Оиламизнинг чиройи ва чароғбони Принтер учун
14.10.2012 й.
Ривоятлардан бирида таъкидланишича, қадимда қудратли бир ҳукмдор ўзга мамлакатларни бирин-кетин забт эта бошлабди. Аммо унинг бир одати бор экан, яъни босиб олмоқчи бўлган ҳудудларига ўз ҳуфяларини жўнатар ва улардан бу ўлкаларда аёл кишига муносабат қандайлигини ўрганишни буюрар экан. Бунинг сабабини сўраганларида, у: «Аёл кишига эҳтиром юксак бўлган, оналари қадрланган юртни асло енгиб бўлмайди. Зеро, улар маънавий қудратга, илоҳий паноҳга эга бўлдилар», дея жавоб берган экан.

Дарҳақиқат, аёллари улуғланган юртда тинчлик осудалик, фаровонлик ҳукм суриб, файз-барака аримайди. Муҳтарам Юртбошимиз олиб бораётган адолатли сиёсатнинг мазмун моҳияти ҳам бу борада ана шу эзгу ғояларга ҳамоҳангдир. Зеро, у киши: «Хотин-қизларга муносабат жамиятимизнинг маънавий, ахлоқий етуклигининг мезони бўлиб хизмат қилиши керак» деган эдилар. Бунинг самараси ўлароқ, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатликларини таъминлаш, салоҳиятларини тўла намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилаётир. Айниқса, ҳар бир йилга рамзий ном беришдек хайрли анъана туфайли «Аёллар йили», «Оналар ва болалар йили», «Оила йили, «Соғлом авлод йили» ва «Мустаҳкам  оила йили» каби мантиқий давом этиб келаётган кучли муҳофаза жуда катта натижаларнинг қўлга киритилишига омил бўлди. Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, айни пайтда аёлларнинг ўртача умр кўриш ёши 7-8 йилга узайди, оналар ва болалар ўлими 2-3 баробарга камайди.
Иқтидорли қизларимизни рағбатлантириш мақсадида жорий этиган Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши эса, қанчадан-қанча истеъдодли эгаларини элга танитди. Бундай мукофот дунёнинг ҳеч кайси давлатида учрамаслиги эса, она диёримиз аёлларни эҳтиром қилиш борасида том маънода ибрат намунаси эканининг исботидир.
Бироқ аёл кишига эътибор ҳамма замон, ҳамма давлатда ҳам бир хил бўлмаганини эсга олиш жоиз. Ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, қадимги ҳиндлар аёлни эрининг жасадига қўшиб «муқаддас» оловда куйдиришгани, Бобилда Ҳамураби қонунига кўра, аёл чорва ҳайвонлари қаторидаги мулк саналгани, ёки яҳудийлик ва насронийликда аёлни Одамнинг бахтсиз бўлиши ва жаннатдан қувилишининг асосий сабабчиси дея камситишларга дучор этилганининг гувоҳи бўламиз. Арабларда Исломдан олдинги жоҳилия даврида аёл бошига ёғилган кўргуликларни тасвирлашга тил ожизлик қиларди.
Таъкидлаш ўринлики, Ислом аёлларга том маънода ҳуррият бахш этди. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиб, ҳурмат-эҳтиромга сазовор қилди. Бу борада бирорта дин ёки самовий китоб Ислом дини билан белллаша олмайди. Исломда эркаклар зиммасига ўз аёлларига яхшилик қилиш, озор етказмаслик, илм олишига имкон бериш, таом, кийим, бошпана билан таъминлаш, никоҳда маҳр бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Ҳатто эркакка берган барча ҳуқуқ ва вожиботлар аёлга ҳам берилган. Илм олиш эру хотин учун баравар фарздир. Молиявий муомалаларда аёл ўз моли ва бойликларини тасарруф қилишда ҳуқуқига эга, ўзгалар аралашувисиз тижорат шартномаларини ихтиёрий равишда тузишга ҳақли. Дин таълимотларига риоя қилган ҳолда жони, соғлиғини сақлаш, ақли ва жисми ислоҳоти билан боғлиқ бўлган ҳамма ишда аёл эркак билан тенг ҳуқуқлидир.
Динимизнинг аёлга қай даражада эъзоз кўрсатишини тасаввур қилмоқ учун Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биргина: «Жаннат оналар оёқлари остидадир!», деган муборак сўзларини эсга олиш кифоя. Шу биргина жумла, дунёдаги барча некбинликлар, эзгуликларни аёл кишининг оёқлари остига ташлаб қўйди. Пайғамбаримиз ўз аёллари билан намунали турмуш кечириб, аёлларни таҳқирламаслик, доимий ғамхўрлик кўрсатишдек амалларда барчага ибрат бўлганлар.
Бундай мисоллар жуда кўп. Жумладан, Абу Ҳурайра ривоят қиладики, Набий(с.а.в)нинг бундай марҳамат қилганлар: «Кимнинг учта қизи бўлиб, уларни боқиб, бошпана бериб, таъминласа унга жаннат вожибдир!» Шунда биз айтдик: «Иккита қиз бўлса-чи?» «Иккита қиз бўлса ҳам!» — дедилар Набий(с.а.в). «Битта бўлса-чи?» — дедик. «Битта бўлса ҳам!» — дедилар у зот.
Јуръони Каримдаги кўплаб оятлар аёл ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишидан ташқари, айрим суралар улар номлари билан аталади. Ҳатто суралардан бирининг номи Нисо (Аёллар)дир.
Аёл — она, ҳаёт давомийлигини таъминловчи зот. Шундай экан, аёл соғлом бўлсагина, жамият омон бўлади. Келажак авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиши бугунги кун аёлларининг саломатлигига, таълим-тарбияси, одоби, чуқур билим ва кенг тафаккурга эга бўлишига боғлиқдир. Муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтадиган бўлсак, «оиламизнинг чароғбони бўлган опа-сингилларимиз»ни қадрламоқ, ҳимоя қилмоқ, турмуш фаровонлиги учун қайғурмоққа барчамиз ҳисса қўшайлик.

Одилхон ИСМОИЛОВ,
Тошкент шаҳар «Шайх Зайниддин»
жомеъ масжиди имом хатиби.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri