Уламоларимиз Ислом билан Иймон орасидаги алоқа, «қайси бири умумий», деганга ўхшаш саволлар ҳақида узундан-узоқ баҳс қилганлар. Бу мавзу бўйича алоҳида китоб ёзганлари ҳам бор. Лекин гапнинг хулосаси шулки, Ислом ва Иймон тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетган, бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Аммо иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, Иймон ишониш-эътиқод назарий масалаларга, Ислом эса бўйсуниш-амалий масалаларга хосдир.
1. Ислом асослари – шаҳодат, намоз, закот, рўза ва ҳаждан иборатлиги.
2. Иймоннинг асослари – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ишониш, тасдиқлашдан иборатдир.
Улуғ ақоид илми олими Умар Насафий ўзининг китобида:
«Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки, бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатда мўминман, демоғи тўғри бўлади», деган.
Мана шу маъно мотуридийлар жумҳури ва муҳаққиқ ашъарийларнинг гапидир.
Баъзи бир гуруҳлар, иймон билан исломнинг орасида фарқ бор, дейдилар.
Аммо диққат билан қарайдиган бўлсак, ҳар икки гапнинг ҳам ўз ўрни бор.
Иймон билан ислом иккиси бир нарса деганлар луғавий эмас шаръий маънони эътиборга олганлар. Чунки шаръан мўмин бўлмаган мусулмон ёки мусулмон бўлмаган мўмин йўқ. Яъни, қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нажот топиш учун инсон мўмин-мусулмон бўлиши керак. Бири билан сифатланиб, иккинчиси билан сифатланмаса бўлмайди.
Иймон билан исломнинг орасида фарқ бор деганлар фақат луғавий маънони эътиборга олганлар.
Иймоннинг зиёда ёки ноқис бўлиши
Иймоннинг зиёда ва кам бўлиши кўпгина тортишувларга сабаб бўлган масаладир. Лекин аҳли сунна ва жамоа уламоларининг тортишувлари моҳиятда эмас, сувратдадир. Баъзилари тўғридан-тўғри иймон зиёда ва кам бўлади, десалар, бошқалари иймоннинг асли бир, аммо унга тааллуқли ишлар, амаллар зиёда ёки кам бўлади, дейдилар.
Бу тортишувларга уларнинг иймонни турлича тариф қилганлари сабаб бўлган. Иймон тасдиқ, иқрор ва амалдан иборат деганлар иймон зиёда ва ноқис бўлади, деган.
Иймон тасдиқ ва иқрордир деганлар, иймон зиёда ёки ноқис бўлмайди, лекин амал зиёда ва ноқис бўлади, деган.
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи бу маънони қуйидагича ифода этган:
«Иймон Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, унга иқрор бўлишдир. Аммо амаллар ўзлари зиёда бўлади. Иймон зиёда ҳам, ноқис ҳам бўлмайди».
Икки тараф қуйидаги оятларни ўз тарифларига биноан тафсир қилиб, бирлари зоҳирий маънони олса, иккинчилари амалга таъвил қилади.
1. «Вақтики, уларга У зотнинг оятлари тиловат қилинса, иймонларини зиёда қилур» (Анфол: 2).
2. «Аллоҳ ҳидоятга юрганларнинг ҳидоятини зиёда қилур» (Марям: 76).
3. «Иймон келтирганлар иймони зиёда бўлур» (Муддассир: 31).
4. «Иймонларига иймон зиёда бўлиши учун» (Фатҳ: 4).
5. «Бас иймонларини зиёда қилди. Улар, Аллоҳ бизга кифоя қилур. У қандоқ ҳам яхши вакил, дедилар» (Оли Имрон 173).
6. «Вақтики, бир сура нозил қилинса, улардан баъзилари: «Бу сизлардан қай бирингизнинг иймонини зиёда қилди?» дерлар. Бас у иймон келтирганларнинг иймонини зиёда қилди» (Тавба: 124).
|