"Мукаммал саодат йўли" китоби нашр этилди Принтер учун
23.05.2012 й.

Mukkammal saodat yuli

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Мукаммал саодат йўли» деб номланган китоблари нашр этилди.

 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

МУҚАДДИМА

«МУКАММАЛ САОДАТ ЙЎЛИ»ГА КИРИШ

«Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик», деган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У Зотнинг улуғлиги ва поклигига хос ва мос ҳамду санолар ҳамда мақтов ва олқишлар бўлсин!
Оламларнинг сарвари, набийларнинг афзали, Роббидан бу дунё ва охират офиятини давомли сўраб, дуо қилиб юрган Муҳаммад Мустафога мукаммал ва давомли салавоту саломлар бўлсин!
Аммо баъд:
Муҳтарам китобхон! Ушбу сатрлар орқали сиз билан мулоқот бошлаётганимдан ғоятда мамнунман. Сиз азизлар билан инсоннинг саодатли яшаш йўли ҳақида дилдан суҳбат қуриш истагидаман. Аллоҳ таоло ушбу бўлажак суҳбатни баракотли ва хайрли қилсин!
Ҳаммамизга маълумки, инсон зоти борки, бу дунёда бахтиёр ҳаёт кечиришни истайди. Бу хоҳиш мақтовга сазовордир. Чунки саодатли ҳаёт кечириш истаги ҳар бир инсоннинг асл ва соф табиатида бордир. Шунинг учун ҳам инсон зоти, у ким бўлишидан қатъи назар, доимо ўзига фойдали нарсаларни жалб қилиш ва зарарли нарсаларни четлаб ўтиш пайида яшайди. Айни мана шу истак ҳар бир инсон тафаккури ва уринишининг ажралмас қисмидир. Дунёда ҳеч ким бахтсиз бўлай, ёмонлик кўрай, демайди. Ҳа, ушбу истак умуминсоний истакдир. Ким бўлишидан қатъи назар, номи инсон борки, бахтиёр яшаш истаги билан биргадир.
Аммо кишилар мазкур умуминсоний орзуга эришиш – бу дунёда бахтиёр яшаш учун турли йўлларни ихтиёр қиладилар. Бу оддий ҳақиқатни тушуниб етиш учун инсонларнинг ўзлари учун танлаган ҳаёт йўлларига бир назар солишнинг ўзи кифоя. Уларнинг ҳаммаси дунёдаги барча халқларга бахтиёр ҳаётни ваъда қиладилар. Шу билан бирга, инсонларга бахт-саодат йўлини кўрсатиб беришга уринаётган кишилар ва ташкилотлар ҳам талайгина. Турли шахсларнинг, «илмий» изланиш муассасаларининг, ҳуқуқий ташкилотларнинг одамзодга бахтиёр ҳаёт, саодатли турмуш ваъда қилиб жар солаётганлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Албатта, ана шу бахту саодат ваъда қилаётганларга эргашаётганлар, уларнинг тавсия ва кўрсатмаларига ихлос билан амал қилаётганлар ҳам оз эмас.
Бахтиёр ҳаёт борасидаги бу вазият камина ходимингизни анча йиллардан буён ўйлантириб келар эди. Баъзи одамларнинг ўз ҳаётида муваффақиятга эришиш мақсадида Д.Карнегининг китобини диққат билан ўқиб, унга ихлос билан амал қилишлари ҳақида ҳам билиб юрар эдим. Танишларнинг биридан одамларнинг қандайдир янги таълимотга ишониб, иш жойларидаги ўриндиқ ва асбобларини ана шу таълимот тавсияси асосида жойлаштириб, бахт-саодат кутиб ўтирганлари ҳақида ҳам эшитган эдим. Буларга ўхшаш таълимотлар сон-саноқсиз эканини ҳам яхши англаган эдим.
Бизни кўпроқ ташвишга солган, ўйлантирган нарса эса охирги пайтларда атрофимизда пайдо бўлган турли динлар, ҳизблар, тоифалар, йўналишлар, оқимлар ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларга одамларнинг кўр-кўрона эргашиб кетаётганлари эди. Кўпчилик кишилар керакли билим ва тушунчага эга бўлмаганликлари сабабли мазкурларга эргашиб, уларнинг айтганини қилиб, ўзлари учун бахт ахтарадилар. Бечоралар аслида ўша «етакчи»ларнинг бирортаси ҳам ҳеч кимга бирор яхшилик қила олмаслигини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Динимиз, мазҳабимиз, дунёқарашимиздан кўпларининг хабарлари ҳам йўқ. Аввал нима бўлса, бўлгандир. Аммо ҳозир ота-боболаримиз амал қилиб, бахту саодат топган ўзимизнинг динимиз, мазҳабимиз ҳамда маданиятимизни яхшироқ ўрганиш ўрнига ўзганинг дини, мазҳаби ва маданиятига кўр-кўрона эргашиб кетаверишни оқилона иш сифатида баҳолаб бўлмайди.
Ўша бошқа дин, мазҳаб, ҳизб, оқим, йўналиш ва ҳоказоларга эргашаётганлар аввал ўзларининг, ота-боболарининг тутган йўлларини яхшилаб ўрганиб чиқишса яхши бўларди. Ҳозирда кўпчиликни ташвишга солиб турган муаммолар, кўнгилсизликлар ва бахтсизликларнинг олди олинар эди.
Бирор нарсага қарши чиқиш ёки уни қабул қилишдан аввал ўша нарса билан танишиб чиқиш кераклиги ҳамма билган ва амал қилиб келган ҳақиқатлардан биридир. Акс ҳолда яхшиликдан бебаҳра қолиш, билмасдан, ёмонликка қўл уриб қўйиш турган гап. Шунингдек, кўр-кўрона иш юритиш сабабли яхшиликка қарши чиқиш ёки ёмонликни оқлаш ҳам содир бўлиши мумкин.
Ушбу фикрнинг тасдиғи сифатида мисол келтирайлик. АҚШлик бир черков арбоби Қуръони Карим нусхаларини намойишкорона ёқиш ниятида эканини эълон қилди. Кўпчилик ундан бу ишни қилмасликни илтимос қилишди. Аммо у ўз фикридан қайтмади. Ҳатто ўз давлатининг раҳбари ҳамда ташқи ишлар вазирининг ҳам гапи ўтмади. Шунда оддий бир имом унга «Сен Қуръони Каримни ўқиб кўрдингми?» деган саволни берди. У ўқимаганини айтди. Имом унга ўзи ўқиб ҳам кўрмаган нарсани йўқ қилиб ташлаш дуруст эмаслигини, бир ўқиб кўрса, яхши бўлишини тушунтирди. Натижада черков арбоби Қуръони Каримни куйдириш фикридан қайтди.
АҚШ конгресси аъзоси Марк Силжендернинг Исломга ва Қуръонга нисбатан адовати шу қадар кучли эдики, ҳатто 1998 йили АҚШ президенти Рамазон ойида Вашингтонда мусулмонлар вакиллари учун ифторлик ташкил қилиб, уларга Қуръони Каримни тиловат қилишга рухсат берганида «Оқ уй»га қўпол оҳангда норозилик хати йўллаган эди. Шунда унга Қуръони Каримни ўқиб, Ислом билан танишиш таклиф қилинди. Оқибатда у «Ҳалокатли англашилмовчилик» деб аталган китоб ёзиб, ҳозирги насоро оламининг Исломга бўлган салбий муносабати асосан Қуръон ҳақиқатини билмаслик натижасида келиб чиққанлигини исботлади.
Бу борада тинимсиз ўйлар, тафаккур қилар эдим. Нима учун одамлар ўзларига ўхшаган инсонларнинг «бахтли ҳаёт» ҳақидаги гапларига бунчалик қаттиқ ёпишиб оладилар? Тўғри, ҳаётий тажрибаларда уларнинг бир-бирларидан ўрнак олганлари яхши. Яхши ишларда тақлид қилиб, ёмонларидан четланганлари ҳам яхши. Аммо ўзига ўхшаган одамнинг гапини муқаддаслаштириш даражасига етиб боришдан нима фойда?
Нима учун кўпчилик одамлар кўринган дин, мазҳаб, ҳизб ёки фирқаларга эргашиб кетаверадилар? Ўшалардан «Ислом нима? Аҳли Сунна ва жамоани, Ҳанафий мазҳабини биласанми?» деб сўралса, жавоб бера олмасликлари аниқ. Нима учун етти аждоди, ота-боболари юрган йўл қандай йўл эканини суриштирмайди-да, ўзига бахт-саодат топиш илинжида етти ёт бегонага эргашиб кетаверади?!
Шу ва шунга ўхшаш саволлар хаёлимдан кўтарилмас эди. Тинмай, ўзимга-ўзим «Одамларга нима бўлган ўзи?!» деган саволни берар эканман, кишиларга ушбу ҳақиқатни етказиш йўллари ҳақида ўйлар эдим.
Вақт ўтиши, илм, тажриба ортиши билан юқоридаги саволларга жавоблар ҳам топила бошлади. Одамлар бахтли ҳаётга эришиш учун йўл топишга ҳаракат қилганларида юқорида айтиб ўтилган шахслар ва муассасаларнинг тавсия, кўрсатма ва ваъдаларига дуч келадилар. Мазкур тавсия, кўрсатма ва ваъдалар жонли мисоллар ёрдамида ниҳоятда усталик билан тақдим этилган бўлади. Уларни тақдим этувчилар инсон руҳиятининг нозик жиҳатларини яхши биладилар ва одамларнинг онгига таъсир этиш усулларини ҳам сув қилиб ичиб юборган бўладилар. «Бахтиёр ҳаёт» илинжида юрган одамлар ўшандай ҳаётга йўлланма беришни даъво қилаётганларнинг китоблари номини кўришлари биланоқ ўз мақсадларига етгандек қувониб, уни сотиб олишга шошиладилар. Дарҳақиқат, китобни ўқиб, баъзи бир ўзлари учун фойдали бўлган нарсаларни топишлари ҳам бор. Аммо бу манбалар асл ҳаёт дастури бўла олмаслигини улар тушуниб етмайдилар.
У дунёю бу дунё ҳаётининг бахтли ва саодатли бўлиши учун Аллоҳ таоло томонидан инсониятга юборилган илоҳий дастур Ислом дини экани сиз билан бизга аён бўлган ҳақиқатдир. Қадимдан ота-боболаримиз иймон келтирган, эътиқод ва амал қилган ўз динимиз таълимотларининг бахтли ҳаёт дастурини излаб юрган инсонийлик йўлидаги биродарларимизга етиб бормай қолишига эса ўзимиз айбдормиз. Чунки биз бу борада одамларимизга етарли услуб, савия ва миқдорда маълумотлар тақдим қила олганимиз йўқ.
Одамларга уларнинг зеҳниятига, тафаккур услубига ва тушунчаларига қараб маълумот тақдим қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бошқалар, жумладан, инсониятга саодатли ҳаёт тавсиялари бериш бўйича мутахассис бўлганлар ҳам бу борада биздан кўра жуда илгарилаб кетганлар. Биз эса бу соҳада анча ишларни янгидан йўлга қўйишимиз керак бўлади. Баъзи кишиларимизнинг ушбу зарур ишни аллақачон бошлаб юборганлари кўнгилга таскин беради.
Бир неча йил аввал араб давлатларидан бирида Япониядаги Ислом марказида ишлайдиган икки танишим билан учрашиб қолдик. Одатдагидек, улардан олиб бораётган фаолиятлари ҳақида сўрадим. Улар ўз ишлари ҳақида шавқ-завқ билан сўзлаб бердилар. Гапларининг орасида мен учун янгилик бўлган нарсани ҳам айтиб ўтдилар. Улар менга бир варақ тутқаздилар. Унда япон ва инглиз тилларида битилган қисқа жумла, уларнинг ишхоналари жойлашган манзил ҳамда телефон рақамлари ёзилган эди. Мазкур биродарларимиз ўзлари билан учрашган, гаплашган одамларга шундай варақ беришар экан. Унда ёзилган жумланинг маъноси «Агар бошингга мушкул иш тушса ёки сиқилиб қолсанг, бизга мурожаат қил» экан. Варақ берилганларнинг кўплари уларга мурожаат қилар ва ҳузурларига келиб, аста-секин мусулмон бўлар эканлар. Мен уларнинг топқирликларига қойил қолганимни айтиб, савобли ишларида уларга муваффақият тиладим.
Хаёлимдан, дунёдаги барча бошига мушкул иш тушганларга, иши юришмай, сиқилиб юрганларга ўз муаммолари Ислом орқалигина ҳал бўлишини ва юришмай турган ишлари Исломга амал қилгандагина юришиб кетишини англата олганимизда эди, деган фикр ўтди. Шу билан бирга, кишиларнинг икки дунё саодатига эришишлари учун уларга динимиз таълимотларини етказишда топқирлик жуда ҳам зарур нарса эканига бўлган аввалги ишончим янада зиёда бўлди.
Ҳижрий 1431 йилнинг Зул-Қаъда, милодий 2010 йилнинг октябрғ ойида «Дунё мусулмон уламолари бирлиги» ташкилоти котиблар кенгашининг Қатар давлати пойтахти Довҳа шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида иштирок этиш жараёнида биродаримиз Али Муҳаммад Саллобийнинг бир неча китобларини совға сифатида қабул қилиб олдим. Мазкур китоблар билан танишиш давомида «Ал-ийман бил-қадар» – «Қадарга иймон» номли китобни варақлар эканман, америкалик машҳур шахслардан Дейл Карнеги ва унинг китоби ҳақидаги ёзувга кўзим тушиб қолди. Беихтиёр ўша саҳифани очиб, ўқишга тушдим. Али Муҳаммад Саллобий мазкур китобининг «Қазои қадарга бўлган иймоннинг самаралари» деб номланган бобида Дейл Карнегининг «Хавотирланишни қўй, ҳаётни бошла» деган китобидан иқтибос келтирган экан. Дейл Карнеги ҳам ўз навбатида мазкур иқтибосни ôðàíöóç олими ва ёзувчиси Р.В.С.Бодлининг «Саҳрои Кабир шамоли» номли китобидан олган экан. Бодли ўзининг мазкур китобидаги «Аллоҳнинг жаннатида яшадим» деган мақоласида Шимолий Африкадаги мусулмон араб қабилалари билан бирга яшаган даврида уларнинг қазо ва қадарга бўлган иймонларига қойил қолганини ёзиш билан бирга, ўзи ҳам мана шу эътиқодга амал қилиб, умри бўйи бахтли яшаб келаётгани, ундаги бу иймон барча дори-дармонлардан яхши эканини ёзган экан.
Мен ушбу маълумотларни ўқир эканман, агар Дейл Карнеги Бодлининг китобидан бошқа манбаларда ҳам динимиз таълимотларини ўқиганида, ўз асарларига албатта уларни ҳам киритар эди, деб ўйладим. Чунки Ислом динида Дейл Карнеги ва унга ўхшаб одамларга саодат йўлини баён қилиб беришга уринганларнинг ечимини излаб юрган барча саволларига тайёр жавоблар борлигида шак-шубҳа йўқ. Исломда улар истаган бу дунё ҳаётидаги саодат йўлигина эмас, балки у дунёда ҳам саодатга эришиш йўллари белгилаб қўйилган.
Ушбу китобнинг ёзилиши вақтидаги сафарларимдан бирида ёнимга бир йигит келиб ўтирди ва ўзини таништирди. Ёзган китобларим учун ташаккурлар айтди. Сўнгра ўзининг қиссасини бошлади:
«Авваллари, – деди у, – овқатланишда санчқини чап қўл билан, пичоқни ўнг қўл билан ушлаш керак, у қилиш керак, бу қилиш керак, деган гаплар мен учун сеҳрли оламга ўхшаб туюлар эди. Бунга ўхшаган гаплар менинг энг кўп ҳавас қилган нарсаларим эди. Мана шунга ўхшаш кўрсатмалар мени молу дунё муҳаббатига олиб келди. Жуда кўп мол-дунё орттирдим. Уларга ҳирс қўйдим. Катта давлатга эга бўлдим. Аммо бойлик бевафо бўлар экан, бир кунда барчасидан айрилдим. Мол-дунёга куйиб, соғлиғимни йўқотдим. Бир куни юрагим хуруж қилиб, йиқилдим ва ўн саккиз кун беҳуш ётдим. Ўзимга келганимдан кейин даволанишни бошладим. Қилмаган муолажам қолмади. Психологма-психолог югурдим. Охири Аллоҳнинг марҳамати билан ибодатни бошладим. Китобларингизни ўқишга киришдим. Ҳақиқатни тушундим. Аста-секин тузала бошладим. Агар бу илмлардан олдинроқ хабардор бўлганимда, молу дунёдан ажраганимга заррача куюнмас, Аллоҳнинг битган тақдири, деб кетаверар эканман. Шунча савдолар бошимга тушмас экан.
Ҳаммаси Аллоҳдан экан, мени Унинг Ўзи сақлади. Мана энди ҳеч нарсани кўрмагандек бўлиб, сафарга кетмоқдаман, бир дуо қилинг».
Бу йигитнинг гаплари менга ушбу китоб беҳудага ёзилмаётганини таъкидлади. Китобни тезроқ битириб, кишиларга тақдим қилишга чорлади.
Ҳозиргача ёзилган асарларимиз асосан динга эътиқод этиб, қўлидан келганича амал ҳам қилиб юрган кишиларга аталганлиги ҳаммага маълум. Уларнинг аксари намоз, рўза, закот, ҳаж ва умра каби маълум йўналиш ва мавзуларга бағишлангани ҳам аён. Аммо Ислом ҳақида тўлиқ тушунча берадиган яхлит бир асар ҳақида ўйлаб кўрмаган эканмиз. Одамларни бир нарсани тарк этишдан ёки унга киришишдан аввал уни яхшилаб ўрганиб чиқишга чақирмаган эканмиз.
Ушбу ўй ва фикрлар бир неча йиллардан буён ёзишни режалаштириб, ўйланиб юрганим бир китобни Аллоҳдан ёрдам сўраган ва У Зотнинг Ўзигагина суянган ҳолда ёзишни бошлашга туртки бўлди. Шоядки, баъзи адашиб, бошқа томонга бурилиб кетганлар ўзларига келсалар. Ўзларини билмай юрганлар эсларини танисалар. Маълум билимга эга бўлганлар эса тўлиқроқ тасаввурга эга бўлсалар.
Бу асарни яхши ният билан «Мукаммал саодат йўли» деб номладик. Бошқача қилиб айтганда, уни «Исломнинг умумий таърифи» деб атасак ҳам бўлади. Унда одамларнинг ҳаёти саодатли бўлиши учун динимизда қандай таълимотлар тақдим қилингани ва қай бир чоралар кўрилгани ҳақида тартиб билан сўз юритишга қўлдан келганича ҳаракат қилдик. Ислом баъзи одамлар тасаввур қилаётганларидек, фақат «тасаввуф»дан иборат эмаслиги, балки тасаввуф Исломнинг руҳий тарбия қисми экани каби ҳақиқатларни баён қилишга уриндик. Хуллас, билганга таъкидлаш, билмаганга билдириш, бехабарга хабар бериш, душманга тушунтириш, дўстга насиҳат қилишга ҳаракат қилинди.
Сиз азизлардан ушбу сатрларда бирор яхшилик топсангиз, Аллоҳдан деб, хато ва нуқсонлар бўлса, камина ходимингиздан деб билишингизни умид қиламан.
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишимизни баракотли қилсин ва ҳаммамиз учун фойдали бўлишини насиб этсин! Омин!

Муҳаммад Содиқ
Муҳаммад Юсуф.


Муаллиф:  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Номи:  Мукаммал саодат йўли
Нашриёт:  «Шарқ» НМАК
Сана:   2012
Ҳажми:  448 бет
ISBN:  978-9943-00-869-4
Ўлчами: 60×90 1/16

Нархи:  16 000 сўм

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тавсияси ила чоп этилган

Мурожаат учун телефонлар:

Тошкент (+998 71) 216 29 27
Наманган, Асака шахарлари (+998 90) 322 25 22
Андижон шахри (+998 74) 731 33 33

(Иш вақти 09:00 - 17:00)

 

МУНДАРИЖА


Муқаддима
“Мукаммал саодат йўли”га кириш

Биринчи қисм
Иймон ёхуд мукаммал саодат ақийдаси
Инсон ҳақиқати
Саодат излаб
Саърифат излаб
Ақлни пешлайдиган илм
Диний маърифатнинг хусусияти
Ислом – илм дини
Илм Ислом тарафида
Исломнинг мақсадлари
Исломнинг асослари
Дин таълимотлари
Ислом ақийдаси
Илоҳиёт
Нубувват
Кавниёт
Ғайбиёт

Иккинчи қисм
Ислом ёхуд мукаммал саодат шариати
Ислом шариати
1. Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш
2. Инсоннинг ақлини муҳофаза қилиш
3. Инсоннинг динини муҳофаза қилиш
4. Инсоннинг наслини муҳофаза қилиш
5. Инсоннинг мол-мулкини муҳофаза қилиш
Манфаатлар
Шаръий амалларнинг турлари
Шаръий амаллар баёни
Поклик китоби
Намоз китоби
Закот китоби
Рўза китоби
Ҳаж китоби
Никоҳ китоби
Талоқ
Молиявий муомалалар
Савдо китоби
Турли масалалар
Хулоса

Учинчи қисм
Эҳсон ёхуд мукаммал саодат ахлоқи
Бахтли ҳаёт ахлоқи
“Руҳий тарбия”нинг биринчи қисми
Закот
Рўза
Ҳаж
Зикр
“Руҳий тарбия”нинг иккинчи қисми
Хавф ва ражо
Тақво ва вараъ
“Руҳий тарбия”нинг учинчи қисми
Тазкиятун нафснинг самаралари

Тўртинчи қисм
Амал ёхуд мукаммал саодат соҳибининг кун тартиби
Саодатли ҳаёт соҳибининг кун тартиби
Таҳорат қилиш
таҳоратнинг фарзи
Турли одамлар билан муомала одоби
Хотима
Исмлар кўрсаткичи
Атамалар кўрсаткичи
Жой номлари кўрсаткичи
Фойдаланилган адабиётлар
Мундарижа

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri