article thumbnail Гуноҳга битта тавба балки кифоя қилади, аммо тоатга мингта тавба ҳам етмаслиги ҳам мумкин. Гуноҳ қилган киши тавба қилса, Аллоҳу таоло уни мағфират қилади. Лекин ибодат қилган киши шу ибодати туфайли фахрланиб, кибрга берилиши. давоми...

 



 
   
 
Бугунги тўй базмлари Принтер учун
14.02.2012 й.
Қуръони Каримда: "Қариндошнинг ҳаққини адо эт, мискин-бечоралар, йўловчи-мусофирларга ҳам (мурувват кўрсат). Лекин сира исроф этма, зеро, исроф қилувчилар Шайтоннинг "биродарлари"дир! - дейилади. ("Исро" сураси, 26-оят).

Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари ҳаражат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ томонидан маън этилган.
Мазкур суранинг 29-оятида шундай дейилади: "Қўлингни бўйнингга боғлаб олма, яъни, ўта хасис бўлма, қўлингни кенг ёзиб ҳам юборма, яъни сахийликни меъёридан ошириб ҳам юборма! Акс ҳолда, маломат ва таъналарга қолиб, пушаймон қилурсан".
Халқимиз, айниқса, кексаларимиз ҳар гал дуога қўл очганида тилга олинадиган бир эзгу ният бор: тўйларга етказсин, хонадонимиз, юртимизда тўю томошалар кўп бўлсин... Ҳақиқатан ҳам осойишта, фаровон элга тўйлар ярашади. Яхши ният билан элга дастурхон ёзиб, икки ёшнинг никоҳ базмини ёру дўстлар даврасида нишонлашнинг гашти ҳам ўзгача. Шунданми, юртдошларимиз оилада фарзанд туғилдими, йиғади, йиғинади, сандиғини сарпою сепга тўлдиради. Ниҳоят, вақти келиб, эл-улуснинг дуосини олади.
Бу аждодларимиздан мерос қадрият.
Ҳозирги кунда тўй ва маърака-маросимларда маълум даражада исрофгарчиликлар бўлаётгани ниҳоятда ачинарли. Айниқса, тўйдан кейинги дабдабабозликлар ниҳоятда авжига чиққан. Шу билан оилалар тинч-тотув бўлиб кетса-ку майли, қанча-қанча оилалар арзимаган "қилди-қилмади", деган гап-сўзлар билан бузилиб кетяпти. Демак, ўткинчи орзу-ҳавасни деб ҳаётимизни машаққатга тўлдириб, охиратда ҳам бўйнимизга оғғир жавобгарликни илиб олмайлик.
Саҳобаи киромлардан бирлари Расули Акрам (с.а.в.)дан тўйни қандай қилиш ҳақида сўраганларида, Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом: "Битта қўй сўйгин", деганлар. Мен бир неча қўй сўйишга қодирман, деб қайта-қайта сўраганларида, "Эй молинга Худо барака бергур, битта қўй сўйгин" деганлар. Шундай экан, ҳар бир мўмин мусулмон ҳаёти мобайнида турли хил исрофларга йўл қўймасдан, илоҳий китобларда зикр қилинган оят ва ҳадисларга мувофиқ яшамоқлари лозимдур.
Тўй эса катта ҳаётга қадам қўяётган ёш оила учун — остона. Бироқ тўйнинг ҳам ўз қонун-қоидалари, меъёру талаблари бор. Ўзбекнинг удумини, тутумини яхши билган қариялар, кўпни кўрган кайвонилар сўзига кириб, йўл-йўриғига кўниб, бир тўй қилинг-чи, шунда амин бўласизки, тўй дегани тасур-тусур мусиқаю тўкин дастурхон ёзишдан иборат эмас. Аксинча, у — эзгу тилаклар, ниятлар изҳор қилинадиган файзли базм, қадимий удумларимизнинг мумтоз намойиши, катта ҳаёт остонасида келин-куёвга оқ фотиҳа!
Бундан кўп йиллар аввал тўйлари ўтган ака-опаларимиз айни дамда ҳаётидаги ўша энг қувончли кун ҳақидаги соҳир хотиралар билан яшаётган бўлишса, ажабмас. Бугун-чи? Бугун тўй базми тугаши билан тантана тасвири туширилган видеотасмани қўлимизга олиб, экран қаршисида томоша қилишимиз мумкин. Бу тасвирлар келин-куёвнинг невараю чеваралари қўлига ҳам етиб борса, ажаб эмас. Шундай экан, нега тўйларимизнинг тартибли, гўзал ўтиши учун қайғурмаслигимиз керак?!
Бугунги тўйларимизда кишининг дилини хуфтон қиладиган ҳолатлар бир талай. Дейлик, кўпчилигимиз учун оддий нарсага айланиб қолган — базм бошланиши билан раққосаларнинг “даврани қизитиши”га парво ҳам қилмай қўйганмиз. Таассуфки, улар хатти-ҳаракатларининг рақс санъатига мутлақо алоқаси йўқ. Аксинча, эркагу ёш йигитчалар атрофида гирдикапалак бўлиб қилинган муқом, беҳаё қилиқлар одамнинг ғашини келтиради. Наҳотки, пул илинжида миллий қадрият ва анъаналаримиз оёқости қилинса?! Хўш, бу ҳолат кимга ибрат бўлади? Ахир тўйда ёш-яланг, хотин-қизлар, кексалар ҳам иштирок этишади-ку?! Нега йиғилганлар орасида ота-оналар ҳам борлиги ҳисобга олинмайди? Ор-номус, ибо-ҳаё, ўзбекона андиша қаёқда қолди?
Афсуски, бу мавзу кўп бор гапирилди, матбуотда ёритилди. Бироқ сезиларли амалий натижалар кўзга ташланаётгани йўқ.
Одатда, данғиллама тўй қилиб, исрофгарчиликка йўл қўяётган инсонларга танбеҳ берилганда, “Бизнинг ҳам ўз орзу-ҳавасларимиз бор” дея эътироз билдиришади улар. Наҳотки юқоридаги каби миллийлигимизга ёт удумлар ўша ота-оналар учун орзу-ҳавас бўлса?!
Тўй азалий қадриятларимизнинг бир бўлаги, дедик. Шундай экан, тўйларнинг тартибли ўтказилиши ва бунда кимга, қачон сўз берилиши олдиндан келишилиши мақсадга мувофиқ, назаримизда. Негаки, баъзи ҳолларда тўй бошловчисининг тажрибасизлиги, нўноқлилиги боис базм мажлисбозликка айланиб кетиши одатий ҳолга айланди. Сўз олган одам маънилироқ бирон гап айтса майли, маст ҳолда ярим соатлаб йиғилганларнинг асабини бузса, тантананинг файзу мазмунига путур етиши, шубҳасиз.
Яна бир гап. Бугун тўй-тантаналарга таниқли санъаткорларнинг иштирокига қараб баҳо бериш урфга айланди. Айрим базмларда навбат талашаётган хонандаларни кўриб, бунга яна бир бор амин бўлишимиз мумкин. Қолаверса, кучли шовқин, қулоқни қоматга келтирувчи қўшиқлар остида ўтаётган бундай тантаналар инсонлар саломатлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатаётир. Бундан ташқари, тўй куни турнақатор машиналарда келинни олиб келиш “одат”идан қандай наф? Ахир ана шундай “тадбир”лар оқибатида йўл ҳаракати ҳодисалари, ҳатто, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар содир бўлаётгани ҳеч биримизга сир эмас.
Ваҳолонки, 1998 йил 28 октябрда Президентимизнинг Фармони қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжатда тўй-маросимларда дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, ўз-ўзини кўз-кўз қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани таъкидланиб, бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган қатор вазифалар белгиланган эди.
Шундан келиб чиқиб, аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилди. Маҳалла оқсоқоллари, уламолар, кайвонилар томонидан тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш, тартибли ўтказиш чоралари кўрилди.
Бундан кўринадики, инсон ҳар бир ишда етти ўлчаб, бир кесмоғи даркор. Яъни, сарф-ҳаражат бобида ортиқча исрофга йўл қўймаслиги, саҳийлик бобида эса ўта ҳотамтой бўлмаслиги жоиз. Шунингдек, киши зиқна, хасис ҳам бўлмагани дуруст. Негаки, ўзида бор нарсани ўзгага раво кўрмаслик, ёмон одат. Бу ҳақда Ҳадиси шарифда шундай зикр этилган: "Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик яхшидир".
Инсонларни тартиб, қоидаларга ўргатувчи мазкур Ҳадислар, албатта, амал қилингандагина ўз таъсири ва кучини кўрсатади. Зотан, ҳидоят амал билан чиройлидир.
Лекин кишиларимиз орасида чиройли амалларни қилмайдиган, аксинча, ноўрин, бефойда ҳамда моддий, ахлоқий жиҳатдан зарарли амалларга ружу қўйганлар ҳамон учрайди. Айниқса, бу ҳолатни тўй ва бошқа маросимларда яққол кўриш мумкин. Тўйларни камчиқим, ортиқча сарф-ҳаражатларсиз ўтказишга нечоғли даъват этилмасин, бари бир айрим кишиларимиз эскилик сарқитларига ҳамон риоя этмоқдалар. Оқибатда эса исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда.
Юқорида зикр этилган ояти карималар ва Ҳадиси шарифлардан келиб чиққан ҳолда, кейинги пайтларда аҳоли орасида ўтаётган тўй, маросим ва маъракаларда ортиқча исрофгарчилик, риёкорлик, шуҳратпарастлик, миллий анъана ва маросимларга доир кўрсатмаларни бузиш ҳолатлари юз бераётганлигини таъкидлаш жоиздир.
Шу ўринда, никоҳ хусусидаги одобларга ҳам қисқача тўхталмоқ керак. Маросим ва тадбирларни миллий, диний нуқтаи назардан мувофиқлаштирилган тарзда, намунали ўтказиш имом-хатиблар, маҳалла оқсоқоллари ва фаолларининг ўзаро ҳамкорлигини тақозо этади.
Муқаддас динимиз насиҳатларига кўра, йигитлар уйланишдан олдин бўлажак келинни кўрган бўлишлари керак. Бу ҳақда Ҳадислар ворид бўлганким, уларнинг мазмунида ёшларни мажбуран, ёқтирмаган кимсалар билан турмуш қуришга зўрлаш маън қилинади.
Мухийра ибн Шубара исмли сахобий бир қизга уйланмоқчи бўлиб турганларида, Расуллуллоҳ (с.а.в.) ундан: "У қизни кўрганмисан?" - деб сўрадилар. У: "Йўқ", - деб жавоб берди. "Бориб кўргин, токи ўрталарингда меҳр ва муҳаббат пайдо бўлсин", - дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.).
Ушбу Ҳадис мазмунидан маълум бўладики, куёв бўлажак келинни тўйдан олдин кўрса, қалбида салгина меҳр пайдо бўлади.
Куёв келинни кўрганда, унинг моли ёки чиройига қарамасдан, балки одоб-ахлоқи ва маънавиятига қарамоғи лозим бўлади. Зотан, аёлнинг моли, ҳусни-жамоли ўткинчидир. Лекин унинг одоб-ахлоқи вафотигача қолади...
Бироқ, афсуски айни пайтда барча тўю базмлар ушбу мезонлар асосида ўтказилаяпти, деб бўлмайди. Энг ёмони, оддий маъракаларда ҳам ана шундай дабдабабозликка, исрофгарчилликка йўл қўйилаётгани, ачинарли. Табиийки, бундай салбий ҳолатларга чек қўйиш учун тегишли мутасаддилар, маҳалла оқсоқоллари ҳамда кенг жамоатчилик янада фаол ва жонкуяр бўлиши лозим.
Ҳар ишнинг меъёри яхши, дейди доноларимиз. Зеро, меъёр тартибга бошлайди, тартибли иш эса ҳеч қачон ёмон бўлмаган. Тўй — қувончли тадбир. Ундан кутилган мақсад-муддао ҳам эзгу ва хайрлидир. Шундай экан, тўйларимизнинг тартибли ўтганига нима етсин?!

Шавкат АҲМЕДОВ
Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”
жомеъ масжиди ноиби – имоми


 
« Олдинги   Кейинги »

 

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri