Таҳорат турлари Принтер учун
19.06.2012 й.
Ҳанафий уламоларга кўра, таҳорат беш хил бўлади: фарз, вожиб, мустаҳаб, макруҳ (бидъат) ва ҳаром.

1.    Фарз таҳорат.
Хоҳ фарз, хоҳ нафл бўлсин, намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш, Қуръони каримни қўлга олиш учун таҳорат қилиши лозим. Агар бу амаллар таҳоратсиз амалга оширилса, банда гунокор бўлади, таҳоратсиз ўқиган намози қабул қилинмайди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Таҳорати йўқ киши учун намоз йўқ. Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилмаган киши учун таҳорат йўқ” (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Ҳоким, Дароқутний, Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Бу ривоятдан таҳоратсиз ўқилган намоз қабул бўлмаслигини билиб оламиз. Шунингдек, жаноза намозини ўқиш учун ҳам таҳорат қилиш шарт. Жаноза намози тўлиқ намоз бўлмаса-да, унда қиём ва салом бор.
Тафсир китобини ушлаш учун таҳорат қилиш мустаҳаб. Агар тафсир қисқа бўлиб, Қуръон оятлари ундан кўпроқ бўлса, уни таҳоратсиз ушлаш мумкин эмас.
2. Вожиб таҳорат.
Каъбани тавоф қилиш учун таҳорат олиш вожибдир.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Байт(уллоҳ) атрофини тавоф қилиш худди намоз кабидир. Фақат сизлар унда гаплашасизлар. Бас, ким у ерда гапирса, фақат яхши сўзларнигина гапирсин!” деганлар (Термизий, Ибн Хузайма, Ҳоким ва Абу Яъло ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Каъбани тавоф қилиш худди намоз каби бўлиб, фарқи тавофда гапириш мумкин. Лекин тавоф пайтида фақат яхши гапларни гапириш лозим. Бу ҳолатда зикр ва дуолар билан машғул бўлиш мақсадга мувофиқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда тавофни намозга қиёслаб, унга намоздаги каби эътиборли бўлишни тайинламоқдалар.
Ҳанафийлардан бошқалар тавоф учун таҳорат қилишни фарз дейишган. Ҳанафийлар тавоф ҳақиқий маънодаги намоз эмаслиги, унинг тўғри бажарилиши таҳоратга боғлиқ бўлмалигини айтишган.
Каъбани тавоф қилиш учун таҳоратли бўлиш вожиб. Агар Каъба таҳоратсиз тавоф қилинадиган бўлса, тавофи жоиз бўлгани билан банданинг ўзи гуноҳкор бўлади.
3. Мустаҳаб таҳорат.
Мустаҳаб таҳоратнинг турлари кўп. Жумладан:
Уйқудан олдин таҳорат қилиш.
Бароъ ибн Озиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар тўшагингга ётсанг, намозга қиладиган таҳоратингни қил ва ўнг томонинг билан ёт. Кейин: “Эй Аллоҳим, мен Сенинг ҳукмингга бўйсундим, ишимни Сенга ҳавола қилдим, (раҳматингдан) умид қилиб ва (ғазабингдан) қўрқиб Сенга суяндим. Сенинг (азобингдан) қутулиш ва қочиб мумкин эмас, фақат ҳузурингга қайтиш бор. Эй Аллоҳим, Сен нозил қилган Китобга ва юборган Пайғамбарингга имон келтирдим”, деб айт. Агар ўша тунда вафот этсанг, фитратда  ўласан. (Кечаси) охири айтадиган сўзларинг мана шу калималар бўлсин!” дедилар”. Шунда мен бу дуони Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қайтариб ўқиб бердим. “Эй Аллоҳим, Сен нозил қилган Китобга имон келтирдим” деган жумлага келганимда, “Ва (Сен юборган) Расулингга...”, деган эдим, у зот: “Йўқ, “Сен юборган Пайғамбарингга... (деб айт)”, дедилар” (Бухорий, Абу Довуд, Ибн Хузайма, Байҳақий “Шуаъбул ийман”да ривоят қилган).
 Ушбу ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бароъ ибн Озиб розийаллоҳу анҳуга ётиш чоғида таҳорат қилишни айтиб, кейин уйқудан олдин ўқиладиган дуони ўргатганлари келтирилган.
Банда уйқудалик чоғида унинг руҳи танасини тарк этади. Агар у таҳорат ва дуо билан уйқуга кетса, тундаги амаллари шу билан тугаган бўлади. Бу иккиси энг яхши амаллардан экани маълум.
Банда ухлаганда жони узилиши ёки шайтон васваса қилиш мумкин. Бундан сақланиш учун ҳам таҳорат билан уйқуга ётиш афзал. Қолаверса, банда таҳорат билан ётса, ёмон, шайтоний тушлардан йироқ бўлади.
Банда хуфтонни ўқиши билан уйқуга ётса, намоз учун қилган таҳорати кифоя қилади. Агар ётишдан олдин таҳорати бўлмаса, алоҳида таҳорат қилади.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким пок ҳолида ухласа, унинг тўшагида бир фаришта ҳам ётиб, (тонгда) уйқудан уйғонгач, ўша фаришта: “Эй Аллоҳим, фалончи бандангни мағфират қил. Чунки у пок ҳолида ухлади”, дейди” (Ибн Ҳиббон ва Ибн Муборак ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятда қайси банда танаси, либоси пок ҳолда, таҳорат билан уйқуга ётса, унга бир фаришта бириктирилиб, уйқудан турганда ўша фаришта банда ҳаққига истиғфор сўраши айтилмоқда.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бу таналарни покланглар. Шунда Аллоҳ сизларни поклайди. Қайси бир банда пок ҳолида ухласа, унинг ёнида бир фаришта бўлиб, туннинг бир соатида ўрнидан турса, (фаришта): “Аллоҳим, бу бандангни мағфират қилгин. Чунки у пок ҳолида тунади”, дейди” (Табароний “Авсат”да жаййид санади билан ривоят қилган).
Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қайси бир мусулмон банда (Аллоҳни) зикр қилиб пок ҳолида ухласа ва кечаси туриб, Аллоҳдан дунё ва охират яхшилигини сўраса, (Аллоҳ) унга (сўраган нарсасини), албатта беради” (Абу Довуд, Аҳмад, Баззор, Абд ибн Ҳумайд, Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Қайси мусулмон банда Аллоҳни зикр қилиб, таҳоратли ҳолида уйқуга кетса, туннинг маълум қисмида туриб, Аллоҳдан дунё ва охират яхшилигини сўраса, дуоси қабул бўлади. Бу эса таҳорат ва зикр-дуо билан уйқуга кетишнинг қанчалик фазилатли эканидан дарак беради. Бунга айниқса, таҳажжуд намозига турганда алоҳида эътибор бериш лозим.

Уйқудан уйғонганда таҳорат қилиш.
Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тундами ёки кундузими, агар уйқудан уйғонсалар, таҳорат қилишдан олдин, албатта мисвок ишлатар эдилар (Абу Довуд ривояти. Ривоят санади ҳасан).
Ушбу ривоятдан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги уйқу ёки кундузги қайлуладан уйғонганларидан сўнг таҳорат қилиш одатлари борлигини билиб оламиз. Шунингдек, уйқудан уйғонгач мисвок ишлатиш яхши экани ушбу ривоятда айтилмоқда.
Доим таҳорат билан юриш учун қилинадиган таҳорат.
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолни чақириб, “Эй Билол, жаннатга мендан нима (амалинг) сабаб ўзиб кетдинг. Мен бугун кечаси жаннатга кириб, олдимда пойафзалинг овозини эшитдим”, деган эдилар, Билол: “Эй Расулуллоҳ, агар азон айтсам кетидан икки ракъат намоз ўқийман ва агар таҳоратим бузилса, янги таҳорат оламан”, деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шу сабабдан экан-да”, дедилар” (Термизий, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ҳоким, Байҳақий “Шуаъбул ийман”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Ушбу ривоятда Билол розийаллоҳу анҳу доим таҳорат билан юриш ва қачон таҳорат қилса, кетидан икки ракъат намоз ўқиш билан жаннатга эришгани айтилмоқда.
Таҳорат устига таҳорат қилиш.
Таҳорати йўқ киши намоз ўқишдан олдин таҳорат олиши фарз. Агар таҳорати бўлса, таҳоратини янгилаши мустаҳабдир.
Абу Ғутайф ал-Ҳузалий ривоят қилади: “Мен Абдуллоҳ ибн Умарнинг олдида эдим. Пешинга азон айтилганда, таҳорат қилиб намоз ўқиди. Асрга азон айтилганда ҳам таҳорат қилди. Мен ундан бунинг сабабини сўраганимда, у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким таҳорат устига таҳорат қилса, Аллоҳ унга ўнта ҳасана (савоб, яхшилик) ёзади”, деганлар”, деб жавоб берди” (Абу Довуд ва Байҳақий ривояти. Ривоят санади заиф).
Кимнинг таҳорати бўла туриб, яна таҳорат қилса, Аллоҳ таоло унга ўнта яхшилик ёзади. Буни уламолар турлича талқин қилишган. Баъзилар: “Унга ўн марта таҳорат қилганлик савоби ёзилади”, деса, бошқалар бу ишни қилганларга ўнта савоб ёзилишини айтишган. Нима бўлганда ҳам, таҳорат устига таҳорат қилиш билан банда мақоми кўтарилиши ва ажр-савоби кўпайиши шубҳасиз.
Ҳадисларнинг бирида: “Таҳорат устига таҳорат қилиш нур устига нурдир”, дейилган. (Ушбу ривоятни Розийн “Муснад”да келтирган. Ривоят санади заиф. Баъзилар буни салафлардан бирининг қавли бўлиши ҳам мумкин, деган).
Ёлғон сўз ёки ғийбатдан сўнг таҳорат қилиш.
Жобир розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сўзлашиш намозни бузади, аммо таҳоратни синдирмайди” (Дорақутний ривояти. Ҳадис санади заиф).
Банда намоздалик чоғида зикр ва дуога алоқаси бўлмаган сўзларни ишлатса, унинг намози бузилади, аммо таҳорати синмайди. У намозни қайтадан ўқиши лозим. Бундан ташқари фаҳш сўзларни сўзлаш, бировни ғийбат қилиш, туҳмат, бўҳтон, ёлғон кабилар ҳам таҳоратни синдирмайди. Аммо бу ишлар содир бўлганда ғазабдан тушиш ва гуноҳга каффорат бўлиши учун таҳорат қилиш мустаҳаб.
Гуноҳ содир этгач ёки ёмон маънодаги шеър ёзгандан кейин таҳорат қилиш.
Гуноҳ иш қилганда қалб қораяди, уни жиловлаш ва гуноҳга каффорат бўлиши учун таҳорат қилиш яхши. Шунингдек, ёвузлик, фаҳш ва гуноҳга ундовчи, ёмон маънодаги шеър ёзгандан кейин ҳам таҳорат қилиш мустаҳаб.
Намоздан ташқарида қаҳқаҳа отиб кулгандан сўнг таҳорат қилиш.
Қаҳқаҳа отиб кулиш мўмин кишига хос эмас. У қалбни қотиради. Намоз ичида қаҳқаҳа билан кулган кимсанинг намози ҳам, таҳорати ҳам синади. Аммо намоздан ташқарида қаҳқаҳи отган кишининг таҳорати синмаса-да, таҳорат қилгани маъқул. Шунда у ўзини ислоҳ қилиб олади.
Маййитни ювгач ёки жанозани (яъни, тобутни) кўтаргандан сўнг таҳорат қилиш.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким маййитни ювса, бас, ғусл қилсин! Ким уни кўтарса, бас, таҳорат қилсин!” (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний, Байҳақий, Баззор ва Ибн Абу Шайба ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Маййитни ювган одам ғусл қилиши шарт эмас, аммо мустаҳаб. Шунингдек, жанозани кўтармасдан олдин таҳорат қилиш афзал. Шунда жаноза намозига тайёр турилади. Жанозани кўтаргандан кейин таҳоратни янгилаш шарт эмас. Хоҳлаганлар таҳорат қилиб олсалар ҳам бўлади.
Ҳар бир намоздан олдин таҳорат қилиш.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар умматимга қийин қил(иб қўйишни ўйла)маганимда, уларни ҳар бир намоз (вақти)да таҳорат (олиш) ва ҳар бир таҳоратда мисвок (ишлатиш)га, албатта буюрган бўлардим”, деганлар (Насоий “Алайҳис салом-сунанул кубро”да ривоят қилган).
Бир таҳорат билан бир неча вақт намозларни ўқиш жоиз. Аммо имкони бўлса, ҳар бир намоз учун таҳорат қилиш яхши. Шунда кўпроқ ажр олинади, гуноҳлар тўкилади, банданинг қиёматдаги нури кўпаяди, қалби жилоланади.
Аллоҳни зикр қилишдан олдин таҳорат қилиш.
Абу Жуҳайм ал-Ансорий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жамал қудуғи тарафдан келдилар. Бир киши у зотни учратиб қолиб, салом берган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам алик қайтармадилар ва девор олдига бориб, юз-қўлларига масҳ тортдилар, кейин унинг саломига алик қайтардилар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ва Дорақутний ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолатда нима сабабдан салом берган кишига дарров жавоб қайтармаганларини қуйидаги ривоятдан билиб оламиз.
Муҳожир ибн Қунфуз ибн Амр ибн Жудъондан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борсам, у зот таҳорат қилаётган эканлар. Мен у зотга салом бергандим, саломимга алик олмадилар. Таҳорат қилиб бўлгач, “Менинг таҳорат йўқ эди. Шу сабаб саломингга жавоб қайтармадим”, дедилар” (Ибн Можа ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бетаҳорат бўлганларида саломга жавоб қайтармаганлар. Сабаби салом жумласида Аллоҳнинг исми ва сифати бор. У зот таҳоратсиз ҳолда Аллоҳни зикр қилишни хоҳламаганлар. Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон саҳиҳ санад билан келтирган ривоятда айтилишича, Муҳожир ибн Қунфуз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилаётганларида у зотга салом берганида, саломига алик олмаганлар ва таҳорат қилиб бўлгач, келиб узр сўраганлар ва: “Мен таҳоратсиз ҳолда Аллоҳни зикр қилишни хоҳламадим”, деганлар.
Бу ривоятдан таҳоратсиз ҳолда саломга алик олиш мумкин эмас экан, деган маъно келиб чиқмайди. Бу иш фақат Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос. Аслида салом бериш суннат, унга жавоб қайтариш вожиб. Пайғамбаримиз таҳоратсиз бўлганлари боис одоб юзасидан бу ҳолда Аллоҳ зикрини тилга олишга жазм қилмаганлар ва кейин таҳорат қилиб бўлгач, дарров жавоб қайтарганлар. Бошқа ривоятларда айтилишча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турли ҳолатларда Аллоҳни зикр қилардилар, ҳатто таҳоратсиз ҳолатда Қуръонни оғзаки ўқиганлари ҳақида ривоятлар бор. Бундан келиб чиқадики, Аллоҳни таҳоратсиз зик қилиш жоиз. Бироқ таҳорат билан зикр қилиш афзал.
Зикр қилиш учун таҳоратнинг шарт эмаслигига қуйидаги ривоят далил бўлади.
Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай ҳолатларида Аллоҳни зикр қилардилар” (Бухорий, Муслим, Термизий, Аҳмад, Ибн Хузайма ва Абу Яъло ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жунуб бўлмасалар, таҳоратлари бўлса-бўлмаса, доимо – туну кун, юрганда ҳам, турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам, уйғонганда ҳам Аллоҳ таолони зикр қилар эдилар.

Одилхон Исмоилов
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri