Исломда психология Принтер учун
25.02.2012 й.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Араб тилида психология “илмун нафс”, яъни “нафсни ўрганиш илми” деб аталади. Инсон жасад, руҳ ва нафсдан ташкил топади. Ҳозир психологияни “руҳшунослик” дея таржима қилиш урфга кирди, аммо нафс аслида руҳ эмас. Кўплаб одамлар ана шу руҳ билан нафсни аралаштириб юборишади. Руҳ бу илоҳий сир бўлиб, Аллоҳ уни тирик коинотга жойлаган. Инсон илм ва маърифатда қай даражада юксалмасин, руҳ сирини очишга қодир эмас. Агар Аллоҳ инсонга руҳни билдиришни хоҳлаганида Қуръонда ушбу илмга йўллаб қўяр эди. Лекин Аллоҳ таоло ушбу сирнинг инсонга ёпиқлигича, яширинчасига қолишини хоҳлади. Шунинг учун одамлар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан руҳ ва унинг моҳияти ҳақида сўрашганида Аллоҳнинг қуйидаги ояти нозил бўлди:
“Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт” (Исро-85).

Биз руҳдан билишимиз мумкин бўлган нарса – у тирик жонзотни ҳаракатга ундовчи нарса эканини англаш, холос.
Аммо у нима? Руҳнинг муайян шакли борми, бор бўлса, у тирик жонзотнинг қаерида жойлашган? Руҳ жонзотга қандай киради ва қандай чиқади? Бу нарсаларнинг ҳаммаси илоҳий сирлардир ва инсон бу ҳақдаги илмдан бирор нарса билиши асло мумкин эмас.
Аммо нафсдан ақл, ажратиш, ҳис этиш ва ғариза (инстинкт, табиий сезги) туйғулари келиб чиқади.
Шунинг учун Қуръон оятлари нафс ҳақида гапирганида унинг хусусиятлари ва сифатларини баён этади:
“Ва нафс билан ва унинг бекам-кўст қилиб яратилиши билан қасам. Бас, у (нафс)га фужурини ва тақвосини билдирди. Батаҳқиқ, ким у (яъни, ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан)ни покласа, ютуққа эришади. Ва батаҳқиқ, ким у (нафсни фисқ-фужур билан) кирласа, ноумид бўлади” (Ваш-шамс, 7-10);
“Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билувчидир” (Юсуф, 53);
“Ҳар бир нафс ўз касбининг гаровидир” (Муддассир, 38)
“Ҳа, инсон ўз нафсига қарши ўзи шоҳиддир. Гарчи узр-маъзурларини тўкиб солса ҳам” (Қиёмат, 15).
Бу сифатларни руҳда топишимизнинг имкони йўқ. Лекин тирик жонзот ҳаётида бу нарсаларга мустаҳкам боғлиқлик томони бор. Бу иккиси боғлиқлиги ҳақида Ибн Аббос (р.а.) билан имом Муҳаммад Боқирлар Аллоҳнинг Қуръондаги оятларига суяниб қуйидагича тафсир қилишган.
Ибн Аббос: “Одам боласида нафс ва руҳ бор. Бу иккиси орасида Қуёш нури каби нарса бор. Агар инсон ухласа, Аллоҳ унинг нафсини қабз қилади, аммо руҳини қабз қилмайди. Агар вафот этса, Аллоҳ унинг нафси ва руҳини қабз қилади”, дедилар.
Имом Муҳаммад Боқир эса буни қуйидагича тафсир қиладилар:
“Бирор инсон ухласа нафси Аллоҳ осмонига кўтарилади. Руҳи эса баданида қолади. Иккови орасида эса Қуёш нури каби нарса бўлади. Агар Аллоҳ руҳни қабз қилишга изн берса, нафс ҳам ижобат қилади. Агар Аллоҳ руҳнинг қолишига изн берса, нафс яна қайтади.
Аллоҳ таоло оятида: “Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларини эса, уйқуси вақтида олур. Бас, ўлишига ҳукм қилганларини ушлаб қолур, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-ибратлар бордир” (Зумар, 42).
Бундан маълум бўладики, кўпгина ғарблик олимлар нафс маърифатини эмас, нафс сулукини ўрганишади. Инсон нафси ҳақиқати, сифати ва хусусиятлари атрофидаги уларнинг тадқиқоти юзаки бўлиб, асосан тахминлар ва шахсий фикрларга асосланган, холос.
Аммо инсоният нафсини ўрганиш Аллоҳнинг китоби ва Нубувват ҳидоятидан олинади. Инсон нафсини яратган Раббиси яхши билмаса,  яратилган инсон қаердан билсин? Илоҳий ҳикмат билан шахсий фикр орасида нақадар фарқ бор-а?!.
Аллоҳ Қуръони каримда: “Ва нафс билан ва унинг бекам-кўст қилиб яратилиши билан қасам. Бас, у (нафс)га фужурини ва тақвосини билдирди. Батаҳқиқ, ким у (яъни, ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан)ни покласа, ютуққа эришади. Ва батаҳқиқ, ким у (нафсни фисқ-фужур билан) кирласа, ноумид бўлади” (Ваш-шамс, 7-10), деган сўзи билан “шахсият ва нафс таҳлили” мактабининг намояндаси Фрейднинг “Нафс дунёси бу ўрмон қонунидир. Агар сен бўри бўлмасанг, сени бўрилар еб кетади”, деб айтган гапи орасида қанчалар фарқ бор-а?!.
Ғарб ёзувчиларидан бири Алекс Карл “Бу ноаниқ инсон” номли китобида қуйидаги нарсаларни ёзади: “Замонавий тамаддун (цивилизация) ўзини қийин мавқеъда кўрмоқда. Чунки у бизга мос тушмайди. У ҳақиқий инсон табиатини билмаган ҳолда барпо қилинган. У илмий кашфиётлар ҳаёли, инсонлар шаҳвати, ваҳималари, назариялари ва рағбатлари остида вужудга келган. Аниқки, у бизнинг ҳаракатларимиз натижаси бўлгани билан жисмимиз ва шаклимизга нисбатан муносиб эмас. Ҳаммамизга маълумки, илм ҳеч қандай режа асосида пайдо бўлмайди. У таваккалига ривожланиб боради. Қисқаси, барча кашфиётлар олдиндан натижаси билинмай ривожланади. Шунга қарамай, бу натижалар дунёда инқилоб қилди. Натижада бизнинг ғарб маданиятимиз ҳозирги ҳолатига етиб келди. Инсон манзилида иситувчи мосламалар, электр жиҳозлари, лифт ва шу каби нарсаларни фақат битта сабаб учун кашф қилди. У ҳам бўлса қулайлик эди. Лекин ундан кейин инсониятга қандай ёмон таъсир қилиши эҳтимолини ҳисобга олмади. Албатта ҳозирги маданият баҳайбат бинолардан ташкил топиб, унинг тор кўчалари эса нефт чиқиндилари, кўмир ва газ зарарларини тортиқ қиляпти. Бундан ташқари кўчалари таомхона, кафе ва барларга тўла бўлиб, одамларга жигари ва ақлини куйдириб йўқ қилувчи спиртли ичимликлар ҳамда жасадларни заҳарловчи кимёвий таомларни тортиқ қилиш билан оворадир”. Бу ғарб олимларидан бирининг фикри эди.
Бугунги кунда ғарбдаги диёнатда моддий матолар ҳукмрон. Бироз руҳониятни ҳисобга олмаганда унинг асорати кўринмайди. У ерда моддий ҳаёт одамларнинг ақли ва қалбларини чулғаб олган. Ўша моддият учун бутун ҳис-туйғу ва шуъурлари ғолиб келган. Самовий динлар хусусан христиан дини ўрнини моддий ҳис эгаллаган. Фақат оз миқдордаги Аллоҳ рози бўлмайдиган диний эътиқоддаги, мутаассиб кишиларгина мавжуд холос.
Коммунизм ва капитализм низоми кишиларга тинчлик ва хотиржамлик туҳфа этишдан ожиз эканини исботлаб бўлди. Мана коммунизм парчаланиб, тарқалиб кетди. Капитализм ҳам башарият учун афзал бир жамият эмас. Бутун дунё аҳолисининг икки фоизини ташкил этувчи Америкада бутун дунёдаги 60 фоиз наркотикани истемол қилинади.
Инсон нафсини баҳс қилган тадқиқотчилар ҳар-турлик йўлларни ишлатиб кўришди. Буларнинг баъзиси бизнинг дунё ҳудудимизда яроқли бўлса ва баъзиси яроқсиздир. Улар нафс соҳасида яроқлик эшикни очишмаган. Биз эшик деганда нафс учун мўлжалланган эшикни назарда тутмоқдамиз. Аллоҳ таоло: “Ва уйларга эшикларидан киринг” (Бақара-189), деб айтган.
Яъни инсон нафсини муолажа қилишда тўғри йўналишни танланг.
Ҳозирги ҳаётимизда ҳаёт воқеълигида икки ҳил қараш мавжуд.
Биринчиси: Бу тоифадаги кишилар ишга қаттиқ шўнғиган ҳолатда фароғат ва хотиржамликда яшаб, фақат бу дунёни ўзидагина роҳат, катта миқдордаги лаззат ва шаҳватни қондиришни тушунишади. Аслида инсон нафси агар яхши яшашга ўрганиб қолса у етишмовчилик ва қийинчиликка чидай олмайди. Чунки унинг нафси тарбиялаганига мувофиқ ўзини ўраб турган ҳолатидан рози бўлган.
Шоир айтганидек;
Агар нафсни қизиқтирсанг қизиқувчидир.
Агар уни озга ўргатсанг қаноат қилувчидир.
Инсонни яратган Аллоҳ унинг нафсини ҳам яхши билганидан Ўзининг оятида: “Дарҳақиқат, (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар — ҳаддидан ошар” (Алақ-6-7), деб айтган. Фақат Аллоҳ асраганларгина бундан истиснодир.
Иккинчиси: Исломий тушунчалардан келиб чиққан тушунчадир.
Исломий тушунчада инсон, ҳаётлик вақтида ҳар-хир бало ва синашларга йўлиқади. Албатта бу дунё ҳаёти, имтиҳон ва синаш диёридир. Мана шу имтиҳон уни Қиёматдаги мавқеъси ва тақдирини ҳал қилади. У Қиёмат шундай бир кунки, унда инсон дунё ҳаётидаги ҳар-бир қилган амалини ҳисоб-китоб қилинади. У имтиҳон куни бўлиб, уни унутиш жоиз эмас. Балки аксинча бўлиб, унга бор куч-қуввати, иймон ва ихлос билан тайёргарлик қилиши даркор. У имтиҳон кунида узр ва пушаймонлик фойда бермайди. Балки аввалги дунё ҳаётидаги натижаларига қараб, муваффақият ёки хасрат ва надоматга дучор бўлади.
Демак мусусмонларнинг дини олдидаги бурчларидан бири нафсини ҳақиқатини яхшилаб билмоқлигидир. Чунки нафс ҳисоб кунидаги савоб ва жазо ўрнидир. Қачонки Аллоҳ инсонни яратганида, аввало унинг жасадини лойдан яратди. Сўнгра ҳаёт бағишлаш учун унга руҳни киритди. Лекин жасад ва руҳдан таркиб топган нарса бу махлуқга инсонлик қийматини бермайди. Яъни то Раббиси унга маърифат малакасини берса шундагина ҳақиқий инсон бўлади. Лекин ҳақиқий маърифат қаерга яширилган? Дейилса, албатта у нафсдир. Мана шу нафсда илм ва маърифат малакаси бўлиб, ушбу нарса билан ажратиш, идрок қилиш ва ихтиёр қилиш каби нарсаларни қўлга киритади.
Қуйидаги сатрларда исломдаги психологиядан баъзи намуналарни келтирамиз.


Бахтли бўл!

* Иймон ва солиҳ амал пок ҳаётинг сиридир. Сен бу икковини қўлга киритиш учун ҳаракат қил.
* Илм ва маърифат талабида бўлиб ўқишни лозим тут. Чунки китоб ўқиш ғамни кетказади.
* Тавбани доим айтиб юр ва гуноҳлардан бутунлай четлан, чунки гуноҳ ҳаётингни заҳарлайди.
* Қуръонни тадаббур ва тафаккур билан ўқишни лозим тут ҳамда Аллоҳнинг зикрини кўпайтир.
* Одамларга яхшиликнинг ҳар турини дариғ тутмай қилиб юр, шунда қалбинг шод бўлади.
* Шижоатли бўл, журъатсиз ва қўрқоқ бўлмагин. Шижоатли бўлиш қалбга роҳат бахш этади.
* Қалбингни ҳасад, гина, ахлоқсизлик, ғирромлик ва барча касалликдан покла.
* Кўз ташлаш, гапириш, қулоқ солиш, одамларга аралашиш, ейиш ва ичишнинг кўпини тарк қил.
* Самарали ишларга банд бўл, шунда ғам-хафаликни унутасан.
* Шу бугунги кунинг ҳудудида яшагин, ўтиб кетган ёки энди келадиган кунларингни унут.
* Кўриниши, ризқи, офияти ва шунга ўхшаш нарсаларда ўзингдан паст бўлганга қара.
* Эҳтимолнинг энг ёмонини чамалаб кўр, кейин у нарса содир бўлса, ўша воқеага муомала қил.
* Зеҳнингни қўрқинчли хаёллар ва ёмон фикрларга итоат эттирма.
* Ғазаб қилма, сабр қил, ғазабингни ичингга ют, ҳалим бўл, бағрикенглик қил, умр жуда қисқа.
* Неъматлар кетишидан, азоб-бало зоҳир бўлишидан хавфсирама, балки Аллоҳга таваккал қил.
* Муаммоларга табиий ҳажм бер, ҳодисаларни катталаштириб юборма.
* Фитна, тил бириктириш, бошқага қийинчилик етишини кутиб туришдан халос бўл.
* Ҳаётингни соддалаштир, дабдабали яшашдан четлан, ортиқча нарсалар билан яшаш ортиқча машғулотдир. Жисм дабдабали бўлиши руҳ учун азобдир.
* Ҳузурингдаги неъмат билан содир бўлган мусибатларни чамалаб кўр, шунда йўқотишдан кўра фойдани кўпроқ топасан.
* Сен ҳақингда айтилган ёмон сўзлар ҳеч қачон сенга зарра бермайди, балки ўша сўзни айтган кишига зиён етади. Сен бу ҳақда ўйлаб ўтирма.
* Фикрларингни тўғрилаб ол, неъмат, муваффақият ва фазилат устида фикр юрит.
* Бирор кишидан раҳмат кутиб ўтирма, ҳеч кимнинг устида бу ҳақда ҳаққинг йўқ. Балки яхшиликни Аллоҳ розилиги учунгина бажар.
* Фойдали режа тузгин, ғамингни унутиш учун ўша режага машғул бўлиб, фикр юрит.
* Ишингни шу заҳоти бартараф қил, бугунги ишингни эртага қолдирма.
* Ўзингга муносиб бўлган фойдали амални таълим ол, ўзинг роҳат оладиган ишни бажар.
* Аллоҳ сенга берган неъматлар устида фикр юрит, у ҳақда гапириб Аллоҳга шукр айт.
* Аллоҳ сенга ато қилган сиҳҳат, мол-дунё, аҳлинг ва ишингга қаноат қил.
* Яқин ва узоқ кишиларинг билан уларнинг яхшиликларини кўриб муомала қил, айбларидан кўзингни юмгин.
* Бировларнинг хатоси, миш-мишлар, тойилишлар ва одамлар ҳақидаги хабарларга эътибор бераверма.
* Сен пиёда юришга, спортга ва соғлигингга аҳамият бер, чунки соғ танда соғ ақл бўлади.
* Доим Аллоҳдан авф, офият, яхши ҳолат ва тан сиҳҳатлигини сўраб дуо қил.

Фикр айла ва шукр қил

Бунинг маъноси шуки, Аллоҳнинг сенга берган неъматларини эсла. Ўша неъматлар устингдан ва оёғинг остидан ўраб олгандир.
«Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар» (Иброҳим сураси, 34-оят).
Баданингиз соғ бўлиши, юртингиз тинч бўлиши, озуқа ва кийимлар бўлиши, ҳаво ва сув мавжудлиги, қўйингки, дунё сизнинг қўлингизда-ю, уни ҳис қилмаяпсиз. Ҳаётга эгасиз-да, уни билмаяпсиз.
«Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни, моддий ва маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?» (Луқмон сураси, 20-оят.)
Икки кўзинг, тилинг, икки лабинг, икки қўлинг ва икки оёғинг мужассам. «Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсизлар?» (Раҳмон сураси, 51-оят.)
Ўйлаб кўр-чи, кесилган оёқ билан юриш осон ишми? Болдиринг кесилган бўлса, унга суянишнинг иложи борми? Оғриқ ўраб турганида кўзингни юмиб ухлай олармидинг ёки қорнингга иштаҳа тусаб турган овқатни ёки совуқ сувни тиқа олармидинг? Шундай кишилар борки, овқат дилини хира қилиб, ичган суви заҳарлаб, уни касалга мубтало қилган. Қулоғинг ҳақида фикр юрит, чунки сен карликдан халос этилдинг, кўзинг ҳақида ўйла, чунки кўрликдан омонда қилиндинг, теринг тўғрисида фикр айла, чунки сен песлик ва мовохликдан нажот топдинг, ақлингга назар сол, чунки ақлинг мужассам бўлгани учун жиннилик ва довдирликка чалинмадинг.
Битта кўзингни Уҳуд тоғидек олтинга алиштирасанми? Ёки қулоғингни Саҳлон тоғи вазнича кумуш эвазига сотишни яхши кўрасанми? Тилингнинг соқов бўлиши эвазига Заҳро қасрини сотиб олишни хоҳлайсанми? Қўлинг кесилиши эвазига гавҳар ва ёқутлар берилишини истайсанми? Сен ўзи аслида энг афзал неъматлар ичидасан, лекин ўзинг билмайсан. Ғам-ғусса, хафа ва тушкунликда яшайсан. Олдингда иссиқ нонинг, совуқ сувинг, тинч уйқунг ва офият турсанг-да, йўқотган нарсаларингни фикрлайсан, борига шукр қилмайсан, молиявий зарардан безовта бўласан, аслида олдингда саодат калити, беҳисоб яхшилик, иқтидор, неъмат ва бошқа эзгу нарсалар бор. «Нафсларингизга оят-аломатлар бордир. Ахир кўрмайсизларми?» (Зорият сураси, 21-оят.)
Ўз нафсинг, аҳлинг, уйинг, ишинг, офиятинг, дўстларинг ва атрофингдаги дунё ҳақида фикр юрит. «Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар ва кейин уни инкор қилурлар» (Наҳл сураси, 83-оят).

Ўтган ишга саловот

Ўтган ишни эслаб, унинг таъсирига тушиб хотирлаш ҳамда фожеаларга хафа бўлиш аҳмоқлик ва жинниликдир. Шунингдек, иродани синдириш ва ҳозирги ҳаётни совуриш ҳамдир. Ўтган ишнинг маълумотномалари ақлли кишилар наздида пинҳона тутилиб, оғиздан оғизга кўчирилмайди. У доимий унутиш зиндонига қулфланиб, бепарволик қамоқхонасига мустаҳкам арқон билан боғлангандир. У ҳеч қачон чиқиб кетмайди. Шу даражада ёпиладики, ёруғлик кўринмайди. Чунки ўтиб кетди ва тугади. Хафалик эса қайтиб келмайди, ғам эса ўнгланмайди, қийинчилик қайта бўлмайди, чунки у йўқ бўлиб кетди. Сен ўтган замон босинқирашида, йўқ бўлиб кетувчи соя остида яшама. Нафсингни мозий хаёлотидан сақла. Нима, сен сув анҳорнинг бошланган жойига қайтиб кетишини, қуёшнинг чиққан жойига кириб кетишини, бола она қорнига, сут кўкракка ва кўз ёши кўзга қайтишини хоҳлайсанми? Демак, ўтган замон учун таъсирланишинг, ундан безовта бўлиб, олови билан куйишинг, остонасига қулашинг қўрқинчли, даҳшатли хавф-хатардир. Ўтган замон дафтарини ўқишинг ҳозирги кунинг йўқ бўлиши, хатти-ҳаракатларинг парчаланиб, ҳозирги реал фурсатни барбод қилишдир. Аллоҳ умматлар нима қилишганини зикр қилиб: «Улар ўтиб кетган кишилардир», деб айтган (Бақара сураси, 134-оят).
Иш тугаб ўтиб бўлган, замон жуссасини ёриб кўришнинг ва тарих ғилдирагини қайтаришнинг фойдаси йўқ, ўтиб кетган ишга қайтиш худди унни яна тегирмонда ун қиламан, деган кишига ёки арраланган ўтин қипиғини қайтадан арралайман, деган одамга ўхшайди. Қадимда ўтганларга йиғловчи кишига «Йиғлаганинг билан ўликлар қабрдан чиқмайди», дейишган.
Ҳайвонлар тилидан гапириб эшакка: «Нима учун етаклашганда судралмайсан?» дейилганда, у: «Ёлғонни ёмон кўраман», деган экан.
Бизнинг балоимиз шуки, ҳозирги нарсаларни рўёбга чиқаришдан ожизмиз-да, мозийга машғулмиз. Чиройли қасрларимизга беътибор бўлиб, эскирган харобаларга ўзимизни бахш этамиз. Агар инсону жин ўтмишни қайтаришга жам бўлса ҳам, асло уни қайтаролмайди. Чунки бу айни маҳолликдир.
Одамлар орқага қарамайди. Чунки шамол ҳам олдинга эсади, сув ҳам олдинга қараб оқади, карвон ҳам олдинга қараб юради. Сен ҳаёт қонунига хилоф қилма.


Бугунги кунинг ҳақиқий кундир

Агар тонг орттирсанг, кеч бўлишини кутма, бугунги кунингга яраша яша! Яхшилигу ёмонлиги кетган ўтган кеча билан ҳам, ҳали келиб улгурмаган эрта билан ҳам яшамагин. Қуёши чиққан, наҳори етиб келган бугунги кунинг учун кифоялан. Гўёки умринг бир кун, сен яшаш абадийлигини шу кунинг учун қил, гўё бугун туғилгансан-да ва бугун ўласан. Ўтган замон ташвиши, ғам-ғуссаси билан, келажакнинг қўрқинчли шарпаси ва даҳшатли босимидан таъсирланма. Бор диққатинг, аҳамиятинг, ижодкорлигинг ва жидду жаҳдингни фақат бу кунинг учун қарат. Шундай экан, бугунги кунинг учун хушуъли намоз, тадаббурли тиловат, фикр юритиб хабардор бўлиш, қалб ҳозирлиги билан зикр, ишларда мувозанат, хулқларда яхшилик, ризқ тақсимотида розилик, кўринишга аҳамият, жисмга ғамхўрлик ва бошқаларга манфаат етказиш каби нарсаларни ўзингда мужассам қил.
Сен бугунги кун билан яшаб, соатларни тақсимлаб, дақиқаларидан йиллар, сонияларидан ойларни барпо этишинг ва у кунда яхшилик қилиб, хайр-эҳсонлар улашиб, гуноҳларга истиғфор айтиб, Раббингни зикр қилиб, охират сафарига тайёр бўлиб, бугунги кунингда шоду хуррамликда, омонлик ва хотиржамликда, ризқинг, аҳли аёлинг, болаларинг, вазифанг, уйинг ва илмий савиянгдан рози бўлиб яшайсан.
“Сенга ато қилган нарсани олгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин”. (Аъроф-114). Шунда бу кунингдан хафа бўлмасдан, безовталанмай, ғазаб, гина ва ҳасадга берилмасдан яшайсан.
Қалбинг доскаси ва ҳамда ёзув столинг устига «Бу кунинг ҳақиқий кунинг», деб ёзиб қўй. Агар иштаҳа қилган ҳолда бугун иссиқ нон есанг, кеча еган пўпанак босиб қотиб қолган нонинг ёки эртага ейдиган нонинг зарар берадими?
Агар бугун ширин, булоқ суви ичсанг нима учун кеча ичган шўр, намакоб сувга хафа бўласан ёки эртага ичишинг мумкин бўлган, туриб қолган иссиқ сувга аҳамият берасан. Агар ўзингдаги қаттиқ ва ўткир ҳамда метин иродангни «Фақат бугун учун яшайман» назариясига бўйин эгдирсанг демак сен борлиғинг биносини, иқтидоринг юксалишини, амалинг соф бўлишини қўлга киритибсан. Шунда сен фақат, шу бугун лафзимни ширин қиламан, фаҳш, сўкиш ёки ғийбат сўзларни айтмайман. Фақат шу бугун уйимни, ёзув столимни тартиблайман дегин. Шунда пала-партишлик, сочилиб кетишлик бўлмайди. Фақат бугуним учун яшаб, жисмим тозалигига, кўринишимни яхшиланишига, устки кийим бошимни тузатиш, юришим, сўзим ва ҳаракатим мувозанатли бўлишига аҳамият бераман, дегин.
Фақат бу куним учун яшаб, раббим тоатига, намозимни энг чиройли кўринишда, нафлларга бойитилган ҳолда адо этишга, Қуръоним мажбуриятини бажаришга, китобларимга назар солишга, фойдали нарсаларни ёд олишга, манфаатли китобларни мутола қилишга киришаман.
Фақат бу куним учун яшаб, қалбимга фазилат уруғини экиб, ундан тиконли шохи бўлмиш ёмонликни яъни кибр, ажабланиш, риё, ҳасад, гина, алдов ва ёмон гумон каби нарсаларни таг-томири билан йўқ қиламан.
Фақат бугун учун яшаб бошқаларга манфаат бериб, эҳсон қиламан. Касал кўргани бораман, жанозада иштирок этаман, иккиланиб турганларни йўллаб қўяман, очларга овқат улашаман, қийналганларга таскин бераман, мазлум билан бирга тураман, бечора ҳолларга воситачи бўламан, жабрланганларга тасалли бераман, олимларни ҳурматини жойига қўяман, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззатда бўламан.
Фақат бугун учун яшайман, чунки ўтган иш ўтиб кетди, худди қуёш каби ботиб кетди. Ҳеч кетган нарсага йиғламайман ҳам, бирор лаҳза эслаш учун турганимни кўрмайсиз ҳам, чунки мозий бизни тарк қилиб, четлашиб, абадул-абад қайтмайдиган бўлиб кетган.
Эй келажак! Сен ғайб оламидасан, мен эса хаёллар олами билан муомала қилмайман, нафсимни ваҳималарга сотмайман, йўқолувчи нарсаларга шошмайман, чунки «эрта» ҳеч нарса эмас, ҳали халқ қилинмаган, ҳеч ким уни ҳали эсламаган. Бу кунинг ҳақиқий кундир.
Эй инсон! Ҳаётни энг чиройли сурати ва ҳолатини хоҳласанг, луғатдаги энг чиройли сўз «БУ КУНИНГ ҲАҚИҚИЙ КУНДИР», деган сўздир.

Араб тилидан Анвар Аҳмад таржимаси
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri