Ҳаромдан сақланиш ниятида никоҳланиш Принтер учун
09.04.2012 й.
Аллоҳ таоло айтади: “Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизнинг яхшиларини никоҳлаб қўйинглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли-карами билан бой – беҳожат қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг, Билгувчидир”(Нур, 32).
Яъни, ораларингизда никоҳга қудрати етадиган ҳур эркак ва аёлларни, шунингдек, қул ва чўриларингиз орасидаги солиҳ кишиларни никоҳлаб қўйинглар. Уларга моддий ва маънавий ёрдам беринглар. Камбағаллик ва қўли калталик уларни оила қуришдан асло тўсиб қўймасин. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилиб қўяди ва ҳожатларини раво қилади. Аллоҳ хоҳлаган бандасига кенг ризқ берувчи, фазлу карами кенг ва бандаларининг ҳолларидан Хабардор бўлган, улар учун нима манфаатли эканини билувчи Зотдир.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳур ва қул бандаларини никоҳланишга амр қилмоқда ва бунинг эвазига бойлик ваъда қилмоқда”, деб “агар улар камбағал бўлсалар...” оятини тиловат қилган экан (Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Абу Бакр Сиддиқ ҳам: “Аллоҳнинг амрига итоат этиб никоҳланинглар! Шунда сизларга У Зот ваъда қилган бойлик мукаммал қилиб берилади”, деб туриб мазкур оятни ўқиган экан (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу: “Никоҳланиш билан бойлик талаб қилинглар. Чунки Аллоҳ: “Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазли-карами билан бой – беҳожат қилади”, демоқда”, деган (Ибн Жарир ривояти).

–Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Уч (тоифа кишилар)га ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидадир(. Булар): Аллоҳ йўлида жиддужаҳд қилувчи, (бўйнидаги вазифасини) адо қилишга ҳаракат қилаётган мукотаб ва пок юришни ният қилиб никоҳланувчидир”(Термизий, Насоий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган. Ҳоким: “Ҳадис санади Муслим шартига кўра саҳиҳ”, деган).
Ушбу ҳадисда Аллоҳнинг мадад беришига сабаб бўлувчи амаллар ҳақида айтилмоқда.
“Ёрдам бериш” деганда “ўша ишларни амалга оширишда кўмаклашиш ва осон қилиш” маънолари назарда тутилади.
Демак, Аллоҳ таоло уч тоифа кишиларга ёрдам беришни Ўз зиммасига олган. Мазкур тоифаларнинг биринчиси:
“Аллоҳнинг йўлида жиддужаҳд қилувчи”.
Яъни, Аллоҳ учун ҳаракат қилувчи, Аллоҳ розилиги учун шайтон ва нафс билан курашишга жаҳд қилувчи, илм талаб қилишга қаттиқ ҳаракат қилувчи, Ислом ва мусулмонлар душманларига қарши курашиб, уларни мағлуб этишга ҳаракат қилувчи кишилар Аллоҳнинг нусрати ва мададига эришар эканлар.
Иккинчи тоифа кишилар:
“(Бўйнидаги вазифасини) адо қилишга ҳаракат қилаётган мукотаб”.
“Мукотаб” деб маълум миқдордаги пулни тўлаб, ўз хожаси билан озод бўлиш ҳақида шартнома тузган қулга айтилади. Хўжайини билан мукотаба қилгач, ҳурликка эришиб, яхши ишлар қилишга, ўзи ва дини учун манфаат етказиш учун ҳаракат қилаётган қулга Аллоҳ таоло, албатта ёрдам беради.
Аллоҳнинг ёрдамига сазовор бўладиган учинчи тоифа киши бизнинг мавзуга тегишлидир:
“Пок юришни ният қилиб никоҳланувчи”.
Одатда, янги оила қураётганларнинг иқтисодий ҳолатлари унчалик ҳам яхши бўлавермайди. Шу сабаб аксарият йигит ва қизлар никоҳланишни ортга суриб юраверадилар. Аммо ушбу ҳадисда айтилишича, Аллоҳ Ўзининг розилигини истаб, зино ва фаҳш ишлардан сақланиш мақсадида никоҳланувчи бандаларга ёрдам беришни ваъда қилмоқда.
Ушбу ҳадис ва юқоридаги ояти каримани (Нур сурасининг 32-ояти) ўқиб туриб, кишида: “Оила қурадиганларнинг ҳаммасида ҳам иқтисодий ҳолат яхши бўлиб кетавермайди-ку. Никоҳланишдан олдин камбағал бўлиб туриб, умрининг охиригача шу ҳолида ўтиб кетадиган қанчадан-қанча одамлар бор-ку”, деган ҳақли савол туғилиши мумкин. Бу саволга биз ўрганаётган ҳадис жавоб беради. Агар эътибор берган бўлсангиз, ҳадиси шарифда “пок юришни ният қилиб” жумласи келтирилмоқда. Демак, кимки ҳаром ишлардан четда юришни ният қилиб, Аллоҳнинг амрига бўйсуниш мақсадида оила қурса, Аллоҳ ана шундай бандаларга, ёрдам беради. Уларни Ўз фазли билан бой ва беҳожат қилиб қўяди.

–Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Никоҳланиш билан ризқ талаб қилинглар”(Дайламий ривояти).
Ниятни холис қилиб, Аллоҳ розилиги учун никоҳланиш бандага ризқ эшикларини очади. Бундай хонадонга барака ва раҳмат ёғилади.

–Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:“Аёлларни никоҳлаб олинглар! Зеро улар сизга бойлик билан келадилар”(Дароқутний, Ҳоким, Баззор, Ибн Мардавайҳ ва Дайламий ривояти).
Ушбу ривоятда мусулмон умматининг эркакларига: мўмина-муслима аёлларни никоҳлаб олинглар. Улар оилангизга бойлик ва ризқ-насибалари билан келиб, файз-баракага сабаб бўладилар, деб хитоб қилинмоқда.
Ибн Ажлондан ривоят қилинишича, бир киши Набий  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига камбағалликдан шикоят қилиб келганида, у зот унга қарата: “Сен никоҳлангин”, деганлар (Саълабий ривояти).
Никоҳланиш билан банданинг ризқи кенг бўлишига бир неча сабаблар бор. Биринчидан, турмуш қуриб, оила бошлиғига айланган эркак энди ҳаётга бошқача нигоҳ билан қарайдиган, тирикчилик ва ҳаётий юмушларига жиддий суратда эътибор берадиган, ишларини мукаммал суратда бажарадиган бўлади. Чунки энди у бир ўзини эмас, балки оиласини зарур нарсалар билан таъминлаши, бўйнидаги эркаклик-оталик вазисасини бажариши лозим. Иккинчидан, аёл бирон хонадонга келин бўлиб тушса, у ерга ўз ризқи билан келади. Агар бўлажак аёл солиҳа ва ибодатли бўлса, ўша хонадонга файз-барака ва яхшиликлар олиб келади. Йиллар ўтиб фарзандли бўлганларида, уларнинг ризқи яна ҳам кўпаяди. Бу ҳаётда кўп бора ўз тасдиғини топганҳақиқатдир.

Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом хатиби Одилхон Юнусхон
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz