Томас Карлейл Муҳаммад алайҳиссалом рисолатининг ҳақлиги ҳақида Принтер учун
30.09.2012 й.
Биз қуйида машҳур инглиз файласуфи Томас Карлайлнинг (англ. Thomas Carlyle, 1795-1881) «Қаҳрамонлар» деб номланган китобидан иқтибослар келтирамиз. Муаллиф ушбу китобда ўзининг насроний ватандошларига қарата Набий алайҳиссалом ҳақларида кўп ва хўб сўзлайди. Марҳамат, бу сўзларни тингланг:

«Ушбу асрнинг энг шармандали ҳолатларидан бири шуки, одамлар «Ислом дини ёлғондир, Муҳаммад эса ёлғончи ва қаллобдир» дейдиган ҳар хил сафсатабозларга қулоқ солиб юришибди.
Биз бундай кенг тарқалган, бўлмағур ва шармандали гап-сўзларга қарши курашмоғимиз керак. Бу пайғамбар келтирган рисолат ўн икки аср давомида миллионлаб кишилар учун йўлчи юлдуз, нурли машъала бўлган. Ёки кимдир ўша миллионлаб кишилар яшаган ва вафот этган бу рисолатни уйдирма ёки қалбаки нарса деб ўйлаши мумкинми?
Менга келадиган бўлсак, мен бундай фикрга ҳеч қачон рози бўла олмайман. Агар ёлғон ва алдов худонинг бандалари орасида бу қадар кенг ёйилиб, уларнинг қалбларида шу қадар чуқур ўрин олган экан, у ҳолда бутун инсониятни калтафаҳм тентаклар деб аташ керак бўлади. Минг афсус. Бундай куракда турмайдиган гапдан ҳам ёмон фикр бўлиши мумкинми, бундай қарашларнинг тарафдорларидан ҳам ожиз одам бўлиши мумкинми? Бундай одамларга бошқалардан кўра кўпроқ ачиниш керак.
Қўшимча қилиб айтаманки, дунёнинг яратилиши ҳақида илм борасида озгина бўлса ҳам бирор муваффақиятга эришмоқчи бўлган ҳар қандай одам бундай телбаларнинг бирорта сўзига ишонмаслиги керак. Уларнинг айтган гаплари – иймонсизлик, динсизлик ва даҳрийлик даврида етиштирилган маҳсулотдир. Уларнинг барча даъволари – қалбларининг қоралиги, аҳлоқларининг тубанлашувига бевосита далилдир, бу тирик танадаги ўлик қалб аломатидир.
Дунё ҳали бу қадар даҳрий ва пасткаш назарияни кўрмаган бўлса керак. Азиз биродарлар, ёлғончи одамнинг бирор динни вужудга келтириб, уни ошкора тарғиб қилиб юрганини ҳеч кўрганмисиз? Худо ҳаққи, ўзини қурувчиман деб атаётган ёлғончи оддий ғиштин уй ҳам қура олмайди, чунки у оҳак, гипс, лой ва шу каби хом ашёларнинг хусусиятларини билмайди. Бундай каззоб қурган нарса уй эмас, балки кўпроқ илма-тешик дўнглик ёки қандайдир қоришмадан иборат уюмга ўхшайди. Йўқ, бундай «иншоот» ўн икки аср собит туришга, миллионлаб кишиларнинг ҳаёт тарзига айланишга лойиқ эмас. Бундай иншоотнинг устунлари қийшайиб, пештоқлари эса аввал бўлмагандек, қулаб тушади.
Шунинг учун биз Муҳаммад алайҳиссаломни ўзининг ғаразли мақсадларига эришиш учун ҳийла ва макр ишлатадиган ёлғончи ёки сохтакор деб асло ҳисобламаймиз. У ҳокимиятга интилган ёки монархларнинг даражасига ва шу каби бошқа эгри мақсадларга эришмоқчи бўлган деб ҳисобламаймиз.
У зот келтирган рисолат очиқ-ойдин ҳақиқатнинг айни ўзи, унинг сўзи эса мутлақ рўйи рост эди. Йўқ, йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом на ёлғончи, на хомхаёл бўлмаган. Бу оддий ҳақиқат ҳар қандай ёлғонга, иймонсиз кишиларнинг ҳар қандай даъволарини инкор этади.
Шуни ҳам унутмаслик керакки, у зот ҳеч қачон, ҳеч кимдан ҳеч қандай сабоқ, дарс, маъруз эшитмаган. У пайтларда араб тупроғида хат-савод ҳам кенг тарқалмаган эди. Ё раббим, бу араблар қанчалар саводсиз бўлишган-а! Муҳаммад алайҳиссалом ўз билимларини бирор бошқа манбадан олмаган, бегона маёқнинг нуридан фойдаланмаган. У зот барча пайғамбарлар каби бўлган, у зот мен замонлар зулмати ичра йўл кўрсатиб турувчи машъалаларга ўхшатадиган буюк инсонлардан бири бўлган.
У зот бутун ҳаёти давомида ўз йўлида собит турган ва бу йўлни қатъий ва виждонан ҳимоя қилган. У зот чинакам олижаноб, меҳрибон, солиҳ ва тақводор инсон бўлган. У зот бир олам фазилатлар соҳиби эди, у эркин эди, у чинакам, том маънодаги эркак эди, самимий, кучли, қатъиятли ва айни пайтда хушмуомала, юмшоқ табиатли инсон эди. У зот одамларни очиқ юз билан, очиқ кўнгил билан кутиб олар эди. У зот одамларга доим яхши муомала қилар, ёқимли суҳбатдош эди. У зот баъзан ҳазил-мутойиб ҳам қилар, шунда юзи соф юракдан чиққан нурли табассум-ла ёришар эди. Ваҳоланки баъзи одамлар борки, уларнинг кулгиси сўзлари ва амаллари каби ёлғон ва сохта бўлади.

Шунингдек, Томас Карлайл яна шундай ёзади:

«У зот одил, эзгу ниятли, ҳассос, топқир эди. Унинг юраги қўрқув билмас эди. У зот гўё нурга йўғрилган эдики, энг зим-зиё зулматда ҳам олдида йўлини ёритиб турувчи машъал бордек эди. У зот табиатан улуғвор инсон эди. Академияларда таҳсил олмаган, устозлар қўлида ўқимаган эди, бироқ у зот бунга муҳтож ҳам эмас эди.
Мутаассиб насронийлар ва даҳрийлар Муҳаммад фақат шон-шуҳрат қозонмоқчи бўлган, ўзининг юксак мақоми ва ҳокимияти билан ғурурланмоқчи бўлган дейишади.
Ё раббим, йўқ! Бу олижаноб саҳро ва тоғлар фарзандининг юрагида, унинг меҳр, мурувват, ҳикмат ва ўткир ақл тўла порлоқ кўзларида бу дунёнинг ҳавасига боғлиқ бўлмаган фикрлар бор эди. Унинг қалбида ҳокимлик ва мансаб иштиёқига мутлақо алоқаси бўлмаган ниятлар бор эди. Бундай бепоён қалб ҳақида сўз борганда яна қандай бўлиши мумкин ахир? У зот қалбдан эгрилик қила олмайдиган самимий инсонлар тоифасидан эди. Кўрамизки, кўпчилик кишилар ўзларининг турли унвонлар билан аталишини ёқтирадилар, ваҳоланки бу унвонлар кўпинча воқеъликка тўғри келмайди, яъни эгаси бу номга муносиб бўлмайди. Бундай шахслар одатда ҳаётда ҳам ўзининг ёлғон йўлида давом этишни афзал кўрадилар. Бироқ Муҳаммад алайҳиссалом бундай одам эмас эди, у қулоққа хуш ёқадиган, чиройли ёлғонга рози бўлмас, ҳар хил уйдирмаларни ва ҳақиқатга мос келмаган ҳар қандай нарсани суймас эди.
У зот мутлақо мустақил шахс эди. Унинг тили бу дунёда кечаётган жараёнларнинг теран ҳақиқати, моҳиятини баён этар эди. Борлиқ сирлари гўё у зотнинг кўз олдига бутун қўрқинчли ҳайбати ва улуғворлиги билан намоён бўлиб тургандек эди. Бу сирларни англашда у зотга ҳеч қандай тўқима, афсона ва ёлғонлар халал бера олмас эди. Бу сир-синоатлар гўё отилиб чиқиб, «Мана мен!» деб наъра тортар эди. Бундай чинакам самимиятнинг буюк илоҳий мазмунга эга бўлмаслиги мумкин эмас эди. Агар у зот гапирса, барча беихтиёр унинг сўзига қулоқ тутар, қалблар эса унинг айтганларини ўзига жо қилиб олар эди. У зот баён этган мавъизаларнинг ёнида бошқа ҳар қандай нутқ оддий чангга монанд, бошқа ҳар қандай сўз қуруқ ва жонсиздек туюлади».

«Келинг «Муҳаммад ёлғончи эди» деяётган ўша золимларнинг қарашларини оддийгина инкор қиламиз. Чунки уларнинг фикрини қабул қилиш – шармандалик ва ўз-ўзимизни мазах қилишдир, бу бемаънилик ва телбаликдир. Келинг, қалбимиз, юракларимиз бундай фикр-мулоҳазалардан юқори бўла қолсин».

«Ўша бутпараст араблар иймон келтириб, қалб шижоати билан амал қилган бу дин Ҳақиқат бўлишга лойиқдир. Бу дин биз уни ҳақ деб ҳисоблашимизга арзийди.
Бу диннинг юрагидан, замиридан жой олган асослар – ишониш, иймон келтириш мумкин бўлган ягона нарсадир.
Бу барча динларнинг руҳини ўзига жо этган нарсадир, турли либос ва шаклларда намоён бўлган, бироқ аслида ягона, яхлит нарса бўлган руҳдир.
Ана шу руҳга эргашган инсон дунё деб аталаётган коинот эҳромига бош уриб кириб келган буюк банда бўлади. Ана шу руҳга эргашган инсон дунёнинг тартиб-низомига, Ҳолиқнинг қонунларига мувофиқ ҳолда, уларга зид келмай, уларга қаршилик қилмай, бефойда баҳс-тортишув қилмай бораётган бўлади.
Ислом кўплаб сохта динлар ва уйдирма ақийдалар даврида юборилди ва уларни ютиб юборди, зеро Ислом шунга муносиб эди. Ислом қад кўтаргач, арабларнинг бутпарастлиги қуриган чўпдек ёниб битди, насронийларнинг бесамар мунозаралари ва ҳақдан бошқа барча нарса тўзондек тарқалиб кетди».

«Бу жоҳил уйдирмачилар у зотни товламачи ва фирибгар демоқдаларми? Йўқ ва яна бир бор йўқ!!! Юксак фикрлар билан ёнаётган бу жўшқин, ғайратли ва зийрак қалб қандайдир товламачи, фирибгарнинг қалби бўлиши мумкин эмас эди. У зот ўз ҳаётини ҳақиқат деб ҳисоблар эди. Тан олиш керакки, бу дунёнинг энг буюк ва ажойиб воқеъликларидан бири шу эди».

«Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўзлари ва амаллари у зотнинг бутун инсониятга меҳрибон, мушфиқ, ғамхўр биродар бўлганлигини кўрсатади. У зот бизнинг биринчи онамиз ва биринчи отамизнинг ўғлидир.
Мен Муҳаммадни риё ва сохтакорлик каби иллатлардан табиатан поклиги учун севиб қолдим. У зот ўз фикрида мустақил саҳро фарзанди эди, унга ҳеч ким панд-насиҳат бермас эди, у зот фақат ўз фикрини сўзлар ва ўзи эга бўлмаган нарсага даъво қилмас эди. У такаббур эмас эди, бироқ айни пайтда ожиз ва ҳақир ҳам эмас эди. У зот ўзининг эркин ва очиқ даъвати билан Византия Қайсарларига, Форс подшоҳларига мурожаат қилар, уларнинг бу дунё ва охиратдаги масъулият ва мажбуриятларини кўрсатиб берар, ўзининг бу дунёдаги тутган ўрнини жуда яхши англар эди. Табиийки, у зотнинг бадавий мушрикларга қарши олиб борган оғир урушларида куч ҳам ишлатилган, бироқ шунда ҳам бағрикенглик, олижаноблик, тантилик ва кечиримлилик намоён бўлар эди. У зот куч ишлатилгани учун кечирим сўрамас, бироқ олижанооблиги билан мақтанмас ҳам эди.

«У зот ҳеч қачон ҳеч кимни эрмак қилмас, ўйламай гапирмас ва беҳуда сўзламас эди. У зотни фақат қандай қилиб охиратда хайрли оқибатга эришиш ва қиёмат кунининг азоб-уқубатларидан қутулиб қолиш ташвишлантирар эди. У зотнинг бутун диққат-эътибори ҳаёт-мамот масаласига қаратилган эди, бу йўлдаги қийинчиликларни енгиб ўтишда эса у зотга фақат бениҳоя ихлос ва толмас матонат ёрдам берар эди».

«Беҳуда сўзлар, фалсафий сафсаталар ва ҳақиқатни оёқости қилишга келсак, буларнинг бирортасига у зотнинг ҳеч қачон ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. Шахсан мен Муҳаммад алайҳиссаломга нисбатан бундай туҳматларни энг оғир жиноятлардан бири деб биламан. Бундай бемаъни гапларни урчитаётганларнинг қалблари оғир мудроққа чўмган, уларнинг кўзлари ҳақни кўрмайди, атрофларини эса ёлғон қамраб олган.
Исломда шундай бир хислат борки, мен бу хислатни унинг энг гўзал ва олижаноб сифатларидан деб биламан – бу инсонларнинг ўзаро тенглигидир. Шак-шубҳа йўқки, бу нарса қарашларнинг ростлиги ва фикрларнинг тўғрилигидан далолат беради. Барча мамлакатлардаги мўминларнинг қалби ўзаро боғлиқдир ва Исломдаги барча кишилар тенгҳуқуқлидир».

«У зотнинг нури кенгликларни қамраб олди, у зотнинг ёғдуси бепоён ерларни чулғади, бу нурнинг ришталари шимолни жануб билан, ғарбни шарқ билан боғлади. Бунинг барчаси у зотнинг рисолатларидан кейинги биргина асрда пайдо бўлди. Араб давлати бир оёғи билан Ҳиндистонда, бир оёғи билан Испанияда турар эди. Узоқ асрлар давомида Ислом давлати инсониятнинг йўлини олижаноблик, бағрикенглик, шон-шараф, жасорат ва журъат нури билан ёритиб келди. Ҳақиқат ва илоҳий раҳбариятнинг кўзни қамаштирувчи нури ер шари аҳолисининг ярмининг қалбини мунаввар этди».

 «Нима учун Ислом?» сайти учун рус тилига Абу Ясин Руслан Малков таржимаси. Ўзбек тилига Озод Мунаввар ўгирди.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri