ДУОНИНГ ҚАБУЛ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ... Принтер учун
03.03.2007 й.

Бугун биз сиз азизларнинг эътиборингизга муҳим масалалардан бирини ҳавола этиш ниятимиз бор. Бу масала шунчалик муҳимки, бир неча йиллардан бери мусулмонлар орасида долзарб бўлиб келади. Ўта нозик мавзуни очишда Аллоҳ таъолодан ёрдам сўраймиз.
Бугун кўпчилик берадиган битта савол бор: Аллоҳ таъоло Қуръони Шаънда, Ғофир сурасининг 60-оятида: «Менга дуо қилинглар, ижобат қиламан» деб, бандаларига хитоб қилади. Мана шу оятда Робб таъоло бизга ваъда бермоқда, дуо қилинг, ижобат қиламан, деяпти. Аммо нима учун биз Аллох таъолога тинмасдан дуо қилмокдамиз, У эса дуоларимизни ижобат қилмаяпти. Нима учун шундай? Бу ерда биз тушунмаган бир нарса борми, ёки оят бошқача тафсир қилинадими?
Бундай саволлар анчадан бери берилади. Шу қадар узоқ вақтдан бери бериладики, бундан бир неча асрлар илгари яшаб ўтган зоҳид, олим зотлардан бири - Иброҳим Адҳам раҳимаҳуллоҳга ҳам бу савол йўлланган экан. У зотнингн жавоби қуйидагича бўлган: «Чунки сизларнинг калбларингиз ўнта нарса сабабли ўлган!!!»
Демак, Иброҳим Адҳам ўз ижтиҳоди билан бу масалани ечишга уринган экан. Яъни, кўпчилик тушунмаган ўнта нарса сабабли дуо ижобат қилинмаётганини у зот англаб етган экан. Келинг, бугун ушбу рисоламизда биз ана шу ҳақда суҳбатлашайлик.

Авваламбор, Иброҳим Адҳам томонидан айтилган ўша ўнта нарсани эслаб ўтсак.

1. Аллоҳни танидингиз, бироқ Унинг ҳаққини адо этмадингиз;
2. Аллоҳнинг Китобини ўқидингиз, бироқ унга амал қилмадингиз;
3. Шайтонни душман деб даъво қилдингиз, бироқ уни яхши кўрдингиз;
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севишни даъво қилдингиз, бироқ унинг асари ва суннатларини тарк қилдингиз;
5. Жаннатни севишни даъво қилдингиз, бироқ унга муносиб амал қилмадингиз;
6. Жаҳаннамдан қўрқишни даъво қилдингиз, бироқ гуноҳлардан тийилмадингиз;
7. Ўлимнинг хақиқат эканини даъво қилдингиз, бироқ ўлим учун тайёргарлик қилмадингиз;
8. Бошқаларнинг айблари билан шуғулланиб, ўз айбингизни унутдингиз;
9. Аллоҳнинг ризқини еб, Унга шукр этмадингиз;
10. Ўликларингизни дафн этдингиз, бироқ улардан ибрат олмадингиз!

1. АЛЛОҲНИ ТАНИДИНГИЗ, БИРОҚ УНИНГ ҲАҚҚИНИ АДО ЭТМАДИНГИЗ!

Демак, олим зот биринчи навбатда «Аллоҳни танидингиз, бироқ, Унинг ҳаққини адо этмадингиз», демоқда. Бу нима дегани? Аллоҳни таниш дегани, биринчи навбатда эшитилган маълумотларга таяниб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолони танишликдир. Кўпчилик эшитган: “Аллоҳ якка-ю ягона илоҳ, Аллоҳ олий зот, Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб туради, ҳамма нарсани эшитади, бутун мавжудот-у, маҳлуқотни Ўзи яратган, йўқдан бор қилган зот...” Шу ва шунга ўхшаш Аллоҳ Ўзи бизга билдирган маълумотларни биламиз. Шу билан ўзимизни овутамиз: «Биз Аллоҳни таниймиз!» деймиз. Мана шу танишлигимиз қандай танишлик ҳисобланади, токи биз таниган Зотни қалбимизда ҳис қила олмасак?!
“Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб турибди” деб, Аллоҳдан бошқа бирор бир инсон кўра олмайдиган жойда ҳиёнат қилсак?!. “Аллоҳ бизга ризқ беради, мен-ку, майли, ҳатто океанларнинг тубида, ҳали инсоният етиб бормаган чуқурликларда, кўз илғамас чиғаноқлар ичига кириб олган маҳлуқини ейимликсиз қолдирмаяпти-ку” - деб бошимизни сарак-сарак қилсаг-у... ризқ йўлида бемалол ёлғон ишлатаверсак?! Бундан ҳам катта зиддият борми?
Аллоҳ таъоло Анъом сурасининг 12-оятидан бошлаб 15-оятигача мўминларга хитоб қилади:
«Айтинг (сўранг): «Осмонлар ва ердаги нарсалар кимники?» Айтинг: «Аллоҳники». У ўз устига (осмону ердаги бор мавжудотга) раҳмат-марҳамат қилишни ёзиб қўйгандир. У албатта сизларни ҳеч шак-шубҳасиз бўлган Қиёмат кунига тўплайди. Фақат ўзларига зиён қилган кимсаларгина иймон келтирмайдилар. Кеча ва кундузга жо бўлган бор нарса унингдир. У эшитгувчи, билгувчидир. Айтинг: «Ўзи ризқланмай - таомланмай (барчани) таомлантирадиган, осмонлар ва ернинг яратгувчиси бўлган Аллоҳдан ўзгани дўст тутайми?!»
Айтинг: «Албатта мен Аллоҳга бўйсунгувчи кишиларнинг аввалгиси бўлишга маъмурман (амр қилинганман)». Ҳаргиз мушриклардан бўлманг! Айтинг: «Албатта мен агар Парвардигоримга итоатсизлик қилсам, улуғ кунда (Қиёматда Аллоҳ томонидан) бўладиган азобдан қўрқаман».

Оятда Аллоҳни танишлик билан иш битмаслиги очиқ, равшан айтилмоқда. Аллоҳни танидим, деб даъво қилган шахс Аллоҳдан ўзгани ҳақиқий, мукаммал маънода дўст тутиши мумкин эмаслиги баён этилмоқда. Аллоҳ таборак ва таъоло мана шу шу буйруқни бергач, давомидан: “Ҳаргиз мушриклардан бўлмангиз!» деди. Демак, Аллоҳни танимоқликнинг энг асосий даъвоси – ана шу илоҳнинг йўлидан мутлақ, оғишмай юриш дегани экан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг ҳаққини адо этиш орқали ўша танишликни даъво қилиш мумкин экан.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларидан бирида Аллоҳнинг ҳаққи ҳусусида сўз очиб, бу - Аллоҳдан бошқасига ширк келтирмаслик, деганлар. Тўғри, бу сўзни кўпчилик, Аллоҳдан бошқасига ибодат қилмаслик, яъни намоз ва шунга ўхшаш диний ибодат номини олган ишларни бошқага қилмаслик, деб тушунадилар. Аммо Аллоҳга бошқасини шерик қилмаслик дегани, аслида, ҳар бир масалада, ҳар бир жабҳада, кеча-ю, кундуз, еру, самода, уйдаю, ишда, жамиятда-ю, оила ичида яққол кўзга ташланади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло қайсики оятида: «Эй иймон келтирганлар, уни қилинг, буни қилинг» деган бўлса, ўзини мўминман, деган одам, Аллоҳни танийман, деган даъвоси мавжуд кимса, албатта ўша ишни сидқидиллик билан бажармоғи талаб этилади. Робб таъало бир ишдан огоҳлантирган бўлса, ҳеч нарсага қарамасдан, ўша ишни тарк этмоқ - Аллоҳни танийман, деган кимсанинг шиори бўлмоғи лозим. Буни эса инсон Аллоҳни чин маънода таниб олиш орқали топади. Ҳазрати Алий р.а таҳорат олаётганларида, кўпинча беҳуш ҳолатда йиқилиб тушар эканлар. Бунинг сабаби сўралганида, у зот: “Мен Кимнинг ҳузурига чиқаётганимни билмайсизларми?» деган мазмунда жавоб берар эканлар. Ҳа, Алий р.а Аллоҳни чин маънода таниган зот эди. Шу боис ҳам, унинг ҳаққини бажаришда Аллоҳдан бошқа дўст изламаган. Энг таҳликали пайтларда ҳам фақат Аллоҳга ёлвора олган ва шунинг учун ҳам у зотнинг дуоси қабул бўлган.
Бошқа бир саҳобий - ҳазрати Умарнинг ҳаётига бир назар солинг. Аллоҳни таниган ва шунинг билан биргаликда, у зотнинг ҳаққини адо қилган буюк инсон – Умар! Дунёнинг мана-ман деган баҳодирлари унинг ҳузурига келса, қўлидаги идишлар қалтираб тушиб кетарди. Шундай бўлса-да, Умари одил бир аёлнинг эътирозига индамай бош эгган. Умарни жим қилган эътиқод нима эди: у Аллоҳни таниган эди холос. Аёл киши Аллоҳ юборган Қуръондан ҳужжат келтирди, деган ва жим бўлган, Умар нотўғри айтди, деб, бутун уммат олдида айбини тан ола билган. Аллоҳнинг ҳаққини шу тақлид бажаргандан сўнг, Умарнинг бир парча қоғозига Нил дарёси тўлиб тошмай, нима бўлсин. Кўз илғаб бўлмас масофада кетаётган қўшинга хитоб қилса, Аллоҳ унинг огоҳлантирувини етказишига энди нима қиламиз ажабланиб.
Ҳазрати Умар ва саҳобаи киром Аллоҳни танишликка даъво қилишган ва ўзлари таниган Зотнинг буйруқларига лаббай дея олишган. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ уларнинг дуоларини қабул қилган. Аллоҳни танийман, деб, Унинг ҳад-ҳудудлари тинмасдан бузилса, бу мантиқсизликни кўриб турган Улуғ Зот бу бечора қалблар Аллоҳнинг Зотини ҳақиқий маънода таниб олганларидан сўнг дуони ижобат айласа, не тонг!
Иброҳим Адҳамдан Аллоҳ рози бўлсин. Дуонинг қабул бўлмаётганига олим иккинчи сабабни келтиради:

2. «АЛЛОҲНИНГ КИТОБИНИ ЎҚИДИНГИЗ, БИРОҚ УНГА АМАЛ ҚИЛМАДИНГИЗ!»

Ҳа, Аллоҳни танишликка даъво қилган кимса беихтиёр Аллоҳнинг Каломини ўқийди, тиловат қилади. Аллоҳни танишликнинг исботи Аллоҳ таъоло ҳақларини адо этиш бўлса, Қуръонни ҳақиқий маънода ўқишлик исботи бу муқаддас каломга амал қилиш билан бўлар экан. Бунга олимлар кўпинча бир мисолни келтиришади: «Бир ота сафарга кетишдан олдин ўғлига бир қатор ишларни буюриб кетса ва қайтиб келганидан сўнг бу ишларнинг бажарилган-бажарилмаганини сўраса, ўғил отага: «Мен буюрган ишларингизни қилмадим-у, аммо бир қоғозга ёзиб олиб, келгунингизча ёдлаб олдим» деса, қандоқ бўлади?»
Тўғри, Аллоҳнинг Каломини ёдлаш, Уни ўқиш буюк ибодатлардан ҳисобланади. Турли маросимларда Аллоҳнинг Каломини одамларга етказиш ҳам савобли амал. Аммо Қуръон нозил бўлишининг асосий моҳияти – ояти карималарга амал қилишдир, уни ҳаётга тадбиқ этиб, саодат кунларига етишишдир. Агар Аллоҳнинг Каломи фақат маросимлар учун кириш ва чиқиш сўзлари бўлиб қолса, пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирган ёмон қавм айнан биз бўлиб қоламиз: “...Исломдан исм, Қуръондан расм қолади...”
Биз Қуръонни тиловат қилаётганимизда, унинг амрларига итоат қилиш асл вазифамиз эканлигини унутмайлик. Аллоҳ таъоло Ўзининг каломидан мурод нима эканлигини иккинчи сурасидаёқ тушунтирган:
«(Аллоҳ таъолонинг ҳақ каломи эканлигида) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу китоб ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган тақволи кишилар учун Ҳидоят - Тўғри Йўлдир. (Бақара, 2-3)
Демак, кимда-ким, дуоим қабул бўлсин, деса, дуони қабул қилиш, қабул қилмаслигини ягона Ўзи биладиган Зот – Аллоҳнинг китобига қулоқ солсин экан. Аллоҳ ўз Каломида Қуръон фақат тақводорларга раҳнамо, тўғри йўл бўлишини таъкидламоқда. Ўзимизни алдашнинг ҳожати йўқ, ғойибга ишониш, намозни тўкис адо этиш ва Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиган тақволи кишиларгина Қуръон билан қўл ушлашиб, тўғри йўлда бўлар экан. Қуръон ҳидоят бўлган кишиларнинг дуосини Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло албатта қабул қилади.

3. ШАЙТОННИ ДУШМАН ДЕБ ДАЪВО ҚИЛДИНГИЗ, БИРОҚ УНИ ЯХШИ КЎРДИНГИЗ!

Иброҳим Адҳам кўрсатган учинчи сабабга диққат қилинг. Қизиқ, ҳаммамиз шайтонни душман деб тан оламиз. Қуръони каримнинг кўплаб оятларида Аллоҳ таъоло “Шайтон сизларга очиқ душман”, деб эълон қилганини кўп эшитганмиз. Аммо нимагадир ҳаётий ишларимизда бу даъволаримизга тескари иш юритамиз. Шайтоннинг хийлаларига учиб қоламиз. Аллоҳнинг амрларига шайтон сабабли бепарвомиз ва Аллоҳнинг қайтариқларига шайтон сабабли ўчмиз. Агар ҳол шундай бўлса, бировдан ўпкалашнинг не ҳожати бор. Дуо юксалаётган , уни қабул қилиш қилмаслик фақат Аллоҳнинг Ўзига хавола бўлса-ю, биз унинг энг ёмон душмани, кибр билан Ҳолиққа исён қилган бир махлуққа эргашсак, қандай қилиб, дуоларимиз нега мақбул бўлмаяпти, дея оламиз. Қандай ҳаққимиз бор. Аллоҳ ўзи бизга огоҳлантирган, ундан узоқ бўлишга чақирган. Ҳатто ўзининг каломини тиловат қилаётганларга «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм», деб бошлашни амр этган бўлса-ю, биз лаинга дўст бўлиб, қанақасига Ҳолиқдан ёрдам кутишимиз керак. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ҳалиям У собир зот. Акс ҳолда, бу ишларимиз туфайли, дуоларимизнинг қабул бўлмаслиги уёқда турсин, жаҳаннамнинг тубига муносиб бўлиб қолардик. Аллоҳимизга беадад ҳамд, Ундан ҳамиша Шайтоннинг ёмонлигидан панох сўраб қоламиз. Аммо шуни унутмайликки, биз кимнидир душман деб эълон қилдикми, уни яхши кўрмасликни ҳам ўрганайлик. Инсон душманини яхши кўрадиган бўлса, мантиқсизлигини эълон қилаётганини ҳам тушунайлик. Чунки одам фарзанди кимгадир душман бўлиб қолса, уни ёмон кўради ёки, яхши кўрган кишисига нисбатан ўзининг дўстлигини маълум қилган ҳисобланади. Шайтонни яхши кўришлигимиз билан Аллоҳга дуоларимиз кўтарилмаслигини зинҳор унутмайлик.

4. РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОХУ АЛАЙХИ ВА САЛЛАМНИ СЕВИШНИ ДАЪВО ҚИЛДИНГИЗ, БИРОҚ УНИНГ АСАРИ ВА СУННАТЛАРИНИ ТАРК ҚИЛДИНГИЗ!

Иброҳим Адҳам дуо қабул бўлмаслигига тўртинчи сабаб ўлароқ «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севишни даъво қилдингиз, бироқ, унинг асари ва суннатларини тарк қилдингиз» дейди.
Аллоҳни танишликка даъво қилган кимса, Унинг ҳаққини ҳам бажариши лозим. Аллоҳнинг Каломини ўқиган киши албатта, унинг буйруқларига ҳам итоат этмоғи керак. Шайтонни душманим деган банда қалбида шайтондан муҳаббат туйғусини бегона тутиши даркор. Шунингдек, Аллоҳнинг башарият учун раҳмат қилиб юборган, пайғамбарларнинг энг охирги вакили Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам ни яхши кўраман, деган инсонга юклатиладиган ўзига яраша юк борлиги ҳам эслатиб ўтилмоқда. Олдинги қавмларнинг энг катта офати ҳам шу эди. Улар ўз пайғамбарларини вафот этишлари биланоқ, худо даражасига кўтариб юборишарди-ю, у зотлар қолдирган суннатларни тарк этишарди. Аммо пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизни қаттиқ огоҳлантириб, ҳурмат ва эхтиромни ҳам жой-жойига қўйиб кетдилар. Яъни, вақти келганда, у зоти Шариф ўринларидан туриб, жой бермоқчи бўлган саҳобийларга қимирламасликни буюриб, ўзларининг абдуҳу, яъни Аллоҳнинг қули эканликларини тушунтирган бўлдилар. Шунингдек, умматнинг саломат қолиши учун биргина йўл – Аллоҳнинг каломи ва ўзларининг суннатларини қаттиқ ушлашга васият қилдилар. Бугунги дуоларимизнинг бошимиздан нарига кўтарилмаётганига энг асосий сабаб шуки, биз пайғамбар алайҳиссалом ҳақида қанча мадҳиялар, шеърлар, ғазаллар ўқимайлик, у зотнинг биргина ҳадисларига амал қилмасак, намозларимизда қойим бўлмасак, рўзаларни ихлос ила тутмасак, Росулуллоҳ яхши кўрган нарсаларни яхши кўриб, ёмон кўрган нарсалардан четланмасак, бу куйиб пишишларимизнинг, мадҳиябозлик қилишларимизнинг заррача фойдаси йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло Ўзининг охирги элчисига хитоб қила туриб, умматнинг даъволари қанчалик асосли, асосли эмаслигини ҳам чиройли суратда кўрсатиб берди:
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "Агар сизлар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. (Шунда) Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) Мағфират қилгувчи, меҳрибондир". Оли Имрон, 31.
Демак, Аллоҳни яхши кўраман, деган даъвоси бор одамнинг биттагина исботи бор экан: Росулуллоҳга эргашиш керак экан. Аллоҳ оятнинг давомида «Шундагина Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади», демоқда. Бошқа гапга не ҳожат. Дуоларимиз қабул бўлиши йўлида бизга энг катта тўсиқлардан бири шу бўлса керак. Росулуллоҳни яхши кўришлигимиз, у зот ҳақида узундан узун ҳикоялар айтишлигимиз билан эмас, мавлудун набий ўқилаётганда у зотнинг номлари янграб қолса, ўрнимиздан туришлигимиз билан эмас, балки Аллоҳ айтяпти: у зотга эргашишлик билан экан. Мадинага бориб, Росулуллоҳнинг қабрлари тепасида кўз ёшлар тўксаг-у, уйимизга қайтганда, ўзимиз билгандек яшайверсак, суннатларга бепарво бўлаверсак, расули акрамнинг ҳаётидан ибратланмай, бугунги кун “қаҳрамон”ларига тақлид қилсак, ва мана шундан сўнг Аллоҳ дуоларимизни қабул қилмаса, азизлар, хафа бўлмайлик. Бу айни адолатдир!

5. ЖАННАТНИ СЕВИШНИ ДАЪВО ҚИЛДИНГИЗ, БИРОҚ УНГА МУНОСИБ АМАЛ ҚИЛМАДИНГИЗ!

Иброҳим Адҳам дуо тўсиқлари ҳақида давом этиб, бешинчи сабабни «Жаннатни севишни даъво қилдингиз, бироқ унга муносиб амал қилмадингиз;» деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, Қуръони Каримни очиб, диққат билан ўқиган кимса, жаннат ҳақида васфлар келса, ул маскан тақводорларники эканлиги бот-бот эслатилади. Аллоҳнинг бандалари учун тайёрлаб қўйган буюк жаннатига кириш учун буюк ишларни амалга оширмасдан туриб бориб бўлмайди. Чунки Аллоҳ ҳамма нарсани ўз нархи билан белгилаб яратган.
Фурқон сурасининг 2-оятида Роб таъоло: «У — осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, бола-чақа қилмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган Зотдир» деб айтади. Ўлчаб берилган нарса албатта, ўзининг нархига эга бўлади. Бу дунёда ҳали бирон бир киши бу мезоннинг бузилганини кўрган эмас. Мис ҳарчанд тиллога ўхшамасин, унинг нархи тилло олдига келганини эшитмаганмиз. Инсон ҳам бир-бирига жуда ўхшаса-да, қимматроқ бўлган, асл молни - олтин буюмни олишликка интилади. Жаннатни ҳам шундай тушунишимиз керак.
Олимлардан бири умрининг охирида, ҳаёт ҳақида бемалол хулоса чиқариш мумкин бўлган бир даврда шундай деганини биламиз: «Тажрибадан маълум бўлдики, жаннат арзон эмас, жаҳаннам кераксиз эмас экан!»
Жаннат Аллоҳни ягона илоҳ деган зотларга барибир насиб этар экан-у, нима қилсам қилавераман, деган тушунчалар билан юрганлар албатта адашадилар. Чунки уларга бу туйғуни, бу бузуқ ақидани улашаётган шайтон бўлади. Жаннатнинг даъвосида бўлганлар албатта, унга лойиқ ишлар бажаришлари лозим. Ҳадиси шарифларда пайғамбар алайҳиссалом: «Жаннатга тушади» деб таърифлаган ишларга эътибор беринг. Ҳаммаси оғир, ўзига яраша масъулият талаб этади. Риёсиз эҳсон, холис қилинган садақа, золимга ҳақиқатни айтишлик, қўшнисининг озорларига чидамоқлик, тунлари Аллоҳга йиғламоқлик, ҳуснкор аёлнинг макридан чиқиб кетишлик, ота-онани рози қилиш, хуллас, мана шунга ўхшаш жаннат ваъда қилинган амаллар кишини оз бўлса ҳам меҳнат қилишга чақиради. Бирон бир даврда тиллонинг нархи миснинг нархига тенг бўлмагани сингари, жаннат неъматлари ҳам жаҳаннамий нархларга тўғри келмайди. У масканга меҳнат қилиб борилади. Аллоҳ таъоло шунинг учун ҳам бандаларига бир қатор амалларни фарз қилди. Шу амалларни холис, Аллоҳнинг Ўзига бериё бажариб, жаннат сари интилаётган кишиларнинг дуоларини Аллоҳ албатта қабул қилади. Аммо жаннатни даъво қилиб, ҳаёти давомида фақат бир-икки сония жаннат ҳақида ўйлаб қўядиган кимсаларнинг дуосини Аллоҳ қабул қилмаса, ҳеч кимдан ўпкалашнинг кераги йўқ. Роббана, деб дуога қўл очган кимса, жаннатни сўраётган банда шунга муносиб бўлмагунича, дуоси бошидан нари кўтарилмаслигини билиб олмоғи даркор.

6. ЖАҲАННАМДАН ҚЎРҚИШНИ ДАЪВО ҚИЛДИНГИЗ, БИРОҚ ГУНОҲЛАРДАН ТИЙИЛМАДИНГИЗ!

Дуодек ибодатга тўсқинлик қиладиган олтинчи сабаб - Жаханнамдан қўрқишни даъво қилдингиз, бироқ гуноҳлардан тийилмадингиз! Бу нима дегани. Жаннатнинг нархини белгилаб берган Қуръони Карим ва пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида жаҳаннамдан сақланишликнинг ҳам ўзига яраша йўллари борлиги уқтирилган. Инсонни жаҳаннамга қулатадиган ёмон амалларидир, гуноҳ ишларидир. Аллоҳ Ўз Расулига бу ишлар нималардан ташкил топганини Каломини нозил қилиб баён этган. Демак, жаҳаннамдан қўрқаман, деб овозининг борича ҳайқираётган банда албатта, бу даъвосининг ортида қандай масъулият борлигини ҳам билиб олиши зарур.
Бир ёш болани учратсангизки, у: “кўчамизнинг охирида каттакон жарлик бор, мен ўша ерга тушиб кетишдан қўрқаман”, деса, сиз уни ўша чуқурлик сари итариб олиб борсангиз, болакай мурғак қўллари билан сизга қандай қаршилик кўрсатади? Ҳали ақл шуъуридан бебаҳра бола ўзининг даъвосини қанчалик исботлаяпти, ақли фаросати етук, кўрган одам ҳамма нарсанинг фарқига етади, деб баҳо берадиган кап-катта кишилар жаҳаннам сари одимлаб кетаётганларига қаранг. Тағин, улар мана шу тезликда тинмасдан гуноҳ қилмоқдалар, зино, фахш, ароқ ва турли маъсиятларга чўмилиб кетяптилар-у, ора-сирада Аллоҳга қўл очиб: “Эй Аллоҳим, бизни дўзахингдан қутқар!» демоқдалар. Сиз бу ишни қандай тушунасиз. Аллоҳ Ўз Каломида, Бақара сурасининг 174-175-ояти шарифаларида: «Аллоҳ нозил қилган китоб (Таврот)дан иборат бўлган нарсани (Тавротдаги Муҳаммад алайҳиссалом сифатлари баён қилинган оятларни) яширадиган ва уни озгина қийматга сотадиган кимсалар қоринларини фақат олов билан тўлдирадиган - уларга қиёмат кунида Аллоҳ сўзламайди ва уларни (гуноҳларидан) покламайди. Улар учун аламли азоб бордир. Ана ўшалар ҳидоят ўрнига залолатни, мағфират ўрнига азобни сотиб олган кимсалардир. Жаҳаннам ўтига мунча сабр-тоқатли эканлар-а?!» - деганини эслайлик. Бу оятлар замирида бизга ҳам етарли насиҳат бор.
Аллоҳнинг расули бизга берган хабарларига кўра, дўзах нафсга ёқадиган нарсалар билан ўралган. Буюк имтихонда иштирок этаётган бандасини синашлик мақсадида Аллоҳ таъоло жаннатни нафсга хуш келмайдиган нарсалар билан ўраб қўйган. Хўш, банда қайси бирини қилади. Яхши амалларни бажариб, жаннатга дохил бўладими, ёки дўзах амалларини қилиб, жаҳаннамий бўладими? Бу саволга жавоб битта: Инсон амалига ярашасини олади! Энди оддий мантиқ: Жаҳаннамдан қўрқаман деган даъвоси бор бир кимса тинмасдан гуноҳга қўл урса, жаҳаннамга олиб борадиган йўлларни ихтиёр этаверса, Аллоҳга қилган дуоларини Аллоҳ қабул қилмаса, нега ажабланамиз?! Ёки Аллоҳнинг шунча огоҳлантиришлардан сўнг ҳам исён йўлини танлаган банданинг: «Аллоҳумма, аъузу бика минаннар!», деган дуоларини Аллоҳ қабул қилсинми? Инсофи борлар айтсинлар, шу адолатдан бўладими???

7. ЎЛИМНИНГ ХАҚИҚАТ ЭКАНИНИ ДАЪВО ҚИЛДИНГИЗ, БИРОҚ ЎЛИМ УЧУН ТАЙЁРГАРЛИК ҚИЛМАДИНГИЗ!

Дуонинг тўсиқ бўлишига еттинчи сабаб сифатида кўрсатилган амал ҳам ўта жиддий ҳисобланади: «Ўлимнинг хакикат эканини даъво килдингиз, бирок, ўлим учун тайёргарлик килмадингиз!»
Пайгамбар саллоллоху алайхи ва саллам ўлимни эслаган кимса яхши инсон бўлади, деб маълум қилганлар. Ўлимни эслашлик, унинг ҳақиқатлигини айтган банда қачон ўз сўзида собит бўлади? Келинг, шу масалани кўриб чиқайлик. Бунга уламолар машҳур ривоятни мисол қилиб кўрсатишади: Бир ориф зот кўчада одамларга савол берар экан: «Тасаввур қилинг, уч кундан сўнг ўласиз, бугундан бошлаб қандай амаллар қилардингиз?» Одамлар турлича жавоб беришар экан: Уч кун тинмасдан одамларга яхшилик қилардим, бор бойлигимни эҳсон қилиб юборардим, тинмасдан рўза тутардим, Қуръон тиловатидан бошимни кўтармасдим, таҳажжуд намозларида кўз ёшларим сел бўларди ва ҳоказо. Шу жавобларни тинглаб туриб, ориф зот одамларга хитобан қуйидагиларни айтган экан: «Эй одамлар, қайси бирингизга ўлим фариштаси келиб, мен сенинг олдингга жуда қариганингда келаман, ёки, мен ҳали бери келмайман, нима ишинг бўлса қилиб ол, деб кетди. Биронтамизга бундай хабар келмади-ку? Биронтамиз эртага яшаймизми, ёки йўқми, билмаймиз, уч кун тугул, бир кунга кафолатимиз йўқ-ку, нега бояги айтилган ишларни қилмаяпмиз, нега ўлимни унутиб қўймоқдамиз?!».
Ҳа, азизлар, ўлимнинг ҳақиқат эканини иддао қилган банда, унга тайёргарлик кўриши ҳам керак. «Бу дунёда кўзларингизни каттароқ очингки, ўлаётганда ҳотиржам юмасиз» деган олимнинг хитобида ҳам ўзгача бир насиҳат яширинган. Жомий ҳазратлари ўз байтларида бу маъноларни гўзал суратда ифодалаган:

Эслагин, дунёга келган чоғингда
Ҳамма ҳандон эди, сен эса гирён...
Шундай яшагинки, кетар чоғингда
Ҳамма гирён қолсин, сен эса ҳандон!

Саҳобалар бир-бирларидан кўп масалада фарқ қилишган. Бири бой бўлган, бири камбағал, бири нотиқ, бири қўрс, бири ҳаддан ташқари журъатли, бири эса тадбирли. Аммо улар бир жиҳатлари билан то қиёматга қадар умматни йиғлатишади. Саҳобаларнинг ҳаммалари ўлимга бир хил тайёргарлик кўришган. Улар асарларда келганидек, ўлим қай пайт келиб қолса ҳам, кўч-кўронни йиғиштириб, боқий диёрга сафар қилишга тайёр инсонлар эди. Улар намозларимиз орасида ўлиб қоламиз, деб намозларини сўнгги ибодат деб ўқишар ва шунга яраша фақат хайр, яхшилик устида туришарди. Бошлиқнинг олдига киришдан олдин уёқ- буёғини тўғрилаётган ходиманинг ҳолатини бир тасаввур қилиб кўринг. Саҳобаи киромнинг боқий диёр қаршисида туриши шунга ўхшаш эди. Шу боис ҳам, саҳобалар Аллоҳга қўл очишса, Буюк Парвардигор ҳеч қандай истисносиз бу дуоларни қабул қиларди. Бу даъволар ҳаққи ростлиги учун ҳам, Аршнинг роббиси тунда муножот айлаган муслиманинг илтижоларини эшитиб, Росулига “Мужодала” сурасини нозил айларди. Ўлимнинг ҳаққи ростлигини даъво қила олганлиги учун ҳам Раҳмон таъоло Росулуллоҳ саҳобаларига осмондан фаришталар тушириб, ёрдам берган эди. Биз ҳам ўлимга ўшалар каби ишона олайлик, тайёргарлигимизни шу тақлид амалга ошира олайлик, Аллоҳ яна Ўзига кўтарилган қўлларни қуруқ қайтармайди. Аммо, азизлар, тилимизда ўлимни зикр этсаг-у, ҳаётимизни абадият маскани қилиб олсак, Аллоҳ азза ва жалла дуоларимизга эътибор бермаса, бировдан хафа бўлиб юрмайлик. Ўзимизни маломат қилайлик ва тўгрилик сари одимлайлик.

8. БОШҚАЛАРНИНГ АЙБЛАРИ БИЛАН ШУҒУЛЛАНИБ, ЎЗ АЙБИНГИЗНИ УНУТДИНГИЗ!

Иброҳим Адҳам томонидан кўрсатилган ўнта сабабни ўрганишда давом этар эканмиз, энди бугунги кунларимизга жуда ҳам мос тушадиган масалага келиб тўхтадик. Бошкаларнинг айблари билан шугулланиб, ўз айбингизни унутдингиз! Бошқаларнинг айби билан шугулланиш бошланган жамият харобаликка юз тутади. Чунки бу жамиятда одамлар ўзларининг айбларини кўрмасликка ўтадилар. Дуолари қабул бўлган зотларнинг ҳаётларига назар солиб, менга биронталарини бошқалар ташвишида бўлганликларини кўрсатиб бера олмайсиз. Уҳуд куни мусулмонларнинг маглубиятига сабаб бўлган 40 та мерган саҳобийнинг номи тарих китобларида деярли учрамаслигининг энг асосий сабаби – саҳобалар кейинги авлодга бу номларни ривоят қилишмаган. Қизиқиб сўраганларига: «Ўзингнинг айбинг билан шуғуллан, уларни Аллоҳ Қуръонда кечирганлигини маълум қилган» деб қўйишган. Кейинги аср олимларида ҳам шу хислат яққол намоён бўлади. «Нега Абу Ханифа бировларни ғийбат қилмайди» деган саволга бир хил жавоб берилар эди: «Абу Ханифа бир яхшилик қилиб, кетидан уни ювиб юборадиган даражада аҳмоқ одам бўлмаган!!!»
«Нега ҳеч кимни мазаммат қилмайсиз?» дейилганда, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг жавобига қаранг, азизим: «Мен ҳали ўзимнинг ишимни ҳал қилиб бўлмадим. Шу ишни битириб олай, кейин бошқаларга ўтарман!»
Мана шу зотлар ўз айбларини ҳаққи рост тан олиб, дуосини «Роббана золамна анфусана», яъни Роббим, ўз нафсимизга зулм қилдик, деб бошласа, Аллоҳ бу банданинг қалбини тингларди. Аммо ўзини айбсиз санаб, фақат бировларнинг тирноқлари ичига кўз қадайдиган кишилар дуосида хайр бўлмайди. Улар Аллоҳдан сўрамоқчи бўлган нарсаларини рисоладагидек, яхши сўрай олишмайди ҳам. Чунки уларнинг қалблари ўлиб бўлган. Фақат ўлган қалбгина ўз айби қолиб, бировникига ўтиб кетади. Имом Ғаззолий бировни маломат қилишни қалбларга қилинган ҳиёнат, деган экан. Бировнинг қалбига ҳиёнат қилиб, ўз қалбини тинмасдан қорайтираётган банданинг дуоси бошидан бир қарич ҳам кўтарилмаслиги турган гап. Одам алайҳиссалом ўз айбини тан олди, ўзига зулм қилганлигини эътироф этди ва шундан сўнг Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўради. Аллоҳ таъоло Одамни кечирди. Шайтон эса бировнинг айбини излади, кибр қилди ва ҳеч қачон жаннатга кирмайдиган бўлиб қувилди. Демак, энг катта бобомиздан бизга ибратки, айбни биринчи навбатда ўзимиздан излайлик, шунда Буюк Мавлоимиз дуоларимизни ҳам ижобат айлайди.

9. АЛЛОҲНИНГ РИЗҚИНИ ЕБ, УНГА ШУКР ЭТМАДИНГИЗ!

Дуонинг қабул бўлишига тўсқинлик қиладиган яна бир жиҳат – «Аллохнинг ризкини еб, Унга шукр этмадингиз». Аллоҳ таъоло Қуръони Каримда ризқ фақат Ундан келишини айтади. Банда ризқ масаласида бир қўғирчоқ мисоли восита эканлигини унутмаслиги лозим. Одамлар ўртасидаги хилма хиллик ҳам шундан. Энди, ризқ фақат Аллоҳдан келар экан, шунга яраша муносиб шукр қилиш ҳам бандага фарз ҳисобланади. Пайгамбар алайҳиссалом ҳадиси қудсийлардан бирида Аллоҳнинг мазмунан шундай хитобини билдирадилар: «Кимки Менга шукр қилмаса, ер ва осмоннинг ўртасидан чиқиб кетсин-да, ўзига бошқа Парвардигор топиб олсин!»
Ҳа, Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло бизга шундай таклиф киритмоқда. Банда Аллоҳдан келаётган ризқ билан ризқланаётгандан кейин, нега шукр қилмасин. Агар шукр қилмаса, дуога қўлини очиб овора бўлмасин, Раззоқ зот бу дуоларни ҳаргиз қабул қилмайди.
Ўтмишнинг ёруг саҳифаларига мурожаат қилар эканмиз, эскиларнинг шукр калимасини умуман бошқача тушунганликларини кўрсамиз. Улар Аллоҳнинг ризқига шукрона келтириш деб, фақат оғиз билан Алҳамдулиллаҳ дейишни эмас, балки барча аъзолар билан Раззоқ зотга итоат этишни тушунишган. Бизда эса бу тушунча бироз бошқача талқин этилади. «Чида, бошингга қандай азоб келса ҳам чида, сабр қил, шукр қил, индамай бошингни кўтармай ёт», каби насиҳатларни шукр деб англаб қолганмиз. Аслида, ҳамма нарсага чидаб ётиш ҳам, вақти етганида бошни кўтармаслик шукрга зид иш. Чунки Аллоҳ ҳамма нарсада меъёрни белгилаб берган. Шукр деганини оддий тушунайликки, ризқ билан ўзини ушлаб турган танадаги жамики аъзоларини Аллоҳнинг маъсиятидан четда тутайлик. Фақат Аллоҳ буюрган ишларга ишлатайлик. Шуларни бажариб туриб, Аллоҳга ёлворсак, чиройли бўлади...

10. ЎЛИКЛАРИНГИЗНИ ДАФН ЭТДИНГИЗ, БИРОҚ УЛАРДАН ИБРАТ ОЛМАДИНГИЗ!

Иброҳим Адҳам охирги сабабни «Ўликларингизни дафн этдингиз, бироқ улардан ибрат олмадингиз», дейди. Ўлимдан кейин бошқа маърузанинг кераги йўқ. Ўлим ҳар қандай инсонни сергаклантиради. Вужудини қоқиб ташлайди. Қалбини ағдар-тўнтар қилиб юборади. Дунёдаги исталган ҳасталикни олинг, ўлимнинг олдига туша олмайди. Бир киши саратон касалига дучор бўлибди, ё шол бўлиб қолибди, денг, унинг даҳшати «фалончи ўлибди» деган оддий жумлаларда айтилган сўзларчалик туюлмайди. Беихтиёр тилларимиздан «Инна лиллаҳи ва Инна илайҳи рожиъун» деган дуо чиқиб кетади.
Аммо мана шундай буюк насиҳат ҳам агар ибратлик мақомига чиқмаса, банданинг яхшилик устида собит туриши мушкул бўлади. Банда агар қабристонга бориб ҳам, хаёли савдосидан берига ўтмаса, унинг дуосида ҳақиқат бўлмайди. Чунки дуоси қабул бўладиган одам ўликни дафн қилаётганда, қотиб қолиши керак. Ўша пайти унга савдоси касод бўлганлиги ёки жуда катта фойда кўрганлиги хабари етказилганда, эътибор бермаслик даражасида бўлиши лозим. Шундагина у Аллоҳга қўл очса, дуоси қабул бўладиган зотлар сирасидан бўлади. Саҳобаларнинг иттифоқи шуки, қабристонда кулган киши мунофиқдир. Бир инсон фонийдан боқий томон сафар қилганлигини ич-ичидан хис қила олмаган банда дуосидан самара изламасин. Чунки ўлимдан маъруза ололмаган бандага бошқа чақириқларнинг ҳожати йўқ.

ХУЛОСА

... Мана, азизлар, Иброҳим Адҳам р.а нинг жавобида келган ўнта сабабни имкон қадар шархлаган бўлдик. Бунга ўхшаш дуога тўсиқ бўлувчи яна бир қатор сабаблар бор. Аммо шу айтилганларимиз кифоя қилади, деган умиддамиз. Эътибор берган бўлсангиз, барча сабабларнинг умумий ўхшашлиги бор: тилда айтилган гап бошқа-ю, амал умуман бошқа. Демак, бу сабаблар ичида ўралашиб юришнинг ҳавфли оқибати ҳам борки, унинг номи мунофиқлик деб аталади. Аллоҳ Раъд сурасининг 14-оятида: «Ҳақиқий дуо-илтижо фақат унга қилинур. Ундан ўзга - (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у (мушрик)ларнинг биронта дуосини мустажоб қилмас. Илло, улар бир кимсага ўхшайдиларки, у кимса кафтларини сувга ёзиб, у сув оғзига етишини кутиб турар. Ҳолбуки, у (сув) унинг оғзига етгувчи эмасдир (яъни, худди сув жонсиз нарса бўлгани сабабли, ташна кишининг ҳолидан бехабар бўлиши, бинобарин, унинг оғзига бориб етмагани каби, у мушриклар дуо-илтижо қиладиган бутлари ҳам жонсиз нарса бўлганлари сабабли, уларнинг дуоларини эшитмас - мустажоб қилмас). Бундай кофирларнинг дуолари мутлақо хато-бефойдадир», деб марҳамат қилади.
Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таъоло иймон келтирган бандаларининг дуосини яхши амал қилишларидан сўнг қабул қилишини ҳам баён этган. Эътибор беринг, Шўро сурасининг 26-оятида шундай дейилади:
«У иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг (дуоларини) ижобат қилур ва уларга (сўраган нарсаларини ато этиб, ва) Ўз фазлу карамидан зиёда қилур. Кофирлар учун эса қаттиқ азоб бордир».

Бизга қадар етиб келган олтин қоида бор: «Хосилни ерга уруғ эккан ўради!» Иброҳим Адҳамнинг насиҳатидан биз шу жиҳатларни ўргансак, тўғри бўларди. Зеро, рисоламизни юқори нутқада якунлаб берувчи хотима сўзини ҳам Буюк Парвардигоримизнинг Каломидан изласак. Аллоҳ таъоло бандаларининг дуоларини қабул қилиш шартини қуйида айтиладиган ояи каримасида аниқ-лўнда баён этиб қўйган:
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), бандаларим сендан мен ҳақимда сўрасалар, мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва менга иймон келтирсинлар. (Шунда) шояд тўғри йўлни топсалар»
(Бақара, 186)

...Ва ниҳоят дуо деган ибодатни шундай тушунайликки, орзу-мақсадларимиз биздан тахминан ўн метр узоқда бўлса, биз дуо орқали беш метрини ўзимизга яқинлаштирамиз. Аммо қолган беш метрни ўзимиз босиб ўтишимиз лозим. Шунда орзу-истакларимиз ва буюк мақсадларимиз билан ўртада учрашамиз. Шунинг учун Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло Раъд сурасида: “Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас”, деб марҳамат қилади. Ортиқча айлантириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бизни ҳеч ким осмондан тушиб ўзгартириб қўймайди. Биз ўзимизни ўзимиз ислоҳ этмоғимиз лозим. Бунинг учун бизда асослар етарли. Аллоҳнинг муқаддас Каломи – Қуръони Шариф, пайғамбар алайҳиссаломнинг суннати саниялари ҳамда яхши инсонларнинг ибратли ҳаётлари... Буларда ҳеч қандай зиддият топилмайди. Уларнинг шиорлари Иброҳим Адҳам тушунтирган йўлни дақиқ нигоҳлар-ла идрок этиш бўлган. Аллоҳ таъолодан бу борада бизга буюк фаросат беришини сўраб қоламиз. Амийн!

ЭККАН ЎРАР ЭКАН...

Амалсиз тиллардан сачраган сўзлар
Ўзга қалб қўрига жойлаша кўрмас.
Бу дунё қонуни шундайдир, дўстлар:
«Эккан ўрар экан, экмаган ўрмас!»

Бу олтин қоида этилмас инкор,
Ёмонлар хийласи қолмагай тирик!
Ўзни алдамоқнинг на фойдаси бор,
Яхшилик қилганлар кўргай яхшилик!

Дунёда бундан-да мантиқ йўқ тўғри,
Инсон ҳамфикрини излагай бежо.
Айтмишлар Абдуллоҳ Масъуднинг ўғли:
«Одам шеригидан фарқ қилмас асло!»

«Мен яхши эдим-ку, дўстларим нечун
Ҳиёнат кўчасин танламоқдалар?!»
Деган даъволарга жавоб инчунун:
«Ўзингдан излагин айбни биродар.

Ўзингдан излагин ўтган бўлса айб,
Ўзгага кўз тикмоқ - инсофсиз сўров.
Ҳали шу дамгача, бизга эмас ғайб
Бировнинг танида юрмаган биров!

Турли баҳоналар бўлолмас манзил
Ахир қум беркитмас туяқуш танин.
Шукр қил, Аллоҳнинг неъматидир бул:
Ўзингни ўзгадан биласан яқин.

Бас қил, тўхтатақол, айтма қасида,
Сал бўлсин маъноли кўринсин ҳаёт.
Бир силта кўксингни эркакчасига,
Ўзингга мард бўлиб бергил ҳисобот!

Асли кимсан, қандай даъволаринг бор,
Қоғоз қалам ол-да, эсла-чи бир-бир.
Бу ишни ўн бора бажаргач такрор
Юрагинг ва қўлинг титрагай зир-зир.

Чунки сен дунёга келдинг-у, аммо
Ўзингни бир марта ўйламагансан!
Ўйлаган бўлсанг ҳам кўнглинг қаърида,
Ташингга пичирлаб сўйламагансан!

Ботининг ўликдан бўлмаган фарқи,
Зоҳиринг тинмасдан «Муслимман» деган.
Кўрдингми, биродар, бечора танинг
Икки хил дунёда яшаблар келган.

Қутулсанг, роҳатдир икки хилликдан,
Мунофиқлик тўнин йиртиблар ташлаб.
Шунда Аллоҳ сени тутиб қалбингдан
Ўзининг йўлига кетгуси бошлаб!»

Сўзим интихоси: «Телба мисоли
Кутмагин, чиқ, дея экмаган бўлсанг.
Кўнглингни тарк этсин жаннат хаёли
Аллоҳга жонингни тикмаган бўлсанг!»

Islam.uz учун Хайрулла Ҳамидов тайёрлади.

 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz