Мўминлар ҳақида яхши гумонда бўлинглар! Принтер учун
01.05.2012 й.
Мен ўсмирлик ёшидаги болаларимга насиҳат қилиб, одамларга қараётганингизда кўзингиздаги «қора кўз ойнак»ингизни олиб қўйинг, Аллоҳнинг бандалари ҳақида яхши гумонда бўлинглар, аслида ҳамма беайб бўлишини яхши билинг ва аҳли Исломнинг аҳволини яхшиликка буринглар, деб насиҳат қиламан.

Ана шу некбинлик (оптимистик) йўлини тутишга ёрдам берадиган қарашлар учтадир:

Биринчиси:  одамларнинг ҳаммаларига улар ҳам шу замин устида яшаётган кишилардир, қанотлари бор малаклар эмас, зотан улар нурдан яралмаганлар, аксинча қора балчиқдан яратилганлар деган эътибор билан муомала қилишлик. Шундай экан агар улар хато қиладиган бўлсалар, аслида бани Одамнинг барчаси хато қилгувчидир. Агар улар гуноҳ қиладиган бўлсалар аслида уларнинг илк оталари ҳам гуноҳ қилгандир:
«Батаҳқиқ, илгари Биз Одам билан аҳдлашган эдик. Лекин у унутди. Унда азму қарор топмадик». (Тоҳа­115)
Шундай экан одамларнинг гоҳ йиқилиб гоҳида туришларининг, гоҳ хато қилиб гоҳида тўғри иш қилишларининг  ажабланадиган жойи йўқдир. Биз уларни Аллоҳнинг азоби ва иқобидан қўрқитар эканмиз уларда  Аллоҳнинг афви ва мағфиратига бўлган умидворликни ҳам пайдо қилмоғимиз лозим. Зеро ҳақиқий олим Аллоҳнинг бандаларини Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмайдиган, Унинг макридан хотиржам қилиб қўймайдиган бўлади. Шу маънода Аллоҳ таолонинг Ўз расули соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт», (Зумар­52) деган сўзи бизга кифоя қилади. Бас, Сиз Унинг ўз бандаларига бераётган таскинига бир қаранг. Уларга нидо қилар экан «Эй бандаларим» дея уларни Ўзининг муқаддас зотига қўшмоқда. Бу Унинг бандаларига бўлган лутфи, уларни Ўзига яқин олишидир. Кейин эса барча гуноҳлар учун мағфират эшигини ланг очиб қўймоқда. Чунки гуноҳлар қанчалик катта бўлмасин Аллоҳнинг афви ундан кўра улуғроқдир.

Иккинчиси: бизлар зоҳирга қараб ҳукм чиқаришга, одамларнинг ичларини Аллоҳга ҳавола қилишга буюрилганмиз. Энди ким Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг расули дея гувоҳлик берадиган бўлса, зоҳирига қараб биз уни мусулмон деб ҳукм қилаверамиз ва унинг дилини  ғайбларни ўта билгувчи Зотга ташлаб қўямиз ки Унинг Ўзи сирлар фош бўладиган кунда у билан ҳисоблашиб олаверади. Саҳиҳ ҳадисда «Мен одамлар билан то улар Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бергунларига қадар уруш қилишга буюрилдим. Бас агар уни айтсалар демак улар ўз қонлари ва молларини   мендан сақлаб қолган бўладилар. Магарам ўз ҳаққи билан бўлмаса. Уларнинг ҳисобларини қилиш Аллоҳнинг зиммасидадир», деганлар.
Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ­ботинларида мунофиқ эканликларини билган­ мунофиқлар билан уларнинг зоҳирларига қараб муомала қилганлар ва уларга мусулмонлик ҳукмларини ижро этганлар. Ваҳоланки улар набий алайҳиссаломга махфий тарзда макр қилиб юрар эдилар. Баъзи одамлар Расулуллоҳга уларни қатл қилиб ёмонликлари ва макрларидан холос бўлиш таклифини билдирганида уларга: «Одамлар,  Муҳаммад ўз асҳобларини ўлдирмоқда! деб гапиришларидан қўрқаман», деган эдилар.

Учинчиси: Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирган ҳар қандай кишининг қалби агарчи зоҳири маъсиятга ботиб кетган ва гуноҳи кабиралар қилиб юрган бўлса ҳам қандайдир яхшиликдан холи бўлмайди. Гуноҳлар ­ кабира бўлса ҳам­ иймонга зиён беради ва унинг нурини камайтиради. Модомики кабира қиладиган киши Аллоҳнинг салтанати билан тортишмас экан ёки ҳаромни ҳалол санамас экан, Унинг амру фармонларига менсимаслик қилмас экан ҳеч ҳам уни таг­ томири билан юлиб ташламайди.
Бу борада расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга энг яхши ўрнакдирлар. Зотан у зот гуноҳкор бандаларга нисбатан энг меҳрибон эдилар. Бирор кимсанинг гуноҳ қилгани у зотни ўша инсонга нисбатан қалбларини очишларига, унга табибнинг беморга қарагани каби қарашларига тўсқинлик қилмас эди. У зот шундай инсонларга полиция ходимининг жиноятчига қарагани каби қарамас эдилар.
Бир йигит набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, зинога рухсат беришларини сўради. Саҳобалар унинг набий соллаллоҳу алайҳи васалламга журъат қилганидан ҳаяжонга келиб уни ўлдирмоқчи бўлдилар. Аммо набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бошқача муносабатда бўлдилар. «Яқинроқ кел», дедилар унга. Яқин келгач унга: «Онанг билан зино қилинишини истайсанми?» дедилар. У: «Худо ҳаққи, йўқ! Аллоҳ мени Сизнинг фидоингиз қилсин», деди. «Одамлар ҳам ўз оналари билан бировнинг зино қилишини истамайдилар», дедилар. Сўнг унга қизи, опа­ синглиси, амма ва холаси ҳақида ҳам шундай дедилар. Уларнинг барчасида: «Фалон билан бўлишини хоҳлармидинг?» дер эдилар. У бўлса:  «Худо ҳаққи, йўқ! Аллоҳ мени Сизнинг фидоингиз қилсин», дер эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: «Одамлар ҳам буни хоҳламайдилар», дер эдилар. Кейин эса қўлларини унинг кўксига қўйдилар ва: «Аллоҳим, унинг гуноҳини кечиргин, қалбини поклагин, фаржини сақлагин», дедилар. Ана шундан кейин ҳалиги одам ҳеч нарсага қарамайдиган бўлди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга нисбатан мулойимлик билан муомала қилишларининг бирдан ­бир сабаби у ҳақда яхши гумон қилганликлари, унинг қалбида яхшилик бор, ёмонлик келиб­ кетиб тургувчи бир хаёлдир, деган ўйда бўлганликлари эди. Шунинг учун ҳам то унинг ақлини қаноатлантирмагунга қадар, қалби зинонинг ёмон ва фахш иш эканига таскин бўлмагунига қадар у билан мулоқот қилавердилар. Ва шу билан у набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига ҳам мушарраф бўлиб олди.
Балки: «Бу одам ҳали гуноҳ(зино) қилмаган эди. Демак унга қўполлик ва дағаллик билан эмас балки мулоимлик ва юмшоқлик билан муомала қилиш мумкин эди», дейишлари мумкин.
Унда сизга бошқа бир мисолни келтириб бераман. Яъни, Ғомидийлик зино қилиб қўйган аёл. Ўзи турмуш қурган бўла туриб зинодан ҳомиладор бўлиб қолган эди. У ўзига ҳадд ижро этилсин учун набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди.  Токи ҳад ижро этилмагунига қадар шунда туриб олди. Ҳад ижро этилаётганида  Холид ибн Валиднинг оғизларидан ҳақоратомуз сўз чиқиб кетади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй, Холид, сен уни ҳақорат қилаяпсанми? Аллоҳга қасам, у хотин шундай тавба қилдики агар уни мадиналиклардан етмишта уйга тақсим қилинадиган бўлса албатта, уларга етган бўлар эди. Ўз жонини Аллоҳ азза ва жаллага бағишлаган бу аёлдан кўра афзалини кўрганмисан?», дедилар.
Балки: «Бу аёл гуноҳ қилиб кейин тавба қилган эди да», дейишлари мумкин.
У ҳолда яна бир мисолни келтираман:
Хамр ичишга муккасидан берилган бир саҳобийни бир неча марта расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига маст ҳолда олиб келадилар. Шунда унга дарра уриб жазо берилади. Кейин эса яна хамрга бўлган хумори ёки шайтон устун келиб ичкиликка қайтар эди. Сўнг яна олиб келинар ва дарра уриб жазо берилар эди. Шу тарзда бу иш бир неча марта такрорланди. Уни яна маст ҳолда олиб келар эканлар саҳобалардан бирлари «Унга нима қилган ўзи, Аллоҳнинг лаънатига учрагур? Бунча  кўп марта олиб келинмаса?!», деди.
Шу ерда набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу мусулмонни лаънатланганига жим қараб тура олмадилар. Бунда хамрхўр саҳобийнинг ёмонликларнинг онаси­ хамр ичганига, хамр ичишга бардавом бўлгани ва унга муккасидан кетганига қарамасдан: «Уни лаънатламагин! Чунки у Аллоҳни ва Унинг расулини яхши кўради», дедилар. Бошқа бир ривоятда: «Биродарингизга қарши шайтоннинг ёрдамчиси бўлманг!», дедилар.
Аллоҳ Сизу бизни раҳмат қилсин, сиз ана шу катта юракка бир қаранг а. Гуноҳкор бўлишига қарамасдан у қалб қандай қилиб шу инсонга марҳамат қила олди, у ҳақда яхши гумонда бўла олди? Зоҳирида ёмонликлар аломати кўриниб турган бўлишига қарамай қандай қилиб унинг қалбида ёшириниб ётган яхшиликларни мулоҳаза қилди? Уни Аллоҳни ва Унинг расулини яхши кўради, деб тавсифламоқда. Шунинг учун уни лаънатлашни ман қилмоқдалар. Чунки бундай йўлни тутиш у билан диндош биродарларининг орасига бўшлиқ пайдо қилади. Улардан қочиради. Ана шу пайтда унга шайтон яқин келади.  «Биродарингизга қарши шайтоннинг ёрдамчиси бўлманг!», деганларининг сири ана шу.  Унинг  такрорланиб турадиган кабира гуноҳи сабабли у билан диндош биродарларининг орасидаги ришта узилмади. Чунки Ислом аслида уларни бунга буларни эса  уларга қўшади.
Одамлар ҳақида ёмон гумонда бўладиган, гуноҳкор бандаларни ҳисобга қўшмайдиган ўша одамлар ана шу чуқур набавий назарни, ана шу оламшумул муҳаммадий тарбияни англаб етсинлар. Гуноҳ қилганларни кофирга чиқарадиган шошқалоқлар   ана шу сабоқни ўрганиб қўйсинлар. Зеро агар улар шуни англаб етганларида эди ўзлари кофирга чиқараётган кишилар қатл қилинишлари керак бўлган муртадлар эмасликларини, балки таълим берилиши лозим бўлган диннинг моҳиятини билмайдиганлар эканликларини ёки ёмон улфатлар ва ёмон муҳитнинг таъсири билан гуноҳга қўл урган кишилар бўлиб, уларга халоскор керак эканлигини, дунё ишлари билан бўлиб охиратдан ғафлатда юрганликлари сабабли уларни ғафлатдан уйғотадиган, охиратни эслатадиган кишиларга муҳтож эканликларини, эслатиш мўминларга наф беришини билган бўлар эдилар.
Ҳар қанча гуноҳкор бўлсалар ҳам одамларни лаънатлашлик уларни тузатиб қўймайди, яхшиликка етакламайди ҳам. Аксинча янада узоқлатиб юборади. Ана шундай салбий ўринларда осий биродарингизнинг яқинига келиб, уни даъват қилишингиз ёки унинг учун дуо қилишингиз, уни шайтонга ўлжа қилиб қолдирмаслигингиз керак бўлади. Бир донишманд одам «Зулматни лаънатлаганнинг ўрнига йўлни ёритадиган чироқни ёққин!», деган экан.
Юраклари ўтга тўлган мусулмон ёшларга қилмоқчи бўлган насиҳатим ана шу эди. Мен уларни қаттиқ яхши кўраман ва улар учун кўпроқ қайғураман. Мен ҳам анбиёлар хатиби Шуайб алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзларини айтаман холос:
«Мен сизларни ўзим қайтараётган нарсада ўзим хилоф қилмоқчи эмасман. Мен имконим борича ислоҳ қилишдан ўзга ҳеч нарсани хоҳламасман. Менинг муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ. Унгагина таваккал қилдим. Унгагина қайтаман.»

Шайх Юсуф Қарозовий
Алоуддин Хофий таржимаси

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri