Инсон динини муҳофаза қилиш мақсади Принтер учун
01.08.2012 й.
Дин тўғрисида олиб борилган илмий ишлар натижасидан аён бўладики, диндорлик барча башариятнинг умумий сифати бўлиб, унда қадимгилар ҳам, ҳозиргилар ҳам баробардир.
Ҳеч бир халқ динсиз бўлмаган. Кўпчилик олимларнинг фикрича, Аллоҳ, дин каби тушунчалар инсоннинг асли табиатида мавжуд бўлиб, бу тушунчани уларга одатдан ташқари куч, яъни Аллоҳнинг Ўзи бергандир.
Агар биз миллионлаб ўта ақлли кишиларнинг Аллоҳга ишониш сабабларини санамоқчи бўлсак, саноғига ета олмаймиз. Лекин ана шу сабабларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг борлигига далолат берувчи кучли далиллардир. Инсоннинг ақлини лол қолдирадиган нарсалардан бири шуки, мана шу юқорида зикр этилган ҳақиқатни Қуръон 15 аср муқаддам таъкидлаб ўтган. 

Аллоҳ таоло «Рум» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Бас, сен ҳаққа мойил бўлиб, динга юз тут. Бу фитрат, Аллоҳ одамларда яратган асл табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу дин қаййимдир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар. (Ҳар бир нарсада) Унга қайтгувчи бўлароқ, У зотга тақво қилинг, намозни тўкис адо этинг ва мушриклардан бўлманг». (30, 31-оятлар)
Қуръон Карим дин инсоннинг асл табиатидаги бор нарса эканини таъкидламоқда. Инсон, аслида, борлиқнинг яратгувчисига ва бу яратгувчининг ягона эканлигига ишонадиган бўлиб туғилади. Агар инсон ўзи ёлғиз қолиб ўйлаб кўрса, муқаррар шундай фикрга келади. Лекин Қуръони Каримда айтиб ўтилганидек, бу ҳақиқатни кўпчилик билмайди. Одамлар диндорлик инсоннинг асл табиатида борлигини тушуниб етмайдилар. Фақат, чуқур ўйлаганлар, илмий изланиш олиб борганларгина буни тушуниб етишлари мумкин. Ҳеч ажабланарли ери йўқ, бу Қуръони Каримнинг мўъжизасидир!
Пайғамбар алайҳиссалом ҳам шу маънода қуйидаги ҳадисни айтганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф-табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади», – дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Инсонинг бахти, саодати учун жорий бўлган Ислом дини инсоннинг динини муҳофаза қилишни ўзининг бош мақсадларидан бири қилиб белгилаган. Ушбу мақсадга эришиш учун керакли чораларни кўрган.

1. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш учун Инсонларга диндорлик таянчи бўлган иймон асосларини тарғиб қилди ва куфрни қоралади.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай деб марҳамат қилади:
«Расул унга ўз Роббидан туширилган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Барча, Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Расулларига иймон келтирди. Унинг Расулларининг бирорталарини ажратмаймиз. Ва эшитдик ва итоат қилдик, (эй Роббимиз,) мағфиратингни сўраймиз ва қайтиб бориш Сенгадир, дедилар». (285-оят)
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Унинг Расулига, У Ўз Расулига туширган китобга ва бундан олдин туширган китобга иймон келтиринг. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Расулларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашибди». (136-оят)
Мусулмон одам Аллоҳга, Унинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмоғи лозим. Бу иймон уни ўзини яратган холиқи, доим тарбияткунандалик қилиб турувчи Робби билан боғлайди. Бу иймон уни ўз Робби томонидан юборилган ва уни ҳидоятга бошлайдиган йўлбошчи бўлмиш Пайғамбар ва унинг пайғамбарлиги билан боғлаб туради. Бу иймон уни ўз Робби томонидан ўз Пайғамбарига туширилган илоҳий дастур Қуръони Карим билан боғлаб туради. Бу иймон уни Қуръондан олдин келган илоҳий китоблар билан боғлаб туради.
Иймоннинг асосий унсурларидан яна иккитаси оятнинг иккинчи ярмида, манфий ҳолдаги зикрда, яъни кофирларнинг ҳоли васф қилинганда келган:
«Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Расулларига ва охират кунига куфр келтирса, батаҳқиқ, қаттиқ адашибди.»
Демак, фаришталарга ва охират кунига иймон келтирмасликнинг ҳам, бошқа асосий унсурларга куфр келтириш каби, оқибати ёмон бўлади. Уламолар: «Бу икки унсурнинг айнан шу жойда зикр қилиниши, булар кофирга таҳдид солувчи, уларни қўрқитувчи нарсалар бўлгани учундир», дейишади. Иймоннинг мазкур асосий унсурларига ёки улардан бирортасига ишонмаслик – куфр келтиришдан кўра қаттиқроқ адашиш йўқдир.

2. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш учун иймон-эътиқоднинг ақлий ва илмий ҳужжатлар асосида бўлишини таъминлади.
Қуръони Карим осмонлару ердаги ва Аллоҳ яратган бошқа нарсаларга назар солиб иймонли бўлишга чақиради.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида шундай деб марҳамат қилади.
«Осмонлару ернинг мулкларига, Аллоҳ яратган нарсаларга ва, ажаб эмаски, ажаллари яқинлашиб қолган бўлишига назар солмайдиларми? Бундан кейин, яна қайси гапга ишонадилар?!» (185-оят)
Атрофга зеҳн билан назар солган инсон учун Аллоҳнинг борлиги, ягоналиги ва қудратига далолат қилувчи далилларни топиш оғир эмас. Улар ҳар қадамда исталганча тўлиб ётибди. Осмонлару ердаги каттаю кичик ҳар бир нарса Аллоҳнинг қудратига далолат қилади.
Бутун борлиқни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. Энг кичик зарралар ҳам, ҳужайралар ҳам шундан гувоҳлик беради. Фақат, бу нарсаларга эътибор назари билан, инсоф назари билан, ўзининг инсон эканлигини тўла тушунган ҳолда қараш керак, холос. Энг муҳими, эртага ўлишини, бу дунёга устун бўла олмаслини инсон фикрлаши керак.
Қуръони Карим ўз атрофига ибрат назари билан қараб илм асосида иймонга юзланмайдиганларни қаттиқ қоралайди.
Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида марҳамат қилади:
«Улар осмонлару ердаги қанчадан-қанча оят-белгилар қаршисидан юз ўгирган ҳолларида ўтадилар». (105-оят)
Яъни уларга эътибор қилмайдилар. Улардан ибратланиб, ваъз-насиҳат олиб, иймонга келмайдилар. Инсон яшаб турган борлиқнинг ҳар бир қаричида Аллоҳнинг борлигига, бирлигига, қудратига, тадбирига, билувчилигига ва бошқа комил сифатларига далолат қилувчи оят-белгилар, далил-ҳужжатлар мавжуд. Лекин одамлар ўша ҳужжатларга, оят-белгиларга эътибор билан қарамайдилар. Шунинг учун ҳам иймонга келмайдилар.
Қуръони Карим иймон-эътиқод масаласида ақл ва илмга эргашмасдан кўр-кўрона тақлид қилишдан қайтаради.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай дейди:

«Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз», дерлар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳама?!» (170-оят)
Динсизлар Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашишдан бўйин товлаб, ота-боболаридан қолган нарсаларга эргашишни афзал билишади. Бу ақлсизликдан бошқа нарса эмас. Аллоҳнинг амри турганда, ундан бошқа нарсага ҳам эргашиладими? Қолаверса, отабоболари ким ўзи? Эҳтимол, ақлсизликлари оқибатида хато йўлларда юрган одамлардир улар? Балки, ҳидоят топмай, залолатда қолган одамлар бўлгандирлар?

3. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш учун дин арконларига ва ибодатларга амал қилишни жорий қилди.
Динни муҳофаза қилиш эътиқодга оид масалаларга ишониб қўйиш билангина юзага чиқмайди. Балки, динда рукн бўлган фарз ибодатларни ва зиёд тарздаги нафл ибодатларни бажариш ила юзага чиқади. Шунинг учун Ислом шариатида намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатлар диннинг рукни – устуни қилинган ва уларни бажариш фарз – мажбурий бўлган. Ушбу ибодатларни бажариш ила инсоннинг дини муҳофаза қилинади. Чунки мазкур ибодатлари бандани диннинг эгаси – Аллоҳ таолога доимий тарзда боғлаб туради ва у билан бўлган алоқани мустаҳкамлаб боради.
Фарз бўлмаган нафл ибодатлар эса бандани Роббига яна ҳам яқинлаштиради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Аллоҳ таоло айтади: «Ким менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қилурман. Бандам Менга Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила яқинлаша олмас. Бандам менга нафллари ила яқинлашишда бардавом бўлса, Мен унга муҳаббат қилурман. Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман. Агар Мендан сўраса, албатта, унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни Ўз паноҳимга олурман. Ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса, унга ёмонлик қилишни истамайман».
Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган.  
Демак, Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун банда, аввало, ўзига фарз қилинган нарсаларни ўрнига қўйиб адо этадиган бўлиши керак. Фарз амалларни бекаму кўст адо қилган банда Аллоҳ таолога яқин бўлар экан. Фарз амалларни қилмай туриб, Аллоҳ таолога яқин бўлиш ҳақида ўйлаб ўтириш ҳам мумкин эмас экан. Фарз амалларни тўлиқ адо этиб, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилган бандалар У Зотга янада яқинроқ бўлиш имконига эга эканлар. Бунинг учун улар нафл ибодатлар билан машғул бўлмоқлари лозим экан.

4. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш учун диндорликка чақириб, динсизликдан қайтаришни йўлга қўйди.
Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида бундай деб марҳамат қилади:
«Юзингни динга тўғри тут. Мушриклардан бўлма.
Аллоҳдан ўзга – сенга манфаат ҳам, зарар ҳам бермайдиган – нарсага илтижо қилма. Бас, агар шундай қилсанг, унда, сен золимлардан бўласан». (105, 106-оятлар)
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида шундай дейди:
«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва гўзал мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила энг гўзал услубда мужодала эт. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир». (125-оят)
Ҳақиқий иймон ўз эгасини яхши амалга – Аллоҳнинг айтганида юришга бошлайди. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда жаннат неъматларига эриштирувчи иймон ҳақида сўз кетганда, унинг ортидан солиҳ амал ҳам зикр этилади.
Ҳақиқий иймон ўз соҳибининг қалбидан яхшилик булоқларини отилтириб чиқаради. Аллоҳ таолога бўлган иймони ва солиҳ амали эвазига инсон гуноҳлари кечирилишига ва жаннатга кириш ҳуқуқига эга бўлади. Бундай бахтли кишилар жаннатга ҳам шунчаки кирмайдилар, балки уларга жаннатда турли-туман ноз-неъматлар ва ҳузур-ҳаловатлар ато этилади.
Иймонсизлик тўғри йўлдан адашишдир. Тўғри йўлдан адашганлар ҳеч қачон мақсадга ета билмайдилар. Аввало, бу дунёда мақсадга эриша олмайдилар. Чунки уларнинг иймони йўқ, энг тўғри йўлга ҳидоят қилувчи Қуръони йўқ. Шунингдек, охиратда ҳам мақсадга эриша олмайдилар. Бу ҳам иймонлари йўқлиги, энг тўғри йўлга ҳидоят қилувчи Қуръонлари йўқлигидандир. Натижада, улар ўзларини турли йўлларга урадилар. Ҳавойи нафслари айтган кўйларга тушадилар. Ўзларига н има фойда ва нима зарарлигини билмай, турли ёмон ҳолатларга гирифтор бўладилар. Шунинг учун ҳам Ислом инсон динини муҳофаза қилиш мақсадида уни динга чақиради ва динсизлик, иймонсизликдан қайтаради.

5. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш учун эътиқод ва диндорлик эркинлиги берилиши ва уларни ҳимоя қилинишини таъминлади.
Исломда эътиқод эркинлигини белгиловчи асосий Қоида «Бақара» сурасидаги қуйидаги оятда баён қилинган:
«Динда мажбурлаш йўқдир. Батаҳқиқ, рушду-ҳидоят адашувдан аён бўлди». (256-оят)
Бу қоидада инсоннинг ақли борлиги, Аллоҳ унга ҳидоят ва залолат йўлини аён қилиб қўйгани, биров мажбур қилмасдан ҳар ким ўзи хоҳлаган йўлни танлаб олиши баён қилинган. Ҳа, динга кириш маъносидаги Исломий қоида шундан иборат. Хоҳлаган одам Исломга кириб мусулмон бўлсин.
Дин танлашда мажбурлаш йўқ. Ҳар ким ўзи хоҳлаган динга кирсин.
Ҳа, Исломда мўмин ёки кофир бўлиш ҳар кимнинг ўз хоҳишига боғлиқ қилинган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Каҳф» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Сен: «Бу ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», – дегин». (29-оят)

6. Ислом шариати дин муҳофазаси учун ватанни ҳам тарк қилишни жорий қилди.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида марҳамат қилади:
«Ким Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўпгина паноҳгоҳлар ва кенгчилик топадир. Ким уйидан Аллоҳ ва Расулга ҳижрат қилиб чиқсаю, сўнгра унга ўлим етса, албатта, унинг ажри Аллоҳ зиммасидадир. Ва Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли Зотдир». (100-оят)

7. Ислом шариати динни муҳофаза қилиш учун уруш қилишни жорий қилди.
Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Ўзларига қарши уруш очилганларга, уларга зулм қилингани учун, (урушга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир». (39-оят)
Ушбу ояти карима ҳижратдан кейин нозил бўлгандир. У мусулмонларга кофирларга қарши уруш қилишга изн берувчи биринчи оятдир. Бунгача, ҳатто ҳимоя учун ҳам, кофирларга қарши жанг қилишга рухсат йўқ эди. Мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у кишининг саҳобаи киромларига истаганларича азоб, озор беришар, зулм қилишар эди. Саҳобаи киромлардан баъзилари калтакланган, ярадор бўлган ҳолларида келиб, бошларидан ўтган ноҳақлик ва зулмдан шикоят қилсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сабр қилинглар, менга уруш қилиш учун изн берилгани йўқ», – дер эдилар.
Ва ниҳоят, ушбу ояти карима нозил бўлди. Бу оятда мусулмонларга уруш қилишга рухсат мазлум бўлганлари, азоб-уқубатга қолганлари учун берилгани очиқ-ойдин айтилмоқда.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Мукаммал саодат дастури)

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz