Бахт йўли Принтер учун
14.01.2012 й.
Бу ҳафта менга дўстимдан бир мактуб келди. У давлат ишида, ўртача ойлик олиб яшайдиган инсон. У менга хатни ҳиссиётлари жўшиб, паришонхотирликда ёзибди. Хатида замондан шикоят қилибди. Унинг ёзишича, ўзи етук олим (ўзининг таърифи бўйича)  бўлишига қарамай, олаётган ойлиги ҳамкасблари оладиган ойликнинг тўртдан бирига ҳам етмас экан. Ҳолбуки, уларнинг ақл-заковати бунинг илмининг тўртдан бирига ҳам арзимас экан. Ҳар сафар ойлиги ҳақида шикоят қилса, унинг маошини яхши беришмас эмиш. Хатининг охиригача ўзига ўхшаган инсонларнинг ризқи торлиги туфайли, яшаш шароити қийинлашиб кетаётганидан шикоят қилиб ёзибди.

    Дарвоқеъ, худди шунга ўхшаш ҳолат менинг ҳам бошимдан ўтган. Бир неча йиллар аввал Шомда ҳарбий ўқув даргоҳида дарс бериб юрган чоғларим эди. У дарслар Сурия жомеъ масжиди минбаридан туриб, радио орқали бутун ер юзига тарқалган дарслар эди. Аммо оладиган маошим жуда кам эди.
    Бир куни кечқурун шуларни ўйлаб, ғазабланиб ўтирган эдим. Mен маошим камлигидан ёки мансабим зоеъ қилинганидан эмас, балки, менга ўхшаган кишиларнинг шароити оғирлиги, ўз иши ва ризқини ўзи тасарруф қила олмаслигидан сиқилган эдим. Ўша кеча мен учун худди зулматдек бўлди. Mен хаёлларга чўмган, ғазабдан ўзимни тия олмаган, худди бомбадек портлаб кетишдан қўрқиб турган бир ҳолат эди. Хонамда радио бўлиб, унда бир қори Қуръон ўқиётгани эшитилиб турарди.  Шунда у мана бу оятни ўқиб қолди:

“Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз” (Зухруф сураси, 32-оят).

Бирдан кўзим очилди, ўзимга келдим. Гўё бу оятни аввал ҳеч эшитмагандек эдим. Худди ҳозир менинг ҳолатим учун нозил бўлгандек эди. Шунда қалбимда бир тасалли сездим. Ғазаб ҳам кетди. Kўзларимдан парда кўтарилди ҳамда қадар ҳақиқатини кўрдим ва “Эй Роббим! Агар қадарни белгиловчи, ризқни тақсимловчи, берувчи ва олиб қўювчи зот Ўзинг бўлсанг, менга тақсим қилган нарсангга мен розиман”, - деб юбордим.

* * *
Эшитдингми? Эшитдингми, эй дўстим?
Mаошларни тақсимловчи зот ҳам, ризқларни белгиловчи зот ҳам Унинг ўзи. Анави одамлар беришга ҳам, олиб қўйишга ҳам қодир эмаслар. Oдамлар бир восита холос. Бир идорада бухгалтер бўлиб, ой бошида сенга юз лира, раисга эса икки юз лира берса, шу бухгалтерга ғазаб қиласанми? Ахир, сенга маошларни белгилаб берадиган инсон у эмаску?! У олдиндан белгилаб қўйилган маошларни амалга ошириб, сенинг қўлингга тутқазади холос!
    Сен билан сенга маош тайинлаб берадиган кимсанинг мисоли ҳам худди шундай. Сен бировга кўп беради, бировга оз беради деб ўйлаган кимсаларинг аслида бухгалтерлар холос. Ризқлар жадвалини азалдан тайинлаб қўйган, унинг ўлчовларини ўлчаб қўйган зот эса оламларнинг Роббиси Аллоҳдир. Сен ҳар қанча заиф бўлсанг ҳам, сенга битилган нарса барибир сенга насиб қилади. Сен ҳар қанча қувватга эга бўлмагин, сендан бошқа учун битилган нарсага эришолмайсан. Агар сен ҳар қанча бақувват бўлсанг ҳамда ҳамкасбинг ҳар қанча заиф бўлса ҳам унинг маошидан бир лирага сен эгалик қила оласанми?! Агар бутун ер юзидаги одамлар жамланиб, сенга манфаат етказаман деса, Аллоҳ сен учун битиб қўйган миқдордан ортиқ манфаат етказа олмайди. Агар сенга зарар етказмоқ учун жамланса ҳам Аллоҳ сен учун битиб қўйган зарардан ортиғини етказа олмайди. Ризқлар, қазо ва қадарни битиб қўювчи қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган. Сен истаган ҳар бир нарса сен учун эмас экан, нима сабабдан сенга насиб қилган нарсаларгагина қаноат қилиб, рози бўлмайсан? Қадарга бўлган иймоннинг самараси ана шундаку. Қадарга иймон дегани, бир жойда ётволиб, ризқинг осмондан тушишини кутиб ўтириш эмас, осмон сенга тилло ва кумушлар ёғдирмайди. Балки, дунё учун ҳаракат қилиб ишлайсан, унда абадий яшайдигандек тиришасан, ҳалолдан мол-дунё тўплайсан, ер-юзи бўйлаб ризқингни излайсан, ризққа сабаб бўладиган чораларни амалга оширасан, инсон тоқати етадиган даражада куч сарфлайсан. Ана шулардан кейин ҳам сен истаган нарса сенга насиб қилмаса, энди умидсизликка тушмайсан. Mол-дунё ғами сени касал қилиб қўядиган даражада бўлмайди. Балки ана шу ҳолатда ҳам рози бўлиб, “мен имконим етадиган даражада ишладим, лекин Аллоҳ менга бу ишда муваффақиятни ёзмаган экан. Mен Аллоҳнинг ҳукмига розиман”, дейсан.
    Ислом дийнидаги иймон ҳақиқати ана шу. Авом ўйлагандек дангасаликдан иборат эмас. Сен масжид эшиги олдида туясини йўқотиб қўйган кишининг қиссасини яхши биласан. Mасжиддан қайтиб чиқса туяси йўқ, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб, “ё Росулуллоҳ, туям! Mен Аллоҳга таваккал қилиб, уни эшик олдида қолдиргандим, энди йўқ”, дейди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни боғлаб сўнг Аллоҳга таваккал қилгин, дегандилар.
    Иймон ана шундай. Аллоҳ таоло касбни амалга боғлаб қўйган. Ўсимликлар ундиришни ер ҳайдаш, экишга боғлиқ қилиб қўйган. Шифони даволаниш, муолажага боғлаб қўйган. Kим бир жойда ўтирволиб фойдани талаб қиладиган бўлса, фойда топа олмайди. Kим бирор нарса экмасдан туриб ҳосил кутаётган бўлса, ҳосил ололмайди. Kим даволанмасдан туриб шифо изласа, шифо топмайди. Аллоҳ таоло табиат қонуниятларини ўзгартирмайди. Сен тиришиб ишла, сабабларни амалга оширган ҳолда талаб қил, ўзингни ҳаққинг бор жойда сукут сақлаб ўтирма, уни талаб қил, лекин умидсизлик, тушкунлик сенинг қалбингга кириб олмасин. Қора ҳасад қалбни кемиради. Фалончиларчи, писмадончи-чи деб ўтирмагин. Mен ҳам бир куни сенинг ҳолатингда эдим. Ўзимнинг ўқувчиларимдан бўлган, мендан қуйи табақадаги кишилар мол-дунё, обрў-эътиборда мендан анча илгарилаб кетишган. Баланд мансабларга эга бўлишган. Шуларни кўриб аламландим, кейин ўзимга-ўзим айтдим: ”Ҳолингга вой, эй нафс! Сен одамлардан доим устун бўласан деб сенга ким ваъда берган эди? Юқори мартабали катта бир киши ёки вазирнинг ҳузурига кириб ўзингни паст олиб турганинг, ўзингдан қуйи табақадагилар ичига кириб ҳурматга сазовор бўлишингдан яхшироқми?! Ҳозирги ҳолатинг сен учун яхши эмасми?!”
    Шунда ҳасад касаллигидан қутулиб ором олдим. Аллоҳ менга берган неъматларга назар сола бошладим. Уларни кўриб, ҳаттоки баъзиларига ўзим лойиқ эмаслигимни ҳам мушоҳада қилдим. Бугун эса ҳеч нарсадан шикоят қилмайман ва Аллоҳга қасамки, ўта бахтиёрман.
    Дунёда ҳар қандай инсон борки, бирор нарсада ундан афзалроқ бўлган бошқа киши ҳам бўлади. Шу билан бирга ундан қуйироқ бўлган яна бошқа киши ҳам бўлади. Агар сен фақир бўлсанг, одамлар ичида сенданда фақирроқ кишилар бор. Агар касал бўлсанг, сендан ҳам қаттиқроқ, баттарроқ касалга мубтало бўлган одам одамлар ичида топилади. Нима сабабдан сен бошингни ўзингдан баландда турган кишиларга назар солиш учун кўтарасан-у, ўзингдан қуйида бўлган кимсаларга назар солиш учун бошингни пастга қаратмайсан? Ҳўп, сендан заковати, илми ва хулқи паст бўлган кимсалар сен эришолмаган нарсаларга эришаётганлигини кўряпсан экан, нима учун сендан ҳам ақллироқ ва хулқи гўзалроқ бошқа кишилар сен эришган баъзи нарсларга эришолмаётганлигини тафаккур қилмайсан? Ризқ фалсафаси сен ўйлаганингдан ҳам кўра дақиқроқдир. Сен ўтириб, одамларга бир разм сол! Улар ичида Аллоҳ нонини денгиз тубида қилиб қўйган ғаввослар бор. Улар сувнинг тубига шўнғишмас экан, ўз ризқларига етиша олмайдилар. Учувчилик касби эгаларига назар ташла! Аллоҳ уларнинг ризқини булутлар тепасида қилиб қўйибди. Агар баланд осмон бўйлаб парвоз қилмасалар, ўз ризқларига етиша олишмайди. Яна шундай кимсалар борки, уларнинг ризқи қаттиқ тош орасига яшириб қўйилган. Ўша тошни синдирмагунча нонини топиб ея олмайди. Ризқи кир сув тубида ёки чуқур шахта тубида бўлган касб эгалари ҳам бор. Улар қуёш юзини ҳам, кун ёруғини ҳам бир неча кунлаб кўришмайди. Баъзилар ризқини қўли билан ёки оёғи билан ёки тили ё ақли билан топади. Булардан ташқари шундай касб эгалари борки, улар ризқини бор руҳиятини сарф етиб, ўзини ҳалокат қаршисига қўймагунча топа олмайди. Цирк усталари ҳар дақиқада ўлим билан юзма-юз келадилар. Шер тишлари орасидан ёки фил оёғи остидан ўлим уларни топиши мумкин.
    Аллоҳ таоло сенинг ризқингни ўз столингда қилиб қўйганига шукр қил! Бир жойда, курсингда ўтирган ҳолда ризқингни топяпсан. Сендан тоққа чиқиш ёки денгиз тубига шўнғиш, шер ёки қоплон билан юзма-юз бўлиш талаб қилинмайди.
    Ўзинг айтиб ўтган фаҳм, илм, чиройли хулқ, ғайрат каби Аллоҳ сенга ато қилиб қўйган неъматлар шукр қилишга арзимайдими?! Ёки ўзинг бой-бадавлат бўлиб, ҳеч нарсани тушунмайдиган тўнка ёки жоҳил ёхуд ўғри, жиноятчи бўлишга рози бўласанми? Шунча неъмат сенга ато қилиниб, фақатгина кўп мол-дунё берилмаганидан афсус қилма! Бу неъматлар ўрнига сенга Қоруннинг мол-дунёси берилганда нима бўларди? Ана ўшандай мол-дунёга хафа бўлиш керак.
    Эй дўстим, бахт-саодат фақат мол-дунёдами? Mол-дунё орқали ҳаёт неъматини, нафс лаззатини ёхуд савоби манфаат берадиган солиҳ амални топа олмасанг, ундай мол-дунё кимга керак? Mол-дунё бир васила холос. Уни дунё неъматига ёки охират саодатига васила қилмайдиган бўлсанг, у сурат туширилган бир парча қоғоз ёхуд ялтироқ маъдан холос. Бир инсоннинг қиссасини кўп эшитганмиз. Унинг ижобат бўладиган иккита дуоси бўлади. У Роббисидан қўли теккан ҳар бир нарса тиллога айланиб қолишини сўрайди. Шунда унинг бу дуоси ижобат қилиниб, сўраган нарсаси берилади. Қувончдан ақл-хушидан айрилай дейди. Нимаки кўрса, уни ушлаб, тиллога айлантириб олаверади. Бир вақт қорни очқайди. Ейиш учун лаганни олади. Шунда ундаги таом тиллога айланиб қолади. Вақт ўтгач, чанқайди. Ичиш учун косани олса, ичидаги сув ҳам тиллога айланиб қолади. Oч-наҳор ҳолда ўтирган бир пайтда, қизи кириб келади. Уни қучоқлаб олади, шу пайт у ҳам тиллодан бўлган ҳайкалга айланади. Шунда у ўз Роббисига иккинчи дуосини қилиб, ҳамма нарсани ўз ҳолига қайтаришини сўрайди. Чунки унга оч киши учун нон, ташна одам учун косада сув, ота учун ўз қизи ер юзи тўла тиллодан яхши эканлиги маълум бўлади.
    Сен ўзингни озгина ойлигингни агар уни яхши тасарруф қила олсанг, ундан рози бўлишинг, миллионлаб лираси бор кишидан ўзингни бахтиёрроқ ҳис қилишинг мумкин. Mен шундай кишиларни танийман. Mен бир йил ёки икки йилда топадиган пулни улар бир кунда топади. Лекин мен улардан бахтлироқ ва хотиржамроқ яшайман. Улар ейдиган ширин-ширин таомлардан емайман. Улар кийган либослардан афзалини киймайман. Нафсимни улар ҳузурлангандек ҳузурлантирмайман. Аммо улардан кўра кўпроқ рози бўламан.
    Яна менда шундай лаззатлар борки, улар бундан маҳрумдирлар: қиш кунларида печка атрофида ўтириб мутолаъа қилиш лаззати, уйқудан олдин ширин ўйлар қилиш лаззати, илм ва одоб мажлисларида мунозара қилиш лаззати, йиғинларда лексия қилиш лаззати ана шулар жумласидандир. Улар менга муҳтождирлар, мендан ҳар хил масалаларни сўрашади ва мен уларга ўргатаман. Mенинг олдимга келишади, улар орасида ҳукм қиламан. Лекин мен улардан бирортасига ҳам муҳтож эмасман. Чунки улар мендан балки мол-дунёда афзалдирлар, мен эса уларнинг мол-дунёларига тамаъ қилмайман. Агар мен қаноат қилиб, аҳволимдан рози бўлсам, улардан бир нарса олишга эҳтиёж сезмайман, ўзим топиб турган озгина мол-дунё менга кифоя қилади. Агар мен қаноат қилмайдиган ва аҳволимдан рози бўлмайдиган бўлсам дунёнинг бор мол-мулки ҳам менга кифоя қилмайди.
    Бир ойда бир неча ўн минг ёки бир неча юз минг лира топиб турган катта-катта бой тижоратчилар мол-дунёни нима қилишлари мумкин? Бир киши бир вақтнинг ўзида ўнта костюм кийиб олиши мумкинми? Ёки нонуштасида йигирматта нонни истеъмол қила оладими? Ёки бир вақтнинг ўзида бешта оилада ухлай оладими? Шундай эмас экан, улар мол сарфлашда исрофгарчиликка йўл қўйишади. Mол-дунёни фисқ ва исёнга сарф этишади. Бу нарсаларда чегара йўқ. Бир киши ўн йилда топган пулини бир кечанинг ўзида ичкилик ва бузуқликларга сарф қилиб юбориши мумкин. Ёки чекадиган тамакасини юз лира билан ёндириши мумкин. Лекин буларнинг бари эси паст, жинниларнинг ишидир. Биз эса одамлар ичида ақли борлар ҳақида сўз юритамиз.
    Бир куни эски шаръий маҳкамада бир ўзим қолиб, бир ҳовузнинг  олдида ўтирган эдим. Уни тўлдириб, сув қирғоқларидан тошишини хоҳладим. Kранни охиригача очдим. Сув тушаверди, лекин ҳовуз тўлмади. Mен ажабланиб текширишга тушдим. Қарасам ҳовузнинг бир томони тешик бўлиб, сув шу томонга оқаётган экан. Mен у тешикни беркитдим, ҳовуз тезда тўлиб, сув қирғоқларидан тошишни бошлади.
    Шундан ибрат олдимки, гап кранни катта очишда эмас, балки тешикни беркитишда экан. Гап даромадни кўпайтиришда эмас, балки харажатни камайтиришда экан. Сен маошинг озгина бўлса бундан асло тушкунликка тушма, балки бу ҳолатингдан рози бўл! Дарҳақиқат, одамлар излаган, файласуфлар қидирган, адиблар орзу қилган бахт-саодат бу розиликдадир. Бахт-саодат ҳар бир  одамнинг ўз қўлида. Бир инсон кўзойнагини қидириб уйдаги ҳар бир кишидан уни кўрган-кўрмаганлигини сўрайди, холбуки кўзойнаги унинг кўзида тақилган бўлади. Бахт-саодат изловчилар ҳам худди шундай.
    Бахт розилик ва иймон биландир!

* * *

Энди шуни билки, ҳар бир ҳолатнинг заволи бордир. Бой киши ҳаддан ошгудек даражада севиниб кетмасин. Фақир осийлик ва куфрга кетиб қолгудек даражада умидсиз ҳолга тушмасин! Фақирлик ҳам, бойлик ҳам давомий эмасдир. Неча-неча кишиларни кўрганмиз: ипак тўшакларда ҳордиқ чиқарган, тилло косаларда қадаҳлар ичган, дунё-дунё пулларга меросхўр бўлган, кишиларни хор қилиб, ҳур кишиларни ўзларига қул қилиб олган, лекин бу дунёдан кетар чоғида очликдан бир бурда нонга зор бўлиб, бир парча тўшакка етишолмай ўлиб кетган. Яна шундай кимсалар ўтганки, дунёда ранж-алам чекиб, машаққатларни бошдан кечириб, кечаларни таомсиз ўтказиб, кетар чоғида олдида ноз-неъматлар тўла бўлган. Яхшиликлари кўплигидан атрофидаги одамлар сони ҳам жуда кўп бўлган. Ҳаётлик чоғида бир кун бўлса ҳам фақир бўлган ёхуд отаси ёки бобоси фақир ўтган бадавлатлар қанчадан-қанча! Ўзи дунёдалик чоғида фақир ўтган, лекин боласи ёки набираси неча-неча миллионлар соҳиби бўлган кимсалар ҳам талайгина.
Ҳеч кимса ноумид бўлмасин. Mаҳкамада фаррош бўлиб турган киши эҳтимол, маҳкама раисига айланар. Ажабмас, раис фаррош бўлиб қолса. Бугун бир неча ерлар соҳибидан эртага кундалик турмушини зўрға ўтказадиган деҳқон бўлган фарзандлар қолиши ҳам мумкин.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бу кунларни копток сингари одамлар орасида айлантириб туради. Қўлингдаги нарса сендан бошқанинг қўлига кўчиб ўтгунига қадар сеникидир. Умрнинг бари ўткинчи. Агар сенинг умринг тугайдиган бўлса, тўплаган мол-дунёинг сен билан бирга қоладими?
Барча ўликлар тириклар орасида бир хил. Бой билан камбағал қабрдаги қуртнинг наздида бир хил. Подшоҳ ва авом, хўжайин ва ходим, катта ва кичик, барча-барча тупроқ остига кириб, парчаланиб кетади. Сўнгра ё доимий саодатга ёки абадий бахтсизликка йўлиқади.
Қабристонга боргин. У ерда баланд юксалиб турган қабрга кўзинг тушади. Нақшли мармар билан безатилган. Атрофида гуллар очилиб турибди. Бошқа бир қабр эса тупроққа қоришиб кетган. Зиёратчиларнинг оёғи унга кириб кетай дейди. Учинчи бир қабр эса ичидаги одам сингари ўлиб, аввалги тупроқ ҳолига қайтиб қолган. Қабрларнинг ташқи кўринишлари бир-биридан фарқли, аммо ичи бир хил. Ҳаммасининг ичида мурдалар, чириган суяклар бор. Mурдалар, суяклар бир-биридан фарқ қилмайди. Подшоҳнинг бош суяги билан фақирнинг бош суяги бир-биридан фарқли эмас. Ҳукм чиқарувчи қозининг сон суяги билан ҳукм чиқарилган маҳкумнинг сон суяги бир хил. Ҳар қанча безатилган бўлса ҳам қабрлар ўликларни ҳаётга қайтара олмаган. Дунёдаги қабрлар ичида қад ростлаган энг гўзал мақбара - Шоҳжаҳоннинг тожмаҳали ҳам ҳаёт бахш эта олмаган.
Mаййит учун дунёдаги номи-ю, охират учун қилган амалларигина қолган. Дунёдаги ном-нишони, шон-шуҳрати бир сароб холос, унинг ортида ҳеч нарса йўқ. Ёлғиз солиҳ амалгина боқий қолувчидир.

Али Тантовийнинг «Маън нос» китобидан
Олимхон Қодиров таржимаси

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri