Енгилмас куч Принтер учун
20.09.2012 й.
islom.uz
Шогирд ўзининг мураббий устозига деди:
- Тарихнинг аввалидан бошлаб инсоният билган ва таниган энг буюк куч-қудрат ҳақида мени хабардор қилсангиз. Сиз ҳам менга ўхшаб ракета ва атом бомбаларнинг куч- қудратини энг буюк деб билсангиз керак а?
Таълим бергувчи устози деди:
- Эй ўсмир шогирд, бир оз шошилма. Менга савол бериб ўзимдан олдин жавоб берасан-а.
Шогирд:
- Устоз, мени маъзур тутинг. Мен Сизнинг жавобингизни эшитмоқчийдим.
Устоз:
- Кел, мен сенга бошқа бир савол берай: ракета ва атом бомбаси қудратлироқми ёки бомбани ясаган ва ракетани учирганларми?
Шогирд:
- Шубҳасиз, бомбани ясайдиган ва ракетани учирадиганлар улардан кўра кучлироқдирлар!!
- Демак, инсоннинг куч-қудрати ер юзидаги ҳар қандай моддий қувватдан кўра кучлироқ эканида сен ҳам мен билан бир фикрдасан.
- Ҳа. Зотан инсон моддани ўзининг манфаати йўлида бўйинсўндирган ва уни ўзи истаган тарафга йўналтирадиган шахсдир.
- У ҳолда агар сен инсонни бошқариб турадиган, уни олдинга итарадиган, доимий ишлаб туришга мажбур қиладиган, уни худди бомба ёки шунга ўхшаш нарса сингари улоқтириб юборадиган ва ёки ракета каби ёхуд унданда қаттиқроқ  учириб юборадиган бир кучни топсангчи?
Шогирд дарҳол жавоб берди:
- Албатта у ана шу ер юзида инсоният билган энг буюк куч бўлади. Ўша куч нима экан ўзи? Унинг ҳақиқати нимадан иборат? Сиз у ҳақида гапириб мени унга қизиқтириб қўйдингиз!!
- У, эй ўғилчам, иймон кучидир.
- Нимага иймон келтириш? Зеро баъзилар ҳар қандай принсипга ишонишни иймон деб биладилар.
- Эътиқод қилинадиган ҳар қандай нарсага ишонишлик ўз эгасига куч ва салобат беришини мен инкор қилмайман албатта. Бу нарса шахслар ва гуруҳлар орасидаги курашларда ҳам намоён бўлиб туради. Зотан, қайсидир ақидага ишонадиган шахс ҳеч қандай ақидаси йўқнинг устидан ғолиб келади. –Тушунса бўладиган асослари мавжуд бўлмаган бўлсада – қандайдир нарсага иймон келтириб яшайдиган гуруҳ охир оқибат эътиқодсиз гуруҳнинг устидан ғалаба қозонади. Аммо мен назарда тутаётган иймон- бу, ҳаётни ато қилган, борлиқни ва инсониятни яратган Аллоҳга бўлган иймондир. Жазога, ҳар бир жон эгаси ўзи қилган амали учун ҳеч бир зулм қилинмасдан тўлиқ ҳисоб китоб қилинадиган боқий ҳаётда абадий яшаш борлигига иймон келтиришдир. Бизга кўринмайдиган, Аллоҳнинг сон- саноқсиз қўшинлари бўлмиш муқарраб фаришталар билан лиммо- лим бўлган  кенг ва бепоён бир оламга иймон келтиришдир. Самони  ер билан боғлаб турадиган ришта, Холиқнинг халоиқларга кўрсатган ҳидояти бўлмиш илоҳий ваҳийга иймон келтиришликдир. Инсонийликнинг буюк намуналарига иймон келтиришликдир. Ана ўша намуналар анбиёлар бўлиб, уларга Роббиларининг изни ила одамларни зулматлардан нурга, Азиз ва Ҳамид бўлган зотнинг йўлига чиқариш учун Аллоҳ уларга Ўз ваҳийсини нозил қилгандир.
Борлиқ ўзидан ўзи ҳаракат қилмаслигига, ундаги ҳодисалар кўрсатма ва тақдирсиз жорий бўлмаслигига, аксинча ундаги ҳамма нарса қадар билан бўлишига, каттаю кичик ҳамма нарса битиб қўйилганлигига иймон келтиришликдир.
Аллоҳ ер юизини обод қилсин учун Ўзининг ердаги халифаси қилиб яратган, охиратда абадий қолишлиги учун бу дунёда вазифа бериб имтиҳон қилган инсоннинг улуғлигига иймон келтиришликдир. 
Ана шу, эй ўғилчам, анбиёлар ва расуллар даъват қилган, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар унинг йўлида жиҳод қилган иймон бўлади. «Иймон» калимасини ишлатишда бизлар ирода қиладиган асл маъно ҳам ана шудир. Шубҳасиз у Ислом олиб келганидек иймондир.
Устоз ўз сўзини давом эттирар экан ёш шогирд иштиёқ ва меҳр билан  унга қулоқ солиб турар эди.
- Ана шу иймон эй ўғилчам, йўналиш бергувчи ва ундовчи куч- қудратдир. Кучсизни йиқилиб   тушишдан суяб турадиган, кучлини эса ҳаддидан ошиб кетишдан тийиб турадиган, ғолибни туғёнга кетишдан тўсиб турадиган ва мағлубни ноумид бўлиб йиқилишдан қайтариб турадиган кучдир. 
Ёш шогирд деди:
- Аммо Сиз, устозим,  бундан олдин инсоннинг ичида жуда ҳам ўжар ва ўта золим бир куч бор, у  – боқийликни яхши кўришлик ғаризаси, жинсий шаҳват ғаризаси, ғазаб ва урушиш ғаризаси каби ғаризалар кучидир, деб айтган эдингиз.
Кекса устоз деди:
- Ҳа, эй ўғилчам. Мен ўша гапимни унутган эмасман. Кишидаги ғаризаларнинг куч ва қудратини ҳам инкор қилаётганим эмас. Аммо улар иймоннинг қаршисида ўз кучини йўқотиб қўяди. Тугунлари ечилиб иймоннинг кучига итоат қилишга ўтади. Зотан иймон- бу, итоат қилинадиган буюргувчи хожадир. Ғаризалар эса унга итоат қиладиган, унинг амрига бўйинсунадиган ходимлардир. Тарихдан  сенга бунинг мисолини келтиришимни хоҳлайсанми?
- Ҳа. Зеро Сиздан: «Мисол келтириш билан сўз равшан бўлади», деб ёдлаган эдик.
- Саййидимиз бўлмиш ўта ростгўй Юсуф ҳақидаги ҳикояни эшитганмисан?  Сен Қуръони каримнинг Юсуф сурасида унинг қиссасини эшитган бўлсанг керак. Шубҳасиз у ўз ғаризасини иймонига бўйинсундирган мўмин бир йигитнинг  қиссасидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ унинг номини барҳаёт қилиб қўйди. Бошқаларга ибрат ва намуна бўлсин учун унинг қиссасини ёзиб қўйди.
Юсуф айни ўсмирлик ёшига етган, ҳусну жамолдан каттагина насибадор бўлган, футувват, зеболик ва куч- қувватга тўлган бир йигит эди. Тақдир уни Миср азизининг хотини уйида хизмат қилишлик билан имтиҳон қилди. Бироқ Юсуфнинг ўспиринлигию зеболиги ўзи уйида хизмат қилиб юрган   хотинни мафтун қилиб қўйди. Шунда у Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлиб эшикларни қулфлади ва: «Бу ёққа кел!», деди. Шубҳасиз бу жуда ҳам нозик вақт эди. Чунки Юсуфга рўбарў келган фитна йигитнинг ҳаётида бир учраб кейин йўқ бўлиб кетадиган фитналарга ўхшамас эди. Бу эртаю кеч, ҳамма вақт унинг қаршисидан чиқадиган фитна эди. Енгилтак тунги аёллардан бирининг фитнаси ҳам эмас эди бу.  Аксинча мансабдор, гўзал, ва кучли бир аёлнинг фитнаси эди. У аёл уйнинг бекаси, азизнинг хотини эди. Юсуф эса арзонгина пулга сотиб олинган бир қул. Унинг на яқинлари маълум ва на уйининг қаердалиги. У аёлнинг уйидаги оддий бир хизматкор. Унинг иши буюрилган ишни бажаришдир. Хўш, ўсмир Юсуф ана шу йўлдан оздириш қаршисида, ана шу фитнанинг олдида нима қилди?
 Ёш шогирд ўз устозига деди:
- Худога қасамки, эй устоз, бу Юсуфнинг иймони учун оғир вақт ва қўрқинчли имтиҳондир.
-Ҳа. Имтиҳон оғир эди. Бироқ у Юсуфнинг ғалабаси билан якун топди. Ғаризанинг кучли овози уни ўзига чақираётган аёлга томон юришга чорлаб турар эди. Лекин унинг ичидаги иймоннинг овози ундан ҳам кучлироқ эди. Юсуф у аёлни мана бу онгли сўзлар билан қўрқитди:
«Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар».
Азизнинг хотини ўзига яқин аёллар олдида яна бир бор Юсуфга макр қилмоқчи, ўзининг гуноҳ ли таклифини қабул қилишга мажбурламоқчи бўлди:
«Ҳа, мен ундан нафсини хоҳладим, бироқ у ўзини сақлади. Агар у менинг амримни бажармаса, албатта, қамалур ва хор бўлгувчилардан бўлур».
Юсуф икки имтиҳон орасида қолган эди:  динида имтиҳон қилиниб, фаҳш ишга, очиқ ойдин маъсиятга қўл уриши билан имтиҳон қилиниши ёки дунёси ва озодлигида имтиҳон қилиниб, зиндонга ташланиши ва хор бўлгувчилардан бўлиши.
Шогирд сабрсизлик билан деди:
- Унда Юсуф нимани танлади?!
- Унинг иймони дунёсининг саломатлигидан кўра динининг саломат қолишини устун кўришга бошлади. Шунинг учун ҳам Юсуф  Қуръонда келганидек Роббига дуо қилди:
«Эй Роббим, улар мени чорлаётган нарсадан кўра мен учун қамоқ маҳбуброқдир, бу(аёл)ларнинг макрини мендан Ўзинг нари қилмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қоламан».
Шогирд яна ўз устозига деди:
- Ана ундан кейин Юсуфга нима бўлди?
- Робби унинг дуосини ижобат қилиб, аёлларнинг макрини ундан буриб юборди. Ўзи истаганидек динини саломат сақлади. Аммо унинг дунёси саломат қолмади. Зеро унга зулм қилган ҳолда уни зиндонга ташладилар ва Юсуф бир неча йилларни зиндонда ўтказди. Бироқ зиндоннинг зулмати унинг қалбидаги нурни ўчириб юбормади. Ўзининг диёнатли мўмин эканлигини ёдидан чиқармади. Шунинг учун Юсуф зиндонда ҳам Аллоҳни ягона деб билишга даъват қилишни тўхтатмади. Зиндонда ўзи билан ўтирган шерикларини мажусийликдан қайтаришга уринди. Бунинг учун қулай фурсатни ғанимат билди. Мисол учун Юсуф ўзидан кўрган тушларининг таъбирини сўраган иккала йигитга айтганлари, Аллоҳ ўзига билдирган ғайб хабарларидан уларни ҳам хабардор қилганидан сўнг: «Бу иш менга Роббим таълим берган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати-динини тарк этган одамман. Ва оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллати-динига эргашдим. Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас эди. Бу бизга ва одамларга Аллоҳ берган фазл эди. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар. Эй ҳамзиндон дўстларим, турли-туман Робблар яхшими ёки ёлғизу Қаҳҳор Аллоҳми? Сизлар Ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар», деди.
- Ана шу мўмин асирнинг оқибати нима бўлди?
- Албатта эй ўғилчам, оқибат ҳар доим тақводор мўминларнинг фойдасига бўлади.  Бу Аллоҳнинг суннати- одатидир ва Аллоҳнинг суннатини ўзгартириб ҳам, буриб юбориб ҳам бўлмас. Ҳақиқатда одамлар жоҳилнинг олимга, беморнинг табибга, адашган қайиқчининг йўл кўрсатгувчи юлдузга бўлган муҳтожлиги сингари унга муҳтож бўлдилар. Унинг олдига хорларча бош эгиб боришдан ва уни озодликка чиқаришдан ўзга чора топмадилар. У эса энг аввало ўзининг саҳифаси пок эканлиги намоён бўлмагунича зиндондан чиқишдан бош тортиб тураверди... . Ниҳоят зиндондан боши тик, пешонаси порлоқ ва пок- покиза ҳолида чиқди. «Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан», деди. У билан гаплашганда эса: «Албатта, сен бугунги кунда ҳузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан», деди.  У:«Мени ернинг хазиналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман», деди. Шундай қилиб, Юсуфга ер юзида маконат бердик, уни ўзи хоҳлаган жойга ерлаша оладиган қилдик. Ўз раҳматимизни, кимни хоҳласак, ўшанга муяссар этурмиз ва гўзал амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз».
Куни кеча Мисрнинг зиндонбанди бўлиб турган асир бугун унинг азизига, иқтисодиётини тасарруф қилгувчисига айланди.
Бу мансаб Юсуфнинг иймони учун яна бир имтиҳон бўлган. Чунки инсон худди мусибат билан имтиҳон қилингани каби неъмат билан ҳам имтиҳон қилинади.
- Неъмат билан қандай қилиб имтиҳон қилинади. Ахир имтиҳон бало юборишликнинг айни ўзику?!
- Сен Аллоҳ азза ва жалланинг: «Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз», деганини эшитмаганмисан?  Баъзи одамлар қийинчилик келган вақтда ўзини тутиб жазавага тушмасдан сабр қила олади. Бас, қачон уни неъмат билан имтиҳон қилинадиган бўлса, кибрга кетиши ва золимга айланиши мумкин. Лекин азизга айланган Юсуф зиндонда ўтирган Юсуфдан бошқасига айланиб қолмади.
У дунёнинг эгасига айланди. Аммо дунё унинг эгаси бўлган эмас. У Мисрнинг хазиналарига эгалик қилди. Лекин улар Юсуфнинг қалбига эгалик қилган эмас. Қачон унинг олдига таом қўйилса, тўйгунича емас, балки танасини тутиб турадиган даражада бир икки луқма билан чекланар эди. Бу ҳақида ундан сўралаганида у, қорним тўядиган бўлса фақирларнинг очликларини унутиб қўйишдан қўрқаман, дер эди.
Яна бир гал оталарини қизғониб уни ўлдирмоқчи бўлган, сўнгра уни қудуққа ташлаб юборган, кейин эса арзимаган бир неча пулга уни сотиб юборган, уни хорлик ва қулликка мубтало қилган  ўзининг ўша ота бир акаларидан қасос олиш имкони туғилганида ростгўй Юсуфнинг иймони яна ўзини кўрсатди.
Улар  ёрдам ва озуқа талабида Фаластиндан Мисрга келган эдилар. Юсуф улардан интиқом олишга қодир бўлиб турар эди. Лекин у акаларини авф этиб кечириб юборди ва «Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ. Сизларни Аллоҳ мағфират қилгай. У раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир», деди.
Юсуф вазирлик ва риёсатга ўтирганидан, ўз ота- онаси ва ака- укаларига етишиб қувончга тўлганидан сўнг унинг интилувчан нафси вазирликдан кўра азизроқ ва подшоликдан кўра боқийроқ бўлган нарса- Аллоҳнинг розилигига, абадийлик дунёсида У билан учрашиб бахтиёр бўлишга талпинди.
Бас у ўзининг маъсур дуоси билан Аллоҳга юзланди: «Эй Роббим, ҳақиқатда менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни яратган зот! Сен дунёю охиратда менинг валиййимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот этдиргин ва солиҳларга қўшгин».
Эй ўғилчам. Ана шу кучли иймоннинг намуналаридан биридир. Унда ёшлар учун ўрнак, ақл эгалари учун ибрат, мункирларга қарши хужжат, иймон келтирадиган қавмлар учун ҳидоят ва раҳмат бордир.

Шайх Юсуф Қаразовий
Араб тилидан Алоуддин Ҳофий таржимаси
 
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz