Қуръон ўқиш фазилати Принтер учун
19.06.2012 й.
Абу Зарр Ғифорий розийаллоҳу анҳу айтади: “Бир куни мен: “Эй Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?” дедим. У зот: “Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларнинг бошидир”, дедилар. “Эй Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг”, дедим. Шунда у зот: “Сен Қуръон тиловатини ўзингга лозим тут. Зеро у сен учун ерда нур ва осмонда заҳирадир”, дедилар” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да узун ҳадисда ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
Абу Зарр розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан насиҳат сўраганида, у зот энг биринчи навбатда Абу Заррга тақвони маҳкам ушлашни тайинладилар. Ҳақиқатан, тақво барча ишларнинг бошидир. Агар иш тақво асосида амалга оширилса, у Аллоҳ даргоҳида мақбулдир. Тақвосиз қилинган амал ҳар қанча чиройли кўринмасин, миқдори кўп бўлмасин, натижа бериши қийин.

Абу Зарр розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яна насиҳат қилишларини сўраганида, у зот унга Қуръон ўқишни буюрдилар. Сабаби Қуръон нурдир. У банда йўлини ёритади. Банда Қуръон билан залолат зулматидан чиқиб, ҳидоят сари юради. Қуръон банда қалбига нур бағишлайди. Қуръон қабрда бандаги нур бўлади. Қолаверса, қиёмат куни атроф қоронғи бўлганида, Қуръон унинг йўлини ёритувчи нур бўлади. Демак, Қуръон ўқиш билан банда илоҳий нурга эришар ва тиловатдан ҳосил бўлган савоблар унинг фойдасига заҳира бўлиб борар экан. “Заҳира” деганда ҳожат тушганда фойдаланиш мақсадида бирон нарсани йиғиш, тўплаб қўйиш назарда тутилади. Умид қиламизки, Қуръон ўқиганимиз учун олган ажр-савобларимиз қиёмат куни бизга асқотади!

Абу Масъуд Ансорий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таолонинг Китоби (Қуръон)ни яхшироқ ўқувчи қори қавмга имомлик қилади. Агар улар қироатда тенг бўлсалар, у ҳолда суннатни яхшироқ билувчи (имомликка ўтади)...” (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти).

Ушбу ривоятда Қуръонни яхшироқ ўқувчи, қироати мукаммалроқ қори намозхонларга имомлик қилиш лозимлиги айтилмоқда. Бу ҳам Қуръон ўқувчининг мавқеъи қанчалик юқори эканини кўрсатади. Банда Қуръонни чиройли ва бехато ўқигани учун дунёда қавм олдида имом сифатида туради. Охиратда ҳам у баланд даражаларга эришади.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сафар қилсангиз, гарчи ёши энг кичигингиз бўлса ҳам, ичингиздаги қорироғингиз имомликка ўтсин! Агар у сизларга имом бўлса, бас, у сизларнинг бошлиқларингиздир”, деганлар” (Баззор ривояти. Ривоят санади ҳасан).

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Уч (тоифа кишилар)ни катта қўрқинч қўрқита олмайди ва уларга ҳисоб етмайди. Халойиқ ҳисоб қилингунича улар мушк ичра бўладилар. (Улар) Аллоҳ розилиги учун Қуръон ўқиган ва у билан қавмга имомлик қилган, (жамоат) ҳам ундан рози бўлган киши, Аллоҳ розилиги учун беш вақт намоз ўқишга чақирган даъватчи ва ўзи билан Парвардигори ҳамда ўзи билан хўжайинлари орасини ислоҳ қилган қуллардир” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да, Табароний “Авсат” ва “Соғийр”да лаа баъса биҳ (ҳечқиси йўқ) санади билан ривоят қилган).

Қиёмат куни коинот низоми бузилиб, кишини ҳайратга соладиган воқеалар содир бўлганида, ҳар бир қалб қўрқувга тушади. Ушбу ривоятда айтилишича, Аллоҳ розилиги учун Қуръон ўқиб, шу билан бирга жамоатга имомлик қилган, Қуръон ўқиш билан бирон нарсага эришишни ният қилмаган, холис ният билан одамларни намоз ўқишга ундаган ва ўзи билан Аллоҳ ҳамда ўзи билан хўжайинлари орасида яхши муносабат муҳитини яратган қулларгина бундай қўрқувдан омонда бўладилар. Охиратда бошқалар оғир ҳисоб қилинаётганларида улар мушку-анбарлар ичида роҳатланиб ўтирадилар.

Абу Зарр Ғифорий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сизлар Аллоҳга ундан (яъни, Қуръондан) чиқадигандан кўра афзалроқ нарса билан қайта олмайсизлар” (Ҳоким “Мустадрак”да, Абу Довуд “Маросийл”да ва Аҳмад “Зуҳд”да ривоят қилган. Ҳоким ҳадис санади саҳиҳ, деган).

Қуръондан чиқадиган нарса тиловатдир. Тиловат учун банда савоб олади. Демак, банда Аллоҳ даргоҳига олиб борадиган нарсаларнинг энг афзали Қуръон ўқигани учун оладиган ажр-мукофотлари экан. Ким қанча савоб билан борса, шунга қараб унга мартаба берилади. Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ ҳузурига олиб борадиган нарсаларнинг энг яхшиси Қуръон тиловатини кўпроқ қилишмиз, бу ишда бардавом бўлишимиз лозим.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувват (даражаси)га поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди, холос. Қуръон соҳиби қалбида Аллоҳнинг Каломи бўла туриб ғазаб қилган киши билан тортишиши ва жоҳил кишига қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ва Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган ва: “Бу саҳиҳ санадли ҳадис, аммо иккиси ривоят қилишмаган”, деб айтган).

Қуръон ўқиш, уни тадаббур қилиш орқали банда юксак руҳий мақомга, улуғ мартабага чиқиб боради. Банда дунёдаги энг гўзал хулқларни айнан Қуръон ўқиш орқали билади ва уларни ўзига сингдиради. Шу сабаб Қуръон ўқувчи қори вазмин, босиқ бўлиши, агар бирон киши у билан жанжаллашса, у билан тенгма-тенг курашга киришиши ёки илмсизлиги сабаб ҳар хил гап-сўзлар билан жоҳиллик қиладиган кимсаларга қўшилиб урушиши маъқул эмас. Зеро, қори қалбида Қуръон карим жо бўла туриб бундай ишларни қилиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Темирга сув тегса занглаганидек бу қалблар ҳам занглайди”, дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” дейилди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш ва Қуръон тиловат қилиш”, дедилар” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да, Абу Нуайм “Ҳилйатул-авлийа”да ва Қузоъий “Муснадуш-шиҳаб”да ривоят қилган).

Темир занглагани каби қалб ҳам занглайди. Темир занглашига унга сув тегиши сабаб бўлса, банда қилган гуноҳлари асорати йиғилиб-йиғилиб қалбни занглатади, уни қорайтиради. Мазкур ривоятда айтилишича, ўлимни эслаш ва Қуръон тиловати қалбдаги зангни кетказади. Ўлимни эслаш билан банданинг шаҳватлари кесилади, кўзига тор кўринаётган дунё кенг, кенг кўринаётган фоний бу ҳаёт эса тор кўринади (туғёнга тушиш хавфи бўлганда ўлимни эслашнинг фойдаси катта). Ўлимни эслаган банда гуноҳлардан тўсилади, ўзини ислоҳ қилишга ўтади. Қуръон тиловати билан қалб яйрайди, банда қироатдан руҳий озуқа олади. Шу йўсин қалбга ёпишган занглар секин-аста тозаланиб боради.

Ҳозирда кўпчилик қалб қаттиқлиги, бераҳмлик, намозда хушуъсизлик, дунёга ружуъ қўйиш каби иллатлар билан оғриган. Бунинг сабаби битта. У ҳам бўлса ўлимни эсламаслик ва Қуръон ўқимасликдир. Баъзиларга ўлимни эслатсангиз, “қўй, яхши нарсалардан гаплашайлик!” дея сизга қаршилик қилгандек бўлади. Аслида ўлимни эслаш билан инсон ҳаётга нима мақсадда келганини ёдга олади, хато-камчиликларини тузатиб, ўзини ислоҳ қилишга ҳаракат қилади.

Инсоният Қуръон ва ўлимни эслашдан узоқлиги боис моддий тарафдан бой бўлса-да, ўзини буткул бахтли ҳис қилолмаяпти. Одамлар Қуръон ўқиш ва ўлимни эслашдан узоқлиги боис руҳий тушкунликка, асабий ҳолатларга, ғарб тили билан айтганда депрессияга тушиб қолмоқда. Ҳар қадамда стресс ҳолатлар кузатилади. Демак, ҳозирги кунда ечими қийин бўлиб турган глобал руҳий муаммонинг оддий ва самарали давоси бу Қуръон ўқиш ва ўлимни эслашдир.

Тошкент шаҳар Шайхонтохур бош имом-хатиби
Одилхон қори Юнусхон ўғли тайёрлади
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz