Замонамиз одамлари (воқеи ҳикоялар) Принтер учун
02.08.2012 й.

УЧРАШУВ

      Атрофга зулмат ўз рўмолини ёйган, кўча-куйда одамлар кун аввалидаги харакатларини такрорларди. Кундузги иссиқ тафт сабаб бўшаб турадиган хиёбон ўриндиқлари кечга бора одамлар билан тўла бошлайди. Чироқ жилосида баланд-баданд гумбазлар яна ҳам чирой касб этган.
      Салимнинг ҳам бошқалар сингари қуёш ер билан хайрлашиши биланоқ хиёбон томон йўналиши одатга айланаёзди. Бошқа ўриндиқлар болалар, оналар, ёш-йигит қизлар билан банд бўлса, у ёлғиз майдонни бургут самодан ерни кузатгандек кузатиб ўтирарди. Ўйинқароқ бола ўйнаётган коптокдек гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа сапчийдигаан Салимни бу холати хақида нима дейишни ҳам билмайсан. Балки уйидаги қизалоғини соғингандир. Танишлари билан сухбатлашганда гап орасида оиласини соғинганини ўзи сезмаган ҳолда билдириб қўярди.
     Узоқроқдан Абдукаримнинг шарпаси кўринди, сал яқинроқ келганда Салим одати бўйича:
– Ҳа, мулла Абдукарим ҳааа чатоқсиз... қизлар билан ааа, кийиниб олиб, учрашувдан қайтаяптилар шекилли. Ҳар куни қаёққадир бориб келасиз. Битта яримтаси билан... а тағин! Учрашув қалай ўтди!?
    Абдукарим юзида табассум билан:
– Тўғри айтдингиз, сиздан бирор нарсани яшириб бўлармиди. Учрашувдан келаяпман. Ҳа, биз учрашмасак тура олмаймиз. Мен унинг ёнида турсам бутун борлиғимни унитаман. Биз ҳар куни учрашамиз.
     Салим ҳазили рост чиққанидан, ўнғайсизланиб, бу юввош бола чатоқ чиқди-ку дея энди сўзга чоғланган эди, Абдукарим гапида давом этди:
– Мен билан яна жуда кўп одам бор эди. Сафларимиз тиғиз, бир текис, худди маржондек терилган,– дея Абдукарим Салим ўтирган ўриндиқдан узоқлашди.
     Салим ҳеч нима демай майдон томон узоқларга тикилиб қолди.

СЕН БИЗ БИЛАН МУДОМ БИРГАСАН

       Рамазон киришига ҳам саноқли кунлар қолди. Кунлар бўлса борган сари исиб бормоқда. Дўконларда салқин ичимликлар бозори чаққон. Ҳамма ўзини соя-салқин жойга урган. Кўп ҳолларда сухбатларнинг оқими кундалик мавзулардан тезда об-ҳаво, бу йилги ёз фасли иссиқ келганлигига бурилади.
       Акбарали янги ишга кирганлиги боис, мана доигидек, талабалик вақтидагидек, иссиқми, совуқми секин-аста уйи томон одимлаб бормоқда. Бугун шанба бўлганлиги учун ишдан вақтлироқ қайтди. Йўлда кетар экан кечаги жумъа намозидаги маъвизани ва унинг охиридаги Муборак Рамазони шариф ташрифи яна бир бор эслатилганлигини ҳаёлидан ўтказди. Ўша куни одатдагидек масжиддан одамлар ўз кундалик ишларига йўналди. Акбарали хонақонинг гўзал нақшинкор шифтига термулганча, сен Буюксан, сенинг неъматларингни санаб адоғига етиб бўлмас, Рамазон-чи, бу шундай улуғ неъматингки, қани энди буни тўлиқ анлай олсак,... эй Буюк Зотнинг раҳмат ойи, сен биз томон шошмоқдамисан, сен ҳам бизни соғиндингми,... сен жуда яхши ойсан, марҳабо эй ажойиб кунлар! Акбарали шу сўзларнинг айтар экан кўзларидан оққан ёш юзини ювди. Бу пайтда хонақо анча бўшаб қолган, у атрофга қараркан имом домла билан саломлашаётган саноқли одамларга кўзи тушди. Имом домланинг таъсирли маърузаларини эшитиш мақсадида бу масжидга тез-тез келиб турадиган Акбарали одати бўйича домла билан саломлашиб, яқинлашиб келаётган муборак ойлар билан бир бирларини қутлашди. Шуларни ўйлаб бораркан, йўлининг ярмини босиб ўтибди. Иссиқ қуёш, унинг устига уйи ҳам иш хонасидан яёв юрганда бироз узоқлиқ қилади. Шунинг учун ҳаёл билан уйига яқинлашиб қолганидан анча хурсанд бўлди. Айни пешин бўлсада, кўча одамлар билан тўла, қушлар ҳам, одамлар сингари, яшил майсаларга майин отилаётган сувга ўзини ўриб гоҳ учади, гоҳ сакрайди. Бири учиб, бошқаси келади.
      Уйга кела солиб ўзини салқин ўрин кўрпасига урди. Кўзини очганда муаззин асрга азон айтаётган эди. Асрни адо қилгач, ишига таалуқли китобни жавондан излаётиб ёнда олиб юришга мўлжалланган кичкина ғилофли Қуръони каримига кўзи тушди. Кўрди-ю, юзига босиб, уни охирги марта қачон очиб тиловат қилганини эслолмай, кўнгли бузилди. Энди уни ёнида олиб юришга қарор қилди. У одатда бу вақтда ҳеч нарса ўқимас, бугун негадир, иш учун зарур бўлса керак, китоб, ёзгич, қоғоз ва шунга ухшаш нарсаларни излаб қолди. Асосан шомдан кейин у Қуръон тиловатига киришар, маъносини англай олмай қолса, ўша оятни такрор-такрор ўқийверар эди. Қуръонни тушунишдек улуғ неъматга эга эканлигидан ич-ичидан хурсанд бўлар эди.
        Эртага Рамазоннинг биринчи куни! Акбарали буни кўнглидан ўтказиб, ҳар доимгидан олдинроқ, ўзгача хурсандчилик билан биринчи таровеҳ намозини адо қилиш учун масжидга йўналди. Муаззин баралла овози билан азон айтади. Акбарали йўлдаги ўриндиққа ўтириб атрофга таралаётган овоз самодан тушаётгандек, ёниб-ўчиб, гўёки яқинда ўчган оловдан қолган чўғ мисол липпиллаб турган юлдузли осмонга назар сола бошлади. Атроф бу кеча Акбаралига одатдагидан бошқача кўрина бошлаган эди. Енгил хуфтон намозидан сўнг, ҳамма Рамазоннинг илк таровеҳ намозига турди. Қори Қуръонни тиловат қилар экан, барчанинг қалбига Рамазон таровати секин-аста билина бошлади. Дастлабки тўрт раакатдан сўнг гўзал тасбеҳ янгради:
–    Марҳабо эй Рамазон ойи, ҳуш келдинг раҳмат ойи!

Акбарали ва одамлар жўр бўлишди, биргалашиб Рамазонга ҳуш келибсан дейишди, ҳаммалари ўзида йўқ хурсанд эдилар.
       Ифторлик дастурхонларида ҳамма нарса бор, жуда баракали, одамлар кундуз куни ҳам доигидек ўз кундалик юшимларини адо қилишиб, мана муздек сувлардан ичиб, мевалардан тановул қилиб роҳатланиб ўтиришибди.
       Секин-аста кунлар ҳам билдирмай утиб бораверди. Рамазон бошлангандан буён одамлар юзу кўзларида бошқача кўтаринкилик намоён бўлган. Ҳар кун бошқасидан файзли эди. Кечки ибодатларда эса қорилар Қуръон зиёсидан одамларни баҳра қилар эди. Раакатлар орасида роҳатланиб, берилиб тасбеҳларга жўр бўлишади. Хурсандликларини шу билан намоён қиладилар. Акбарали ҳам одамларнинг бири бўлиб қорининг тиловатига сомеъ бўлади. Ишдан кела солиб масжидга тараддудланади, кўп ҳолларда оёғида зўрға туриб, фикрини жамлай олмаётганидан хафа ҳам бўлади. Ажиб тиловатда ўтаётган чақириқ, хушхабар, огоҳлар ва қайтариқларга ақли жавоб қилсада, қалби негадир хотиржамдек туюлаверарди. Акбаралининг кунлари шундай ўта бошлади.
         Бугун ҳам Акбарали дўстлари билан ўтказган ифторликдан қайтиб, озода кийимлар билан севимли масжиди томон йўналди. Гўё унинг бутун умри шундай ўтгандай ва қолгани ҳам  шундай хурсандчиликда ўтадигандек эди. Масжидда ўтираркан Қадр кечаси ҳам ўтиб, ўша кечадаги катта олимнинг маърузаларини эслаб ҳаёлга чўмди. Ҳаммаси ажойиб эди, одамларнинг масжидга оқиб келиши, қайси масжидга борилса, қориларнинг бири-биридан гўзал тиловатлари! Ана шундай завқ билан кечки ибодат адо қилина бошлади. Тўсатдан таровеҳнинг сўнги раакатларида Акбаралининг қувончи ўрнини тушкунлик, кўзларию юзидаги мамнунликни энди маъюслик эгаллаган эди. Нима бўлди экан? Телефонда бирон ёмон хабар эшитдимикан? Лекин доим у телефонини намоздан олдин ўчиришни унитмасди. Ёки хотини билан тортишиб қолгани... йўқ, ахир у уйланмаганку, унинг устига бирор ёқтирган қизи турмушга чиқиб кетаётгани эсига тушиб қолган десак ҳам, у кўчадаги ёшлар каби қиз боланинг қўлидан ушлаб юрадиганлардан эмас, бирорта қиз рўпарасидан чиқиб қолса ҳам, тағин кўнгли бузилмасин деб бир бор назар ҳам ташлаб қўймайди. Бў пайтда, баралла овозда атрофга бир ажиб садо таралаётган эди:
–    Алвидо ё Рамазон, хайр э раҳмат ойи!

      Акбарали бўлса, хонақонинг гўзал нақшинкор шифтига термулганча, сен Буюксан, сенинг неъматларингни санаб адоғига етиб бўлмас, Рамазон-чи, бу шундай улуғ неъматингки, қани энди буни тўлиқ анлай олсак,... эй Буюк Зотнинг раҳмат ойи, сен нега бунча шошмоқдасан, сен бизни тарк этасанми,... сен жуда яхши ойсан,... у бироз тухтаб, сўнг, нима ҳам дейман,  алвидо эй, унитилмас кунлар, деди. Акбарали шу сўзларни айтар экан кўзларидан оққан ёш юзини ювди. У тиззасини қучганча бошини қуйи солиб бир муддат ўтириб қолди, атрофда эса ўша овоз баралла янграр эди. У одамлар орасида бу куйи ўтириш яхши ҳолат эмаслигини англаб энди қўзғалган эди, кўкрак чўнтагидан бир нарса кўксига урилди. Шунча вақтгача кўп бор чўнтагидаги бу нарса кўксига урилиб билиниб турарди, лекин бу гал Акбарали уни қўлига олди, юзига босиб, бир нуқтага термулиб қолди. Нималар ҳаёлидан ўтди экан? Сўнг уни чўнтагига жойлаб жамоатга қўшилиб қулоқ қоқди. Қолган раакатлар ҳам адо қилинди. Дуодан сўнг одамлар секин аста уйлари томон қўзғалишди. Акбарали хонақонинг гўзал нақшинкор шифтига термулганча, сен Буюксан, Сенинг неъматларингни санаб адоғига етиб бўлмас, Қуръон-чи, бу шундай улуғ неъматингки, қани энди буни тўлиқ англай олсак,... эй Буюк Зотнинг раҳмати, сен биз томон  доим шошгансан, сен биз билан  мудом биргасан,... сен жуда яхшисан,... сен биз билан  мудом биргасан э ажойиб кунлар! Бу пайтда хонақо анча бўшаб қолган, у атрофга қараркан имом домла билан саломлашаётган саноқли одамларга кўзи тушди. Акбарали одати бўйича домла билан саломлашиб, кўтаринки кайфиятда яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ҳайити билан бир-бирларини қутлашди.

БЕЖИЛОВ ҲИС

– Дўстим, сиз-ку бир ҳафтанинг ичида бу иккинчи китобингиз, ўзимизнинг соҳа бўйича бўлмаса-да, лекин фойдали бўлган нарсани ўқиб тугатяпсиз. Мен ҳам китоб ўқишни яхши кўраману, лекин нимагадир, ... яқинда мен ҳам бошлайман. Янги чиқаётган китобларни бирортасини қолдирмай олиб қўйганман. Айниқса бобом жуда қизиқадилар, охирги уйимга борганимда китобларни ташлаб келмаганимда улардан сиз ҳам фойдаланган бўлар эдингиз.
– Нозимбек, яхши китоб экан, улуғ инсонларнинг қандай қилиб бу каби мартабаларга эришганлиги ҳақида очиқ ва ёрқин мисоллар келтирилган, шундан оз бўлса ҳам фойда ҳосил қилса бўлади.
Мадина шаҳрининг чиройли биноси тасвири солинган қалин кўркам муқовали китобни ерда ўтирганча ўқиётган Абдуллоҳ Нозимбекни яхши ётиб туринг деган гапига бош силкиб қўйди. Бошлаганига бир ярим кун бўлган бу китобни Абдуллоҳ тугатишига учдан бир қисми қолган эди. Нозимбек одатда ярим тунгача дарс қиладиган, бошқа талабалар ҳам бу вақтда касал бўлишмаса бошларини ёстиққа қўймас эдилар. Ҳеч бўлмаганда бирортасининг компьютеридаги фильм ёки расмларни кўриш билан банд бўлишади. Чироқнинг ёриғиданми, Нозимбек юмшоқ ўрнида у ёқдан бу ёққа ағнаб, ўрнидан туриб ўтириб олди. Одати бўйича бошқалар бирор иш билан машғул бўлиб турса, ҳеч ҳам ортда қолмайдиган Нозимжон бу гал ҳам қўлига компьютер соҳасига оид қалин китобни олиб овқатланадиган хонага чиқиб кетди. Гоҳ тақиллатиб, гоҳ индамай эшик очиб кириб келган болалардан бири:
–    Мана бу қандай таржима қилинади, - дейди, яна бири:
–   Навбатчи сизлармасми, эй, ҳаа, нечанчи хона бу ўзи, узр...
 Абдуллоҳ уларга эътибор бермай китоб ўқиётганини кўриб индамай чиқиб кетишади. Доим очиқ турадиган ётоқхона ошхона деразасида кимдир ўтириб олиб телефонда гаплашаяпти:
–    Розимисиз, унақамас-да, нима қилсам, ўша воқеани унитасиз, розиман денг, ахир? Мени бунча қийнамасангиз, онамлар сизларникига бормоқчи эди!
     Деразани аҳён-аҳёнда бармоқлари билан тақиллатиб қўяётган дарахтга қасдма-қасдига шамол қолган баргларини ҳам ерга тукишга шошади. Ётоқхона рўпарасидаги бинода зўр бериб қўлларини харакатлантириб бир нималарни вазифадошларига (ҳойнаҳой пастки курс талабаларига) тушинтираётган болани ҳам, ундан пастки қаватда баланд овозда тиловат қилаётган қўқон дўппили болани ҳам кўчада тиллоранг баргларни қувлаб юрган шамол безовта қилаолмайди.  Шунингдек, Абдуллоҳни бу зулматдаги изғирин эмас, балки қўлидаги китоб араб саҳроси томон йўналтириб бўлган эди, аллақачон. Наинки бу шамол, энди, ҳатто дарахтларни илдизи билан қўпорувчи бўрон тўрса ҳам уни китобнинг шонли ўтмиш сари йўл очган маърифат эшигига зарар етказа олмайди, бу остонани хатлаб ўтганларни ўзига қарата олмайди, қалбларида ваҳима ўйғота олмайди.  
       Абдуллоҳ китобни ўқиб борар экан Жамал, Сиффин воқеалари кўз олдида намоён бўла бошлади. Китоб измига бутун борлиғини топширган, китоб қаҳрамонларининг ёнида гоҳ Маккага йўл олган учликнинг туясини етаклайди, гоҳ катта қўшинда жангга ҳозирлик кўриб турган аскарларга совут ва қиличларини тайёрлайди, гоҳ майдоннинг ўртасида туриб, қўлини осмонга қилиб нималардир деб нидо қилади ва югира-югира жонсиз танадек қумга қулайди. Ахири Абдуллоҳнинг идрок ва ақл қўл-оёқлари ҳолсизланса-да, қалб уйини безаб турган иймон ганжлари яна ҳам ёрқин бўлди, илм-маърифат дарёсини ихлос осмонининг амал ёмғирлари тўлдирди, ботинда жунбушга келган ҳис-туйғу унинг ташида ҳам намоён бўлди.
       Қумга мадорсиз йиқилган Абдуллоҳнинг қўзлари ҳам китобга ортиқ боқолмай, китоб устига йиқилди. Икки қўшин Абдуллоҳ йиқилган нуқтада тўқнашди, қиличлар зарби, жон бераётган аскарлар овози, отларнинг кишнаши, туяларнинг ўкириши, қизилга бўялаётган араб қумлари...
     Бу ёқда эса, китоб хўл бўлди,  саҳифа ўқиб бўлмайдиган даражага келди. Тўғрироғи ёзувларни ўқиш мумкин бўлганда ҳам энди Абдуллоҳ китобни давом эттира олмасди. Унинг ичаклари узулгудек, юрак қафасидан отилиб чиқадигандек бўлди. Унинг юрак ўриши ва кўзларидан оқаётган ёш жангдаги бақир-чақир ва тўкилаётган қон билан баробардек гуё. Ичида ортиқ сув қолмади шекилли, қизарган кўзлари, доим тартибли сочининг тўзиган холати, дарё мисол юзидан оққан ёш излари билан гўё жанг майдонида яраланиб бир тепаликка суяниб ётган аскардек юмшоқ кроватига бошини осилтирди. Бир оздан сўнг у яна йиғлай бошлади, бу гал ҳам Абдуллоҳ кўзидан қуйилаётган ёшларни тўхтата олмади. Бир нуқтага тикилган кўзларидан оқаётган сувнинг шиддатини жаладан кейинги селга ўхшатса бўлар эди. Йиғи борган сари кучаяр, ҳеч тухтамайдигандек гўё. Китобдаги воқеалар бир-бир қайта жонланади. Китоб қаҳрамонининг гапирган гапини эслаганда йиғи янада кучаяди, ўзини тута олмай қолади…
      Абдуллоҳ шу ҳолда ётар экан, дарахт олдингидек секин деразани шоҳлари билан менга қара дегандек тақиллатиб қўяди, овқатланиш хонасидаги овозлар кучаяди:
–    Неча марта айтаман биз кеча навбатчи бўлганмиз, ишонмайдиганга ўхшайсиз, қават сардорига учрашинг, ҳа деб келаверар эканда...
–    Таржима бўлди, компьютерда берилган вазифани бажарамизми дегандим...
–    Ярим соатдан кейин бажарайлик ҳозир оз қолди ёзиб тугатаман...
Ошхонанинг очиқ деразасидан овоз келади:
–     Розимисиз, унақамас-да, нима қилсам, ўша воқеани унитасиз, розиман денг, ахир? Мени бунча қийнамасангиз, онамлар сизларникига бормоқчи эди!
     Рўпарадаги бинода зўр бериб қўлларини харакатлантириб бир нималарни тушинтираётган бола энди бир ўзи доскага ёзаяпти, ундан пастки қаватда баланд овозда тиловат қилаётган дўппили бола бошини партага қўйганча ётибди...
        Нозимбек хонага кириб ухлаб ётган Абдуллоҳнинг ёстиғини ёнидан китобга сув қаердан тушганлигига ҳайрон бўлиб уни дераза ёнидаги столга қўйди. Чироқни ўчириб ўзи ҳам ўрнига ётди. Қўшни ён томондаги хона деразасидан тушган хира ёруғлик муқовасига «Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳум» деб қизил рангда ёзилган усти силлиқ китобни ярқиратиб, гуё нур ундан чиқаётгандек кўринади. Ташқарида эса ҳазонлар билан қувлашмачоқ ўйнаётган шамол бино эшик ва деразаларини бир беркитади, бир очади.

 ИКРОМЖОН

         Биз ижарада турар эдик. Икром баъзан озиқ-овқат, нон ва бошқа нарсаларга мени олиб келишим учун ёнимда пул бўлмаганда, ўз ёнидан олиб келарди. Вақти келиб берганимда гўёки ҳеч нарса бўлмагандек тураверар эди. У билан кўп вақтимиз бирга ўтган. Ёнида юрар эканман бугун ҳам у билан қандайдир эсда қоларлик воқеа содир бўлишига тайёрланиб юрардим. Таътилдан сўнг ўқишга қайтар эканмиз, ижарага уй излаганимиэ эсимда, ўшанда ўқишдаги бошқа болалар Икромни Тошкентга келганидан хабардор бўлиб ҳар дақиқада телефон қилиб туришди, сўзларининг якунида ўзлари билан туришларини илтимос ҳам қилиб қўйишарди. Уларнинг қайсидир юмишларига ёрдам бериб қалбларини шод этганлигини дилимдан ўтказдим. Шу ерда мана менга жой бор экан, сизга ҳам топилиб қолар деб кетса бўларди (чамамда мен шундай қилган бўлармидим), лекин индамай мен билан уй излаб юрди. Ичимда шундай инсон билан ҳамроҳ, дўст бўлиб юрибман деб мақтаниб ҳам қўяман. Талабалик сабаб болаларда пул бўлмай қолган вақтлар учраб турарди. Икромнинг эса телефони тинмайди, аксарият, бошқа йўналиш болалари ҳам бундай вазиятларда Икромни беминнат жамғарма кассаси сифатида билар эди. Ўзида эса иккита нонга етадиган пул қолдириб бор пулини сўраганларга бериб юборганини кўп гувоҳи бўлганман. Ўшанда телефонимга қараб ҳам қўярдим, кўрардимки, диярли хеч ким телефон қилмаган бўларди. Бир куни курсдошимизнинг хожатини чиқариш учун акасидан пул сўраб телефон қилди. Қишлоқда экин-текин, мева-чева етиштириб ортганини бозорга чиқариб турувчи икромларнинг оиласи эшитишимча, маҳалладошлари олдида анча хурматга сазовор, ўтиб кетган отасини яхшилик билан эслар эканлар. Қўшни хотинлар ҳам ўз севимли қизларини шу хонадонда келин бўлиб юришини бир неча бор гап орасида Икромнинг онасига билдириб ҳам қўйган экан.
        Бир куни Икром билан дарсимиз бошқа ўқув юртида бўлганлиги учун қайтаётганимизда яёв юришга қарор қилиб сухбатлашиб келдик. Ўзимча баъзи сўзларнинг асл қайси маънода ишлатилиши борасида кўп ўйлаб юрардим. Яхшилик, чиройли амал, эзгуликлар ва шунга ўхшаш сўзлар. Онам, бировга яхшилик қилсанг ёки бирор нарса берсанг, шундай қилгинки, у одамнинг қалбининг энг тубидан садо чиқсин, беихтиёр сени дуо қилсин деган гапларини жуда кўп ўйлаб юрганимданми, Икромга айтган гапларим маъно ниҳолини онам айтган сўзлар ҳикмати суғориб турарди гўё. Ўша куни ҳар доимгидек сухбатимиз қандай қилиб олдин ўтиб кетган улуғ инсонлардек бу дунёда эзгу амаллар қилиб, яхшиликларга эришсак деган мавзуда бўлди. Икром бундай сухбатларга харис эмасми, мени гапларимни катта олимдан дарс олаётгандек эшитарди. Мен ҳам бутун илмни ўзида жам қилган одамдек сўзлашда давом этар эдим. Гўзал амал, деб гап бошладим, ўзи муҳтож бўлиб турган вақтда бирор нарсани бошқаларга улаша олиш, хеч қандай талабсиз, таъмасиз одамларнинг оғирини енгил қилиш, ҳар қандай холатда қийинми, осонми, қувончлими, аламлими, барча холатда Яратган Зот белгилаб берган чегарада туришдир. Аввало инсоннинг атрофида қанча ўзига тортувчи, зийнатли нарсалардан яхшилик, илм ва шунга ухшаш нарсаларга юз буриши эзгу иш, лекин бир инсоннинг қалбини сўзлатиш, энг тубидан қувончни отилтириб чиқариш бундан ортиқ гўзал амал борми, айтинг. Мисол учун бир қарзи бор инсонни сўраб суриштириб топинг, унинг каттароқ қарзини билдирмай тулаб секин у одамни кузатинг. Бу ёғини айтмайман, тасаввур қилаверинг у одамнинг холатини. Унинг қалбида кечаётган кечинмалардан кўра зиёдроқ ўзингизнинг қалбингиздан ўтаётган ҳисларга секин назар ташлашингизни маслаҳат бераман, Икромжон, дедим. Икромжон лом-мим демай ерга қараганча мени эшитарди. Балки ҳаёлидан қанчадан қанча одамларнинг қалбларига машъала ёққанидан хурсанд бўлаётгандир, билмадим у гўёки айбдордек ерга қараганча жим кетарди. Йўл бўйи мен гапириб кетдим, у бўлса ора –орада “ҳа, шундай” деб қўяр эди.
          Уйга ҳам етиб келдик, чарчаган бўлсакда, бозор-ўчар қилиш учун бозорга бордик. Икромжон бозорни зўр қилади-да, яхшилаб савдолашиб нарсаларни ола бошладик, мен фақат пулни санаб бериб турдим. Уйда биздан бошқа дўстларимиз борлиги учун катта тарвуз ҳам сотиб олдик. Кечга яқин бўлгани учунми бозор янада қизиган, гавжум, ҳамма ўзи билан ўзи овора. Мен тарвузни елкамга қўйиб Икром билан одамлар оралаб бозор дарвозаси томон йўналдик. Шу пайт рўпарамиздан қўлтиқтаёқда ўрта яшар амаки тарвузни неча сўмга олганимизни сўраб қолди. Икром қаердан олганини, неча сўмга олганини, яхши тарвуз эканлигини мақтаб ҳам қўйди. Мен индамай олдинроққа ўтиб кетиб Икромга, амакининг тарвуз егиси келибди деган кўйи бозорнинг гавжум манзарасига маҳлиё бўлиб борардим. Ҳалига сўрагувчи ҳам биздан анча ортда қолиб кетди. Ортга қарасам Икром ёнимда йўқ, одамлар орасидан узоқда ҳалиги тарвузчи бола билан ниманидир келишаётганини қўзим билан излаб топдим. Сўнг мен томон чопиб келиб сўмкаларни олиб шом тушаётгани сабабли тезда олдинга юриб кетди. Ортимга қараб узоқда тарвуз ушлаб юзида ним табассум билан одамлар орасидан кимнидир излаётган қўлтиқтаёқли кишига кўзим тушди. Унинг юзидаги табассум менга қуёшдан-да ёрқинроқ бўлиб кўринди.  

БЕҒУБОР  БОЛАЛИК

      Амин ака ўғли Толибга “отларга қарадингми, емини вақтида бердингми, эҳтиёт бўл емдан сўнг сув бериб қўймагин тағин” деб тез-тез таъкидлаб турадиган одатлари бор эди. Ўзи отларининг ёнида узоқ қолиб кетар, емини еб бўлгунча ўтирган жойидан турмасди. Толиб эса гоҳ ўйинқароқлик қилиб емини вақтидан сал кечроқ, гоҳ совуқ бўлганлиги сабабли ташқарига чиқишга эриниб ҳашагини бермай ҳам қоларди. Отлар ажойиб жонвор-да. Ўзига қараётган одамни қаерда, қай вақтда кўриб қолмасин кишнагани кишнаган. Бола эмасми бу ҳолатлар туфайли Толибнинг қувончи ичига сиғмайди. Баъзан у “отим ҳозир мени чиқишимни пойлаб турибди, шу эшикдан фақат мени чиқиб келишимни кутиб турса керак” деб ўйлаб ҳам қўярди. Ростдан ҳам чиқиши билан катта-катта чиройли кўзларини унга қадаб, тикилиб турган бўларди. Толиб қайси вақт ташқарига чиқмасин отларга хашак бермасдан кирмайдиган бўлиб қолди. Амин ака эса Толибни тез-тез пичан олиб келишларини айтганидан ҳайрон бўлиб “укаларинг отларнинг пичанини сигирларга ёки қўйларга бериб юбормаяптими” деб сўраб қўярдилар. У эса индамай елка қисарди.
       Қаҳратон қиш кечаларининг бирида Толиб ховлини бир ров кўздан кечириш учун ташқарига чиқди, совуқнинг зўрлигидан ўзига-ўзи қатъий қарор қилдики, нима бўлса ҳам ҳовлига бир назар ташлайману, чироқларни ўчирибоқ уйга югираман. Айтганидай қилмоқчи бўлганида (айтганини қилди ҳам), лекин шу он оғилхонанинг бурчагида унга қора кўзлари билан тикилиб турган от кўз олдида пайдо бўлди. Кишнашига қарамай у аллақачон уйи айвонига кириб улгирган эди. Толиб жойида туҳтаб қолди. Туҳтаганини кўриб бир енгил кишнаб қўйди. Бир оз фурсат турган жойида қолиб кетди ва орқасига ўгирилди. У янада қаттиқроқ кишнарди. Қора тун олган нафасини чиқараётгандек, майин қор парчаларини Толибнинг юзига уради. Иссиқ ўрнига шошилаётган болани ўраниб олган калта чопонидан қор устида қувлашмачоқ ўйнашга тортқилайди. Уни қорбўрон ўйнашга чорлаётиб ой юзига тортилган тўрпардани ҳам сидириб ташлаган эди. Тепада жилмайиб боқаётган ой унга кимнидир эслатарди, лекин кимлигини билаолмади. От Толибдан кўзини узмай оёғини ерга уриб тепсинади. У дарҳол унинг ёнига югириб борди. Ёлларини тараб, пешонасини силади. Кейин катта бир боғ пичанни олдига ташлаб секин қадам ташлаб қалин қор устида излар қолдириб иссиқ уй томон йўналди. Устига қалин оқ ёпинчиқ ёпиб бошини эгиб турган анорга қорни юмалоқлаб отди. Дарахт тўсатдан ўйғотиб юборилган одамдек сапчиб қаддини ростлади. Толиб бу ишдан хижолат бўлдими, ҳойнаҳой уйига олиб борувчи йўлакча атрофини ўраб турган бошқа дарахтларга тегиб кетишдан эҳтиёт бўлиб юриб кетди. Остонага келиб пичанни тортиб-тортиб еяётган отига қаради. Иссиқ ўрнига ётар экан ўзича ўйлади: “Ўша жонивор кишнашига қарамай мен бу ерда мазза қилиб ётсам..., йўқ мен бундай қилолмайман”.

МОМОГИНАМ

       Ҳар ёз тоғдаги момогинам айнан ўзлари келиб ўқиш тугар тугамас мени қўй қўзиларни боқишим учун ўзлари билан олиб кетардилар. Йўл йўлакай автобусдами, бекатдами бирортаси билан сухбатлашиб қолсалар мен ҳақимда гапириб, қўй-қўзиларини боқтиришга олиб кетаётганлигини айтиб момосини яхши кўрган невараси сифатида мақтаниб кетардилар. Менга эса бу илтифотлари ёқмас эди. Нега бундай қилаётганлигига ҳайрон ҳам бўлар эдим. Қишлоққа келганимизда келинларига ҳам айтмай ўзлари томорқадан памидор, бодринг, дарахт тагига янги тушган мевалардан териб келиб берарди. Бошқа неваралар ҳам ёзги таътилда келишганда, табиийки мен ва мен билан қўй боқувчи яна бир қариндошимга уларга нисбатан баъзи имтиёзлар кўпроқ бўлар, тилга кўпроқ олинар, кўпроқ мақтов эшитар эдик. Бундан онам жуда хурсанд бўлганларини сезганман.
      Орадан йиллар ўтди, бироз улғайдик. Энди катта бўлганимиз учунми қишлоққа қўй боқишга момогинам олиб кетмай қўйганди. Кўпроқ ўзлари келадиган бўлдилар, диярли ҳар Рамазонни ўғил қизлариникида ўтказардилар, лекин шунда ҳам бизникида кўпроқ қолиш ўзларига маъқул эканлиги сезилиб турар эди. Ҳар гал бизникига келганларида “қани болаларим келинглар” деб мен ва укамни ёнларига чақириб узоқ дуо қилар эдилар. Укам сухбат асносида айтиб берадиган гаплардан момомнинг юзлари ёришиб кетарди. У бу борада анча тажрибали бўлиб, бошқа жойларга бирга борганимизда ҳам унинг олдин гап бошлашига рози бўлиб, сукут сақлаб тураман, ўзига билдирмасамда унга ҳавас қилиб қўяман. Бошқа акам,опам, укам ва синглим, ҳаммамиз момогинамнинг олдиларида парвона бўламиз. Уларнинг одатлари бўйича оилавий ва бошқа йиғинларда “фалончи неварам бундоқ, фалончиси ундоқ” деб гапиришларига қизиқсак керак-да. Ўқишга киролмай идораларнинг бирида ишлаб, хизмат қилиб юрган эдим. Ўшанда кечгача ишлаб ифторликка зўрға етиб келиб, оила даврасида, момомнинг ёнларида оғиз очган эдим. Янги ишга кирганим учун ҳали маош ололмаганим, момомгинамга бирор ҳадя беролмаганимни ҳанузгача ўйлаб юраман.
      Момогинам анча ёшлари улуғ бўлса ҳам тоғликларга хос тетик эдилар, уйда қолган қўй-қўзиларни “мен қариман” деб ўтирмасдан, ўзлари жарликларнинг устида юрган улоқчаларни ҳайдаб келиб қўрасига қамаб қўярдилар. Бир кун баланд жарликдан улоқчаларни қайтараман деб йиқилиб оёқларини синдириб олибдилар. Саксонга яқинлашиб қолмаганларми, ҳа деганда суякнинг бирикиши қийин кечса денг.
       Эшитишимиз биланоқ мени йўлга отланишимни айтишди. Севимли момосини севимли невараси кўргани борадиган бўлди. Кўчани қалин қор қоплаган, йўлда кетар эканман, кеча ёққан қордан кейин қуёш уялибгина, эрингандек само узра заррин нурларини таратаётган эди. Ўйга толиб, момом ҳақида, болалигим ўтган қир адирларга тикилиб борарканман секин ғимирлаётган эски автобуснинг бўғиқ овози менинг қулоқларимга мусиқа мисол эшитилар эди.
       Етиб келишим билан қалин қор қоплаганига қарамай мени пешвозимга қўлтиқ таёқда момогинам чиқдилар. Юзимда табассум, қалбимда ҳислар ташқаридаги совуқданми билмадим муз қотган. Ҳеч нарсани ҳис қилмайдигандек гўё. Кўзларим бир нуқтага қадалиб бир муддат атрофни сезмай қолдим. Момом ҳа деб юзимдан ўпади, шундай қорда қўргани келганимга ачинади, эсон-омон етиб келганимни суриштиради, “бечора болам-ей нима қилардинг бир оёғи ерда, бир оёғи гўрда бўлган кампирни кўргани келиб” ҳам дейдими-ей, хуллас уйга кирдик. Мен анча ўзимни яхши ҳис қилаётган эдим. Иссиқ печканинг тафтиданми, ҳарқалай кўнгилга илиқлик кирган эди. Ярим тунгача момом билан сухбатлашиб чиқдик, худди яқин, қалин дўстлардек, болалардек.
        Бироз ухлагандан сўнг, тонгга яқин бошқа жой бўлгани учунми, билмадим, доимгидан сергаклик билан ўриндан турдим. Негадир таҳорат қилишга шошилмай, бироз ўтириб қолдим. Чироқ ўчирилганлиги боис момом ўринларида йўқдек туюлди, хассалари эса турибди, қаерга кетдилар экан деб хавотирланиб турганимда, кўз ҳам қоронғуликка мослашди, орқамга қарасам момом нурга кўмилиб жойнамоз устида ўтирибдилар. Ичимдан бўғзимгача бир нарса отилиб чиқди. Қандай қилиб ташқарига чиққанимни билмайман. Эгнимдаги енгил кийим билан осмонга тикиламан, ҳовлидан чиқиб тепалик этагидаги дарёнинг шовиллаши-ю, қишлоқ кучукларининг вовуллаши қулоққа кирмайди. Бир зум ўтмай бутун борлиқни, бутун само ва ерни айланиб чиққандай бўлдим.  
        Эртаси кун уйга қайтарканман қалбим негадир енгил, ғуборлардан ҳоли, ақлим теранлашганини сездим. Ер узра тўшалган оппоқ гиламни йиғиштирмоқчи бўлиб турган қуёшга қарадим. Тоғ тепасига ўтирган ҳолда кулиб боқаётган қуёш секин ўрнини тарк эта бошлаган, атрофда эса, уйлар, дарахтлар биз турган бекат ҳам чик-чик ёшларни тўка бошлади. Шу вақт мен ҳам рўмолчамни олиш учун қўлимни чўнтакка тиқдим. Одатда мен кўп касал бўлмайман. Тоғнинг об-ҳавоси биздан кўра совуқроқ бўлса керак. Қўлимни палтомга тиққанимда, чўнтагида бир даста пул турарди. Рўмолча билан димоғимни эмас,... кўзимни артдим... Бу момомнинг нафақа пуллари эди!

БАХТ ГУЛИ

Осмонни қора булут қоплаган. Деразадан хўмрайган осмонга хонтахта устида китоб ўқиётган Шокир бир қараб қўйди. Айни ёз палласи табиатнинг бу туҳфасидан Шокир китобини қўйиб осмоннинг гўзал юзини парда билан тўсиб олиши, ўрганиб қолгани кулган рухсорини қайта кўришга бўлган иштиёқ, дилидан ўзига хос сурур ва чидамсизлик ҳолатларини ўтказди. Агар ёмғир ёғса, яқинда униб чиқа бошлаган гулга зарар етишидан хавотирланди. У билан ўтирган укаси чалқанча ётганча ухлаб қолган эди.
–    Шокир, бўл, сенинг бу иммиллашингда кеча болалаган қўзиларни жонмард қиласан, шу ичкарига кириб кетасан-у чиқай демайсан, тезда қўйларни қама, агар биттасига бир нима қилсин ...
Шокир эшикдан кираверишда жала кунлари учун тайёрлаб қўйилган ёмғирпўшни ҳам киймай, лойга гоҳ йиқилиб, гоҳ қаттиқ мараб у ёқдан бу ёққа чопаётган улоқча-ю қўзиларнинг тутқич бермаслиги унинг юзида кулги пайдо қилди:
– Бечорагинам-е, мен сени иссиқ жойга олиб ўтаман десам қочишингни-чи, онангдан ажралишни истамайсанми, эй, ширингинам, мен сени шундоққина онагни рўпарасидаги иссиқ жойга солиб қўяман, – деди тинмай тилини чиқариб мараётган бир қўзичоқни бағрига босиб. Аввалроқ онасининг сўзлари жаласи остида қатқалоқ, кетмон урса учи қайтадиган ерда униб чиққан чиройли гулни устини  пана қилиб қўйди.
Шокир бошқаларини ҳам ичкарига олар экан, ҳар бир улоқ ва қўзичоққа нималардир деб алоҳида меҳрибончилик кўрсатди. У отар ўрнини иссиғига алмаштириб бўлди ҳам, булутлар орасидан қуёш мўралади. Шокир осмонга қараганида шалобба қилганига булутларга имкон берганлиги учун, қуёш, айбдор ҳис қилиб ўзини булутлар орасига олди.  Жажжи қўзи ва улоқчаларнинг жўр бўлиб мараши Шокирнинг уларни иссиқ жойга олганидан розилик аломати бўлса керак, лекин қўй-ю эчкиларни бир нималарни чайнаши “ундан кўра жала бўлса ҳам янтоқли қўрада қолдирмайсанми”, дегандек бўларди. Ёмғирни тез тўхтагани бир томондан гулни омон қолгани учун Шокирни мамнун қилди.
Шундай ёмғирдан кейин одамлар ташқарига чиқгиси келмаса, қуёш эса фалак узра балқиб турса денг! Шокирнинг онаси ҳам ўғлининг барча қўйларни ичкарига олганидан рози бўлиб, энди уларни адирга ҳайдаб чиқишини айтарди-ю, барибир бир соат ўтар ўтмас, қайтариб келишига тўғри келади. Бу пайтда одатдагидан олдинроқ Чори тракторчининг ўғли қўй-қўзиларини адирдан пастлатаётган эди. Она  ўғлига ачиниб кечга яқин касал бўлиб қолишидан қўрқиб:
–    Устингга ёмғирпўшни кийсанг сени ҳеч ким кўрмасди, касал бўлсанг дард бўласан, дорини қаердан оламан, ҳали молларга беда сотиб олиш керак..
Шокир сочининг сувини тушираркан:
–    Ойи эртага шаҳарга кетаман, – деди. Нима учундир бориб келаман демади. Саккизинчи синфни тугатиб, шундан буён ҳаёт мактабининг фидойи ўқувчиси бўлган она учун  “кетаман” билан “бориб келаман” деган сўзларнинг ҳеч қандай фарқи йўқ.
Ўғлининг уч-тўрт ой деганда “шаҳарга бораман” дейиши онасига янгилик эмас эди. Ҳар бораётганида бозордан уруғлик картошка, молларга янги арқон, бир ойга етадиган совун, гугурт ва шунга ўхшаш нарсаларга пул бериб, ортганини йўлга ишлатасан деб қўлига уч санаб бир даста пул тутқазади. Ҳар гал шаҳардан қайтган Шокирнинг бир талай китоблар қўлтиқлаб келиши онаси пулларни арзимас шу нарсаларга сарф қилганлиги учун кўп койиган. Қўйлар эртага  ўти кўп жойга эмас, уй атрофида айланиб юришини сезгандек энди Шокирга қараб гоҳ оғзини тўхтатиб, гоҳ ковуш қайтариб турар эди. Онаси ҳам молларнинг оч қолишини истамасада шаҳар бозорларида арзонроқ бўладиган нарсаларни олиб келиш учун кимдир барибир бориши керак эканлигини ўйларди.
Шафақ қизарди. Қишлоғи осмонидан фарқли Шокирнинг кўнгил осмонининг эртасидан хабар берувчи шафақнинг ўзи йўқ эди. Тунсиз, қоронғуликсиз, булутли ва хира кунлари йўқ фақат қуёшли осмон.  Шокир укасига китобларини омборхонада сандиқлар турадиган жовондаги қутига жойлаганини, уларни ҳар замон қараб эҳтиёт қилишини айтди.
Эрта тонг. Қишлоқ энди уйғонар экан,  ҳар тонг қизил москвичида шаҳарга олиб борувчи марказий йўлга қатновчи Абдураҳмон муаллим билан сийрак соқолли ва узун оппоқ соқолли иккита чол устунларининг учаласи ҳам қишда совуқдан, ёзда ҳашоратлардан кўримсиз бўлиб қолган айвонли иморатдан чиқиб келишарди. Кун ботиш томонга қаратиб қурилган кўримсизгина бу бинога келиб турадиган Шокирдан бошқа деярли у тенги болаларни учратиш қийин эди. Қишлоқ чолларининг саноқли вакиллари учун севимли маскан бу жойни ҳафтанинг бешинчи кунида ҳам гавжум деб бўлмайди (тўй ва йиғинларда оқи ва қизили кам бўлганлиги ҳақида кимни кўрса шикоят қиладиган баъзи ёши улуғларни бу саноқли чоллар сафига қўшиб бўлмайди). Томига ярим ой шакли ўрнатилган бу уйнинг кўчиб тушган деворини бир неча йил олдин сувоқ қилишда одамларга Шокир ва укаси ёрдам берган эди.    
Шокирнинг онаси китоблари ёнига нон ва жийда қўйиб, ўтган ҳафта сотган қўйнинг пулини ўғлига берди. Юзларидан ўпиб кўзига ёш олди:
–    Сенсиз нима қиламан, қўйларингни боқиб юрсанг бўлмайдими, одамни куйдирасиларда, майли қаерда бўлсанг ҳам омон бўл.
–    Ойи, укамга айтинг гулга қараб қўйсин.
Шокир Абдураҳмон муаллимнинг машинасига минишдан олдин оппоқ соқолли чол узоқ дуо қилди. Молларини тепага ҳайдаётган Чори трокторчининг ўғли баланд тепалик устидан қараб турар эди.
Шокирнинг онаси ортига қайтаркан, қуёшга қараб шамолда майин тебранаётган гул атрофида ўсиб чиққан янтоқни юлиб ташлади. Баланд тепаликда жойлашган уйидан чанглар орасида гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай кетаётган машинага қараб юзига фотиҳа тортди.

Тошкент Ислом институти ходими
Тўлқин АЗИМОВ
 
« Олдинги

madrasa.uz