Сиз эмасми, ё расулаллоҳ? Принтер учун
12.02.2012 й.
Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман ё Расулаллоҳ. Чунки Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган:
“Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг” (Аъроф-158)
Иймонимнинг асосий пойдеворларидан бири Сизга муҳаббат қўймоқлигимдир ё Расулаллоҳ!. Чунки Сиз (с.а.в.) шундай дегансиз:
“Сизлардан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва ҳамма одамлардан маҳбуб бўлмагунимча комил мўмин бўла олмайди”.
Дарҳақиқат сиз мана шундай муҳаббатга лойиқдирсиз, ё Расулаллоҳ.
Чунки Аллоҳ таоло унинг зикрини баланд, қадрини олий, исмини эса Ўзининг исми билан ёнма-ён зикр қилиб, розилигини олишни мўминликка шарт қилган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
“Агар мўмин бўлсалар, Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмоқлари ҳақли эди” (Тавба-62)
Унинг амрига хилоф қилганларга Аллоҳ таоло фитна ва аламли азоб етишидан огоҳлантирган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар! (Нур-62)
Унинг итоатини Аллоҳ таоло Ўзининг итоати билан ёнма-ён келтирган, унга  бўлган итоатни эса Алллоҳ таоло Ўзига бўлган итоатга шарт қилган  зот  сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
“Ким пайғамбарга итоат қилса, батаҳқиқ Аллоҳга итоат қилибди” (Нисо-80)
Унга эргашмаган, итоат қилмаган, унинг амрига қарши иш қилган осийлар пушаймон ейдиган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
Юзлари олов ичида айлантирилаётган кунда улар: “Эҳ, кошки, Аллоҳга итоат қилсак эди, Расулига итоат қилсак эди”, дерлар. (Аҳзоб-66)
У киши билан бир йўлни танламагани сабабидан қиёмат куни золимлар ҳасрат-надомат чекадиган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
У кунда золим икки қўлини тишлаб: «Эй воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!» дер. «Эй воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмасам эди. Батаҳқиқ, менга зикр (Қуръон) келгандан сўнг у (дўст) мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетгувчидир», дер. (Фурқон 27-29)
Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига Унга эргашишни ва итоат қилишни шарт қилган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт. Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг. Бас, агар ортга қайтсангиз, Аллоҳ, албатта, кофирларга муҳаббат қилмас. (Оли Имрон-31-32)
Уни ўзаро чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунча, кейин у чиқарган ҳукмга дилларда танглик топмай, бутунлай таслим бўлмагунча зинҳор мўмин бўла олмаслигимизга Аллоҳ таоло Ўзи билан қасам ичган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар! (Нисо-65)
Аллоҳ таоло бизга Унинг келтирганини олишликка ва У қайтаргандан қайтишликка буюрган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир. (Ҳашр-7)
Аллоҳ таоло бизга, Аллоҳдан, охират кунидан умидворларга ва Аллоҳни кўп зикр қилувчиларга Уни намуна қилган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва аллоҳни кўп зикр қилганлар учун расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди. (Аҳзоб-21)
Аллоҳ таолонинг неъматланган бандалари билан жаннатда бирга бўлиш башоратига унинг итоати шатр қилинган  зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши! (Нисо-69)
Унга саловат айтишни Аллоҳ таоло мўминларга буюрган, Ўзи ҳам, Унинг фаришталари ҳам унга саловат йўллайдиган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг. (Аҳзоб-56)
“Ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўлурсан”. (Зуҳо-5) ояти нозил бўлганда, “Ундай бўлса умматимдан бирортаси дўзахда бўлишига рози бўлмасман”, деган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
Макка даври ҳаёти мазлумлар учун ибратли ҳаёт, Мадина даври эса  ҳукм юритиш қўлида бўлган ҳокимларга қандай раҳбарлик қилиш таълимини берган ибратли ҳаёт сизнинг ҳаётингиз эмасми, ё Расулаллоҳ?.
Сиз ҳақингизда нима дей оламан, ё Расулаллоҳ?. Ҳақиқатда Аллоҳ таоло раббоний, кўркам йиғилишда пайғамбарлардан аҳду-паймон олиб шундай деган:
Аллоҳ Набийлардан: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз,–деб аҳду паймонларини олиб туриб:–иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. Улар: «иқрор бўлдик», дейишди. У: «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», деди.

Сиз ва менинг мисолим ё Расулаллоҳ, қоронғу кечада саҳрода йўлини йўқотиб, адашган, нима қиларини билмай довдираб, тушкунликка тушган, сўнгра осмонга ой чиқиб унинг нурида йўлини топиб олган кишига ўхшайди. Шунда мен хурсандлигимдан: “Эй ой, Аллоҳ қадрингни баланд, нурингни зиёда, ўзингни эса тўлин, гўзал қилсин”, дейман.

Дарҳақиқат Аллоҳ таоло қадрингизни баланд қилди.
“Ва сенинг зикрингни юқори кўтардик”. (Шарҳ-4)
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло нурингизни зиёда қилди.
“Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур (Муҳаммад с.а.в.) ва ойдин Китоб келди”. (Моида-15)
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло сизни буткул гўзал қилди.
“Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи. Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик.” (Аҳзоб-45-46)

Қудратуллоҳ Сидиқметов

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz