Ўғирлаган ким? Ўзи. Принтер учун
20.05.2012 й.
Абдуллоҳ исмли йигит. У замонамиздаги ёш ғайратли мусулмон йигитлардан бири. Кечикиброқ бўлса ҳам намозларини доим масжидда ўқишга ҳаракат қилади. Мана, бу сафар ҳам у одатига кўра  яна намозга кечикиб келди. У одатда ҳамма намозларнинг иккинчи ёки учинчи ракаатига етиб келарди. Ҳатто кўпинча намоз ўқилиб бўлгандан кейин масжидга кириб келар ва бир бурчакда намозини ўзи апил-тапил ўқиб оларди. Бу сафар ҳам аср намозининг иккинчи ракаатига етиб келиб, тез-тез қадам ташлаб ичкарига юриб кета туриб таҳорати йўқлиги эсига тушиб қолди. Таҳорат хонага бориб шоша-пиша таҳорат олди. Сўнг шошилганча масжидга кириб, зўрға намознинг тўртинчи ракаатининг рукуъсига илиниб олди. Имом салом бергач, ўрнидан туриб, намознинг қолган қисмини давом эттириб ҳафсаласизлик билан тез-тез ўқиди-да, салом берибоқ, қўлини дуога очар очмас юзига суртиб эшик тамонга шошилди. Лекин, эшикдан чиққан заҳоти қаттиқ хафа бўлиб пушаймон бўлганидан ранги ўзгарди. У кайфияти тушган ҳолда қўлини муштлаб гоҳ тиззасига, гоҳ пешонасига урарди. Ҳатто баъзилар унинг ёнига келиб: “Э-э, жуда ёмон бўлибди-да. Аллоҳ сабр берсин” деб ҳамдардлик билдирди.
Муҳтарам ўқувчи сиз нима деб ўйлайсиз? Абдуллоҳ нега қаттиқ сиқилиб хафа бўлди. Унинг бунчалик қаттиқ куюнганидан бошқаларни унга тасалли беришга ундаган нарса нима? Нима учун унга шу кунгача ҳеч ким бунчалик ачиниб ҳамдардлик билдирмади? Балки сиз ҳикоянинг охирги сатрларидаги Абдуллоҳнинг ҳолатини ўқиб туриб салафи солиҳлар ҳаётини эслагандирсиз. Дарҳақиқат, у зотлар бирор киши такбири увло(намозга киришдаги биринчи такбир)га етолмай қолса уч кунгача, борди-ю бир ракаатга етолмай қолса етти кунгача таъзия билдириб, энди бу ёғига ҳушёр бўлишга чақириб тасалли берар эдилар. Чунки у зотлар такбири увлога бепарволик қилиш ва жамоат намозига ҳаммадан кеч келиб, тезроқ чиқиб кетишга ҳаракат қилиш мунофиқларнинг аломати эканини яхши билишарди. Шунинг учун улар ундан хавфсираб, уни катта мусибатдек қабул қилардилар. Яна у зотлар намозни доим жамоат билан такбири увлога етиб ўқиб юриш мунофиқликдан халос қилишига ишонардилар. Зеро Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қирқ кун биринчи такбирга етиб Аллоҳ учун жамоат билан намоз ўқиса унга икки бароат (яъни поклик, озодлик) ёзилур. Мунофиқликдан поклик ва дўзахдан озод бўлганлик бароати” деганлар. (Имом Термизий ривояти) Бошқа бир ҳадисда : “Унга (яъни такбири увлога) бардавом бўлинглар” деганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамлар азон ва аввалги сафнинг фазилатини билишганида эди, уни қўлга киритиш учун қуръа ташлашга мажбур бўлиб қолишса, қуръани ташлаб бўлса ҳам у фазилатни олишга ҳаракат қилишар эди”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Аммо, қанийди сизнинг Абдуллоҳ ҳақидаги ана шу яхши гумонларингиз тўғри бўлиб чиққанда эди. Лекин, минг афсуски, ундоқ эмас. Абдуллоҳни қаттиқ ҳафа қилган нарса унинг туфлиси ечган жойида йўқлиги эди. Унинг бошини қотириб, миясида айланиб юрган нарса ҳам, биринчи такбирни ўтиб кетгани ёки уч ракаат намозга кеч қолгани, яна устига устак намозни шошилиб, чала-чулпа қилиб ўқигани эмас, балки, “Ким ўғирлади? Нега ўғирлайди?” деган саволли ўй-хаёллар эди. Бу йўқотиш Абдуллоҳни шунчалар безовта қилиб, ўйлантириб қўйган эди. Бу йўқотиш доим кеч келиб, ҳаммадан олдин чиқиб кетишга одатланган Абдуллоҳ учун кутилмаган зарба эди. Умрида бирор маротаба ақалли намоздан беш дақиқа олдин масжидга келиб ўлтирганини эслай олмайдиган бу йигит аслида энг катта ва энг ёмон ўғри ўзи эканини кошки билсайди. Туфлидан ҳам, бутун тўплаган мол-дунёсидан ҳам қадрлироқ ва қимматлироқ нарсани бир кунда беш марталаб йўқотаётганини қани энди тушуниб етса эди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўғирлик ҳақида зикр қилинди. Шунда У зот: “Қайси ўғирликни энг ёмон ўғирлик деб ҳисоблайсизлар” дедилар. Саҳобалар: “Киши ўз биродари молидан ўғирлик қилиши” дейишди. Росулуллоҳ: “Энг ёмон ўғирлик киши ўз намозидан ўғирлашидир” дедилар. Улар: “Бизларнинг биримиз қандай қилиб намозидан ўғирлайди?” дейишди. У зот: “У рукуъсини, саждасини ва хушуъсини мукаммал қилмайди (мана шу намоздан ўғирлашидир)” дедилар. (Имом Байҳақий ва бошқалар ривоят қилишган)
Бугунги кунимизда замонамиз вакили ҳисобланмиш Абдуллоҳга ўхшаш намозхонларни ўнлаб, юзлаб кўришингиз мумкин. Балки мусулмонликни даъво қилиб юрган, исмлари бир-биридан чиройли Муҳаммад, Аҳмад, Абдурроҳман, Шамсиддин, Ҳабибуллоҳ каби исмли намоз ўқимайдиган, умуман намозга бепарво йигитлар жуда ҳам кўп. Аслида энг катта ютқазув ва энг хунук йўқотиш ана шу эмасми? Аллоҳ таоло айтади:
“Эй иймон келтирганлар. Молларингиз ва фарзандларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан (яъни Аллоҳнинг ибодатидан) чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазувчилардир”  (Мунофиқун сураси 11-оят)
Аксар муфассир уламолар оятдаги “Аллоҳнинг зикридан” деган сўзни беш вақт намоздир деганлар. Демак кимки намозни ўз вақтида ўқишдан тижоратдаги, олди-сотдидаги, кундалик ҳаётидаги мол-дунёси ёки фарзандлари сабабли чалғиб бепарво бўлиб қолса, у зиёнкор ютқазганлардандир.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Банданинг қиёмат кунида биринчи ҳисоб-китоб қилинадиган нарсаси намоздир. Агар (намози) дуруст бўлса, бошқа амаллари ҳам дуруст бўлади. Борди-ю, (намози) яроқсиз бўлса, қолган амаллари ҳам яроқсиз бўлади” (Имом Табароний ривояти). Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида банданинг биринчи бўлиб ҳисоб-китоб қилинадиган амали намозидир. Агар намози дуруст бўлса, у, шак-шубҳасиз, муваффақият қозониб нажот топибди. Агар намози яроқсиз-фосид бўлса, у аниқ муваффақиятсизликка учраб зиён кўрибди. Агар бирон фарзида етишмовчилик бўлса, Аллоҳ азза ва жалла: “Қарангларчи, бандамнинг фарзларидаги камчиликларини тўлдирувчи нафл намозлари бормикан?” дейди. Сўнг қолган амаллари ҳам шу йўсинда бўлади” деганлар.
Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу жароҳатланиб бехуш бўлиб ётганларида бир киши келиб: “Эй муъминлар амири, намоз! (яъни, намозни ўқиб олинг)”, деди. Шунда у зот розийаллоҳу анҳу дарҳол ўзларига келиб: “Ҳа, тўғри. Намозни зое қилган бирон бир киши учун Исломда насиба йўқ”, дедилар-да намозни ўқидилар. Жароҳатларидан эса қон оқиб турарди.
Ҳасан ул-Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Эй Одам фарзанди, агар сенга намозинг қадрсиз бўлса, у ҳолда динингдаги қайси нарса сен учун азиз?! Ҳолбуки, сен қиёмат кунида биринчи бўлиб намозингдан сўраласан-ку!”. Ибн Ҳазм раҳматуллоҳи алайҳ: “Ширкдан кейин намозни вақтидан кечиктириш ва муъмин инсонни ноҳақ ўлдиришдан кўра каттароқ гуноҳ йўқ”, деганлар.
Аллоҳ таоло яна бошқа бир оятда: “Шундай “намозхонлар”га вайл бўлсинки. Улар намозларини унутувчилардир” дейди (Моъувн сураси, 4–5 оятлар).
Ушбу оятнинг тафсирида муфассир уламолар: “У намозни чала ўқийдиган, рукуъ ва саждаларини тўлиқ қилмайдиган кимсадир” дейишган.
Саҳобий Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳудан намозларини “унутувчилардир” дейилган кимсалар ҳақида сўрашганида: “Вақтини кечиктирадиганлар”, деб жавоб берганлар.
Аллоҳ таоло уларни “намозхонлар”, деб номлади. Лекин намозга бепарволиклари ва вақтидан кечиктирганлари сабабли уларни вайл билан огоҳлантириб таҳдид қилди. Вайл – шиддатли азобдир. Яна айтиладики, Вайл жаҳаннамдаги водий бўлиб, агар унга дунёдаги тоғлар туширилса, ҳарорати юқорилигидан тошлари эриб кетади. У намозга бепарво бўлган ва уни вақтидан кечиктириб ўқиган кимсаларнинг масканидир. Фақат Аллоҳга тавба қилиб, илгариги эътиборсизлигига надомат чекканлар бундан мустасно.
Ҳозирги кунда мусулмонлар чалинган энг катта офатлардан бири шуки, улар тунни узоқ суҳбатлар билан ёки телевизор тагида термулиб бедор ўтказиб, сўнг уйқуга кетадилар, ҳатто субҳи намозини ҳам қазо қиладилар. Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу айтадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч тоифа одамнинг намозини Аллоҳ қабул қилмайди: (улардан бири)намозга орқа томондан келадиган яъни, намозни вақти ўтганидан кейин ўқийдиган кишининг” дедилар. (Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу мунофиқнинг намози, бу мунофиқнинг намози, бу мунофиқнинг намозидир: қуёш ботишини кутиб туради, ҳатто қуёш шайтоннинг икки шохи ўртасига келганида ўрнидан туриб (товуқ ер чўқигандек) тўрт марта ер чўқийди ва бу “чўқиши”да Аллоҳни жуда ҳам оз зикр қилади” деганлар(Имом Муслим ривояти). Яна бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мунофиқларга энг оғир бўлган намоз – бамдод ва ҳуфтон намозларидир. Улар у икки намоздаги савобларни билсалар эди, эмаклаб бўлсада келган бўлар эдилар” деб огоҳлантирганлар(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Аллоҳ таоло намозни вақтидан кечиктириб ўқишнинг оқибати ҳақида огоҳлантириб: “Сўнг, уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ғоййга (яъни, ёмон жазога) йўлиқурлар. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар” дейди. (Марям сураси, 59–60)
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: “Намозни зое қилган дегани, уни бутунлай тарк этган дегани эмас, балки намозни ўз вақтидан кечиктириб ўқийдиган деганидир”, деганлар.
Тобеъинлардан имом Саъийд ибн Мусаййиб раҳматуллоҳи алайҳ: “У то аср бўлмагунча пешинни ўқимайди. Асрни шомгача, шомни хуфтонгача, хуфтонни бомдодгача, бомдодни то қуёш чиққунча ўқимайди” деганлар.
Шу ҳолатга одатланиб, тавба қилмасдан вафот этган кимсага Аллоҳ таоло “ғойй” билан таҳдид солди. Fойй – жаҳаннамдаги жуда чуқур, ўта бадбўй чуқурликдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва саждаларни тўлиқ қилмасдан намоз ўқиётган кишини кўрдилар ва: “Агар бу кимса мана шу ҳолатда ўлиб кетса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг миллатидан бошқасида ўлган бўлади”, дедилар (Табароний ва Ибн Ҳузайма ривоят қилишган).
Имом Бухорий ривоятларида: Ҳузайфа разияллоҳу анҳу рукуъ ва саждаларини тўлиқ қилмасдан намоз ўқиётган кишини кўриб, унга: “Сен намоз ўқимадинг. Агар ўлсанг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фитратларидан бошқасида ўлган бўласан”, дедилар. Насоий ривоят қилган асарда, Ҳузайфа розийаллоҳу анҳу ундан: “Неча йилдан бери шундай намоз ўқийсан?” деб сўраганлар. Шунда у: “Қирқ йилдан бери”, дея жавоб берган. Шунда улуғ саҳоба: “Қирқ йилдан бери намоз ўқимабсан. Агар намозни шу тарзда ўқиб вафот этсанг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам миллатларидан бошқасида ўлган бўласан”, деганлар.
Намозни вақтидан кечиктириб ўқиган кишининг ҳоли шу бўлса, умуман намоз ўқимайдиган кимсанинг аҳволи не кечар экан?! Аллоҳ таолодан намозларни ўз вақтида адо этишга ёрдам беришини сўраймиз. Албатта, У сахий ва карамли меҳрибон зотдир.
Шунингдек замонамиз алломаларидан шайх доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Кимки бир дунёвий машғулот билан банд бўлса масалан, дўконда савдо билан, пул санаш билан, ёки телефонда гаплашиш билан, далада ер чопиш билан, телевизорда футбол ёки сериал кўриш билан, компьютерда ишлаш ёки ўйин ўйнаш билан ёки юмшоққина жойида ширин уйқу билан ва ҳоказо ва ана шу пайтда муаззин: “Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар” яъни Аллоҳ ҳамма нарсадан буюкдир, деб намозга, буюк зотнинг ибодатига чорласа-ю, анави мусулмон уни банд қилиб турган нарсадан воз кечолмасдан: “Кейинроқ ўзим ўқиб оларман” деган ўй билан намозни кечиктириб ёки қазо қилиб ўқиса ва намозга киришаётиб: “Аллоҳу Акбар” яъни Аллоҳ буюкдир деса билингки, у ғирт ёлғончи каззобдир. Чунки, у тили билан ушбу улуғ калимани айтгани билан, аслида унинг учун ўша машғул бўлиб турган нарсаси ҳамма нарсадан кўра азизроқ ва буюкроқдир. Агар у муаззин мусулмонларни намозга чақиришда азонни нима учун айнан “Аллоҳу Акбар” калимаси билан бошлашидаги ҳикматни билганда эди, албатта, ҳар қандай ишни ташлаб намозга шошилган бўлар эди”.
Ҳақиқатда ҳам, ибодат борасидаги бепарволигимиз жудаям ачинарли даражага етиб борди. Масалан, бир имом домламиз уч-тўрт марта ҳаж ва умрага бориб келган бир ҳожи аканинг таклифи билан эрталаб тўйга борибдилар. Катта тўйхонада амру-маъруф бўлиб, кейин ош узатилибди, ошдан сўнг кўчага чиқилганда, ўша ҳожи ака домлани четга чақириб: “Узр, сиздан бир нарсани сўрамоқчийдим. Тўй ҳашам билан овора бўлиб бомдод намозини ўқиёлмадим, энди қазосини  ҳуфтондан кейин ўқийманми?” дебди. Шунда муҳтарам домламиз ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам аччиқланиб: “Бу нима деганингиз? Ҳожи ака. Тўй намоздан ҳам зарурми? Нимага ўқиёлмайсиз?” десалар. У киши: “Ўзингиз биласиз, тўйхонада намоз ўқишни “запрет” қилиб қўйишган, намоз ўқигани жой йўқ. Унинг устига буёғи қандоғ ўтаркин, деб намоз ўқиш хаёлимга ҳам келмабди”, дебди. Муҳтарам домламиз: “Гапингизни охирида рост гапирдингиз, “запрет қилишган” деб, бировларни айбламасдан, “хаёлимга келмабди, эсимдан чиқариб қўйиб “асосий” иш билан овора бўлиб қолибман” десангиз тўғри бўларди. Ўзингиз ўйлаб кўринг шу ер намоз ўқийдиган жойми? Эрталаб амру-маъруф бўлгани билан, кечки пайт нима бўлади худо билади. Ана, юз метр нарида масжид турибди, бориб ўқиб олсангиз бўлардику! Энди саволингизга келсак, бомдоднинг қазосини тезроқ ўқиб олинг. Ҳали ҳуфтонгача бормизми, йўқмизми? Валлоҳу аълам”, деб, ҳафа бўлиб хайрлашибдилар.
Яна бир мисол, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Кимки намози жумага аввалги саотларида етиб борса, гўё у туя қурбон қилгандек, кимки иккинчи вақтида  борса гўё у сигир қурбон қилгандек, сўнг (келган) қўй, сўнг товуқ, сўнг тухум (садақа қилгандек) бўлади. Кейин имом хутба учун минбарга кўтарилганда фаришталар дафтарларини ёпадилар” деган ҳадиси шарифларини кўп эшитганимиздан деярли ҳаммага ёд бўлиб кетган, лекин аксар намозхонлар ҳафтада бир марта бўладиган, мусулмонларнинг ийд байрами бўлган Жума ибодатига ҳам бошқа ишлари билан овора бўлиб қолиб беш-ўн дақиқа қолганда зўрға етиб келишади.
Ана шундай намозхон биродарларга Аллоҳ таолонинг Жумуъа сурасидаги насихатини эслатиб ўтамиз: “Қачон улар бирон тижоратни ёки ўйин – кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда қолдирурлар. Сиз: “Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса ўйин-кулгудан ва тижоратдан яхшироқдир. Ва Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир”, деб айтинг”. ( Жумуъа сураси 11-оят).
    Келинг яна Абдуллоҳ ҳақидаги қиссага қайтамиз. Ҳафа бўлиб саросимага тушиб турган Абдуллоҳни кўрган масжид боғбони Ҳикматуллоҳ амаки у томонга юриб кела туриб, кўзларида ёш билан: “Ўғлим, сени бу ҳолингни кўриб қиёмат кунидаги ўзимнинг ҳолатим эсимга тушиб кетди. Эшитганмисан билмадиму, Пайғамбаримиз бир куни саҳобаларига: “Қашшоқ одам ким, биласизларми” дебдилар. Шунда улар: “Бизнингча, қашшоқ – на дирҳами, на бирон матоси бўлмаган одам” дейишибди. У зот йўқ, ҳақиқий қашшоқ одам умматим ичидаги шундай одамки, қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади, бироқ кимнидир сўккан, кимгадир туҳмат қилган, кимнингдир молини еган, кимнидир қонини тўккан, кимнидир урган ҳолда келади. Шунда савобларидан унга, бунга олиб берилади, савоблари зиммасидаги ҳақлардан қутулишга етмаса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, бунга юкланади, сўнг дўзахга отилади”, дебдилар. Демоқчи бўлганим, биз ибодат қиляпман деб юраверарканмиз-у, ўзимизни бепарволигимиз туфайли унинг савобидан маҳрум бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас экан, хушёр бўлишимиз керак” дедилар. Сўнг, оёқ кийимлар қўйиладиган жойга ишора қилиб: “Анави туфли сеники эмасми? Бири икки қадам нарига, яна бири гиламни устига ечилган экан, мен уларни тахлаб қўйгандим” дедилар. Абдуллоҳ уялибгина қараб: “Ҳа, меники” деб, олиб кийди-ю бу воқеадан жуда қаттиқ таъсирлангандек, ўйланиб чиқиб кетди.  
Шоядки, ушбу дарс Абдуллоҳ ва унга ўхшаганларга кифоя қилган бўлса. Инша Аллоҳ! Тавфиқ Аллоҳдан. У бизларга ўта меҳрибон зот. Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ.
 
Баҳодир Раҳматуллоҳ

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri