Гуноҳ иш мусулмонни диндан чиқармайди Принтер учун
06.09.2012 й.
islom.uz
Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса. Иймон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди», демаймиз.

Шарҳ: Аҳли қибладан мурод, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирортасини инкор қилмаганлардир.
Аҳли қибла, деб номланишларининг сабабларидан бири, қибла Байтул Мақдисдан Каъбага айлантирилганида яҳудий ва мунофиқлар қибла ҳақида таъна қила бошладилар.
Аллоҳ бу ҳақда айтадики:
«Одамлардан эси пастлари: «Уларни ўзлари бўлиб турган қиблаларидан нима ўгирди?» дейдилар», оятини нозил қилди (Бақара: 142).
Шундоқ қилиб, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини ва мўминларни юзланишга амр қилган қиблани инкор қилиш яҳудий ва мунофиқларнинг аломати бўлиб қолди.
Шунингдек, ўша қиблага юзланиш мўминларни танитадиган, уларни кофир ва мунофиқлардан ажратадиган аломатлардан бири бўлиб қолди.
Муаллифнинг: Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз» дегани, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли кофир, деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир.
Хулоса шулки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Магар ўша ишни ҳалол санаса кофир бўлади. Ёки Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилса кофир бўлади. Ундоқ кишилардан куфрни мутлақо манфий қилиш - ғулув ва динни осон санашдир. Чунки мўмин-мусулмонман, деб юрганлар ичида яҳудий ва насоролардан ашадийроқ кофирлар бор. Шунингдек, гуноҳи кабира туфайли уларни кофирга чиқариш ҳам тўғри йўлдан чиқишдир.
Муаллифнинг: «Иймон бўлса, гуноҳ уни қилган одамга зарар қилмайди», демаймиз», дегани Муржиа мазҳабидаги ларга раддиядир. Чунки, улар: «Куфр бўлса, тоат наф қилмаганидек, иймон бўлса, гуноҳ зарар қилмайди», дейдилар.
Улар амални иймондан орқага сурадилар. Яъни, уларнинг фикрича, амрларга бўйсиниш ва қайтаришлардан четда бўлиш зарурий эмас».
Амрга бўйсинмаслик, қайтарилган нарсадан қайтмаслик гуноҳ, аммо иймони бор одамга зарар қилмайди, дейдилар муржиалар.
Муржиа мазҳабидагилар Хавориж мазҳабидагиларнинг зиддидирлар. Чунки, Хаворижлар: «Мусулмонни ҳар бир гуноҳ туфайли кофир бўлишига ҳукм қиламиз», дейдилар.
Мўътазилийлар учинчи томонда бўлиб: «Гуноҳи кабира одамни иймондан чиқаради, аммо куфрга киргизмайди», дейдилар.
Хулоса шулки, Аҳли сунна ва жамоа бирор кишини гуноҳи кабира қилгани учун кофир қилмайдилар. Муржиалар гуноҳи кабира қилганни кофир қилмайдилар ва иймон бўлса, гуноҳи кабира зарар қилмайди, деб ҳисоблайдилар.
Хаворижлар эса, гуноҳи кабира қилганни кофир, дейдилар.
Мўътазилийлар гуноҳи кабира қилганни иймондан чиқарадилар ва куфрга киргазмайдилар.
Шу жойда, Аҳли сунна ва жамоа ақийдасига кучли ишкал етади. Чунки, шариатда баъзи гуноҳлар куфр саналган, бас, қандоқ қилиб «Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз», дейиш мумкин?!
Куфр, деб номланган гуноҳлар қуйидагилар:
1 «Кимки, Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм қилмаса, бас, ана ўшалар кофирдирлар» (Моида: 44).
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонни сўкмоқлик фисқдир. У билан уруш қилмоқ куфрдир», деганлар. (Бухорий, Муслим).
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мендан сўнг баъзингиз баъзингизнинг бўйнингизни чопиб кофир бўлманг», деганлар. (Бухорий, Муслим).
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон билан куфрнинг ўртасида, намозни тарк қилиш бордир», деганлар. (Муслим).
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ кофир бўлибди», деганлар. (Ҳоким).
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Зинокор зино қилаётган вақтида мўмин бўлмайди», деганлар.
Яна бошқа шунга ўхшаш далилар ҳам бор. Лекин ушбу олти далил ила кифояланамиз. Хавориж ва мўътазилийлар, ушбуларни гуноҳи кабира қилган киши ҳақидаги ҳукмларига далил қилиб келтирганлар.
Бунга жавоб шулки, Аҳли сунна ва жамоа ҳаммалари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқдирлар. Агар у гуноҳи кабира билан диндан бутунлай чиқадиган бўлса, муртад бўлиб уни ўлдириш вожиб бўлар эди. Унинг ҳақида афв қабул қилинмас эди. Қасос ҳам олинмас эди. Зино, ўғрилик, ароқхўрлик ва бировни зинода айблашда ҳадд (шаръий жазо)лар жорий қилинмас эди.
Хулоса шулки, агар гуноҳи кабира қилиш куфр бўлганида ҳадд (шаръий жазо)ларни ва қасосни шариатга киритиш беҳуда нарса бўлиб қолар эди. Гуноҳи кабира қилгани туфайли иймондан чиқиш ҳақидаги гап, бузуқлиги ва ботиллиги маълум гапдир.
Далил:
«Аллоҳ таоло гуноҳи кабира қилган одамни мўминлардан ҳисоблаб: «Эй, иймон келтирганлар, сизларга ўлдирилганларда қасос ёзилди» (Бақара: 187), деб охирида
«Бас, кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, маъруф билан талаб қилинсин ва унга гўзаллик ила адо этилсин», деган (Бақара: 178).
Бас, Аллоҳ ушбу оятда бировни қасддан ўлдирган одамни иймонлилар жумласидан чиқармади. Балки, уни қасос эгасига биродар, деб атади. Шак-шубҳасиз, бу гап ила диний биродарлик ирода қилингандир.
Яна, Аллоҳ таоло:
«Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетса, бас уларнинг орасини ислоҳ қилинг», (Ҳужурот: 9) деб, охирида, «Албатта мўминлар биродардир. Бас, икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинг», деган (Ҳужурот: 10).
Шунингдек, Қуръон ва Суннат ҳамда ижмоъда келган матнлар зинокор, ўғри ва бошқани зинода айбловчи ўлдирилмаслигига, балки унга ҳадд (шаръий жазо) жорий қилинишига далолатлар келган. Бу эса, уларни муртад эмасликларига далолат қилади.
Аллоҳ таоло Қуръонда:
«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказурлар», деган (Нисо: 114).
Бу эса, мўмин киши ёмонлик қилган чоғида яхшиликлар қилиб, ёмонликларини ўчириши мумкинлигига далолат қилади.
Мазкур амалларни куфр, дейишлик, «Албатта иймон сўз ва амалдир. Зиёда ва ноқис бўлур» дейдиганларнинг наздида эътиқодий эмас, амалий куфрдир. Чунки, уларнинг наздида куфрнинг даражалари бор. Бир куфр бошқасидан фарқ қилади. Иймон ҳам шундоқ.
«Иймон тасдиқ қилишдир. Амал иймон номига кирмас. Куфр инкор қилишдир. Икковлари зиёда ҳам, нуқсон ҳам бўлмайди», дейдиганлар наздида эса, мазкур амалларни куфр дейишликдан мурод, миллатдан чиқмайдиган мажозий куфрдир. Чунки, ҳақиқий куфр миллатдан чиқаради. Шунингдек, мажозий равишда баъзи ишлар иймон, деб номланган.
Аллоҳ таоло Қуръонда «Аллоҳ иймонингизни зое қилувчи бўлмас» деган (Бақара: 143), яъни, Байтул Мақдисга қараб ўқиган намозингизни, дегани.
Шу жойда Аллоҳ таоло иймоннинг соғломлиги намозга боғлиқ бўлгани учун, намозни мажозий равишда иймон, деб атади. Шунингдек, намоз иймоннинг далили бўлгани учун ҳам, уни иймон, деб атади.
Гоҳида, мазкур ишларни қилиш улардан ҳаром қилинганларини ҳалол санаш ёки Аллоҳ ҳалол қилганини ҳаром санаш ёки уларни ҳақир санаш билан ҳақиқий куфр бўлиши ҳам мумкин.
Шунингдек, гуноҳ ишларни қилган мусулмонларга куфрдан бошқа нарсалардан ҳам муомала сиртига қараб бўлаверади. Бу масалалар ҳам эски ақийда китобларимизда баён қилинган:

Аҳли қибланинг яхшисию фожири ортидан намоз ўқиш жоиз, деб биламиз. Улардан ўлганларига жаноза ўқиш жоиз, деб биламиз.
Шарҳ: Ушбу иборада икки масала бор:
Биринчиси: Намозда ҳар бир яхшига ва фожирга иқтидо қилиш жоизлиги.
Иккинчиси: Ҳар бир яхши ва фожирга жаноза ўқиш жоизлиги.
Биринчи масаланинг далили:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир яхши ва фожир ортидан намоз ўқийверинглар», деганлар.
(Дора Қутний ривоят қилган).
2. «Саҳиҳи Бухорий»да Абдуллоҳ ибн Умар ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳулар Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий ортидан намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Ҳажжож фосиқ ва золим бўлгани эса, маълум ва машҳур.
Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ал-Валид ибн Уқба ортидан намоз ўқир эдилар. У эса, ароқ ичар эди.
3. Шунингдек, яна «Саҳиҳи Бухорий»да ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улар сизларга намозга ўтадилар. Агар тўғри қилсалар сизга ҳам, уларга ҳам фойда. Агар нотўғри қилсалар, сизга фойда, уларга зарар», деганлар.
Ҳеч ким шак-шубҳа қилмайдики, фожирдан мурод, эътиқодида бидъат йўқ одамдир. Чунки, ширк соҳиби ва эътиқодий бидъат соҳиби мўмин бўлмайди. Унга қандоқ қилиб иқтидо қилиб бўлади?!
Имомлар иттифоқ қилганларки, бидъати ва фосиқлиги билинмаган одамнинг орқасидан намоз ўқиса бўлади. Иқтидо қилувчи имомнинг эътиқоди қандоқ эканини билиши шарт эмас. Шунингдек, бу ёки у нарсада қандоқ эътиқоддасан?-деб имтиҳон қилиш ҳам шарт эмас. Ҳоли номаълум одамга намозда иқтидо қилинаверади.
Тўғриси, ўз бидъатига даъват қилаётган бидъатчининг ва фосиқлиги маълум фосиқнинг ортидан намоз ўқилаверади. Агар у тайинлаган имом бўлиб, ундан бошқанинг ортида ўқиш имкони бўлмаса. Ёки у жума, ҳайит ва арофот намозларига имом бўлса. Бундоқ имом ортидан намоз ўқишни барча салафу халаф жоиз кўрганлар. Лекин, аввал айтилганидек, унинг бидъати эътиқодий бўлиб ижмолий ақийдаларга бирор нарса зиёда ёки нуқсон қилмаган бўлиши шарт.
Бидъатчи ва фосиқнинг ортидан намоз ўқиш жоизлиги билан бирга, макруҳликдан холий эмас. Аммо қайта ўқиш лозим бўлмайди. Чунки, Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби саҳобаи киромлар фожир бошлиқлар ортидан жума ва жамоат намозларини ўқиганлар, аммо қайта ўқиб олмаганлар.
Бунинг маъноси, бидъатчи ва фожирни имом қилиб қўйиш керак, дегани эмас. Балки, уни кетказиб, яхши, тақводорни имом қилиш керак.
Иккинчи масала далили:
Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар золим бошлиқларнинг жанозасини ўқиганлар. Уларни жанозасиз кўммаганлар. Осийлар ва гуноҳи кабира қилганларни ҳам шундоқ қилганлар.
Аммо, бу умумий ҳукмдан Ислом давлатига қарши чиққан боғийлар, йўлтўсарлар ва ўзини ўлдирганлар истисно қилинади. Уларга ибрат учун жаноза ўқилмайди. (Имом Абу Юсуф, ўзини ўлдирганга жаноза ўқиса бўлади, деганлар).

Улардан бирортасини жаннатга ёки дўзахга туширмаймиз.
Шарҳ: Яъни, аҳли қиблалардан муайян бир кишини, бу аҳли жаннатдир ёки бу аҳли дўзахдир, деб айтмаймиз, демоқчи. Магар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: аҳли жаннат, деб айтган бўлсалар, айтамиз. Мисоли, жаннат башорати берилган ўн киши. Агар умумий қилиб, гуноҳи кабира қилганларни Аллоҳ дўзахга киритади, сўнгра шафоатчилар шафоати ила чиқаради, десак ҳам, муайян шахс ҳақида бу гапни айтмаймиз. Муайян шахсни жаннати ёки дўзахи, деб гувоҳлик бермаймиз. Чунки, ҳақиқат махфийдир. Яхшиларга умид қиламиз. Ёмонларга хавф қиламиз.

«Ва уларга, модомики зоҳир бўлмаса, куфр, ширк ва нифоқ ҳақида гувоҳлик бермаймиз. Сирларини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиламиз».
Шарҳ: Яъни, бирор одамнинг кофирлиги, мушриклиги ва мунофиқлиги ҳақида ҳукм ёки фатво чиқармаймиз. Модомики, улардан бу нарсалар очиқ-ойдин сиртга чиқмадими, ичларидагини Аллоҳнинг ¤зига ҳавола қиламиз. Чунки, биз зоҳирга қараб ҳукм чиқаришга амр қилинганмиз.
¤зимиз билмаган нарсага эргашишдан қайтарилганмиз.
Далил:
1. «Эй иймон келтирганлар, бир қавм бошқа қавмни масхара қилмасин. Шоядки, улар булардан яхши бўлсалар» (Ҳужурот: 11).
2. «Эй иймон келтирганлар, кўп гумондан четда бўлинглар. Албатта, баъзи гумон гуноҳдир» (Ҳужурот: 12).
3. «¤зингнинг илминг бўлмаган нарсанинг ортидан тушма. Албатта, қулоқ, кўз ва қалб, ана шуларнинг ҳаммаси у нарсадан масъулдирлар» (Исро: 36).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бирор кишини ўлдиришни жоиз, деб ҳукм чиқармаймиз. Магар шаръий ҳукм ила қасос учун, муртадлик учун ва зинокорлик учун ўлдирилиши лозим бўлганларга шундоқ ҳукм бўлур.
Далил:
1. «Ким мўминни қасддан ўлдирса, бас, унинг жазоси жаҳаннамдир. У ерда бардавом қолур. Аллоҳ унга ғазаб қилгандир, лаънатлагандир ва аламли азобни тайёрлаб қўйгандир», (Нисо: 93).
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Лаа илаҳа иллаллоҳ», деб ва Мени расулуллоҳ, деб шаҳодат келтирган мусулмон одамнинг қони фақат уч нарса билангина ҳалол бўлур: уйланган зинокор, жонга жон ва динини тарк қилиб жамоатдан ажраган», деган ҳадиси шарифлари.
(Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Мусулмонни кофир дейиш ҳукми.
Бу масала жуда ҳам нозик ва хатарлидир. Айниқса ҳозирги, ақоид илми билимдонлари кам, уни излаганлар ундан ҳам кам бўлиб, бўлган бўлмаган нарса учун кўпчиликни кофир ёки мушрикка чиқариб юборадиганлар кўпайган бир пайтда. Албатта, ҳар бир ижтимоий муаммаонинг ўз сабаблари ва омиллари бўлгани каби, одамларни осонликча кофирга ёки мушрикка чиқариб юборадиганларнинг кўпайишининг ҳам ўзига яраша сабаб ва омиллари бор. Уларни батафсил ўрганишни мутахасисларга ҳавола қилиб, биз ўзимизга тегишли жойини баён қилишга ўтамиз. Ислом борасидаги кўпгина хатолар қатори бу масладаги хато ҳам асосан кишиларнинг диний билим савиясининг йўқлиги ёки хатолигидан келиб чиқади. Энг ёмони ўша камчиликни тўғрилашга ҳаракат қилмасликдир.
Бу масалада аҳли сунна ва жамоа етган хулоса шулки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Фақат ўша ишни ҳалол санаса кофир бўлади.
Мисол учун ароқ ичган одам уни ҳалол деб эътиқод қилса, кофир бўлади. Ароқни ҳалол деб эътиқод қилмаса-ю, уни ичса осий бўлади.
Аҳли сунна ва жамоа ҳаммалари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Чунки куфр иккига бўлинади. Эътиқодий куфр ва амалий куфрга. Бошқача қилиб айтганда исломдан чиқарадиган куфр ва мажозий куфрга.
Баъзи бир гуноҳларни оят ва ҳадисларда куфр деб аталиши айнан амалий – мажозий куфрдир.
Агар гуноҳи кабира билан диндан бутунлай чиқадиган бўлса, гуноҳкор муртад бўлиб уни ўлдириш вожиб бўлар эди. Унинг ҳақида афв қабул қилинмас эди. Қасос ҳам олинмас эди. Зино, ўғрилик, ароқхўрлик ва бировни зинода айблашда ҳадд (шаръий жазо)лар жорий қилинмас эди.
Шариат ҳукмида эса мазкур гуноҳларни қилган одамлар муртад деб эмас, жазога лойиқ жинятчи деб топилган. Бизнинг мисолимиздаги ароқхўрга дарра уриш тайин қилинган. Агар ароқ ичган одам диндан чиқиб кофри бўладиган бўлса, уни муртад сифатида қатл қилиш лозим бўлар эди.
Баъзи гуноҳларни қилганлар диндан чиқадиган даражада кофир бўлмасликларига ояти карималардан далил бор:
Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:
«Эй иймон келтирганлар! Сизга ўлдирилганлар учун қасос фарз қилинди: ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл. Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин», (178 оят).
Лекин ояти каримага биноан, одам ўлдирган шахсни қасос учун, албатта, ўлдириш шарт эмас, балки ўликнинг эгалари кечиб юборса, ўлдирмай қўйиб юборса, ўрнига хун пули олса ҳам бўлади. Бунда ўлик эгаси ҳақини яхшилик билан сўраши лозим, айбдор тараф ҳам уларнинг ҳақини яхшилик билан адо этиши зарур:
«Кимга ўз биродаридан бир нарса афв қилинса, бас, яхшилик ила сўралсин ва адо этиш ҳам яхшиликча бўлсин».
Модомики, ўликнинг эгалари мардлик қилиб, жиноятчи қотилни афв этиб, уни ўлдиришни талаб қилмадиларми, охиригача мард бўлиб, хун пулини ҳам уруш-жанжалсиз, яхшиликча, розилик ва мулойимлик билан сўрасинлар. Жиноятчи ёки унинг одамлари ҳам нариги тарафга етган мусибат, жудолик ва қалб жароҳатини унутмай, уларнинг кўнгилларига таскин бериб, ғирромлик қилмай, кечга сурмай, хунни яхшилик билан адо этсин.
Аллоҳ ушбу оятда бировни қасддан ўлдирган одамни иймонлилар жумласидан чиқармади. Балки, уни қасос эгасига биродар, деб атади.
Агар мўмин – мусулмонни ўлдирган одам кофир бўлади деган ҳадисдаги куфр мажозий бўлмай, исломдан чиқарадиган куфр бўлганида одам ўлдирган кишини муртад сифатида, албатта, ўлдириш керак бўлар эди.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида:
«Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетса, бас уларнинг орасини ислоҳ қилинг», (9) деб туриб, охирида:
«Албатта, мўминлар биродардир. Бас, икки биродарингиз орасини ислоҳ қилинг», деган (10).
Машҳур саҳиҳ ҳадиснинг маъносига қараганда бир бирига қарши қурол кўтарган мусулмоннинг иккиси ҳам кофир бўлиши лозим эди. Аммо ўша ҳадисдаги куфр сўзи мажозий бўлганидан бу оятда уришиб турганларни мўмин дейилмоқда ва биродарларингиз орасини ислоҳ қилинг дейилмоқда, уларни диндан чиққан кофир сифатида қатл қилинг дейилгани йўқ.
Шунингдек, Қуръон ва Суннат ҳамда ижмоъда келган матнлар зинокор, ўғри ва бошқа катта гуноҳларни қилганларни ўлдирилмаскка, балки уларга ҳадд (шаръий жазо) жорий қилишга далолатлар келган. Бу эса, уларни муртад эмасликларини тақозо қилади.
Аммо бундан гуноҳларни қилаверса бўлар экан деган фикрга бориш керак эмас. бу маънода жуда эҳтиёт бўлмоқ лозим. Гуноҳни қилавераса бўлар экан дейишнинг ўзи куфрга олиб боради.
Гап бир одамни кофирга чиқариб юбориш осон эмаслиги ҳақида кетмоқда. Шунинг учун ҳам жуда эҳтиёт бўлиш зарур. Афсусуки, аввалда ҳам, ҳозирда ҳам кишиларни кофирга чиқаришга ишқибозлар етарли бўлган ва бўлмоқда.
Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари юқоридагига ўхшаш ишларга қарши бўлганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Лаа илаҳа иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик: Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам уч муҳим масалани баён қилмоқдалар.
1. «Лаа илаҳа иллаллоҳу», деган кимсага тегмаслик».
Яъни, калимаи шаҳодатни айтиб, ўзини мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола!
2. «Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз».
Яъни, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади.
3. «Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз».
Яъни, калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида – шу!
Шундоқ бўлганидан кейин бировни кофирга чиқаришга зинҳор шошилмаслик керак. Модомики Аллоҳ таолога ширк келтирмаган экан бировни кофир дейиш осон иш эмас. зеро Аллоҳ таоло инркдан бошқа гуноҳларни кечириши мумкинлигини Ўзи айтган.
Мужтаҳид имомларимиз фарзлиги ва ҳаромлиги ҳақида ихтилоф қилган ва Қуръони Карим ҳамда суннатда қатъий далили йўқ нарсаларни инкор қилишлик куфрга олиб бормайди.
Бировни кофир дейишлик осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир.
Аввало имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қачон киши ўз биродарига «эй, кофир» деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади», деганлар.
Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади. Чунки мусулмонни кофир дейишнинг ҳукми шу. Бас, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини ўйлаб қўйиш керак бўлади.
Иккинчидан бировни кофир деб ҳукм чиқарилса ва ўшандоқ бўлса, ортидан ўта хатарли ишлар содир бўлиши лозим.
1.    У билан хотини орасидаги никоҳ бузилади.
2.    Болалари унинг қарамоғидан чиқади.
3.    Жамият аъзолигидан маҳрум бўлади.
4.    Уни маҳкамага бериб муртад деган ҳукм чиқарилади.
5.   У ўлса ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади.
6.    Ўша ҳолида ўлса жаҳаннамий бўлади.
Шунинг учун ҳам тақводор ва мутамаккин уламолар бировни кофир дейишни ўзларига эп кўрмайдилар. Баъзилари эса аввал бу ишни қилган бўлсалар, кейин бу маънодаги фатволарини бекор қиладилар.
Ҳанафийларнинг машҳур уламоларидан бўлмиш 970 ҳижрий санада вафот этган, ал-Баҳрур Роиқ номли китобнинг муаллифи Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳи худди шундоқ қилганлар ва «агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далили бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак» деган.
Баъзи вақтларда куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилиб юбориш орқали хатога йўл қўйилади. Мисол учун «фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади» деган фатво чиққан. Бу ўша тоифага мансуб ҳар бир киши кофир дегани эмас. Якка шахсларга нисбатан куфр фатвосини беришдан олдин сўраб суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиб бориб бўйнига қўйиш лозим бўлади.
Бу ҳақда ақоид илми уламолари қуйидагиларни айтадилар:
«Баъзи бир гап куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм чиқиши мумкин. Аммо мазкур гапни айтган муаяян шахсни, ҳужжат ва далил билан тасдиқланмагунча, кофир деб ҳукм чиқарилмайди».
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагиларни айтган:
«Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар», (10 оят).
Ушбу ояти каримадаги ва шунга ўхшаш бошқа қўрқитишлар ҳақдир. Аммо аниқ бир шахсга келганда, бу одам, мана шу оятга биноан, албатта, дўзахга тушади деган қатъий гапни айтиб бўлмайди. Аҳли қибладан бўлган муаяян шахснинг дўзахга киришига гувоҳлик бериб бўлмайди. Чунки, у мазкур оят маъносини ва ҳукмини билмаслиги, тавба қилишлиги, ўша гуноҳни ювадиган яхшилик қилиши, шафоатчининг шафоатидан манфаат олиши ёки бошқа сабаблардан фойдаланиб қолиши эҳтимоли бор.
Бир одам куфр гапни айтди ва уни қозининг олдига келтирилди. Шунда қози ундан гувоҳлар даъво қилаётган масала – куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. У ўша гапни айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапидан тонишининг ўзи тавба ҳисобланади.
Агар айбдор, мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим, деса унга тушунтирилиб, иккинчи бор хушёр бўлиш таъкидланиб, уни қўйиб юборилади.
Агар ўша одам, мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим, деса, уни тавба қилишга чорланади. Тавба қилгунича қамаб қўйилади.
Куфр гапни айтиб турган одамга шу муомала бўлганидан кейин, мўминлигини айтиб, унга амал қилиб турган одамни турли гаплар туфайли кофирга чиқариб юборавериш мутлақо нотўғри бўлади.
Шунинг учун бу ишда ўта ҳушёр бўлиш лозим.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz