бу ораларингиз қовушишига муносиброқдир”. Набий алайҳи-с-салоту ва-с-салом уни мутлақо қарашга чақирдилар ва бунга муҳаббат ҳамда ўзаро розиликка восита бўлишини сабаб қилиб кўрсатдилар.

Аёл киши учун эса бегона эркакнинг киндик ва тиззаси орасига  қараши ҳалол бўлмайди. Бундан бошқа жойларига қарамоқлик қачонки, ўз нафсига ишончи бўлса зарари йўқ. Йигит учун бегона аёл юзидан кўзини қуйи қилиши афзалдир. Қиз бола учун ҳам шундай, чунки, унда шаҳват пайдо бўлиш ва фитнага тушиш хавфи бор. Буни Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳумодан қилинган ривоят ҳам қувватлайди. У киши Аллоҳ таборак ва таолонинг “илла ма зоҳаро минҳа” деган сўзи борасида: “У ридо ва кийимдир”, деган эди. Демак, кўзни юмиш ва назарни тарк этиш покроқ ва тозароқдир. Аллоҳ азза ва жалла айтади:
قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ ... {30}
    “(Эй Муҳаммад!) Мўъминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза йўлдир”. (Нур сураси 30-оят.)
    Ривоят қилинадики, икки кўр киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кирдилар. Ул зотнинг олдиларида аёлларидан баъзиси – саййидамиз Оиша разийаллоҳу таоло анҳо ва яна бирлари бор эди. Икковига дедилар: “Туринг! [Чиқиб кетинг!]”. Улар дедилар: “Эй, Расулуллоҳ! Бу иккови кўр-ку?!”. У зот уларга: “Унда сиз икковингиз ҳам кўрмисиз?!”, дедилар.
Фақат қачонки, иккови [яъни, эркак-у аёл] шаҳват аҳлидан бўлмаса, шундайки, иккаласи ҳам катта ёшли қари бўлса, икковида шаҳват пайдо бўлиши эҳтимоли бўлмагани учун [бир-бирига қарашлари жоиз бўлади].
Қул ўз соҳибасига қарай олишида бир-бирларининг ораларида қариндошлик йўқ озод эр ва аёл кабидир. Шунингдек, соғлом эркак, бичилган кимса, жинсий заиф ва муханнас  ҳам қачонки эркаклардек балоғатга етган бўлсалар, ҳукмда баробардирлар. Чунки Аллоҳ таборак ва таолонинг:
قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ {30}
“(Эй Муҳаммад!) Мўъминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!”, деган сўзи умумий:
وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ ... إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا {31}
“Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиган бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар”. (Нур сураси 31-оят.)  деган сўзи мутлақдир.
Зотан, қуллик ва бичилганлик шаҳватни йўқотмайди. Шунингдек жинсий заифлик ва хунасалик ҳам. Қуллик равшан, бичилган одам эса, у ҳам эркак, фақат мусла қилинган. Саййидамиз Оиша разийаллоҳу анҳо шунга ишора қилиб: “У мусла қилинган кимсадир, мусла унга Аллоҳ таборак ва таоло бошқасига ҳаром қилган нарсани ҳалол қилиб берар эканми?!” деганлар. Жинсий заиф ва хунасага келсак, улар  ҳам эркакдир.
Энди, агар: «Аёл кишининг қўлида мулк бўлган қул ҳам Аллоҳ жалла ва алонинг «Зийнатларини кўрсатмасинлар, фақатгина ўз эрларига...» оятига кўра мустасно эмасми? Чунки қул билан чўри орасини ажратмай «..ёки ўз қўлларида мулк бўлганларга..» деган ку? Қайтариқдан истисно қилиш эса, мубоҳликни билдиради?»,  дейилса, жавоб қуйидагича:
«Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг «..ёки ўз қўлларида мулк бўлганларга..» деган сўзи чўриларга бурилади. Чунки қулларнинг ҳукми Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг: «..ё (аёллардан) беҳожат бўлган эркак хизматкорлар..» деган сўзидан маълум бўлгандир. Чунки, қул эркак хизматкорлар жумласидандир. Демак, азза шаънуҳунинг «..ёки ўз қўлларида мулк бўлганларга..» деган сўзи чўриларга бурилади. Токи бир гапни такрорлашга олиб бормасин».
Агар: «Чўриларнинг ҳукми ҳам Аллоҳ таборак ва таолонинг «хизматкорлар» сўзидан маълум бўлган. Уларга бурилса ҳам, такрор бўлади-ку?!» дейилса, жавоб шундай:
«Оятдаги «..ва аёлларига..» жумласидан ҳур аёллар ирода қилинган. Натижада чўриларнинг ҳукмини баён қилишга эҳтиёж тушган ва «..ва ўз қўлларида мулк бўлганларга..» жумласи бунда ҳур ва чўрининг ҳукми баробар эканини очиб берган».
Саййидамиз Оиша разийаллоҳу анҳодан ривоят шундай деганлари ривоят қилинган:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари олдига бир муханнас кириб турар эди. Уни “ғайри ули-л-ирбат”дан санар эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бир хотинни мақтаётганида кириб қолдилар ва “Уни бундай нарсаларни билади, деб ўйламаган эдим, у  сизларнинг олдингизга кирмасин” дедилар. Кейин уни ман қилиб қўйдилар”.
Шунингдек, ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Салама разийаллоҳу анҳонинг олдига кирдилар. Унинг олдида бир муханнас бор эди. У Умму Саламанинг укасига қараб: “Эй, Абдуллоҳ! Агар Аллоҳ сизларга эртага Тоифни фатҳ қилиб берса, сенга Ғайлон қизини далолат қиламан. Чунки, у тўрт қат бўлиб юзланади, саккиз қат бўлиб ўгирилади», деди.

Шунда Набий алайҳи-с-салот ва-с-салом: “Уни бундай нарсаларни билади, деб ўйламаган эдим, у сизларнинг олдингизга кирмасин” дедилар.
Бу, бегона йигит эркаклар каби балоғатга етганидадир. Агар хотинлар авратини тушунмайдиган, аврат билан авратмасни ажратмайдиган норасида бўлса, ундайларга аёлларнинг ўз зийнатларини кўрсатишларининг зарари йўқ. Аллоҳ жалла ва ало айтади:
أَوِ الطِّفْلِ الَّذِينَ لَمْ يَظْهَرُوا عَلَى عَوْرَاتِ النِّسَاء
“ ёки аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклар...”. (Нур сураси 31-оят.) деган сўзи “ва зийнатларини кўрсатмасинлар” деган сўзидан мустаснодир.
“Тифл” луғатда туғилгандан то эҳтилом бўлгунча бўлган ёш орасидаги норасидадир. Аврат билан бошқасининг орасини ажратадиган ва эҳтиломга яқинлашиб қолган болага келсак, аёл учун унга зийнатларини кўрсатиши жоиз бўлмайди. Кўрмайсизми, бундай болага ўхшашларга баъзи вақтларда изн сўраб қиришлари буюрилган:
وَالَّذِينَ لَمْ يَبْلُغُوا الْحُلُمَ مِنكُمْ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ ... {58}
“Эй, имон келтирганлар! Қўл остингиздаги (қул ва чўри) ларингиз ҳамда балоғатга етмаган (фарзанд) ларингиз учун уч марта (ҳузурингизга киришда) сизлардан изн сўрасинлар-бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин.”, (Нур сураси 58-оят.)
Фақат қачонки, иккови [яъни, эркак-у аёл] шаҳват аҳлидан бўлмаса, шундайки, иккаласи ҳам улуғ ёшли қари бўлса, икковида шаҳват пайдо бўлиши эҳтимоли бўлмагани учун [бир-бирига қараш жоиз бўлади].
Ривоят қилинадики, икки кўр киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кирдилар. Ул зотнинг олдиларида аёлларидан баъзиси – саййидамиз оиша разийаллоҳу таоло анҳо ва бошқаси бор эди. Икковига дедилар: “Туринг! [Чиқиб кетинг!]”. Иккови дедилар: “Эй, Расулуллоҳ! Бу иккови кўр-ку?!”. Улар: “Сиз икковиингиз ҳам кўрмисиз?!”, дедилар.
Бу юз ва икки кафтга қарашни ҳукмидир. Ушбу икки аъзони ушлаш ҳукми икковига ушлаш ҳалол бўлмайди. Назар солиш, биз зикр қилганимиздек, зарурат учундир. Ушлашга эса зарурат йўқ. Шу билан бирга, шаҳватга уйҳотишда ва уни ҳаракатга солишда ушлаш назардан юқоридир. Икки феълнинг пастроғининг мубоҳ бўлиши юқорисининг мубоҳ бўлишига далолат этмайди. Бу қачонки иккови ҳам ёш бўлсалар. Бас, агар катта ёшли қари бўлсалар, уларда шаҳват тугаллангани боис қўл бериб кўришиш уларда шаҳватни келтириб чиқармагани юзасидан қўл бериб кўришишда зарар йўқ.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кампирлар билан қўл бериб кўришганлари ривоят қилинган.
Сўнгра, бегона аёлнинг юз, икки кафт ёки икки ривоятнинг ихтилофига кўра икки қадамидан бошқа аъзоларига назар солишнинг ҳаром бўлиши қачонки очиқ бўлсадир. Аммо, кийим билан ёпилган бўлса, агар кийими баданига ёпишиб турмайдиган, қалин бўлса, унга синчиклаб қараш ва жасадига тикилишнинг зарари йўқ. Чунки, унга қаралган нарса кийимдир, бадан эмас. Агар кийим остидагини васф қиладиган юпқа ва шаффоф бўлса, ёки қалин бўлса ю, лекин баданига ёпишиб, ундан жасади билиниб турган бўлса, унга назар солиш ҳалол бўлмайди. Чунки модомики, бадани билиниб турган бўлса, у кўринишда кийинган бўлса ҳам, ҳақиқатини олганда яланғочдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
“Аллоҳ кийинган яланғочларни лаънатласин!”.
Саййидамиз Оиша разийаллоҳу анҳодан ривоят қилинад: У киши айтидалр: “Менинг олдимга синглим Асмо кирди, унинг эгнида юпқа шомий кўйлак бор эди. Бугун сизларнинг наздингизда у кенгдир. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу “Нур сураси” рад қилган кийимдир”, дедилар. Бас, буюрдилар, уни чиқариб юбордим. Мен: “Эй, Расулуллоҳ! Синглим мени зиёрат қилгани келган эди. Сиз айтган гапни унга ҳам айтдим”, дедим. Ул зот дедилар: “Эй Оиша, хотин киши қачон ҳайз ёшига етса, унинг юзи ва кафтларидан бошқа жойи кўриниши жоиз бўлмайди”.
Бас, агар бу [ҳадиси шариф ҳақиқатдан ҳам] Пайғамбар алайҳи-с-салоту ва-с-саломдан собит бўлган экан, у Аллоҳ азза ва жалланинг “илла ма зоҳаро минҳа” сўзи учун тафсир бўлади. Демак, Зоҳирурривоянинг «озод аёлнинг фақат юзи ва икки кафтигагина қараш ҳалол бўлади» дегани саҳиҳ эканига далолат қилади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билгувчироқ!

Еттинчи тур:
Улар маҳрам бўлмаган қариндош соҳибалар. Бас, уларнинг ҳукми бегона озод аёллар ҳукми кабидир. Чунки кўзни қуйи қилишга бўлган амр ва зийнатларини кўрсатишдан қайтариқ оядаги истисно қилинган ўринлардан бошқаларга нисбатан умумийдир. Маҳрам бўлмаган эркак эса ўша истисно қилинганлар орасида зикр қилингмаган. Бинобарин, зийнатни кўрсатиш унга нисбатан ҳам қайтарилгани бўйи қолади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билгувчироқ!

II

Иккинчисига келсак, у мана шундан [қараш ва ушлашдан] эркак учун эркакдан ҳалол ва ҳаром бўлган нарсадир. Бас, Аллоҳнинг тавфиқи ила айтурмиз:
Эркак учун бегона эркакка киндик билан тизза орасидан бошқа жойларига қараш ҳалол бўлади. Фақат зарурат вақтида бу мустасно. Демак, эркакнинг бир эркакни хатна қилиш ва хатнадан кейин даволаш учун хатна ўрнига қарашининг зарари йўқ. Шунингдек, эркакнинг аврат ўрнида яра ёки жароҳати бўлса ёхуд эркакни даволашга эҳтиёж тушса ҳам.
Тиззага қарамагай, киндикка қарашнинг зарари йўқ. Тизза аврат, киндик эса бизнинг наздимизда аврат эмас.  Имом Шофиъий наздида бунинг акси. Саҳиҳи бизнинг сўзимиздир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинганки, ул зот: “Киндикдан пасти авратдир”,   деганлар. Тизза ҳам киндикнинг пастига киради. Демак, у ҳам аврат.  Бироқ тиззанинг ости хосланди. Бас, тизза умумий ҳукм остида қолади. Қолаверса, тизза сон ва бодир суягидан таркиб топган аъзо бўлиб, уни ажратиб олиш имконсиздир. Ҳолбуки, сон аврат, болдир эса аврат эмас. Иштибоҳ вақтида эҳтиётга амал қилиш вожиб бўлади. Бу биз айтган нарса (тизза) борасида бўлиб, киндикда ундоқ эмас. Чунки, у маълум мавзенинг номи, унда иштибоҳ йўқ. Саййидимиз Умар разийаллоҳу анҳудан ривот қилинганки, у киши  иштон кийганларида киндиклари кўриниб турар эди. Агар аврат бўлганда эди, бу кишидан уни очишнинг эҳтимоли бўлмаган бўларди. Бу назар солишнинг ҳукмидир.
Ушлаш ҳукмига келадиган бўлсак, қўл бериб кўришишнинг ҳалоллигида ихтилоф йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васалалм айтганларки: “Қўл бериб кўришишинглар, бир-бирлариингизга муҳаббатлашасизлар!”. Бошқа бир ривоятда: “Қачонки, бир мўъмин биродарига йўлиқса, у билан қўл бериб кўришса, гуноҳлари тўкилади”, деганлар. Чунки, одамлар бошқа асрларда ҳам шартнома ва аҳд-у паймонларида қўл бериб кўришардилар, бу мерос бўлиб келаётган суннат бўлган.
Ўпишда ва қучоқлашишда ихтилоф бор. Абу Ҳанифа разийаллоҳу анҳу ва Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ эркак учун бир эркакнинг оғзидан ёки қўлидан ёхуд унинг бирор жойидан ўпиш ёки уни қучоқлаш макруҳ бўлади, деганлар. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинадики, бунинг зарари йўқ. Унинг далили қуйидаги ривоятдир: «Жаъфар ибн Абу Толиб разийаллоҳу анҳу Ҳабашистондан келганида, саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қучоқлаганлар ва икки кўзи орасидан ўпганлар». Пайғамбар феълининг энг қуйи даражаси ҳалолликдир. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ҳам ривоят қилинганки, улар сафарларидан қайтиб келсалар, баъзиси баъзиларини ўпар ва қучоқлар эдилар.
У иккови [Абу Ҳанифа ва Муҳаммад аш-Шайбоний] бошқа ривоят қилинган нарсани ҳужжат қилганлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Баъзимиз баъзимизни ўпиб кўришадими?” деб сўралганда, ул зот: «Қучоқлашиб кўришадими?», дейилганда ҳам «Йўқ», деганлар. “Баъзимиз баъзимиз билан қўл бериб кўришадими?” деб сўралганда, “Ҳа!” деганлар.
Шайх Абу Мансур [ал-Мотуридий] раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, қучоқлашиш қачонки ёлонғоч ҳолатда шаҳватга барпо бўлган нарсага ўхшаб қолса, макруҳ бўлади. Аммо, у билан яхшилик ва икромни қасд қилса, макруҳ бўлмайди. Шунингдек, истак ва шаҳватни қондириш мақсадидаги ўпиш ҳаром қилингандир. Бас, қачонки, ушбу ҳолат зойил бўлса, мубоҳ қилинади. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳужжат қилган ҳадис Шайх зикр қилган важҳга ҳамл қилинади. Аллоҳ тўғрисини билгувчироқ!

III
 
Учинчисига келсак, у мана шулар [кўриш ва ушлаш]дан аёл учун аёлга нисбатан ҳалол ёки ҳаром бўлганларининг баёнидир. Бас, эркак учун эркакка қараш ҳалол бўлган ҳар бир нарса аёл учун аёлга қарамоғлик ҳам ҳалол бўлади. Унга ҳалол бўлмагани бунга ҳам ҳалол бўлмайди. Аёл аёлдан баданининг киндик ва тизза орасидан бошқа жойларига қарайверади. Чунки, аёлнинг аёлга назар солишида шаҳват ва фитнага тушиш хавфи бўлмайди, чунончи эркакнинг эркакка назар солишда ҳам хавф бўлмаганидек. Агар ўшандай нарсадан хавфи бўлса, эркаклар каби қарашдан сақлангай. Аёлга киндик билан тиза орасига қараш фақат зарурат вақтида жоиз бўлади.  Масалан дояга туғдириш вақтида фаржга қарашнинг зарари йўқ.
Шунингдек, (аёл кишига) жинсий заиф аёлнинг ва бокиралик шартига кўра сотиб олинаётган канизакнинг фаржига, (олувчи ва сотувчи) тортишиб қолишган чоғда унинг бокиралигини билиш учун қарашнинг зарари йўқ.
Шунингдек, эркакларда қараш ҳалол бўлмаган жойи (киндик ва тизза ораси)да жароҳат ёки яра бўлса, агар даволашни билса, уни даволашининг зарари йўқ. Агар билмаса, ўрганиб, сўнг даволайди. Бас, агар даволашни биладиган ва ўрганадиган аёл топилмаса, ҳалокат ва офат ёки кўтара олмайдиган оғриқ хавфи бўлса, уни [аёлни] эркак киши даволайди. Лекин, унинг фақат жароҳат ўрнинигина очади. Иложи борича, кўзини тияди. Зотан, шаръий ҳаром нарсалар зарурат ўрнида шаръан соқит бўлиши мумкин. Мисол учун ўлимтик ва ароқнинг ҳаромлиги очлик ва мажбурлаш ҳолатида соқит бўлганидек. Лекин, зарурат билан собит бўлган нарса зарурат ўрнидан четга чиқиб кетмайди. Чунки унинг собит бўлиш иллати заруратдир. Ҳукм ҳам иллат миқдоридан  оша олмайди. Бу зикр қилганларимиз қараш ва ушлаш ҳукмидир.
Бошқанинг уйига киришнинг ҳукмига келсак, кирувчи ё бегона бўлади, ё маҳрамлардан бўлади. Агар бегона бўлса, унга рухсат сўрамасдан туриб кириш ҳалол бўлмайди.  Аллоҳ таборак ва таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتاً غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّى تَسْتَأْنِسُوا وَتُسَلِّمُوا عَلَى أَهْلِهَا ... {27}
“Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз!”. (Нур сураси 27-оят.)
“Тастаънису”нинг маъноси “тастаъзину” деганидир. Баъзилар “тастаълиму” дейишган. Икковининг маъноси бир-бирига яқин. Чунки, “тастаъзину” изн талаб қилиш, “тастаълиму” эса билишни талаб қилишдир. Изн эса билдиришдир. Уй ичида яшовчи бўлсин, хоҳ бўлмасин барибир. Аллоҳ таоло айтади:
فَإِن لَّمْ تَجِدُوا فِيهَا أَحَداً فَلَا تَدْخُلُوهَا حَتَّى يُؤْذَنَ لَكُمْ {28}
“Бас, агар у (уй) ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз!”. (Нур сураси 28-оят.)
Бу шунга далолат қиладики, албатта изн сўраш фақат яшовчиларнинг ўзларига нисбатан эмас, балки ўзлари ва ҳам мол-мулклари учундир. Зотан, инсон уйни ўзи учун ҳам, мол-мулки учун ҳам парда-тўсиқ сифатида қуради. Чунончи, бошқанинг ўзига қарашини кариҳ кўрганидек,  мол-мулкини бошқанинг билиб қолишини ҳам ёмон кўради. Баъзи хабарларда келганки, кимки бир уйга изнсиз кирса, унга вакил қилинган фаришта: “Осий бўлдинг, азият етказдинг!” дейди. Шунда унинг сасини инсу жиндан бошқа жами яралмишлар эшитади. Унинг овози дунё осмонигача кўтарилиб боради. Само фаришталари: “Фалончига суф э, ўз Роббига осий бўлди ва азият етказди” дейдилар.
Қачон у изн сўраса, унга изн берилса, кириши ҳалол бўлади. Киради сўнг салом беради. Саломлашишини, баъзилар айтганидек, киришдан аввал қилмайди. Чунки Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтади:
فَإِذَا دَخَلْتُم بُيُوتاً فَسَلِّمُوا عَلَى أَنفُسِكُمْ تَحِيَّةً مِّنْ عِندِ اللَّهِ مُبَارَكَةً طَيِّبَةً {61}‏
“Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассаламу алайкум” денг!) (Нур сураси 61-оят)”.
Чунки, киришдан олдин салом берса, киргандан кейин иккинчи бор салом беришга мажбур бўлади.
Агар унга киришга изн берилмаса, унга: “Орқага қайт!” дейилса, орқага қайтсин. Унга эшик олдида ўтириб олиш макруҳ бўлади. Аллоҳ азза ва жалла айтади:
وَإِن قِيلَ لَكُمُ ارْجِعُوا فَارْجِعُوا ...{28}
“Агар сизларга “қайтингиз!” дейилса, қайтиб кетаверингиз! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир).”. (Нур сураси 28-оят.)
 Баъзи хабарларда: “Изн сўраш уч марта бўлади, шунда ҳам унга изн берилмаса, қайтиб кетсин”, [дейилган]. Аммо, биринчисида тирик одам эшитади; иккинчисида ҳушёр тортиб, эҳтиёткорлик қиладилар; учинчисида эса агар хоҳласалар рухсат берадилар, хоҳламасалар қайтарадилар. Бас, қачон уч марта рухсат сўраса, унга изн тегмаса, қайтиб кетиши, интизор бўлиб эшик олдида ўтириб олмаслиги керак бўлади. Чунки, одамларнинг манзилларида машғулотлари ва эҳтиёжлари бўлади. Агар кутиб эшик олдида ўтириб олса, ҳоллари танг бўлиб, қалблари машғул бўлиб қолади ва эҳтиёжлари битмай қолиши мумкин. Шунинг учун қайтиши ўтирганидан яхшироқдир. Аллоҳ таолонинг: (هُوَ أَزْكَى لَكُمْ) Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир)”,   дегани мана шудир.
Бу зиёрат учун ва шунга ўхшашлар учун киришда бўлади. Аммо, мункарни ўзгартириш учун, масалан, ҳовлида сурнай ва чоғулар сасини эшитиб қолганда бўлса, улардан рухсат сўраб ўтирмасдан кириб бораверади. Чунки, мункарни ўзгартириш фарздир. Агар изн сўраш шарт қилинса, ўзгартириш имконсиз бўлиб қолади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билгувчироқ!
Агар маҳрамлари бўлса, гарчанд биз тиловат қилган насснинг умумийлигига кўра ташқи ва ички зийнат ўринларига қараш жоиз бўлса-да, рухсатсиз кирмайди. Агар рухсатсиз кириб қолса, ногоҳ авратлари очилган ҳолатда бўлинса, кўзи унга тушиб қолади. Бундан иккови ҳам ноқулайлик сезадилар.
Шунга ўхшаш, Пайғамбар алайҳи-с-салоту ва-с-саломдан бир киши: “Мен онамга хизмат қиламан, унга тўшак солиб бераман. Ундан изн сўрашим керакми?” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа!” дедилар. У киши буни уч марта сўради. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни яланғоч ҳолатда кўриш сени хурсанд қиладими?” дедилар. У киши: “Йўқ, албатта” деди. “Унақа бўлса, ундан изн сўра!” деб марҳамат қилдилар. Шунингдек, Ҳузайфа разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинганки, бир киши ундан: “Синглимдан ҳам рухсат сўрайманми?!” деб сўради. У зот разийаллоҳу анҳу: “Агар изн сўрамасанг, сенга ёмон ҳолга соладиган нарсани кўриб қоласан” дедилар.
Бироқ, иш маҳрамларидан рухсат сўрашда осонроқ ва енгилроқдир. Чунки, ҳаром қилинган нарса шаръан зийнат ўринларига мутллақ назар ташлашликдир. Бу зикр қилганларимиз балоғатга етган озод кимсаларнинг ҳукмидир.
Қуллар ва болалар ҳукмига келсак, қул хожасининг уйига изн сўрамасдан кираверади. Фақат уч вақтда кира олмайди. Бомдод намозидан олдинги вақт, пешин пайти ва хуфтан намозидан кейин. Аллоҳ таборак ва таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لِيَسْتَأْذِنكُمُ الَّذِينَ مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ وَالَّذِينَ لَمْ يَبْلُغُوا الْحُلُمَ مِنكُمْ...ْ لَيْسَ عَلَيْكُمْ وَلَا عَلَيْهِمْ جُنَاحٌ بَعْدَهُنَّ طَوَّافُونَ عَلَيْكُم بَعْضُكُمْ عَلَى بَعْضٍ ...{58}      
““Эй, имон келтирганлар! Қўл остингиздаги (қул ва чўри) ларингиз ҳамда балоғатга етмаган (фарзанд) ларингиз учун уч марта (ҳузурингизга киришда) сизлардан изн сўрасинлар-бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу) уч (вақт) сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлар) дир. Улар ўша (вақтлар) дан сўнг (изн сўрамай кирсалар) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз бирингизга келиб-кетиб турувчидирсиз.”, (Нур сураси 58-оят.)”.
Чунки мана шу вақтлар одатда кийимлар ечиладиган ва аврат очиладиган вақтлардир.
Бомдоддан аввалги вақт уйқу кийимидан чиқиш вақти; пешин вақти эса қайлула учун кийимни ечиш вақти; хуфтан намозидан кейин эса уйқу учун кундузги кийимларни ечиш вақтидир. Бу уч вақтдан кейин ундай эмас, булардан бошқа пайт одатда аврат ёпилган бўлинади. Қул ва чўри бу борада баробар. қул авратни авратмасдан ажратганидан кейин катта бўладими, кичик бўладими барибир. Чунки, булар эътиборсизлик вақтлари ва ғафлат соатлари бўлиб, баъзан киши бошқа биров кўриб қолишини ёқтирмайдиган ҳолатда бўлади. Ушбу маъно эркагу аёл, тамйизга эга бўлган ёшу қарига баробар. Ёш болалар ҳақидаги хитоб таълим тарбия маъносида катталарга қаратилади. Худди оталар билан ёш фарзандлар орасида бўлганидек.
Ёш болаларга келсак, бас, агар аврат билан бошқасининг орасини ажарата олмайдиган норасида бўлса, барча вақтларда киравериши мумкин. Агар балоғатга яқинлашиб, тамйиз ёшига етган бўлса, ота одоб бериш, дин ишларини ўргатиш мақсадида мазкур учта вақтда киришдан уни манъ қилади. Худди етти ёшга етганда намозга буюрган, ўн ёшга етганда ўқимаса урган ёки [бола ва қизнинг] тўшакларини жудо қилганга ўхшаш. Аллоҳ азза ва жалла билгувчироқ!
Бу қачон уй маскан бўлиб, унда яшовчи бўлсадир. Аммо, [бўш ётган] хоналар, йўловчилар учун мўлжалланган қарвонсаройлар, бавл ва ғоит ҳожати чиқариладиган харобалар каби жойлар бўлса, рухсат сўрамай киришнинг зарари йўқ. Аллоҳсубҳонаҳу ва таоло айтади:
لَّيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَن تَدْخُلُوا بُيُوتاً غَيْرَ مَسْكُونَةٍ فِيهَا مَتَاعٌ لَّكُمْ ... {29}
“(Хусусий) маскан бўлмаган (меҳмонхона, карвонсарой каби) сизлар фойдаланмайдиган уйларга (изн сўрамасдан) киришингизда сизларга гуноҳ йўқдир”. (Нур сураси 29-оят.)
Яъни, “сизлар учун манфаати бор” дегани. У манфаат хоналар ва работларда иссиғу совуқни дафъ қилиш, харобаларда бавл ва ғоитдан бўлган ҳожатни раво қилиш манфаатидир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билгувчироқ!
Хабарда ривоят қилинганки, изн сўраш ояти нозил қилинган вақтда саййидимиз Абу Бакр разийаллоҳу анҳу: “Эй, Расулуллоҳ! Макка билан Мадинанинг орасидаги, Мадина билан Шомнинг ўртасидаги ҳеч ким яшамайдиган уйларда қандай қилинади?” – деб сўраганлар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: “(Хусусий) маскан бўлмаган (меҳмонхона, карвонсарой каби) сизлар фойдаланмайдиган уйларга (изн сўрамасдан) киришингизда сизларга гуноҳ йўқдир”.
Муваффақ этувчи Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи. Бу зикр қилганларимиз кириш ҳақидаги ҳукмлардир.
Киргандан кейинги ҳукмга келадиган бўлсак, у холи қолишдир. Бас, агар уйда бегона хотин ёки маҳрам қариндош аёл бўлса, эркак киши у билан холи қолиши ҳалол бўлмайди. Чунки, бунда фитна ва ҳаромга тушиш хавфи мавжуд. Дарҳақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эркак киши хотин билан ёлғиз қолмасин, чунки учинчиси шайтон бўлади”,   деганлари ривоят қилинган. Агар маҳрам қариндоши бўлса, холи қолишнинг зарари йўқ, бироқ [буни ҳам] қилмагани афзал. Чунки, Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинганки, у киши: “Габий алайҳи-с-салоту ва-с-саломнинг қайтариқларига кириб қолишимдан қўрққанимдан ҳаргиз бирор аёл билан ёлғиз қолган эмасман!”, деганлар.
Хотин киши бошқа одам болаларидан бўлганнинг сочини ўзининг сочига улаши макруҳ бўлади. Зеро Набий алайҳи-с-солату ва-с-саломайтганлар:
                  لعن الله الواصلة و المستوصلة
“Аллоҳ соч улагувчи ва улатувчини лаънатласин!”.
Чунки, одамзод жами бўлаклари билан мукаррамдир. Ундан ажралган бўлакдан фойдаланиш уни хўрлашдир. Шунинг учун уни сотиш макруҳ бўлади. Аммо буни ҳайвоннинг сочи ва жунидан қилишнинг зарари йўқ. Зотан, бу шунга салоҳиятли нарса билан зийнат тариқасидаги фойдаланишдир. Шунинг учун  фойдаланиш турларида истеъмол раво бўлди. Бинобарин зийнатланиш ҳам. ???
Эркак ўз чўрисидан унинг изнисиз азл қилишининг зарари йўқ. Никоҳидаги хотинидан бўлса:
а) агар у озод аёл бўлса, унинг рухсатисиз азл қилиш ижмоъ билан макруҳ ҳисобланади. Чунки, унинг болада ҳаққи бор, Азлда эса болани йўқотиш бор. Инсоннинг ҳаққини унинг ризосисиз йўқотиш жоиз бўлмайди. Қачонки, у рози бўлса, жоиздир.
б) агар чўри бўлса ҳам изн сўраш ихтилофсиз лозимдир. Лекин, изн хожасидан сўраладими ёки унинг ўзиданми, гап шунда. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ у ҳақдаги рухсат хожасига қайтади, деган. Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳ унинг ўзига қайтади, деганлар.
Бу икки имомнинг далили қуйидагича:
Шаҳватини қондиришда унинг [чўрининг] ҳам ҳаққи бор. Азл эса унга нуқсон етказади. Инсоннинг ҳаққини унинг розилигисиз бекор қилиш жоиз бўлмайди.
Абу Ҳанифанинг сўзининг далили қуйидагича:
Ҳур аёлда азлнинг макруҳлиги унинг ҳаққи бор бўлган фарзанднинг йўқ қилиниши хавфи борлиги учундир. Бу жойда эса бола ҳаққи хожаники, чўриники эмас. Икки имомнинг шаҳватни қондириш нуқсонли бўлиб қолади деганлари тўғри, лекин унинг [чўрининг] ҳаққи асли шаҳватни қондиришнинг холос, мукаммал бўлиши эмас. Кўрмайсанми, манийси йўқ баъзи кимсалар ҳам хотинига инзолсиз яқинлик қилаверади-ку?! Аёлнинг  эса хусумат қилишга ҳаққи бўлмайди. Бу шунга далолат қиладики, аёлнинг ҳаққи асли шаҳватни қондиришдир, камолга етказиш эмас. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билгувчироқ!
Кишининг ўз дуосида “Набий ва расулларининг ҳаққи билан ва фалончининг ҳаққи билан сендан сўрайман!” дейиши макруҳ бўлади. Чунки, ҳеч бир кимсанинг шаъни буюк Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зиммасида ҳаққи йўқ. Шунингдек, унинг ўз дуосида “Сендан Аршингдаги иззат боғичи ҳаққи сўрайман!” дейиши ҳам макруҳ бўлади. Абу Юсуфдан бунинг ҳадисда келгани учун зарари йўқ, деганлари ривоят қилинган. У ҳам бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дуоларида: “Эй, Аллоҳим! Албатта мен сендан Аршингдаги иззат боғичи, китобингдаги раҳмат сарҳади, энг улуғ исминг, энг олий буюклигинг, тўлиқ калималаринг ҳаққи сўрайман!” – деганлар, деб қилинган ривоятдир.
Зоҳири ривоятнинг далили шуки, ушбу лафзнинг зоҳири фикрга ташбеҳни  олиб келади. Чунки, арш Аллоҳ таборак ва таоло жалла ва алонинг махлуқотларидан биридир. Аллоҳ таборак ва таолонинг иззати унга  боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Аҳод даражасида бўлган хабарнинг зоҳири фикрга ташбеҳни олиб келар экан, унга амал қилишдан сақланиш саломатлироқдир.
Тер артиниш учун ва бурун қоқиш учун манманлик ва такаббурлик қилиб рўмол кўтариб юриш макруҳ бўлади. Зотан, яралмишнинг такаббурлиги қоралангандир. Шунингдек, бу ажам халқининг кўринишига ўхшатишдир. Саййидимиз Умар разхийаллоҳу анҳу деганлар: “Ажамларнинг кўринишларидан сақланинг!”. Эҳтиёж бўлса, унинг зарари йўқ. Чунки, уни олиб юрмаса, енгига ёки этагига олишга мажбур бўлиб қолади, бунда эса кийимини ифлос қилиш бор.
Эҳтиёж учун бармоғига узук тақиши ёки ип боғлаб олишининг зарари йўқ. Чунки, бу эслатиш ва унутишни бартараф этиш маъносида мусулмоннинг эҳтиёжини қондиришда ёрдам беради. Бу эса тарғиб қилинадиган иш. Ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи саҳобаларини шунга буюрганлар.
Ҳожатхонада олдини қиблага қаратиб ўтириш макруҳдир. Пайғамбар алайҳи-с-салоту ва-с-саломдан ривоят қилинганки, ул зот деганлар: “Қачонки, ғоитга келсангизлар, Аллоҳ таборак ва таолонинг қибласини улуғ билинглар. Бас, унга қараб ҳам, орқа қилиб ҳам ўтирманглар, лекин шарққа ёки ғарбга қараб ўтиринглар!”. Бу Мадинага нисбатан айтилган.
Орқа ўгириб ўтиришга келсак, Абу Ҳанифа разийаллоҳу анҳудан бу борада икки ривоят мавжуд. Бир ривоятда макруҳ, яна бир ривоятда макруҳ эмас. Зеро Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳумо Пайғамбар алайҳи-с-салоту ва-с-саломни Шомга юзланиб, қиблага орқа қилиб ўтирганларини кўрганларини ривоят қилган. Чунки, қиблага орқа қилиб ўтирганда олд аъзоси қиблага эмас, ерга тўғри бўлади. Қиблага қараб ўтириш ҳолатида ундай эмас.
Бу қачон саҳрода бўлса, шундай. Уй ичларида бўлса ҳам бизнинг наздимизда шундай. Шофиъий алайҳи-р-раҳма наздида уйларда қиблага қараб ўтиришнинг зарари йўқ. У киши Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳумо ривоят қилган нарсани ҳужжат қилган. Бу ҳақда сўралганда у киши “Албатта бу саҳродадир” деб жавоб берган эканлар.
Биз далилимиз, риаоят қилганимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳро ва уйларни ажратмасдан мутлақ келган ҳадисларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига амал қилиш саҳобийнинг сўзларига амал этишдан кўра яхшироқдир. Зотан, саҳро ва уйлар орасидаги фарқ агар девор каби тўсиқларда бўлса, саҳроларда ҳам тўсиқ топилади. Яъни, тоғ ва ҳоказолар. Ҳолбуки, улар кароҳатни аритмаган. Бу [уйлар] ҳам шунга ўхшаш.
Масжиднинг қибласи таҳоратхонага ёки ҳожатхонага ёхуд ҳаммомга қаратилган бўлиши макруҳ бўлади. Чунки, бунда масжид таъзимини тарк қилиш бор. Аммо уйнинг “масжид”и   уй соҳиби намоз учун ажратган жойга келсак, унда ҳеч қиси йўқ. Чунки, у ҳақиқий масжид эмас, унга масжид ҳукми ҳам бўлмайди.
Уйларда тасвирлар бўлиши макруҳдир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саййидимиз Жаброил алайҳи-с-салоту ва-с-саломнинг “Биз ит ёки сурат бор уйга кирмаймиз!” деганлари ривоят қилинган. Чунки, уларни сақлаб туриш бутларга ибодат қилувчиларга ўхшашдир. Фақат тўшакда ёки устига ўтириш учун ерга ташланадиган кичкина ёстиқчаларда бўлса, макруҳ бўлмайди. Чунки, уни оёқлар остида тепалаб юриш уни хўрлашдир, уни хўрлаш ўрнида тутиш эса бутларга сиғинувчиларга ўхшатиш бўлмайди. Фақат унга сажда қилинса, ўхшатиш маъноси бўлгани учун макруҳ бўлади. Пардаларда, деворга илинадиган чойшабларда, катта ёстиқлар ва шифтларда бўлиши, бунда уни улуғлаш бўлгани, учун макруҳ бўлади. Агар уларнинг боши бўлмаса, зарари йўқ. Чунки, у сурат бўлмайди, балки, бир нақш бўлиб қолади. Аммо бўйнига бирор нарса илиш билан бошини қирқилса, бу ҳеч нарса бўла олмайди. Чунки, у сурат бўлишдан чиқиб кетмайди, балки бўйнида маржони бор қушларнинг мунчоғи каби зийнати ошади. Сўнгра, руҳи бор нарсанинг сурати макруҳдир. Аммо, дарахтлар, қандиллар ва шунга ўхшаш жони йўқларнинг суратининг зарари йўқ.
Мусҳафга нуқталар қўйиш ва ўнликларга бўлиб чиқиш [яъни таъшир] макруҳ бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳумо: “Мусҳафларингизни холи тутинглар!”   деганлар. Бу таъшир ва нуқталар қилмаслик билан бўлади. Чунки, бу Қуръонни ёд олишга халал беради. Зотан, қори бунда шунга суяниб қолади ва ҳифз қилишга жидду жаҳд қилмайди, балки дангасалик қила бошлайди. Лекин, бу уларнинг шаҳарларида, дейилган. Аммо ажам диёрларида макруҳ бўлмайди. Чунки, ажам халқи уларсиз Қуръон таълимига қодир бўлмайдилар. Шунинг учун бу барча юртларда инкор қилинмасдан урфда жорий бўлиб келган. Бас, макруҳ эмас, суннат [яхши одат] бўлган.
Масжидни ганж, гипс ва тилла суви билан нақш қилишнинг зарари йўқ. Чунки, масжидни зийнатлаш уни улуғлаш жумласидандир. Лекин, шу билан бирга, уни қилмаган афзал. Зотан, мол-мулкни фақирларга сарфлаш яхшироқ. Умар ибн Абдулазиз разийаллоҳу анҳумо Масжиди ҳаромга олиб кетилаётган нарсани кўрган вақтлари: “Устунлардан кўра мискинлар муҳтожроқ”, деганларида ана шунга ишора қилган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари эса хурмо шохларидан эди. Бу, ўзининг мол-мулкидан нақш қилсадир. Бироқ, масжиднинг молидан бўлса, унда раво бўлмайди. Агар нозир [имом ёки мутавалли] масжид молидан қилса, унга зомин бўлади, дейилган.
Бизнинг наздимизда ўғил ва қизга ақиқа қилинмайди. Шофиъий раҳимаҳуллоҳ наздида ақиқа суннат. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саййидимиз Ҳасан ва Ҳусайн разийаллоҳу анҳумоларга биттадан қўчқор ақиқа қилганларини даҳужжат қилганлар.
Бизнинг далилимиз саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қурбонлик ўзидан олдинган ҳар бир қонни бекор қилди. Рамазон рўзаси ўзидан олдинги ҳар бир рўзани бекор қилди. Закот ўзидан олдинги ҳар бир садақани бекор қилди”,   деганларидир. Ақиқа қурбонликдан аввал бўлган, натижада қурбонлик жорий бўлгандан сўнг, атира [ражаб ойидаги қурбонлик] каби у ҳам бекор қилинган. Ақиқа ундан [қурбонликдан] олдин фарз бўлмаган, балки фазилат бўлган. Фазилат насх бўлгандан кейин фақатгина макруҳ бўлади. Ашуро рўзаси ва баъзи мансух бўлган садақаларнинг хилофи ўлароқки, улар насх бўлгандан сўнг улар нафл сифатида бажариш макруҳ бўлмайди. Чунки, булар фарз бўлган. Фарзликнинг насх бўлиши уни қурбат бўлишдан чиқармайди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билгувчироқ!
Киши ўз қулининг бўйнига «роя» қўйиши макруҳдир. Оёқ қўлини боғлаб қўйишининг эса зарари йўқ. Чунки «Роя» бўйиндаги кишан бўлиб, золимлар ўйлаб топган нарсадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: “Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Ҳар бир залолат дўзахдадир”. Боғлаб қўйиш эса янги пайдо бўлган эмас, балки, саҳобаи киромлар разийаллоҳу таоло анҳум ҳам ишлатганлар. Ривоят қилинадики, Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳумо бир қулини боғлаб қўяр, унга Қуръон маъноларини ўргатар эди. Бу одат бошқа асрларда ҳам инкорсиз жорий бўлди. Бас, бу ижмоъ бўлади. Шунингдек, қулга роя солиш қочиб кетишидан омонда бўлган ҳолда ундан фойдаланиш эгадорлигини ушлаб туриш учундир. Бироқ бу нарса роя билан ҳосил бўлмайди. Чунки ким уни роя билан юрганини кўрса, қочган қул деб ўйлаб, уни очиқчасига тўсиб, хожасининг олдига элтади. Натижада ундан фойдаланиш имкони бўлмай қолади. Демак қулга роя солишдан манфаат йўқ.
Ҳуқна қилиш [клизма]нинг зарари йўқ, чунки у даволаниш жумласидан ва тарғиб қилинган иш ҳамдир. Пайғамбар алайҳи-с-салоту ва-с-салом деганлар: “Даволанинглар, бас, албатта Аллоҳ таоло касаллик яратибдики, унинг давосини ҳам, албатта, яратган. Фақат ўлим ва қарилик [давоси йўқ]”.
Нарда, шахмат ва яҳудийлар ишлатадиган ўйин ўнтўртни ўйнаш макруҳ бўлади. Чунки, у қимор ёки [бекорчи] ўйиндир. Буларнинг ҳаммаси ҳаром. Қиморга келсак, Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги сўзи билан ҳаромдир:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ ... {90}
“Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”. (Моида сураси 90-оят.)
У [оятдаги майсир сўзи] қимордир. Ибн Аббос, Ибн саййидимиз Умар разийаллоҳу анҳумдан шундай  ривоят қилинган. Мужоҳид, Саид ибн Жубайр, аш-Шаъбий ва бошқалардан (разийаллоҳу анҳум) ривоят қилинганганки, улар: “Майсирнинг ҳаммаси қимор, ҳатто болалар ўйнайдиган ёнғоқ ўйини ҳам”,   деганлар. Саййидимиз Али разийаллоҳу анҳу айтган экан: “Шахмат ажам халқларининг қиморидир”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганлари ривоят қилинади: “Сизларни Аллоҳ зикридан чалғитадиган ҳар бир нарса майсирдир”.
Ўйинга келадиган бўлсак, Набий алайҳи-с-салоту ва-с-салом айтадилар: “Кишининг хотини билан, камони ва оти билан ўйнашидан бошқа ҳар бир ўйин ҳаромдир”. Яна ул зот алайҳи-с-салоту ва-с-салом: “Мен беҳудаликдан эмасман, беҳудалик мендан эмас”,   деганлар. Шофиъий раҳимаҳуллоҳдан шатранж ўйнашга рухсат берганлари ривоят қилинган. У киши, чунки унда хотирани чархлаш, зеҳнни тозалаш, уруш тадбирлари ва ҳийлаларини билиш бор, дейдилар. Демак, у одоб бобидан бўлди. Чунки у камон отиш ва от чоптиришга ўхшайди. Шу билан бирга у қимор ва ўйин бўлишдан чиқиб кетмайди. Биз юқорида зикр қилганимизга кўра буларнинг ҳаммаси ҳаром. Абу Юсуф шатранж ўйновчиларга уларни камситиш мақсадида, ўша иши учун зажр бўлсин деб, салом беришни макруҳ санаган. Абу Ҳанифа разийаллоҳу анҳу эса макруҳ санамаган, чунки бунда уларни ўйнаётган нарсасидан чалғитади. Салом бериш уларни ўша ишдан ман қиладиган нарса бўлганидан кейин, макруҳ бўлмайди, дейдилар.
Яҳудий ва насронийларнинг касалини кўришнинг зарари йўқ. Чунки ривоят қилинганки, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудийни бориб кўрдилар. Унга: “Ло илоҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ” дегин!”   дедилар. У отасига қаради, отаси унга: “Муҳаммаднинг гапига жавоб бер!” деди. У мусулмон бўлди, сўнг ўлди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен сабабли бир жонни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!”. Чунки, қўшнини бориб кўриш қўшнилик ҳаққини адо этишдир, бу эса тарғиб қилинган нарсадир. Аллоҳ таборак ва таоло ҳеч кимни ажратмасдан: “ва-л-жари-л-жунуби” (ёнқўшнига яхшилик қилинг) деган. Шу билан бирга, касални кўришда имонга келиб қолиши умидида имонга чақириш ҳам бор. Энди қандай қилиб макруҳ бўлсин?!
Яҳудий ва насронийларга биринчи салом бериш макруҳ бўлади. Чунки, салом ҳар бир яхшилик ва хайрият учун номдир. Бундай дуони кофирга қилиш жоиз бўлмайди. Фақат, у салом берган вақтда унга яхшилигини қайтариш маъносида жавоб қайтаришнинг зарари йўқ. Лекин, “Ва алайка” [ва алайкум] сўзидан ортиқча қилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганлари ривоят қилинган: “Яҳудийлар бирортаси сизларга салом берса, “ас-Сому алайкум” (сизларга ўлим бўлсин) дейди, шунда сизлар “Ва алайка” денглар”.
Бизнинг наздимизда аҳли зимманинг масжидларга киришида зарар йўқ. Молик ва Шофиъий раҳимаҳумаллоҳ; уларга Масжидул Ҳаромга кириш ҳалол бўлмайди, деган. Молик раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги сўзини ҳужжат келтирган:
إِنَّمَا الْمُشْرِكُونَ نَجَسٌ ... {28}   
“Эй, имон келтирганлар! Албатта, мушриклар нажас (нопок) дирлар”. (Тавба сураси 28-оят.)
Масжидни нажосатдан поклаш вожибдир. Буни баъзи бир балғам ва шунга ўхшаш пок нарсалардан ҳам масжидни тозалашнинг вожиб бўлгани таъкидлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Тери оловдан торайганидек, албатта, масжид ҳам балғамдан тораядир”, деганлар. Нажосатдан [тозалаш] эса авлороқ. Шофиъий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ азза ва жалланинг:
 فَلاَ يَقْرَبُواْ الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ بَعْدَ عَامِهِمْ هَـذَا {28}   
“Шу йилларидан кейин (улар) Масжиди Ҳаром (Каъба) га яқинлашмасинлар”. (Тавба сураси 28-оят.), деган сўзини ҳужжат қилиб келтиради ва айтадики: «Масжидул Ҳаром унга яқинлашишдан қайтариқ билан хосланди. Бу эса хоссатан унга кириш ҳаром эканига далолат қилади. Токи, хослаш ўз ифодасини топсин».
Бизнинг далилимиз, араб элчиларидан ва бошқалардан бўлган мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига – масжидга кирар эдилар. Жумладан, Абу Суфённинг Ҳудайбия йилида масжидга киргани, шунингдек, Сақиф элчиларининг масжидга кирганлари ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳи кунида: “Кимки Масжидга кирса, у омондадир”, деганлар. У зот алайҳи-с-салоту ва-с-салом масжидни омонгоҳ қилдилар ва уларни [мушрикларни] унга киришга чақирдилар. У кишиниг ҳаромга чақиришлари мумкин эмас!
Ояти каримага келсак, ундан мурод – уларнинг эътиқоди ва амаллари нажас эканидир, айни ўзлари нажас эмас. Чунки, ўзларида ҳақиқатан, жисмонан нажосат йўқ. Алло азза ва жалланинг:
     فَلاَ يَقْرَبُواْ الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ بَعْدَ عَامِهِمْ هَـذَا {28}   
“Шу йилларидан кейин (улар) Масжиди Ҳаром (Каъба) га яқинлашмасинлар”. (Тавба сураси 28-оят.), деган сўзи ҳаж учун Маккага киришдан қайтаришдир, Масжидул Ҳаромнинг ўзига киришдан эмас. Аллоҳ таолонинг:
وَإِنْ خِفْتُمْ عَيْلَةً فَسَوْفَ يُغْنِيكُمُ اللّهُ مِن فَضْلِهِ إِن شَاء ... {28}
“Агар (сизлар) фақирликдан қўрқсангиз, Аллоҳ хоҳласа, Ўз фазли билан сизларни бойитажак”. ”. (Тавба сураси 28-оят.) – деган сўзи шунга далолат қилади. Маълумки, айлат [фақирлик]дан қўрқиш Маккага киришдан уларни ман қилиш билан ҳосил бўлади, Масжидул Ҳаромнинг ўзига кириш билан эмас. Чунки, улар Маккага кирсалар ва Масжидул Ҳаромга кирмасалар, фақирлик хавфи пайдо бўлмайди. Шунингдек, ривоят қилинганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саййидимиз али разийаллоҳу анҳуни: “Эй, огоҳ бўлинг! Бу йилдан кейин мушриклар асло ҳаж қилмайди!”, деб нидо қилиши учун юборганлар. Демак, муқаррар бўлдики, ушбу таъқиқ Маккага ҳаж учун киришдан экан. Лекин Аллоҳ таоло Масжидул Ҳаромни зикр қилгани Маккага келишдан мақсад Байт эканидан, Байт эса Масжидда эканидандир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билгувчироқ!
Мусулмон ароқ сотса ва пулини олса, унинг қарзи бўлса, қарз соҳиби учун ундан ўша (пул)ни олиши макруҳ бўлади. Агар сотувчи насроний бўлса, уни олишнинг зарари йўқ. Фарқ шундаки, мусулмон тарафидан ароқ олди сотдиси ботилдир. Чунки, у мусулмон ҳаққида ўзлашмайди. Демак, унинг пулига молик бўлолмайди, у муштарийнинг мулки ҳукмида қолади. Бинобарин, у билан қарзни адо этиш дуруст бўлмайди. Агар сотувчи насроний бўлса, савдо дурустдир. Чунки бу унинг ҳаққида ўзлашувчи молдир. Шунинг учун у бунинг пулига молик бўлади. Демак, ундан қарзни адо этиш дуруст бўлади. Яна Аллоҳ азза ва жалла билгувчироқ!
Бир киши тўйга ёки таомга чақирилса ва бу ерда ўйин кулги ёки куй қўшиқ бўлса, хулосаи калом шуки, аслида ўша киши икки кўринишдан биридан холи бўлмайди. Ё у ўша ерда шу нарсанинг бўлишини билиши мумкин ёки уни билмаслиги мумкин. Бас, агар билган тақдира, агар ғолиб фикрича уни ўзгартириш имконияти бўлса, ижобатга олади. Чунки, чақириқ ижлбат қилиш суннат қилингандир. Пайғамбар алайҳи-с-салоту ва-с-салом: “Қачонки, сизлардан бирингиз тўйга чақирилса, бас, унга келсин”, деганлар. Мункарни ўзгартириш ҳам фарз қилинган. Бинобарин ижобатга олишда ҳам фарзни барпо қилиш, ҳам суннатга риоя этиш бўлади. Агар ғолиб фикрича ўзгартириш мумкин бўлмаса ҳам, ижобатнинг зарари йўқ. Зикр қилганимиз чақириққа жавоб беришнинг суннат қилингани боис. Бошқа бировдан содир бўладиган маъсият учун суннатни тарк этилмайди. Кўрмайсанми, жанозага қатнашиш ва мотамгоҳда ҳозир бўлиш, гарчи ўша ерда йиғи сиғи, ёқа йиртиш ва шунга ўхшаш мункарлар бўлса ҳам, тарк этилмайди-ку. Бу ерда ҳам гап шу.
Яна айтилганки, бу [даъватга жавоб бериш] чақирилган кимса ҳайбатли, эҳтиром қилинадиган пешво бўлсадир. Агар ундай бўлмаса, ижобат қилмагани ва у ерда ўтирмагани яхшироқ.
Агар билмадан борса-ю, у ерда ана шундай ўйин кулги ёки куй қўшиқни кўрса, бас, агар ўзгартириш имконияти бўлса, ўзгартиради. Агар мумкин бўлмаса, Китоб [менимча, “ал-Жомиъ ас-сағир”]да зикр қилинган ва дейилганки: ўтирса ва таом еса зарари йўқ. Абу Ҳанифа разийаллоҳу анҳу, бир марта шунга мубтало бўлдим, деганлар. Зеро зикр қилганимиздек, чақириқни ижобат қилиш тарғиб қилинган ишдир. Бошқа биров тарафидан вужудга келган гуноҳ учун уни тарк қилмайди. Бу қачонки, билмасдан кириб қолса. Бироқ, агар киришдан олдин билса, қайтади, кирмайди. Айтилганки, бу қачонки эргашиладиган имом бўлмаса. Агар [имом] бўлса ҳам, туриб қолмайди, балки чиқиб кетади. Чунки, туришда илм ва динни енгил санаш ҳамда фисқ аҳлининг фосиқлигига журъатли қилиб қўйиш бор. Бу эса жоиз эмас. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сабр қилиши ҳали мутлақо муқтадо бўлмаган вақтда бўлганга йўйилади. Агар [пешвога] айланган вақтида бўлганда эди, сабр қилмаган бўларди.
Масала шунга далолат қиладики, куйнинг ўзи маъсиятдир. Шунингдек, уни эшитиш ҳам.  шу хилда қамиш уриш, уни эшитиш ҳам. Кўрмайсанми, Абу Ҳанифа разийаллоҳу анҳу уни “балога йўлиқиш” деб атаган.
Эҳтикор қилиш макруҳ бўлади. Эҳтикор ҳақидаги гап икки мавзудадир. Биринчиси, эҳтикорнинг ва киши нима билан эҳтикорчи бўлишининг баёни. Иккинчиси, эҳтикор ҳукмининг баёни.
Аммо, биринчиси, кишининг шаҳарда бир таом сотиб олиб, уни сотишдан тўхтатиб туришидир. Ваҳоланки, бу билан одамларга зарар етказади. Шунингдек, агар уни яқин жойдан сотиб олса, таомни шаҳарга олиб келса ва ушбу шаҳар кичик бўлса ва бу билан зарар етказадиган бўлса, эҳтикор қилувчи бўлади. Агар шаҳар катта бўлиб, зарар етмайдиган бўлса, эҳтикор қилувчи бўлмайди. Агар шаҳарга узоқ жойдан таом келтирса, уни сақлаб турса, эҳтикор қилувчи бўлмайди. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинганки, у эҳтикор бўлади, деган. Чунки, шаҳарда сотиб олиб, сотмай туриб олиш билан эҳтикор қилишнинг макруҳлиги оммага зарар етказиш бўлгани учундир. Бу ерда ана шу нарса бор.
Абу Ҳанифа разийаллоҳу анҳунинг далили эса, Пайғамбар алайҳи-с-салоту ва-с-саломнинг: “Келтирувчи ризқлангандир!” деган сўзларидир. Шу билан бирга, шаҳардаши мотиб олувчининг ушлаб туришидаги эҳтикорнинг ҳаромлиги омманинг ўша нарсада ҳаққи бўлгани учундир. Зикр қилганимиздек, у уларнинг ҳаққини ман қилганлиги сабаб золимга айланади. Бу эса узоқ жойдан, шаҳар ташқарисидан сотиб олувчидан топилмайди. Чунки, у, модомики, сотиб олсаю, шаҳар аҳлининг у нарсада ҳаққи бўлмаса, уларга зулм қилаётган бўлмайди. Лекин, шу билан бирга, бундай қилмагани ва сотиб юборгани афзал. Чунки, сақлаб туриш мусулмонларга зарар. Шунингдек, ўз ерида экин эккан бўлса, томарқасидан ҳосил олган бўлса, ўзи ейиш учун сақлаб турса, бу эҳтикор бўлмайди. Чунки, унга шаҳар аҳлининг ҳаққи тааллуқли бўлмайди. Лекин, бундай қилмасдан, айтганимиздек, сотиб юборгани афзал.
Сўнгра, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ наздида эҳтикор хоҳ озуқа бўлсин, хоҳ бўлмасин, оммага зарар етказадиган ҳар бир нарсада юз беради. Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздида эҳтикор фақат одамлар озиғи ва ҳайвонлар ўти бўлмиш буғдой, арпа, пичан ва сомон кабиларда жорий бўлади. Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг сўзининг далили, ғолибан, умумий ҳолатда, оммага озуқа ва ўт ўланни ушлаб туришда зарар етади. Бинобарин, эҳтикор фақат ўша билан ҳосил бўлади. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзининг далили эса, макруҳлик оммага зарар етказадиган бўлгани учундир. Бу эса озуқа ва ўт ўланга хос бўлмайди.
Эҳтикорнинг ҳукмига келсак, эҳтикорга тааллуқли ҳукмларни айтиб ўтамиз:
Улардан бири, ҳаромликдир. Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Эҳтикор қилувчи лаънатлангандир, келтирувчи ризқлангандир”. Лаънат фақатгина ҳаром қилинган нарсани қилиш билан етади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганлари ривоят қилинган: “Кимки бир емишни қирқ кеча эҳтикор қилса, муҳаққақ у Аллоҳдан барийдир, Аллоҳ ҳам ундан барийдир”,   деганлар. Шунга ўхшаш ваъид фақатгина ҳаромни қилиш билан етади. Чунки, эҳтикор зулм жумласидандир. Чунки, шаҳарда нимаки сотилса, омманинг ҳаққи унга тааллуқли бўлади. Бас, қачонки уларнинг унга эҳтиёжлари кучли бўлиб турганда сотиб олган шахс уни сотишдан бош тортса, уларнинг ҳаққини тўсган бўлади. Ҳақдордан ҳаққини тўсиш зулмдир ва, албатта, бу ҳаромдир. Ушлаб туриш оз ёки кўп муддат бўлсин, зулм бўлганидан кейин, барибир.
У (ҳукм)лардан яна бири, зулмни кетказиш учун эҳтикорчига сотишни буюрилади. Лекин, унга ўзининг ва аҳлининг озуқасидан ортиқчасини сотишга амр қилинади. Агар бажармаса, эҳтикорга қатъий туриб олса, ана шу ҳолида иккинчи марта имом (подшоҳ)га кўтарилади. Шунда подшоҳ унга насиҳат ва таҳдид қилади. Агар шунда ҳам бажармаса, унга [имомга] учинчи марта олиб чиқилади, уни ҳибс қилади ва ёмон қилиғи учун зажр қилиб таъзир беради, аммо, сотишга мажбур қилмайди. Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ уни мажбур қилинади, дейди. Бу озод кимсани ҳажр қилиш  масаласига қайтади. Чунки, сотишга мажбурлаш ҳажр маъносидадир.
Шунингдек, нарх белгиламайди. Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги қавлига биноан:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلاَّ أَن تَكُونَ تِجَارَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ                                               
“Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно.”(Нисо сураси 29-оят.)
Ва Набий алайҳи-с-салоту ва-с-саломнинг мана бу сўзларига биноан: “Мусулмон кишининг моли фақат унинг кўнгил равшанлиги билангина ҳалол бўлади”.
Ривоят қилинадики, Мадинада нарх-наво кўтарилиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нарх белгилашни талаб қилдилар. У зот эса нарх белгиламадилар ва: “Албатта Аллоҳ таборак ва таолонинг ўзи нарх белгиловчи, тутиб қолгувчи ва кенг қилиб бергувчидир!” – дедилар.
У (ҳукм)лардан яна бири шуки, имом шаҳар аҳлига ҳалокат бўлишидан қўрқса, эҳтикор қилувчилардан таомни олади ва уни ўшаларга бўлиб беради. Бас, қачон [таом] топсалар, уларга ўшанчани қайтариб берадилар. Зотан, улар ночор қолган эдилар. Кимки бировнинг молига очликда муҳтож, музтар бўлган бўлса, уни кейин тўлаб бериш шарти билан тановул қилаверади. Аллоҳ таоло айтганки:
فَمَنِ اضْطُرَّ فِي مَخْمَصَةٍ غَيْرَ مُتَجَانِفٍ لِّإِثْمٍ فَإِنَّ اللّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ {3}
“Кимки гуноҳга мойиллигидан эмас, балки очарчиликда (мазкур ман этилган нарсалардан ейишга) мажбур бўлса, албатта Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”. (Моида сураси 3-оят.)
Шунингдек, шаҳар аҳлига зарар етказадиган бўлса, «талаққиррукбан»  маркуҳ бўлади. Зеро, Набий алайҳи-с-салоту ва-с-салом «талаққиррукбан»дан қайтарганлар. Шунингдек, унда оммага зарар етказиш мавжуд, демак, эҳтикор каби макруҳ бўлади.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида мусулмоннинг ароғи бор бўлган мешни тешиш макруҳ бўлади, агар тешса, зомин бўлади. Абу Юсуф ва Муҳаммад наздида макруҳ бўлмайди ва зомин ҳам бўлмайди. Барбат, уд, заммора ва шунга ўхшаш иборат мусиқа асбобларини синдириш ҳам мана шу хилоф асосидадир. Бу масъала “Китоб ал-буйуъ”да ўрганилади.
Бир киши бировнинг гавҳарини ютиб юбориб, ютувчи ўлиб қолса, агар мол-дунё қолдирган бўлса, дурнинг қиймати унинг тарикасидан [тўланиши лозим] бўлади. Агар мол қолдирмаган бўлса, қорнини ёрилмайди. Чунки (ўликни) ёриш ҳаром. Шахснинг ҳурмати мол ҳурматидан кўра буюкроқдир. Унга гавҳарнинг қиймати лозим бўлгани, у уни ҳалок қилгани учундир. Ҳолбуки, гавҳар зотул амсол  нарсалардан эмас. Шунинг учун унинг қийматига зомин бўлинади. Бас, агар унинг дунёда моли бўлса, ундан адо этилади, бўлмаса, охиратда олинади.
Ҳомиладор аёл вафот этса, қорнида бола қимирласа, бас, энг фикр кўпроқ унинг тирик эканига борса, қорни ёрилади. Чунки, биз икки балодан бирига мубтало бўлишимиз керак, энди унинг енгилроғини танлаймиз. Ўлик онанинг қорнини ёриш тирик болани ҳалок қилишдан енгилроқ.
Бир кишининг норасида ворислари бўлиб, у васият ҳам қилмоқчи бўлса, қарайди: агар уларга қолдирганидан молидан учдан иккиси ҳам кифоя қилишига кўзи етса, учдан бирига васият қилгани афзал. Чунки, бунда икки тараф [меросхўрлар ва васият қилинганлар]нинг ҳам риояси бор. Агар ғолиб фикрича, уларга қолдирганининг ҳаммаси бўлмаса, уларга қилмайдиган бўлса, васият қилгандан кўра молни тўла уларга қолдиргани афзалдир. Зеро, Саъд ибн Абу Ваққос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Киши ўз молидан қанчасини васият қилади?” деб сўради. У зот алайҳи-с-салоту ва-с-салом: “Учдан бирини, учдан бири ҳам кўп. Чунки, меросхўрларингни бой қилиб қолдирмоғинг одамларга қараб қоладиган фақир қилиб қолдирмоғингдан кўра сен учун яхшироқ”, дедилар.
Бир киши бировнинг ўз отасини ўлдираётганини кўриб қолди. Қотил уни қасос ёки муртадлиги сабабли ўлдирганини даъво қилди. Ўғил у айтаётган нарсаларни билмаса, уни ўлдириши мумкин. Чунки  у асл қасосни вожиб қиладиган нарсани, яъни, қасддан ўлдиришни ўз кўзи билан кўрди.  Набий алайҳи-с-салоту ва-с-салом айтганларки: “Қасддан ўлдириш (жазоси) қасосдир, фақат афв қилинса ёки товон тўланса, мустасно”. Қотил эса бир оризий нарсани даъво қилмоқда, ҳужжатсиз унга қулоқ солинмайди.
Шунингдек, қачонки, пинҳонда ўлдирганига иқрор бўлсаю, сўнг уни қасос ёки муртадлиги сабабли ўлдирганини даъво қилса, ўғил уни ўлдириш имконида бўлади. Чунки, қасддан ўлдиришга бўлган иқрор, баён қилганимизга биноан, аслида қасосни вожиб қилгувчи сабабни иқрор қилишдир. Агар қатлни аниқ кўрмаса, ўзи ҳам иқрор бўлмаса, лекин икки адолатли гувоҳ қатлни аниқ кўрганига ёки иқрор бўлганига гувоҳлик берсалар, уни ўлдириш жоиз бўлмайди, ҳатто иқрор билан гувоҳлик орасини ажратиш учун қози икковининг гувоҳлигига ҳукм қилгунига қадар. Икковининг орасидаги фарқ зоҳирдир. Чунки, гувоҳликниг ўзи ҳужжат эмас, балки қозининг ҳукми билан [ҳужжат бўла олади]. Зотан унда (гувоҳликда) манфаатни жалб қилмоқчи деган, туҳмат гумони бор. Бу гумон фақат қозининг ҳукми билан бартараф бўлади. Аммо, иқрорнинг ўзи ҳужжатдир. Чунки, инсон ўзига қарши иқрор бўлишда туҳмат қилинмайди. Фарқ мана шу.
Шунингдек, қатлни аниқ кўрган ёки унинг иқрорини эшитган кимса учун валийга қотилни ўлдиришига ёрдам бериши ҳалолдир. Чунки, унда ҳақ эгасига ўз ҳаққини зоҳиран тўла ундириб олишида ёрдам беришдир.
Агар ўғилниг олдида икки киши қотилнинг қатл этишда даъво қилгани қатл ва муртадлик каби қонни ҳалол қиладиган нарсага икки киши гувоҳлик берса, агар гувоҳлар гувоҳлиги қозининг олдида гувоҳлиги ўтадиган кишилар бўлса, ўғил ҳалиги қотилни ўлдиришга шошилмасилги керак. Чунки қозининг ҳукми ҳалиги икковининг гувоҳлигига қўшилиб, ўғил отасининг қотилини ноҳақдан ўлдирган бўлиб чиқиши мумкин. Қайтарилган ишни қилиб қўйгандан кўра мубоҳ ишдан тийилгани яхшироқ.
Агар иккала гувоҳ, қазф  сабабидан ҳад урилганлар, фақат аёллардан иборат гувоҳлар каби, қозининг олдида гувоҳлиги ўтмайдиганлардан бўлса, гувоҳлик бир ўзи ҳужжат бўла олмайди, балки қозининг ҳукми билангина ҳужжат бўла олади, деган сўзга биноан, уни ўлдириши жоиз. Чунки қозининг ҳукми унга қўшилиши мумкин бўлмаганлар томонидан бўлган гувоҳликнинг бор йўғи баробар. Лекин шу билан бирга бу борада тўхтаб тургани афзал. Чунки қозининг ҳукми умумий маънода унга қўшилиши эҳтимоли бор ёки у Аллоҳ азза важалланинг ҳузурида рост бўлиши мумкин.
Агар унинг [отаси ўлдирилган ўғилнинг] олдида қазф сабабли ҳад урилмаган, адолатли бир киши гувоҳлик келтирса, унга бошқа бир гувоҳ қўшилиши мумкин бўлгани боис, қатлни тўхтатиб туриши керак. Шунинг учун, агар қози олдида гувоҳ бўлса ҳам тўхтаб турар эди. Демак, кутиб туриш афзал. Агар кутмай, ўлдиришга шошилса ҳам, унга бу жоиз бўлади. Чунки, бор нарса яримта гувоҳликдир. У иккинчи ярмисиз эътиборга олинмайди.
Агар меросхўр бир кишини отасининг молини олганини кўрса ёки ўзи отасидан мол олганига иқрор бўлса ва унинг отасида ўзининг омонати бўлганига ёки унинг қарзи борлиги учун уни олганига даъво қилса, уни ундан олиш сиғади. Чунки, унинг молни олганини кўрганидан кейин, дарҳақиқат, зоминликни вожиб қилувчи асли сабабни кўрган бўлади. Зеро олиш, аслида, олинган нарсани тўлашни вожиб қилувчи сабабдир. Зоминлик   ўша нарсани, агар мавжуд бўлса, айни ўзини, йўқолган бўлса, бадалини қайтаришдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Олган нарсаси, то уни қайтармагунича, қўлнинг зиммасида вожибдир».
Омонат ва қарз ҳақидаги даъво оризий бир нарса бўлиб, ҳужжатсиз унга қулоқ солинмайди. Меросхўр ундан олишга ҳаққи бор. Агар қайтаришдан бош тортса, у билан курашади. Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Молинг учун кураш»,   деганлар.
Шунингдек, ўша нарсага унинг ўзи иқрор бўлса ҳам. Чунки у, юқорида баён қилганимизга кўра, зомин бўлишга иқрор бўлди. Бинобарин, уни олишга ҳақли. Шунга ўхшаш, уни кўзи билан кўрган ёки унинг иқрорини эшитган кишига ҳам меросхўрга уни олишга ёрдам бериши мумкин бўлади. Чунки бу зоҳиран ҳақни тўла қилиб олишга кўмалашишдир.
Аммо уни меросхўр ўз кўзи билан кўрмаган бўлса, у ҳам бунинг олдида иқрор қилмаган бўлса, лекин, икки адолатли гувоҳ унинг ҳузурида «Фалончининг қўлидаги нарса, отангдан қолган меросхўрларининг мулкидир»,   деб гувоҳлик берса, иқрорга хилоф ўлароқ, меросхўр уни, то қози ҳукм қилмагунича, ололмайди. Бу иккиси (бировнинг гувоҳлиги билан ўзининг иқрори орасидаги) фарқни қатл ҳақидаги фаслда баён қилдик. Валлоҳу аълам.

Энди аёлларга эмас, фақат эркакларга ҳаром бўлган нарсаларга келсак, улар уч тур бўлади:
1. Соф, тоза ипак ва шойи кийиш. Зеро ривоят қилинганки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қўлларида ипак, иккинчисида тилла ушлаган ҳолда чиқдилар ва: «Мана бу иккиси умматларимнинг эркакларига ҳаром, аёлларига ҳалолдир»,   дедилар. Яна ривоят қилнганки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саййидимиз Умар розияллоҳу анҳуга ҳулла – ипак кийим бердилар. У киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга ҳулла беряпсиз, ва ҳолбуки, ўзингиз Уторид ҳулласи ҳақида: «Буни охиратдан насибаси йўқ кишигина кияди»,   деган эдингиз ку!»   деди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен уни сенга кийсин деб берганим йўқ»,   дедилар. Бошқа бир ривоятда: «Уни  сенга бирор аёлингга кийгизарсан, деб бердим, холос»,   деганлар.
Агар: «Ахир, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларида ипак тўн билан чиққанлари ривоят қилинган ку?»   дейилса, жавоб бериладики: «Ҳа, аммо, кейин насх қилинган. Анас розияллоҳу анҳудан шундай деганлари ривоят қилинган:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига Дума Укайдири  ҳадя қилган ипак жуббани кийдилар. Бу эса, ундан қайтарилишидан олдин эди». Анас розияллоҳу анҳу шундай деганлар. Бу, албатта, уруш ҳолати бўлмаганда.
Аммо уруш ҳолатига келсак, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида унда ҳам шундай. Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳ наздларида эса, уруш ҳолатида ипак кийиш макруҳ эмас. Уларнинг сўзларининг далили¸ уруш ҳолатида ипак кийиш зарур бўлади. Чунки унду қуролдан етадиган зарарни даф қилишга эҳтиёж бор. Ипак эса, даф қилувчироқ ҳамда душман олдида ҳайбатлироқ ҳамдир. Демак, зарурат учун рухсат берилади. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг далиллари эса, юқорида ўтган ривоятдаги мутлақ ҳаром қилингани, уруш ҳолати билан бошқани ажаратилмаганидир. Икковлари айтаётган зарурат эса, арқоғи ипак бўлган, ўриши ипак бўлмаган нарсани кийиш билан ҳам бартараф бўлади. Чунки қуролнинг зиёнини тўсиш ва душманни ҳайбатга солиш шу билан ҳам ҳосил бўлаверади. Демак, соф ипак кийишга зарурат йўқ. Заруратсиз ҳаромлик соқит бўлмайди. Ҳаром бўлишида эркак жинсидан бўлганидан кейин катта ёки кичик бўлганнинг фарқи йўқ. Чунки набий алайҳиссалом ҳукмни эркакликка боғладилар: «Бу иккиси умматимнинг эркакларига ҳаромдир». Аммо ипак кийган бола норасида бўлса, гуноҳи унга эмас, унга кийдирганга бўлади. Чунки у ҳаром ҳукми татбиқ қилинадиганлардан эмас. Худди, унга ароқ ичирилса, гуноҳ унга эмас, ичиргувчига бўлганидек, бу ерда ҳам худди шу.
Бу агар кийимнинг ҳаммаси ипак, яъни, соф ипак бўлсадир. Агар арқоғи ипак бўлиб, ўриши ипак бўлмаса, зикр қилганимиздек, уни  уруш ҳолатида кийиш, билиттифоқ, макруҳ бўлмайди. Зеро унда қуролнинг зиёнини тўсиш, душманга ҳайбат солиш заруратлари бор. Аммо урушдан бошқа ҳолатларда, зарурат бўлмагани боис, макруҳдир. Аммо ўриши ипак бўлиб, арқоғи ипак бўлмаса, уруш ҳолатида ҳам, бошқа ҳолларда ҳам макруҳ бўлмайди.
Бу ерда икки нукта бор: Биринчиси, кийим арқоғ билан кийим бўлади. Чунки у тикиш билан кийимга айланади. Тўқиш арқоғ билан ўримни бирлаштиришдан иборат. Демак, арқоқ охирги васфдек. Бинобарин, ҳукм унга боғлиқ бўлади. Бу нукта аттобий либосининг мубоҳ бўлишини тақозо этади. Иккинчи нукта, бу – Шайх Абу Мансурга мансуб нукта бўлиб, унга кўра агар ўриш ипак бўлиб, арқоқ ипак бўлмаса, ўрим арқоқ билан ёпилган бўлади ва кийимнинг ичига тиқилган нарсага ўхшаб қолади. Бу нукта эса, аттобий либосини кийиш мубоҳ эмаслигини тақозо қилади. Чунки унинг ўриши кўриниб туради, беркилган бўлмайди.  Саҳиҳ қавл биринчи нуктадир. Чунки уман олганда ўриши ипак, арқоғи ипак бўлмаган кийимни кийишнинг мубоҳ экани ҳақидаги ривоят нассда келгандир. У ўз умумийлиги бўйича қолади. Бас, унга биринчи нуктагина тўғри келади. Агар тўннинг қовуғи ипак ёки шойи қилса, макруҳ бўлмайди. Чунки у авра билан ёрилган бўлади. Чунки бунда зийнатланиш ва баҳраланиш маъноси ҳосил бўлмайди. Кўрмайсизмики, бу кийимни кийган одам ипак, шойи кийган киши деб, аталмайди. Агар ипакни астар қилса, чунки у ҳақиқий маънода ипак кийган бўлади. Шунингдек, ипак билан, унинг майинлиги билан зийнатланиш, ундан баҳраланиш бор. Бу агар ипак кўп бўлсадир. Агар тўрт энлик ёки ундан кам миқдордаги кийим ва салларга қўйиладиган белгилар бўлса, макруҳ бўлмайди. Тилладан тўқилган аломат ҳам шунга ўхшаш. Чунки у эргашувчи, эътибор эргаштирилганга бўлади. Кўрмайсизмики, уларни кийган одам ипак ёки тилла кийган деб, айтилмайди. Шунингдек, ана шу миқдордаги аломат қўйилган саллаларни ўраш, кийимларни кийиш барча шаҳарларда ҳеч қандай инкорсиз жорий одатга айланган. Демак, ижмоъ бўлган. Атрофига ипак бргизилган либос ва қалансува ҳам, айтганимиздек, тўрт энлик ёки ундан кам бўлса, макруҳ бўлмайди.
Ривоят қилинганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қирғоғида ипаги бор мўйна кийганлар. Имом Мукаммаддан бу нарса қалансувада, агарчи тўрт энликдан кам бўлса ҳам, сиғмайди, деганлари ривоят қилинган. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам либоснинг энида бўлса, рухсат берганлар, холос. Ҳишомнинг «Наводир»ида Муҳаммад раҳимаҳуллоҳдан ипак ва ипак кийимнинг боғичи макруҳ, деганлари зикр қилинган. Чунки ипакни қўшимча қилиб эмас, айни мақсад билан ишлатишдир. Бинобарин, оз бўлса ҳам, белги, аломатга хилоф ўлароқ, макруҳдир. Бу зикр қилганларимиз ипак кийишнинг ҳукмларидир.
Аммо, ипакни кўрпа ёстиқ қилиб, унга ўтириш, унинг устида ухлашга келсак, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ наздида макруҳ эмас, Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳ наздларида эса, макруҳдир. Бу икковларининг далили, ривоят қилганимиз ипакнинг ҳаром қилиниши кийиш ёки бошқани ажратмай мутлақ келганидир. Шунингдек, ипакдан баҳраланиш, у билан зийнатланиш уни кийиш билан бўлганидек, кўрпа ёстиқ қилиб, унда ўтириш ёки ётиш билан ҳам ҳосил бўлади. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг далиллари бўлса, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг жойларида ипакдан ёстиқ бўлар эди, деган ривоятдир. Яна, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг бир тўйга ҳозир бўлганларида устида қуш суврати бор ипак тўшакка ўтирганлари ривоят қилинган.
У кишининг бу ишлари ипакка, шу билан бирга, устида суврат акс эттирлган кичкина кўрпачаларга ўтириш рухсат эканига далолат қилади. Бу билан ҳажисдаги ҳаром қилиш кийишни ҳаром қилиш экани аён бўлади. Саҳобийнинг иши эса, Набий алайҳиссаломнинг сўзларига мухолиф эмас, изоҳловчи бўлади. Кийишга қиёс қилиш тўғри эмас. Чунки бу жиҳатлардан зийнатланиш кийинишдаги зийнатланишдан бошқа нарса. Негаки, бунда, кийишга хилоф ўлароқ, ишлатилаётган нарсани пастга уриш бор. Шу боис, бу билан далил келтириш ботил бўлади.
Аёл киши учун соф ипак, ипак кийим ва шойиларни кийиш ҳалолдир. Чунки Набий алайҳиссалом «...аёлларига ҳалолдир», деган сўзлари билан уни аёлларга ҳалол қилганлар.

2. Тилла. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу иккиси умматимнинг эркаклари учун ҳаром..» деган сўзлари билан эркакларга тилла билан ипакни баробар ҳаром қилганлар. Шунинг учун эркак кишига узукка ўхшаш нарсаларда тилла билан зийнатланиши макруҳдир. Аёл кишига эса, макруҳ бўлмайди. Зеро Набий алайҳиссалом: «...аёлларига эса, ҳалолдир»,   деганлар. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан  шундай деганлари ривоят қилинади:
«Тилла узук тақиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим. У зот: «Сенга нима бўлдики, жаннат аҳлининг тақинчоғини, ҳали унга кирмасингдан туриб, тақиб олибсан?»   дедилар. Кейин темир узук тақиб кирдим. У зот: «Сенга нима бўлдики, дўзах аҳлининг тақинчоғини тақиб олибсан?»   дедилар. Кейин мис узук тақиб кирдим. У зот: «Сендан санамларнинг ҳидини сезяпман», - дедилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, унда қандай қилай?»   дедим. У зот: «Кумушдан тақигин ва бир мисқолдан оширмагин»,   дедилар.
Асл қоида шуки, юқорида айтганимизга биноан, аёлларга эмас, эркакларга тиллани зийнатга бориб тақаладиган ишларда истемол қилиш макруҳдир. Аммо бадан манфаати учун бўладиган ўринларда эса, эркакка ҳам, аёлга ҳам макруҳдир. Чунки Набий алайҳиссалом айтганларки: «Албатта, кумуш идишда ичимлик ичадиган одам қорнида дўзах оловини гулдиратадир».
Маълумки, тилла кумушдан қаттиқроқ ҳаром. Кўрмайсизмики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишига кумушдан узук тақишга рухсат бердилар. Тиллага эса асло рухсат йўқ. Демак, кумуш ҳақида келган насс, далолат жиҳатидан, батариқи авло, тилла ҳақида келган бўлади. Худди сўкиш, уришни ҳаром қилишда «уфф»лашнинг ҳаром қилингани каби.
Шунингдек, тилла сурмадондан ёки тилладан бўлган қаламчадан  сурма истемол қилиш ҳам эркагу аёлга баробар макруҳдир. Чунки унинг манфаати баданга оид, худди емоқ ичмоқда бўлганига ўхшайди.
Аммо, тилла билан қадоқ қилинган идишлар бўлса, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг наздида улрда еб-ичишниннг зарари йўқ. Муҳаммад раҳимаҳуллоҳниннг «Муватто»да зикр қилган қавли ҳам шу. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг наздида эса, макруҳ бўлади. Абу Юсуф қавлининг далили шуки, тиллани истемол қилиш насс билан ҳаром бўлган, идиш қилиб ишлатиш ҳам истемол қилишга киради, бинобарин, макруҳдир. Икки имомнинг қавлларининг далили эса, тилланинг идишда ўшанчали оз миқдорда бўлишида у ўшанга тобедир. Ҳолбуки, тобе эмас, тобе бўлинган нарса эътибор қилинади. Худди тилладан аломат қўйилган либос, ипакдан ҳошия қилинган жуббага ўхшаб. Тилла билан қадоқ қилинган тахт, курси, эгар, жуган, узанги ҳамда тилла суви юргизилган қуюшқон кабилардаги ихтилоф ҳам мана шу асосдадир. Тилла билан қадоқ қилинган мусҳаф ҳам худди шундай. Шунингдек, аёл кишининг ҳалқаси тилла бўлса ва тилладан ёзуви бор либос ҳам, ана ўша ихтилофга кўрадир.
Тилла билан қадоқ қилинган қилич ва пичоқни ишлатишнинг, билиттифоқ, зарари йўқ. Тилла билан қадоқ қилинган камар, белбоғ ҳам худди шундай. Чунки қурол аслаҳада бунга рухсат бўлгани ҳақида асарлар ворид бўлган. Узукка ўрнатилган тошни тилла мих билан қотиришнинг зарари йўқ. Чунки у тошга тобе, эътибор тобега эмас, асл нарсагадир. Бу худди, либос ва шу кабиларга қўйилган аломатга ўхшайди.
Қимирлаб турган тишни тилла билан қотиришга келсак, Кархий раҳимаҳуллоҳ бунинг жоиз эканини айтган ва бу тўғрида хилоф зикр қилмаган. «Алжомиъ ас сағир»да Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг наздларида макруҳ, Муҳмаммад раҳимаҳуллоҳ наздларида макруҳ эмас, дейилган. Агар тишни кумуш билан боғласа, билижмоъ, макруҳ бўлмайди. Шунингдек, агар бурни кесилсаю, тилладан бурун қўйдирса, билиттифоқ, макруҳ эмас. Чунки бурун кумушда ириб кетади. Уни тилладан қилмай иложи йўқ. Зарурат бўлгани боис ҳаромлиги соқит бўлади.
Дарҳақиқат, ривоят қилинганки, Кулоб куни Арфажа розияллоҳу анҳунинг бурунлари талофат еди. Кумушдан бурун қўйдирган эди, ириб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга тилладан бурун қўйдиришни буюрдилар.
«Ал-жомиъ»да зикр қилинганига кўра, тишни тилла билан ямашнинг жоизлигига Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ мана шу ҳадисни ҳужжат қилганлар. Шу билан бирга тишни кумуш билан боғлаш мубоҳми, демак, тилла ҳам шундай. Чунки истемол қилиш ҳаромлигида иккаласи ҳам баробар. Яна у тишга тобе ҳамдир. Тобенинг ҳукми асл нарсанинг ҳукми бўлади. Бу Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг усул қоидаларига ҳам мувофиқ келади. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг «Ал жомиъ»да айтилган гапларининг ҳужжати эса, ҳаром қилинишнинг ажратмасдан, мутлақ бўлганидир. Ҳаромга қўл уриш зарурат юзасидангина бўлиши мумкин. Зарурат қуйироқ нарса – кумуш билан ҳам бартараф бўлади. Бинобарин, тилла асл ҳаромлигида қолади. Иккаласининг ҳаромлигида фарқ бўлгани учун бу ўринда кумушни далил қилиб келтириш тўғри бўлмайди.
Агар тиши тушиб кетса, ўрнига ўликнинг тишини олиб, боғлаб олиши, билижмоъ, макруҳдир. Абу Ҳанифа ва Муҳаммад раҳимаҳумаллоҳ наздларида ўша тушган тишни қайта боғлаб олиши ҳам макруҳдир. Балки, пок сўйилган қўйнинг тишини олиб, қўяди. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ эса, ўзганинг тишини эмас, ўзининг тишини қайта қўйиб олса, зиёни йўқ, дейди. У киши айтадиларки, ўзининг тиши ўликнинг тишига ўхшамайди. Мана шу гўзал саналди. Менинг наздимда бу иккисининг орасида фарқ бор, бироқ, ҳозир эсимга келмаяпти.    
У кишининг наздларидаги фарқ икки жиҳатдан бўлади:
Биринчидан: ўзининг тиши алҳол ўзидан ажраган бир бўлакдир. Лекин у ёпишиб, ўз ўрнига қайтиб, иккинчи марта бирикиб, ўзиники бўлиб кетиши, аввалги ҳолига қайтиши эҳтимолдан холи эмас. Танадан ажраган бир бўлакни яна қовушиб кетиши учун жойига қайтариш жоиз. Худди бирор аъзосидан бирор жойи кесилиб кетган бўлса, уни ўрнига қайтарилганидек. Аммо бошқанинг тиши буни кўтармайди.
Иккинчидан: Ўзидан бошқа Одам болаларидан бирортасидан ажратиб олинган бўлакни ишлатиш ўша инсонга нисбатан иҳонат, таҳқирдир. Одамзод эса, барча бўлаклари билан бирга мукаррамдир. Аммо, ўзининг бир бўлагини жойига қайтариш билан ишлатишда таҳқирлаш йўқ.
Икки имомнинг далиллари эса, одмзоднинг тиши унинг бир бўлагидир. У ўз эгасидан ажраши билан, дафн қилишга ҳақли бўлади. Уни қайта қўйиш, ҳақли бўлган тарафидан буриб ташлашдир, бас, жоиз бўлмайди. Бу ўзининг тиши билан ўзганикини ажратишни лозим қилмайди.

3. Кумуш. Чунки эркакларга тилланинг ҳаром қилингани ҳақида келган насс, далолат жиҳатидан, кумушнинг ҳаром қилингани ҳақида ҳам ворид бўлгандир. Шу боис, эркаклар учун уни ишлатиш тиллани ишлатиш макруҳ бўлган барча ўринларда макруҳ бўлади. Фақатгина эркакларга мослаб ишланган, бир мисқолдан ортмаган узук бўлса, юқорида ривоят қилганимиз Нуъмон ибн Баширнинг ҳадисига мувофиқ, жоиздир. Аввалда айтганимизга мувофиқ, белбоғнинг, қилич ва пичоқлардаги безакнинг кумушдан бўлиши ҳам шундай. Тиллани ишлатиш макруҳ бўлмаган ўринда кумушни ишлатиш, батариқи авло, макруҳ бўлмайди. Чунки у тилладан кўра ҳаромлиги енгилроқ. Биз буларнинг барчасини, ихтилофлигу иттифоқлисини юқорида айтиб ўтдик, энди уларни такрорлаб ўтимаймиз.
Аммо тилла ва кумушдан ташқари темир, мис ва суфр лардан узук тақиш эркагу аёлга макруҳдир. Чунки у юқорида зикр қилганимиз ҳадисдагидек, дўзах аҳлининг кўринишидир.
Аммо бирор нарса ундан холи бўлмайдиган тилла ёки кумушнинг суви юригизилган идишларга келсак, емоқ ичмоқ ва бошқаларда улардан фойдаланишда, билижмоъ, зарар йўқ. Шунингдек, ўшанақа безатилган эгар, узанги, қурол яроқ, тахт ва шифт кабиларда зарар йўқ. Чунки зарпўшлаш ҳеч нарса эмас. Қаралмайдими, ахир, у ажрамайди ку?  Валлоҳу аълам.

Ҳусайнхон Яҳё таржимаси
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri