Ғарибларга Тувбо бўлсин! Принтер учун
01.02.2012 й.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, Ислом ғариб ҳолда бошланган ва бошлангани каби ғарибликка қайтади. Бас, ғарибларга Тувбо бўлсин».(1) Муслим ривояти

Ғариблик икки хилдир…

Албатта ғариблик икки хилдир... Баданнинг ватандан олислаши, аҳлу аёл ва яқинлардан айро тушиши билан бўладиган ғариблик. Бу ғариблик - шубҳасиз- доимо соғинч ҳисларини уйғотади, кўп вақтларда  қўрқув ва хавотир туйғуларини ҳаракатга келтиради. Бу борада одамларнинг даражалари бир - биридан фарқ қилади.

 Ҳақиқий ғариблик


Яна бир ғариблик бу руҳ ва онгнинг ғариблигидир... ғоя ва нуқтаи назарнинг ғариблигидир... ақида ва сулукнинг ғариблигидир... Ана шуниси ҳақиқий ғариблик. Чунки бу ғарибликнинг соҳиби гарчи одамлар оммасининг орасида бўлса ҳам ёлғиз яшайди. Атрофида оломон тиқилиб ётганига қарамай ётсираб яшайди. У одамларнинг орасида яшар экан унинг ҳол тили шундай деб сўзлаётган бўлади:

Аллоҳ ислоҳ қилгур уммат ичинда
Юриб ҳам яшарман кимсасиз, ғариб
Мисоли Солиҳдек Самуд ичинда
Ўзимга ўхшаган одам ахтариб.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадисда: «Бас, ғарибларга Тувбо бўлсин» -дея ўз саҳобаларига тавсифлаб берган ва Тувбо тилаган ғариблик ана шудир.

Охир замонда ғарибларга Тувбо бўлсин...

Ислом иймонсиз одамлар орасида, ундан тўсадиган қавмлар орасида, Аллоҳга ва Унинг расулига қарши чиқадиганлар орасида, бу динга ишонган ҳар кимнинг бошига минг хил азобу уқубатларни соладиганлар ўртасида ғариб ҳолда бошланган эди.
Ислом турли томонлардаги қабилалардан чиқиб Аллоҳнинг динига кирган ва унга иймон келтирган бегоналар орасида ғариб ҳолда бошланган эди. Иймоннинг табассуми  уларнинг қалбларига кириб борди ва шунинг учун улар бу йўлда ўзларига етадиган ҳар қандай мусибатга рози бўлдилар. Сўнгра Аллоҳ ана шу диннинг куч олиб аста - секин тарқалишини ирода қилди. Токи дунёнинг турли уфқларига етиб борсин. Токи барча динлардан устин келсин. Аллоҳнинг нусрати ва ғалаба келиб одамлар Аллоҳнинг динига гуруҳ – гуруҳ бўлиб кирдилар.
Лекин... Аллоҳнинг суннати  - одати бор... Ҳар бир нарса ўзгариб туради. Ҳар доим ҳам бир хил ҳолатда турғун қолмайди. Зотан бир хил ҳолатнинг бардавом бўлиши амри маҳолдир.
Кучга тўлиб кенг тарқалган ва уфқларни қамраган ана шу дин охир замонда ғарибга айланади. Унинг вакиллари ғариб бўлиб қоладилар. Бас, ана ўша ғарибларга Тувбо бўлсин...
Бу диннинг арқонини маҳкам тутган, этагидан ушлаган, динларида нуқсонга йўл қўймаган, агарчи чўғни ушлаш керак бўлса ҳам уни қўлларидан қўймаган ана ўшаларга Тувбо бўлсин....

Тувбонинг маъноси

Ғарибларга Тувбо бўлсин... Тувбонинг маъноси: шодлик, кўз қувончи, хурсандлик ва сурурдир... охири жаннатгача бориб етади... ғарибларга Тувбо бўлсин... Ҳадисда: «Эй Аллоҳнинг расули, ғариблар ким?» дедилар. У зот: «Қабилалардан келган бегоналар», дедилар,(2) дейилган. Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳадисида: «Ғариблар кимлар, эй Аллоҳнинг расули?» дейилди. У зот: «Кўп ёмон инсонлар орасидаги озчилик солиҳлар. Уларнинг ичларида итоаткорларидан кўра осийлари кўпроқ бўлади», дедилар, (3)дейилган. Имом Аҳмад ривоят қилган бошқа бир ҳадисда яна шундай келган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, Аллоҳ учун энг суюкли нарса ғариблардир». «Эй Аллоҳнинг расули, ғариблар кимлардир?» дейилди. У зот: «Ўз динларини олиб қочгувчилар. Улар Қиёмат кунида Ийсо ибн Марям алайҳиссалом билан бирга бўладилар», дедилар»(4) . Бошқа бир ривоятдаги бошқа ҳадисда эса: «Эй Аллоҳнинг расули, ғариблар кимлардир?» дедилар. У зот: «Менинг Суннатимни тирилтирадиган ва уни инсонларга ўргатадиганлар», дедилар, дейилган(5).
Ушбу ҳадислар ва ривоятлар ўртасида ҳеч бир қарама -қаршилик йўқдир. Зеро уларнинг барчаси ўша одамларнинг ҳақиқатини кўрсатувчи, уларни ифодаловчи сифатлардир. Шунинг учун ҳам шайхул Ислом Исмоил Ҳаравий ўзининг китоби «Манозилус соирин»нинг «ғурбат» бобида Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини зикр қилган:
«Сиздан олдинги асрларда ер юзида фасоддан қайтарадиган боқийлик эгалари бўлганида эди».  Ибнул Қоййим ун(шайхул Ислом)га ўзининг ушбу сўзини қўшимча қилади: «Бу бобда унинг ушбу оятни ҳужжат келтириши ундаги илму маърифатнинг кучлилигига, Қуръонни яхши англаганига далолатдир. Чунки бу оламда ғариблар: оятда зикр қилинган  ана шу сифат эгаларидирлар»(6).

Ғариблар нима билан машғул бўладилар?

Булар- ғариблар... Улар мақталмоқда, уларга ҳавас қилинмоқда... Одамларнинг орасида жуда ҳам оз бўлганларидан ғариблар деб аталмоқдалар. Чунки кўп одамларда бундай сифат топилмайди.
Одамлар ўз дунёлари билан машғул. Булар эса динлари билан машғулдирлар.
Одамлар халқ томонга қочиш билан машғул. Булар эса Аллоҳга қараб қочадилар: «Бас, фақат Аллоҳгагина қочинг». (Заариёт:50)
 Одамлар арзимас ишлар учун ишлайдилар. Булар эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ҳаёт бахш этиш учун ишлайдилар ва одамларга ўргатадилар. Шунинг учун улар одамлар орасида туриб ҳам ғарибдирлар.
Демак одамлар орасида яшаётган аҳли Ислом ғариблардир. Аҳли Ислом ичидан мўминлар ғариблардир. Мўминлар ичидан аҳли илмлар ғариблардир. Ҳавои нафс билан бидъатларнинг ўртасини ажратадиган Аҳли Суннат ичида ҳам ғариблар бор. Унга даъват қиладиган, қаршилик қилувчиларнинг азиятларига сабр қиладиганлар – ана ўшалар ҳаммадан ҳам ғариблардир.
Бироқ улар имом Ибнул Қоййим айтганидек «Аллоҳнинг ҳақиқий аҳлидирлар»(7).
Аслида улар ғариб эмаслар. Шубҳасиз улар Аллоҳ таоло айтганидек: «Ва агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар» (Анъом:116) кўпчилик одамлар орасида ғариб бўладилар, холос. Ана ўшалар айни ғариблардир. Аллоҳдан, Унинг расулидан ва динидан ғарибдирлар. Уларнинг ғарибликлари –кишини ғамга соладиган ғарибликдир. Агарчи улар ҳаммага таниқли, ҳамма қўли билан кўрсатадиган кишилар бўлсалар ҳам. Бир шоир шундай дейди:
Ўз юртидан айро тушган ғариб эмас,
Ўз юртида яшаб айро тушган ғариб.
Ривоят қилишларича Мусо алайҳиссалом Аллоҳ зикр қилган ҳолатда бир ўзлари... ғариб... қўрққан... оч ҳолда Фиръавннинг қавмидан қочиб Мадянга етганларида: «Эй Роббим, ёлғизман, беморман, ғарибман» дебдилар. Шунда: «Эй Мусо! Менга ўхшаган аниси бўлмаган кимса ёлғиздир. Менга ўхшаган табиби бўлмаган кимса бемордир. Мен билан ўзининг ўртасида муомаласи бўлмаган кимса ғарибдир», деган нидо бўлибди(8).
Ана ўшалар ҳақиқий ғариблардир. Аммо булар агарчи одамлар ўртасида ғариб бўлсаларда буюк ва қудратли Аллоҳ билан боғланган – биргадирлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда сифатлаган ғариблик – фахр қилинадиган ишдир. У бир тож бўлиб Қиёмат кунида Аллоҳнинг ҳузурида ўз эгаларини топади.
Бунга ўхшаган ғарибликнинг соҳибларига қўрқув йўқ. Аксинча одамлардан ётсираб қолган пайтларда унга улфат бўлади. Улар уни ўзларига улфат тутганларида қаттиқроқ ётсирайди. Чунки унинг валийси Аллоҳ, Унинг расули ва мўминлардир... Агарчи одамлар унга адоват қилсалар, жабру - жафо қилсалар ҳам.
Қосимнинг Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк ва қудратли Аллоҳнинг: «Авлийларим ичида менинг наздимда энг суюклиси енгил аҳволдаги, намоздан насибаси бор бўлган, Роббига ибодати чиройли бўлган, ризқи ўзига етарли бўлган кишидир. Шу билан бирга у одамлар орасида борлиги билинмайди. Унга бармоқ билан ишора қилинмайди. - У машҳур ҳам эмас таниқли ҳам эмасдир- То Аллоҳга йўлиққунга қадар бу ҳолга сабр қилади. Кейин ўлганида ҳам қолдирадиган мероси оз бўлади. Унинг ортидан йиғлаб қолгувчиси ҳам кам бўлади» деганини айтадилар(9).
Ана ўша ғариблар жумласига Анаснинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисида келганлардир: «Сочлари тўзғиган, чанг босган ва кийимлари йиртиқ- ямоқ бўлган қанча одамлар борки уларга эътибор берилмайди. Агар улар Аллоҳдан сўрайдиган бўлсалар албатта сўраганларини берган бўлур эди»(10) , Абу Ҳурайранинг ҳадисида келганлардир: «Сочлари тўзғиган, эшиклардан қувилган қанча одамлар борки агар Аллоҳдан сўрасалар албатта сўраганларини берган бўлур эди».(11)
Ана ўшалар ҳадисда келганидек, Жаннат аҳлининг подшоларидирлар:
«Сизларга Жаннат аҳлининг подшолари ҳақида хабар берайми?», дедилар ул зот. «Ҳа, ё Расулаллоҳ», дейишди. У зот: «Ҳар бир заийф, сочларини чанг босган ва кийимлари йиртиқ- ямоқлар борки, уларга эътибор берилмайди. Агар улар Аллоҳдан сўрасалар албатта сўраганларини берган бўлур эди»(12). Унга эътибор берилмайди... Агар ижозат сўраса унга изн берилмайди. Агар шафеълик қилмоқчи бўлса қабул қилинмайди. Агар унга қулоқ солинмайди, дейдиган бўлсак, бу унинг обрў ва мартаба, мансаб эгаларидан бўлмагани, унинг одамлар ичида ғариб бўлгани учундир. Ҳасан шундай дейдилар: «Мўмин одам дунёда худди ғариб сингари бўлади. Унинг хўрлаганидан сабрсизлик қилмайди. Унда азиз бўлиш учун курашмайди. Одамларнинг ўз ишлари бор ва унинг ҳам ўз иши бор. Одамларга унинг зарари етмайди. У ўз нафси билан курашиб машаққат чекади»(13).

Ғарибларда ноумидлик йўқдир

Ана ўша ғарибларга Тувбо бўлсин... Бу дегани –ҳой, биродарлар,- айрим одамлар ушбу ҳадисдан тушинишни, ноумид бўлишни истаганлари каби Исломнинг ғалаба қилишидан ноумид қилиш эмасдир.
Йўқ, ҳар бир мусулмон ана ўша ғариблар жумласидан бўлишга ҳаракат қилмоғи, уларнинг сонини кўпайтирмоғи лозим. Токи уларнинг ғарибликлари ва кимсасизликлари завол топсин. Қиёмат бўлишидан аввал Исломнинг ғолиб бўлиши, Аллоҳ Ўзининг динига нусрат бериши хабарда келган. Аллоҳ таоло: «У гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган зотдир.» (Тавба:33).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: «Ҳақиқатда, Менинг умматим ёмғир сингаридир. Унинг аввали яхшими ёки охирими, билиб бўлмайди»(14). Яна: «Унинг аввали мен ва охири Масиҳ бўлган бир умматни Аллоҳ ҳаргиз хор қилмайди»(15), дейдилар.
Шундай бўлгач, эй мўминлар, иймонингизни маҳкам ушланг, уни қаттиқ асраб- авайланг. Одамларнинг сизларга қилаётган муносабатлари сизни тушкунликка солмасин. Аллоҳнинг сизлар билан эканлиги, Аллоҳнинг сизларнинг валийингиз экани сизларга кифоядир: «Шундоқ бўлиши, албатта, Аллоҳ иймон келтирганларга дўст эканлигидан ва албатта, кофирларга дўст йўқлигидандир». (Муҳаммад: 11)
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу, биродарларим!

Шайх Юсуф Қаразовий
_________________________________________________________


(1). Бу  ҳадисни Муслим “Иймон”да (145)\ Ибн Можа “Фитналар”да (3986)\ Аҳмад “Муснад”да (9054) Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.
(2). Ҳадисни Аҳмад “Муснад”да (3784) ривоят қилган. Уни таҳқиқ қилганлар Аҳмаднинг исноди Муслимнинг шартига биноан саҳиҳдир,Муслимнинг ровийларидан бўлган Абул Аҳвасдан бошқа барча  ровийлар икки шайхнинг ровийлари бўлиб, ишончли кишилардир, дейдилар. Ибн Можа “Фитналар”да (3988)\ Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”нинг “Китобуз- Зуҳд”ида (7\83), Доримий “Риқоқ”да (2755), Баззор “Муснад”да (5\433), Абу Яъло “Муснад”да (8\388) Ибн Масъуддан ривоят қилишган.
(“Саҳиҳи Ибн Можа”да Албоний ҳадиснинг “Ғариблар кимлар?- дейилди. У зот: “Қабилалардан келган бегоналар”- дедилар” деган сўзларидан бошқасини саҳиҳ деган. 3223)
(3). Абдуллоҳ ибн Амрдан бу ҳадисни Аҳмад “Муснад”да (6650) ривоят қилган. Уни таҳқиқ қилганлар айтадиларки бу ҳадис ҳасан лиғойриҳдир. Табароний “Авсат”да (2\222) ривоят қилган. Ҳайсамий “Мажмауз Завоид”да: “Уни Аҳмад ва Табаронийлар ривоят қилишган. Унда Ибн Луҳайъа бор бўлиб у заифдир” дейди. (7\545).(Албоний “Силсилатус саҳиҳа”да (1619) уни саҳиҳ деган).
4). Бу  ҳадисни Ибнул Муборак “Зуҳд”да (1513), Ожуррий “Ғурабо”да (37) ривоят қилган.
5). Бу ҳадисни Қузоъий “Муснадуш Шиҳоб”да (2\138) Амр ибн Авфдан ривоят қилган.
6). “ Мадорижус соликийн”- 3\194
7). “ Мадорижус соликийн”-3\196
8). Юқорида манба
9). Бу ҳадисни Аҳмад “Муснад”да (22221) ривоят қилган. Уни таҳқиқ қилгувчилар “жуда заийф. Ярим мавзуъдир” деганлар. Термизий “Зуҳд”да (2347), Ибн Можа “Зуҳд”да (4117), Ҳумайдий “Муснад”да (2\404), Абу Нуайм “Ҳуля”да (1\25), Байҳақий “Шуъаб”нинг “Зуҳд ва қасрул амал” бобида (7\293) Абу Умомадан қуйидаги ибора билан ривоят қилган: «Албатта валийларимнинг ичидан Менинг наздимда ҳолати энг яхшиси: молу дунёси, аҳли кам бўлган, намоздан роҳат топадиган, Роббига ибодати чиройли бўлган мўминдир. Ва у одамлар орасида номаълум бўлиб юрадики уни бармоқлар билан кўрсатилмайди. Бас, тездан ўлим топади, мероси оз бўлади ва унинг ортидан йиғлаб қоладиганлари кам бўлади».
10). Тахрижи юқорида ўтди
11). Тахрижи юқорида ўтди
12). Ибн Можа “Зуҳд”да (4115), Табароний “Кабийр”да (20\84)ва “Муснадуш шомиййин”да (2\205), Байҳақий “Шуъабул иймон”нинг  “Зуҳд ва қасрул амал” бобида (7\333) муоз ибн Жабалдан ривоят қилган.
13). Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”нинг “Зуҳд” китобида (7\189), Аҳмад “Зуҳд”да 262 саҳифа, Ибн Абуддунё “Маҳосинуннафс”да (78) ривоят қилганлар.
14). Аҳмад “Муснад”да (12327) ривоят қилган. Унинг муҳаққиқлари: ўз йўллари ва шоҳидлари билан кучли ҳадис, ва бу ҳасан исноддир  деганлар.  Термизий “Амсол”да (2869) ривоят қилиб, “ушбу тариқа билан ҳасан ғарибдир” деган. Абу Яъло “Муснад”да (6\190) Анасдан ривоят қилган. Албоний “Саҳиҳул Жомеъ”да (5854) уни саҳиҳ деган.
15). Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”нинг “Китобул Жиҳод”ида (4\206) Абдурраҳмон ибн Жубайрдан ривоят қилган.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz