Барчамизга маълумки, намоз улуғ ибодатлардан бўлиб, бу ибодатни бажариш орқали банда кўп ажр-мукофотларга эришади. Бундан ташқари, ҳадисларда баъзи нарсалар ҳақида хабар берилган бўлиб, улар намознинг савоби янада кўпайишига сабаб бўлади. Қуйида шу ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Намоз учун олинадиган савобнинг зиёда бўлишига сабаб бўладиган омилларнинг биринчиси, бу – жамоат намози.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Жамоат намози ёлғиз ҳолда ўқилган намоздан йигирма етти баробар афзал” (Муттафақун алайҳ).
Бошқа ривоятда банда таҳоратни мукаммал тарзда бажариб, намозни хушуъ билан адо этсагина бу фазилатга эришиши айтилган.
Демак, намозни жамоат билан ўқиш уйда ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража устун экан. Қайси банда кўпроқ савобга эришишни хоҳласа, масжидларга қатнаб, жамоат билан намоз ўқиши керак.
2. Намоздан аввал мисвок ишлатиш.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Оиша розийаллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мисвок билан (ўқилган) намоз мисвоксиз (ўқилган) намоздан етмиш даража афзал” (Аҳмад, Дорақутний, Баззор, Абу Яъло, Ибн Хузайма “Саҳиҳ”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган ва: “Бу ҳадис Муслим шартига кўра саҳиҳ”, деган).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мисвок билан икки ракъат намоз ўқишим мен учун мисвоксиз етмиш ракъат намоз ўқишимдан севимлироқдир” (Абу Нуайм “Китабу сивак”да жаййид санад билан ривоят қилган).
Шу маънода Жобир розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мисвок билан (ўқилган) икки ракъат (намоз) мисвоксиз (ўқилган) етмиш ракъат (намоз)дан афзалдир”, деганлар” (Баззор ва Абу Нуайм ҳасан санад билан ривоят қилган).
3. Салла ўраб намоз ўқиш.
Жобир розийаллоҳу анҳу Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Салла билан ўқилган икки ракъат намоз салласиз ўқилган етмиш ракъат намоздан яхшироқдир” (Дайламий ривояти).
Бошқа ривоятда “салла билан ўқилган намоз йигирма беш (маҳал ёки ракъат) намозга тенг, салла билан ўқилган жума эса етмиш жумага тенг” дейилган. Муҳаддис уламолар шу маънода айтилган ҳадисларнинг, хусусан юқоридаги икки ҳадиснинг санади мавзуълигини айтиб ўтишган. Аммо намозда салла ўраш ҳақида бошқа саҳиҳ ҳадислар бор. Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, бошяланг ўқилган намоздан кўра бошкийим билан ўқилгани, шубҳасиз, афзал. Салла эса намозда кийиладиган бошкийимларнинг энг афзалидир. Хуллас, намозни бошкийим билан ўқиш банда оладиган савобнинг кўпайишига сабаб бўлади.
4. Намозни хушуъ ва хузуъ билан ўқиш.
Аммор ибн Ёсир розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Албатта киши (намоздан) турганида, унга намозининг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири, ярми ёзилади” (Абу Довуд, Аҳмад, Насоий “ас-Сунанул кубро”да, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да, Байҳақий “ас-Сунанул кубро”да ва Абу Яъло “Муснад”да ривоят қилган. Мунзирий: “Ҳадис ровийлари силсиласида Умар ибн Савбон бор. Унинг ривоятидан ҳужжат олинмайди”, деган. Бироқ Албоний ҳадис санади ҳасан, деган).
Амалларда сон эмас, сифат муҳим. Сонга эътибор бериб, сифатни ёддан чиқариш билан банда қилган амаллари учун оладиган ажр-савобдан маҳрум бўлиб қолиши мумкин. Жумладан, намозда ракъатлар сонини кўпайтириш ёки намозни тезроқ ўқиб олишни ўйламаслик лозим, балки уни рисоладагидек, хушуъ ва хузуъ билан амалга оширишга ҳаракат қилиш талаб этилади. Шунда намоз учун оладиган савобларимиз кўпаяди ва ўқиган намозимиз, қиладиган бошқа ибодатларимиз Аллоҳ даргоҳида қабул бўлади.
Одилхон Исмоилов
|