Жосия сураси, 14-21 Принтер учун
07.08.2012 й.
islom.uz
14. Сен иймон келтирганларга айт. Аллоҳнинг кунларидан умидвор бўлмайдиганларни кечирсинлар. Токи У зот бу қавмни касб қилиб юрган нарсалари учун мукофотласин.

Яъни, эй Муҳаммад, сен мўминларга айт, улар ўзларига озор берган, келажакдаги Аллоҳнинг ҳисоб-китоб кунларидан ноумид бўлган кофирларни кечирсинлар. Бу эса, Аллоҳ таоло ўша мусулмон қавмни яхши касбларига кўра мукофотлаши учундир.
Чунки ҳар ким қилса, ўзи учун қилади.

15. Ким солиҳ амал қилса, ўзига фойда. Ким ёмонлик қилса, ўзига зарар. Сўнгра Роббингизга қайтарилурсиз.
Қайтарилишингиз қиёмат куни бўлади. Ўшанда Аллоҳ ҳар бир заррачалик яхшилик ва ёмонлигингизни ҳисоб-китоб қилиб, мукофот ёки жазо беради.
Келгуси оятларда Аллоҳ томонидан келган китобга ва Пайғамбарга тўғри муносабатда бўлиш қанчалик зарур эканлигини таъкидлаш учун Бани Исроилнинг ўтмиши эслатилади:

16. Батаҳқиқ, Биз Бани Исроилга китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни бердик, уларга пок нарсаларни ризқ қилиб бердик ва уларни оламлар ичида афзал қилдик.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Бани Исроилга илоҳий Таврот китобини берди. Ўша китоб ҳукми асосида яшашга буюрди.
Сўнгра эса, Мусо алайҳиссаломга туширилган Таврот ва берилган шариатни давом эттириш учун Бани Исроилдан кетма-кет Пайғамбарларни чиқарди.
«...уларга пок нарсаларни ризқ қилиб бердик...»
Уларнинг юрти муқаддас ерларда эди. У жойлар пок ва баракали ерлар эди. У жойда улар учун пок ризқлар етишарди.
«...ва уларни оламлар ичида афзал қилдик».
Ўз замонасида, албатта, Бани Исроил ўзгалардан афзал бўлган. Чунки Таврот уларга туширилган, Пайғамбарлар улардан чиққан.

17. Ва Биз уларга (дин) иши ҳақида очиқ-ойдин баёнотлар бердик. Бас, улар ўзларига илм келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилибгина ихтилофга тушдилар. Албатта, Роббинг улар орасида қиёмат куни ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ҳукм чиқарур.
Ушбу ояти каримада диний илмни нотўғри томон буриш қандай юз бергани ва унинг оқибатлари ҳақида сўз кетмоқда.
«Ва Биз уларга (дин) иши ҳақида очиқ-ойдин баёнотлар бердик».
Аллоҳ таоло Бани Исроилга юборган шариат очиқ-ойдин, равшан, ғуборсиз, ҳеч бир ихтилофсиз ҳамма амал этиб кетаверадиган шаклда берилган эди. Бани Исроил ўша шариатга иттифоқ бўлиб амал қилмадилар.
«Бас, улар ўзларига илм келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилибгина ихтилофга тушдилар».
Илм келмасидан аввал ихтилоф қилмай юрган эдилар. Аммо ўзаро ҳасад, адовату низо уларнинг ихтилоф қилишларига сабаб бўлди. Ва бу ихтилоф Бани Исроилнинг бошига бало-офатлар олиб келди. Уларнинг ер юзидаги афзалликлари тугади. Барча устунликлари ботил бўлди.
Ҳа, диний илмга ҳасад, низо ва ўзаро адоват аралашса, кўплаб мусибатлар келади. Бани Исроил ҳам шундай бўлди. Уларнинг иши энди охиратга қолди.
«Албатта, Роббинг улар орасида қиёмат куни ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ҳукм чиқарур».
Шундай қилиб, золимлиги туфайли Бани Исроил ичидан Пайғамбар келиши ва уларга шариат юбориш тўхтади.
Эй Муҳаммад!

18. Сўнгра Биз сени (дин) ишида бир шариатга йўлладик. Бас, унга эргаш, билмайдиганларнинг ҳавои нафсларига эргашма.

Яъни, Бани Исроилнинг иши, юқорида айтилгандек, муваффақиятсиз тамом бўлганидан сўнг Биз сени Ислом шариатига йўлладик.
«Бас, унга эргаш...»
Яъни, Биз сенга шариат қилиб берган нарсага эргаш.
«...билмайдиганларнинг ҳавои нафсларига эргашма».
Аллоҳдан бошқа ким қонун-қоида, йўл-йўриқ кўрсатса, билмасдан кўрсатади. Билмайдиганлар эса, доимо ўз ҳавои нафслари бўйича иш тутадилар.

19. Албатта, улар сендан Аллоҳ томонидан бўладиган ҳеч бир нарсани арита олмаслар. Ва, албатта, золимлар бир-бирларига дўстдирлар. Аллоҳ тақводорларнинг дўстидир.
Яъни, албатта, ўша билмайдиган, ўз ҳавои нафси йўлига бошлайдиганларнинг гапига кириб, Аллоҳнинг айтганидан юз ўгирсанг, улар сендан Аллоҳнинг ҳеч бир азобини арита олмайдилар. Шунинг учун сен уларнинг айтганига зинҳор юрма. Улар билан яқин ҳам бўлма.
«...албатта, золимлар бир-бирларига дўстдирлар».
Тақводор одам ҳеч қачон золим-кофир билан дўст бўлмайди.
«Аллоҳ тақводорларнинг дўстидир».
Бу дўстлик билан ҳар қанча фахрланса арзийди.

20. Бу (Қуръон) одамлар учун қалб кўзлари, аниқ ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳматдир.
Қуръони Карим одамлар учун қалб кўзидир. Ким Қуръонга ишонса, қалб кўзи кўради. Қуръондан узоқ кишининг эса, қалб кўзи кўр бўлади.
Қуръони Карим ҳидоятдир. Ким унга амал этса, ҳидоятга етади. Қуръондан узоқ одам эса, залолатга кетади.
Қуръони Карим раҳматдир. Ким унга иймон келтирса, раҳматга эришади. Ундан узоқлашган одам эса, раҳматидан бебаҳра қолади.
Аммо Қуръони Каримнинг қалб кўзи, ҳидоят ва раҳмат бўлиши учун бир шарт бор-у ҳам бўлса, инсон аниқ ишонадиган қавмдан бўлиши керак. Аниқ ишонадиган одамгина йўлини топиб, иккиланмасдан юради.
Қуръони Карим шундай одам учун қалб кўзи, ҳидоят ва раҳмат бўлади.
Демак, одамлар икки гуруҳга-иймонлилар ва иймонсизларга, яхшилик қилувчилар ва ёмонлик қилувчиларга бўлинадилар. Иймон келтириб солиҳ амал қилувчилар билан кофир бўлиб ёмонлик касб қилганлар орасида нима фарқ бор?

21. Наҳотки ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини гумон қилсалар?! Уларнинг қилган ҳукми нақадар ҳам ёмон!
Ушбу оятда кофир ва осий кимсанинг хаёлидан ўтадиган гумон инкор қилинмоқда. Кофирлар, бизнинг мўминлардан қаеримиз кам, деб ўйлашлари, гумон қилишлари мумкин. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам мўминлар билан баробарликни даъво этишлари мумкин. Бу даъво мутлақо нотўғридир.
«Наҳотки ёмонликларни қилганлар уларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшаш қилмоғимизни, ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам баробар бўлишини гумон қилсалар?!»
Аллоҳ таоло ҳеч қачон ёмон ишлар қилган кимсаларни иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга ўхшатиб қўймайди. Уларнинг икковиларини бу ҳаётда ҳам, охиратда ҳам баробар қилиб қўймайди. Баробар бўлса, адолат қолармиди? Пайғамбар юбориш, китоб тушириш ва динни жорий қилишнинг кераги бўлармиди? Агар кофирлар бундай ҳукм қилаётган бўлсалар,
«Уларнинг қилган ҳукми нақадар ҳам ёмон!» 
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz