ОЛАМЛАРГА РАЋМАТ ПАЙҒАМБАР Принтер учун
02.03.2007 й.

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОЋУ АЛАЙЋИ ВАСАЛЛАМНИНГ СОЧЛАРИ

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Анасга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандоқ эди?» дедим.
«Сочлари тўлқин сифат; жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди», деди».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари елкаларига уриб турарди».
Бошқа бир ривоятда:
«Қулоқларининг яримига»
Яна бошқа бир ривоятда: «Икки қулоқларининг юмшоқ ерига», дейилган.
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Бундан баъзи вақтларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари янги олдирган ва ўсган пайти эътиборидан қулоқларининг уст қисмида, баъзи вақтда қулоқларининг юмшоқ жойига бробар ва баъзида елкаларига тегиб турадиган ҳолатлар бўлгани келиб чиқади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аҳли китоблар сочларини тушириб юришар эдилар. Мушриклар эса бошларидан фарқ очар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига амр қилинмаган нарсада аҳли китобларга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешона сочларини тушириб юрдилар. Сўнгра, кейинроқ фарқ очдилар».
Учовлари ривоят қилган.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар бутпараст мушриклар ва аввал самовий китобга эга бўлган яҳудий ва насронийлар билан алоқада бўлар эдилар. Баъзи ишларда мазкур икки томондан бирини танлаш зарурати туғилиб қолар эди. Шунда мусулмонлар доимо аҳли китоблар томонини олар эдилар. Мисол учун Рум ва Форс давлатлари уруш қилсалар аҳли китоб бўлгани учун мусулмонлар Румликларнинг тарафини олар эдилар. Чунки Ислом ҳам ўша аҳли китоблар ишининг охирги ва мукаммал нуқтаси эди. Ўша вақтдаги аҳли китоблар динлари ва илоҳий китобларини бузган бўлсалар ҳам мусулмонларга мушриклардан кўра яқинроқ эдилар. Шунинг учун ҳам,
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига амр қилинмаган нарсада аҳли китобларга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар».
Албатта, Аллоҳдан амр келган ишларда бошқаларнинг қилмишига ҳеч қандай эътибор йўқ. Аммо баъзи ишларда Аллоҳнинг амри йўқ бўлса, худди ўша ишни мушриклар бир хил, аҳли китоблар бошқа хил қиладиган бўлсалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларнинг услубини танлар эдилар. Жумладан, сочни тарашда,
«Аҳли китоблар сочларини тушириб юришар эдилар».
Яъни, аҳли китоблар пешоналаридан фарқ очмай сочларини олдинга тушириб юрар эдилар.
«Мушриклар эса бошларидан фарқ очар эдилар».
Яъни, пешонадан фарқ очиб сочни икки ён томонга тараш мушрикларнинг иши эди.
Бу масалада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга амр ҳам келмаган эди.
«Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешона сочларини тушириб юрдилар».
Бу билан аҳли китобларга мувофиқ иш тутиб, мушрикларга хилоф қилдилар. Вақти соати етиб у зотга Аллоҳ таолонинг амри келганда эса,
«Сўнгра, кейинроқ фарқ очдилар».
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини ювиб, сўнг фарқ очиб тараб қўйишлари ҳақида бир неча ривоятлар келган.
Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларининг олд қисми ва соқоллари мошгуруч эди. Мойлаган пайтларида билинмас қолар эди. Бошлари тўзиб турганда билинар эди. У зотнинг соқоллари қалин эди».
Бир киши:
«Юзлари қилич мисоли эдими?» деди.
«Йўқ. Қуёш ва ой мисоли эди. Думалоқ эди», деди у».
Муслим ривоят қилган.

ПАЙҒАМБАР АЛАЙЋИССАЛОМ ЋИДЛАРИНИНГ ХУШБЎЙЛИГИ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидларидан кўра хушбўйроқ нарсани; анбарни ҳам, мискни ҳам ва бошқа нарсани ҳидлаган эмасман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра юмшоқроқ нарсани; дебожни ҳам, ипакни ҳам ва бошқа нарсани ушлаган эмасман».
Тўртовлари ривоят қилган.
Демак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидлари дунёдаги барча нарсадан хушбўй бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юмшоқликлари дунёдаги барча нарсадан юмшоқ бўлган.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаво исиган пайтда Батҳога чиқдилар ва таҳорат қилиб намоз ўқидилар. Сўнгра одамлар туриб у зотнинг қўлларини ушлаб юзларига сурта бошладилар. Мен ҳам у зотнинг қўлларини тутиб юзимга босдим. Қўллари муздан ҳам совуқ ва ҳидлари мискдан хушбўй эди».
Бухорий ривоят қилган.
Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Пешин намозини ўқидим. Сўнгра у зот ўз аҳлларига чиқдилар. Мен ҳам бирга чиқдим. У зотнинг болачалар қаршилаб чиқдилар. Бас, у зот бирма-бир уларнинг юзларини силай бошладилар. Менинг ҳам юзимни силадилар. Қўлларида совуқликни ва атторнинг халтасидан чиқарган қўлида бўладиган хушбўйликни топдим».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига кириб кундузги уйқуга ётдилар. У зот терлай бошладилар. Шунда онам бир идиш олиб келиб терни қўли билан сидириб унга тўплай бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб: «Эй, Умму Сулайм, нима қилмоқдасан?» дедилар.
«Бу сизнинг терингиз. Биз уни ўз хушбўйимизга қўшамиз. У энг яхши хушбўйдир», деди».
Иккисини Муслим ривоят қилган.

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОЋУ АЛАЙЋИ ВАСАЛЛАМНИНГ КАЛОМЛАРИ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят. У киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган. Термизий: «Лекин у зот гапни бўлиб-бўлиб гапирар эдилар. Олдиларида ўтирган одам илиб олар эди»ни зиёда қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни шуноқ гапирар эдиларки, агар сановчи санаса, санаб улгурарди».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломлари муфассал калом эди. Уни эшитган ҳар бир шахс фаҳмлар эди».
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломларида дона-доналик ва шошилмаслик бор эди».
Абу Довуд Адабда ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунарли бўлиши учун сўзни уч марта такрорлар эдилар».
Термизий, Бухорий ва Аҳмад ривоят қилган.
Албатта, бундоқ такрорлаш зарур бўлганда, аҳамиятли нарсаларда бўлган.

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОЋУ АЛАЙЋИ ВАСАЛЛАМНИНГ КУЛГУЛАРИ

Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳуга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларида ўтирар эдингми?» дейилди.
«Ћа. Кўпинча у зот Бамдод намозини ўқиган жойларидан қуёш чиққунча турмас эдилар. Қачон у чиқса турар эдилар. Гаплашиб ўтиришар эдилар. Жоҳилият ишлари ҳақидаги гапдан олишарди. Кулар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса табассум қилар эдилар», деди».
Муслим ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жимликлари узун, кулгулари оз зот эдилар».
Имом Аҳмад ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки болдирларида озғинлик бор эди. Кулгулари фақат табассумдан иборат эди. Агар у зотга назар солсанг, кўзларига сурма суртилганми? дер эдинг. Ћолбуки, сурма бўлмасди».
Яъни, кирпикларининг қора ва қалинлигидан сурма суртиб олганга ўхшаб кўринар эди.
Абдуллоҳ ибн ал-Ћорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра кўпроқ табассум қиладиган бирор кишини кўрмадим».
Иккисини Термизий ривоят қилган.

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОЋУ АЛАЙЋИ ВАСАЛЛАМНИНГ УЙҚУЛАРИ

Анас розияллоҳу анҳу бизга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Каъба масжидидан исро қилдилиганлари ҳақида гапириб: «У зотга ваҳий қилинишидан олдин уч нафар келди. У зот Масжидул Ћаромда ухлаб ётар эдилар. Бас уларнинг аввалгиси: «У, буларнинг қайси бири?» деди. Ўрталари:
«У, буларнинг энг яхшисидир», деди. Охиргилари:
«Буларнинг энг яхшисини олингиз», деди.
Ўшанда бир марта бўлган эди. Кейин у зот уларни то бошқа бир кечада, қалблари кўрадиган бўлгунларича кўрмадилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухлар эди. Қалблари ухламас эди. Шунингдек, барча пайғамбарларнинг кўзлари ухлайди-ю қалблари ухламайди. Бас, У зотни Жаброил олиб, сўнгра осмонга бирга олиб чиқиб кетди», деди».
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин Масжидул Ћаромда амакилари Ћамза ибн Абдулмутталиб ва бошқа бир амакиларининг ўғли Жаъфар ибн Абу Толиб билан ухлаб ётар эдилар. Шунда уч нафар фаришта; Жаброил, Микоил ва Исрофил алайҳиссаломлар келдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом:
«У буларнинг қайси бири?» деди».
Яъни, Муҳаммад бу ухлаб ётганларнинг қайси бири? Бу саволга Микоил алайҳиссалом:
«У буларнинг энг яхшисидир», деб жавоб бердилар.
Жавобни эшитгандан кейин Исрофил алайҳиссалом:
«Буларнинг энг яхшисини олингиз», деди».
Бундан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан аввал ухлаб ётганларида ҳузурларига фаришталар келганини билмаганлари чиқади.
Аммо у зотга ваҳий тушганидан кейин исро кечасида Жаброил алайҳиссалом келганларида билганлар. Чунки,
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухлар эди. Қалблари ухламас эди. Шунингдек, барча пайғамбарларнинг кўзлари ухлайди-ю қалблари ухламайди».
Улар ўзларига ҳар лаҳзада келиб қолиши мумкин бўлган ваҳийни қабул қилиб олишга доим тайёр туришлари керак.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Витр ўқишдан олдин ухлайсизми?» дедим.
«Кўзим ухлайди. Қалбим ухламайди», дедилар у зот».
Иккисини икки шайх ривоят қилган.

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОЋУ АЛАЙЋИ ВАСАЛЛАМНИНГ АХЛОҚЛАРИ ЋАҚИДА

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мастура қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Қачон бир нарсани ёқтирмасалар юзларидан билар эдик».
Бошқа бир ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳшчи эмас ва фаҳшни қилмас ҳам эдилар. У зот сизларнинг яхшиларингиз, ахлоқи яхшиларингиздир», деганлар». Иккисини икки шайх ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқ жиҳатидан одамларнинг энг яхшиси эдилар», дейилган.
Фаҳш сўзи қабиҳ гапни айтишга ишлатилади. Фаҳшчи деганда табиатида қабиҳ гапларни айтиш бор киши кўзда тутилади. Фаҳш қилиш деганда эса табиатида бўлмаса ўзини мажбур қилиб қабиҳ сўзларни айтиш кўзда тутилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатларида аслида қабиҳ сўз айтиш бўлмаган, шу билан бирга У зот ўзларини мажбур қилиб ҳам қабиҳ сўзлар айтмаганлар.
Бухорий ва Термизийнинг ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор таомни айбламаганлар. Агар иштҳалари тортса ер эдилар, бўлмаса тарк қилар эдилар», дейилган.
Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ман Абдуллоҳ ибн Амрга: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларининг хабарини бер», дедим.
«Хўп! Аллоҳга қасамки, у зот Тавротда ўзларининг Қуръондаги баъзи сифатлари ила васф қилингандирлар.
Эй, Набий, албатта, Биз сени гувоҳ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва уммийларга ҳимоя қўрғони қилиб юбордик. Сен бандам ва Расулимдирсан. Сени Мутаваккил деб номладим. Бадхулқ ҳам, қўпол ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмассан. У ёмонликни ёмонлик ила қайтармас, лекин афв қилур, кечирур. Аллоҳ у ила қинғир миллатни, лаа илаҳа иллаллаҳу, дейишлари, у ила кўр кўзларни, кар қулоқларни ва берк қалбларни очиши ила тўғриламагунча Уни қабз қилмас».
Бухорий ривоят қилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарсани сўралганда ҳеч қачон йўқ деган эмаслар».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки тоғ ораси тўлган қўйларни сўради. Бас, унга ўшаларни бердилар. У ўз қавми ҳузурига бориб:
«Эй, қавмим, мусулмон бўлинглар! Аллоҳга қасамки, Муҳаммад кўп ато берар экан. Фақирликдан қўрқмас экан», деди».
Анас: «Киши фақат дунё учун мусулмон бўлмайди. Балки дунё ва ундаги барча нарсалардан кўра Ислом унга маҳбуброқ бўлгандагина мусулмон бўлади», деди».
Бу ривоятда ўз қавмини мусулмон бўлишга чорлаётган одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қўй олгани учун эмас, у зотнинг камбағалликдан қўрқмай шунча қўйни бир одамга бериб юборганликларини пайғамбарлик мўъжизаси билиб мусулмон бўлган эди.
Сафвон ибн Умайя розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ћунайнда менга атони берганларича бердилар. Олдин у зот мен учун одамларнинг энг ёмони эдилар. Ато беравериб, мен учун одамларнинг энг маҳбуби бўлиб қолдилар».
Ушбу учовини Муслим ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийси, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча аҳли Мадина қаттиқ даҳшатга тушдилар. Одамлар овоз чиққан томон юра бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдидан чиқдилар. Ўша томондан қайтиб келаётган эканлар. У зот улардан олдин овоз чиққан томонга борган эканлар. У зот Абу Толҳанинг эгарсиз отини миниб, бўйниларига қилич осиб олган эканлар. У зот:
«Қўрқманглар! Қўрқманглар!» дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида Абу Толҳа менинг қўлимдан ушлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва: «Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, Анас жуда хушёр бола, сизга хизмат қилсин», деди.
Бас, у зотга сафарда ҳам, ҳозирда ҳам ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, қилган нарсамни, нима учун буни қилдинг, демадилар. Қилмаган нарсамни, нима учун буни қилмадинг, демадилар».
Тўртовлари ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхши хулқлиси эдилар. Бир куни мени бир ҳожат учун юбордилар. Мен:
«Аллоҳга қасамки, бормайман», дедим. Ичимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган нарса учун бораман, дедим-да чиқдим. Бозорда ўйнаётган болалар олдиндан ўтаётиб туриб қолибман. Бир вақт, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқамдан бўйнимни тутиб турибдилар. Мен У зотга назар солдим. У зот:
«Эй, Унайс, мен амр қилган жойга бордингми?» дедилар. Мен:
«Ћа! Мен бораман. Эй, Аллоҳнинг Расули», дедим ва юриб кетдим».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра аҳли аёлга меҳрибонроқ бирортани кўрмадим. Иброҳим Мадинанинг четида эмизилар эди. У зот ўша томон борардилар. Биз ҳам у зот билан борардик. У зот уйга кирганларида тутунга тўлган бўларди. Чунки унинг эмизукли отаси темирчи эди. Бас, у зот уни олиб, ўпиб яна қайтариб берар эдилар. Иброҳим вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Иброҳим ўғлимдир. У кўкракдалигида ўлди. Албатта, жаннатда икки эмизувчи унинг эмизишни камолига етказурлар», дедилар».
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Батаҳқиқ, Иброҳимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида жон таслим қилаётганида кўрдим. У зотнинг икки кўзларидан ёш оқди ва: «Кўз ёш тўкур. Қалб маҳзун бўлур. Роббимиз рози бўладиган нарсадан бошқани айтмасмиз. Аллоҳга қасамки, Эй, Иброҳим, биз сенинг учун маҳзунмиз», дедилар».
Иккисини тўртовлари ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анжаша исмли хушовоз сарбонлари бор эди. У завжаи мутоҳҳаралар бор туяларни етаклаб кетмоқда эди. Бас, у зот унга:
«Эй, Анжаша, оҳиста юр. Биллурларни синдириб қўйма», дедилар».
Икки шайх ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бамдод намозини ўқиганларидан кейин, Мадинанинг хизматкорлари сувли идишларини олиб келар эдилар. Қайси идиш келтирилса, у зот унга қўлларини солар эдилар. Баъзида совуқ тонгда ҳам келишарди. У зот қўлларини солардилар».
Одамлар табаррук учун ўз идишларидаги сувга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини солиб беришларини сўрар эдилар.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Батаҳқиқ, сартарош Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини олаётганини кўрдим. Саҳобалари у зотни ўраб олишган эди. Бирор соч донаси тушса ҳам бирор кишининг қўлига тушишини хоҳлар эдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари улуғлигидан саҳобаи киромлар табарруклиги учун сочларини ҳам ерга туширмай бўлиб олишар эдилар.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Ақли бир оз бундоқроқ аёл:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, сизда ҳожатим бор», деди.
«Эй, Умму Фулон, қайси кўчадан юрасан? Сенинг ҳожатингни равон қилай», дедилар у зот. Сўнгра у билан ҳожати чиққунча йўлда юриб кетдилар».
Ушбу учовини Муслим ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ишдан бирини ихтиёр қиладиган бўлсалару улардан бири бошқасидан енгилроқ бўлса, агар гуноҳ бўлмаса, албатта, енгилини ихтиёр қилар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқдаги одам бўлар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун интиқом олган эмаслар. Илло Аллоҳ азза ва жалланинг ҳурумоти поймол қилинсагина олардилар».
Учовлари ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан ҳеч нарсани; аёлни ҳам, ходимни ҳам урмаганлар. Илло Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганларидагина урганлар. У зотга бирор нарса етган бўлса унинг соҳибидан интиқом олмаганлар. Илло Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар поймол қилинсагина Аллоҳ азза ва жалла учунгина интиқом олганлар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишни қилиб, унда енгилликка рухсат бердилар. Бу у зотнинг саҳобаларидан баъзи кишиларга етганда, уларга ёқмади ва ундан ўзларини олиб қочдилар. Ўши иш у зотга етганда хутба қилдилар:
«Кишиларга нима бўлдики, уларга мен енгиллика рухсат берган иш етганда уни ёқтирмай, ўзларини олиб қочурлар?! Аллоҳга қасамки, алатта, мен уларнинг ичида Аллоҳни энг кўп билувчилариман ва у зотдан энг кўп қўрқувчилариман», дедилар».
Муслим ривоят қилган.

У ЗОТ АЛАЙЋИССАЛОМНИНГ УММАТГА ШАФҚАТЛАРИ

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз Унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди».
Ояти каримада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида У зот алайҳиссаломдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас.
Абу Ћурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ћар бир Набийнинг қабулида шак йўқ дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуосини қилиб бўлди. Мен ўз дуоимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк қилмай ўлганларга, албатта, етгувчидир», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ азза ва жалланинг Иброҳим ҳақидаги «Эй, Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳмлисан», деган қавлини тиловат қилдилар.
Ийсо алайҳиссалом, «Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азиз-ғолиб ва ҳикматли зотсан», деган эдилар.
Бас, у зот икки қўлларини кўтариб туриб: «Эй, бор Худоё! Умматим! Умматим!» дедилар ва йиғладилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:
«Эй, Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор. Роббинг биладику, ундан сени не йиғлатур, деб сўра», деди.
Жаброил алайҳиссалом келиб у ҳақда сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига айтган нарсаларининг хабарини бердилар. Ћолбуки, унинг ўзи ҳам билар эди. Шунда Аллоҳ:
«Эй, Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор ва: «Албатта, Биз сени умматинг ҳақида рози қилурмиз, сенга ёмонлик қилмасмиз», деб айт», деди».
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан бир умматнинг раҳматини ирода қилса ўшанинг набийсини ўзидан аввал қабз қилур. Бас, уни (умматига) фарат ва ундан олдинги қарз қилур. Қачон бир умматнинг азобини ирода қилса ўшани набийси тирик турганда азоблар, ҳалок қилур. У назар солиб туриб, (умматнинг) ҳалокатига кўзи қувонур. Чунки улар уни ёлғончига чиқарган ва ишига исён қилган эдилар», дедилар».
Иккисини Муслим Китобул иймонда ривоят қилган.
Аллоҳ таоло Ўзи мана шундоқ баркамол сифатларга соҳиб қилган бандаси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзининг охирги пайғамбари қилиб танлаб олди. Ўша пайтдаги жаҳолат ботқоғига ботган, ғафлат уйқусида қотган инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун, уларга охирги ва мукаммал шариатнинг амалларини аввал ўзи қилиб кўрсатиш учун, барчага шахсий ўрнак бўлиш учун худди шу баркамол сифатлар ила сифатланган инсони комил керак эди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша талабларнинг барчасига тўла қонли жавоб берадиган зот эдилар.

У ЗОТ АЛАЙЋИССАЛОМНИНГ САХОВАТЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли зот эдилар. У зотнинг саховати олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар».
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралганда ҳеч ҳам «йўқ» демаганлар». Икки шайх ривоят қилган.
Абу Ћурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир», дедилар». Термизий, Байҳақий ва Тобароний ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий бўлганлари эса, Рамазонда, Жиброил мулоқотларига келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунча ҳар кеча У зотнинг мулоқотларига келар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар».
Бошқа бир ривоятда: «Бас, у билан Қуръон ўқишар эди. Бас, қачон У зотга Жиброил алайҳиссалом мулоқот қилса эсган шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар»-дейилган. Икки Шайх ривоят қилга.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир, хушҳолликни суядир, озодадир, озодаликни суядир, карамлидир карамни суядир, сахийдир сахийликни суядир. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар». Термизий ривоят қилган.
Имом Байҳақий ва Абу Яълолар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилаган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга сахийлар сахийсини хабарини берайми? Сахийларнинг сахийси-Аллоҳдир. Мен-одам боласининг энг сахийсиман. Мендан кейин, сиздан энг сахийингиз, илм ўрганиб, илмини таратган одамдир. У қиёмат куни ёлғиз ўзи бир уммат бўлган ҳолида тирилтирилади. Ва жонини Аллоҳнинг йўлида сахийлик билан тутган кишидир», деганлар.

У ЗОТ АЛАЙЋИССАЛОМНИНГ ШИЖОАТЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа барча яхши инсоний сифатлардаги каби шижоатда ҳам барчага ўрнак эдилар. Бу ҳақиқатни анлаб етиш учун иккитагина ривоят билан танишиб чиқишнинг ўз етарли.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийси, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча аҳли Мадина қаттиқ даҳшатга тушдилар. Одамлар овоз чиққан томон юра бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдидан чиқдилар. Ўша томондан қайтиб келаётган эканлар. У зот улардан олдин овоз чиққан томонга борган эканлар. У зот Абу Толҳанинг эгарсиз отини миниб, бўйниларига қилич осиб олган эканлар. У зот: «Қўрқманглар! Қўрқманглар!» дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ћунайнда ҳозир бўлдим. Мен ва Абу Суфён ибн Ћорис ибн Абдулмуттолиб иккимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни лозим тутдик. У зотда ажрамадик. У зот ўзларининг оқ хачирларига миниб олган эдилар. Уни у зотга Фарва ибн Нуфоса ал-Жузомий ҳадия қилган эди. Мусулмонлар билан кофирлар тўқнашган пайтда мусулмонлар ортга қараб қоча бошладилар. Бас, Р-м. тинмай хачирларини кофирлар томонга ниқтар эдилар. Мен унинг юганидан тутиб олиб тезлаб кетмаслиги учун ортга тортар эдим. Абу Суфён бўлса унинг эгаридан тутиб олган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Аббос! Самура асҳобларига нидо қил!» дедилар.
Мен бор овозим билан:
«Самура асҳоблари қаерда?!» деб бақирдим.
Аллоҳга қасамки, улар менинг овозимни эшитишлари билан худди сигир ўз болалари маърашига жавоб бергандек:
«Яаа, лаббайка! Яаа, лаббайка!» дедилар.
Улар кофирларга қарши қаттиқ жанг қилдилар. Сўнгра Ансорийларга: «Эй ансорлар жамоаси! Эй ансорлар жамоаси!» деб даъват қилинди.
Сўнгра Бани Ћорис ибн Хазражга хос қилиб: «Эй Бани Ћорис! Эй Бани Ћорис!» деб даъват қилинди.
Р-м. ўз хачирлари устида уларнинг жанг қилишларига назар солдилар-да: «Энди уруш қизиди», дедилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам майда тошлари олиб кофирларнинг юзига қаратиб отдилар-да, кейин: «Енгилдилар! Муҳаммаднинг Роббисига қасам!» дедилар.
Мен атрофга назар сола бошладим. Қарасам, жанг ўз ҳолича давом этмоқда. Аллоҳга қасамки, у зот ўз тошларини уларга отишлари билан уларнинг кучлари заифлашганини, ишлари ортга кетганини кўра бошладим».
Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилган: «У зот уларга бир сиқим тупроқни отдилар ва «шоҳатил вужуҳ!»-юзлар қабиҳ бўлди-дедилар. Улардан бирорта одам қолмай ҳаммасининг икки кўзи тўлди. Улар ортларига қараб қочдилар ва енгилдилар. Уларнинг ўлжалари мусулмонлар орасида тақсим қилинди».
Бухорийнинг лафзи қуйидагича: «Ћунайн куни бўлганда Ћавазон тўқнашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн минг киши ва тулақо-қўйиб юборилганлар бор эди. Улар ортга қараб қочдилар. Шунда у зот:
«Эй Ансорийлар жамоаси!» дедилар.
«Лаббайка, эй Аллоҳнинг Расули ва саъдайка! Лаббайка! Биз сизнинг қаршингиздамиз!» дейишди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловдан) тушдилар ва:
«Мен Аллоҳнинг бандаси ва Расулиман!» дедилар.
Бас, мушриклар енгилдилар. У зот (ўлжадан) тулақоларга ва муҳожирларга бердилар. Ансорларга ҳеч нарса бермадилар. Улар бу ҳақида гап-сўз қилдилар. Шунда Р-м. уларни чақириб қуббанинг ичига киритдилар ва:
«Одамлар қўй ва туяни олиб қайтганларида сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олиб қайтшга рози бўлмайсизларми?! Агар одамлар водийдан юрсалару Ансорийлар дарадан юрсалар, албатта, мен Ансорийларнинг дарасини ихтиёр қилган бўлар эдим», дедилар».
Бошқа ривоятда қуйидагиларни зиёда қилган:
«Қачон жанг қизиса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳимояланар эдик. Бизнинг ичимизда у зотга тақлид қилган шижоатли эди».
Икки шайх ривоят қилган.
Ривоятнинг охирида келган маънога эътибор берайлик.
«Қачон жанг қизиса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳимояланар эдик. Бизнинг ичимизда у зотга тақлид қилган шижоатли эди».
Бунинг исботи Ћунайн ғазотидир. Бу ғазотдаги шармандали мағлубиятдан қутилиб қолишга Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мислсиз шижоатларини сабаб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шижоатлари олдида шижоатлиларнинг шижоати ип эша олмай қолар эди. Саҳобаларнинг энг шижоатлиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шижоатларига тақлид қилган киши эди, холос.



 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri