Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди Принтер учун
13.04.2012 й.
Айрим кишилар ўзларини тақводор қилиб кўрсатадилар. Агар ўзлари ёлғиз қолсалар тескари ҳолатга ўтадилар ва ҳеч ким кўрмаябди-ку, деб фисқу фужур билан машғул бўладилар. Улар гўё Аллоҳга эмас, одамларга юкунадилар. Тақвосини одамларга кўз-кўз қилиш мутлақо жоиз эмас. Аммо қасддан қилмаса-да, ўз-ўзидан билиниб қолса, зарари йўқ.

Баъзи инсонлар, ўзларини тақводор, ибодатли, зоҳид қилиб кўрсатиш учун қўлларида тасбеҳ ушлаб юрадилар, сўфиёна, дарвешона либослар кийиб юрадилар. Ваҳоланки тақво ҳадиси шарифда кўрсатилганидек, дилда бўлиши керак.
Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида шундай деб марҳамат қилади: “Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир. Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар. Ва улар сенга ва сендан олдин нозил қилинган нарсага иймон келтирарлар ва охиратга аниқ ишонарлар. Ана ўшалар Роббиларидан бўлган ҳидоятдадирлар ва ана ўшалар, ўшаларгина нажот топгувчилардир” (2–5-оятлар).
Қуръони Карим шундай китобки, унинг ҳақлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Унда ҳамма нарса очиқ-ойдин, аниқ-равшандир.
Қуръони Каримнинг яна бир сифати–“тақводорларга ҳидоятдир”.
Ҳидоят мақсадга эриштиргувчи йўлни лутф билан кўрсатишдир. Тақводорлар эса, уқубатга элтгувчи нарсалардан сақланадиган шахслардир.
Демак, Қуръони Карим ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун тақводор бўлиш керак экан. Тақвосиз қалбга Қуръони Карим ҳидоят солмайди. Кимки Қуръони Каримдан ҳидоят олибдими, демак, унда тақво бор экан.
Кейинги оятда мазкур тақводорларнинг сифатлари келади:
“Улар ғайбга иймон келтирурлар, намозни тўкис ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар”.
Қуръони карим оятлари барчани тақвога чорлайди, унга қизиқтиради ва шунга буюради.
Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида бир қатор тақво аломатларини ҳам зикр этган. Булар олти сифат ва аломатлар бўлиб, бойлик ва камбағаллик ҳолатларида ҳам инфоқ-нафақа қилиш, аччиқни ютиш, яъни ғазабланганда сабр билан ўзини ушлаш, гуноҳкорларни авф этиб кечириш, яхшилик қилиш, гуноҳларга тезликда истиғфор айтиш, кичик бўлса ҳам гуноҳ қилмаслик ва дарҳол тавба қилиш.
Агар Қуръони карим оятларини чуқур мушоҳада қилсак, ҳақиқий тақво инсонлар ўртасида чиройли ва мустаҳкам дўстлик, қардошлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашини ва ривожлантиришини кўрамиз. Аллоҳ таоло бундай баён қилади:
“У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар”.
Оят мазмунига кўра барча нохолис дўстлик ва суҳбатдошлик қиёмат кунида ҳеч бир фойда бермаслиги, аммо ҳақиқий холис дўстлик дунё ва охиратда боқий экани маълум бўлади. Шунингдек, инсоннинг тақвоси бўлмаса, ўзи ва бошқаларга ҳам бунинг салбий таъсири бўлиши, тақвосиз кимсада ёлғончилик, мунофиқлик, ёмонлик вужудга келиши мумкин. Шу ўринда машҳур тасаввуф олими Шоҳ Кирмонийнинг: “Тақво аломати – парҳезкорлик ва парҳезкорлик аломати – шубҳали ҳолатлардан йироқда бўлиш”, - деган сўзлари диққатга моликдир.
Ким нажот топишни истаса, ўзида тақводорлик сифатларини мужассам қилишга уринсин.
Аллоҳ таоло тақводор бандаларини шундай таърифлайди: “Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Набийларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўл ўғилларига (кўчада қолганларга), тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” (“Бақара” сураси, 177-оят).
Айтишларича, Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада: тилда, қалбда, кўзда, меъдада, қўлда, оёқда, итоатда намоён бўлади ва буни шундай шарҳлашади: “Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғон, ғийбат, бўҳтон, беҳуда сўзлардан тияди, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлади. Аллоҳдан қўрққан киши қалбини ҳасад, кўролмаслик, душманлик, хусумат каби иллатлардан фориғ этади. У кўзини ҳаромдан асрайди, дунёга ҳирс эмас, ибрат назари ила боқади. У меъдасини шубҳали ва ҳаром нарса билан тўлдирмайди. Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди. Исён йўлида эмас, Аллоҳга итоат йўлида одимлайди. Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун Унга итоат этади, риё, иккиюзламачиликдан сақланади”.
Барчаларимиз тоқатларимизга яраша тақво йўлини тутишимиз ва бунга жиддий ҳаракат қилиб боришимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, Аллоҳ табарока ва таоло ҳаммаларимизга хитоб қилиб бундай дейди:
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!”.
Аллоҳга тақво қилиш, яъни Унинг ўзигагина тоат-ибодат қилиш, Ўзидангина хавфу ражода бўлиш, тақво орқали гўзал одоб-ахлоққа эришиш билан бир қаторда “тақво” ҳеч қачон Аллоҳ таоло ҳалол ва мубоҳ қилган дунё нозу-неъматларидан баҳраманд бўлишга, чиройли тўкин-сочин ва саодатли ҳаёт кечириш тарзига асло қарама-қарши бўлмайди. Зеро, қадим-қадимдан барча улуғ алломалар, мазҳаб имомлари, солиҳ кишилар Аллоҳга тақво қилиш ва Унинг яратган неъматларидан баҳраманд бўлиш ва шукр этишда барчага ўрнак бўлишган. Улар Аллоҳ таолонинг:
“Айтинг: Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?..”, - деган ояти карималарининг маъно ва мазмунларини яхши англаб, уларга амал қилиб келганлар.
Аллоҳ таоло таъкидлаб айтадики:
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” (“Ҳашр” сураси, 18-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларга яна улар учун маҳбуб бўлган нидо билан мурожаат қилиб, уларни Ўзига тақво қилишга чақирмоқда.
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар!”
Аллоҳга тақво қилиш Ундан қўрқишдир. Аллоҳдан қўрқиш эса, гуноҳ ишларни тарк этишлик билан ва савоб ишларни кўплаб қилиш билан ҳосил бўлади.
“Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганига назар солсин.”
“Эрталик кун”дан мурод–қиёмат. Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у “эрта” дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак. Албатта, қиёмат куни мол-дунё, мансаб, ҳасаб-насаб, ёр-дўст ёрдам бера олмайди, балки иймон, Ислом ва қилинган яхши амаллари ёрдам беради. Шунинг учун, ҳар бир одам қиёматга тайёргарлигини кўриб қўйиши керак.
Оятнинг охирида Аллоҳ таоло яна бир бор тақвога буюради.
“Аллоҳга тақво қилинглар! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.”
Бу таъкид тақво ниҳоятда аҳамиятли эканини билдиради.
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло ким тақво қилаётгани ва ким қилмаётганини билиб туриши ҳам таъкидланмоқда.
Тақводорликнинг белгиси қўрқув ва умид орасида туришдир. Яъни Аллоҳнинг ғазабидан, Унинг азобидан, дўзахидан, иқобга олишидан, ҳисоб-китобидан қўрқиш ва айни пайтда Унинг раҳмат-мағфиратидан, меҳрибонлигидан, жаннатга киритишидан умидворлик туйғуси билан яшашдир!
Абдуллоҳ ибн Масъуд (рз.) ҳақиқий тақво ҳақида бундай дейди: “Тақво – бу Аллоҳга итоат қилиб, Унга осий бўлмаслик, Уни эсдан чиқармай зикр этиш, Унга шукр айтиш, асло куфроний неъмат қилмасликдир”.
Тақводорларнинг гуноҳлари ҳам ювилади, ҳам мағфират қилинади. Бу катта бахтдир.
Аммо, Аллоҳ таоло бу билан кифояланиб қолмайди. Тақводорларга яна бошқа мукофотлар ҳам беради.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
“Ва улар муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар ёки яхшилик билан ажралинглар ва сиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Бу ишингиздан, кимнинг Аллоҳга ва қиёмат кунига иймони бўлса, ваъзланур. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир.
Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақийқатан, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир” (“Талоқ” сураси, 2-, 3-оят).
Яъни, ким тақво ила Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи кўрсатиб қўяди.
Тақводорнинг мушкулини доимо Аллоҳ таолонинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради.
Одатда, кишилар ризқу рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечишади. Бу эса, аксинча натижага олиб келади.
Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.
Фақат илм эгаси бўлиш билан киши комил мўмин даражасига чиқа олмайди. Ҳақиқий мўмин ва ҳақиқий олим бўлиш учун, энг биринчи навбатда бандада тақво бўлиши керак. Агар банданинг илми денгиз миқдорича бўлсаю, аммо зиғирча тақвоси бўлмаса, ғурурли бўлса, кишиларни ўзидан паст кўрса, илми ўзиникидан камроқ бўлганларни писанд қилмаса, гарчи минг жузли китобларни сув қилиб ичиб юборган бўлса ҳам, унинг илми ўзига фойда бермайди. Шуни унутмайликки, тақвосиз илм “олим”нинг кибрини, ғурурини ва манманлигини зиёда қилади, холос. Лекин кимки озроқ нарсани билса ҳам, Аллоҳдан қўрқса, ўша ҳақиқий олимдир. Ҳам илми кўп бўлиб, ҳам тақвоси кучли бўлса, нур устига нур.
Тақво илмнинг руҳидир. Руҳсиз тана ҳеч нарсага арзимаганидек, тақвосиз илм, гарчи ўзгаларга манфаат келтирса-да, ўз соҳибига фойда бермайди.
Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) бу ҳақда барчамизга нур ва зиё, ҳидоят ва салоҳият, қисқа аммо сермаъно ва мазмунли ҳадиси шарифлари билан “тақво” нима эканини баён қилиб, бундай деганлар:
“Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил! Гуноҳ қилиб қўйсанг, ортидан дарҳол савобли иш қил, бу гуноҳни кетказади. Одамлар билан чиройли муомалада бўл!”.
Имом Шофеъий: “Ким нафсини тақводор қилолмаса, илми унга фойда бермайди”, деган.
Тақво қилиш ҳақида Ҳазрати Расул Акрам (с.а.в.)нинг охирги ҳажда қилган хутбалари диққатга сазовордир. Унда шундай дегандилар: “Аллоҳдан тақво қилингиз! Беш вақт намозни адо этингиз! Рамазон ойининг рўзасини тутингиз! Молларингиз закотини адо этингиз! Бошлиқларингизга итоат қилингиз! Шунда Раббиларингизнинг жаннатига кирасизлар” (Имом Термизий ривоятлари).
Тақводорлик ҳар бир мусулмон учун ўта муҳим нарса бўлганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани васиятларида биринчи бўлиб зикр қилдилар. Аллоҳ таолога тақво қилиш, У зотнинг азобига, дўзах азобига сабаб бўладиган нарсалардан ўзини сақлашдир.
Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга тақво қилишга қаттиқ тавсия этмоқдалар.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида хутба қилиб:
“Аллоҳга тақво қилинглар, беш намозингизни ўқинглар, ойингиз рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва иш бошингизга итоат қилинглар, Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар», деганларини эшитдим”.
Термизий ривоят қилган.
Агар мўмин-мусулмонлар ҳаётида тақво ўз ўрнини топса, албатта уларга улуғ ажру мукофотлар, савоблар ҳосил бўлади. Муттақий зотларга бўладиган чиройли ваъдалар ҳақида Аллоҳ таоло баён қилиб бундай дейди:
“...Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар...”.
Шуни ҳам яхши билиб, англамоғимиз лозимки,
Аллоҳ таолодан барчаларимизни тақво фазилати билан ошно қилишини, қалбларимизни тақво нури билан мунаввар этишини сўраймиз. Ҳақ таоло азиз юртимизни жаннатмакон қилиб, халқимизни муттақийларча яшашга ва икки дунёда саодатманд бўлишларига муваффақ айласин!

Шавкат АҲМЕДОВ
Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жомеъ  масжиди ноиби-имоми
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz