Намозда кулишнинг ҳукми Принтер учун
19.05.2012 й.
Намозда кулиш уч хил бўлади:

1.Қаҳқаҳа отиб кулиш.
Кишининг ўзидан бошқаларга эшитилидаган кулгиси қаҳқаҳа дейилади. Бунда у атайин ёки беихтиёр куладими, тиши кўринадими ёки йўқми, фарқи йўқ.
Рукуъ ва саждали намозда қаҳқаҳа билан кулган балоғатга етган эркак ва аёл янгидан таҳорат қилиб, намозини қайтариб ўқиши лозим .
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Ким намозда қаҳқаҳа билан кулса, қайтадан таҳорат қилиб, намозини бошидан ўқисин!”(Ибн Адий “Камил”да ривоят қилган).
Бу ривоятда қаҳқаҳа таҳоратни ҳам, намозни ҳам бузиши айтилмоқда. Аслида қаҳқаҳа отиб кулиш билан банданинг бирон ери ифлос бўлмайди. Бироқ намознинг ҳурматидан шундай ҳукм жорий қилинган. Бундан маълум бўладики, нажосат чиқмаса ҳам таҳорат бузилиши мумкин экан. Уйқуда ҳам қисман шундай.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар қаҳқаҳа отиб кулса, таҳоратини қайтадан қилиб, намозини ҳам қайтариб ўқийди” (Дорақутний “Сунан”да ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
Абу Малийҳ ибн Усома отасидан ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқаларида туриб намоз ўқиётган эдик. Кўзи ожиз бир киши келиб, чуқурга  тушиб кетди. Биз бундан кулган эдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни таҳоратни қайта қилиш ва намозни бошидан ўқишга буюрдилар” (Дорақутний Сунанда ривоят қилган) .
Уламолар юқоридаги ҳадиснинг айтилишига айнан шу воқеа сабаб бўлганини айтишган.
Агар уйқудаги одам намозда қаҳқаҳа билан кулса, намози бузилади, аммо таҳорати кетмайди. Агар намоздалиги ёдидан кўтарилиб, қаҳқаҳа отиб кулса, таҳорати ҳам синади.
Жаноза намози ва тиловат саждасида қаҳқаҳа отиб кулган кишининг таҳорати синмайди, аммо намози ва саждаси бузилади. Сабаби жаноза намози мутлоқ намоз эмас. Ҳатто бир киши намоз ўқимасликка қасам ичиб, кейин жаноза намозини ўқиса, қасамини бузмаган ҳисобланади.

2.Қиқирлаб кулиш.
Бундай кулиш араб тилида “зиҳкун” (“зоҳкун” ёки “зоҳикун”) дейилади. Кишининг фақат ўзи эшитадиган даражадаги кулгиси қиқирлаб кулишдир. Рукуъ ва саждали намозларда қиқирлаб кулган кишининг намози бузилади, аммо таҳорати синмайди. Ким намозда қиқирлаб кулса, намозини қайтадан ўқийди, яна таҳорат қилиши шарт эмас.
Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Кулиш намозни бузади, аммо таҳоратни синдирмайди”(Дорақутний “Сунан”да ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
Абу Суфёндан ривоят қилинишича, Жобир розийаллоҳу анҳудан намозда кулган киши ҳақида сўрашганида, у: “Намозини қайтадан ўқийди, аммо таҳоратини янгиламайди”, деб жавоб берган. (Дорақутний ривояти).
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу ҳам намозда кулган одам намозини қайтадан ўқиши лозимлиги, таҳорати бузилмаслигини айтган.
Бадриддин Айний “Умдатул-қориъ”да бу бобда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўн битта ҳадис ривоят қилинганини айтиб, уларни бирма-бир санадлари билан келтирган.

3.Табассум.
Мийиғида жилмайиш, оҳиста кулиш табассум бўлиб, мана шу кулги мўминнинг сифатидир. Намозда табассум қилган кишининг намози бузилмайди, таҳорати ҳам синмайди.
Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича,Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳоблари билан аср намозини ўқиётганларида табассум қилдилар. Намоздан сўнг у зотга: “Эй Расулуллоҳ, намоз ўқиб туриб табассум қилдингизми?” дейилди. Шунда у зот: “Менинг олдимдан Мийкоил алайҳис салом ўтди. Унинг икки қанотида чанг бор эди. У менга кулган эди, мен унга табассум қилдим. У одамлар ҳожатини раво қилиб қайтаётган экан”, дедилар(Дорақутний, Абу Яъло ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади заиф).
Абу Яъло Мусилий “Муснад”да Жобир розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, бу воқеа Бадр ғазотида бўлган.
Ушбу ривоятдан маълум бўладики, намозда табассум қилиш билан намоз ҳам, таҳорат ҳам бузилмайди.

Одилхон Исмоилов
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort