Қалбни саломат сақлаш Принтер учун
25.05.2012 й.
Ҳар бир бандага иймон, ҳикмат ва маърифат ўрни бўлган қалб деб аталадган буюк неъматни берган алиймул хобийр Аллоҳ таолога ҳамду саналар бўлсин. “Албатта, Аллоҳ сувратингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайд. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади” деган, ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал салоту саломлар бўлсин.

Инсон зоти Аллоҳ таъоло яратган маҳлуқотлар ичида энг улуғи ва афзали ҳисобланади. Шундай афзаллик жиҳатларидан бири, унинг ҳар бир аъзосининг ўзига хос вазифа билан яратилишидир.
Бизга маълумки инсонда бўлган аъзо ҳайвонда ҳам мужассам бўлиб, улар аъзоларининг ҳам ўзига хос вазифалари бор. Мисол учун: юракни олайлик бу аъзо, азиз инсонда бўлиши билан бирга, ҳайвонда ҳам мавжуддир. Бу аъзо инсон жасадида кўкрак қисмининг чап томонида жойлашган, конус шаклли бир парча гўшт бўлиб, зоҳирий жиҳатдан жон вазифасини ўтайди. Бу аъзо ботиний жиҳатдан қалб деб аталади.
Қалб, луғатда бир нарсан ағдариш маъносида ишлатилад. У бир ҳил турмай, у ёққа бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам “Қалб” деб аталган.
Агар инсоннинг зоҳирий қалби (юраги) хасталикка чалинса, тиббий йўл билан даволаш мумкин. Лекин, ботиний қалб хасталикка чалинса, уни фақат руҳий ва маънавий йўллар билан даволаш мумкин. У ҳам бўлса, Аллоҳ таъолонинг каломи Қуръони карийм ва Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳ васалламнинг суннатларини ўрганиб, уларга амал қилиш орқали юзага чиқади.
Халқимизда бир кишини яхши ҳислатлари билан зикир қилинадиган бўлса, фалончининг қалби тоза ёки кўнгли тоза, юраги тоза, дили тоза деб эсга олинади. Чунки инсон қалбининг саломат бўлиши, бу унинг саъодатлигидан далолатдир. Аллоҳни ўзи сақласин агар унинг акси бўлсачи, бу бадбахтлигдандир.
Агар инсоннинг бирон бир аъзоси касалликка чалинса, қолган аъзолари ҳам шу касалликдан четда қолмайди. Қалбнинг ботиний жиҳатдан хасталаниши, бу қолган аъзоларни ҳам хасталанишга сабаб бўлувчи воситадир. Мисол учун: Бир киш ўғрилик қилишни қалбда тугади, уни қандай ва қачон содир этишини режалаштиради. Ушбу гуноҳни қилиш учун оёғи билан юриб боради, кўзи билан кузатиб туради ва қўли билан бажаради. Шунинг учун ҳам, қалб инсон жасадининг марказида жойлашган бўлиб, у саломат бўлса, бошқа аъзолар ҳам саломат бўлади. Агар у бузуқ бўлса, бошқа аъзолар ҳам бузилади.
Ҳар бир киши ўзининг қалбини турли-хил бузуқликлардан саломат сақлаши ва ҳимоя қилиши масъулиятлик вазифаларидан эканини унутмаслиги лозим ва лобудр.
Энди ушбу мавзуга оид Қуръони карийм оятларида ва Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам айтган муборак сўзлари билан танишб чиқайлик.
Ҳалилуллоҳ Аллоҳнинг дўсти мақомига сазовор бўлган пайғамбарларнинг улуғларидан бўлган Иброҳим алайҳис салом қалби салим зотлардан бўлганлар. Бу хусусида Аллоҳ таъоло Қуръони каримнинг “Соффат” сураси 83-84 оятларида қуйидагича баён қилган:
“Албатта, Иброҳим ҳам унинг (Нуҳнинг) гуруҳидандир. Ўшанда у ўз Роббига соғлом (саломат) қалб билан келганди”, деб марҳамат қилган. Мазкур оятда Аллоҳ таъоло ўзининг бандаларга Иброҳим алайҳссаломни ибратлик намуна қилиб кўрсатмоқда.
Ибн Аббос розияллоҳу алайҳидан ривоят қилинади: “Қалби салимдан мурод Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканлигига гувоҳлик беришдир”, - деганлар.
Улуғларимиздан Муҳаммад ибни Сирийн раҳматуллоҳи алайҳидан қалби салим нима?, - деб сўраганларида:
“Албатта Аллоҳ таъолони ҳақ деб билиш, қиёматнинг қоим бўлишига шубҳа қилмаслик, Аллоҳ таъоло ҳар бир қабрда ётган кишиларни тирилтишини ҳақ деб билишдир”, деб марҳамат қилганлар.
Бу маънолардан бизга маълум бўладики, инсон Аллоҳга бўлган ишончини токи қалби билан тасдиқламагунча у ҳақиқий ҳисобланмади. Чунки қалб масаласи нозик бўлиб, у фақат иймон, эътиқод, яхшлик ва ҳикматлар маскани ҳисобланади. Буларга зид бўлган ҳолатларда қалбни саломат сақлаб турилса, бузуқ иллатларни жойлашишига йўқ қўйилмаса, унга қарши курашиб турилса, қалбни руҳий томондан озуқаланириб турилса, ана шундагина ҳақиқий мақсад ҳосил бўлиб, унинг эгаси салим қалб соҳибига айланади.
Қуръони каримда қалб бир неча ҳил маънолар билан зикр қилинган: Жумладан, “Фуадун” деб номланган бўлиб, луғатда унинг маъноси “юрак”, “қалб” ва “дил” маъноларини англатади. Ушбу сўз иштирок қилган ояти карима билан танишиб чиқайлмик.
Аллоҳ таъоло “Исро” сураси 36-оятда қуйдагича марҳамат қилган.
“Албатта, қулоқ, кўз ва дил ана ўшалар масуълдирлар” деб, баён қилган. Қиёмат кунида ҳар бир инсон ушбу учта аъзоси орқали содир қилган гуноҳларидан сўралишга ишора қилинмоқда. Мазкур оятда “Фуадун” сўзи дил, яни қалб маъносида келмоқда.
Аллоҳ таъоло “Иброҳий” сураси 37-оятида шундай марҳамат қилган:
“Бас, ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгн”, деб марҳамат қилган.
Мазкур ояти каримада қалб ёки диллар бўлиб кўплик маъносида келмоқда. Ислом тарихидан ҳаммамизга маълумки, Иброҳим алайҳис салом ўз зурриётлари Исмоил алайҳис салом ва жуфти ҳалоллари Ҳожар онамизни Каъбатуллоҳ, яъни Байтул Ҳаром ёнига, ўсимликсиз водийга жойлаштириб, мазкур дуони қилганликлари маълум ва машҳурдир.
Иброҳим алайҳис саломнинг ушбу дуоларида ўз зурриётларини ташлаб кетган Каъбатуллоҳга то қиёматгача келадиган мусулмон умматининг қалбини унга талпинадиган, ошиқадиган, доимо унга етишни орзу қиладиганлардан қилгин демоқдалар. Юқорида келган оятда ҳам, инсон қалбини яхшилик томон буриш ва талпинтириш маъноси бор. Зеро, қалб айнан шу мақсад йўлида ҳизмат қилиш учун инсонга берилгандир.     
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу борада ўз умматларига ўрнак бўлиб таълим берганлар.
Барча пайғамбарларда содир бўлмаган “Кўкрак ёриш” ҳодисаси, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламда бўлганлиги ислом тарихида маълум ва машҳурдир. Пайғамбарларнинг саййиди, охири замон пайғамбари Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам қалб табибларининг имомларидан бўлганлар. Бу ишда қиёматгача келадиган умматларига намуна бўлганлар. Буни биз пайғамбаримиздан ривоят қилинган қуйидаги машҳур ҳадислардан билиб оламиз.
Нўъмон ибн Башр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Наби саллоллоҳу алайҳи васаллам дедлар: “Огоҳ бўлингким! Албатта жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким (ушбу нарса қалбдир)”, - деганлар”.
Мазкур ҳадисда қалбнинг инсон ҳаётида тутган ўрни муҳим эканлиги баён қилинмоқда. Агар янада диққат билан эътибор берадиган бўлсак, инсоннинг аъзоларини адади қанча бўлишидан қатъий назар, қалб агар турли иллатлардан саломат бўлса, қолган аъзолар ҳам саломат бўлади, акс ҳолда, у бузуқ бўлса, қолган аъзолар ҳам бузилиб ҳолакатга учраши ҳақиқат эканлигини унутмаслигимиз керак.
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидаги дуоларни айтиб юришимизни ўргатар эдилар: “Аллоҳим! Албатта мен Сендан ишда собитликни сўрайман ва рушдда (тўғри юришда) азму қарорни сўрайман. Мен Сендан неъматинга шукур қилишни, ибодатингни гўзал қилишни сўрайман. Мен Сендан содиқ тил ва солим (соғлом) қалб сўрайман. Мен Сендан ўзинг билган нарсаларнинг шарридан (ёмонлиги) паноҳ сўрайман. Мен Сендан ўзинг биладиган нарсаларнинг ҳайридан (яхшилиги) сўрайман. Мен Сендан ўзинг биладиган нарсалардан истиғфор сўрайман. Албатта, Сен ўзинг ғайбларни ўта яхши билгувчидирсан”, - деганлар.
Мазкур  машҳур дуони мавзумизга тегишли бўлган қисмига эътибор берадиган бўлсак, “Аллоҳим мен Сендан, содиқ тил ва солим қалб сўрайман”, деган қисмидир.
Содиқ тил дегани ишончли, яхши сўзларни сўзлагувчи деганидир. Қачон тил содиқ бўлдаи агар қалб солим (соғлом) бўлса, тил содиқ бўлади. Халқимизда “Қозонда бори чўмичга чиқади” деган мақол бежизга айтилмаган.
Агар инсоннинг оёғи хасталанса, юриш вазифасини бажараолмай қийинлашади. Қолган аъзолар ҳам, шундай. Лекин инсондаги (ботиний) қалб хасталанса, албатта жасаднинг барча аъзолари мънавий жиҳатдан хаста ҳисобланади. Аллоҳ таъоло бу маънавий хасталикдан тузалиш йўлини бандаларига бундан қарийб ўн тўрт аср илгари таълим бергандир.
Узот ўз каломида “Юнус” сураси 57-оятида шундай марҳамат қилган:
“Эй одамлар! Сизга ўз Роббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо мўминларга ҳидоят ва раҳмати келди”, - деган.
Араб тилида “Содрун” деб инсоннинг кўкрак қисмига айтилади. Қалб (юрак) кўкрак қисмида жойлашган аъзолардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, оятда “кўксингиздаги нарсага шифо”, яъни кўксингизда жойлашган қалбингизга бу Қуръон руҳий ва маънавий жиҳатдан шифодир дейилмоқда.
Аллоҳ таъола ўзининг каломида “Ҳаж” сураси 46-оятида шундай марҳамат қилган:
“Ахир ер юзида айланиб юрмайдиларми, токи қалблар ила ақл юритсалар, қулоқлари ила эшитмайдилар. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, сийналаридаги қалблар кўр бўлур”, - деган.
Инсонларнинг қалби “Ғофил қалб” ва “Кўр қалб” бўлади. Ҳар иккиси ҳам инсонларнинг дунё ва охиратдаги бахт саъодатига зид бўлган ҳислатлардан ҳисобланади. Ғофил қалб, бу инсонларнинг ўзларига ҳайирлик бўлган нарсалардан ғафлатда қолишдир. Мисол учун: бандаларнинг Бомдод номозига уҳлаб қолишларидир. Кўр қалб эса, бандаларнинг дунё ва охиратдаги Аллоҳ таъоланинг розичилиги ва бахт саъодатларига бўлган эътиборсизликларидан бўлади. Аллоҳ таъола бундай қалблардан барчамизни сақласин.
Ислом тарихида маълум ва машҳур саҳобалардан бўлган Абдуллоҳ ибн Умми Мактум розияллоҳу анҳу ва Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам билан ўрталарида содир бўлган воқеа, то қиёматгача келадиган умматларнинг қалбларини ҳар томонлама маънавий жиҳатдан соғлом бўлишига, қалб кўзини очишга талпинтиришга ундагувчи намуна бўлганликлари машҳурдир.
Барчамизни яратгандан қалбларимизни саломат (соғлом) бўлишини, унга зид бўлган хасталиклардан халос этишини сўраб, дуо қилиб қоламиз. Охирги дуомиз Оламларнинг роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.         

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri