Дин ва тараққиёт Принтер учун
15.02.2012 й.
Баъзи инсонлар дин, иймон-эътиқод тараққиётни, ишлаб чиқаришни орқага суради деб ўйлайдилар. Дин дунёга бўлган муҳаббатни қоралайди, уни қалбдан чиқариб ташлашга ундайди дейдилар. Аслида инсоф билан қаралса, тараққиёт, ривожланиш учун энг кўп ундайдиган нарса бу – иймондир. Чунки  тараққиёт, ривожланиш қачонки инсон бор кучини сарфлаб, пухталик билан ишласагина амалга ошади. Омонатни ҳис қилиб, ихлос билан меҳнат қилсагина амалга ошади. Иймондан кўра кучлироқ туртки, таъсир ўтказувчи нарса борми?! Комил иймон фақатгина зеҳнда ва қалбда турадиган нарса эмас, унда эътиқод ҳам, ихлос ҳам, амал ҳам бўлиши керак. Уламолар иймоннинг комил бўлиши, унинг самара бериши, тўғри жаннатга олиб кириши учун амал ҳам бўлиши лозимлигига иттифоқ қилганлар. Қуръони каримда етмишдан зиёд оятда иймон билан амал ёнма-ён келган. Амал деб қўя қолмасдан, солиҳ амал дейилган. Солиҳ амал дегани динни ҳам дунёни ҳам обод қиладиган амалдир. Демак бизнинг амалимиз солиҳ бўлиши учун жамиятни ҳам, якка шахсни ҳам, руҳий ҳаётимизни ҳам, моддий ҳаётимизни ҳам обод қилсин. Мўъмин киши дунёсини охират учун экинзор қилиб олади. Экин яхши бўлиши учун ҳаракат керак, парвариш керак, шундагина ҳосил беради. Мўъмин киши ишини пухта қилиши учун бирон бир назоратчи, текширувчи унинг устида туриши шарт эмас. Ёки шу иш амалга оширилмаса бирон нарсадан маҳрум қилиниб, унга жазо борлиги билан огоҳлантириш ҳам шарт эмас, чунки унинг имони бор. Унга ташқи кучнинг зарурияти йўқ. У ўз вазифасини, Аллоҳнинг ҳалифаси эканлигини, ер юзини обод қилишлик унинг бурчи эканлигини яхши билади. Қуръони Каримда:


  هُوَ أَنْشَأَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ وَاسْتَعْمَرَكُمْ فِيهَا
 “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга (ерга) сизни ободлиги учун қўйди. ” (Ҳуд 61) дейилган. Мўмин киши биладики, дунё ва охиратда саодатли бўлиши унинг дунёда қилган амалига боғлиқдир. Жаннат мукофотлари дангаса, ишсиз, бекорчиларга эмаслигини, балки иймон, жидди – жаҳд билан амал қилганларга эканлигини ҳам яхши билади. Зухруф сурасида:
وَتِلْكَ الْجَنَّةُ الَّتِي أُورِثْتُمُوهَا بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ
 “Мана шу, қилиб юрган амалларингиз сабабли сизга мерос қилиб берилган - жаннатдир” (72 оят).
Сажда сурасида эса:
فَلَا تَعْلَمُ نَفْسٌ مَا أُخْفِيَ لَهُمْ مِنْ قُرَّةِ أَعْيُنٍ جَزَاءً بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
“Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас” (17 оят).
Биз бу қилинган амалларнинг мукофотини фақатгина оҳиратда берилади демаймиз, чунки дунё ва охиратнинг Роббиси ҳам бир, Унинг мукофот бериш қонуни ҳам бирдир. Шунинг учун қилинган амалга ҳам дунёда, ҳам охиратда мукофот бор. Ким амал қилса ажрини олади.
Мўмин амалини пухта қилади. У қандай иш қилишидан қатъий назар у иш хоҳ экин, хоҳ саноат, хоҳ тижорат, хоҳ таълим бўлсин Роббиси уни кўриб турганини хис қилади. Зеро Пайғамбаримиз (с.а.в) “Эҳсон нима?”, деб сўралганларида:
الإحسان: أن تعبد الله كأنك تراه فإن لم تكن تراه فإنه يراك  
 “Аллоҳни кўриб турганингдек ибодат қилишлигинг, гарчи сен Уни кўрмасангда, У сени кўриб турибди”, деб жавоб берганлар. Бу назорат фақат ибодатдагина эмас, балки ҳамма ишларда. Мўмин киши агар иши пухта бўлмаса ундан Роббиси рози бўлмаслигини билади.
Ҳадис: “Албатта Аллоҳ биронтангиз амал қилсангиз уни пухта қилишини яхши кўради” (Байҳақий ривояти). Бу ерда мўминни ишини пухта қилишга ундайдиган икки нарса бор: 1. омонат, 2. ихлос. Масалан: дурадгор қилаётган ишини моддий манъфаат учун қилаётган касбим демайди, ёки пулга ишлаётган бўлса, эгасини рози қилсам бас демайди, балки касбимнинг омонатдори, Роббимининг назоратидаман, мўмин биродаримнинг хаққини адо қилаяпман деб билади, натижада иш сифатли бўлади. Ёки ўқитувчи касбидан фақатгина моддий манъфаатни кўзламайди, балки касбининг омонатдори, таълим олаётганларнинг устидан Аллоҳнинг ва уларни ишониб топширган ота – оналари, ватан, жамият, ислом уммати олдида ўзини жавобгар деб билади. Қиёматда қилган амаллар намойиш қилинганда ажр олишни умид қилади. Натижада комил инсонларни етиштиради. Бунинг акси бўлса, натижа ҳам ўзгаради. Агар дурадгор мижознинг кўзини қувонтириб жўнатиб юборсам бўлди, ёки ўқитувчи 45 минут вақт ўтса бас ойлик олиб юраверам, деб яшаса, тараққиёт ҳам бўлмайди, ривожланиш ҳам орқага кетади. Қолган касбларни ҳам шунга қиёс қилаверинг.
Кўп ҳолатларда оз муддатда тугалланадиган ишларни узоқ муддатга чўзилганини, оз пул билан амалга ошадиган ишларни кўп пул билан ҳам якунланмаётган ҳолларни кўрамиз ва эшитамиз. Бунинг сабаби омонат ва ихлоснинг йўқлигидир. Аллоҳга йўлиқишни, амаллар ўқилишини унутган кишиларгина шундай қилади.
Инсонларга ҳасадгўй бўлган, ҳаётдан умиди кам бўлган, иймони қалқиб турган кишилар камдан–кам ҳолларда ишларини пухта қиладилар. Мўмин киши Аллоҳнинг буйруғини қилиб, қайтариғидан қайтгани сабабли, жамиятга кўп фойда келтирса, бунинг аксида иймонсиз, гиёҳванд, ароқхўр, қиморбоз, ўз манфаати учун динни ниқоб қилишликдан, иймону-эътиқодини савдога қўйишликдан, турли қўпорувчиликларни қилиб инсонларнинг қонларини бегуноҳ тўкишликдан тап тортмайдиганлар каби Аллоҳга исён қилувчилар жамиятнинг тараққиётини орқага тортади.
Мўмин киши вақтининг қийматини яхши ҳис қилади, эртага қиёматда ундан сўралишини яхши билади. У учун вақт унинг сармоясидир. Умар ибн Абдулазиз (машҳур халифа): “Кеча ва кундуз сенинг устингда ўз ишини бажаряпти, (яъни умр ўтиб, қариб борилмоқда) сен ҳам унда ўз амалингни қилиб ол”, деганлар.
Бугунги ишни эртага қўйма. Эртанинг ўз иши бор, унга бугуннинг иши сиғмайди. Мўмин киши бугуни кечадан, эртаси бугундан яхши бўлишини орзу қилади. Орқасидан яхши ном, яхши зурриёт, садақаи–жория қолдиришни истайди.
Буюк сахобалардан Абу Дардо (р.а) умрининг охирги пайтларида ёнғоқ дарахтини экаётган эди. Баъзи кишилар: “Қариган чоғингизда ёнғоқ кўчати экасизми, ваҳоланки у бир неча йиллардан кейин мева берса”, дедилар. Абу Дардо р.а.: “Меваси бошқаларга бўлаверсин, менга савоби бўлса бас”, деб жавоб берди.
Баъзилар дин, ибодат инсонларни кўп вақтини олиб, бугунги тараққиёт, рақобат, тезлик даврида жамиятни орқага суради дейдилар. Намозни мисол қилиб кунига беш марта ўқишлик вақтни олади, ишлаётган кишига халақит бериб, ишини секинлатади деб нотўғри фикр юритадилар.
Фақатгина моддий манфаъатни назарда тутиб, маънавий, руҳий манфаъатдан кўз юмишлик, ғафлатда қолишлик– зулмдир. Чунки инсон ҳам модда ва ҳам руҳдан ташкил топган. Буларнинг иккиси керагича озуқа билан таъминланмаса инсон етук бўла олмайди. Биз топаётган дунёмиз инсоннинг фойдасига хизмат қилсин, унинг дунё ва охиратини обод қилсин деймиз. Лекин инсон ўзига лозим бўлган руҳий озуқа билан таъминланмас экан бу топган дунё унинг фойдасига эмас, балки зарарига хизмат қилади. Бу исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир.
Аслида ибодат Аллоҳ буюрганидек қилинса кўп вақт талаб қилмайди. Ибодат учун ажратилган озгина вақт зое кетказилган вақт дейилмайди. Балки, кучни, зарядни янгилаш, ҳимматни ўткирлаш, нафсни сайқаллаб, ҳаёт-яшаш майдонига руҳан тетик қайтишдир.
Нобел мукофоти совриндори Алексис Карл ўзининг “Инсон – бу мажҳул” китобида: “бугунги кунгача инсонни энг тетик қилувчи, унга куч берувчи, аниқланган нарса намоздир. Ўзимнинг шифокорлик тажрибамда кўп касалларга дориворлар натижа бермаганини, тиб даволашдан ожиз бўлиб, таслим бўлиб икки қўлини кўтарганини кўрганман. Намоз уларнинг ҳаётига кириб шифо топганлигига гувоҳ бўлганман” дейди.
Мўмин намозда бутун борлиқни тасарруф қилиб турувчи Зотнинг хузурида турганлигини, ўзининг ожизлигини тан олиб, Унга ёлбориб дуо қилади.
Айниқса намоз билан кунига беш марта бундай жангу–жадал, кураш авж олган оламдан, саломатлик оламига кириб боради.
Одамлар орасида бой–ю камбағал, мансабдор–у мансабсиз ажратилган оламдан тенглик оламига кириб боради.
Ҳиқду–ҳасад авж олган оламдан муҳаббат оламига ажрайди.
Душманлик, хусумат тўлиб тошган бугунги ҳаётдан биродарлик ҳаётига кириб боради.
Чунки инсон доим ана шундай жангу–жадал, кураш, хусумат ичида юраверса, шу ҳолатга ўтиши, рози бўлиб кетавериши ҳеч гап эмас. Лекин кунига беш марта улардан ажраб, ўз хаққи, мажбурияти, тенглиги, биродарлигини ҳис қилса ундай бўлмайди.
Шундай экан намоз учун сарфланган вақт бекор эмас.
Шунинг учун қилаётган касбимиз, машғулотларимиз бизни намоздан, ибодатдан чалғитиб қўймасин. Дин абадий муқаддам бўлсин. Омонатдорликда, ихлосда, намозда, рост сўзлаш, насиҳат қилиш ва ҳакозо шариат кўрсатмаларида бардавом бўлайлик. Агар шу тарзда фойда кўрсак дунёмиз ҳам, охиратимиз ҳам обод бўлибди, ҳамд айталик. Агар фойда кўрмасак ҳам динимизни, охиратимизни асраган бўламиз.
Зеро, Қуръони Каримнинг Нур сураси 37 – 38 оятларида шундай деган:
رِجَالٌ لَا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ يَخَافُونَ يَوْمًا تَتَقَلَّبُ فِيهِ الْقُلُوبُ وَالْأَبْصَارُ . لِيَجْزِيَهُمُ اللَّهُ أَحْسَنَ مَا عَمِلُوا وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ يَرْزُقُ مَنْ يَشَاءُ بِغَيْرِ حِسَابٍ
 “Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар. Аллоҳ уларни қилган амалларининг энг гўзали ила мукофотлаши ва фазли карамидан зиёда қилиб бериши учундир. Аллоҳ хоҳлаган кишига беҳисоб ризқ берур.”
Мазкур сифатлар соҳиблари Аллоҳнинг нурига сазовор бўладилар ва қиёматда ушбу оятда зикр қилинган мукофотларга эришадилар.  

Сидиқметов Қудратуллоҳ

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz