Умрингиз узун бўлишини хоҳлайсизми Принтер учун
08.07.2012 й.
Дунёга келган ҳар бир инсон умри узун ва ризқи кенг бўлишини хоҳлайди ва қўлидан келганча  шу хоҳиши амалга ошиши учун интилиб яшайди. У узоқ умр кўриш учун нима нарсани сабаб деб билса ўша нарсани бажаришдаги барча қийинчиликларни ҳеч иккиланмасдан зиммасига олади ва қийналиб бўлсада уни бекаму кўст адо этишга ҳаракат қилади. Шунга кўра узоқ умр кўриш учун сабаб қилиб қўйилган: тоза ҳавода юриш, яхши озуқаларни истеъмол қилиш, бадантарбия қилиш каби амалларини бажараришга ҳар бир киши  уриниб яшайди. Аммо ҳамма хоҳлайдиган узоқ умр кўриш ва ризқи кенг бўлишга эришиш учун фақатгина мазкур амалларга ўхшаш ақл билан билинадиган ишларгина сабаб қилиб қўйилмаган. Булардан бошқа ва буларга қараганда бажарилиши осонроқ бўлган муҳим сабаб ҳам бўлиб, бу сабабни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганлар: 

عَنِ ابْنِ شِهَابٍ قَالَ أَخْبَرَنِى أَنَسُ بْنُ مَالِكٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ r قَالَ :« مَنْ أَحَبَّ أَنَّ

يُبْسَطَ لَهُ فِى رِزْقِهِ وَيُنْسَأَ لَهُ فِى أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ »      رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, менга Анас ибн Молик хабар берди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Ким ризқи кенг қилинмоқлигини ва ажали[1]  кечиктирилмоқлигини яхши кўрган бўлса қариндошчилик алоқаларини боғласин. Бухорий ривояти

Шарҳ: Ушбу ҳадисда қариндошчилик алоқаларини боғлашлик, ризқнинг кенг қилинишини ва ажалнинг кечиктирилишини юзага чиқарувчи сабабларидан эканлиги баён қилинган. Дунёда ҳар бир вужудга келадиган нарса учун унинг сабаблари ва йўл –йўриқлари  Аллоҳ таоло томонидан таъйин қилиб қўйилган. Бирор нарсанинг сабаби рўёбга чиқарилмас экан ўша сабабга боғланган нарсалар ҳам рўёбга чиқмай қолиши сабабият қонуни сифатида жорий қилинган. Шу маънода кишининг бирор манфаатли ишни қилиши бошқаларнинг уни яхши  кўришларига  сабаб қилиб қўйилганидек, қариндошлик алоқаларини боғлаши умрининг зиёда бўлишига ва ризқининг кенг қилинишига сабаб қилиб қўйилган. Уламоларимиз сабаблар ҳақида қуйдаги ажойиб гапларни айтганлар:

 “Дунёда бирор нарса вужудга келиши учун қўйилган сабаблар иккитадир: 1. Ҳис этиладиган.        2. Ҳис этилмайдиган.

 Ҳис этиладиган сабаблар ақл билан билинадиган, ҳис қилиш аъзолари орқали идрок этиладиган нарсалардир. Ҳис этилмайдиган сабаблар эса ақл билан билиб бўлмайдиган, ҳис қилиш аъзолари идрок эта олмайдиган нарсалардир. Ҳар иккаласини ҳам барча нарсага қодир бўлган Зот сабаб қилиб қўйгандир.”

Яъни инсон тоза ҳавода юриши аъзоларининг соғлом бўлиши учун зарур эканлигини ва бу нарса аъзоларининг узоқ муддат ишлашига сабаб эканлигини ҳис эта олади. Аммо қариндошчилик алоқаларини боғлашнинг соғлом бўлишга ва аъзоларнинг узоқ муддат ишлашига нима алоқаси борлигини ҳис эта олмайди. Охиратга аниқ ишонган мўмин банда Ҳар иккаласини ҳам барча нарсага қодир бўлган Зот сабаб қилиб қўйгандир” дейди ва бу бўлиши аниқ аммо инсоннинг ҳис қилиш аъзолари идрок эта олмайдиган нарсалардандир деган тушунчада бўлади.

Аллома Тафтазонийнинг “Шарҳу ақоид” китобида айтган сўзлари бу тушунчани янада ёрқин ифодалаб беради: “ Аллоҳ таоло, банда бу тоатни қилмаганда унинг умри қирқ йил бўлишини лекин уни қилиб умри етмиш йил бўлишини билган. Агар бу тоат бўлмаганида мазкур зиёдалик ҳам рўёбга ошмаслигини  Аллоҳ таолонинг азалдан билиши эътиборидан  бу зиёдалик ўша тоатга нисбат берилган

 Хулоса қилиб айтганда соғлом бўлиш, тоза ҳавода юриш, бадантарбия қилиш каби ишларни узун умр кўришликка сабаб қилиб қўйган Зот, қариндошлик алоқаларини боғлашликни ҳам узун умр кўриш учун сабаб қилиб қўйгандир. Аллоҳ таоло барчамизни атрофдагиларимизга яхшилик қиладиган, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлайдиган ва бунинг самараси ўлароқ ризқи кенг, умри узун бандалардан қилган бўлсин.

 

Абдулқодир Пардаев



[1] Ажал- луғатда: “Кейин келмоқ”, “Чегара” каби маъноларни англатади. У ҳаётдан кейин келгани ва унинг чегараси бўлгани учун шундай номланган.  

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri