Воқеий қиссалар Принтер учун
19.05.2012 й.

АҚЛИ ЙЎҚ ЭКАН-ДА!

Даҳрий муаллим синфхонада болаларга Аллоҳнинг йўқ эканини ақлий далил билан исбот қилмоқчи бўлиб шундай дебди: Болалар, мени кўряпсизларми?
Ўқувчилар: Ҳа.
Муаллим: Демак, мен борман. Доскани ҳам кўряпсизларми?
Ўқувчилар: Ҳа.
Муаллим: Демак, доска ҳам бор. Столни ҳам кўряпсизларми?
Ўқувчилар: Ҳа.
Муаллим: Демак, стол ҳам бор. Аллоҳничи, Аллоҳни кўряпсизларми?
Ўқувчилар: Йўқ.
Муаллим: Демак, Аллоҳ йўқ.
Зийрак ўқувчилардан бири туриб: Болалар устознинг ақлини кўряпсизларми?, деди.
Ўқувчилар: Йўқ.
Зийрак ўқувчи: Ундай бўлса, устознинг ҳам ақли йўқ экан-да!


ЎЗГАДАН ФАРЗАНД КЎРМАСЛАР

Аллома Аҳмад Бошо Усмоний ўта зукко ва ҳозир жавоб эдилар. Бир мажлисда Европалик сиёсатдон танишларидан бири: “Нима учун шарқнинг аёллари ҳануз эркаклардан тўсилиб, уларга аралашмай, ҳаёти давомида уйларини лозим тутишадилар?”, дебди.
Аллома дарҳол жавоб бериб: “Чунки улар эридан ўзгалардан фарзанд кўришни истамаслар”, дебди.
Бу жавоб унга бошидан муздек сув қуйгандек бўлди. Гўёки оғзига тош солиб олган киши каби лом-мим демай, эшитган жавобдан бесаранжом бўлиб қолди.

АЛЛОҲНИНГ НАЗАРИ ТУШСИН

Ҳотамул Асом истиқомат қиладиган юртнинг амири Ҳотамул Асомнинг эшиги олдидан ўтиб қолди ва ичмоқлик учун сув сўради. Сувни ичиб бўлиб, уй эгаларига бир оз пул берди. Амирнинг атрофидагилар ҳам шундай қилишди. Уй эгалари хурсанд бўлишди. Фақатгина бир қизча йиғлар эди. Ундан нима учун йиғлаётганини сўрашди. Шунда у: Аллоҳ яратган бандалардан бирининг назари бизни шу даражада хурсанд ва бой қилди, энди агар Аллоҳнинг ўзи бизга назар солсачи, унда қандай бўларди?, дебди.
Азизлар!, Аллоҳнинг назарини топишга ҳаракат қилайлик, икки дунёмиз саодатли бўлади.

БАНДАЛАР АЛЛОҲНИ СИНАМАЙДИ!

Исо (а.с.)нинг ҳузурларига Иблис келиб: “Сенга Аллоҳ тақдир қилган нарсагина келишига ишонасанми?”-деди. Исо(а.с.): “Ҳа”-деб жавоб бердилар. Иблис: “Ундай бўлса, мана бу тоғдан ўзингни ташлагин, агар Аллоҳ сенга саломатликни тақдир қилган бўлса, саломат қоласан”-деди. Шунда Исо(а.с.): “Эй малъун, бандалар Аллоҳни синамайди, Аллоҳ бандаларни синайди”, -деб жавоб қилдилар.
Демак, тақдирда нима бўлса бўлади деб ҳаркат ва тадбир қилишдан тўхташимиз мумкин эмас. Биз ҳаракат қилишга ва  тадбир қилишга масъулмиз. Лекин унинг натижасига масуъл эмасмиз.
Масалан: Бир эр ва хотин бирга ётмасдан туриб, Аллоҳ фарзанд берса фарзандли бўламиз дейишса, бу нотўғри бўлади. Аввал фарзанд кўриш учун лозим бўлган эр-хотинлик муомаласини қилсин, сўнгра Аллоҳга ҳавола қилсин. Ана шунда тўғри бўлади.

АЛЛОҲ СЕН БИЛАН ДЕНГИЗДА ҲАМ, ҚУРУҚЛИКДА ҲАМ САВДО ҚИЛАВЕРАДИ

Ривоят қилинишича бир аёл Довуд(а.с.)нинг ҳузурларига кириб: “Эй Аллоҳнинг расули, Роббинг золимми ёки одилми?”-деб сўради. Довуд(а.с.): “Ҳолингга вой бўлгур, Роббим одил, ҳеч кимга жабр қилмайди, нимага ундай деяпсан”-деди. Аёл: “Мен бир бева аёлман, болаларим бор, ўз қўл меҳнатим билан боқаман. Кеча ип йигириб, бир бўлак матога ўраб сотишга бозорга олиб кетаётган эдим, тўсатдан бир қуш менга хужум қилиб қолди ва мато ва ипни олиб қочди. Мен эса ночор аҳволда, хафа бўлиб, болаларимга ҳеч нарса олиб келолмай уйимга қайтдим. Шу суҳбат бўлиб турган пайтда Довуд (а.с.)нинг эшиги тақиллаб қолди. Довуд а.с. киришга изн берди. Улар  ўнта тижортчи эди. Уларнинг ҳар бирида юз динордан пули бор эди. Улар: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, бу пулларни ҳақдорларга беринг”-дедилар. Шунда Довуд(а.с.): “Бу пулларни  беришликка сизларни нима мажбур қилди?”-деди. Улар: “Биз бир кемада эдик, бизга бир шамол эсиб, ғарқ бўлишимизга оз қолганида тўсатдан бир қуш келиб, бир мато ташлади. Унинг ичида йигирилган ип бор эди. Биз у билан кемамизнинг айбларини тўғирлаган эдик, шамол бизга қийинчилик туғдирмади. Биз саломат қолганимиз учун ҳар биримиз юз динордан садақа қилишликни назр қилдик, мана ўша пуллар”-дедилар. Довуд (а.с.) ҳалиги аёлга қараб: “Аллоҳ сен билан денгизда ҳам, қуруқликда ҳам савдо қилаверади, сен эса Уни золим дейсан. Унга юз динор бериб, “болаларингга сарфлагин”-деди.
Ҳа азизлар, Аллоҳ таоло ҳеч кимга зулм қилмайди, У меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир.

 “Кўкалдош” мадрасаси мударриси,
Сидиқметов Қудратуллоҳ таржимаси
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz