Пайғамбар (с.а.в) хотинлари кўплиги атрофидаги беҳуда гаплар ва шубҳалар Принтер учун
11.04.2012 й.
Мазкур рисолада Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп хотин олишларининг сабаблари ақлий ва нақлий далиллар билан тушунтирилган. Душманларнинг таъна ва беҳуда гапларига, кўпхотинлик борасидаги бўлмағур шубҳаларга раддиялар берилган. Шунингдек, рисолада Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинлари тўғрисида маълумотлар келтирилган. Рисола араб тилида бўлиб, Маккаи мукаррамада 1980 йилда (56-бет) нашр қилинган.
“Шубуҳот ва аботил ҳавла тааддуд аз-завжот ар-Расул” асарининг таржимаси Islom.uz сайтининг 1433 йилги танловига бағишланади.
Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим

Аллоҳга ҳамду сано айтамиз, яратганларининг энг сафолиси бўлган саййидимиз Муҳаммадга ҳамда унинг оилалари, саҳобалари ва уларга эргашганларга қиёмат кунигача эҳсон бўладиган салом ва раҳматлар айтамиз. Шундан кейин :
    Сизларга Аллоҳ таолодан бўладиган муборак, покиза табрик ўлароқ ислом саломини етказиб қоламан. Аллоҳ таолодан эса қалбларимизни ўзининг муҳаббати, розичилиги устига жам қилмоғини сўраб қоламан. Бизларга тавфиқ ва ихлосни ҳамда сўз ва амалда тўғриликни насиб айласин. Бизларга имон камолотини, ишонч садоқатини ризқ қилиб берсин. Зотан, У дуоларни ижобат қилувчи, эшитувчидир!

Эй, фазилатли биродарлар!
    Кун ўртасидаги ёрқин, чароғон қуёшга назар солганмисизлар?!  Уни ҳеч қандай парда ёпа олмайди, ҳеч қандай булут ёки туман тўса олмайди. Агар инсон унинг нурини ўчирмоқчи бўлса ёхуд кўзлардан унинг зиёсини тўсмоқчи бўлса-чи?! У оғзи билан унга пуфласа ёки этагини унга қарата ёйиб, ёпишга уринса, нурни кетказа оладими ё унинг зиёсини тўса оладими?! Йўқ... йўқ..!!!
    Биз сизга ушбу мукаррам оқшомда гапириб бермоқчи бўлган қуёшимиз ҳам худди шундайдир!
    Муҳтарам азизлар! Биз сизларга осмон қуёши ҳақида гапирмоқчи эмасмиз, балки ердаги қуёш ҳақида гапирмоқчимиз.
    Куйдирувчи қуёш ҳақида ҳам гапирмоқчи эмасмиз, чарақлаб чиқувчи қуёшдан сўзламоқчимиз. Бу қуёшни биласизми?!
    Бу нубувват қуёшидир, рисолат қуёшидир, ҳидоят ва ирфон қуёшидир. У жуда чароғон зиё, порловчи нур, нурафшон чироқдир. Аллоҳ у сабабли ҳаёт бахтсизликларини ҳар тарафга сочиб-йўқотиб ташлади, одамларни зулматлардан нурга олиб чиқди. У муҳаммадий зот – мукаррам набийнинг зотидир! Унга энг афзал раҳмату саломлар бўлсин! Аллоҳ бундай деганида ҳақ эди:
    “Улар Аллоҳнинг нурини (исломни) оғизлари (беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса-да, Ўз нурини (динини) камолга етказувчидир. У ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ёқтирмаса-да, барча динлар узра ғолиб қилиш учун юборган зотдир” (Саф сураси, 8-9 оятлар).
Бу оқшомдаги бизнинг гапимиз ушбу ернинг қуёши ҳақида бўлиб, у ҳақида “Қуръони карим”да бундай ажойиб, тўла тавсиф билан гапириб ўтилган: “Эй, Пайғамбар! Дарҳақиқат, Биз Сизни (қиёматда барча умматларга) гувоҳ бўлувчи, (жаннат ҳақида) хушхабар берувчи ва (дўзах азобидан) огоҳлантирувчи этиб юбордик. Аллоҳнинг изни билан (Сизни) Унга (Унинг динига) даъват қилувчи ва (йўл кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб ҳам (юбордик)” (Аҳзоб сураси, 45-46 оятлар). “Нурли чироқ” нубувват қуёшидан ўзга нарса эмас, унинг зиёси ва кўркамлиги чарақлаб тураверади, ўзининг ёрқин нури ила коинотга чиқаверади. Уни фақат басират соҳибларигини кўра олади, кўр ва ғилайларгина инкор қилади. Буни айтган кимсага офаринлар бўлсин:
Иззат самосида қуёшимиз бўлган чароғон,
Ғилайларнинг кўрлиги зарар қилолмас ҳеч он!
Ислом душманлари қадимдан бери ислом пайғамбари тўғрисида шак-шубҳалар, унинг пайғамбарлиги борасида таъналар, каромати ҳақида бўёқлар киритиб келдилар. Мўъминлар ўз динларида шак-шубҳага тушишлари учун, одамларни Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатига имон келтиришдан узоқ бўлишлари учун ёлғонлар ва беҳуда гапларни ёйиб келдилар. Набийлар ва мурсаллар ҳақидаги бу каби бўҳтон, туҳмат ва адаштирувчи гапларни эшитишимиз ажабланарли эмас. Бу Аллоҳнинг ўз халқи орасидаги одати бўлиб, Аллоҳнинг одатини ўзгартирувчи топа олмайсиз. Аллоҳ бундай деганида ҳақ эди:
“Биз ҳар бир пайғамбар учун жиноятчи кимсалардан мана шундай душман(лар) қилганмиз. Раббингизнинг Ўзи етарли раҳнамо ва ёрдамчидир!” (Фурқон сураси, 31-оят).
Мўъминларнинг покиза оналари, уларга уйланишнинг ҳикмати ҳақида гапиришдан олдин нотўғри шубҳани рад қилишимизни яхши кўрдик. Унинг таъсири нафрат билан қаровчи салбчилар ва мутаассиб ғарбликлардан иборат душманларнинг кўпчилигига ёйилган. Ақидаларни бузишга уринганлари, ҳақиқатларни ўчирганлари учун , буюк рисолат соҳиби Муҳаммад ибн Абдуллоҳга етишиш учун кўпчилик уларга раддиялар бердилар. Аллоҳнинг раҳматлари ва саломлари ул зотга бўлсин!
Улар айтадилар:
Муҳаммад шаҳвотга берилган бир инсон ... ўзининг шаҳвати ва лаззатлари орқасидан югиради, нафси ҳавоси билан бирга юради. Ўзига эргашганларга вожиб қилгани каби унинг ўзи битта ёки тўртта хотин билан кифояланмаган, балки хотинларни кўпайтирган. Шаҳватига эргашиб, нафси ҳавосига майл қилиб, ўнта хотинга ёки ундан ҳам кўпроғига уйланган”.
Улар яна бундай дейди:
“Исо билан Муҳаммад орасида катта фарқ бор. Нафси ҳавосига ғолиб бўлган ва нафси билан курашадиган Исо ибн Марямга ўхшаган билан нафси ҳавоси билан бирга чопалиган, шаҳватлари ортидан юрадиган Муҳаммадга ўхшаганнинг орасида фарқ бор”: “Оғизларидан чиқувчи (бу) сўз оғирдир. (Улар) фақат ёлғонни сўзлаяптилар” (Каҳф сураси, 5-оят).  
Дарҳақиқат, улар ёмон кўрувчи, ёлғончидирлар. Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом шаҳвоний кимса эмас, фақат у инсоний пайғамбардир, холос. Башарият уйлангани каби уларга тўғри йўлни кўрсатиб, раҳнамо бўлиши учун уйландилар. У насронийлар ўз пайғамбарлари борасида эҳтиқод қилганлари каби илоҳ ҳам эмас, илоҳнинг ўғли ҳам эмас. Фақат у башарият каби инсондир. Аллоҳ уни ваҳий ва рисолат сабабли улардан ортиқ қилди: “Дарҳақиқат, мен ҳам сизлар каби бир башардирман. Менга ваҳий қилинган, холос ...” (Каҳф сураси, 110-оят; Фуссилат сураси, 6-оят).
Аллоҳнинг раҳмати ва саломи бўлган бу зот пайғамбарларнинг суннатларига мухолиф бўладиган, йўлларини бузиб ташлайдиган бидъатчи бўлмади. “Қуръон” ҳикоя қилганидек, Аллоҳ жалла ва ъало сўзидаги каби мукаррам пайғамбарлар:  “Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз” (Раъд сураси, 38-оят).
Пайғамбарларнинг охиргиси бўлмиш алайҳиссалоту вассалом ҳақларидаги ушбу кучли аҳмақона бўҳтоннинг тўлиб-тошганининг сабаби маълум. Лекин айтувчи бундай деган:
Кўз оғриқдан қуёш нурин инкор қилур,
Оғиз касаллигидан сув таъмин инкор қилур.
Аллоҳ бундай деганида ҳақ эди: “Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкраклардаги қалблар кўр бўлур” (Ҳаж сураси, 46-оят).
 
Эй, фазилатли биродарлар!
Бу ерда мукаррам пайғамбардан шубҳани даф қиладиган иккита асосий нуқта бор. Улар ҳар бир гуноҳкор иғвогарнинг оғзига тош тиқади. Рисолат соҳиби бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга етишишни истаганлар бу икки нарсадан ғофил қолишмасликлари лозим. Биз бу икковини мўъминларнинг оналари тўғрисида, уларнинг покиза кўпхотин бўлганлари ҳақида гапирганимизда кўз олдимизда тутамиз. Аллоҳ уларнинг ҳаммасидан рози бўлсин!
Бу икки нуқта қуйидагича:
Аввало, мукаррам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинларини фақат қарилик ёшига етганларидан кейингина, яъни умри элликдан ўтганидан сўнг кўпайтирган эдилар.
Иккинчидан, саййида Ойша разийаллоҳу анҳодан ўзга покиза хотинларининг ҳаммаси бева кампир эдилар. У бокира эди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланган хотинлари орасида угина ёшгина, бокира ҳолатида эди.
Ушбу икки нуқтадан бу туҳматга ва ҳасадчи мусташриқлар ёпиштирган даъвонинг пучлигига нисбатан жуда оддий ва арзимас жавоб топамиз.
Агар уйланишдан шаҳват ортидан юриш ёки нафси ҳавоси билан сайр этиш ёхуд фақат хотинлардан лаззат ҳосил қилиш мақсади бўлса эди, у қарилик чоғида эмас, балки йигитлик ёшида уйланган бўларди, ёши улуғ кампирларга эмас, балки ёшгина бокираларга уйланган бўларди. У Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) уларнинг олдига келган вақтда. бундай деган вақтларида юзларидан очилиш ва неъмат асари сезилган зот эди:
– Уйландингми?
– Ҳа, уйландим.
– Бокирагами ёки бевагами?
– Бевага уйландим.
– Нимага бокирага уйланмадинг? Ахир уни ўйнардинг, у сени ўйнаган бўларди, у билан кулишардинг, у сенга кулиб қараган бўларди.
Мукаррам Пайғамбар унга бокирага уйланишни ишора қилдилар. У зот алайҳиссалом лаззат олиш тариқасини, шаҳват йўлини билардилар. Бироқ, унинг бокираларни тарк қилиб, беваларга, яна ёшлик йилларини қўйиб, қарилик чоғларида уйланишлари ақллиликдан эдими?! Боз устига, мақсади лаззат олиш ва шаҳватпарастлик бўлса!
Саҳобалар, Аллоҳ улардан рози бўлсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун қонлари ва жонларини фидо қилардилар. Агар уйланишни талаб қилсалар, улардан ҳеч бири ул зот хоҳлаган чиройли, бокира қизларга уйлантириб қўйишни асло кечиктирмас эдилар. Унда нимага навқирон ёшлигида, йигитлик баҳорида хотинларини кўпайтирмадилар? Нима учун бокираларга уйланишни тарк қилиб, жувонларга уйландилар?
Албатта мана шу ҳар бир гап-сўзни ва туҳматни даф қила олади, ҳар бир шубҳа ва бўҳтонга қарши чиқа олади, пайғамбарнинг муқаддаслигини ҳақоратламоқчи бўлган ёки покиза зотларнинг қулоқларини қизитишни хоҳлаган ҳар бир гуноҳкор туҳматчига раддия бўла олади. Пайғамбарнинг уйланишлари нафси ҳавоси ёки шаҳватининг қасди эмасди. Албатта бу буюк ҳукм, асил ғоя, бебаҳо нишон учун бўлганди. Унинг асиллигига ва буюклигига агар кўр-кўрона таассубни тарк қилсалар, душманлар ҳам иқрор бўладилар, ақл ва виждон мантиғига ҳукм қилардилар. Ушбу уйланиш борасида мукаррам, фазилатли инсон ва раҳмли набий-у расулда олий мисол топардилар.  Бошқалар маслаҳати йўлида ҳамда даъват ва ислом маслаҳати йўлида юриб, ўз вужудларини роҳатлантирган бўларди.
Эй, фазилатли биродарлар!
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўпхотинликларидаги ҳикмат кўп ва турли-тумандир. Уларни қуйидагича хулосалаш мумкин бўлади:
Биринчи, таълимий ҳикмат;
Иккинчи, қонуний ҳикмат;
Учинчи, ижтимоий ҳикмат;
Тўртинчи, сиёсий ҳикмат.
Ушбу тўртта ҳикматнинг ҳар бири ҳақида қисқача тўхталамиз, сўнгра мўъминларнинг покиза оналари борасидаги гапга ўтамиз. Улардан ҳар бирининг турмушга чиқиш ҳикматларини мустақил равишда айтиб ўтамиз. Аллоҳдан бу борада ёрдам сўраймиз.
 
Аввало, таълимий ҳикмат:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари кўплигидаги асосий мақсад аёллардан бир қанча муаллималар чиқариш эди. Улар шаръий аҳкомлардан таълим беришлари керак эди. Зотан, аёллар ижтимоий тенгдирлар: эркакларга фарз қилинган шаръий таклифлар уларга ҳам фарз қилинган.
Аёллардан кўпчилиги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан баъзи шаръий ишларни, хусусан ўзларига тааллуқли бўлган ҳайз, нифос, жанобат, хотинлик ишлари ва бошқа ҳукмларни сўрашдан уялардилар. Мукаррам Пайғамбардан шунга ўхшаш масалаларни сўрашни истаган вақтда аёлда ҳаё янада ғолиб бўлиб қоларди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хилқатида ҳам мукаммал ҳаё бор эди. Чунончи, ҳадис китобларида унинг ҳаёси чодирида ўтирга келинчакнинг ҳаёсидан ҳам кучлироқ бўлгани ривоят қилинган. Шу жиҳатдан ул зот алайҳиссалоту вассалом аёллар тарафидан арз қилинган ҳар бир саволга тўлиқ ва очиқ жавоб беришга қодир эмасдилар. Айрим ҳолатларда эса киноя билан жавоб қайтарардилар. Бу вақтларда аёллар ул зот алайҳиссаломнинг кинояларидаги мақсадларини тушунмай қолишарди.
Саййида Ойша разийаллоҳу анҳо ривоят қилишича, ансорлардан бўлган бир хотин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайз кўрган аёлнинг ғусли борасида сўради. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қандай ғусл қилиш кераклигини ўргатдилар. Сўнгра унга дедилар: “Хушбўйланган парча оласан!”, яъни бу билан атир асари бор пахтадан бир парчасини назарда тутдилар. “Сўнг, у билан покланасан!” дедилар. Ўша хотин: “Мен қандай покланаман?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У билан покланасан-да!” дедилар. Шунда яна ўша хотин: “Эй, Расулуллоҳ! У билан қандай покланаман?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунда дедилар: “Субҳоналлоҳ! (Ажабо!) У билан поклангин-да!”.
Саййида Ойша (р.а.) айтади: “Унинг қўлидан тортиб ва “Шу-шу жойингга пахтани қўясан ҳамда қон изини текширасан!” дедим”. Саййида Ойша (р.а.) унга пахтани қўйиш жойини очиқжойдин айтиб берган.
Пайғамбар салавотуллоҳи алайҳи бу тарзда ошкора айтишдан ҳаё қилганлар. Бунга ўхшаган нафсига ва ҳаёсига ғолиб бўлган, ўзларига керак нарсалар тўғрисида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан савол қилишга журъат қила оладиган аёллар жуда озчиликни ташкил қиларди.
Бунинг учун, масалан, икки саҳиҳ тўплам (Бухорий ва Муслим)да ривоят қилинган Умму Салама (р.а.) ҳадисини олиб кўрамиз. Унда бундай дейилган:
Абу Талҳанинг хотини Умму Сулайм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди-да, унга: “Эй, Расулуллоҳ! Аллоҳ ҳақдан уялмайди... хотин кишига эҳтилом бўлган вақтида ғусл лозимми?” деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, агар сувни кўрадиган бўлса, лозим” дедилар. Умму салама (р.а.): “Хотинларни шарманда қилдинг-ку! Ахир хотинлар ҳам эҳтилом бўладиларми?” деб қолди. Мукаррам Пайғамбар ўз гапи билан жавоб қайтардилар: “Ҳа, албатта бўлади. Бола хотинга шунинг учун ўхшамайдими?!”.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг муроди шуки, бола эркак ва аёлнинг биргаликдаги сувидан туғилади.  Шунинг учун гоҳида бола онасига ўхшаб кетадиган бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг айтганидекдир:
“Дарҳақиқат, Биз инсонни имтиҳон қилиб, (оталик ва оналик сувларидан) аралаш бир нутфадан яратдик. Бас, уни эшитувчи ва кўрувчи қилиб қўйдик” (Инсон сураси, 2-оят).
Оятда келган “амшож” аралашмаларга айтилади, “машж” бир нарсани бошқасига аралаштирилган аралашма нарсадир. Ибн Аббос (р.а.): “Бундан мақсад эркак билан аёлнинг суви қачон тўпланиб, аралашган бўлсадир” деган.
Ана шундай қийинчилик туғдирадиган саволларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам покиза хотинларидан сўнг жавоб беришлари осонлашди. Шунинг учун ҳам Саййида Ойша (р.а.) бундай деганди: “Ансор хотинларини Аллоҳ раҳм қилсин, чунки уларни динда олим бўлишдан ҳаё ман қилолмади”.
Айрим хотинлар зим-зиё тунларда Саййида Ойша (р.а.) олдига баъзи диний ишлардан – ҳайзу нифос, жанобат ва бошқа аҳкомлардан сўраш учун келардилар. Улар учун Пайғамбарнинг хотинлари энг яхши муаллима ва бошқарувчи бўлдилар. Уларнинг услублари ила хотинлар Аллоҳнинг динида олим бўлдилар.
Сўнгра, маълумки, покиза суннат фақатгина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларига тааллуқли эмас. Балки, ул зотнинг гаплари, ишлари ва рухсатларини ҳам қамраб олади. Буларнинг ҳаммаси қонуний тарзда умматга эргашишни вожиб қилади. Ул зотнинг уй ичидаги хабарлари ва феълларини Аллоҳ сийлаган мана шу аёлларгина етказганлар. Ана ўшалар мўъминларнинг оналари ва дунё-ю охиратда мукаррам Пайғамбарнинг завжаларидирлар!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озода аёллари, Аллоҳ улардан рози бўлсин, ул зотнинг уйдаги жами аҳволлари ва феъл-атворларини нақл қилишда энг катта фазилат соҳибаларидир. Бу аёлларнинг баъзиси ул зот алайҳиссаломнинг йўллларини нақл қиладиган муаллималар ва муҳаддисалар бўлиб етишдилар, ўзларининг зеҳнлари, юксак қобилиятлари ва заковатларининг қуввати ила шуҳрат қозондилар.
 
Иккинчи, қонуний ҳикмат:
Ҳозир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўпхотинликларининг ҳикматидан бир бўлаги бўлмиш қонуний ҳикмат ҳақида гапирмоқчимиз. Бу ҳикмат ҳам ҳар қандай оддий инсонга маълум: у жоҳилиятнинг айрим инкор қилинган одатларининг пучлигини исботлайди. Мисол тариқасида арабларнинг исломдан олдинги “бола олиб сақлаш” бидъатини қилишларини келтиришимиз мумкин. Улар орасида бу анъанавий дин бўлиб қолган эди. Улардан бирови ўз пуштидан бўлмаган болани ўғил қилиб оларди ва уни пуштидан бўлган бола ўрнида тутарди. Уни жами ҳолатларда – меросда, талоқда, тўй қилишда, қариндошлик маҳрамлигида, никоҳ маҳрамлигида ва бундан бошқа танилган нарсаларда болалари ҳукмида ҳақиқий бола сифатида тутарди. Бу жоҳилиятдаги тақлидона, расмий тус олган дин эди. Улардан бирови бошқа бировининг боласини ўғил қилиб олар ва “Сен менинг боламсан, сенга мерос қолдираман, сен эса менга мерос қолдирасан!” дерди.
Ислом уларнинг ботил ишларини иқрор ҳам қилмади, жаҳолат қаронғуликларида йўлдан озган ҳолди қолдиришни ҳам истамади. Бунга бир нарса асос бўлди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болалардан биттасини ўғил қилиб олишга илҳом қилинди. Бу пайғамбарлик юборилишидан олдин бўлганди. Ул зот алайҳиссалом Зайд ибн Ҳорисани исломдан олдинги арабларнинг одатига кўра ўғил қилиб олди. Ўғил қилиб олиш сабаб тўғрисида қиссаларнинг энг ажойиби, ҳикматларнинг энг гўзали мавжуд. Уни муфассирлар ва сийрат тарихчилари зикр қилганлар. Ҳозир вақтимиз зиқлиги боис уни зикр қилиш имконияти йўқ. Хуллас, мукаррам Пайғамбар Зайд ибн Ҳорисани ўғил қилиб олганлар. Шу кундан бошлаб одамлар уни Зайд ибн Муҳаммад деб чақира бошлаганлар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у бундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходимлари Зайд ибн Ҳорисани биз фақат Зайд ибн Муҳаммад деб чақирар эдик. Бу “Қуръон”да “Уларни (асранди фарзандларни) ўз оталари (исми) билан чақирингиз! Шу Аллоҳ наздида адолатлироқдир” ояти (Аҳзоб сураси, 5-оят) нозил бўлгунча давом қилди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен Шуроҳилнинг ўғли Ҳорисанинг ўғли Зайдсан!” дедилар”.
Пайғамбар алайҳиссалом уни аммасининг қизи Зайнаб бинти Жаҳш ал-Асадиййага уйлантириб қўйдилар. У билан бирга замондан бир муддат яшади. Лекин, бу узоққа чўзилмади, ораларидаги алоқалар ёмонлашди. Аёл унга дағал гаплар қиларди, ўзини ундан шарафлироқ деб биларди. Чунки, Зайд Пайғамбарга ўғил бўлишидан олдин мамлук қул бўлганди, Зайнаб эса ҳасаб ва насаб соҳибаси эди.
Аллоҳ ирода қилган ҳикмат бўлгани учун Зайд Зайнабни талоқ қилди. Шунда ўғил қилиб олиш бидъатини пучга чиқариш, ислом асосларини барпо қилиш ва жоҳилиятнинг қоидаларидан чиқиб келиш учун Аллоҳ ўз пайғамбарига унга уйланишни буюрди.
Лекин Пайғамбар алайҳиссалом мунофиқлар ва бузғунчиларнинг бу борада гап-сўз қиладиган тилларидан қўрқиб турардилар. Улар Муҳаммад ўз ўғлининг хотинига уйланди, дейишарди. Шунинг учун кечга сурган эди, ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ жалла ва ъалонинг сўзи билан қаттиқ маломат нозил қилинди: “(Эй, Муҳаммад!) Эсланг, Аллоҳ ва Сиз (неъматларни) инъом этган кишига (Зайд ибн Ҳорисага): “Жуфтингни ўзингда сақла (талоқ қилишга шошма)! Аллоҳдан қўрққин!”, - деб, Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизда яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишга ҳақлироқ бўлган ҳолингизда, Сиз одамлардан (таъналаридан) қўрққан эдингиз. Бас, Зайд ундан (Зайнабдан) ҳожатини адо этгач (уни талоқ қилгач), Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо этишгач (талоқ қилишгач), уларга (уйланишларида) қийинчилик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Аллоҳнинг амри бажарилувчидир” (Аҳзоб сураси, 37-оят).
Шундай қилиб ўғил асраб олишнинг ҳукми ниҳоясига етди. Жоҳилият даврида одат бўлиб қолган ана шудай одат пучга чиқди. Тақлидий дин бўлгани учун йўқотишдан четга чиқилмади: Аллоҳ таоло ушбу янги илоҳий қонунни таъкидлаган ҳолда нозил қилди: “Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир” (Аҳзоб сураси, 40-оят).
Мана шу уйланишлик Аллоҳ таолонинг амри ила бўлган эди. унда Аллоҳнинг баъзи душманларидан уйдурмачи, туҳматчилар айтганларидек нафсу ҳаво ҳамда шаҳват балоси бўлмаган. Унда оқилона мақсад, шарофатли ғоя бўлган. У жоҳилият одатларини ботилга чиқаришдир. Ушбу уйланишнинг мақсади ҳақида Аллоҳ азза ва жалланинг ўзи очиқ айтиб қўйган: “Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо этишгач (талоқ қилишгач), уларга (уйланишларида) қийинчилик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Аллоҳнинг амри бажарилувчидир” (Аҳзоб сураси, 37-оят).   
Имом Бухорий ўз санади билан ривоят қилишича, Зайнаб разийаллоҳу анҳо Пайғамбар солллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига бундай деб фахрланар эди: “Сизларнинг оилаларингиз турмушга берган, мени эса етти осмон устидан Аллоҳ турмушга узатган!”.
Хуллас, ушбу турмуш қонуний-шаръий ва ҳикматли, ҳамма нарсани билувчининг амри билан бўлган. Унинг ҳикматининг дақиқлигига, ақлларни-да, фаҳмларни-да қамраб ололганлигига қойил! Аллоҳ тўғри айтган: “Сизларга эса оз илм берилгандир” (Исро сураси, 85-оят).
 
Учинчи, ижтимоий ҳикмат:
Учинчиси ижтимоий ҳикматга келадиган бўлсак, бу нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи вазири Абу Бакр Сиддиқи акбар разийаллоҳу анҳунинг қизига, сўнг эса иккинчи вазири Умар ал-Форуқ разийаллоҳу анҳунинг қизига уйланганини келтириш билан равшан бўлади. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурайшликларга қариндошлик ва насаб билан ҳам янада яқинлашдилар, улардан бир нечасига уйландилар. Бу уруғ ва қабилалар орасида мустаҳкам робита боғладилар. Натижада қалблар ул зотнинг атрофида дўст бўлдилар, унинг даъвати атрофида ишонч, ҳурмат ва иззатда учрашдилар.
Пайғамбар саловотуллоҳи алайҳи ўзига одамлар ичида энг севимлиси бўлган, олдида қадри энг юксаги бўлган кимсанинг қизи – Сиддиқа Ойшага уйландилар. Унинг Абу Бакр Сиддиқ эканини биласиз, у одамлар орасида исломга энг биринчи кирган, Аллоҳнинг дини нусрат топиши йўлида нафси, жони ва молини аямаган, расулини ҳимоя қилган, ислом йўлида етган озор ва зарбларни кўтарган зотдир. Ҳатто, Имом Термизий ривоят қилганидек, Пайғамбар алайҳиссалом Абу Бакрнинг фазилатига ишора қилиб, бундай дегандилар: “Бизнинг олдимизда ҳеч кимнинг қўли Абу Бакрнинг қўличалик кифоя қилган эмас. Зотан, бизнинг олдимизда турган унинг қўлига Аллоҳ таоло қиёмат кунида мукофот бергусидир... Ҳеч кимнинг моли Абу Бакрнинг моли фойда берганчалик фойда бермаган. Мен кимга исломни арз қилсам, у тараддудланиб қоларди. Фақат Абу Бакр ундай қилмади, тараддудланиб ўтирмади. Агар мен ўзимга халил дўст оладиган бўлсам, Абу Бакрни дўст қилиб олардим. Бироқ, сизнинг соҳибингиз Аллоҳ таолонинг дўстидир” (Имом Термизий ривоят қилган).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр учун дунёда унинг қизига уйланишдан каттароқ кўзлар иқрор бўладиган мукофот топа олмади. Улар орасида қуда-андачилик ва қариндошлик ришталари боғланди, икковининг бир-бирларига бўлган садоқатлари, мустаҳкам алоқалари зиёда бўлди.
Пайғамбар саловотуллоҳи алайҳи Ҳазрати Умарнинг қизи Саййида Ҳафсага уйланганлари ҳам худди шундай бўлди. Отаси Умарнинг исломга кириши, унинг садоқати, ихлоси, ушбу дин йўлидаги фидоликлари кўзларга қувонч бўлган эди. Умар – у исломнинг қаҳрамонидир! У сабабли Аллоҳ исломни ва мусулмонларни азиз қилган, дин машъаласини баланд кўтарган. Пайғамбар алайҳиссалом унга қудачилик йўли ила яқинлашуви унинг ислом йўлида кўрсатган хизматларига муносиб энг яхши мукофот бўлди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам шон-шарафда у билан биринчи вазири Абу Бакр орасини мана шу қудачилик билан баробар қилганди. Икковининг қизига уйланишлари бу икки зот учун энг буюк шараф, балки энг улуғ мукофот ва миннатдорлик рамзи эди. бу дунёда ушбу шарафдан ортиқроқ мукофот беришнинг имконияти бўлмайди. Қандай ҳам улуғ сиёсат! Мухлис-вафодорларга нақадар улуғ вафо намунаси!
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шундай икромни Усмон ва Али разийаллоҳу анҳумога ўзларининг қизларини турмушга узатиб кўрсатганлар... Мана шу тўрттаси саҳобалар орасида энг улуғларидирлар, ул зотдан кейин мусулмонликни ёядиган, даъватни барпо қиладиган халифалардирлар. Бундан ҳам буюк ҳикмат, бундан-да мукаррам фикр бўладими?!
 
 Тўртинчи, сиёсий ҳикмат:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи хотинларга уйланишлари ўзига қалбларни боғлаш, қабилаларни ўз атрофларида тўплаш учун эди. Маълумки, инсон бирор қабиладан ёки уруғдан қиз олса, улар орасида қариндошлик ва қуда-андачилик алоқалари пайдо бўлади. Мана шунга табиатан қаралганда, уларни ўша инсонга ёрдам бериш, уни ҳимоя қилишга даъват қилади. Бу борада биз бир қанча мисолларни келтиришимиз мумкин. Ушбу улайнишнинг орқасида турган мукаррам Пайғамбар нишон бўлган улардаги ҳикмат шунда ойдинлашади.
Аввало, Пайғамбар саловотуллоҳи алайҳи Бани Мусталақнинг улуғи ал-Ҳориснинг қизи Саййида Жувайрийага уйланганлар. У ўз қавми ва қариндош-уруғлари билан бирга асир тушиб қолганди. Асирлар қаторига қўшилиб қолгандан кейин ўзининг ўрнига бирор нарсани бадал сифатида беришни хоҳлайди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, мол-мулкидан бирор нарсани иона тариқасида беришини айтади. Шунда мукаррам Пайғамбар унинг товонини қайтариб беришини ва унга уйланишини таклиф қилади. Аёл буни қабул қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилиб унга уйланадилар. Мусулмонлар: “Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайнағалари бизнинг қўлимидами?! (Яъни, улар асир бўлиб турибдими?!)” дейишиб, қўлларида тургани жами асирларни озод қиладилар. Ушбу олийжаноблик ва юксак муносабатни, ушбу мардлигу мурувватни кўрган Бани Мусталақнинг ҳаммаси мусулмон бўлдилар ва Аллоҳнинг динига кирдилар, мўъминлар жумласига айладилар.
Демак, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланишлари унинг ўзига ҳам, қавм-қариндошлари ва уруғларига ҳам барака бўлганди. Зотан, уларнинг мусулмонларига ва озод бўлишларига сабаб бўлган. Жувайриййа қавмининг энг баракотли аёли бўлиб қолди.
Имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ида Ойшадан (р.а.) бир ҳадис чиқарганки, у бундай деган эди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Мусталақнинг хотинларига етганларида, улардан (ўлжа сифатида) бешдан бир чиқариб олдилар. Сўнг қолганини одамлар орасида тақсимладилар. Ўшанда бир от икки улуш, бир киши (асир) битта улуш қилиб берилди. Жувайриййа бинт ал-Ҳорис Собит ибн Қайснинг улуши бўлиб тушди. У Пайғамбар олдига келиб, “Эй, Расулуллоҳ! Мен ўз қавмининг саййиди бўлган Ҳориснинг қизи Жувайриййа бўламан! Билиб турганингиздек, менинг бошимга бу иш тушиб қолди. Собит менга озод бўлиб кетишим учун тўққиз уқия (маблағ) ёзди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сенга ундан ҳам яхшироқ бўлсинми?” дедилар. “У нима экан?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шартномангни сенинг номингдан мен адо қилиб, сенга уйлансам-чи?!” дедилар. У: “Яхши, розиман, эй Расулуллоҳ!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўлса, шундай қилганимиз бўлсин!” дедилар. Бу хабар одамларга тарқалиб кетди. Улар: “Расулуллоҳнинг қайнағаларини ўғирландими?” дейишиб, қўлларида бор Бани Мусталақ асирларини озод қилиб юбордилар. Озод бўлганлар сони юз хонадонга етарди. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша қавмнинг бошлиғининг қизига уйланганлари сабаб бўлди”.
2) Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саййида Сафиййа бинт Ҳуйай ибн Ахтабга уйланишлари ҳам шунга ўхшаш бўлди. У Хайбар жангида эри ўлдирилганидан кейин асир тушиб қолган эди. у мусулмонларнинг баъзига улуш сифатида тушди. Фикрли ва маслаҳатдон одамлар: “Бу Бани Қурайзанинг саййидаси бўлса, у фақат Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи ва саллам лойиқ келади” дедилар ва мукаррам Пайғамбарга бу ишни арз қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақирдилар ва унга икки ишдан бирини танлаш ихтиёрини бердилар:
1) У озод қилинади ва Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи ва саллам турмушга чиқиб, ул зотга завжа бўлади;
2) Уни очиқликка чиқарилади, у оиласига кетаверади.
Сафиййанинг ўзи озод бўлишни ва ул зотга завжа бўлишни ихтиёр қилди. У Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам қадри буюклиги, улуғлиги ва муомаласи чиройлилигидан шунга рози бўлган эди. У мусулмон бўлди ва унинг мусулмонлиги сабабли одамлардан бир қанчаси ҳам исломга кирдилар.
Ривоят қилишларича, Сафиййа (р.а.) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига кирганида, унга қарата Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отанг менга нисбатан яҳудийлар ичида энг ашаддий душман бўлиб ўтди, ҳатто Аллоҳнинг ўзи уни ўлдирди....” дегандилар. У: “Эй, Аллоҳнинг элчиси! Аллоҳ ўз китобида: “(Қиёмат кунида) ҳеч бир кўтарувчи (гуноҳкор) ўзга (инсон)нинг юкини (гуноҳини) кўтармас...” (Фотир сураси, 18-оят) деган-ку?!” деди.   Мукаррам Пайғамбар унга дедилар: “Ўзинг танла, исломни танласанг, ўзим учун сени сақлаб қоламан. Агар яҳудийликни ихтиёр қилсанг, сени озод қилиб юбораман, қавмингга бори етасан”. У: “Эй, Расулуллоҳ! Мен исломни ёқтириб қолдим, мен сизни мени оилангизга таклиф қилишингиздан аввалроқ тасдиқ қилганман. Яҳудийликка менинг хоҳишим йўқ, ватанимда болам ҳам, ака-укам ҳам йўқ. Менга куфр ва исломни танлаш ихтиёрини бердингиз. Озодлик ва қавмимга кетишдан кўра менга Аллоҳ ва унинг расули севимлироқ!”, деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўзи учун ушлаб қолдилар.
3) Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саййида Умму Ҳабиба – Рамла бинт Абу Суфёнга уйланишлари ҳам шунга ўхшаш эди. Бу вақтда Абу Суфён шикр байроғини кўтарувчиси ва Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманларнинг энг ашаддийси эди. унинг қизи Маккада мусулмон бўлган, сўнг ўз эри билан бирга дини сабабли Ҳабашистонга қочиб кетган эди. Ўша ерда эри вафот қилди. У бир ўзи ёлғиз қолди, ёрдамчиси ҳам, меҳрбони ҳам йўқ эди. унинг ишини мукаррам Пайғамбар билганидан сўнг Ҳабашистон подшоҳи – Нажошийга мактуб йўллаб, уни ўзига уйлаб қўйишни сўрадилар. Нажоший бу хабарни унга етказганида, у шундай хурсанд бўлдики, унинг миқдорини фақат Аллоҳ субҳонаҳу билади. Чунки, у отаси ёнига ёки қавму қариндошлари олдига қайтадиган бўлса, улар уни куфр келтириш ва муртад бўлишга зўрлар эдилар ёки уни қаттиқ азоблардилар. Унинг учун нафис ҳадиялар билан бирга тўрт юз динор қалин берилди. Мадинаи мунавварга қайтганида, Пайғамбар Мустафо алайҳиссалоту вассалом унга уйланган эдилар.
Хабар Абу Суфёнга етиб келганида, ушбу никоҳга рози эканини билдирди ва “Бу эркакнинг бурни ушланмасин!” деди. У Пайғамбар билан фахрланган ва унинг қизига етнглигини инкор қилмаганди. Бу Аллоҳ таоло уни исломга ҳидоят қилгунча жавом қилди.
Шу ерда бизга Пайғамбар алайҳиссаломнинг Абу Суфённинг қизига уйланишларидаги буюк ҳикмат маълум бўлади. Бу уйланиш ўзидан ва мусулмон саҳобалардан озорни енгиллатиш истаги эди. Хусусан, насаб ва қариндошлик ораларида пайдо бўлганидан кейин бу нарса яққол сезилди. Чунки, Абу Суфён бу вақтда Расулуллоҳга хусумат қилишда Бани Умаййанинг энг ашаддийси, ул зотга ва мусулмонларга энг қаттиқ душман эди. Ул зот унинг қизига уйланишлари қалбининг юмшашига, қавми ва уруғининг қалби мойил бўлишга сабаб бўлди. Чунончи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Умму Ҳабибани ўзига танлаганлари унинг имонларига бўлган икром эди. Чунки, у ўз диёридан дини учун қочиб чиққанди. Демак, бу қандай ҳам сиёсий икром бўлди, нақадар яхши ҳикмат бўлди!
Пайғамбарнинг кўп хотин олишларининг ҳикмати борасида гапирар эканмиз, ҳозирда мўъминларнинг покиза оналари ҳақида гапириб ўтамиз. Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин. Аллоҳ ўз ҳабиби Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун уларни тенлаб берган ва ушбу улуғ шараф – пайғамбарлар саййидига мансуб бўлиш шарафи билан сийлаган. Аллоҳ уларни хотинларнинг энг тозаси қилиб танлади, уларга эҳтиром кўрсатиш ва таъзим бажо айлаш учун уларни мўъминларнинг оналари қилди. Бу Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга уйланишлари сабабидан эди. Ул зотнинг вафотларидан кейин ҳам пайғамбарнинг ҳурматидан шундай бўлиб қолди. Чунончи, айтувчиларнинг энг содиқроғи (Аллоҳ) бундай деган: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир, унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир” (Аҳзоб сураси, 6-оят).
Аллоҳ яна бундай деган: “Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарига озор бериш ва ундан кейин аёлларига уйланишингиз асло мумкин эмасдирю Чунки, бу Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир” (Аҳзоб сураси, 53-оят).
Аллома Қуртубий ўзининг “ал-Жомеъ ли-аҳком ал-Қуръон” номли китобида бундай деган. Унинг матни қуйидагича: “Аллоҳ таоло пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинларини мўъминларнинг оналари қилиб қўйиб шарафлади. Яъни, бу уларга таъзим қилишнинг вожиблиги, яхшилик қилиш ва улуғлаш лозимлиги, одамларга уларни никоҳлаб олишнинг ҳаром қилинганида кўринади. Бу нарса Пайғамбарини икром қилиш ва уларни шарафлаш бўлиб қолди...”.
Мукаррам Пайғамбар уйланган мўъминларнинг оналарининг сони ўн нафардан ортади. Уларнинг номлари қуйидагичадир:

1)    Саййида Хадижа бинт Хувайлид разийаллоҳу анҳо;
2)    Саййида Савда бинт Замъа разийаллоҳу анҳо;
3)    Саййида Ойша бинт Аби Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳо;
4)    Саййида Ҳафса бинт Умар разийаллоҳу анҳо;
5)    Саййида Зайнаб бинт Жаҳш ал-Асадиййа разийаллоҳу анҳо;
6)    Саййида Зайнаб бинт Хузайма разийаллоҳу анҳо;
7)    Саййида Умму Салама – Ҳинд бинт Аби Умаййа ал-Махзумиййа разийаллоҳу анҳо;
8)    Саййида Умму Ҳабиба – Рамла бинт Аби Суфён разийаллоҳу анҳо;
9)    Саййида Маймуна бинт ал-Ҳорис ал-Ҳилолиййа разийаллоҳу анҳо;
10)    Саййида Жувайриййа бинт ал-Ҳорис разийаллоҳу анҳо;
11)    Саййида Сафиййа бинт Ҳуййай бинт Ахтаб разийаллоҳу анҳо.

1)    Саййида Хадижа бинт Хувайлид
У Пайғамбар алайҳиссаломнинг аввалги хотинлари эди. Мукаррам Пайғамбар унга пайғамбар бўлишларидан аввал – йигирма беш ёшларида уйланганлар. Бу пайтда у қирқ ёшларидаги бева бўлган.
У аввалига Абу Ҳола ибн Зароранинг хотини эди. Сўнг уни Абу Ҳоладан Атиқ ибн Оиз мерос қилиб олди. Кейин унга, “ал-Исоба”да келтирилганидек,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эга чиқдилар. Расулуллоҳ солавотуллоҳ алайҳи унинг фикри тўғрилиги, заковатининг комиллиги учун уни танлаган эдилар. Бу уйланиш ҳикматли, муваффақиятли турмуш бўлган эди. Чунки, у ақлнинг ақлга уйланиши эди. Турмуш қуриш йўлида кўндаланг бўладиган иш – икковлари орасидаги ёшнинг фарқи ҳам билинмади. Зотан, унда мақсад ва шаҳватни ҳосил қилиш мақсади бўлмаган, у инсоний буюк мақсад эди. Аллоҳнинг расули бўлмиш Муҳаммадни Аллоҳнинг ўзи рисолат ва даъват қийинчиликларини  кўтаришга тайёрлади. Аллоҳ таоло ул зот учун ушбу тақводор, покиза, оқила, зийрак аёлни даъватни етказиш ва рисолатни ёйишда бўлиб ўтадиган ишларда ёрдам бериши учун танлаб олганди. У аёллар орасида биринчи имон келтирган.
Унинг ақлининг қуввати ва фикрининг ўткирлигига шоҳидлик берадиган нарса шуки, Пайғамбар алайҳиссаломга Жаброил келган вақтда бўлиб ўтди. У зоти шариф Ҳиро ғорида эди. У уйларига қайтар экан, қалби ваҳимадан қалтирар, уйга кира солиб, “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!” деган. Қалтироқ кетганидан сўнг, бўлиб ўтган гапни Хадижага айтиб бердилар. Унга: “Мен ўзимдан қўрқиб қолдим” дедилар. Унга Хадижа: “Хурсанд бўлаверинг! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон хор қилмайди. Сиз қариндошларга меҳрбонлик қиласиз, тўғрисўз ва меҳмондўст инсонсиз, машаққатларни енгиб ўтасиз, йўқликда касбу кор қилгансиз, ҳақиқат тарафига ёрдам берасиз...” деган. Бу икки “Саҳиҳ” тўпламда келтирилган ҳадисдир.
Пайғамбар ёшлигининг энг гуллаган даврини Хадижа билан ўтказди, унинг устига хотин олмади. Уни севганчалик ҳеч кимни севгани ҳам йўқ. Кейинчалик Саййида Ойша мана шундан рашк қиларди, ҳолбуки, у Хадижа билан бирга бўлмаган, уни кўрмаган эди. Ҳатто бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижани эсаган вақтида бундай дейишга ҳам журъат қилганди: “Ўтган замонда қолиб кетган бир кампирга шунчаликми?! Ахир, Аллоҳ сизга ундан кўра яхшироғини берган-ку!” деб, ўзини назарда тутиб айтган эди. Бу гапдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабландилар. “Йўқ! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ундан кўра яхшироғига алмаштирган эмас! У одамлар куфр келтирганида менга имон келтирди, одамлар мени ёлғончига чиқарганларида, у мени тўғрисўзсиз деб тасдиқлади. Одамлар мени маҳрум қўйганларида, ўз моли билан у мени қувватлади. Аллоҳ бошқа хотинларим билан эмас, фақат у орқали мени фарзанд билан сийлади”, дедилар. Ойша (р.а.) айтадилар: “Шундан сўнг уни ҳеч қачон ёмонлик билан эсламадим”.
Икки шайх (Бухорий ва Муслим) Ойшадан (р.а.) ривоят қилишларича, у бундай деган: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинларидан ҳеч кимни Хадижачалик рашк қилганим йўқ! Мен уни кўрмаганман, лекин Пайғамбар уни кўп эслар эдилар. Қўй сўйсалар, ундан Хадижанинг дугоналарига юборар эдилар. Бир марта: “Дунёда Хадижадан бошқа хотин йўқми?” деганимда, ул зот Хадижа мана шундай, мана шундай эди, деб мақтадилар ва ундан менинг фарзандим бор, дегандилар”.
Хадижа (р.а.) пайғамбар билан бирга йигирма беш йил яшаган, шундан ўн беши йили пайғамбарликдан олдин, ўн йили кейин эди. Бу муддатда мукаррам Пайғамбар унинг устига хотин олмадилар. Ул зотнинг Иброҳимдан бошқа жами фарзандлари ундан бўлганди. У рози бўлувчи ва рози қилинган ҳолда Аллоҳнинг раҳматига борганида Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрлари элликка етганди. Ул зотнинг олдида ундан бошқа аёл бўлмаган, унинг вафотидан кейингина биз зикр қилган айрим ҳукмлар бўлгани боис хотинларини кўпайтирганлар. Хадижадан Аллоҳ таоло рози бўлсин ва рози қилсин, унинг маскани ва маъвосини жаннатдан қилсин!

2)    Саййида Савда бинт Замъа
Пайғамбар алайҳиссалом Хадижа вафотидан кейин унга уйланганлар. У Сакрон ибн Амр ал-Ансорийнинг беваси эди. Унга уйланишнинг ҳикмати шундаки, унинг ёши Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи ва саллам каттароқ бўлган. У муҳожир мўъминалардан эди. Эри иккинчи марта Ҳабашистон ҳижратидан қайтганидан сўнг вафот этади. Битта ўзи қолади, на бир суянчиғи ва на бир ёрдамчиси бор эди. Агар эрининг вафотидан сўнг қариндош-уруғларига қайтганида эди, уни ширкка мажбурлардилар, исломга қизиқиб қолгани учун унга қаттиқ азоб берардилар. Уни кафолатга олишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ихтиёр қилдилар ва унга уйландилар. Бу унинг учун ниҳоят даражадаги яхшилик ва икром қилиш бўлди, унинг Аллоҳ ва расулига бўлган имони ва ихлосининг тўғри бўлишига сабаб бўлди.
Агар Пайғамбарнинг мақсади, туҳматчи шарқшунослар ўйлаганидек, шаҳват бўлганида эди, уни умри эллик бешдан ўтган қари беванинг ўрнига диркиллаб турган ёш бокирага алиштирган бўларди. Лекин Пайғамбар (а.с.) мардликда, жасорат ва мурувватда энг олий ўрнакдирлар! Унинг мақсади Савдани ҳимоя қилиш, кафолати остида қолганида унинг риоясини қилиш бўлган! Ул зотга раҳмат ва саломлар бўлсин!

3)    Саййида Ойша бинт Абу Бакр ас-Сиддиқ
Пайғамбар алайҳиссалом унга бокира ҳолида уйланганлар. У покиза хотинлари орасида ёлғиз бўлиб, ундан бошқа бокирага уйланмаганлар. Ойша мўъминлар оналарининг энг заковатлиси, энг ҳофизаси ўткири бўлган. Кўпгина эркаклардан билимдонроқ эди. Шунинг учун гоҳида саҳобалардан улуғ олимларидан кўпчилиги ундан ўзларига мушкиллик туғдирган ҳукмлардан айримларини сўрардилар, у эса уларга ҳал қилиб берарди.
Абу Мусо ал-Ашъарий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинганки, у бундай деган: “Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари бўлмиш бизларга ҳадис борасида бирорта мушкуллик туғдирадиган бўлса, уни Ойшадан сўрардик. Унинг олдида эса бу борада албатта бирор илм топардик”.
Абу-з-Зуҳо Масруқдан ривоят қилиб айтади: “Расулуллоҳнинг ёши улуғ, машойих бўлган саҳобаларини ойшадан мерос тақсимотига оид масалаларни сўраётганини кўрганман”.
Урва ибн аз-Зубайр айтади: “Тиббиёт, фиқҳ ва шеър борасида Ойшадан кўра билимлироқ аёлни кўрмаганман”.
Бу борада ҳадис китоблари унинг ўткир олимлигига гувоҳлик бериши ажабланарли эмас. “Саҳиҳ” тўпламларида икки шахсдан бошқа бирорта эркак ундан кўпроқ ҳадис ривоят қилган эмас. Бу икки шахс Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳумо.
Пайғамбар алайҳиссалом Ойшани бошқа хотинларидан кўра яхшироқ кўрардилар. Тақсимлашда эса улар орасида адолат қилардилар ва “Эй, Аллоҳим! Бу мен эгалик қилган нарсанинг мени тақсимлашимдир, эгалик қилмаган нарсам (муҳаббат)да мени маломат қилма!” дердилар.
“Танлаш” ояти нозил қилинганда, Ойшанинг олдига келиб, унга: “Сенга бир ишни эслатиб қўймоқчиман. Ота-онангга буюргунча, шошилиб юрма!” дедилар. У эса: “Маълумки, отажоним менга ажралишни буюрмайдилар” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ушбу оятни қироат қилиб бердилар: “Эй, Пайғамбар! Хотинларингизга айтинг: “Агар сизлар дунё ҳаётини ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда келингиз, мен сизларни (ўша нарсалар билан) баҳраманд қилай ва яхшилаб кузатай (талоқ қилай)” (Аҳзоб сураси, 28-оят). У: “Бу борада ота-онамга айтайми? Мен Аллоҳни, унинг расулини ва охират жойини танладим!” деди. Пайғамбарнинг Абу Бакр Сиддиқ билан қудачилиги энг улуғ миннатдорлик ва ушбу дунё ҳаётида унга мукофот бўлган эди. Чунончи, бу турмуш покиза суннатни, эр-хотинлик фазилатларини, шариати ҳукмларини, хусусан, хотинларга тааллуқли ҳукмларни ёйиш учун гўзал восита ҳам бўлган. Таълимий ҳикмат баёнида буларни баён қилган эдик.

4)    Саййида Ҳафса бинт Умар

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бева ҳолида уйланганлар. Унинг эри Хунайс ибн Ҳузофа ал-Ансорий бўлган. У чиройли синовга йўлиққанидан сўнг Бадр жангида шаҳид бўлган. У ботир қаҳрамонлардан бўлиб, унинг қҳрамонлиги, мардлиги ва жанговарлиги борасида тарих ўз саҳифаларини безаган.
Ҳафсани  отаси Умар разийаллоҳу анҳу хотини Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизи Руқиййа вафот қилганида Усмонга таклиф қилган. Кейинчалик Пайғамбар алайҳиссалом унга уйланганлар. Бу эса унинг отаси Умар ибн ал-Хаттоб учун буюк икром, миннатдорлик ва эҳсон бўлди.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳумодан ривоят қилиб, ҳадис чиқарган: Умар қизи Ҳафсанинг эри Хунайс ибн Ҳузофа Бадрда – Мадинада шаҳид бўлганидан сўнг қизини уйига келтирган вақтда, Усмонга учрашди ва “Хоҳласанг, Ҳафсани сенга никоҳлаб бераман” деди. У: “Ишимни қараб кўраман! (Ўйланиб кўрай!)” деди ва бир неча кунлар жимиб кетди ҳамда “Менга аниқ бўлди, мен уйланолмас эканман” деб жавоб берди. Умар айтади: “Абу Бакрга: “Агар хоҳласанг, сенга Ҳафсани никоҳлаб бераман” дедим у эса жим турди-да, “Усмон мендан кўра унга муносиброқ эди-ку!?” деди. У ҳам бир неча кун жимиб кетди.  Кейин унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам совчи қўйдилар, мен уни ул зотга турмушга бердим. Абу Бакр менга йўлиқиб қолди, шунда у: “Сен менга Ҳафсани таклиф қилганингда, унга жавоб бермаганим учун бирор нарсалар деб ўйлаб юрган бўлсанг керак?” деди. Мен унга “Ҳа!” деб жавоб бердим. У деди: “Сенга жавоб айтишим мумкин эди. Бироқ, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни эслаганини билиб қолган эдим. Унинг сирини ошкор қилганим йўқ. Агар тарк қилса, Ҳафсани қабул қилардим”.
Умарнинг феълида кўрилган бу иш ҳақиқий мардлик эди, балки бу тўғри инсонийликдир. Аллоҳ ундан рози бўлсин ва уни рози қилсин!
У номусини сақлашни хоҳлаган эди, қизини яхши инсон бўлмиш тенггига таклиф қилишда ўзининг қадрини ерга уришни кўрган эмас. Зотан, ушбу турмуш фазилатли жамоа учун гўзал восита эди. Бугунги кунда мусулмонларнинг жаҳолатидан ислом ҳукмлари ва унинг оппоқ жамоли қайда қолди?! Қизларини юксак сарватга эга, мол-дун    си кўп совчи келгунча қари қиз ҳолда қўйиб қўяверадилар.

5)    Саййида Зайнаб бинт Хузайма
Пайғамбар алайҳиссалом унга Ҳафса бинт Умардан кейин уйланганлар. У етакчи қаҳрамон, ислом шаҳиди Убайда ибн ал-Ҳорис ибн Абдулмутталибнинг беваси эди. Аллоҳ ундан рози бўлсин ва уни рози қилсин. У аввалги кураш Бадр жангида шаҳид бўлган. Эри шаҳид бўлиш асносида ўзининг бурчини бажарди: унинг жароҳатларини тозалаб, боғлашга киришди. Шунга машғул бўлар экан, эри шаҳидликка юз тутди. Аллоҳ мушриклар билан бўлиб ўтган аввалги курашда мўъминларга ғалабани ёзди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг сабрини, саботини, ҳаракатчанлигини билдилар. Бу ерда қайтмасданоқ унга оғиз солишшга ва ўз паноҳига олишга унинг хотирасининг ҳурмати тўсди.  Никоҳ ғалаба ва ёрдам билан қайтиб келганларидан сўнг бўлиб ўтган.
Фазилатли шайх Муҳаммад Маҳмуд ас-Саввоф ўзининг “Пайғамбарнинг покиза завжалари” номли рисоласида Зайнабнинг эри шаҳид бўлганлиги ва бу борадаги олийлик ва улуғлик борасида сўз юритганидан сўнг бундай деб ёзиб қолдирган: “Зайнабнинг умри Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланган вақтда олтмишга етган эди. Мукаррам Пайғамбар билан икки йил ҳам яшамади, Аллоҳ уни рози бўлган ва рози қилган ҳолди вафот қилдирди. Ушбу шарофатли эр-хотинлик борасида ва буюк ғояси ҳақида туҳматчиларнинг фикри нима экан?! Унда бўҳтончиларнинг бўҳтон қилган нарсани топа оладиларми?! Унда шаҳват ва нафси ҳаво таъсирини топа оладиларми?! Ёки бу буюк инсоний пайғамбардан бўлган қаҳрамонлик, иффат, улуғлик, марҳамат, фазилат ва эҳсон эмасми?! Ахир, у оламларга раҳмат бўлиб келган!
Ғаразли мақсадга эга мусташриқлар Аллоҳдан қўрқса бўларди, илмий омонатни адо қилиб, унга хиёнат қилмасалар бўларди! Ниҳоятда йўл билан шарқни ўрганмоқдалар, исломий илмларни дарс қилмоқдалар. Айниқса, инсониятнинг саййиди Муҳаммад алайҳиссалом борасида бузуқ, маккорона ва кескин йўл тутдилар.

6)    Саййида Зайнаб бинт Жаҳш
Пайғамбар алайҳиссалом унга бева ҳолида уйланган эдилар. У аммаларининг қизи эди. унга Зайд ибн Ҳориса уйланган, кейин талоқ қилган эди. Шунда унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч бир завжаларига уйланишда бўлган ҳикматдан кўра устунроқ бир ҳикмат борлиги учун уйландилар. У, қонуний-шаръий ҳикматни зикр қилган вақтда айтганимиздек, фарзанд қилиб олиш бидъатини бекор қилишдир.
Шу ерда баъзи бир маккор мусташриқлардан иборат ғаразгўйларга ва уларнинг хоин малайларига, ислом ҳамда исломнинг пайғамбарига адоват билан қаровчиларга маъқул келадиган нарса бор. Улар мукаррам Пайғамбарнинг Зайнабга уйланишлари қиссасидан бўлмағур нарсаларга ўралган пок, закий пайғамбарга таъна ва маломат топгандек бўладилар. Исроилийлар тўқиган ривоятлар бунга сабаб бўлган, улар айрим тафсирларда ҳам зикр қилинган.
Уларнинг ўйлашлари – нақадар ёмон гумондир! Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом Зайд уйида бўлмаган пайтда уникига борганмишлар. Зайнабни кўриб, ёқтириб қолган, қалбидан жой олган эмиш. “Ажабо, қалбларни ўзгартирувчи зот Ўзингсан, илоҳим!” дебдилар. Зайнаб буни эшитиб, эрикелган вақтда унга воқеани айтиб берибди. Билибдики, Зайнаб ул зотнинг қалбидан жой олибди, шунинг учун Пайғамбар олдига келиб, уни талоқ қилишни истаётганини айтибди. Пйағамбар унга қалбида бошқа нарса бўлса-да, унга оиласи билан бирга бўлишни буюрган эмиш. Зайд эса шундай бўлса-да, Пайғамбар унга уйланиши учун хотинини талоқ қилган эмиш.
Ибн ал-Арабий раҳимаҳуллоҳ ўз тафсири “Аҳком ал-Қуръон”да ушбу жиноятона даъвони рад қилган ҳолда бундай деган: “Уларнинг “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнабни кўриб, унинг муҳаббати қалбига ўрнашди” деган гаплари ботилдир. Чунки, доим ва ҳамиша у билан бирга бўлганлар, ораларида ҳижоб ҳам бўлмаган. Қандай қилиб муҳаббат ўсади? Уни ҳар лаҳзада кўриб турсалар, қалбига ҳар муҳаббат тушган эмас. Унинг эри бўлганда эса, уни ўзлари унга уйлантирб қўйганлар-ку! Аввал бўлмаган туйғу қандай қилиб пайдо бўлиб қолади?! Бу покиза қалб бузуқ алоқалардан покдир! Аллоҳ у ҳақида айтади: “Кўзларингизни Биз у (кофирлардан айрим) тоифаларни баҳраманд қилган нарсаларга (уларнинг бойликларига) тикманг! Уларнинг (имонсизликлари) устида ғамгин ҳам бўлманг! Мўминлар учун қанотингизни қуйи тутинг (камтар бўлинг!” (Ҳижр сураси, 88-оят). Муаллиф юқорида айтилган тўқима ривоятларни бирма-бир кўриб чиққан ва уларнинг ҳаммасининг асли йўқ эканини баён қилган.

Фазилатли биродарлар!
Зайнаб тарихига ва унинг Зайдга турмушга чиқишлари атрофидаги қиссага кенгроқ назар солинса, Зайд билан Зайнабнинг орасидаги турмуш ёмон бўлганлиги имон келтирамиз. Уларнинг орасидаги келишмовчилик ижтимоий ҳолатдаги очиқдан-очиқ бўладиган келишмовчилик эди. Зайнаб оқсуяк, Зайд эса кечаги қул эди. Аллоҳ уни имтиҳон қилиб, Зайдга турмушга чиқариб, олдинги уруғчилик ва жоҳилона шараф асосида бузушни хоҳлаган. Ислом шарафни дин ва тақвода қилди. Пайғамбар Зайнабни Зайдга турмушга чиқишини таклиф қилганида, у ўз шарафи ва насаби сабабли ор-номуси қўзғалиб кетди ва бу турмушга унамади. Бироқ, Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди: “Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилганда – ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир. Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса, бас, у аниқ залолат билан йўлдан озибди” (Аҳзоб сураси, 36-оят).
Зайнаб Пайғамбар буйруғига бўйсинишга мажбур бўлди ва Зайдга баданини топширди, руҳини топширгани йўқ. Бунинг орқасида алам ва сқилиш бор эди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнабни болалигидан билар эдилар. Чунки, у аммаларининг қизи эди. Зайнабни олишдан ким ман қиларди?! Инсон қандай қилиб бировга бокира қизни уйланиши учун тақдим қила оларди? Кейн бева ҳолида унга рағбат қила олармиди?!
Дарҳақиқат, улар ақлини ишлатмайдиган қавмдирлар. Улар билмаган нарсалари борасида сўзлашни ётирадилар, Пайғамбар тўғрисида ёлғон ва туҳмат, бўҳтон ва залолат гапларни айтадилар. Уларнинг бундай дейишларига ҳам бир қаранг: “Муҳаммад Зайнабга бўлган севгисини яширгани учун маломат қилнди...”. бу бўҳтонни ақлли кимса айтадими?! Қўшнисининг хотинига нисбатан бўлган севгисини ошкора қилмагани боис инсон ҳам айбланадими?!  Бу катта бўҳтондан ўзинг асра!
Ояти кариманинг ўзида барча очиқликлари ва жами равшанликлари билан бу ҳақида айтиб ўтилган. Ояти каримада зикр қилинишича, Аллоҳ Пайғамбари яширган нарсани ошкор қилади: “Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизда яширган эдингиз...” (Аҳзоб сураси, 37-оят). Аллоҳ таоло нимани ошкор қилмоқчи бўлган? Пайғамбарнинг Зайнабга бўлган севгиси ва ишқини ошкор қилмоқчими? Йўқ, йўқ! Асло, ундай эмас! Аллоҳ таоло ўз пайғамбар алайҳиссаломнинг фарзанд тутиш ҳукмини бекор қилиш учун унга уйланиш кераклиги ҳақидаги Аллоҳнинг амрини қилиш лозимлигини яшириб юрганини ошкор қилган. Лекин, Пайғамбар (а.с.) мунофиқларнинг тилидан қўққан эди, уларнинг “Муҳаммад ўз ўғлининг хотинига – келинига уйланди” деган гап-сўздан қўрққан. Мана шуни Борий жалла ва ъало очиқ айтиб, Пайғамбар яширган нарсани кўрсатиб берган: “Бас, Зайд ундан (Зайнабдан) ҳожатини адо этгач (уни талоқ қилгач), Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо этишгач (талоқ қилишгач), уларга (уйланишларида) қийинчилик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Аллоҳнинг амри бажарилувчидир” (Аҳзоб сураси, 37-оят).
Ана шундай пайғамбарларнинг саййиди бўлмиш зотнинг маъсумлиги, унинг тозалиги ва поклигига далолат қилувчи рад этиб бўлмайдиган далиллар ва аниқ-равшан ҳужжатлар олдида ёлғончи-туҳматчиларнинг ғаразгўй иғвогарлар тўқиб чиқарган гумонлари бекор бўлади.

7)    Саййида Умму Салама Ҳинд ал-Махзумиййа

Мукаррам Пайғамбар Умму Саламага у Абдуллоҳ ибн Абдуласаднинг беваси ҳолида уйланганлар. Унинг эри исломга илк кирганлардан эди ва Ҳабашистонга ҳам ҳижрат қилган. Хотини у билан бирга дини сабабли қочиб чиққан эди. ўша аснода у Салама деган ўғил туғган. Унинг эри Уҳуд жангида шаҳид кетди. У эса тўртта етими билан боқувчисиз, ёрдамчисиз қолаверди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланишдан ўзга таъзия, ўзи ва болалари учун кафил кўрганлари йўқ. Унга Пайғамбар (а.с.) совчи қўйганларида, у узр сўради ва “Мен қари кампирман, етимларнинг онасиман, ўзим эса ўта рашкчиман” деди. Пайғамбар (а.с.) унга бундай деб жавоб йўлладилар: “Етимларингни ўзим қучоғимга оламан, Аллоҳ қалбингдан рашкни кетказишни сўрайман” дедилар ва ёшларига парво ҳам қилмадилар. Пайғамбар (а.с.) Умму Салама кўнганларидан кейин унга уйландилар ва етимлари тарбиясига киришдилар. Улар учун қалбини катта тутдиларки, оталар йўқлигини сезмадилар ҳам. Чунки, уларга ўз оталари ўрнига марҳаматлироқ отани алмаштирилган эди. Аллоҳнинг раҳмати ва саломи ул зотга бўлсин!
Мўъминларнинг ушбу онасида улуғ насаб, мукаррам уй, исломга илк қирганлик жам бўлган эди. Унинг яна бошқача фазилати ҳам бор бўлган. У фикри ўткир аёл эди. Бунга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар ишида ғам чекиб, маҳзун бўлиб турган маҳалда унга ишора қилганларининг ўзи кифоя қилса керак. Бу воқеа Ҳудайбия сулҳида бўлиб ўтган. Мусулмонлар мушриклар билан тузилган ушбу сулҳдан ниҳоят даражада таъсирланган эдилар. Бўлиб ўтган шартларга биноан ўн йил давомида урушни тарк қилишга келишгандилар. Буюкликлари авжга чиққан пайтда мусулмонлар ўз ҳуқуқларида чекланиш бўлганини кўргандилар. Бу туйғунинг таъсири шу бўлдики, улар Пайғамбар буйруғини ҳам бажаришга дангасалик қилиб қолдилар. Уларга сочларини олдириб ёки қисартириб, Мадинаи мунавварга қайтишга буюргандилар. Ул зотнинг амрига ҳеч ким киришай демасди. Пайғамбар (а.с.) завжалари Умму Саламанинг олдига кирганларида, унга: “Одамлар ҳалок бўлди, улурга бир нарса буюрсам, буйсинай демаяптилар” дедилар. Умму Салама (р.а.) ул зотга ишнинг осонини кўрсатдилар: ул зотга уларнинг олдига чиқиб, улар олдида сочларини олишга ишора қилди. Шунда улар иложсиз эргашишлари аниқ эканини ҳам айтиб ўтди. Чунки, улар шундагина бу иш қатъий эканини, у борада иккиланиш мумкин эмаслигини биладилар, деди. Худди шундай бўлди. Пайғамбар (а.с.) чиқиб, сартарошга сочини олиб қўйишни буюрдилар. Ҳатто саҳобалар ул зотга эргашиш борасида мусобақа қила бошладилар. Аллоҳнинг раҳмати ул зотга бўлсин! Саҳобалар сочларини олдириб, эҳромдан чиқа бошлаганлар. Бу мўъминлар онаси Умму Салама разийаллоҳу анҳонинг маслаҳати билан бўлган эди. Аллоҳ уни рози қилсин!

8)    Саййида Умму Ҳабиба Рамла бинт Аби Суфён

Ҳижратнинг еттинчи йилида мукаррам Пайғамбар Саййида Умму Ҳабиба разийаллоҳу анҳога уйланганлар. У Убайдуллоҳ ибн Жаҳшнинг беваси бўлган, эри Ҳабашистон ўлкасида вафот қилган. уни Нажоший Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун никоҳлаган ва маҳрига тўрт минг дирҳам берган эди. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига Шураҳбил ибн Ҳасана билан бирга жўнатганди. Пайғамбарнинг унга уйланишларида мавжуд бўлган ҳикматни айтиб ўтилди.

9)    Саййида Жувайриййа бинт ал-Ҳорис
Мукаррам Пайғамбар Бани Мусталақнинг раҳбари Саййида Жувайриййа бинт ал-Ҳорис ибн Зирорга уйланганлар. У Мурайсеъ кунидаги жангда ўлдирилган Мусофеъ ибн Сафвоннинг беваси бўлган. Бу аёл мусулмонлар қўлига асир тушган. Эри эса исломнинг энг ашаддий душманларидан, Пайғамбарга хусумати энг кўпи эди. мукаррам Пайғамбарнинг унга уйланишлари борасидаги ҳикматни олдинроқ айтиб ўтган эдик.
Шунингдек, Сафиййа бинт Ҳуйай ибн Ахтаб ҳақидаги гап сиёсий ҳикмат ҳақидаги мавзуда ўтган.

11) Саййида Маймуна бинт ал-Ҳорис ал-Ҳилолиййа
Унинг асли исми Барра бўлиб, Пайғамбар (а.с.) уни Маймунага ўзгартирганлар. У Пайғамбарнинг охирги завжаларидир. Аллоҳнинг саломи унга бўлсин!  У ҳақида Ойша (р.а.): “У бизларнинг орамизда Аллоҳга энг тақводорроғи, қариндошларга барди-келдиси кўпроғи эди”, деган. У Абу Раҳм ибн Абдулуззонинг беваси бўлган. Айтишларича, Аббос разийаллоҳу анҳу ҳам унга рағбат билдириб, совчи қўйган. Пайғамбарнинг унга уйланишлари ул зотга ёрдамлашган ва қўллаб-қувватлаганларга нисбатан яхшилик, гўзал силаи раҳим, турмушини ҳурмат қилиш бўлгани махфий эмас.
Муҳтарам азизлар, бу Пайғамбарнинг покиза завжалари – мўъминларнинг оналари ҳақидаги бир лавҳа, холос. Уларни Аллоҳ расулининг суҳбати билан икром қилган, уларни мўъминларнинг оналари айлаган. Аллоҳ жалла ва ъало ўз гапи билан уларга бундай деб хитоб қилган: “Эй, Пайғамбар аёллари! Агар тақводор бўлсангиз, (ўзга) аёлларнинг бирортаси каби эмасдирсиз. Бас, сизлар (номаҳрам эркакларга) майин сўз қилмангиз, акс ҳолда қалбида бузуқлик бўлган кимса (сиздан) тама қилиб қолур. Яхши (тўғри) сўзни сўзлангиз!” (Аҳзоб сураси, 32-оят).
Пайғамбар алайҳиссаломнинг уларга уйланишларида кўпгина ҳикматлар борки, уларга Пайғамбар (а.с.) диний ва шаръий маслаҳат юзасидан ривоя қилганлар. Қалбларни бирлаштиришни қасд қилганлар, шунинг натижасида унга қабилаларнинг киборлари ва уруғларнинг улуғлари маҳлиё бўлиб қолдилар. Пайғамбарнинг (а.с.) Саййида Ойшадан бошқа барча завжалари бевадирлар. Пайғамбар хотинларини мусулмонлар билан мушриклар орасида урушлар бошланган йилларда – ҳижратдан сўнг кўпайтирганлар. Бу йилларда қатл ва уришлар кўп бўлган. Бу ҳижратнинг иккинчи йилидан бошлаб, то мусулмонларнинг ғалабаси тўлиқ бўлган саккизинчи йилгача давом қилган. Ҳар бир турмушдан бизга Пайғамбарнинг қаҳрамонлиги, унинг мардлиги, мақсадининг буюклиги, эҳсонининг гўзаллиги борасида аниқ далил равшан бўлади. Ёлғончи, туҳматчиларнинг гаплари бунга қарши. Агар Пайғамбарнинг қалбига нафси ҳаво султонлик қилганида эди, ёшлик айёмида бокира қизларга уйланган бўлардилар. Лекин, ана ўша ғарблик мусташриқларнинг қалблари қоп-қора ҳасадга тўлиб кетганки, бу ҳақиқатнинг ёрқин зиёсини кўришдан уларни кўр қилиб қўйган. Аллоҳ тўғри гапирган: “Йўқ, (Биз) Ҳақ (Қуръон)ни ботил (жаҳолат)нинг устига ташлаймиз, бас, уни эзиб юборгач, бехос (ботил) йўқ бўлур. Сизларга эса (эй, мушриклар! Аллоҳнинг бундай) сифатлаганингиз сабабли ҳолингизга вой!” (Анбиё сураси, 18-оят).
Аллоҳ таолонинг ёрдами ила тамом бўлди. Охирги дуойимиз “Ҳамду санолар оламлар раббиси Аллоҳ учундир!” деган гапимиздир!

Маккаи мукаррама. Шариат ва исломий дарслар факультети
Шайх Муҳаммад Али ас-Собуний
Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort