Тарбия ва шариъат одоблари Принтер учун
04.07.2012 й.

Луқмоннинг ўғлига қилган панд насиҳати

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деди:
«Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир», – деганини эсла. Инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йилдадир. Менга ва ота-онангга шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир. Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва бу дунёда икковлари суҳбатини яхши қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, сизга нима амал қилганингизнинг хабарини берурман. «Эй ўғилчам, албатта, у (амал) агар ачитқи уруғи вазнича бўлса-ю, у бир қоя тош ичида, ёки осмонларда, ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур. Албатта, Аллоҳ ўта латофатлидир, ўта хабардордир». Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, маъруфга буюр, мункардан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азиматли ишлардандир. Одамлардан такаббур-ла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас. Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир…» (Луқмон сураси, 13-19-оятлар).

Биринчи боб
Аллоҳ таоло муҳаббати ва Аллоҳни улуғлаш

Аллоҳ таоло деди:
«Аллоҳ билан бирга ўзга илоҳни (шерик) қилма! Яна мазамматга учраб, чорасиз ўтириб қолмагин. Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни… амр этди» (Нисо сураси, 22-23-оятлар).
Ва яна бир оятда У зот деди: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар» (Нисо сураси, 36-оят).
Эй фарзандим! Аллоҳ таоло мавжуддир. У (Аллоҳ) сизни онангизнинг қорнида яратди ва туғилгунингизча у ерда ҳимоя қилди. Онангизни сизга меҳрибон, эмизувчи, тарбиячи ва сизга зиён бўладиган ҳар бир нарсадан қўриқчи қилди. Отангизни сизни яхши кўрувчи, тер тўкувчи ва катта бўлганингизда ҳеч қандай қийинчиликсиз қўлга киритишингиз учун мол тўпловчи қилди.

Эй қобил фарзандим! Билингки, албатта Аллоҳ сизни яратди ва У сизга айтиб ўтилган неъматларнинг барчасини ва ундан бошқа неъматларни берди. Демак, сиз Аллоҳни улуғлашингиз, эҳтиром қилишингиз ва Уни яхши кўришингиз лозим бўлади. Аллоҳга бўлган бу улуғлашингиз, эҳтиромингиз ва муҳаббатингиз ота-онангиз ва устозингизга бўлган улуғлаш, эҳтиром ва муҳаббатдан кўпроқ бўлиши керак. Чунки Аллоҳ сизни яратгани каби уларни ҳам яратди ва уларни сизга муҳаббатли қилди ва тарбияловчи қилди. Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони улуғлаш биринчи ўринда туради. Аллоҳни улуғлаш эса бу Унинг амрига бўйсуниб, буюрган ишларини бажариш ва қайтарган ишларини қилмасликдир.
Агар сиз Яратувчингизни улуғласангиз ва Унинг амрларига бўйсунсангиз, берганидан кўпроқ неъматлар беради, сизни яхши кўради ва барчани сизни яхши кўрувчи қилади, ризқингизни кенг қилади ва сизга азият етказувчи ҳар бир нарсадан кечаю-кундуз ҳимоянгизда бўлади.
Эй фарзандим! Қудрати улуғ бўлган Аллоҳ шамолларни, қуёшни, юлдузларни натижаси бизни ҳимоямиз бўлган ишга бўйсундирди ва бу иш буюрилгани каби давом этаётганини кўриб турибмиз. Демак, буюрилган ишларни бажаришимиз ва қайтарилган ишлардан узоқлашишимиз вожиб бўлади.

Иккинчи боб
Пайғамбарлар муҳаббати

Аллоҳ таоло шундай деди:
«Хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи расулларни Аллоҳ ҳузурида одамларга расуллардан сўнг ҳужжат бўлмаслиги учун (юбордик). Ва Аллоҳ Ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир».
Ва яна бир оятда:
«Ким Расулга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибди».
Эй фарзандим! Аллоҳ таоло инсон боласини яратганда ўзларини очлик, чанқоқлик, иссиқ ва совуқдан ҳимоя қилишлари учун еб ичадиган, киядиган ва истиқомат қиладиган нарсаларга муҳтож қилиб яратди. Сўнгра ерда ҳаракат қилишлари, еб ичишлари ва кийишлари ва ҳаётларини ҳимоя қилиш учун керак бўлган ҳар бир нарсани ўз қўллари билан ишлаб топишларига буюрди. Лекин Аллоҳ таоло инсонларни яратганда уларни ёмон ва яхши, кучли ва кучсиз қилиб яратди. Натижада ёмон яхшига азият етказади, кучли эса кучсиздан устун келади ва унинг ҳаққини зулм ила тортиб олади. Шунинг учун Аллоҳ таоло динлар ва илоҳий шариатлар билан пайғамбарлар юборди. Бундан мақсад инсонларга ҳалол ва ҳаромни, фойда ва зарарни, яхши ва ёмонни, яхшилик ва ёмонликни баён қилиб бериш, уларни Роббилари дунё ва охиратда савобини бериши учун яхши ишларни қилишга буюриш, Аллоҳ таоло бу дунёда шармандалик ва қиёматда қаттиқ азоб берувчи ҳаром ишлардан қайтаришдир.
Эй фарзандим! Агар Аллоҳ таоло бу муҳтарам пайғамбарларни юбормаганида инсонлар ҳалол ҳаромни, яхшилик ва ёмонликни, фойда ва зарарни, яхши ва ёмонни билмай, Аллоҳдан ва Унинг азобидан қўрқмай, Унинг раҳмати ва савобидан умидвор бўлмай яшаган бўлур эди. Инсонлар бир-бирлари билан жанжаллашиб, хусуматлашиб, бир-бирларини ҳаёсиз, қўрқувсиз ва эътиборсизлик билан ўлдиришар эди. Бунинг оқибатида йўллар беркилади, манфаатлар поймол бўлади, ҳунарманд ва тижоратчиларнинг ишлари тўхтайди, инсонлар шариъат ва низомсиз ваҳший ҳайвон каби яшай бошлайди.
Эй фарзандим! Бу пайғамбарлар Аллоҳ таолодан бизни ҳидоятга ва тўғри йўлга бошлаш учун, ҳаётимиздаги ва барча ишларимиздаги ҳуқуқ ва вожиботларимизни билишимиз учун, дунё ва охиратимизда бахтиёр бўлишимиз учун  шариъатлар, илоҳий динлар олиб келишди. Аллоҳ таоло пайғамбарларни танлаб олди ва жамики мавжудотларидан афзал қилди. Инсонлар уларнинг Аллоҳ юборган расул эканлигига иймон келтиришлари учун, уларга итоат қилишлари учун, уларнинг сўзларини ва ишларини тасдиқлашлари учун уларга хос буюк мўъжизалар берди. Бу шундай мўъжизалар эдики, бунга улардан ўзга ҳеч ким қодир бўлмайди. Ийсо алайҳиссаломга ўликларни тирилтириш мўъжизаси, Мусо алайҳиссаломга денгизни иккига ажратиш, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса ойни тенг иккига бўлиш каби кўплаб мўъжизалар берилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай зотки, Аллоҳ таоло у зотда барча пайғамбарларга берилган мўъжизаларни жам қилди ва қўшимчаю зиёдаси билан берди.
Эй фарзандим! Билингки, бу пайғамбарлар бизнинг дунёю охиратдаги бахтимиз воситачиларидир. Шунинг учун биз Аллоҳни яхши кўриб, Уни улуғлаганимиздан кейин пайғамбарларни яхши кўришимиз ва улуғлашимиз, пайғамбарликларидан аввал ҳам, кейин ҳам ростгўй, барча гуноҳ ва разолатлардан ва жирканч касалликлардан пок деб эътиқод қилишимиз вожиб бўлади.

Учинчи боб
Инсоннинг ҳокимларга бўлган тоати ва эҳтироми


Аллоҳ таоло шундай деди:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг!».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар маъсиятга буюрилмаса, яхши кўрган ишида ҳам, ёмон кўрган ишида ҳам ҳокимларга қулоқ солиш ва итоат қилиш ҳар бир мусулмоннинг бўйнидаги вазифадир. Агар маъсиятга буюрилса, қулоқ солиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқдир».
Эй азиз фарзандим! Шуни билишимиз керакки, буюк қудрат ва муқаддас сифатлар соҳиби бўлган Аллоҳ таоло бизни яратганида эътиқод қилишимиз учун, дунёвий ва охират ишларимизни англашимиз, ҳалол ҳаромни, фойда зарарни, қилишимиз ёки тарк қилишимиз зарур бўлган ишларни билишимиз учун  бизга дин зарурлигини билди. Бу шариъатлар ва динларини бизга етказувчилар Ўзининг набийлари ва расуллари бўлишини ҳоҳлади (барчаларига салавот ва саломлар бўлсин). Биз маълум муддат ҳаёт кечириб, вафот этганимиз каби набийлар ва расулларга ҳам маълум муддат ҳаёт кечириб, вафот этишни белгилади. Бу дунёда ҳаёт низомининг қолиши, динларни ҳимоя қилиш ва пайғамбарлар олиб келган фойдали ишларнинг бажарилишини йўлга қўйиш ва зарарли ишлардан қайтаришнинг  орамиздаги баъзи инсонларга юкланишини тақдир қилди. Бу шундай инсонларки, улар ишларимизга қоим бўлишади, бир-биримизнинг ҳуқуқларимизни поймол қилишимиздан ҳимоя қилишади. Шунингдек, пайғамбарлар коинот низоми бузилмаслиги учун, шариатлар ва динлар эътиборсиз қолмаслиги, инсонлар бир-бирларни ўлдирмасликлари, мол-мулкини талон-тарож қилмасликлари ва бадном қилмасликлари учун, ҳайвон каби кучлилар ва ёмонлари заифлар ва солиҳлар устидан зўравонлик қилмасликлари учун Аллоҳ таолодан олиб келган вазифаларни йўлга қўйишади. Булар шундай инсонларки, Аллоҳ таоло уларни Қуръони каримда ҳокимлар деб атади ва уларга худди Аллоҳга ва Унинг расулига итоат қилганимиз каби итоат қилишимизни буюрди. Зеро Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг!».
Эй фарзандим! Шуни билишимиз зарурки, бизга ўз ҳокимларимизга итоат қилишимиз, Аллоҳ тарафидан буюрилгани каби уларни ҳурмат қилишимиз, улуғлашимиз ва амрларидан бош тортмаслигимиз вожиб бўлади. Бу вазифа бизга шариъатлар ва динлар каби одоб ва ҳаё юзасидан вожиб бўлади деб эътиқод қилишимиз шарт. Модомики улар ўз вазифаларини адо этишаётган экан, уларнинг сифатлари қандай бўлишидан қатъи назар, вазифаси катта ёки кичик бўлишидан қатъи назар, уларга нисбатан бой ёки шарафли бўлишимиздан қатъи назар, уларни ҳақорат қилмаслигимиз керак.
Эй зийрак фарзандларим! Ҳозир сизлар одоб ва маърифат нурлари билан нурланмоқдасиз. Баъзиларингиз келажакда юқори лавозимларда хизмат қилишингиз мумкин. Юқори лавозимдаги инсон доимо ҳурмат ва эътибор талаб қилади, буйруқларининг ўз вақтида бажарилишини истайди. Агар сизлар ёшлигингиздан Аллоҳ таоло буюргани каби ҳокимларга итоат қилиб, уларга ҳурмат ва эътиборли бўлсангиз, инсонлар бу гўзал ахлоқ ва фазилатли сифатларда сизларга эргашадилар. Бир кун келиб ўқишларни битириб, юқори лавозимлар эгаси бўлганингизда ҳамма инсонларнинг ҳурматига сазовор бўласиз ва уларнинг барчаси амрларингизга бўйсунишади ва талабларингиз бажарилади. Шундай вақтда сизнинг инсонларга бўлган фойдангиз кўпаяди, нафсингиз хурсанд бўлади ва бу гўзал ҳолатдан фикрингиз фароғат топади. Ақлли инсон инсонлардан мамнун бўлишни ва инсонлар ҳам ундан мамнун бўлишларини яхши кўради. Агарда сизлар ушбу фойдали нарсаларга қарши чиқсангиз, Аллоҳнинг амридан бош тортган бўласиз, одоб ва ҳаё тақозо қилган ишларга қарши бўласиз. Шунингдек, келажакда инсонлар амрингиздан бош тортишларини, вазифаларингизни бажармасликларини ва ҳурмат қилмасликларини кўрасиз. Шунда сизнинг фикрингиз саросимага тушади, нафсингиз ғамгин бўлади. Қайси бир инсон ўзига саросима ва қайғуни тилайди, ўзини Аллоҳнинг амридан бўйин товлашга ҳамда одоб ахлоқ чегарасидан чиқишга ундайди?

Тўртинчи боб
Ота онага яхшилик қилиш, уларга муҳаббатли бўлиш ва эҳтиром қилиш


Аллоҳ таоло шундай деди:
«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», – деб айт!» («Исро» сураси, 23-24 оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ота-онага яхшилик қилиш намоздан, садақадан, рўзадан, ҳаждан, умрадан ва Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан афзалдир» («Иҳяу ъулумид дийн», 2-жуз, 197 саҳифа).

Эй қобил фарзандим! Албатта отангиз ва онангиз итоат ва ҳурматга Аллоҳдан ва Унинг Расулидан кейингги лойиқ зотлардир.
Онангиз сизни тўққиз ой ўз қорнида кўтарди. Сизни кўтариш қанчалик оғриқ бермасин, у сизни яхши кўрди ва сизга ўзидан ҳам кўпроқ меҳрибон бўлди. Сизга бирор азият етмаслиги учун ўзини ҳар қандай зарарли нарсалардан эҳтиёт қилди.
Отангиз эса онангизнинг кундалик ҳаёти учун керак бўлган, яшаш жойида унинг ва сизнинг роҳатингиз учун зарур бўлган нарсаларни келтиришга ҳаракат қилди. Шунинг учун сиз уларга муҳаббатли бўлишингиз вожибдир.
Эй фарзандим! Албатта онангиз туғилишингиздаги кучли оғриқлар ва улкан чарчоқларни бошидан ўтказганингизга қарамай, сизни кўрганидан беҳад хурсанд бўлди, борлигингиздан қалби таскин топди ва соғлом бўлишингиз учун сизни ҳимоя қилди. Кўкрагидан сут бериб, қўлларида кўтариб юрди. Сизга жисмингизга муносиб юмшоқ кийимлар тайёрлади, баданингизни, кийимларингизни тозалади, осуда ухлаб, хурсандчилик билан уйғонишингиз учун ётоқ тайёрлади. Бу вақтда отангиз қаттиқ иссиққа, қаҳратон совуққа дош бериб, сиз иккингиз муҳтож бўлган нарсаларни олиб келиш учун уйдан чиқар эди. Иккингиз учун кийим, ўрин-кўрпа ва роҳатингиз учун нима зарур бўлса, барчасини муҳайё қилар эди. Шунинг учун сиз уларга итоат қилишингиз ва хушмуомала бўлишингиз вожибдир.
Эй фарзандим! Онангиз доимо сизнинг хизматингизда бўлади. Ахир ҳар куни эрталаб тановул қилишингиз учун сизга таом тайёрлайди, сизни уйқудан уйғотади, юз-кўзингизни, баданингизни ювади. Йўқлигида сизга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар бир нарсадан сизни эҳтиётлаб, огоҳлантириб чиқади. Пешин вақтида тушлик, шом вақтида кечлик овқатингизни ҳозирлайди. Сўнгра ўрнингизни тўшайди, уйғоқлигингизда ва уйқунгизда сизни хурсанд қилувчи ҳар бир ишни бажаради.
Эй фарзандим! Сизни мадрасага ўқишга бериб, нафақангизни кўтараётганлар ота-онангиздир, улар чин кўнглидан сизга яхшилик ва бахт тилайдилар. Ота-она сизни биродарларингиз ичида илм маърифатда пешқадам бўлиб, ватанини ҳимоя қилувчи буюк саркарда бўлишингизни, беморларнинг дардини енгиллаштирувчи ва фақирларга ёрдам бериб, уларни Аллоҳ розилиги учун даволовчи моҳир табиб, ерга экин экиб, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам манфаат келтирувчи деҳқон, ихтиролар ва тадқиқотлар билан ватанга фойда келтирувчи муҳандис, диёрингиз фарзандларига илм улашувчи буюк олим бўлишингизни орзу қилади. Ота-онангиз сизга юқорида саналган хизматларни қилганлиги учун сиз уларни ҳурмат қилишингиз билан мукофотлашингиз, уларга итоат қилишингиз ва амарларидан бўйин товламаслигингиз вожиб бўлади. Доимо уларнинг ҳаққига дуода бўлиб, хизматларида бўлмоғингиз лозим. Уларда етишмовчилик бўлса, қодир бўлсангиз уларга нафақа қиласиз. Соғлом бўлсангиз, бемор бўлиб қолишса уларга хизмат қиласиз. Сизга ёшлигингиздаги қилган хизматларини эслаб Яратувчингизнинг «Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди…» деган сўзларига риоя қилган ҳолда уларнинг хизматларини қайтарасиз.

Бешинчи боб
Устозларга муҳаббат ва эҳтиром

Аллоҳ таоло айтади:
«Бас, бандаларимиздан бирини топдилар. Унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ва Ўз тарафимиздан илм ўргатган эдик. Мусо унга: «Сенга ўргатилган илмдан менга ҳам ўргатмоғинг учун сенга эргашсам майлими?» – деди. У: «Албатта, сен мен билан бирга бўлишга сабр қила олмассан. Ўзинг хабарини иҳота қилмаган нарсага қандай сабр қиласан», – деди. У: «Иншааллоҳ, менинг сабрли эканимни кўрурсан ва сенга ҳеч бир ишда осий бўлмасман», – деди» (Каҳф сураси, 65-69-оятлар).

Эй зийрак фарзандим! Албатта сиз ота-онангизни севасиз ва улуғлайсиз, чунки улар сизнинг жисмингизни парвариш қиладилар, баданингизга хизмат қиладилар. Устоз ва муаллим эса ақлингизни чархлайди, сизни яхшилигингиз ва бахтингиз ифода этган нарсалар сари чорлайди. Шунинг учун одоб юзасидан сиз уларни севишингиз ва улуғлашингиз лозим бўлади. Устозингиз шундай инсонки, у сизга ўқиш ёзиш, ҳисоб-китоб, меъморчилик, жамики илму маърифатни ўргатади. Сизга гўзал одоб ахлоқни ўргатиб, етуклик ва фазилатларга етаклайди. Сизга фойдали ишларни баён қилиб, уларни бажариб фойда олишни ўргатадилар, сизга зарар етмаслиги учун зарарли ишлардан огоҳлантирадилар. Бу муҳтарам зотлар сизга одоб ахлоқ ўргатиб, олий мақомларга, юксак лавозимларга тайёрлайдилар, комил маърифатингиз ва тарбияланган ахлоқингиз билан одамлар орасида муносиб ўрин эгаллашингизга замин яратадилар.
Устоз сизга Илоҳингиз ва Яратувчингизга қандай ибодат қилишни, Уни қандай улуғлашни, Унинг ҳаққини қандай адо этишни ўргатади. Устоз инсонларнинг сизга нисбатан ва сизнинг инсонларга нисбатан вожиботларингизни баён қилади. Натижада сиз инсонларга зулм қилмайсиз, улар ҳам сизга зулм қилишмайди, инсонларга зарар етказмайсиз, улар ҳам сизга зарар етказишмайди. Устоз бутун мавжудотлар ичида ота-онангиздан кейин сизни яхши кўрувчи инсондир. У зот обрў-эътиборингиз кўтарилса сизга ҳасад қилмайди, аксинча бундан ғоятда хурсанд бўлади, қувонади, чунки у юксалишингиз, обрўйингиз ошиши билан фахрланади.
Эй фарзандим! Устоз ва муаллимингиз сизнинг дунё ва охиратдаги саодатингиз воситасидир. Шунинг учун ота-онангизни яхши кўрганингиз ва улуғлашингиз каби у инсонни ўз муҳаббатингиз билан мукофотлашингиз, улуғлашингиз вожиб бўлади.

Олтинчи боб
Ака-ука, қариндош ва қўшниларга муҳаббат ва эҳтиром

Аллоҳ таоло айтади:
«Ота-онага, қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар» («Нисо» сураси, 36-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсонларнинг энг яхшиси ким деб сўраганларида «Аллоҳга энг тақводори ва қариндошларга силаи-раҳм қилувчироғи» дедилар. Ва яна бир ҳадисларида «Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, қўшнисига икром кўрсатсин» дедилар.

Эй қобил ўғил! Сиз нима учун ота-онангизни яхши кўрасиз? Чунки улар сизнинг руҳингиз ва баданингизни тарбия қиладилар, етук, ақлли ва фазилатли инсон бўлишингизни истайдилар. Опаларингиз, акаларингиз ҳам ота-онангизнинг фарзандларидир. Улар ҳам сизни яхши кўрадилар, сизни тарбия қилишда ота-онангизга кўмакдош бўладилар, ерларининг унумдорлиги ёки тижоратлари ёки ҳунармандлигида ёрдамчи бўлишади. Ота-онангиз қариб, ёрдамга муҳтож бўлишганда уларнинг хизматида бўладилар. Шунингдек, сиз кичкина ва заиф бўлганингизда сизга хизмат қилишади, сиз хурсанд бўлсангиз, улар ҳам хурсанд бўлишади, хафа бўлганингизни билишса, улар ҳам хафа бўлишади, бирор кимса сизга озор етказса, сизни ҳимоя қилишади. Демак, сиз ҳам уларни яхши кўришингиз ва уларни улуғлашингиз, уларга яхшилик қилиб, бахт-саодат ва соғлиқ тилашингиз вожиб бўлади, чунки улар ҳам сизга барча яхшиликларни тилашади.
Эй қобил фарзанд! Амакиларингиз, аммаларингиз ва уларнинг фарзандлари (отангизнинг қариндошлари), тоға, холаларингиз ва уларнинг фарзандлари (онангизнинг қариндошлари) ҳам сизни яхши кўришади, бахтингиз ва саломат бўлишингизни тилашади, чунки улар ота-онангизни яхши кўришади ва уларнинг эҳтиёжларида ёрдамлашишади, ота-онангиз хурсанд бўлишса улар ҳам хурсанд бўлишади, хафа бўлишса, улар ҳам хафа бўлишади. Шунинг учун сиз ҳам уларни яхши кўришингиз ва ҳурмат қилишингиз лозим бўлади. Уларга яхшилик тилаб, ҳол аҳвол сўраб, хурсандчилигидан хурсанд бўлиб, қодир бўлсангиз уларни нафақа билан таъминлаб, зарарлардан ҳимоя қилишингиз керак бўлади.
Эй қобил фарзанд! Албатта, ота-онангизнинг қўшнилари ҳам сизни яхши кўришади, ота-онангизнинг хурсандчилигига шерик бўлишади, ташвишларида кўнгил сўрашади, ишларида кўмакдош ва ҳожатманд бўлишади, манфаатли ишларда ва зарарни бартараф қилишда шерик бўлишади. Ота онангиз қўшниларини яхши кўришади ва ҳурмат қилишади, уларга яхшиликлар тилашади. Шунинг учун сиз ҳам ота-онангизга ўхшаб уларни яхши кўришингиз ва ҳурмат қилишингиз, уларга яхшиликлар тилашингиз вожиб бўлади.

Еттинчи боб
Дўстлар ва биродарларга муҳаббат ва эҳтиром

Аллоҳ таоло айтади: «Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Икки биродар худди икки қўл кабидир – бири иккинчисини ювади».
Ва яна бир ҳадисларида «Дўст тутинган икки кишининг Аллоҳга севимлироғи –  биродарига кўпроқ хушмуомала бўлганидир», дедилар.
Эй фарзандим! Аллоҳ таоло сизни тирикчилик учун кўп нарсаларга муҳтож қилиб яратди. Бу шундай нарсаларки, уларга бир ўзингиз эриша олмайсиз, уларга эришиш учун ўзгаларнинг ёрдамига муҳтож бўласиз. Ота-онангиз, қариндошларингиз ҳар доим ва ҳар ерда ҳам сиз билан бирга бўла олишмайди, сизга керак бўлган нарсаларда сизга ёрдам бера олишмайди. Масалан, ўқиш жойингизда ёнингизда бирорта ҳам қариндошингиз йўқ, атрофингизда фақат шу ўқув даргоҳининг талабалари, холос. Улар сизга дарсларни кузатиб боришга, китобдан тушунмаган жойларингизни тушунишга, ўқитувчингиздан сўраб олмаган мавзуингизни билиб олишга ёрдам берадилар. Демак, қариндошларингиздан ташқари мушкулингизни осон қила олувчи бошқа одамларга ҳам муҳтожсиз. Булар сизнинг дўстларингиз, биродарларингиздир. Сиз уларни яхши кўришингиз, ҳурмат қилишингиз керак.
Эй фарзандим! Дўстларингизга, биродарларингизга бўлган муҳаббат ва эҳтиромингиз уларни ҳам сизга нисбатан муҳаббатли бўлишга, сизни улуғлашга ундайди. Агар улар сизни яхши кўришса, демак улар борингизда ҳам, йўғингизда ҳам ҳожатингизни чиқаришга ҳаракат қилишади, сизга фойдали ва гўзал гувоҳликлар беришади. Улар сизни қўллашса, ризқингиз кўпаяди, ҳаётингиз енгиллашади. Уларга нисбатан бўлган муҳаббат ва эҳтиромингиз самимий бўлиши керак, чунки бу билан сиз ўзингизга фойда келтирасиз, ўзингизга барча яхшилик ва манфаатларни тилайсиз.
Эй фарзандим! Дўсту биродарларингизни яхши кўрмасангиз, ҳурмат қилмасангиз, улар ҳам сизга нафратли бўлишади, ҳурмат қилишмайди. Улар сизни ёмон кўришса, ўзгаларни ҳам сиздан нафратланишга ундаб, душманларингизга айланишади, сизга зарар етказишади, манфаатларингизга тўсқинлик қилишади. Шунинг учун сиз уларни ёмон кўрмаслигингиз керак, чунки бу билан сиз ўзингизга зарар етказасиз. Табиийки, сиз ўзингизга ёмонликни раво кўрмайсиз.

Саккизинчи боб
Инсоннинг ўз Ватанига бўлган муҳаббати


Аллоҳ таоло айтади: «Иброҳимнинг: «Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», деганини эсла».
Ва яна бир оятда шундай марҳамат қилади: «Эй Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимни сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар» (Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Мазкур юртни, Ҳарами Шарифни омонлик юрти қилиб қўйди, унинг омонлигига таҳдид соладиганларни ҳалок қилди. У ердагилар Аллоҳга ибодатни тўғри қилиб, намозни тўкис адо этганларида омонликка қўшиб тўқчиликни ҳам берди. Мусулмон бўлган одамларнинг қалбини ўша томонга талпиниб турадиган этиб қўйди. У жойни ҳам, аҳолисини ҳам, ерларида ҳеч нарса ўсмаслигига қарамай, турли мевалар билан ризқлантириб қўйди. Ерлик аҳолига шукр қилиш қолди, холос).
Албатта, «Ватанни севмоқ иймондандир» деган ҳикмат машҳур ҳикматлардан биридир.
Эй фарзандим! Ватан сиз дунёга келган жойдир, ота-онангиз ва қариндошларингиз ҳам шу ерда дунёга келишган.
Ватан шундай жойки, сиз унинг анҳоридаги сувлардан ичасиз, мева сабзавотларидан истеъмол қиласиз, шу ерда истиқомат қиласиз, боғу роғларида ҳордиқ чиқарасиз, илм даргоҳларида илм оласиз, вазифаларида хизмат кўрсатиб, юқори лавозимларга кўтариласиз. Бу Ватаннинг аскарлари сизни душманлардан ҳимоя қилади, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари жиноятчилардан қўриқлайди, маҳкамалари ва қозилари хаққингизни ундириб беради.
Бу ватаннинг хизматчилари сиз дам олиб ётганингизда ҳам хизматингизда бўлишади, зилол сув ичишингиз, ҳайвонларингиз ва экинларингизни суғоришингиз учун канал ва анҳорлар қазишади, аҳолини ва экинларни тошқиндан сақлаш учун кўприк ва дамбалар қуришади. Шунинг учун Ватанингизни чин қалбдан ва бутун вужудингиз билан севмоғингиз лозим бўлади. Шунингдек, сиз уни душманлардан ҳимоя қилишингиз, Ватан хизматига ва манфаатига астойдил бел боғлашингиз керак. Чунки сизнинг яхшилигингиз, шарафингиз, саодатингиз ва роҳатингиз Ватан биландир. Шунинг учун сиз унга муҳаббатли бўлиб, уни ҳимоя қилишингиз керак.

Тўққизинчи боб
Инсонга эҳтиром

Аллоҳ таоло айтади: «Роббимиз, ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли Зотсан».
Ва яна бир оятда «Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сиз(нинг саодатга етишингиз)га ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон Пайғамбар келди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида шундай дедилар: «Арабларни уч нарса учун яхши кўринглар: мен араб бўлганим учун, Қуръон араб тилида бўлгани учуе ва жаннат аҳлининг тили араб тили бўлгани учун».
Эй азиз фарзандим! Албатта, миллатдош, юртдошларингиз азиз Ватанингизнинг фарзандларидир. Улар сизнинг она тилингизда сўзлашишади, уларнинг ичида ота-онангиз, қавм қариндошларингиз, дўстларингиз бор. Улар ҳам шу азиз ва муқаддас Ватаннинг хизматидадир. Буларнинг барчаси сизнинг манфаатингиз учундир. Улар шу Ватаннинг равнақи ва юксалиши йўлида, жумладан, ўқув даргоҳларини қуриш, маърифат тарқатиш соҳаларида хизмат қилишади, унинг мол-мулкини талон-тарож бўлишдан, инсонларнинг беҳуда ўлимидан, номуслари поймол бўлишидан, ташқи душманнинг ҳамласидан ҳимоя қилишади. Шунинг учун барча ватандошларингизни яхши кўриш ва уларга яхшилик тилаш сизга вожиб бўлади. Сиз ҳам имкон қадар уларнинг манфаати, тинчлиги йўлида хизмат қилишингиз керак бўлади, чунки сиз улар билан барча манфаатларда боғлиқсиз, бир тилда сўзлашасиз. Агар уларга бирор зарар етса, бошларига кулфат тушса, ҳеч қандай шубҳа йўқки, сиз ҳам улар каби азият чекасиз, уларнинг қайғуларидан сиз ҳам оғринасиз, чунки сиз уларнинг орасидасиз ва уларнинг бирисиз. Албатта, сиз ўзингизга ҳеч қандай зарарни раво кўрмайсиз, шунинг учун уларнинг бахти йўлида хизмат қилишингиз вожибдир.

Ўнинчи боб
Умуминсониятга муҳаббат ва эҳтиром

Эй зийрак ўқувчи! Юқорида Ватанни севиш лозимлигини, унга хизмат қилиш ва унинг юксалишига ҳисса қўшиш вожиб эканлигини баён қилдик. Албатта, ҳар нарсага қодир ва буюк Яратувчи бутун олам низомини бир-бирига узвий боғлиқ қилиб яратди. Шунинг учун бутун инсоният (мен барча миллатларни, турфа давлатларни назарда тутмоқдаман) худди бир оила кабидир. Улар бутун дунёни ўзлаштиришга саъй ҳаракат қилишади. Бу дунё шундай дунёки, унда барча инсонларнинг манфаатлари, фойдалари бир-бирига боғлиқ бўлади. Ватанга бўлган муҳаббатингиз ўзингизга раво кўрган барча яхшиликларни бутун инсониятга ҳам раво кўришингизни тақозо қилади. Жамиятнинг ҳар бир аъзосини ҳурмат қилиб, уларга юмшоқлик, ростгўйлик ва омонат билан муомала қилишингиз керак. Шу сабабли сизга ва ватанингизга манфаатлар келсин, чунки хозир ҳеч бир жой бундай боғлиқлик ва доимий муомаладан холи эмас. Шу билан ватанингиз ва бошқа давлатлар орасидаги ришталар, ўзаро муҳаббат кучаяди. Натижада цивилизация ва ривожланиш воситалари пайдо бўлиб, бу воситаларни биргина мамлакатнинг ёлғиз ўзи бошқара олмайди.
Муҳтарам фарзандларим! Инсонни ҳурмат қилиш ўз динимиз ва шариатимизни, урф одатларимиз, одоб-ахлоқимизни қоралашни тақозо қилмайди. Ҳеч ким динининг, урф одатлари ва маданиятининг камситилишини ёқтирмайди. Бинобарин, ўзгаларга ҳам уларга ёқмайдиган муомала қилишимиз одоб ахлоқ юзасидан лойиқ бўлмайди.

Ўн биринчи боб
Ҳайвонларга меҳрибон ва шафқатли бўлиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бу тилсиз ҳайвонларга муомалангизда Аллоҳга тақво қилинг, уларни яхши ҳолда мининглар ва яхши ҳолида енглар».
Яна бир ҳадисларида эса: «Бу ҳайвонларни соғлом ҳолда мининглар, соғлом ҳолда тарк қилинглар, йўл ва бозорда суҳбатингиз учун курси қилиб олманг, етарлича дам беринг, уларга шайтоний муомала қилманг», дедилар.
Ва яна бир ҳадисларида: «Кимки ҳайвонларнинг танасига ўзгариш киритса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлсин!» дедилар.
Эй қобил фарзандларим! Албатта, Аллоҳ таоло сизларга ақл бериб, бу билан бошқа мавжудотлардан, ҳайвонлардан афзал қилди. Сиз бу ақлдан ҳар бир ишда фойдаланасиз, хусусан, манфаатимиз учун, сафаримиз ва оғирликларимизни кўтариш учун яратилган ҳайвонларни бошқаришда ҳам ақлдан фойдаланасиз. Бу ақл ёрдамида ҳайвонларнинг сути ва гўштини емиш қиламиз, уларнинг териси ва жунидан ўзимизга кийим ва ёпинчиқлар тайёрлаймиз.  Неъматлари чексиз бўлган Аллоҳ таоло буни қуйидагича баён қилади:
«У чорва ҳайвонларини ҳам яратди. Уларда сиз учун иссиқлик, манфаатлар бор ва улардан ейсизлар ҳам. Ва сиз учун уларда кечки пайт (ўтлоқдан) қайтаётганларида ва эрталаб (ўтлоққа) кетаётганида гўзаллик –жамол бор. Ва улар юкларингизни сиз жон машаққатисиз ета олмайдиган юртларгача кўтариб борадир. Албатта, Роббингиз меҳрибон ва раҳмлидир. Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратадир».
Ва яна бир оятда биз учун яралган бу неъматларини баён қилиб, шундай дейди:
«Аллоҳ сизга уйларингизни оромгоҳ қилди. У сизга чорва ҳайвонларининг терисидан кўчадиган ва қўнадиган кунингизда енгил кўтариладиган уйлар қилди. Уларнинг жунлари, юнглари ва қилларидан маълум вақтгача фойда ва мато бўладиган қилди».
Демак, ҳайвонлар энг фойдали, энг зарур ва гўзал неъматлардан бири экан.
Эй зийрак фарзандларим! Демак, Аллоҳ таоло бу ҳайвонларни фақат бизнинг манфаатимиз учун яратган экан. Ўз кўзингиз билан кўриб турибсизки, ҳайвонлардан жуда кўп фойда оламиз. Ўзимиз кўтара олмайдиган юкларни ҳайвонларга ортамиз, уларнинг сути ва гўштидан озуқа сифатида фойдаланамиз, жунларидан кийим ва ёпинчиқ ясаймиз, маркаб (миниш воситаси) ва зийнат сифатида фойдаланамиз. Шунинг учун уларга шафқатли бўлишимиз, тоқатидан зиёд, кўтара олмайдиган юкларни уларга ортмаслигимиз керак, уларнинг емиши ва сувини, яшаш жойларини етарлича қилиб беришимиз керак, чунки бу ўз манфаатимизнинг ҳимоясидир. Бу билан биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу ҳайвонларни соғлом ҳолда мининглар, соғлом ҳолда тарк қилинглар, етарлича дам беринглар» деган ҳадисларига амал қилган бўламиз. Шундай қилсак, олган фойдамизга яраша муомала қилган бўламиз, акс ҳолда олган фойдамиз эвазига қўпол муомала қилган бўламиз. У ҳолда Аллоҳ таоло бизни афзал қилиб яратганига қарамай, ҳайвонлар биздан кўра тўғрироқ иш қилган бўлади. Ҳайвон қилган иш ўзининг амалидан устун бўлишини қайси оқил инсон истайди?
Эй фарзандларим! Биз уларни калтак, очлик ва сувсизлик билан қийнамаслигимиз керак, уларнинг танасига ўзгартириш киритмаслигимиз –думлари, қулоқлари ёки бошқа аъзоларини кесмаслигимиз керак. Бу иш жоиз эмас, шаръан ҳаромдир. Пайғамбаримиз «Кимки ҳайвонларнинг танасига ўзгариш киритса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлсин!» деб айтганлардан  бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз керак.
Барча шариатлар, барча динлар ҳайвонларга шафқатли бўлишга ундаган. Ҳозир ҳам ўзини ривожланган деб санайдиган давлатлар ҳайвонларни ҳимоя қилишга, уларга шафқатли бўлишга чорламоқда, ҳатто махсус жамғармалар тузиб, уни ҳайвонларга шафқат жамғармалари деб номлашмоқда, махсус қонунлар чиқариб, бу қонунни бўзганларни, ҳайвонларга тоқатидан зиёд юк ортганлар, калтаклаган, очлик ва сувсизлик билан қийнаётганларни жазоламоқдалар.
Шунинг учун биз раҳм шафқат бобида Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига ва умматимиз шариатига эргашишимиз вожиб бўлади.

Ўн иккинчи боб
Омонат

Аллоҳ таоло шундай деди: «Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир. Улар закотни адо қилгувчилардир. Улар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан бошқалардан фаржларини сақловчилардир. Албатта, улар маломат қилинувчи эмаслардир. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир. Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир».
Ва яна бир оятда шундай деди: «Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва гуноҳкор бўлган кимсани хуш кўрмас».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Омонати бўлмаган инсоннинг иймони бўлмайди, ваъдаси бўлмаган инсоннинг дини бўлмайди».
Эй қобил фарзандим! Омонат – Яратганнинг сендаги ҳақларини адо этишинг, бир ишни ишониб топширган кишининг сирини фош қилмаслигинг, берган ваъдангни бузмаслигинг, ҳаққинг бўлмаган нарсаларга ноҳақ эгалик қилмаслигинг, муомалаларингда ҳеч кимни алдамаслигинг, қўл остингда ишчиларни эҳтиёт қилишингдир. Омонат – гўзал ахлоқлардан бири, чиройли сифатлардан бири, динлар асосларидан биридир, шунинг учун барча шариатлар омонатга риоя қилишни вожиб қилган ва барчани бу сифат билан сифатланишга ундаган, унга хиёнат қилганнинг гуноҳини улкан қилиб кўрсатган. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида «Омонати бўлмаган инсоннинг иймони бўлмайди, ваъдаси бўлмаган инсоннинг дини бўлмайди», дедилар.
Бу дунёдаги қилинаётган барча муомалаларнинг рўёбга чиқиши доимо омонатга таянади. Омонати бўлган ва муомалаларда унга доимо риоя қиладиган тижоратчининг савдо доираси кенгаяди, у билан муомала қилувчилар кўпаяди, натижада у кўп фойда кўради, одамлар орасида муҳаббат ва ишонч қозонади. Ўз муомалаларида хиёнат билан шуҳрат қозонган тижоратчи билан муомала қилувчилар эса камаяди, унинг тижорат доираси ҳам қисқариб боради, бозори касодга учрайди, фойда қилса ҳам кам фойда қилади, кўпчилик ўртасида нафрат қозонади, омонатсизлиги билан барчага танилади.
Худди шунингдек, ҳукумат идоралари, тижорат ёки саноат соҳаларининг ишчиси ҳам омонати билан танилса, дўстлари, ҳамкасабалари, ишчилари орасида муҳаббат қозонади, ўзгалар ҳам унинг юксалишига хайрихоҳ бўладилар, унга фойда етказишга ва уни зарардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилишади. Аммо у хиёнат қилса, сирни фош қилиб, омонат гапларни ўзгаларга етказса, бировнинг молини ноқонуний ўзлаштириб олса, муомаласида товламачилик қилса, бошлиқ ва биродарлари ундан нафратланишади, инсонлар ундан қоча бошлайдилар, унинг ёмонлиги ва зараридан эҳтиёт бўлиш учун ўзларини ундан узоқроқ тута бошлайдилар.
Ўзингиз ҳам сиз билан ўқиётган талаба махфий, ўзаро гап сўзларингизни ўзгага етказса, уни ёмон кўрасиз ва ёқтирмайсиз. Бундай одамни бошқа дўсту биродарларингиз ҳам ёқтиришмайди ва уни фитначи (ғийбатчи) деб аташади.
Эй фарзандим! Яратувчингиз фарз қилган ибодатни адо этишингиз, Унинг пайғамбарларини севишингиз ҳам омонатдандир, чунки шариатлар ҳам омонат бўлиб, бу муқаддас омонатни бизга пайғамбарлар етказади. Энди бу омонатга риоя қилишимиз, унга риоя қилишимиз лозим. Агар шуни адо этсангиз, Роббингизнинг ризосига ва муҳаббатига лойиқ бўласиз.
Эй амийн ўқувчи! Билингки, албатта омонат сизнинг қадр қимматингизни, обрўингизни кўтарувчи энг гўзал хулқлардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ва ишларига содиқ бўлганлари учун ҳам ҳамма у зотни амийн деб атар эди. Ҳаттоки жоҳилият даврида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказишга ҳаракат қилган, у зотга қарши курашган Қурайш ва бошқа араб қабилалари ҳам Расулуллоҳни амийн деб аташар эди.
Эй фарзандим! Омонат сабабли инсон ҳаёти сақланиб қолади, номус, мол мулк ҳимоя қилинади, мамлакат ва давлат тинчлиги сақланади. Хиёнат эса омонатнинг аксидир, шунинг учун у инсон зоти учун энг катта ор ҳисобланади, бу орни ҳаттоки ўлим ҳам кетказа олмайди. Хиёнат – инсоннинг ўз қавми, Ватани ва аҳли олдидаги энг катта шармандалик, инсоннинг ўз тарихини бузувчи, унга ўчмас доғ бўлиб тушувчи энг катта гуноҳдир. Табибнинг жинояти қанчалик оғир бўлишини тасаввур қилинг. Бемор унга ўз ҳаётини ишониб топширса, даволаниш учун мурожаат қилсаю, у эса дорисига беморнинг ҳаётини сўндирувчи нарса қўшиб берса, оқибати нақадар оғир бўлади! Бу иш қанчалик яширин бўлмасин, юзага чиқади. Ёки бир ҳимоячининг ҳолига қаранг, бир инсон унга ўз моли ва унга тегишли ҳужжатларни ишониб топширсаю, у эса ўша кишига қарши бўлган томонга бу нарсаларни сотса, омонатга хиёнат қилса, ваъдасини бузса! Нақадар қабиҳ ҳолат. Яна бир ҳолатни тасаввур қилинг: ҳукумат бир қўмондонга Ватан ҳимоясини ишониб топширса, шаҳарлардан бирини душманлардан ҳимоя қилишга йўлласа, у эса омонатга хиёнат қилиб, ўз шарафини сотиб, душманнинг ўша шаҳарга кириб келишига йўл қўйса! Шубҳа йўқки, эй амин фарзанд, бундан катта гуноҳ йўқ, бундан оғир шармандалик йўқ, деб ҳисобламоқдасиз. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида «Омонати бўлмаган инсоннинг иймони бўлмайди, ваъдаси бўлмаган инсоннинг дини бўлмайди», дедилар. Омонатли бўлинг, Аллоҳ ва барча инсонлар сизни яхши кўради. Хиёнатли бўлманг, хиёнатли бўлсангиз Яратувчингиз ҳам, бутун олам ҳам сиздан нафратланади.

Ўн учинчи боб
Ҳаё

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ҳаё иймоннинг низомидир».
Ва яна бир ҳадисларида шундай дедилар: «Агар ҳаё қилмасанг, билганингни қил».
Эй фарзандим! Билингки, ҳаё шундай сифатки, у инсонни маломатга қолдирувчи ишлардан, ноқислик ва айб ҳисобланувчи ишлардан қайтаради. Ҳаё инсонни безаб турувчи энг гўзал ва комил сифатлардан бири бўлиб, Аллоҳ берган энг яхши неъматлардандир. Ҳаёли инсон дўстлар орасида муҳаббатга, мақтовларга сазовор қилади. Ҳаё инсонни Аллоҳнинг амрларини бажаришга, Аллоҳ қайтарган ишлардан қайтишга, улардан узоқлашишга ундайди, чунки инсонни Аллоҳ яратганлигини, дунёдаги барча ҳисобсиз неъматларни ҳам Аллоҳ берганлигини, уни бир ишни бажариш, бошқасини эса қилмасликка буюрганлигини инсонга ҳаё эслатиб туради, шариат амрига қарши чиқишдан қайтаради. Ҳаёли инсон унга барча яхшиликларни раво кўраётган Зот Аллоҳ эканлигини сезади, чунки инсон табиатан ўзига яхшилик қилган инсонни ҳурмат қилишга, унинг амрини бажаришга, унга муҳаббатли бўлишга ўрганган. Бунга мисол излаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Сизга отангиз, устозингиз ёки мадрасангиз мудири бир ишни буюрса, ўша ишга дарҳол жиддий киришасиз, уни кечиктирсангиз ёки унутсангиз, жуда ҳижолат бўласиз.
Ҳаё инсонни катталарни ва тенгдошларни ҳурмат қилишга, кичикларга шафқатли бўлишга ундайдиган нарсадир. Агар ёш бола ёқимсиз қилиқ қилса, уни ҳаёсиз ва одобсиз экан деб ўйлайсиз, табиийки, ўзингизни ҳам шундай деб ўйлашларини ҳоҳламайсиз.
Ҳаё сизни мурувватли, қўрқмас, сахий, содиқ, омонатли, шарафли қилади. Пасткашлик, қўрқоқлик, бахиллик, ахмоқлик, ёлғончилик, хиёнат, хасислик инсонларда сизга нисбатан кароҳият ва нафрат уйғотувчи сифатлар бўлгач, сиз бу сифатлардан узоқлашасиз, сизда бу ноқис сифатлардан бирортасини кўришларидан ҳаё қиласиз.
Эй одобли фарзанд! Ҳаё итоат қилиш вожиб бўлган ҳокимларни ҳурмат қилишга, дин қонунларини муқаддас санашга, вожиботларни ҳурмат қилишга чорлаб, инсонни комилликка, гўзал одоб билан сифатланишга олиб боради.
Ҳаё сизни бирор ножўя ишни ҳеч ким кўрмайдиган жойда, ёлғиз қолганингизда яширинча қилишдан ҳам қайтарувчи буюк кучдир. Бир ҳикояда айтилишича, бир бола барча мевалар ғарқ пишиб ётган бир боғда юрса, боғнинг эгаси уни учратиб қолиб, «Нима учун бу мевалардан емадинг? Сени ҳеч ким кўрмаётган эди ку?» дебди. Бола шундай жавоб қилибди: «Мен нафсимни ноқис ва хиёнаткор кўришдан ҳаё қиламан». Демак, болани ўғриликдан, ўзгаларнинг молига ноҳақ эгалик қилишдан ҳаё қайтарди.
Эй фарзандим! Демак, ҳаё – улуғ фазилатлар ва комилликларнинг жамидир, ҳаёсизлик эса разилликлар ва ёмонликларнинг тубидир. Шунинг учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у зотдан аввалги расуллар ҳам «Агар ҳаё қилмасанг, билганингни қил», «Ҳаё – иймон низоми» деб марҳамат қилганлар.

Ўн тўртинчи боб
Тўғрисўзлик

Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар».
Ва яна бир оятда шундай деди: «Албатта Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиганлар нажот топмаслар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Тўғри сўз бўлинг, албатта у яхшилик биландир, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Ёлғондан узоқ бўлинг, чунки у фожирлик биландир, фожирлик эса дўзахга етаклайди».
Эй фарзандим! Билингки, тўғрисўзлик бу ҳақиқатга ва воқеъликка мувофиқ хабар беришдир, ёлғон эса бунинг қарама қаршисидир. Агар сиз бирор нарсанинг гувоҳи бўлсангиз, бирор нарса десангиз ёки бирор иш қилсангиз ва бу кўрган, билган, айтган ва қилган нарсангизни ўзгага айтсангиз, сизни тўғрисўз деб аташади, чунки сиз воқеъликдан хабар бердингиз. Агар сиз бирор нарсани кўрсангиз ва бирор нарса десангиз ёки бирор иш қилсангиз, бироқ буни бошқаларга бошқача қилиб айтсангиз, сиз ёлғончи бўласиз, чунки сиз воқеъликнинг тескарисини айтдингиз.
Эй фарзандим! Билингки, тўғрисўзлик инсоннинг энг гўзал сифатларидан ва Аллоҳнинг неъматларидан энг барокатлисидир, у инсон учун ва бутун олам низоми учун энг зарур нарсадир. Аллоҳ инсонни ўзгаларнинг ёрдамига муҳтож қилиб яратди. Ўзингиз ҳам ота-онангиз, ака-укаларингиз, хизматкорларингизга муҳтожсиз, устозингизга, дўстларингизга муҳтожсиз, улар ҳам ўз навбатида кимларгадир муҳтождир. Бизга бу эҳтиёжларни билдирадиган нарса – уларнинг ёрдам сўрашидир. Агар бу сўзлар содиқ бўлса, инсон билган ва эътиқод қилган нарсага мувофиқ бўлса, бу нарса инсонларнинг бир-бирларига омонатли бўлишларига сабаб бўлади, эҳтиёжлари қонади, ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, ҳаётлари сақланиб қолади. Агарда бу сўзлар ёлғон бўлса ва инсон билган нарсага хилоф бўлса, бировнинг молини ноҳақ ейиш, хиёнат, ўзаро низо ва тўқнашувларга олиб келади ва яшаш низоми бузилади.
Эй фарзандим! Тўғрисўзлик эгасига ҳам, ўзгаларга ҳам фойдалидир ва у Аллоҳнинг ва бутун оламнинг муҳаббатига сабаб бўлади, ҳурмат қозонишга ва амийн бўлишга сабаб бўлади. Мана шу сифатлар сабабли инсонлар тўғрисўз одамнинг ҳожатини чиқарадилар.
Ёлғон эса инсоннинг ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказади. Бу сифат билан сифатланган инсон Аллоҳнинг ва ўзгаларнинг нафратига дучор бўлади, шу сабабли инсонлар унинг ҳожатини чиқармайдилар. Инсон ёлғончилиги билан танилиб қолса, бундан кейин рост гапирса ҳам унга ишонишмайди. Ҳикоя қилинадики, бир бола бўрилар учраб турадиган жойда қўй боқар экан. Бир куни у бор овози билан «Ёрдам беринглар, бўрилар!» деб бақирибди. Буни эшитган одамлар югуриб келиб қаршса, у алдаган экан. Ҳамманинг кўнгли ранжиб, яна ўз ишларига қайтишибди. Яна бир куни ўша бола иккинчи бор «Бўрилар!» деб ҳаммани чақирибди. Одамлар яна келиб қарашса, у яна алдаган экан. Бекорга овора бўлган, ишдан қолган одамлар болани койишибди ва қайтиб кетишибди. Кунлардан бир кун ўша бола учинчи бор яна додлаб, ҳаммани ёрдамга чақирибди. Бироқ, бу сафар унинг олдига ҳеч ким бормабди, чунки ҳамма уни яна одатдагидек алдаяпти деб ўйлабди. Лекин бу сафар ҳақиқатдан ҳам бўрилар келиб, қўйларни бўғизлашаётган экан. Кўрдингизми, фарзандларим, ёлғоннинг оқибати вой бўлишини?
Эй фарзандим! Инсон бир оғиз ёлғонни кичик деб санаши, тилга осон деб билиши мумкин, лекин бу ёлғон кўпчиликка зиён етказиши, бир уйни, қишлоқни, шаҳарни ва ҳатто вилояни пароканда қилиши мумкин. Мисол келтирайлик:
Тасаввур қилинг, сиз ўқишдан қайтдингиз, отангизнинг хонасига кирдингиз ва унинг соатини олиб, кўчага чиқдингиз. Сизни ҳеч ким кўрмади. Кўчада эса бир ўғри уни сиздан ўғирлаб кетди. Отангиз қайтгач, соатини топа олмади ва хизматкорлардан сўради. Табиийки, улар «Биз олмадик, кўрмадик», деб жавоб қилишди ва улар тўғри айтишди. Отангиз энди хизматкор аёллардан, акаларингиздан, онангиздан сўради. Улар ҳам «олмадик, кўрмадик» деб жавоб қилишди ва улар ҳам тўғри айтишди. Сўнгра сиздан сўради. Сиз эса отангизнинг жаҳлидан ва жазолашидан қўрқиб, уни сиз олганингизни, соатга нима бўлганини билишингизни айтмадингиз. Демак, сиз ёлғончи бўлдингиз, чунки сиз ҳақиқатни айтмадингиз ёки унинг тескарисини айтдингиз. Энди сиз енгил деб билган бу ёлғондан келиб чиқадиган зарарни тасаввур қилинг:
Биринчидан, отангизга зарар етди. Ота бу ишдан қаттиқ ғазабланади, қайғу унинг соғлиғига зарар етказади.
Иккинчидан, ходимларга зарар етди. Отангиз ғазаб устида улардан ранжийди, уларни хиёнаткор деб гумон қилиб қолади.
Учинчидан, отангиз уларни хиёнаткор деб ўйлаб ишдан бўшатса, уларнинг касб корига путур етади. Энди уларнинг нима учун ишдан бўшатилгани ёки ҳатто қамалгани ҳаммага маълум бўлса, бу одамларни ҳеч ким ишга олмайди.
Тўртинчидан, ходима аёллар ҳам худди хизматкорлар каби зарар кўради.
Бешинчидан, акаларингиз ва онангизга зарар етди. Отангизнинг ноўрин ғазаби уларни ҳам ранжитди.
Олтинчидан, ўзингизга зарар етди. Отангиз сиздан соатни сўраганда ва сиз ҳеч нарсани билмаслигингизни айтганингизда сизни ҳам бошқалар қатори койиди.
Еттинчидан, отангиз ғазаб устида уйдаги барчани ҳайдаб юбориши мумкин.

Буларнинг барчаси кичкина кўринган биргина ёлғондан келиб чиқди. Бу зарарлар ичида биз ҳали Аллоҳдан келадиган зарарни ҳисобга олмадик. Аллоҳ таоло сизни ёлғонингиз ва ўзгаларга зиён етказганингиз учун албатта жазолайди.
Сиз ҳақиқатни бошиданоқ айтсангиз, ходимларга, акаларингизга ва онангизга ҳеч қандай зарар етмасди, отангизнинг ғазаби ҳам камроқ бўларди. Эҳтимол, отангиз умуман ғазабланмаган бўларди. Бироқ, ёлғон туфайли ота нафақат соат йўқолгани учун, балки ҳақиқатни билмагани ва уйдагиларни хиёнатда гумон қилганлигидан ғазабланди. Ҳақиқатни айтсангиз, сизга ҳеч қандай зарар етмасди. Эҳтимол, отангиз ҳақиқатни айтганингиздан ҳатто хурсанд ҳам бўларди, балки мукофот ҳам берарди. Ана шунинг учун ҳакимлар айтадиларки, тўғри сўз эгасини қутқаради, ёлғон эса ҳалок қилади. Шунинг учун доимо тўғрисўз бўлишга ҳаракат қил. Шу сабабли Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам сизни яхши кўради, қадрлайди ва ишонади, илтимосингизни бажаради. Одамлар орасида ёлғон билан танилишдан эҳтиёт бўлинг, чунки ёлғончидан одамлар ҳам, Аллоҳ ҳам нафратланади.

Ўн бешиинчи боб
Дин ва Аллоҳдан қўрқиш

Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир».
Яна бир оятда шундай деди: «Бандалари ичида Аллоҳдан фақат олимларигина қўрқарлар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ҳикматнинг боши Аллоҳдан қўрқишдир».
Эй қобил фарзандим! Сиз диним бор, деб эътиқод қилишингиз керак, чунки махлуқотларнинг ҳимояси ва саодати диндадир.
Бизга махлуқотларнинг энг шарафлиси инсон эканлигини ўргатган нарса диндир. Инсон махлуқотлар ичида энг шарафлисиман деб эътиқод қилар экан, бир бирини ўлдирувчи ваҳший ҳайвонларга ўхшашни ҳоҳламайди, йўлида чиққан нарсани еб кетаверадиган тўрт оёқли ҳайвонларга ўхшаб қолишни истамайди. Дин бизни ўз Яратувчимиз сари етакловчи йўлдир. У шундай Зотки, бизга бу дунёдаги барча неъматларни яратди ва охиратда чиройли мукофотларни, мевалари муҳсинларга яқин бўлган жаннатни хозирлади. Шунингдек, ёмонлар учун шиддатли азоб ва дўзахни ҳозирлади. Агар инсон яхши инсонга гўзал мукофотлар, ёмон инсонга аламли азоб бор деб эътиқод қилса, демак у яхши амалларни бажаради ва ёмон ишлардан узоқлашади, чунки ақлли инсон ўзига доимо яхши нарсани танлайди, ёмон ишларни қилмайди. Мисол учун, агар муаллимингиз синфдаги барча ўқувчиларни тўплаб, биринчи ўрин эгасига нафис жилд билан қопланган, тилла суви юритилган соврин ҳозирладим, энг охирги ўрин соҳибини эса қамоқ ва дўстлари олдида шармандалик кутади, деса шубҳа йўқки сиз албатта дарсларга жиддий киришасиз, мукофотга эга бўлиш ва шармандаликдан омон қолиш учун кечаю-кундуз банд бўласиз.
Дин бизга тўғрисўзлик, ҳаё, омонат ва адолатнинг гўзал ва фойдали иш эканини, барча муомалалар унга боғлиқ эканини баён қилди, ёлғон, хиёнат, пасткашлик, ноҳақлик эса муносабатларнинг бузилишига, миллатлар таназзулига олиб борувчи омил эканини баён қилди.
Дин бизга ҳар бир нафснинг шарафини, гўзал хулқларни, ватан муҳаббатини, ота оналар ва биродарлар эҳтиромини ўргатди ва одам ўлдириш, ичкилик ичиш, ёлғон гувоҳлик бериш, молларга ҳақсиз эгалик қилиш, қалбакилик, ҳасад ва бошқа шунга ўхшаш сифатларнинг зарарли ишлар эканини, олам низомини бузувчи эканлигини баён қилди.
Эй фарзандим! Билингки, ҳукумат томонидан қонунбузарлар учун белгилаган жазоларнинг ўзигина бизни ёмонликлар қилишдан қайтармайди. Чунки инсон хиёнатга қодир бўлади, лекин буни ҳеч ким билмайди. Муҳтожликдан ўғриликка қўл уради. Айни пайтда инсон ўзининг душманини ўлдириши ва ҳукумат тарафидан жазосиз қолиши мумкин. Уни бу ишлардан нима қайтарди? Уни бу ишлардан қайтарган нарса Аллоҳдан ва Унинг жазосидан қўрқиши, эътиқод қилган дини қайтарди. Демак, эй фарзандим, дин ҳамда Аллоҳдан қўрқиш бу оламнинг низоми ва саодати боғлиқ бўлган икки нарсадир. Шунинг учун динга эътиқод қилинг, дин буюрган амалларни бажаринг, дин тарк қилишни буюрган ишларни тарк қилинг. Яратувчингиздан қўрқинг, шунда Роббингиз олдида энг бахтли ва ҳурматли бўласиз – «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир».

Ўн олтинчи боб
Инсон ўзгалар билан қандай ҳаёт кечиради?

Аллоҳ таоло шундай деди: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса худди содиқ дўстдек бўлур».
Ва яна бир оятда шундай деди: «инсонларга яхши гапиринглар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Инсонларга чиройли хулқ билан муомала қилинг».
Ва яна бир ҳадисда «Мезонда чиройли хулқдан оғирроқ амал йўқ», деганлар.
Ва яна бир ҳадисда «Аллоҳга энг севимли банда хулқи энг яхши бўлганидир», деганлар.
Ва яна бир ҳадисда «Менга энг яқин ўтирадиганингиз энг чиройли хулқли ва камтарларингиздир, ўзгалар билан улфатчилик қилиб, ўзгалар ҳам сизлар билан улфатчилик қилувчингиздир».
Эй фарзандим! Билингки, Аллоҳ таоло инсонларни яратганда барчасини бир бирига ўхшаш қилиб яратди. Ҳаммаларига идрок қилиш учун қалб берди, кўриш учун кўз, эшитиш учун қулоқ, ҳид билиш учун бурун берди, жисмнинг юмшоқ ёки қаттиқлигини сезишлари учун аъзои баданга сезги органлари берди, барчаларининг баданини гўшт, қон ва суякдан ясади. Бир инсонга зарар ёки азият етказадиган нарса бошқаларга ҳам зарар ёки азият етказади, бир инсонга хуш келадиган ишлар бошқаларга ҳам хуш келади. Барча инсонлар ана шундай бир хил кўринишда яратилган. Мисол учун, агар кимдир сизни ҳақоратласа ёки урса, ёвуз чеҳра билан қарши олса ёки сизга «хиёнаткорсан», «ёлғончисан», «одобсизсан», «ўғрисан» деса, дангаса, қўрқоқ ёки динсиз деса, бир кишининг сизга келаётган бирорта яхшиликнинг йўлини тўсганини эшитсангиз, албатта оғринасиз, бу ишдан зарарланасиз, ундан нафратланиб, ҳурмат қилмай қўясиз. Аммо агар бир инсон сизни гўзал қабул қилса, сизга ҳурмат кўрсатса, улуғласа, сизни содиқ, амийн, одобли, тиришқоқ, диндор ёки ҳурматли деб сифатласа, сиз ҳаққингизда чиройли гувоҳлик беришганини эшитсангиз, кимнингдир сизга фойда келтириш йўлида ҳаракат қилганини билиб қолсангиз, шубҳа йўқки, сиз у инсондан хурсанд бўласиз, кайфиятингиз кўтарилади, уни яхши кўрасиз ва ҳурмат қиласиз.
Сизни хурсанд қилувчи ҳар бир нарса ўзгаларни ҳам хурсанд қилади, сизга зиён етказувчи ҳар бир нарса ўзгаларга ҳам зиён етказади. Шундай экан, ўзгаларга нисбатан бирор иш қилишдан аввал ўйлаб кўришингиз керак. Агар ўзгалар сизга шу ишни қилишса, қандай ҳолатга тушишингизни тасаввур қилинг. Агар ўша ишдан хурсанд бўлсангиз, унда бу ишни қилинг, чунки сизни хурсанд қилган нарса ўзгани ҳам хурсанд қилади. Агар бу ишдан озорлансангиз, демак бу ишни қилманг ва бу фикрдан узоқлашинг, чунки сизга зарар етказувчи нарса ўзгаларга ҳам зарар етказади.

Ўн еттинчи боб
Мол-дунё ва уни нафақа қилиш йўллари

Аллоҳ таоло шундай деди: «Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма, яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин».
(Бахил одам «кутилмаганда ҳамёнимга қўл солиб, бировга пул бериб юбормай», деб қўлини бўйнига боғлаб олган кишига ўхшатилмоқда).
Ва яна бир оятда шундай деди: «Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар».
Эй фарзандим! Билингки, Аллоҳ таоло инсонни яратди ва инсон учун мол-дунёни яратди ва уни ҳаётнинг безаги қилди. Шунинг учун инсон мол-дунёни яхши кўради ва уни иложи борича кўпроқ топишга ҳаракат қилади.
Эй фарзандим! Билингки, мол-дунёнинг ўзида ҳеч қандай қадр ёки фазилат йўқ, унинг қадр қиммати ва фазли у келтирадиган манфаат ва фойдаларда. Бизнинг унга бўлган муҳаббатимиз фақатгина манфаат ва фойда учун эмас. Аксинча, биз унинг ёрдамида эҳтиёжларимизни қондирамиз, зарарларни бартараф қиламиз, унинг ёрдамида қариндошларга, беморларга, ожизларга кўмаклашамиз, ўзимизга ва ўзгаларга фойдали хайриялар қиламиз. Биз мол дунёни ана шунинг учун яхши кўрамиз. Бундай хайрли ишлар қаторига ночор оилаларнинг фарзандлари учун мадрасалар қуриш, беморлар учун шифохоналар қуриш, ёнғин, зилзила ёки сув тошқинида бошпанасиз қолганлар учун уй жой қуриш кабилар киради.
Эй фарзандим! Мол-дунё мана шу каби гўзал ишларни амалга оширишдаги бир омилдир. Агар инсон шу фойдали ишларни амалга оширса, ўз қавми ичида ҳурмат қозонади, Аллоҳ учун севимли бандага айланади. Аммо ўзига хам, ўзгаларга ҳам бахиллик қилса, мол дунё тўпласаю ундан нафақа қилмаса, инсонлар орасида ёмон ном чиқаради, ҳурматини йўқотади ва Аллоҳнинг жазосига лойиқ бўлади. Зеро Аллоҳ таоло бир ояти каримада шундай деган: «Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг башоратини беравер. Бир куни ўша (олтин-кумуш)ларни жаҳаннам ўтида қизитилади ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: «Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!» дейилур».
Шунингдек, агар инсон мол-дунёсини фасод йўлида ва инсонларга зарар етказувчи нарсалар йўлида сарфласа, охиратда уни бундан да кучлироқ жазо, инсонлар орасида эса ҳурматсизлик ва нафрат кутмоқда.
Эй фарзандим! Аллоҳ таоло инсонни яратди ва унинг учун мол-дунё яратиб, уни инсон учун севимли қилди, уни қай тарзда инфоқ қилиш кераклигини баён қилди ва «Қўлингни бўйнингга боғлаб олма», яъни ўзингга ҳам, ўзгаларга ҳам бахиллик қилиб, яхши инсонларга нафақа қилмай, хазинани бекор ушлаб ўтирмагин, деди. Бу бахиллигинг сабабли Аллоҳдан ва инсонлардан маломатга қоласан. «Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма», яъни исрофгарчилик билан уни фасод ишларга сарфламагин, акс ҳолда мол-дунёсиз фақирга айланасан. Бахиллик билан исрофгарчиликнинг ўртасида мўътадил бўлгин, мол-дунёни ақл билан сарфла, унинг эҳтиётини қилгин. Молни фойдали ишларга сарфлашга ҳаракат қил, шу сабабли Аллоҳга севимли бўласан ва инсонлар орасида ҳурмат қозонасан.

Ўн саккизинчи боб
Инсон ва амал

Аллоҳ таоло шундай деди: «Ва унга темирни юмшоқ қилдик. Совутлар қилгин ва бичимини ўлчовли қил. Солиҳ амаллар қилинглар».
Ва яна бир оятда шундай деди: «Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббимизнинг номидан ривоят қилиб шундай дедилар: «Аллоҳ айтади: «Эй бандам! Қўлингни ҳаракатлантир, Мен ризқингни бераман».
Эй фарзандим! Бу икки ояти каримада ва ушбу ҳадиси шарифда яхшилик илинжида ва ризқ талабида ҳаракатланишимиз баён қилинмоқда. Чунки Аллоҳ таоло бизни бу дунёда бекорга эмас, балки бир ҳикмат учун яратган. У ҳам бўлса –амал қилиб, Аллоҳга ибодат қилишимиз ва бизга берган чексиз неъматларига ва бизни йўқдан бор қилганига шукроналар келтиришимиздир. Биз бу амалимиз билан охират саодатига эришамиз. У Зот бизни ризқ йўлида ҳаракат қилишга буюрди ва ояти каримасида шундай деди: «Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг». Бу амрлар ерга ва ундан олинадиган неъматларга ишлов бериб, зироат, тижорат ва саноатни йўлга қўйиш, ер юзида кезиб, илм ҳосил қилиш билан бу дунё саодати ва роҳатига эришимоғимиз учун айтилган. Агар шундай қиладиган бўлсак, биздан талаб қилинган вазифани, яъни солиҳ амал вазифасини адо этган бўламиз.
Эй фарзандим! Албатта, ҳикмати улуғ бўлган Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани яратди ва уни бирор ҳосил, самара берадиган қилди. Мисол учун, ўсимликларнинг ҳосили – уларнинг уруғлари ва пояларидир. Биз уни ўзимиз ва ҳайвонларимиз учун емиш қиламиз. Дарахтларнинг ҳосили эса уларнинг меваси, сояси, ёғочларидир. Биз уларни ўз фойдаимиз учун ишлатамиз. Ҳайвонларнинг ҳосили эса уларнинг сути, жуни, юнги, гўштидир. Шунингдек, улардан миниш ва юк ташишда ҳам фойдаланамиз. Паррандаларнинг ҳосили – уларнинг тухуми, пати ва гўштидир. Бироқ, инсоннинг ўсимлик, дарахт ёки ҳайвон каби моддий ҳосили йўқ. Инсоннинг маҳсули ва келтирадиган фойдаси – унинг амали ва вазифасидир. Агар инсон бирор амал ва вазифани бажармаса, энг ҳақир ҳайвон ҳам, энг кичик ўсимлик ҳам ва энг ярамас қуш ҳам ундан яхши бўлади.
Эй фарзандим! Билингки, Аллоҳ таоло бизни тўғри йўлга бошлаш учун, дангасалик қилмаслигимиз учун бизга асаларини мисол қилиб келтирди. Миттигина ҳашарот бўлишига қарамай, Аллоҳ таоло асаларига тоғларда ва дарахтларда уй қилиб, мевалардан истеъмол қилиб, унга белгиланган вазифани бажаришга – асал йиғишга буюрди:
«Роббинг асаларига: «Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма мевалардан егин. Бас, Роббинг осон қилиб қўйган йўллардан юргин», деб ваҳий қилди. Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир».
Эй фарзандим! Сиз асалари каби бўлинг, ундан кам бўлманг. Албатта, амал ва вазифа инсоннинг фахри ва шон шуҳратидир. Зеро, ҳаракат қилган, ўз ишига жиддий киришган инсонлардан олимлар, бойлик ва шуҳрат эгалари, тижорат ва саноат арбоблари, ихтирочи ва кашфиётчилар етишиб чиққанлигининг гувоҳи бўламиз. Дангаса инсоннинг олим бўлганини, бекорчи одамнинг бой ёки ихтирочи бўлганлигини кўрмаганмиз, аксинча, барака ҳаракатдадир. Шунинг учун биз юқорида айтиб ўтилган «Эй бандам! Қўлингни ҳаракатлантир, Мен ризқингни бераман» деган мазмундаги ҳадиси қудсийда ҳаракатга буюрилдик. Роббимизнинг Ўзи «ҳаракат қил, ризқингни бераман» деб турибди.
Эй фарзандим! Билингки, энг шарафли зотлар Аллоҳнинг набийлари ва расулларидир. Агар улар Аллоҳдан ҳеч қандай қийинчиликсиз дунёдаги энг бой инсон бўлишни сўрашса, уларнинг сўрови амалга ошар эди. Лекин улар бу нарсани исташмади, аксинча, уларнинг ҳар бири ўзгаларга ўрнак бўлиш учун ўзларига тижорат ва саноатдан ризқ манбаи қилдилар.
Эй фарзандим! Биз ҳар бир ишнинг сабабларига эътибор беришга, эҳтиёт бўлишга буюрилганмиз. Шунинг учун биз Аллоҳ таолога Ўзи буюрганидек ибодат қиламиз, Уни улуғлаймиз, ризқ талабида харакат қиламиз, жонимиз ва молимиз омонлиги учун душманлардан эҳтиёт бўламиз. Шу ишлар сабабли биз дунё ва охират саодатига эришамиз. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳга таваккал қилдим» деб туясини боғлаб қўймаган аъробийга «Туяни боғлаб, кейин таваккал қил» деганлар. Расулуллоҳ саллалоҳу алайхи васаллам унинг қилган ишини маъқулламаганлар, балки эҳтиётини қилиб, сабабларни таъминлаб, шундан кейингина таваккал қилишга буюрганлар.
Демак, биз ўз вазифа ва амалларимизни бажаришимиз, Аллоҳнинг, пайғамбарларнинг амрини бажаришда ялқовлик қилмаслигимиз керак.
Эй фарзандим! Агар дунёю охиратда бахтга эришишни ҳоҳласангиз, амални бажаринг ва оз бўлса ҳам, доимий амал қилинг. Аллоҳнинг ҳузурида энг севимли ва энг барокотли амал – оз бўлса ҳам, давомий бўлган амалдир. Оз бўлса ҳам, доимий бўлиб турган иш кўпаяди, шунинг учун ўзингга тоқатингдан ортиқ амални юкламагин, бу нарса зерикишга ва амалдан нафратланишга олиб келади. Қариганда дам олиш учун ёшлигингда ишла, бугунги ишни эртага қолдиришдан эҳтиёт бўл. Ўз кучингга ишон, бир кунда икки кунлик вазифани адо этишга ҳаракат қил. Сизга қуён ва тошбақа ҳикоясини мисол келтирамиз. Қуён тошбақа билан маълум бир жойга ким биринчи боришга шартлашибди. Қуён ўзининг тезлигига, енгил ҳаракат қила олишига ишониб, ўз ўзига «Кечаси ухлайман, эрталаб туриб, тез ҳаракат қилиб, тошбақадан аввал етиб оламан» дебди. Тошбақа бўлса «Менинг ҳаракатим секин, шунинг учун кечаси билан ухламаслигим керак, кечаси билан юриб чиқишим керак» дебди. Тошбақа оз оздан ҳаракат қилишда давом этибди. Қуён эса уйқудан туриб, тез ҳаракат қила бошлабди. Шунга қарамай, бу ҳаракатлари унга ҳеч қандай фойда бермабди, секин бўлса ҳам доимий ҳаракатда бўлган тошбақа бу мусобақада ғолиб чиқибди. Сиз ҳам қуён каби эмас, тошбақа каби бўлинг, шунда улкан саодатга ва доимий бахтга эришасиз.
 
Муҳаммадали таржимаси
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri