Заиф ва бечораҳол кишиларга яхшилик қилиш Принтер учун
13.04.2012 й.
–Мусъаб ибн Саъд  ривоят қилади:“Саъд ўзини бошқалардан фазилатлироқ деб билди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба қозонасизлар ва ризқланасизлар!” дедилар”(Имом Бухорий ривояти).
Бу ерда “Саъд” деб тилга олинаётган киши Мусъаб ибн Саъднинг отаси Саъд ибн Абу Ваққос (Молик) ибн Вуҳайб ибн Абдуманоф ибн Зуҳро ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб Абу Исҳоқ ал-Қуроший аз-Зуҳрий розийаллоҳу анҳудир. У машҳур саҳоба, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётликлари чоғида жаннатий экани хабар қилинган ўн кишидан биридир. Саъд ибн Абу Ваққос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк имон келтирган зотлардан ҳисобланади. У барча ғазотлардан қатнашган. Мазкур саҳобий жуда жасур ва паҳлавон мусулмонлардан эди. Айниқса, камон отишда жуда моҳир бўлган. Унинг уста камончи экани кўплаб жангларда мўминларга қўл келган.Ривоятда айтилишича, Саъд ибн Абу Ваққос шижоатли ва кучли бўлгани сабаб ўзини бошқалардан устун деб билган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бундай фикридан хабар топиб, таълим ва одоб бериш мақсадида: “Сизлар заифларингиз туфайли ғалаба қозонасизлар ва ризқланасизлар!” дедилар.Бу ерда “заиф” деганда мусулмонлар орасидаги заиф тоифалар – болалар, қариялар, аёллар, беморлар, ногиронлар, моддий жиҳатдан қийналган бечораҳол кишилар, мискинлар ва шу кабилар назарда тутилмоқда.Яъни: эй Саъд, ўзингни бошқалардан устунман, деб ўйлама! Сен ва бошқа  кучли жангчилар иштирок этган ғазотлардаги ғалабаларга фақат сизлар сабабчи бўлганингиз йўқ. Балки мана шу заиф тоифа вакилларининг дуолари ва ихлос билан қилган ибодатлари сабаб Аллоҳ сизларга душманларингиз устидан нусрат беради ва ризқингизни етказади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан Саъдга камтар бўлиш ва ўзини катта олмаслик лозимлигини таълим бермоқдалар.
Ибн Баттол айтади: “Заифлар дуода ихлосли, қалблари дунё ҳою ҳаваслари ва зийнатларидан узоқ бўлгани учун ибодатда хушуъли бўладилар. Шу сабаб Аллоҳ уларнинг дуою ибодатлари сабабидан мусулмонларга нусрат ва ризқ беради”.

–Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:“Мени(нг розилигим)ни заифларга яхшилик қилиш билан талаб этинглар! Зеро, сизлар заифларингиз туфайли ризқланасиз ва нусратга эришасизлар”, деганларини эшитганман”(Абу Довуд, Термизий, Насоий, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти. Шайх Албоний ушбу ҳадисни саҳиҳ, деган).
Имом Насоий ривоят қилган ҳадисда: “Албатта Аллоҳ бу умматга заифларининг дуолари, намозлари ва ихлослари сабабли нусрат беради”, дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари ичидаги мискин, бева-бечора ва камбағалларга яхшилик қилиш, уларни қаровсиз қолдирмасликни тайинлардилар. Бунда у зотнинг ўзлари бошқаларга чиройли ўрнак бўлар эдилар. Ушбу ҳадисда ҳам меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини заиф кишиларга яхшилик қилишга тарғиб қилмоқдалар:
“Мени(нг розилигим)ни заифларга яхшилик қилиш билан талаб этинглар!”
Яъни, розилигимни топиш ва муҳаббатимга сазовор бўлиш учун менинг амримга бўйсуниб, мусулмон уммати ичидаги заиф ва камбағал кишиларга ёрдам беринглар. Зеро, сизлар қўлга киритаётган ғалаба ва ўлжалар, касб қилиб топаётган бойлик ва мол-дунёларингиз уларнинг дуолари шарофати билан қўлга киритилмоқда. Мол-давлатларингизда уларнинг ҳам ҳаққи бор. Шундай экан, ҳар бир ҳақдорга ўз ҳаққи ва улушини беринглар. Заифларга яхшилик қилиш менинг йўлим ва сизларга қилган насиҳатимдир.

–Саъд ибн Молик ривоят қилади:“Мен: “Эй Расулуллоҳ, агар бирон киши қавмнинг ҳимоячиси бўлса, уники билан бошқаларнинг улуши бир хил бўладими?” дедим. Шунда у зот: “Онанг сени йўқотиб қўйгур, эй Умму Саъднинг ўғли! Сизлар заифларингиз шарофатидан ризқланасизлар ва ғалабага эришасизлар”, дедилар”(Имом Аҳмад ривояти).
Ҳадисда номи зикр қилинаётган Саъд ибн Молик юқорида маълумот бериб ўтилган Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу саналади. Саъд отасининг куняси Абу Ваққос, асл исми Моликдир.
Айтиб ўтганимиздек, Саъд ибн Абу Ваққос мард ва жасур кишилардан эди. Ғазотларда ўлжа тушганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни мусулмонлар ўртасида тенг ва адолатли тақсим қилар эдилар. Заиф ва кучсиз, курашда унча фаол иштирок этмаган кишилар ҳам ўлжадан бенасиб қолмасдилар. Шу нарсани мулоҳаза қилиб, Саъд ибн Молик: “Эй Расулуллоҳ, агар бирон киши қавмнинг ҳимоячиси бўлса, уники билан бошқаларнинг улуши бир хил бўладими?” деди.
Яъни, агар бир киши қавмнинг ҳимоячиси бўлса ёки жангда асосий оғирликни зиммасига олиб, ғалаба қозонишда муҳим ўрин тутса, унинг ҳам, урушда қатнашмаган ёки қисман қатнашганларнинг ҳам оладиган ўлжаси бир хил бўладими? Жасур ва мард кишиларга ўлжадан кўпроқ ажратилса бўлмайдими?
Унинг бу саволини эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таажжуб билан:
“Онанг сени йўқотиб қўйгур, эй Умму Саъднинг ўғли! Сизлар заифларингиз шарофатидан ризқланасизлар ва ғалабага эришасизлар”, дедилар.
Яъни, эҳ сени қара! Ахир бу умматга Аллоҳ таоло заифларининг дуолари, ибодатлари сабабли ғалаба беради ва сизлар, эй Саъд, заифларингиз туфайли ризқланасизлар!
Шофеъийлар ушбу ҳадисни далил қилиб: “Истисқо (Аллоҳдан ёмғир сўраб дуо қилиш ва намоз ўқиш)да кексалар ва ёш болаларнинг бўлиши мандубдир”, деганлар.
Кўриб ўтганимиздек, юқорида келтирилган ҳадисларнинг асосий матни бир хил. Аммо уларнинг айтилишига турли ҳолатлар сабабчи бўлган. Бундан келиб чиқадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни ўзаро ёрдам бериш, заифларни қўллаб-қувватлаш ва уларни қаровсиз қолдирмасликка домий тарзда даъват қилиб келганлар.
Ушбу ҳадис бошқа тузумларда мавжуд бўлган “Ишлаган тишлайди, ишламаган тишламайди” деган мантиқсиз гапнинг Ислом учун умуман бегона эканига далолат қилади. Ислом бошқа дин ва жамиятлардан фарқли ўлароқ заиф ва камбағал кишиларни қаромсиз қолдириб қўймайди. Балки уларга яхшилик қилишга тарғиб қилади. Бу эса ўша жамиятнинг тинч-тотув бўлиши ва гуллаб-яшнаши, яхшилик қилган бандаларнинг эса Аллоҳ даргоҳида мартабалари юксалишига сабаб бўлади.

Тошкент шаҳари "Шайх Зайниддин" жомеъ
 масжиди имоми хотиби Одилхон Исмоилов
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz