Ризқнинг кенгайиши ёки торайиши тоат ва маъсиятга боғлиқми? Принтер учун
23.03.2012 й.
Махлуқотлар ризқи азалда Аллоҳ таоло томонидан қатъий суратда тақдир қилиб белгилаб қўйилгани аниқ. Аммо кишида, бандалар ризқининг зиёда бўлиши ёки камайиши қилаётган амалларига боғлиқми, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Бунга қуйида ҳадиси шарифлардан жавоб излаймиз.

Савбон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Киши гуноҳлари туфайли ўзига келаётган ризқдан, албатта маҳрум бўлади. Қадарни фақатгина дуо қайтаради. Умрни фақат яхшиликлар узайтиради” (Имом Аҳмад “Муснад”да, имом Табароний “Кабийр”да ва Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч нарса ҳақида тўхталмоқдалар:
“Киши гуноҳлари туфайли ўзига келаётган ризқдан, албатта маҳрум бўлади”.
Бу ердаги “киши”дан мурод мўмин киши, “ризқдан махрум бўлиш” ризқнинг бебарака бўлишидир.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳар бир банданинг ризқи азалда Аллоҳ томонидан тақдир қилинган. Қайси бандага қанча ризқ берилиши аниқ ва ўлчовли. Аммо бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам гуноҳ ва маъсиятлар бандани ризқдан тўсишини маълум қилмоқдалар. Агар “киши”дан мурод “мўмин киши” бўлса, айтиш мумкинки, мўмин гуноҳ амал содир этса, ўзига келаётган ризқдан маҳрум бўлади. Бу қилган гуноҳига каффорат бўлиши учундир. Аммо кофир гуноҳ қилса-қилмаса, фарқи йўқ. Уларга мана шу дунёнинг ўзида неъматлар мукаммал қилиб берилади. Уларнинг гуноҳлари ризқни тўсмайди. Қилган баъзи яхшиликлари ризқларини кўпайтириб қўймайди.
“Ризқдан маҳрум бўлиш”дан мурод “ризқдан барака кўтарилиши” бўлса, айтиш мумкинки, биронта ҳам банда ризқсиз, насибасиз қолиб кетмайди. Гарчи ер билан осмон ораси тўладиган даражада гуноҳ қилса ҳам. Акс ҳолда кофир, мушрик ва осий бандаларга содир этган қилмишлари боис зиғирча ҳам мол-дунё ва бойлик берилмаган бўларди. Бунинг тасдиғи ўлароқ айтиш мумкинки, дунё неъматларининг аксарият қисми Исломга мансуб бўлмаган кишилар қўлида тўпланган.
“Қадарни фақатгина дуо қайтаради”.
Аллоҳ таоло содир бўладиган барча ҳодисаларни Лавҳул-Маҳфузда тақдир қилиб битиб қўйган. Биз бунга шак-шубҳасиз имон келтирамиз. Бир тарафдан кишида шундай савол туғилиши мумкин: “Ваҳоланки, Аллоҳ таоло  жамики нарса ва ҳодисаларни ўлчовли қилиб, олдиндан белгилаб қўйган экан, у ҳолда банданинг дуо қилишидан нима фойда бор. У дуо қилса-қилмаса, барибир унга тақдирида битилган яхшилик ёки кулфат-қийинчиликлар келаверади-ку?!”
Ушбу саволга имом Ғаззолий шундай жавоб беради: “Билгинки, сенинг тақдирингга битилган мусибатлар дуо билан қайтарилади. Дуо кулфат ва балони қайтарувчи, раҳмат ва бараканинг келишига сабаб бўлувчи воситадир. Худди қалқон сен тарафга келаётган пайконни тўсиб қолганидек, дуо ҳам бошингга тушиши мумкин бўлган кулфатларни аритади”.
Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай ҳадисни ривоят қилади: “Кимга дуо қилиш неъмати ато этилган бўлса, бас унга раҳмат эшиклари очилибди. Зеро, дуо тушган ва тушмаган нарсалар (яъни, кулфатларнинг олдини олиш ҳамда хайр-бараканинг ёғилишида) фойда беради. Қазони фақатгина дуо қайтаради. Бас, шундай экан, сизлар ўзингизга дуо қилишни лозим тутинглар!” (Термизий ривояти).
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, дуо туфайли инсон ҳаётига барака ва ишларига ривож бахш этилади. Дуо орқали ҳар қандай кулфатнинг олди олинади.
“Умрни фақат яхшиликлар узайтиради”.
Яхшилик қилиш дунё ва охиратда саодатга элтувчи воситадир. Яхшилик уруғларини эккан одам ҳеч қачон афсусланмайди. Куни келиб унинг тотли мевасини, албатта кўради.
Ҳадисда айтилишича, яхшилик қилиш киши умрини зиёда қилар экан. Хўш, бунга сабаб нима?
Яхшиликлар банда умрини кўпайтиришининг тиббий ва маънавий сабаблари мавжуд. Аввало, тиббий сабабларини кўриб ўтамиз.
Маълумки, одам танасидаги барча ҳужайралар, тўқималар тизимини бошқариш, тартибга солиш ва уларнинг бир-бири билан ўзаро боғлиқлигини таъминлаш асаб тизимига юклатилган. Кишининг руҳий ҳолати – хафа ёки хурсанд бўлиши, ғам-ташвиш чекиши асаб тизимига салбий таъсир кўрасатади. Бу таъсир одам танасининг барча аъзоларида ўз аксини топади. Агар киши руҳан сиқилса ёки ғазабланса, унинг ҳар бир аъзосига ўта зарарли ҳисобланади. Бунинг акси ўлароқ киши бирон одамга чин дилдан яхшилик қилганида қалбида равшанлик ва беғуборликни ҳис қилади. Кўнглидаги турли ҳираликлар барҳам топади ва ўзини қушдек енгил сезади. Бу нарса унинг асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Киши аъзоларининг фаолияти яхшиланади. Шу зайл унинг умри узаяди.
Яхшиликнинг умрни узайишидаги маънавий сабабларига тўхталадиган бўлсак, авваламбор, бандаларига яхшилик қилганни Аллоҳ ҳам Ўз неъмати ила сийлайди. Унинг умрини узоқ қилади. Фаришталар ҳам унинг ҳаққига яхшилик сўраб, Аллоҳга эртаю кеч дуо ва истиғфор айтадилар. Шунингдек, яхшилик кўрган одам яхшилик қилувчи ҳаққига: “Умрингдан барака топ, умринг зиёда бўлсин!” деб дуо қилади. Бундай ҳолатда унинг дуоси мустажоб бўлишига шубҳа йўқ.
Шу ерда “ҳамма яхшилик қилувчиларнинг ҳам умри узоқ бўлавермайди-ку?” деган савол туғилиши мумкин. Гарчи яхшилик қилган одамнинг умри йил ҳисобида зиёда бўлмаса-да, ҳаёти баракали бўлади. Бундай банда имон-эътиқодда яшаб, вафотидан сўнг ўзига савоб бориб туришига сабаб бўладиган кўплаб солиҳ амалларни қилишга улгуради. Ҳаётда бундай одамларни кўп учратамиз. Уларнинг умри оддий кишиларники каби ўтади, аммо улар амалга оширган ишларни қилишга, таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, асрлар ҳам камлик қилади.

Абу Саид розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта ризқни маъсият камайтирмайди, ҳасана (яхшилик) кўпайтирмайди. Дуони тарк қилиш маъсиятдир”,  деб айтганларини эшитганман” (Имом Табароний “Соғийр”да ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда тақдир ва ризқ масаласи ўзига хос услубда ифодаланмоқда.
“Албатта ризқни маъсият камайтирмайди, ҳасана (яхшилик) кўпайтирмайди”.
Юқорида келтириб ўтилган “киши гуноҳлари туфайли ўзига келаётган ризқдан, албатта маҳрум бўлади” ҳадиси билан мазкур ҳадисни солиштириб кўрсак, умумий хулоса чиқариш мумкин. Бу ерда ризқлар Аллоҳ томонидан тақдир қилингани ўзига хос таъсирли услубда ифодаланмоқда. Бандага ёзилган ризқ қандоқ бўлса ҳам, унга боради. Ким ёки нима қаршилик кўрсатишидан қатъи назар, банда гуноҳ ёки солиҳ амаллар бажаришига қарамай тақдирида ёзилган миқдордаги насибасига эришади. Банда ўша ризқини тўла-тўкис олмагунича дунёдан ўтмайди. Аммо ризқнинг камайиши билан ундан маҳрум бўлиш, кўпайиши билан унга барака кириши орасида фарқ бор.
“Дуони тарк қилиш маъсиятдир”.
Банданинг Парвардигорига дуо ва илтижо қилиши улуғ ибодатдир. Ихлос билан дуо қилиш банданинг имони мустаҳкам, қалби пок, ўзи кибр ва ғурурдан узоқ эканига далолат қилади. Дуо қилмаслик эса манманлик, мутакаббирлик белгиси саналади. Банда ҳар қанча бой бўлмасин, мудом ўзини Аллоҳга муҳтож эканини унутмаслиги, У зотга дуо қилиб ёлвориши, гуноҳларини кечиришини сўраб илтижолар этиши лозим. Акс ҳолда дуо қилмаслик билан банда катта маъсиятга қўл урган, ўзини беҳожат санаб, кибр қилган бўлади. Бундай банда Аллоҳ ҳеч қачон хуш кўрмайди. Шу маънода Фузайл ибн Иёз айтади: “Одамларга одамларнинг ёқимлироғи кишилардан беҳожат бўлгани ва улардан ҳеч нарса сўрамайдиганидир. Одамларга одамларнинг ёқмайдигани уларга муҳтож бўлганидир. Аллоҳ наздида одамларнинг севимлироғи Аллоҳга муҳтож бўлгани ва Ундан сўраганидир. Аллоҳ учун одамларнинг ёмонроғи У Зотдан “беҳожат” бўлгани ва ҳеч нарса сўрамайдиганидир”.
Ҳадис матнида “(ризқни) ҳасана кўпайтирмайди” дейилгандан сўнг “дуони тарк этиш маъсиятдир” деб айтилиши, фикримизча, аксарият ҳолларда Аллоҳга ибодат қилиш, У Зотга дуо қилиб ўзларининг ожиз эканликларини изҳор этиш бой-бадавлат ва мол-дунё эгаси бўлган кишиларда кам учрашига далолат қилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта Аллоҳ ораларингизда хулқларингизни тақсимлагани каби ризқларингизни ҳам тақсимлаб қўйгандир. Албатта Аллоҳ дунёни Ўзи яхши кўрган ва яхши кўрмаган бандасига бераверади, аммо динни фақат яхши кўрган бандасига беради. Бас, Аллоҳ кимга динни берган экан, У зот уни яхши кўрибди” (Имом Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадисда Аллоҳ таоло томонидан бандалар ризқи тақсимлаб қўйилгани, мол-дунёни Аллоҳ кимларга бериши ва имоннинг бойликдан афзал экани айтилмоқда.
“Албатта Аллоҳ ораларингизда хулқларингизни тақсимлагани каби ризқларингизни ҳам тақсимлаб қўйгандир”.
Аллоҳ бандаларининг ризқини тақсимлаб, уларга насибаларини етказиб бериш кафолатини зиммасига олган. Буни юқорида муфассал тарзда ўргандик. Шунингдек, Аллоҳ бандаларининг хулқларини ҳам тақсимлагандир. Хоҳлаган бандасига ҳусни хулқ, хоҳлаган бандасига бадҳулқ бериши мумкин. Шу сабаб банда чиройли одоб-аҳлоқ соҳиби бўлишга ҳаракат қилиб, Аллоҳдан ҳусни хулқли бўлишни сўраб, дуо қилиб юриши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар.
“Албатта Аллоҳ дунёни Ўзи яхши кўрган ва яхши кўрмаган бандасига бераверади, аммо динни фақат яхши кўрган бандасига беради”.
Бу ердаги “дунё”дан мурод дунё ва ундаги бор нарсалар – мол-мулк, шон-шуҳрат, мансаб ва ҳоказолардир. “Дин”дан мурод эса имон-эътиқод, охират саодати, ихлос ва хотиржамликдир.
Демак, дунёга тегишли бўлган нарсаларнинг Аллоҳ наздида пашша қанотичалик қадри йўқ. Шу сабаб уни хоҳлаган бандасига – мўминга ҳам, кофирга ҳам, суйган бандасига ҳам, ёмон кўрганига ҳам, солиҳга ҳам, фосиққа ҳам баробар бераверади. Чунончи, бир бандада мол-дунё, бойлик, ўткинчи дунё неъматларининг жамланиши унинг Аллоҳнинг даргоҳида мартабаси баланд эканига далолат қилмайди.
Аллоҳнинг бандани яхши кўриши бошқа жиҳатга кўра белгиланади. Аллоҳ томонидан суйилган бандаларга имон-эътиқод ва ихлос неъмати берилади. Кимки ўзида шу нарсаларни топса, Аллоҳ уни Ўзининг севимли бандалари қаторига қўшгани учун шукр қилсин ва солиҳ амалларда давомли бўлсин.
“Бас, Аллоҳ кимга динни берган экан, У зот уни яхши кўрибди...”
Ким имон неъматига эришган бўлса, у Аллоҳнинг севимли бандаларидан эканига шубҳа йўқ.
Аллоҳ таоло айтади:
“(Эй Муҳаммад, бу дунёда одамларнинг) барчаларига – мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) ман қилинмас” (Исро, 20).
Яъни, Биз мана бу икки тоифа вакилларига – фақат дунё ва унинг зийнатини хоҳловчиларга ҳам, охират ва унинг саодатини истаб, шунга эришиш учун интилаётганларга ҳам дунё неъматларидан хоҳлаган миқдорда берамиз. Зеро, Парвардигорингиз неъматлари ҳеч кимдан ман қилинмайди.

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис ривоят қилади: “Албатта кофир, агар бир яхшилик қилса, бунинг эвазига дунёда унга бир неъмат берилади. Аммо мўмин бўлса, Аллоҳ унинг ҳасанотларини охиратга захира қилиб қолдириб, дунёда эса унга тоатига яраша ризқ беради” (Имом Муслим ривояти).
Имом Муслим Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа ҳадисда “Албатта Аллоҳ мўминнинг яхшиликларини камайтирмайди. Унга ушбу (яхшилик) сабабидан дунёда (ризқ) беради, охиратда эса мукофотлайди. Аммо кофир эса, дунёда Аллоҳ учун қилган яхши амали эвазига неъматлантирилади, бироқ охират куни уни мукофотлашга яхшилиги қолмайди”, деб келтирилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банданинг қиладиган савоб ёки гуноҳ амаллари унинг ризқи кўпайиши ёки камайиши, барака кириши ёки бебарака бўлишига сабаб бўлади. Буни тасдиқлайдиган ҳужжатлар – оят ва ҳадислар жуда кўп ворид бўлган. Қуйида ана шу ривоятлар билан танишиб чиқамиз.

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом хатиби Одилхон Юнусхон
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri