Ризқнинг кенгайишига сабаб бўлувчи омиллар Принтер учун
25.03.2012 й.
Аллоҳга тақво қилиш

“Тақво” сўзини уламолар турлича таърифлашган. Имом Роғиб ал-Асфаҳоний: “Тақво нафсни гуноҳдан сақлашдир. Бу ҳаром ишларни тарк этиш билан бўлади. Ҳатто баъзи мубоҳ ишларни ҳам тарк қилиш тақвонинг комиллигидандир”, деган. Имом Нававий айтади: “Тақво Аллоҳнинг амр ва қайтариқларига эргашишдир. Унинг маъноси эса, У Зот субҳанаҳу ва таолонинг ғазаби ва азобидан эҳтиёт бўлиб юришдир”.
Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва ҳадиси шарифларда Аллоҳга тақво қилиш кенг ризққа сабаб бўлиши таъкидланган.
Аллоҳ таоло айтади:
“Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун чиқар йўлни (пайдо) қилур ва уни ўйламаган томонидан ризқлантирур” (Талоқ, 2-3).
Яъни, қайси бир банда Аллоҳ таолога тақво қилса, У зот буюрган амалларни ихлос билан бажариб, қайтарган нарсалардан сақланса, Аллоҳ бундай бандани ҳар қандай кулфат ва мусибатлардан, ғам-андуҳлардан фориғ этиб, уни ўзи ўйламаган, хаёлига келтирмаган томондан ризқлантириб қўяди.
Баъзи тафсир китобларида ушбу оят “Кимки ҳаромдан тақво қилса, Аллоҳ у банда учун ҳалолга, қийинчиликлардан фаровонликка ва дўзахдан жаннатга чиқар йўл пайдо қилади” деб тафсир қилинган (“Тафсирул алусий”).
Исмоил Бажжий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзингизга амр қилинган амалларни тўлиқ адо қилганларингизда, албатта экин экмаган ҳолда ризқлантирилган бўлар эдингиз”, деганлар” (Имом Бухорий “Тарих”да ривоят қилган).
Имрон ибн Ҳусойн розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимки ўзини Аллоҳга бағишласа (тақво қилса, ибодатига ажралиб чиқса), У Зот ўша бандани ўйламаган тарафдан ризқлантиради. Кимки ўзини дунёга бағишласа, Аллоҳ дунёни у бандага вакил қилиб қўяди” (Имом Табароний ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Кимки ушбу оятни чўкаётганда ёки йиртқич ҳайвон ҳамла қилганда ўқиса, унга ҳеч нарса зиён келтирмайди”, деган.
Қатода айтади: “Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот ўша бандани дунёдаги шубҳа-гумонлардан, ўлим чоғидаги мусибатдан ва қиёмат кунининг даҳшатларидан сақлайди. Шундай экан, сизлар ўзингиз учун Аллоҳга тақво қилишни лозим тутинглар! Зеро, бу билан Аллоҳ сизларга дунёда ризқ беради ва охиратда мукофотлайди”.
Аллоҳ таоло айтади:
“Агар қишлоқларнинг аҳли имон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону Ердан баракот (дарвозалари)ни очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар. Бас, уларни ўзлари қилган гуноҳлари сабабли жазоладик” (Аъроф, 96).
Ояти каримада зикр қилинган “қишлоқлар” аввал яшаб ўтган, аммо имон йўлини хушламаган кофир қавмларнинг маконларини англатади.
Яъни, мана шу қишлоқ аҳли пайғамбарлар олиб келган нарсаларга имон келтириб, уларни тасдиқлашганида, Аллоҳга тақво қилганларида, Парвардигорининг изни билан осмон уларнинг устларига баракали ёмғир ёғдирар ва Ер турли навдаги неъматларни ундириб чиқарган бўлар эди. Натижада ризқлари кенгайиб, яхшиликлар кўпайарди. Аммо улар бундай қилишмади. Пайғамбарларни ёлғончига чиқаришди. Шу сабаб Аллоҳ уларни муносиб жазолади.
Аллоҳ таоло айтади:
“Агар улар (Тўғри) Йўлда собитқадам турганларида, албатта Биз уларни мўл ёмғир билан суғорган бўлур эдик” (Жин, 16).
Яъни, агар Қурайш кофирлари Аллоҳга имон келтириб, У Зотга ибодат қилишда бардавом бўлганларида, Биз уларнинг устларига кўп миқдорда баракотли ёмғир ёғдирар эдик. Бунинг сабабидан уларга кенг ризқ ва фаровон ҳаёт ато қилардик.
Ибн Аббос айтади: “Ушбу оят етти йиллик оғир қаҳатчилик ва қурғоқчиликни бошидан кечирган Қурайш кофирлари ҳақида нозил бўлган”.
Абу Молик: “Оятдаги “ёмғир”дан мурод “бойлик”дир”, деган (Абд ибн Ҳумайд ривояти).
Робийъ ибн Анас оятдаги “мўл ёмғир”ни “фаровон ҳаёт” деб тафсир қилган (Абд ибн Ҳумайд ривояти).
Аллоҳ таоло айтади:
“Агар улар Таврот, Инжил ва Парвардигорлари томонидан нозил қилинган барча нарсаларга амал қилганларида эди, устларидан (осмондан) ҳам, остларидан (Ердан) ҳам ризқлантирилган бўлур эдилар” (Моида, 66).
Агар аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насронийлар Таврот ва Инжилга тўлиқ амал қилганларида, уни худди Аллоҳнинг даргоҳидан нозил қилинганидек, ўзгартирмай тиловат қилганларида, бу нарса уларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсага имон келтиришларига сабаб бўларди. Агар улар Ҳаққа эргашиб, ўз китобларида башорати келган Муҳаммаднинг Рисолатига имон келтирганларида эди, Аллоҳ уларга кенг ризқ берар, осмон ўз ёмғири ва баракотини туширар, Ер ўз яхшиликларини ундириб чиқарар эди. Лекин, уларнинг кўплари Аллоҳнинг ҳукмига бўсунмадилар. Фақат озчилик қисмигина мўмин бўлди.
Муҳаммад Саййид Тантовийнинг “Тафсирул васит” китобида: “Ушбу оят, агар банда Аллоҳнинг йўлида бардавом бўлса, унинг ризқи кенг бўлишига далолат қилади. Қуръони каримда бу маънода яна кўплаб оятлар келтирилган”, дейилган.

Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Эй одамлар, Аллоҳга тақво қилишни тижорат қилиб олинглар. Шунда сизларга савдо-сотиқ ва тижоратсиз ризқ келади”, дедилар ва: “Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унга чиқар йўлни (пайдо) қилади ва уни ўзи ўйламаган тарафдан ризқлантиради” оятини ўқидилар” (Ибн Мардавайҳ, имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда умматларини икки дунё саодатига етакловчи амалга тарғиб қилмоқдалар:
“Эй одамлар, Аллоҳга тақво қилишни тижорат қилиб олинглар”.
Яъни, эй умматим, Аллоҳ тақво қилишни ўзингизга фойда келтирадиган восита қилиб олинглар! Зеро, бу нарса охиратда сизларга катта ютуқ келтиради. Аллоҳ розилигини топасизлар, дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритиласизлар. Аллоҳга тақво қилишни тижорат қилиб олиш нафақат охиратда, балки ушбу дунёда ҳам сизларга манфаат келтиради:
“Шунда сизларга савдо-сотиқ ва тижоратсиз ризқ келади”.
Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, савдо-сотиқ, олди-сотди билан шуғулланмасдан туриб ҳам кенг ризқ ва фаровон ҳаётга эришасизлар.
Бу ердаги “савдо-сотиқ ва тижоратсиз” бирикмасини нотўғри тушуниб, ҳеч қандай касб-ҳунарсиз ва ҳаракат қилмайдан ҳам Аллоҳга тақво қилса, бойиб кетиш мумкин экан-да, деб тушунмаслик лозим. Одатда, кишилар наздида тижорат, савдо-сотиқ бошқа соҳаларга қараганда энг сердаромад касб саналади. Шу сабаб ҳам кенг ризқ ва фаровон ҳаёт маъноларини ифодалаш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу усулдан фойдаланиб, мўмин-мусулмонларни Аллоҳга тақво қилиш ва шариат аҳкомларига тўлиқ бўйсунишга чақирмоқдалар.
“Ва: “Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унга чиқар йўлни (пайдо) қилади ва уни ўзи ўйламаган тарафдан ризқлантиради” оятини ўқидилар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга тақво қилиш банданинг дунё ва охиратда саодатманд бўлишига, хусусан кенг ризққа эга бўлишига сабаб эканини айтиб ўтгач, сўзларини қувватлаш учун Талоқ сурасининг 2-3 оятларини  тиловат қилибдилар.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимнинг қорни очса ёки (бирон нарсага) эҳтиёж сезсаю, буни одамлардан яшириб, Аллоҳга ошкор қилса, у банда учун бир йиллик ҳалол насиба (келадиган йўл)ни очиш Аллоҳ зиммасида бўлади” (Имом Табароний “Кабийр” ва “Авсат”да ривоят қилган. Имом Табароний ривоят қилган бошқа ҳадисда: “Ҳалолдан бўлган яхши ризқ (келадиган йўл)ни очиш Аллоҳ азза ва жалланинг зиммасида бўлади”, дейилган).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимки бирон нарсага муҳтож бўлиб, уни одамларга ошкор қилса, унинг ҳожати раво қилинмайди. Кимки бирон нарсага муҳтож бўлганида, уни Аллоҳга изҳор қилса, Аллоҳ у (банда)ни тезда ёки бир оз муддат ўтгач ризқлантиради” (Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривояти).
Инсон ҳаётда яшар экан, доимий суратда турли нарсаларга эҳтиёжи тушиб туради. Бу эҳтиёж эса уни ҳаракат қилиш ва изланишга ундайди. Лекин эҳтиёжни қондириш ва шу йўлда интилиш банданинг ҳолатига қараб турлича бўлади. Ҳадисда айтилишича, кимнинг бирон нарсага эҳтиёжи туғилганда, уни одамлардан яшириб, улардан ҳожатини раво қилишларини сўрамай туриб, ҳожатини Аллоҳдан сўраса, Аллоҳ унинг эҳтиёжини қондиради. Унга бир йиллик ҳалол ризқ келадиган йўлни пайдо қилади. Бунга ҳар биримиз имон келтиришимиз ва мана шу ҳадис таълимотига асосан ишларимизни йўлга қўйишимиз лозим. Афсуски, ҳаётдаги фаолиятларимизга назар солсак, ушбу ҳадисдан бехабар эканимиз яққол намоён бўлади. Бизда бирон ҳожат туғилса, дарров кимнидир ўртага солиб, ишимизни битиришга ҳаракат қилиб қоламиз. Аллоҳга дуо қилиш, У Зотдан мушкулларимизни осон қилишини сўраш хаёлимизга келмайди. Фақат бандасининг қўлидан бирон иш келмагачгина У Зотга дуо қилишга ўтамиз. Биз бу билан одамлар орқали ҳожатини раво қилишни қоралаётганимиз йўқ. Балки банда энг аввало Раббига илтижо қилиши, шундай кейингина сабаб ва воситаларни ишга солиши керак. Бу нарсани Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом мисолида бизларга баён қилган. Мусо алайҳиссалом Мадян қудуғи олдига етиб келганида, у ерда бир тўда одамлар чорваларини суғораётган эдилар. Уларнинг нарироғида эса икки аёл тортинганларидан чорваларини суғора олмай, уларни сув ичишдан қайтариб турганларини кўрди. Шунда у иккисининг олдига бориб, сизларга нима бўлди, нега чорваларингизни суғормаяпсизлар, деб сўраганида, улар биз мана бу подачилар суғориб бўлмагунларича қўйларимизни суғора олмаймиз, отамиз эса қари чол, деб жавоб бердилар. Буни эшитган Мусо алайҳиссалом тезда уларга ёрдам қўлини чўзди. Қуръони карим бу жараённи қуйидагича ифодалайди: “Шунда (Мусо) уларга (қўйларини) суғориб берди. Сўнгра (дарахт) соясига бориб: “Парвардигорим, мен Ўзинг мен учун нима яхшилик туширсанг, ўшангга муҳтожман”, деди” (Қасас, 24).
Яъни: Мусо алайҳиссалом икки аёлни қийинчиликка қўймай, дарров ҳожатларини раво қилгач, бир четдаги дарахт соясига бориб ўтирди ва Раббига тазарруъ қилиб шундай деди:
– Эй Раббим, мен Сен Ўз даргоҳингдан туширадиган ризққа муҳтожман!
Мусо алайҳиссаломнинг ихлос билан дуога кўтарилган қўли бўш қайтмади. Аллоҳ таоло унинг бошига тушган оғирликни тез фурсатда бартараф этди. Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссалом дуосига ижобати қандай бўлганини қуйидаги оятда кўриб ўтамиз: “Бас, улардан бири ҳаё билан юриб келиб: “Отам сени бизларга (қўйларимизни) суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда”, – деди” (Қасас, 25).
Ибн Касир айтади: “Икки аёл қўйларини суғориб, оталарининг олдига қайтишгач, у бундан ажабланади ва сабабини сўраганда, Мусо алайҳиссалом уларга ёрдам берганини айтишади. Шунда отаси икки қизидан бирини Мусони чақириб келиш учун юборади”.
Хуллас, Мусо алайҳиссалом ҳожатини одамлардан беркитиб, уни Аллоҳга ошкор қилгани, У Зотга ихлос билан дуо қилгани боис Аллоҳ уни муносиб тарзда ризқлантирди.
Ўзининг бирон нарсага муҳтож эканини яшириб, уни Аллоҳ ижобат этишини кутиш, Аллоҳга дуо қилиш ва У Зотнинг раҳматидан умид қилиш ҳам тақводорлик эканидан юқоридаги ҳадис ва ояти карималар ушбу бобда келтирилди.
 
Охиратни дунёдан устун қўйиш
 
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимнинг ташвиши охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбида бойлик пайдо қилади ва хотирини жам этади. (Мол-)дунё унга судралиб келади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг икки кўзи олдига фақирлигини келтиради, хаёлини паришон қилади ва унга (мол-)дунёдан фақат ўзига тақдир қилинганигина келади” (Термизий, Ибн Можа, имом Баззор, имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. “Завоид” китобида ҳадиснинг санади саҳиҳ, дейилган).
Имом Баззорнинг ривоятида ушбу ҳадис бошқа шаклда келтирилган: “Кимнинг нияти охират бўлса, Аллоҳ таборака ва таоло унинг қалбида бойлик пайдо қилади, хотирини жам этади ва унинг икки кўзи олдидан фақирлигини олиб ташлайди. Дунё унга судралиб келади. У бой ҳолида тонг оттиради ва бой ҳолида кунини кеч қилади. Кимнинг нияти дунё бўлса, унинг икки кўзи олдига фақирликни келтиради. Бас, энди у фақир ҳолида тонг оттиради ва фақир ҳолида кунини кеч қилади”.
Ушбу ҳадисда улкан бир ҳақиқат таъсирчан усулда баён қилинмоқда. Ҳар бир инсоннинг ўзига яраша ташвиш ва муаммолари бўлади. Лекин бу ташвиш ва муаммолар дунё ёки охиратга тегишли эканига қараб бандалар икки тоифага бўлинадилар. Шунга кўра уларга бериладиган ризқ ҳам икки хил бўлади:
  “Кимнинг ташвиши охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбида бойлик пайдо қилади ва хотирини жам этади. (Мол-)дунё унга судралиб келади”.
Қайси бир банданинг асосий ғам-ташвиши охират бўлса, қиёматда Аллоҳнинг розилигини топиб, жаннатга дохил бўлиш бўлса, Аллоҳ бундай банданинг қалбида бойлик ва қаноат пайдо қилади ҳамда кўзини тўқ ва хотирини жам қилиб қўяди. Энди у бойлик васвасасига учмайдиган, ҳою ҳаваслар гирдобидан озод ва хотиржам бир бандага айланади. Бундай бандага тақдирида ёзилган ризқи ҳеч бир қийинчиликсиз келади.
Охиратни дунёдан устун қўядиган бандани Аллоҳ таоло икки дунёда азиз қилади. Бу ҳадисда эса унинг ушбу дунёда кўрадиган баъзи яхшиликлари зикр қилинмоқда. Ўз ўрнида бу билан бандаларни охират ғами билан яшашга тарғиб қилинмоқда. Охират ғами кенг маънодаги тушунчадир. Қисқа қилиб айтганда, охират ғами имон ва унинг саломатлиги ҳамда охират ободлиги билан боғлиқ нарсалар ҳақида қайғуришдир. Имонини куфр, ширк ва нифоқдан асраш, Аллоҳнинг амрларини бажариш, мусулмонлар ва Ислом динининг ривожи, келгуси авлодларининг мўмин-мусулмон бўлиб ўсишлари ва шу каби нарсалар ҳақида ўйлаб, уларнинг ташвишида яшаган банда охират ғами билан яшаган бўлади.
Ҳадиснинг давомида охиратни унутиш ва фақат шу дунё ташвишлари билан ўралашиб қолишнинг қандай оқибатларга олиб бориши ҳақида сўз боради:
“Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг икки кўзи олдига фақирлигини келтиради, хаёлини паришон қилади ва унга (мол-)дунёдан фақат ўзига тақдир қилинганигина келади”.
Бу ерда умуман дунё ҳақида ўйлаш ва муаммоларини ҳал қилишга интилиш эмас, балки қиёматни буткул унутиб, фақат мана шу беш кунлик ўткинчи дунёга боғланиб қолиш назарда тутилмоқда.
Яъни, қайси бир банданинг энг асосий мақсади ва ташвиши дунё бўлса, гарчи у бой-бадавлат бўлса-да, Аллоҳ унинг кўзи олдига фақирлигини келтиради. Уни келажаги ҳақида ёмон ва ташвишли фикрлар гирдобига солади. Ҳирси ва очкўзлигини зиёда қилади. Бундай банда қалб хотиржамлиги, сокинлик неъматидан бебаҳра қолади. Доимо бирон-бир ўткинчи муаммолар устида сарсон-саргардон ҳолида кезади. Вақтини фақат дунёнинг ўткинчи муаммолари билан ўтказади. Унга тақдирида ёзилган ризқидан бошқа насиба етмайди ва унга хайр-барака ҳам берилмайди.
Молик ибн Динор айтади: “Дунёни ўйлаб қанчалик ташвинлансанг, охират ғами қалбингдан кўтарилади. Охиратни ўйлаб қанчалик ташвишлансанг, дунё ғами қалбингдан кўтарилади”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким дунё лаззатидан ичса, ундаги учта мусибатга боғланиб қолади: қийинчилиги ниҳоятсиз машаққат, бойлиги қониқтира олмайдиган очкўзлик, охири кўринмайдиган орзу. Ким дунёни изласа, охират уни талаб қилади ва ҳатто унга ўлим етади. Ким охиратни изласа, дунё уни талаб қилади ва ҳатто дунёда унинг ризқи бут бўлади”, дедилар” (Табароний ривояти).

Намоз ўқиш

Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли Пайғамбарига шундай хитоб қилади:
“Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг! Биз Сиздан ризқ сўрамаймиз, (балки) Ўзимиз Сизга ризқ берамиз. Чиройли оқибат – жаннат (аҳли) тақвоникидир” (Тоҳа, 132).
Бу ердаги “намоз”дан мурод беш вақт фарз намозларидир.
Оятдаги “аҳлингиз”дан мурод эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари, қизлари ва куёвлари Али розийаллоҳу анҳу, қолаверса бутун умматларидир.
Яъни: эй Муҳаммад, Аллоҳ сизларни жаҳаннам азобидан халос қилиши учун аҳлингизни намозларни ўз вақтида мукаммал ҳолда ўқишга буюринг. Ўзингиз ҳам сабрли бўлиб, намозни тўлиқ тарзда адо этинг. Зеро, гап билан қилинган насиҳатдан кўра амал билан қилинган ибрат таъсирчанроқдир. Агар намозни қоим қилсангиз, ўзингиз ўйламаган тарафдан ризқланасиз. Сиз ўзингизни ризқлантиришга масъул эмассиз. Балки Биз сизларни ризқлантирамиз. Парвардигорига тақво қилиб, У Зотга итоат этганларнинг мукофоти фақат жаннатдир!
Хабарларда келишича, барча пайғамбарлар (уларга Аллоҳнинг салавоти ва саломи бўлсин!) бошларига оғир юмуш тушганида ёки бирон муаммога дуч келганларида дарров намоз ўқишга киришиб, Аллоҳдан ёрдам сўрар эканлар.
Ҳадиси қудсийларнинг бирида: “Эй бандам, ибодатимга фориғ бўл! Шунда қалбингни бойликка тўлдириб, фақирлигингни кетказаман. Агар ундай қилмасанг, қалбингни бандлик (муаммо) билан тўлдираман, фақирлигингни кетказмайман” дейилган (Ушбу ҳадисни Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган).
Одамлар ичида: “Намоз ўқиш билан овора бўлсак, касб-кор ва тирикчилигимиз нима бўлади, фарзандларни ким боқади?” деб савол берувчилар бўлиши эҳтимолидан Аллоҳ таоло: “Биз Сиздан ризқ сўрамаймиз, (балки) Ўзимиз Сизга ризқ берамиз”, деб айтмоқда.
“Тафсирул алусий” китобида: “Ушбу оят намоз ризқнинг доимий суратда баракали бўлиши ва ғам-ташвишларнинг кўтарилишига сабаб бўлишига далолат қилади”, дейилган.

Маъмар қурайшлик бир кишидан ривоят қилади: “Агар Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оилаларига ризқдан танглик етса, аҳли-оилаларини намоз ўқишга буюрар эдилар ва “Аҳлингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз ўқишда) чидамли бўлинг!” оятини ўқирдилар” (Имом Табароний, Абу Нуайм,  Абд ибн Ҳумайд, Абдураззоқ “Мусоннаф”да ва Байҳақий  “Шуъабул иймон”да саҳиҳ санад билан ривоят қилган).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонлари дунёдаги энг мукаррам ва энг ҳурматли хонадонлардан бўлишига қарамай, вақти келса ушбу муборак оилада ризқдан танглик ҳолатлари учраб турар, ушбу макон ҳам қийинчилик ва муаммолардан холи эмасди. Бу эса, мўмин банданинг камбағал ёки қийинчиликка гирифтор бўлиши унинг Аллоҳ даргоҳидаги даражасига зиғирча ҳам таъсир қилмаслигига ишорадир.
Муҳтарам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларида ана шундай мушкул ҳолат юз берганида, у зот юқорида биз ўрганган оятга (Тоҳа сурасининг 132-ояти) амал қилиб, ўз аҳли оилаларини намоз ўқиш ва шу йўл билан ҳожатларини раво қилишни сўраб, Аллоҳга дуо қилишга буюрар эдилар. Биз умматлари ҳам хоҳ фаровонлик вақтларида, хоҳ мусибат етганда намозларни қоим қилиб, бандалик бурчимизни адо қилишимиз ва барча ҳожатларимизни Меҳрибон Раббимизга ошкор этиб, У Зотдан мушкулларимизни осон қилишини сўрашимиз лозим.

Силаи раҳм қилиш

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимни ризқи кенг бўлиши ва ажали кечиктирилиши (яъни, умри узоқ бўлиши) хурсанд қилса, бас, қариндошлик алоқаларини боғласин!” деганларини эшитганман” (Имом Бухорий ва имом Аҳмад ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Насабларингизни билиб олинглар. Шу билан қариндошлик алоқаларини боғлайсизлар! Зеро, силаи раҳм (қариндошлик алоқаларини боғлаш) аҳлига муҳаббат туғдиради, бойликни кўпайтиради ва умрни зиёда қилади” (Имом Термизий, имом Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган).
“Ризқи кенг бўлиши”дан мурод “ризқнинг баракали бўлиши”дир. Зеро, қариндошлар билан яхши муомала қилиш садақанинг бир туридир. Садақа молни поклаб, унинг ўсиши ва кўпайишига сабаб бўлиши оят ва ҳадисларда кўп бор айтилган.
“Ажали кечиктирилиши”дан мурод эса, аввало банда умрининг баракали, манфаатли ва файзли бўлишидир. Баъзилар: “Умрнинг зиёда қилиниши солиҳ зурриётдир”, деб айтишган. Чунки ортидан солиҳ зурриётлар қолиб, унинг ҳаққига истиғфор айтишса, фарзандлари Аллоҳнинг амрига мувофиқ ҳаёт кечирса, улар қилаётган яхши амалларнинг савоби камайтирилмасдан ота-оналарига етиб туради.
Демак, кимки дунёда ризқи кенг ва баракали, ҳаёти фаровон ва осуда, умри савобли ишларга тўла бўлиши, ортидан солиҳ ва солиҳа фарзандлар қолиши, вафотидан кейин ҳам кишилар томонидан яхши хотиралар билан эсланиш ва номаи аъмолига солиҳ амаллар ёзилиб турилишини хоҳласа, бас, қариндош-уруғлари билан яхши муомалада бўлсин. Уларнинг ҳолларидан хабар олиб турсин. Хоҳ моддий, хоҳ маънавий томондан бўлсин, қариндошларига ёрдам қўлини чўзсин.

Баҳз ибн Ҳаким отасидан , отаси бобосидан ривоят қилишича, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Яхши ишлар кўнгилсиз ҳодисалардан сақлайди. Албатта махфий (тарзда берилган) садақа Парвардигор ғазабини сўндиради. Албатта силаи раҳм умрни узун қилиб, камбағалликни кетказади” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда солиҳ амаллар, хусусан садақа ва силаи раҳмнинг фойдалари ҳақида хабар бермоқдалар.
“Яхши ишлар кўнгилсиз ҳодисалардан сақлайди”.
“Яхши ишлар” деганда мутлоқ яхшиликлар ва солиҳ амаллар назарда тутилади. Хоҳ ажри энг улуғ намоз ибодати бўлсин, хоҳ имон жиҳатидан қараганда энг қуйида турадиган амал – мусулмонлар йўлидан озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш бўлсин, ҳамма-ҳаммаси яхши ишлар сирасига киради. Аллоҳ буюрган амалларни бажариш бандани охиратдаги бадбахтликдан, ёмон оқибат ва қийинчиликлардан асраши шубҳасиз. Охират ғам-ташвиши олдида ўткинчи дунё ташвиши денгиздан бир томчи деган гап. Солиҳ амаллар банданинг охиратда кулфат-машаққатдан эминда бўлишини таъминлар экан, бас, дунёда бўладиган ҳар хил бало-офатлар, фожеали воқеа ва мусибатлардан сақлашига ҳам ҳеч қандай шубҳа йўқдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши ишлар кўнгилсиз ҳодисалардан сақлайди”, деб аслида биз умматларини солиҳ амалларнинг  ҳеч бирини арзимас деб қарамай, уларни ихлос билан амалга оширишга тарғиб қилмоқдалар.
 “Албатта махфий (тарзда берилган) садақа Парвардигор ғазабини сўндиради”.
Аллоҳ, агар бандалари солиҳ амал қилсалар, риё ва сумъадан сақланган ҳолда ихлос билан амалга оширишларини хоҳлайди.
Садақа махфий ва ошкора тарзда берилиш ҳаммага маълум. Лекин буларнинг энг афзали махфий тарзда, бировга билдирмай амалга оширилганидир. Аллоҳ таоло айтади: “Агар садақаларни ошкор ҳолда берсангиз, яхши ва агар махфий қилиб фақирларга берсангиз – бу ўзингиз учун янада яхшироқдир. Ва қилган гуноҳларингизга каффорат бўлади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир” (Бақара, 271).
Демак, ихлос билан махфий тарзда амалга оширилган садақа бандадан Аллоҳнинг ғазабини қайтаради. Аллоҳнинг ғазабидан саломат бўлган бандаларга қандоқ ҳам яхши!
Шунингдек, ўнг қўли берганни чап қўли билмайдиган қилиб махфий суратда инфоқ-садақа қилиш банданинг қиёмат кунида Аллоҳ Аршининг соясидан жой олишини таъминлайди. Бу ҳақида саҳиҳ ҳадис ривоят қилинган.
“Файзул қодийр”да буни: “Ихлос нури ва эҳсон мартабаси Аллоҳнинг ғазабини ўчиради”, деб изоҳланган.
Баъзи донишманд зотлар шундай дейишган: “Агар сен бир яхшилик қилсанг, уни беркит. Агар сенга бир яхшилик қилинса, уни ошкор қил. Кибрланиб кетмаслик учун қилган амалингни кичик сана. Ғурур ва хотиржамликка берилмаслик учун эса амалларингни кам ва нуқсонли деб бил”.
“Албатта силаи раҳм умрни узун қилиб, камбағалликни кетказади”.
Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким умри узайтирилиши, ризқи кенг қилиниши ва ёмон ўлимдан сақланишни хоҳласа, бас, Аллоҳга тақво қилсин ва қариндошлари билан (яхши) муносабатда бўлсин!” (Имом Табароний ва Баззор ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу айтади: “Ким Раббига тақво қилса ҳамда силаи раҳм қилса, унинг умри узайтирилади, бойлиги кўпайтирилади ва аҳли-оиласи уни яхши кўради” (Имом Бухорий “Ал-адабул муфрад”да ривоят қилган).
Силаи раҳм қилиш банда умрини узайтириб, мол-дунёсига барака киритар экан, унда қариндошлар билан яхши муносабатда бўлиш фақат моддий ҳолатга боғлиқми, деган савол туғилади кишида.
Қариндошлар билан яхши муносабатда бўлиш, силаи раҳм қилиш деганда уларга моддий ва маънавий томондан яхшилик қилиш, ёмонликни бартараф этиш тушунилади. Бу эса хоҳ бойлик билан, хоҳ бошқа нарса билан адо қилинсин, фарқи йўқ. Шу маънода имом Ибн Абу Жамра айтади: “Силаи раҳм мол билан, ҳожатларини раво қилишга ёрдамлашиш билан, зарарни кетказиш билан, очиқ чеҳра ила муносабат қилиш ёки дуо қилиш билан бўлади”.
Мана шу жумла силаи раҳмнинг асл моҳиятини очиб беради. Баъзилар ўйлагандек, қариндошлар билан борди-келди қилиш фақат пул ёки моддий ҳолатга боғлиқ эмас. Агар моддий шароити кўтарса, уларга шу йўл билан кўпроқ яхшилик қилингани афзал. Аммо шу нарсани баҳона қилиб, бир-бирлари билан борди-келди қилмай қўйиш яхши эмас. Чунки қариндошларга яхшилик қилишнинг турлари кўп. Ҳатто улар учун моддий томондан бирон-бир манфаат келтиришга умуман ожиз қолган тақдирда ҳақларига дуо қилиб қўйсангиз ҳам бўлади. Агар уларга моддий тарафдан ёрдамлашиб, ҳожатларини раво қилгач, ҳақларига дуо ҳам қилиб қўйсангиз, нур устига нур бўлади.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz