Исломий одоб. (Абу Ғудда) Принтер учун
14.10.2012 й.
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ ҳақида
Шайх Абдулфаттоҳ ибн Муҳаммад ибн Башир ибн Ҳасан Абу Ғудда Суриянинг шимолидаги Ҳалаб шаҳрида, 1335 ҳижрий сана 17 ражаб, 1917 мелодий сана, 9 май куни диндор ва тақволи оилада таваллуд топганлар. У киши уч ўғилнинг кичиги бўлиб, ўзларидан катта Шарифа исмли опалари, ўзларидан кичик Наима исмли сингиллари бор эди.

Оталари Муҳаммад танишлари ичида тақво, салоҳият, зикр, Қуръон қироати билан танилган шахслардан эдилар. Бу киши ота касблари тўқима газламалар савдоси билан шуғулланардилар. Боболари Башир ҳам Ҳалабдаги тўқима газлама савдогари эдилар. Оналари эса Фотима Музакталий бўлиб, 1956 мелодий санада вафот этганлар.
Шайх жанобларининг ота томондан насаблари машҳур саҳоба Холид ибн Валидга бориб тақалади. Шайхнинг хонадаонларида ушбу насаб шажараси сақланиб келади. Абу Ғудда исмлари эса нисбий сўз бўлиб, ундан ташқари Саббоғ ва Мақсуд деган номлари ҳам бор эди.
Шайх жаноблари аввалига оталари ва боболарини дўконларида ишладилар. Кейин Ҳасан Саббоғ билан Абий бозорида, ижарачи бўлиб ишладилар. Мана шу дўкон ҳозирги кунимизда ҳам ишлаб турибди.
Абу Ғудда жанобларининг устозлари:
1) Шайх Роғиб ат-Таббох (1877-1951)
Бу зот ҳадис ва тарих хусусида олим бўлиб, бир неча китоб таълиф этганлар. Улардан энг машҳури етти мужалладлик "Иъламун нубала битаърихи Ҳалаб аш-Шаҳбо"
2) Шайх Аҳмад ибн Муҳаммад Зарқо (1869-1937) Ҳанафий мазҳабидаги усул ва фиқҳ олими. Фазилатуш шайх Мустафо Зарқонинг оталари.
Шайх Ийсо Байянуний (1874-1942) Шофеъий мазҳаби олими. Бу кишининг масжидлари Абу Зарр деб номланади.
3) Шайх Муҳаммад ал-Ҳаким (1904-1980) Ҳанафий фиқҳи олими ва Ҳалабдаги Ҳанафийлар муфтиси
4) Шайх Асъад Абжий (1895-1972) Шофеъий мазҳаби олими ва Ҳалабдаги Шофеъийлар муфтиси
5) Шайх Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Курдий (1885- 1957) Ҳанафий фиқҳидаги кўзга кўринган аллома.
6) Шайх Муҳаммад Нажиб Сирожиддин (1876-1954) Раббоний аллома, фақиҳ, муфассир ва воъиз.
7) Шайх Мустафо Зарқо (1901-1999) Аҳмад Зарқо ўғиллари. Бу зот ўз асрларидаги муомалот ва қиёсий фиқҳ олимидирлар. Бундан ташқари араб тили ва адабиётида ҳам етук мутахассис бўлганлар. Ҳанузгача таълиф этган китоблари фиқҳ соҳасида манба бўлиб келади.
Азҳардаги ўқишлари
Шайх Суриядаги шаръий санавийни битиргач, 1944 йили Азҳари шарифга ўқишга бориб, шариат факултетига ўқишга кирдилар. 1944 йилдан 1948 йилгача у ердаги забардаст олимлар дарсида иштирок этдилар. Ундан кейин Азҳарнинг араб тили факултетида "Дарс ўтиш психология"си мутахассислигини қўлга киритдилар. 1950 йили мазкур даргоҳнинг дипломини олдилар.
Азҳардаги устозлари:
1) Шайх Муҳаммад Абу Заҳра (1898-1974) усулий, фақиҳ олими.
2) Шайх Муҳаммад Хузар ал-Ҳусайн (1876-1958) Тафсир ва фиқҳ соҳасида ўз асрининг алломаси, хусусан Моликий мазҳаби ва қиёсий фиқҳида. Бу зот охири Азҳар масжиди имоми ҳам бўлганлар.
3) Шайх Юсуф Дужавий (1893-1963) фақиҳ, аллома
4) Шайх Абдулмажид Дарроз
5) Шайх Аҳмад Муҳаммад Шокир (1893-1963) муҳаддис аллома.
6) Шайх Маҳмуд ибн Муҳаммад Шалтут (1893-1963) Муфассир, фақиҳ ва Азҳар шайхи.
7) Шайх Мустафо Сабрий (1869-1954)
Усмонли халифанинг собиқ шайхи. Отатурк таъқибидан Мисрга қочиб келганлар. У ерда азиз ва мукаррам бўлиб яшаганлар. Бу зот ҳадис, усул, ҳанафий мазҳаби, қиёсий фиқҳ, фалсафа ва сиёсат илми мутухассиси эдилар.
8) Шайх Абдулҳалим Маҳмуд (1907-1978) Муфассир, усулий, фақиҳ, мутасаввиф, адиб бўлиб, Азҳар шайхи мансабида бўлганлар.
9) Шайх Ийсо Манун (1889-1956) Фақиҳ, усулий, шофеъий бўлиб, Фаластинда туғилиб, Қоҳирада вафот этганлар.
10) Шайх Зоҳид ал-Кавсарий (1879-1952) Усмонли давлатининг шайхлари бош котиби. Бу зот ҳам Отатурк таъқибидан қочиб Мисрга келганлар. Ҳадис, усул, ҳанафий фиқҳи, қиёсий фиқҳ бўйича мутухассис бўлганлар.
11) Шайх Аҳмад ибн Абдураҳмон ал-Банно ас-Соъотий (1885-1958) Бу киши ҳадис ва Ҳанбалий фиқҳи бўйича мутахассис бўлганлар.
12) Шайх Абдулваҳҳоб Халлоф (1888-1956) Муҳаддис, усулий, фақиҳ, мерос илми каби фанлар бўйича мутахассис.
Сурияда дарс ишлари билан машғул бўлишлари
Шайх Мисрдаги ўқишларини тамомлагач Сурияга қайтиб келиб, 1951 йилда Исломий тарбия мударрислиги учун ўтказилган мусобақада қатнашиб, энг юқори ўринни эгалладилар. Исломий тарбия фанидан 11 йил дарс бердилар. Бундан ташқари мактабларга дарслик ёзишда ҳам шуғулландилар. Ва яна имом ва хатиблар тайёрлайдиган даргоҳда дарс бердилар. Ундан кейин Дамашқдаги шариат факултетида мударрис бўлиб таъйин этилдилар. У ерда уч йил "усулул фиқҳ", "ҳанафий фиқҳи", "мазҳаблар орасидаги қиёсий фиқҳ"дан дарс бердилар. Ундан кейин Ибн Ҳазмнинг маҳаллий фиқҳи энциклопедиясини тузишда ҳам иштирок этдилар. У икки жилдда нашр этилди.
Вафотлари
1996 йили шайх жаноблари кўзларида хираликни ҳис қилдилар. Даволаниш учун Ҳалаб шаҳридан муолажа учун Риёзга бордилар. 1997 мелодий, 16  феврал, (1417 ҳижрий, 9 шаввол) якшанба куни бомдод пайтида, 80 ёшда фоний дунёдан боқий ҳаётга сафар қилдилар. У зотни ўғиллари шайх Салмон ва шогирдлари шайх Муҳаммад Рашидлар ювиб, кўмишга тайёрлашди. Пешин намозидан кейин Риёздаги масжидда жаноза ўқилди. Сўнгра махсус учқичда оилалари ва маҳбублари билан Мадинаи мунавварага олиб борилди. У ерда ҳам хуфтон намозидан кейин жаноза ўқилиб, кейин Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам яқинлари дафн этилган Бақиъ қабристонига кўмилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис ва суннатларига хизмат қилганлар мана шундай тақдирланар эди.
Ушбу китоб Шайх Абу Ғудда ҳазратларининг мусулмон кишига кундалик ҳаётида зарур бўладиган энг муҳим одоблардан айримларини ўз ичига олган. Аслида китобнинг номи “Мусулмоннинг одобларидан намуналар” эди. Аммо, мазкур одоблар ҳар биримиз учун ҳар куни керак бўлганидан, усиз ҳаётимиз жуда ҳам ҳунуклашиб кетишини ҳисобга олиб, китобга “Мусулмон кишининг энг муҳим одоблари” дея ном бердик. Аллоҳ Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда жанобларини ўз раҳматига олиб, у зотга Ўзининг Фирдавс жаннатидан жой берсин. Ҳазратнинг қолдирган асарларидан фойдаланиб, унга амал қилишни барчамизга насиб этсин. Омин!

Муаллиф муқаддимаси
Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи ила бошлайман
Оламларнинг Робби Аллоҳга энг афзал ҳамду санолар бўлсин. Саййидимиз ва пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга, у кишининг оилаларига ҳамда саҳобаларига Аллоҳнинг энг буюк салавот ва саломлари бўлсин. Эй Аллоҳим, бизларни сўз ва амалда у зотга эргаштиргин, у зотнинг суннатларига амал қилган ҳолимизда ҳамда уларнинг барчаларини севган ҳолимизда вафот эттиргин. Омин! Ушбу ихчамгина рисолани мен: “Мусулмон кишининг энг муҳим одоблари” деб номладим. Унда ислом динининг энг муҳим одобларидан бир қанчасини баён этдим. Мен кўплаб дўсту қадрдонларимнинг ушбу китобда зикр қилинадиган одоблардан ғафлатда эканликларини, кўплари ушбу одобларни билмасликларини сезиб қолдим. Гарчи ўзим ҳам ушбу одобларга чиройли тарзда амал қилмасам ва мазкур одоблардан беҳожат бўлмасамда, уларга эслатиш мақсадида мана шу китобни ёздим. Албатта, бундан мақсадим дўсту яқинларимни ҳақ ва сабрга чорлаш ҳамда Аллоҳ таолонинг ушбу буйруғига бўйсунишдир: “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур” (Зориёт сураси, 55-оят). Аллоҳ менга ва ушбу китобни мутолаа қилувчиларга Қуръондан, ушбу мўъжаз рисоладан ва бошқа барча фойдали китоблардан кўп фойдалар олишимизни насиб этсин. Барчамизга дунёда ҳам, охиратда ҳам тўғри йўлни кўрсатсин. Зеро, У зот солиҳ бандаларининг дўстидир.
Ҳижрий 1412 йил 1 муҳаррам, мелодий 1991 йил 12 июль, Ар-риёд.
Дарҳақиқат, ислом динида ҳаётнинг барча жабҳаларига тегишли, каттаю кичикка тааллуқли кўплаб одоблар ва фазилатлар бор. Ислом динида эркак киши қандай бўлиши кераклиги талаб қилинган бўлса, аёл кишидан ҳам шу нарсалар талаб қилингандир. Зеро, исломий муҳит, исломий жамият одобли мусулмон эркак ва одобли муслима аёллардан ташкил топади. Ислом дини мазкур одобларни ҳақиқий баркамол инсонни шакллантириш учун эълон қилган. Ислом шариатининг асл мақсади ҳам гўзал хулқу одобларни таркиб топтиришдир. Имом Қарофий ўзининг “Фарқлар” номли китобида одоб билан амални солиштириб, шундай дейди: “Билгинки, озгина одоб кўпгина амалдан яхшидир. Шунинг учун ҳам Рувайм исмли тақводор олим ўзининг ўғлига: “Эй ўғилчам, амалингни худди хамирдаги туздек, одобингни эса ундек қилгин. Озгина амал билан кўпгина одоб кўпгина амал билан озгина одобдан яхшироқдир”. Ҳозирги кунимизда кўплаб кишиларимиз энг оддий одобларга ҳам амал қилишга эътиборсизлик қилмоқда ҳамда бошқа миллат ва дин вакилларидан ажралиб туриши кераклиги ёдидан кўтарилиб қолмоқда. Ваҳоланки мусулмон киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар дўстларингизни олдига борасизлар. Шунинг учун либосларингизни чиройли, минадиган уловларингизни яроқли қилинглар. Худди инсонларнинг юзидаги ҳол каби гўзал бўлинглар. Зеро, Аллоҳ фаҳшни ва фаҳш ишни қилувчини ёқтирмайди” деган ҳадисларига амал қилиши лозим. Бу ҳадисни Абу Довуд, имом Аҳмад ва Ҳоким Саҳл ибн Ҳанзала розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Шунинг учун мусулмон киши хулқининг, юриш туришининг ҳамда ташқи кўринишининг гўзаллигига катта эътибор бермоғи лозим.
1.    Уйга кириш-чиқишдаги одоб.
Агар ҳовлингизга кирсангиз ёки ундан чиқсангиз эшикни қўполлик билан қаттиқ ёпманг. Агар эшик ўзи қаттиқ ёпиладиган бўлса, у ҳолда уни ўзингиз ушлаб аста ёпиб қўйинг. Эҳтимол, сиз Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шарифни эшитгандирсиз: “Агар мулойимлик нима нарсада бўлса, ўша нарсани зийнатлаб, безаб кўрсатади. Агар нима нарсадан мулойимлик йўқолса, у нарсани қўпол ва ҳунук қилиб кўрсатади”. Муслим ривояти.
2.    Уйга киришда хонадон аҳлига салом бериш.
Агар уйингизга кирсангиз, оила аъзоларингизга “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи вабарокатуҳ” деб салом беринг. Ушбу саломнинг ўрнига “Хайрли тонг” ёки шунга ўхшаш лафзларни ишлатманг. Чунки, юқоридаги салом лафзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўргатган, ўзлари ҳам айтган саломдир. У зот ўзларининг буюк хизматкорлари Анас ибн Моликка ушбу саломни ўргатиб, шундай дедилар: “Эй ўғилчам, агар уйингга кирсанг, оила аъзоларингга салом берсанг, ўша саломинг ўзингга ҳам, оила аъзоларингга ҳам барака бўлади.”  Термизий ривояти. Буюк тобеинлардан Қатода раҳматуллоҳи алайҳ шундай дедилар: “Агар уйингга кирсанг, оила аъзоларингга салом бер. Зеро, улар сенинг саломингга энг ҳақли кишилардир”.
3.    Ҳовлига кираётганини уй аҳлига сездириш.
Ҳовлингизга кираётганингизда ичкаридагиларга буни сездиринг. Шунда уларнинг устларига тўсатдан кириб қолмайсиз ёки зимдан кузатиб юрган кишидек бўлиб қолмайсиз. Абу Убайда Омир ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Отам, яъни Абдуллоҳ ибн Масъуд агар ҳовлига кирсалар ичкаридагиларга буни сездирардилар:  овозларини бироз кўтариб гапирардилар, натижада уйдагилар буни сезиб дарҳол ўзларини ўнглаб олардилар”. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ дедилар: “ Киши уйига кираётганда овоз чиқариб томоқ қириб қўйиши, енгилроқ йўталиши ёки пойабзалини ерга уриб кириши мустаҳабдир”. Абдуллоҳ ибн Имом Аҳмад дедилар: “Отам агар масжиддан уйга қайтсалар ҳовлига киришдан олдин оёқ кийимларини ерга уриб, кираётганларини ичкаридагиларга билдирардилар, баъзан томоқ қириб кирардилар”. “Саҳиҳайн”да Жобир розияллоҳу анҳудан шундай ривоят келган: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши кечқурун сафардан ёки бошқа жойдан уйига келса, дарвозани тақиллатишдан қайтардилар. Гўё бу одам кечаси келиб уйдагиларни зимдан кузатувчи жосусга ўхшаб қолишини айтдилар”.
4.    Ҳовлининг ичидаги хоналарга киришда уй аҳлидан рухсат сўраш одоби.
Агар оила аъзоларингизни бирортаси ўз хонасида ўтирган бўлса-ю, сиз у ерга кирмоқчи бўлсангиз, рухсат сўраб киринг. Шунда ичкаридаги яқинингизни сиз ёқтирмаган ёки у ёқтирмаган ҳолатида кўриб қолмайсиз. Ичкаридаги киши сизга маҳрам қариндошми, номаҳрам қариндошми, фарқи йўқ. Имом Молик ўзларининг “Муватто” номли китобларида Ато ибн Ясор раҳимаҳуллоҳдан қуйидаги мурсал ҳадисни ривоят қиладилар: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Онамнинг ҳузурларига кириш учун ҳам рухсат сўрайманми?” деб сўради. У зот: “Ҳа” дедилар. Ҳалиги одам: “Мен онам билан бир уйда яшайман” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рухсат сўраб кир” дедилар. Ҳалиги киши: “Мен онамнинг хизматларидаманку?!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рухсат сўраб кир. Сен  онангни яланғоч кўришни хоҳлайсанми” дедилар. У: “Йўқ” деди. У зот: “Бўлмасам, рухсат сўраб кир” дедилар”. Бир киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб: “Онамнинг олдиларига кириш учун рухсат сўрайманми?” деди. У зот: “Онангни олдига хоҳлаган пайтингда кирганингда  онанг ноқулай аҳволга тушмаса ҳам рухсат сўраб киргин” дедилар. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг аёли Зайнаб айтади: “Абдуллоҳ агар бирор юмушини битириб уйга келса, ичкаридагилар ноқулай аҳволда ўтиришганда кириб қолмаслиги учун томоқ қириб кирарди”. Ибн Можанинг “Сунан” китобларидаги “Китабут тиб” бобининг охирида “Абдуллоҳ агар ҳовлисига кирмоқчи бўлса, томоқ қириб, овозини баландлатар эди” дейилган. Бир киши Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан: “Онамнинг ҳузурига кириш учун рухсат сўрайманми?” деб сўради. У зот: “Ҳа. Агар рухсат сўрамай кирсанг, онангни ўзинг ёқтирмаган ҳолатда кўриб қоласан” дедилар. Саҳобийнинг ўғиллари тобеин бўлмиш Мусо ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумо шундай дедилар: “Отам билан бирга онамнинг олдиларига кираётган эдик. Отам кирдилар. Ортларидан мен ҳам эргашган эдим кўкрагимдан итардилар. Мен ерга ўтириб қолдим. Шунда отам: “Рухсат сўрамай кирмоқчимисан?!” дедилар”. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Нофеъ айтадилар: “Ибн Умарнинг айрим фарзандлари балоғатга етганда, уларни ўз хоналаридан чиқариб алоҳида хонага жойлаштирдилар. Шундан кейин улар Ибн Умарнинг олдиларига рухсатсиз кирмадилар”. Ибн Журайж Ато ибн Абу Рабоҳдан ривоят қиладилар. Ато ибн Рабоҳ дедилар: “Мен Ибн Аббосдан “Икки синглимни олдига рухсат сўраб кирайми?” дедим. У зот: “Ҳа” дедилар. Мен: “Улар менинг уйимда қарамоғимда яшашади-ку?” дедим. Шунда у зот: “Сингилларингни яланғоч кўришни истайсанми?”  дедиларда, ушбу оятни ўқидилар: “Қачонки, гўдакларингиз балоғатга етса, бас, улар ҳам худди ўзларидан олдинги (балоғатга етган)лар каби изн сўрасинлар!”(Нур сураси, 59-оят). Кейин айтдилар: “Рухсат сўраб кириш инсонларнинг барчасига вожибдир”. Ибн Масъуд дедилар: “Киши отасининг, онасининг, ака-укасининг ҳамда сингилларининг олдига киришда ҳам рухсат сўраши шарт”. Жобир розияллоҳу анҳу: “Киши ўз ота-онаси қари бўлишса ҳам улардан изн сўраб олдиларига киради. Бундан ташқари ака-укасидан, опа-синглисидан ва фарзандларидан ҳам рухсат сўраб кириши керак” дедилар. Юқорида келтирилган ривоятларнинг кўпини Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ал-адаб ал-муфрад” китобларида, баъзисини Ибн Касир ўзларининг “Тафсир” ларида юқоридаги оятни тафсир қилиш чоғида келтирганлар.  
5.    Дарвозани чертиш одоби.
Агар сиз дўстингизни ёки баъзи бир танишларингизни ёхуд бирор бегона кишининг дарвозасини чертмоқчи бўлсангиз,  оҳисталик билан мулойим тарзда чертинг. Қўполлик ва шошқалоқлик билан чертиб, ичкаридагиларни қўрқитиб, одобсизлик қилманг. Бир аёл Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг олдиларига диний мавзудаги бир масалани сўрагани келдида, дарвозани бироз қўполлик билан тақиллатди. Имом Аҳмад ичкаридан: “Миршаблар келди” деб чиқиб келдилар. Саҳобаларнинг барчалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларини (одоб юзасидан) тирноқлари билан чертиб тақиллатишар эди. Бу ривоятни Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” да келтирганлар. Албатта, бундай оҳисталик билан эшикни чертиш ичкаридаги кишилар эшикка яқинроқ бўлишганда амалга оширилади. Аммо ичкаридагилар дарвозадан узоқроқда ўтирган бўлишса, эшикни улар эшитадиган даражада чертилади. Бироқ шунда ҳам ушбу чертишга қўполлик ва дағаллик мутлақо аралашмаслиги лозим. Зеро, юқорида  “Агар мулойимлик нима нарсада бўлса, ўша нарсани зийнатлаб, безаб кўрсатади. Агар нима нарсадан мулойимлик йўқолса, у нарсани қўпол ва ҳунук қилиб кўрсатади” деган ҳадиси шариф айтиб ўтилди. Яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мулойимликдан маҳрум бўлган бўлса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди” деганлар. Иккала ҳадисни ҳам Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганлар. Эшикни ҳар бир чертиш орасида бир муддат кутиш лозим. Токи таҳорат қилувчи таҳоратидан,  намоз ўқувчи намозидан, овқатланаётган киши таомидан фориғ бўлиб олсин. Баъзи уламолар чертишларнинг орасидаги вақтни тўрт ракатли намоз сиғадиган вақт бўлиши керак дейишган. Чунки, сиз эшикни тақиллатишни бошлаганингизда ичкаридаги одам ҳам намозини бошлаган бўлиши мумкин. Агар сиз дарвозани, орасида бироз муддат ўтказиб, уч марта тақиллатганингиздан кейин ўзингизча “агар бирор юмуши бўлмаганда чиққан бўларди” деб ўйласангиз, у ҳолда қайтиб кетинг. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз киришга уч марта рухсат сўрагандан кейин рухсат берилмаса, қайтиб кетсин” деганлар. Бухорий ва Муслим ривоятлари. Киришга изн сўраётган пайтингизда ўзингиз дарвозанинг рўпарасида турманг, балки ўнг ёки чап томонида туринг. Чунки, “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қавмнинг дарвозаси олдига келсалар, унинг рўпарасида турмай, ўнг ёки чап томонида турар эдилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
6.    Дарвозани чертаётган одам ичкаридагиларга ўз исмини айтиб танитиши лозим.
Бирорта яқин одамингизни дарвозасини тақиллатаётганингизда ичкаридан: “Ким у?” дейилса, исмингизни тўлиқ айтиб, ўзингизни танитинг. “Бир киши”, “Мен”, “Фалончи” деманг. Чунки ичкаридагиларга бу лафзлар эшикни тақиллатувчи ким эканлигини мутлақо англатмайди. Сиз: “Ичкаридагилар овозимдан танишади” деб ўйламанг. Овознинг  ўзи ичкаридагиларга турлича эшитилади ва улар келган одам кимлигини аниқ била олмайдилар. Гоҳида эса сиз эшигини тақиллатаётган одам уйида бўлмай, бошқа бирор қариндошими, қўшнисими бўлиши мумкин. Табиийки, улар сизнинг овозингиз у ёқда турсин, исмингизни айтсангиз ҳам танимасликлари мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик тақиллатувчининг “Мен” дейишини ёқтирмас эдилар. Чунки, “Мен” лафзи ҳеч нарсани ифода этмайди. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу дедилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига келиб, эшикларини тақиллатдим. У зот ичкаридан: “Ким у?” дедилар. “Мен” дедим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен, мен?!” дедилар. Гўё у зот менинг сўзимни ёқтирмадилар”. Бухорий ва Муслим ривояти. Шунинг учун саҳобаи киромлар “Ким у” дейилса, исмларини айтиб таништирар эдилар.  Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни кечаси ташқарига чиқсам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ўзлари юриб кетаётган эканлар. Ортлариадан ойнинг ёруғида юра бошладим. У зот ортга қайрилиб, менинг шарпамни кўрдилар-да: “Ким у?” дедилар. Шунда мен: “Абу Заррман” дедим”. Бухорий ва Муслим ривоятлари. Яна Бухорий ва Муслим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг қизлари, саййидимиз Али розияллоҳу анҳунинг сингиллари Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳодан ривоят қилишади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига борсам, у зот ғусл қилаётган эканлар, Фотима у зотни тўсиб турган экан. Расулуллоҳ: “Ким у?” дедилар. “Мен, Умму Ҳониъман” дедим”.
7.    Меҳмонга борганда уй эгаси сизни қабул қила олмаслигини айтгандаги одоблар.
Яқин инсонингизникига меҳмонга борганингизда, бу меҳмондорчилик хоҳ таклиф асосида бўлсин, хоҳ таклиф қилинмаган жой бўлсин, уй эгаси сизни қабул қила олмаслигини айтиб, узр айтса, узрини қабул қилинг. Чунки, уйидаги аҳволни сиздан кўра у яхшироқ билади. Эҳтимол сизни кутиб олиш учун имконияти йўқдир, эҳтимол кутиб ололмаслигига бошқа сабаблар бордир. Буюк тобеин Қатода ибн Диома ас-Садусий айтдилар: “Қайтиб кетинг деган кишининг уйида ҳеч қачон турмагин. Сени уларда ҳожатинг бордир, лекин уларнинг ҳам ўзларига яраша ишлари, юмушлари бор. Шунинг учун узр айтишга улар ҳақлироқдир”. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтар эдилар: “Ҳамма одам ҳам ўз узрини айта олмайди. Шунинг учун ҳам саҳобалар ва тобеинлар меҳмонга боришганда одоб юзасидан: “Бошқа сафар келармиз, сизни ҳам ноқулай аҳволга солиб қўйдик” деб айтишар эди”. Бу масала шу қадар аҳамиятли бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Агар сизларга «қайтингиз!» дейилса, қайтиб кетаверингиз! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир)” (Нур сураси, 28-оят). Меҳмонга борган киши уни кутиб олишга уй эгаларининг рағбати йўқлигини сезиши биланоқ юқоридаги Қуръон одобига амал қилиши лозим. Акс ҳолда уй эгалари: “Уйда ҳеч ким йўқ эди” деб, ушбу ёлғонни фарзандларидан айттириб юборишга мажбур бўлади. Бунда ҳам уй эгасини ёлғон гапиришга мажбур қилиб қўйган бўламиз, ҳам фарзандларининг оталаридан ёлғонни ўрганишларига биз сабабчи бўлиб қоламиз. Гоҳида эса келган одам уч марта чақиргандан кейин ҳам кетмай, дарвоза олдида турганидан ичкаридагиларнинг қалбларига озор етиши мумкин. Қуръоний кўрсатма эса бизни бундай ноқулайликлардан ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам қутқаришга чорлайди. Уй эгаси ҳам келган меҳмонни кута олмаслигини чиройли тарзда, мулойимлик билан тушунтириши, меҳмондан узрини қабул қилишини илтимос қилмоғи лозим. Зеро, Роббимиз юқорида келтириб ўтилганидек:  “Агар сизларга «қайтингиз!» дейилса, қайтиб кетаверингиз! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир)”, дея марҳамат қилган (Нур сураси, 28-оят).
8.    Меҳмонга борган одам уйга кираётганда кўзларини тийиб кириш одоби.
Меҳмонга ёки бошқа бирор иш билан бировнинг уйига кираётганингизда, ҳовлининг ичкарисига ва ичкаридаги номаҳрамларга қарашдан кўзингизни тийинг. Чунки бу катта айб ва одобсизликдир. Абу Довуд ва Табаронийлар Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига киришга эшикларининг рўпарасида туриб рухсат сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бироз четроққа ўтишни буюрдилар ва: “Рухсат сўраб кириш кўз сабабли жорий қилингандир” дедилар”. Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобларида Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бир кишига рухсат сўрамагунича бировнинг уйининг ичига қараши ҳалол эмас. Агар қараса ичкарига кирган ҳисобланади”. Яъни рухсат сўрамай ичкарига кирганнинг ҳукмида бўлиб қолади. Бу иш эса ҳаромдир. Бухорий яна мазкур китобларида, Абу Довуд ва Термизийлар ўзларининг китобларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким агар кўзини ичкарига қаратса, унга киришга изн йўқ”. Бухорий яна мазкур китобда Аммор ибн Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтдилар: “Ким назарини рухсат берилмасидан аввал ҳовлининг ички саҳнасига қаратса аниқ фосиқлик қилибди”. Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддислар Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: “Бир киши бир тешикдан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларига қараб турган эди. У зот қўлларидаги тароқ билан бошларини тараётган эдилар. Тўсатдан у зот ҳалиги одамни кўриб қолдилар-да: “Агар қараб турганингни билганимда эди  мана шу тароқни кўзингга тақиб олардим! Чунки, рухсат сўраб кириш кўз туфайлидир” дедилар”.  
9.    Ўз уйига ёки бошқа бировнинг уйига кираётганда пойабзални ечиб кириш одоби.
Бировнинг уйига ёки ўз уйингизга кираётганингизда ҳам, чиқаётганингизда ҳам оҳиста кириб-чиқинг, кўзингизни пастга қаратинг, овозингиз мулойим бўлсин, пойабзалингизни ечадиган жойга ечиб киринг, пойабзалингизни тартибли қилиб ечинг, ўз ҳолича ечиб ташлаб қўйманг, ечиб-кияётганда ҳам одобга мувофиқ: кийишни ўнг оёқдан бошланг, ечишни чап оёқдан бошланг. Зеро, саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз пойабзалини кийса, ўнг оёқдан бошласин, ечса, чап томондан бошласин. Ўнг тараф кияётганда биринчи, ечаётганда иккинчи бўлсин”, дедилар. Муслим ва бошқалар ривоят қилишган. Ўз уйингизга ёки бировнинг уйига кираётганингизда пойабзалингизни кўздан кечиринг. Агар унда бирор нопок нарса бўлса, уни ерга ишқалаб тозаланг. Чунки динимиз ислом поклик ва озодалик динидир.
10.     Меҳмонга борган одамнинг мезбоннинг уйида ўтириш ва унинг икромини қабул қилиш одоби.
Мезбон билан жой масаласида тортишманг, у қаерни кўрсатса, ўша ерга ўтиринг. Эҳтимол, ўзингиз истаган жойга ўтирсангиз уй соҳибининг бирор авратига, сиз кўришингиз мумкин бўлмаган нарсасига кўзингиз тушиб қолар. Ёки бу ўтириш билан уй аҳлини ноқулай аҳволга соларсиз. Мезбон сизга нималарни буюрса, буйруғини бажаринг. Сизга қандай икром кўрсатса, икромини қабул қилинг. Буюк саҳоба Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлишлари қиссасида шундай дейилади: “У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тўшак устига ўтирғизиб, икром қилдилар. Ўзлари эса, ерга ўтирдилар”. Адий розияллоҳу анҳунинг ўзлари воқеани шундай баён қиладилар: “Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени уйларига олиб бордилар ва ичи ҳурмо пўстлоғи билан тўлдирилган кўрпачани ерга тўшаб: “Ўтир бунга” дедилар. Мен: “Бунга ўзингиз ўтиринг” дедим. У зот: “Бунга сен ўтир” дедилар ва ўзлари ерга ўтирдилар”. Бу ҳадисни Исмоил ибн Касир ўзларининг “Ал-бидоя ван-ниҳоя” китобларида зикр қилдилар. Хорижа ибн Зайд Ибн Сириннинг ҳузурларига меҳмон бўлиб кирдилар. Қарасалар Ибн Сирин кўрпачани четга қўйиб, ерга ўтирган эканлар. Хорижа ибн Зайд ҳам ерга ўтирмоқчи бўлиб, шундай дедилар: “Сиз ўзингизга ихтиёр қилган ишни мен ҳам ўзимга ихтиёр қилдим (яъни сиз ерга ўтирган экансиз, мен ҳам ерга ўтираман). Шунда Ибн Сирин: “Мен уйимда ўзимга рози бўлган нарсани сизга раво кўрмайман. Шунинг учун буюрилган жойга ўтиринг” дедилар. Сиз ҳам меҳмонга борганингизда мезбон кўрсатган жойгагина ўтиринг. Мезбон буюрмагунича бирон бир сўри, диван ёки шу каби нарсаларга ўтирманг.
11.     Меҳмондорчиликда ўтириш одоблари.
Меҳмондорчиликда ўтирирганингизда у ёқ, бу ёққа аланглаб, кўзингизни жовдиратманг. Аксинча, ўтирганингизда кўзингизни  пастга қаратиб, одоб билан ўтиринг. Берк жавонларни, сандиқларни, сумкаларни ва бошқа ўралган нарсаларни очманг. Чунки бу ислом одобига ва омонатдорликка хилоф ишдир. Шунинг учун меҳмондорчилик ва зиёрат одобларини яхши билиб олинг ва буларга амал қилинг. Шунда мезбоннинг сизга бўлган ҳурмати ва муҳаббати янада ортади.
12.     Меҳмондорчиликка бориш вақтини ва муддатини танлаш одоби.
Меҳмонга боришда ҳар икки тараф учун ҳам муносиб вақтни танлаш лозим. Шунингдек, мезбоннинг уйида ҳам керакли миқдорда ўтириш керак. Мезбонга малол келадиган, оғир келадиган даражада кўп ўтирмаслик лозим. Зиёратга, меҳмондорчиликка ноқулай ва номуносиб вақтда борманг. Масалан, таомланиш, ухлаш, дам олиш ва бошқа шу каби вақтларда бормаслик лозим. Имом Нававий ўзларининг “Ал-азкор” номли китобларида шундай дейдилар: “Мусулмон киши солиҳларни, ака-укаларни, қўшниларни, дўсту биродарларни ва бошқа яқинларни зиёрат қилиши ҳамда уларга икром кўрсатиши, яхшилик қилиши, силаи раҳм қилиши энг зарур мустаҳаб амаллардандир. Бу нарсаларга эса зиёрат қилинадиган кишининг ҳолатидан келиб чиқиб амал қилинади. Улар ёқтирмайдиган, уларни ноқулай аҳволга соладиган вақтларда зиёрат қилмаслик лозим. Балки, улар рози бўладиган вақтда зиёрат амалга оширилиши зарур. Бу борада ворид бўлган ҳадислар жуда ҳам кўп ва машҳурдир”.
13.     Меҳмонга борганда у жойдаги катта ва кичиклар билан гаплашиш одоби.
Меҳмонга борганингизда у ердагилар билан вазиятга мос мавзуда ва керакли миқдорда гаплашиш лозим. Агар сиз ўтирганларнинг ичида энг кичиги бўлсангиз, бирор киши савол бериб бирор нарса сўрамагунича, ҳеч нарса гапирманг. Ёки сизнинг гапирадиган гапингиз вазиятга мос бўлса, ўтирганларни ҳурсанд қилса гапиринг. Гапни чўзиб юборманг, гапингизнинг мавзуси, оҳанги мажлис аҳлига ҳамда ўзингизнинг мақомингизга  мос бўлсин.
14.     Меҳмонга борганда у ердагиларга салом бериш ва улуғ кишилар билан уларга мос тарзда муомала қилиш одоби.
Меҳмонга борсангиз, у ердагиларга салом беринг. Қўл бериб кўришишни у ердаги улуғлардан, олимлардан, тақводорлардан ва ёши катталардан бошланг. Фазилат соҳиби бўлмаганлар сафнинг бошида, ўнг томонда турган бўлса ҳам улуғларни қўйиб, саломлашишни улардан бошламанг, балки, саломлашишни чап томондан бўлса ҳам, улуғлардан бошланг. Агар сиз у ерда ким улуғроқ, тақволироқ эканини билмасангиз, ўша ердагилар кўрсатган кишидан бошланг. Агар меҳмонга келганларнинг ҳаммалари фазилатда тенг бўлишса, ёши каттароқларидан саломлашиш бошланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Каттани ҳурмат қил” дедилар. Бошқа бир ривоятда эса: “Ёши улуғни эъзозла” дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари. Абу Яъло ва Табаронийларнинг ривоятида эса: “(Ҳурмату эъзозни) катталардан бошланглар” деганлар.
15.     Меҳмондорчиликка борганда у ердаги бошқа меҳмонлар билан ўтириш одоби.
Агар бир мажлисга кирсангиз икки кишининг ўртасига ўтирманг. Балки, уларнинг ўнг ёки чап тарафларига ўтиринг. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кишининг ўртасига, фақат, улар рухсат бергандагина ўтириш мумкин” деганлар. Абу Довуд ривояти. Икки кишининг ўртасига ўтиришга рухсат берилган одам чордона қурмай, ўзини йиғиштириб ўтириши лозим. Ибн Аъробий шундай деганлар: “Баъзи ҳукамолар айтишган: “Икки киши золимдир: насиҳат эшитиб, уни гуноҳ ишларга ишлатган киши ва тор жойда ўтиришга рухсат берилганда, чордона қуриб ўтирган киши”. Агар икки кишининг ёнига ўтириб қолсангиз, уларнинг гаплари ўзаро сирли ва уларгагина хос гап бўлса, гапларига қулоқ солманг. Агар шундай бўла туриб қулоқ солсангиз, катта айб иш қилган бўласиз. Зеро, саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бир қавмнинг гапларини эшитса, улар эса бунинг эшитишини ёқтирмасалар, қиёмат куни ҳалиги одамнинг қулоғига эриган қўрғошин қуйилади” деганлар. Бухорий ва бошқалар ривоят қилишган. Агар уч киши гаплашиб ўтирган бўлсангиз, икки киши ўзаро махфий гаплашманглар, зеро бу иш учинчи кишини хафа қилади, сизлардан узилишига, ажралишига сабаб бўлади. Бу мусулмончиликка тўғри келадиган иш эмас. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишдан қайтариб: “Учинчи киши ҳам бор жойда икки киши ўзаро пичирлашиб гаплашмайди” деганлар. Имом Молик ва Абу Довуд ривоят қилишган.  Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Гаплашмасин” демаяптилар, балки “Гаплашмайди” деб айтяптилар. Бу деганлари мусулмон кишидан бу каби хато ва айблар асло содир бўлмаслигига, бу айбни қилиш мусулмон шахсга мутлақо нолойиқ эканлигига ишорадир. Юқоридаги ҳадис Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган. У зотдан “Агар тўрт киши бўлсачи” деб сўралганда, у киши: “У ҳолда пичирлашиб гаплашишингни сенга зарари йўқ” деган эканлар.
16.     Мусулмон кишининг ўзидан катталар билан юриш, гаплашиш ва бошқа муомалалардаги одоби.
Ўзингиздан катта кишиларнинг ҳурматини ва қадрини билинг. Агар улар билан бирга юрсангиз, уларнинг ўнг томонларида ва бироз орқароқда юринг. Улар билан бирор жойга кириш ва чиқишда, уларни ўзингиздан муқаддам қўйинг. Улар билан учрашиб қолсангиз, сиз биринчи бўлиб салом беринг ва ҳурмат кўрсатинг. Агар тенг гапириш тўғри келиб қолса, аввал уларнинг гапиришига имкон беринг. Уларга тавозеъ кўрсатган ҳолда сўзларига қулоқ тутинг. Агар уларнинг гапларида сизни ҳам муноқашага чорлайдиган масала кўтарилса, одоб, оҳисталик ва лутф билан муноқаша қилинг. Уларга сўзлаётганингизда, майин ва юмшоқ овозда гапиринг. Уларга хитоб қилмоқчи ва уларни чақирмоқчи бўлсангиз, хитоб қилиш ва чақиришда ҳам уларнинг ҳурматини жойига қўйишни унутманг. Қуйида ушбу одобга чорлайдиган айрим ҳадислар ва асарларни келтирамиз. Ака-ука Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир воқеани айтиш учун келишди. Улардан бири иккинчисидан катта эди. Кичиги гап бошламоқчи эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Каттани ҳурмат қил”, яъни унга аввал гапиришга имкон бер, дедилар. Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Катталаримизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга раҳим қилмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган биздан эмас” дедилар. Бу ҳадисни имом Аҳмад, Ҳоким ва Табаронийлар Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
17.     Ёш ва илмда бир-бирига яқин бўлган кишиларнинг ўрталаридаги суҳбат одоби.
Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшларга суҳбат ва бирга ўтириш одобини, киши ўзидан каттани муқаддам қўйишни ўргатганлар. Буюк саҳобий Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордик. Бирга борган шерикларим билан менинг ёшим тенг эди. У зотнинг олдиларида йигирма кеча турдик.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  раҳимли ва мулойим зот эдилар. У зот бизни ўз аҳлимизни муштоқ қилиб куттириб қўйди, деб ўйладилар ва биздан қолдириб келган қавмимиз ҳақида сўрадилар. Биз кимларни қолдириб келганимизни у зотга айтдик. Шунда у зот: “Аҳлларингизга қайтинглар ва улар билан бирга туринглар. Уларга (мендан ўрганганларингизни) ўргатинглар ва (ўргатганларингизга амал қилишларини) буюринглар. Агар намоз вақти бўлса, бирингиз азон айтсин, ёши каттароғингиз имомликка ўтсин” дедилар”. Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Ҳофиз ибн Ражаб Ҳанбалий  Абулҳасан Али ибн Муборак Кархий (487 ҳ.в.э.)нинг ҳаёт йўлларини баён қилишда шундай ривоятни келтирадилар: “Абулҳасан Али ибн Муборак Кархий ўз замонасида ҳанбалийларнинг шайхи бўлмиш, имом, фақиҳ, қози Абу Яъло Ҳанбалийнинг шогирди эдилар. У киши шундай дедилар: “Бир куни мен устозим Абу Яъло билан бирга кетаётган эдим. Шунда устозим мендан: “Агар сен улуғ деб биладиган киши билан бирга юрадиган бўлсанг, унинг қайси тарафида юрасан” деб сўрадилар. Мен: “Билмайман” дедим. Шунда устозим: “Ўнг томонида, худди икки киши бўлиб намоз ўқиётганингда имоминг қаерда турса, улуғ кишини ҳам шундай ҳолда қилгин. Чап тарафни у учун холи қилгин. Ана ўшанда у бурун қоқмоқчи ёки ўзидаги бирор азиятни кетказмоқчи бўлса, чап томонига қилиб кетказади” дедилар”.
18.     Меҳмондорчиликда таом ва бошқа нарсаларни  улашиш одоби.
Зиёфат ва улуғлашда катталарни ва фазл эгаларини муқаддам қўйиш лозим. Берадиган ва улашадиган нарсаларни аввал улардан бошлаш керак. Кейин суннатга мувофиқ уламоларнинг ўнг томонларида ўтирганларга ўтиш керак. Юқоридаги катталарни эъзозлашга тарғиб бўлиб келган ҳадислардан ташқари бу мавзуда келган ҳадислар жуда ҳам кўп. Масалан, имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳ” ларидаги “Таом ва шаробга тегишли одоб ва ҳукмлар” деган бобида Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Биз агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга таомга чақирилсак, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  овқатга қўл чўзмагунларича биз чўзмас эдик”. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Риёз ус-солиҳийн” номли китобларида алоҳида бир бобни  ушбу мавзуда тартиблаб, унда мавзуга доир кўплаб ҳадисларни келтирадилар. Қуйида мазкур бобдан кичикроқ иқтибос келтирамиз: “Уламолар, ёши улуғлар, аҳли фазлларни ҳурмат қилиш, барча ишларда уларни олдинга ўтказиш, улар билан бирга ўтиришга катта аҳамият қаратиш ва мартабаларини доим улуғ деб билиш” боби: Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар сураси, 9-оят). Абу Масъуд Уқба ибн Амр ал-Бадрий ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: “Қавмга ичларидан Қуръонни энг тўғри ўқийдигани имомлик қилади. Агар қироатда бирчалари тенг бўлсалар, суннатни энг кўп биладигани имомлик қилади. Агар суннатни билиш борасида ҳам бирчаларининг билимлари тенг бўлса, олдинроқ ҳижрат қилганлари имомликка ўтади. Борди-ю ҳижратда ҳам тенг бўлишса, у ҳолда ёши каттароғи имомлик қилади”. Муслим ривояти. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: “Сизларнинг ичингизда менга энг яқинингиз ёши улуғ ва фаросатли, ақлли, зеҳну заковатлиларингиз, кейин улардан кейинги ўринда турадиганларингиз, кейин улардан кейинги ўринда турадиганларингиз, кейин улардан кейинги ўринда турадиганларингиз”. Муслим ривояти. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  урушда шаҳид бўлганларни икки киши, икки кишидан бир қабрга қўяётганларида, улардан қайси бири Қуръондан кўпроқ сура ёдлаган бўлса, ўшанисини олдинроқ қўйишга ишора қилардир”. Бухорий ривояти. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: “Мен ўзимни тушимда мисвок қилаётган ҳолимда кўрдим. Бир пайт олдимга икки киши келди. Бири иккинчисидан катта эди. Мен мисвокни уларнинг кичигига узатдим. Шунда менга: “Каттасига бер” дейилди. Мен каттасига бердим”. Муслим ривояти. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёдлаб, унга амал қилишда ҳаддидан ошмаган ва амал қилмасдан ташлаб ҳам қўймаган қорини ҳамда адолатли султонни ҳурмат қилиш, уларга икром кўрсатиш Аллоҳни улуғлаш туркумига киради”. Абу Довуд ривояти. Бу ҳасан ҳадис. Маймун ибн Абу Шабиб раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳонинг ёнларидан бир тиламчи ул-бул сўраб ўтиб қолди. У зот унга ниманингдир синиқ парчасини бериб юбордилар. Бир оздан кейин у зотнинг ёнларидан устида ажойиб кийим кийган, юриш-туришидан улуғ инсонлиги сезилиб турган бир киши ўтиб қолди. Онамиз у одамни меҳмон қилиб, таом едирдилар. Онамиздан  бу ишлари хусусида сўралганда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларни мартабаларига қараб ўринга ўтқизинглар” деганлар, дедилар”. Абу Довуд ҳамда Ҳоким ўзининг “Маърифати улумил ҳадис” деган китобида ривоят қилган ва “Бу ҳадис саҳиҳдир” деган. Абу Саид Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ёшим кичик бола эдим. У зотдан (Қуръон ва ҳадис) ёдлардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёшлари мендан катта саҳобаларнинг борлиги мени гапиришдан манъ қиларди”. Бухорий ва Муслим ривоят қилишган”. Шу ерда Имом Нававийдан келтирилган иқтибос тугади. Демак, барча аҳамиятли ишларда биринчи ўринга ёши катта ёки фазилат соҳибларини ёхуд илмлиларни қўйиш суннат амаллардандир. Яъни бир мажлисда ўтирганларнинг ичида ёши катта, илмли, обрўли, Пайғамбар алайҳиссаломнинг насабларидаги одам, имом, раҳбар, саҳоват ва қўли очиқлигида устун бўлган киши ва шу каби инсонлар мавжуд бўлса, барча эъзозу икромларни шулардан бошлаш суннатдир. Меҳмондорчиликда юқорида айтиб ўтилган кишилардан бирортаси мавжуд бўлса, улашиладиган таом ёки ҳадяларни аввал у кишига бериб, кейин ўша улуғ кишининг ўнг томонида ўтирган кишилардан давом эттирилади. Бу билан ҳам улуғларга икром кўрсатишга тарғиб сифатида келган ҳадисларга, ҳам покиза ишларни ўнг қўлдан бошлашга тарғиб бўлиб келган ҳадисларга тенг амал қилинган бўлади. Бундай ҳадислардан бир қанчаси юқорида келтириб ўтилди. Баъзилар ишларни ўнг томондан бошлашга тарғиб бўлиб келган ҳадисларни нотўғри тушуниб: “Таом ва ҳадяларни ким бўлишидан қатъи назар ўнг томондан бошлаш лозим” дейишади. Бу ҳукм ўтирганларнинг ҳаммаси ёшда, илмда, фазлда тенг бўлсаларгина жорий қилинади. Аммо ҳамма илм ва фазлда тенг бўлса-ю, бир кишининг ёши бошқалардан каттароқ бўлса, аввал ундан бошланади. Имом Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ ўзининг машҳур “Ал-баён ват-таҳсил” номли китобида шундай деган: “Агар бирга ўтирганларнинг мартабалари тенг ёки бир-бирига яқин бўлса, макоримул ахлоққа мос бўлиши учун таом ва ҳадялар ўнг томондан бошланади”. Чунки, бунда бировнинг мартабасини паст санаш деган нарса бўлмайди. Таом ва совға-саломларни аввал улуғлардан бошлаб, кейин уларнинг ўнг томонларида ўтирганлардан давом эттириш  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган суннатларидир. Бир куни  у зотга пиширилган сут олиб келинди. Ўнг томонларида бир аъробий, чап томонларида эса Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўтирган эдилар. Ўзлари сутни ичиб, кейин аъробийга бердиларда, “Ўнг томондан, ўнг томондан” дедилар. Чап томонларида ўтирган Абу Бакр сутни аъробийдан олдин ичишга ёш, илм ва яхшилик қилиш жиҳатидан ҳақли эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  сутни у кишидан изн сўраганларидан кейин аъробийга берганлар. Яна бир сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичимлик келтирилганда ўнг томонларида бир бола, чап томонларида эса ёши улуғ одамлар бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг томонларида ўтирган ҳалиги болага: “Мана бу ичимликни катталарга беришимга изн берасанми?” дедилар. Шунда ҳалиги бола: “Йўқ, эй Расулуллоҳ! Мен ўзимнинг ҳаққимни бировга бермайман” деди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  идишни ўша боланинг қўлига дарҳол бердилар ва бу билан унинг ўнг томонда ўтирганлик ҳаққи устун эканига ишора қилдилар. Агар ўтирганларнинг орасида, юқорида айтиб ўтганимиздек, алоҳида эҳтиром кўрсатишга сабаб бўладиган фазилат соҳиби бўлмаса, таомни ўнг томондан улашиш машруъдир.  Аммо мажлисда шундай киши ўтирган бўлса, шариат унинг фазилатига ва шарафига аҳамият қаратади. Шубҳасиз, бундай пайтда таом ва бошқа нарсаларни улардан бошлаб улашишни шариатнинг ўзи талаб этади. Фараз қилайлик: ким бўлишидан қатъи назар таом ва бошқа нарсалар ўнг томондан улашилади, хатто ўнг томондагилар ёш болалар бўлса ҳам, деган юқоридаги хато тушунча бўйича иш олиб бордик. Хўш, бунда нима ҳодиса юз беради? Мабодо уй эгаси ҳам олим ёки бирор фазилат соҳиби бўлса, таомини ёш болалардан беришни бошлаб, ўзига ўхшаган ёки ўзиданда улуғроқ олиму фозилларга улардан кейин берадими?! Ўнг томондагилар ўн киши, баъзан йигирма киши ва ундан кўп бўлса ҳам, то уларга бериб бўлгунича чап томондаги олимлар кутиб туришадими?! Ислом дини бу каби табиатга зид бўлган нарсаларни машруъ қилишдан покдир. Яна бир масала: ёши кичик ёки ҳеч қандай фазл соҳиби бўлмаган киши мезбондан сув сўраса, албатта, бунда сўраган киши биринчи ҳақдор бўлади. Ундан кейин эса, сув давомли тарзда улашиладиган бўлса, унинг ўнг томонида ўтирганлардан улашиш давом эттирилади. Агар мажлисда ўтирганлар орасида сўровчидан ҳам ёши каттароқ кишилар бўлиб, сувни ўзидан аввал улар ичишларига рози бўлса ва  уларга узатадиган бўлса, бу жуда катта фазилатли ва савобли иш бўлади.   
19.      Мусулмон кишининг ўз ота-онаси билан гаплашиш, уларнинг ёнида овозини паст-баланд қилиш ҳамда улар билан бирга юришдаги одоблари.
Ота-онангиз билан биргалигингизда одобга қаттиқ амал қилинг. Чунки, улар сиз эҳтиром қилишингизга энг лойиқ ва энг ҳақли кишилардир. “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, мендан гўзал муомалани кўришга инсонлардан энг ҳақлиси ким” деди. У зот: “Онанг, сўнгра онанг, сўнгра онанг, кейин отанг, ундан кейин яқин қариндошларинг” дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари. Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир кишининг бошқа бир кишининг олдида кетаётганини кўриб: “Бу одам сенга ким бўлади” деб сўрадилар. У: “Отам” деди. Шунда у зот: “Отангнинг олдида юрма, у ўтирмагунича сен ҳам ўтирма ва уни исми билан чақирма” дедилар. Буни Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад”да, Абдурраззоқ эса ўзларининг “Мусаннаф” номли китобларида ривоят қилишган. Ибн Ваҳб ривоят қиладилар: “Имом Моликнинг шогирди Абдураҳмон ибн Қосим ал-Мисрий қўлида “Муватто” китобини ушлаб олган эди. Бирдан ўрнидан турди-да, шу ҳолда узоқ вақт туриб қолди. Ундан нега узоқ вақт тик тургани сўралганда, у: “Онам юқоридан пастга, менинг олдимга бир иш билан тушдилар-да, туриб қолдилар. Онамнинг турганларига мен ҳам туриб турдим. Юқорига чиқиб кетганларидан кейин ўтирдим” деб жавоб берди”. Улуғ тобеин Товус ибн Кайсон шундай дейди: “Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдандир: олим, соч-соқолига оқ тушган мусулмон, султон ва ота. Киши отасини исми билан чақирса, унга жафо қилган бўлади”.
20.     Ота-онага яхшилик қилиш ҳамда уларга яхшилик қилишнинг фарз эканлиги ҳақида.
  Ҳофиз, имом Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ал-Кофий” деган китобининг охиридаги “Фи фиқҳис садатил маликийяти” деб номланган бобида шундай дейди: “Ота-онага яхшилик қилиш фарздир. Бу иш Аллоҳ осон қилган кишига осондир. Уларга яхшилик қилиш дегани уларга нисбатан камтарлик қилиш, мулойим гапириш, уларга фақатгина муҳаббат ва ҳурмат назари билан боқиш, уларга овозини баландлатмаслик, улар фарзандларининг бирор неъматига қўл узатсалар, таом ва ичимликларда уларни ўзидан устун қўйишдир. Отаси билан бирга юрган киши асло ундан олдинда юрмасин, бирор мажлисда ўтирганда отасининг гапиришини маъқул топган ўринда асло отасидан сўзни олиб қўймасин, ота-онасининг ғазабидан сақлансин, тоқати етгунча уларни ҳурсанд ва шод қилишга интилсин. Чунки ота-онанинг кўнглига ҳурсандчилик киритиш яхши ишларнинг энг яхшисидир. Ота-она чақиришганда дарҳол ижобат қилсин. Киши агар нафл намозда бўлган чоғида отаси чақирганда намозни енгилроқ ўқиб, уларнинг чақириғига лаббай дейиш керак. Уларга фақат дунёдаги энг ширин сўзларни гапириш лозим. Ота-она ҳам фарзандлари уларга яхшилик қилишида ўзлари ҳам ёрдам беришлари керак. Бандалар Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатини фақатгина Ўзининг ёрдами билангина бажарадилар. Агар Аллоҳнинг Ўзи бандаларига ёрдам бермаса, улар ҳеч қандай ибодатни адо эта олмайдилар.
21.      Сафардан келган одамни кутиб олиш ҳамда сафардан келувчининг ўзига хос одоблари.
Агар сиз отангизни ёки сиздан улуғроқ яқинингизни ёки ўзингизнинг дўстингизни ёхуд сиздан бироз пастроқ мартабадаги танишингизни кутиб олишга чиқсангиз ёки аксинча, ўзингиз уларнинг олдига сафардан қайтиб келсангиз, кийим-кечакларингизнинг тозалигига эътибор қилинг, уёқ-буёқларингизни тўғрилаб олинг. Чунки кўз гўзал нарсани, покликни, мутаносибликни кўрса, қувонади. Ёқимсиз нарсани кўрганда эса, маҳзун бўлади. Ўзингни чарчаган, ҳолдан тойган қилиб кўрсатишдан сақлан. Чуеки бу нарса учрашиш, кўришида ҳис этиладиган ҳурсандчилик лаззатини камайтиради. Ушбу ҳадисда ҳам шунга тарғиб бор: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Сизлар биродарларингизнинг олдига келувчисизлар. Шунинг учун кийимларингизни гўзал қилинглар, минадиган уловларингизни яроқли қилинглар. Инсонларнинг юзидаги ҳолдек бўлинглар. Чунки Аллоҳ фаҳшни ва фаҳш билан шуғулланувчини яхши кўрмайди”. Бу ҳадис, юқорида айтилганидек, Абу Довуд, Ҳоким томонидан ривоят қилинган. Агар имконлари бўлса, сафардан келувчини кутгани чиққанлар ҳам, сафардан келувчи ҳам бир-бирларига бериш учун ҳадя тайёрлаб қўйсалар, бу жуда ҳам яхши бўлади, ўрталаридаги муҳаббат янада зиёда бўлади. Чунки, кўз яхши кўрган кишисини кўрганда қувонганидек, қалб ҳам яхши кўрган кишисининг матосига, ҳадясига ошуфта бўлади. Ана шунда учрашишдаги шодлик лаззати ҳам ботиний, ҳам зоҳирий маънода ҳис этилади. Мана бу ҳадис сўзимизга исбот: “Бир-бирларингизга ҳадя улашиб туринглар, ўзаро муҳаббатларингиз зиёда бўлади”. Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” да ривоят қилган. Салафи солиҳлар олдиларига келадиган меҳмон учун алоҳида совғалар тайёрлаб қўйишар эди, хатто ўша одам қайта-қайта келса ҳам, совғаларини қайта-қайта беришар эди.
22.    Мезбоннинг меҳмонга таом бериши, ичимлик билан сийлаши ҳамда таҳоратга шароит қилиб беришдаги одоблари.
Агар сизнинг уйингизга меҳмон келса, унга одоб билан муомалада бўлинг, ҳақларига риоя қилинг. Таом ва ичимлигини чиройли қилиб беринг, исрофга ҳам берилманг, зиқналик ҳам қилманг. Ўтирадиган ўрнини қулай қилиб беринг, айтадиган сўзларини эркин айтишига имконият беринг, қибла қаердалигини айтиб, намозига шароит яратиб беринг. Агар меҳмонингиз таҳорат қилса ёки таомдан аввал ва кейин қўлини ювган бўлса, унга ўзларингиз ишлатмаётган тоза сочиқ тутинг. Агар бирор хушбўйлик берсангиз янада яхшироқ бўлади. Ўзини кўриши, у ёқ, бу ёғини тузатиб олиши учун кўзгу беринг. Таҳорат қиладиган идишлар ва бошқа нарсалар ҳам покиза бўлсин. Таҳорат қилиш учун ҳаммомга киришидан аввал ўзингиз у ерга кириб, тозалаб, кирган одамнинг кўнгли қолмайдиган қилиб қўйинг. Меҳмон дам олишга ётган пайтда безовта бўлмаслиги учун ёш болаларни у ердан узоқлаштиринг ҳамда иложи борича меҳмон дам олаётган хонанинг тинчлик-осойишталигини сақланг. Меҳмоннинг кўзидан аёлларнинг кийимларини ва бошқа уларга тегишли нарсаларни олиб қўйинг. Меҳмонингизнинг барча хизматларини ҳурсандлик ва самимият билан адо этинг. Ўзаро суҳбатни чўзиб юбориб, меҳмонни толиқтириб қўйманг. Салафи солиҳлар ҳам бирор меҳмонни кутиб олишса, унга жуда чиройли муомалада бўлишар эди. Агар сиз ҳам меҳмонга борсангиз, мезбонга мулойим муносабатда бўлинг, уни кўп уринишга мажбур қилманг. Меҳмондорчиликда узоқ қолиб кетмасликка ҳаракат қилинг. Чунки ҳар бир инсоннинг ўзига яраша масъулиятлари ва бурчлари бор. Шу жумладан, мезбоннинг ҳам. Шунинг учун сиз мезбоннинг мазкур бурч ва масъулиятларини тўлиқ адо этишига имкон беринг. Меҳмондорчиликда кўзингизни тийиб ўтиринг. Айниқса, мезбоннинг ҳовлисида сиз ўтирган хонадан бошқа хоналари бўлмаса, бу одобга қаттиқ амал қилинг. Чунки уй эгасининг ва бошқаларнинг кийимлари ҳамда бошқа сиз кўришингиз дуруст бўлмаган нарсалари  ўша биргина хонада жойлашган бўлади.  Мезбонга хиралик қилиб, турли бўлар-бўлмас саволлар бераверманг.
23.     Касал кўргани борган кишининг одоблари, унга бериладиган савоб ва шунга боғлиқ нарсалар.   
Дўстингиз касал бўлса, бориб кўришингиз унинг сиздаги ҳақларидандир. Мана шунда ўртадаги дўстлик дарахтини суғориб, унинг янада мустаҳкамланишига, униб-ўсишига  замин яратган бўласиз. Бундан ташқари бу ишдан жуда катта савоб ва мукофотни қўлга киритасиз. Кўп солиҳ амал қилишга интилган одам ҳам сиз эришган савобларга эриша олмайди. Пайғамбар соллаллаҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мусулмон киши бир мусулмон дўстини касал бўлганда, кўргани борса, то у ердан қайтгунича жаннат хирфасида юрган ҳисобланади”. Бир киши: “Жаннат хирфси нима? деб сўради”. Шунда у зот: “Унинг боғларидир” дедилар. Муслим ва бошқалар ривоят қилишган. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким касални кўргани борса, у ерга ўтиргунича раҳматда юрган бўлади. Агар ўтирса, раҳматга шўнғиган ҳисобланади”. Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.
24. Касални кўргани борган кишининг касал ҳузурида гапириш одоблари.  
Агар сиз касални кўргани борсангиз, бу савобли ишнинг ҳам ўзига яраша одоблари борлигини асло унутманг. Агар мана шу одобларга амал қилсангизгина сизнинг зиёратингиз касал учун далда, касаллигини бироз бўлсада унутишига сабаб бўлади ва унга кўтаринкилик бахш этади. Касални олдида кўп ўтириб қолмаслик лозим. Чунки, касал одамга ёқимли нарсанинг кўпи ҳам ёқмайди. Касалнинг олдида ўтириш худди имом-хатибнинг жумадаги икки хутба орасида ўтиришидек қисқа ва енгил бўлиши лозим. Касалга “Аҳволингиз қандай? Аллоҳ шифо берсин, тузалиб кетинг!” деган қисқа ва самимий сўзларни айтишдан бошқа сўзга ўтманг. Ҳофиз, имом Ибн Абдулбарр ўзларининг “Ал-Кофий” деган китобларида шундай деганлар: “Ким соғлом кишини зиёрат қилса ёки касални кўргани борганда, айтилган жойга ўтирсин. Чунки, уй эгаси ўзининг уйидаги ҳолатни меҳмондан кўра яхшироқ билади. Касални кўргани бориш суннати муаккададир. Касал кўришнинг энг афзали енгил бўлганидир. Зиёратчи касални олдида кўп ўтирмасин. Шундай қилса, касалнинг унга меҳри ортади ва бундан ҳурсанд бўлади”.
25.     Касал кўргани борадиган кишининг кийими тоза бўлиши, ўзи хушбўй бўлиши ва турли ёқимсизликлардан сақланиши ҳақида.
Касални кўргани борувчи киши тоза кийим киймоғи, бир оз хушбўйликлардан ўзига суртмоғи лозим. Ана шунда касал одамнинг кўнгли кўтарилади, тузалишга бўлган ишончи янада ортади. Аммо касалнинг олдига зийнат ва тўй либосларида кириш яхши эмас. Бундан ташқари хушбўйликларни ҳам меъёридан ортиқ сурмаслик керак. Акс ҳолда касалга бу ёқмаслиги мумкин. Зиёратчи касални ғамга ботирадиган хабарни мутлақо айтмаслиги керак. Масалан, касал савдогар киши бўлиб, унинг савдосида бирор зарар содир бўлган бўлса, буни айтмаслик керак ёки касалнинг бирор яқин кишиси вафот этган бўлса, буни ҳам айтмаслик лозим. Касал кўргани борган одам бемордан нима касал билан оғриб қолганини сўраб-суриштирмаслиги лозим. Борди-ю, сўровчи одам беморнинг касали бўйича мутахассис шифокор бўлса, бу бошқа гап. Бундан ташқари зиёратчи киши беморга ўзича: “Фалон дори фойдали экан. Ўша доридан ичсангиз тезда тузалиб кетасиз” деб айтмаслиги керак. Акс ҳолда, билимсизлик билан касал одам тезроқ тузалиш ёки оғриқлардан тезроқ халос бўлиш илинжида ҳалиги одам айтган дорини истеъмол қилиб қўйиши ва бу нарса дардини баттар кучайтириб юбориши мумкин. Қолаверса, бунинг оқибатида ўша касалга қараётган табибларга ҳам қийин бўлиб қолади. Баъзан эса, билимсизлик билан айтилган дори воситаси беморнинг ҳалокатига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Яна касал кўргани келган одам шифокор бўлмаса ёки шу беморнинг дардини тушунадиган илмли одам бўлмаса, касалнинг олдида табибнинг сўзларига эътироз билдириб, унга қарши чиқмасин. Акс ҳолда, бемор одам табибнинг қилаётган муолажаларига ишонмасдан, унинг тавсияларига нисбатан бепарво бўлиб қолади ва тузалиши кечга сурилиб кетади.
26.     Мусулмон киши бирор ёқимсиз хабарни айтмоқчи бўлса, қандай йўл тутади?.
Агар сиз дўстингизга бирор ёқимсиз хабарни айтишга мажбур бўлсангиз мулойимлик билан, оғир ботмайдиган қилиб айтинг. Масалан бирор кишининг вафотини айтмоқчи бўлсангиз “Эшитишимча, фалончи оғир бетоб экан. Кейин аҳволлари кундан кун ёмонлашиб бориб, охири вафот этибди” дейишингиз мумкин. Баъзи бировларга ўхшаб “Бугун ким вафот этганини биласизми?” ёки “Фалончи бугун вафот этибди” деб тўғридан тўғри айтманг. Баъзи одамларнинг юраги  тез таъсирланувчи бўлганлиги учун ёмон хабарингиз унга қаттиқ таъсир қилиб, касал бўлиб қолиши ёки хушидан кетиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, хабарни етказишда муносиб вақтни топиб  етказинг. Овқатланаётган кишига, уйқуга ётмоқчи бўлиб турган кишига, касал одамга, бирор нарсадан қўрқиб турган одамга ва бошқа шу каби инсонларга ёмон хабарни умуман айтманг. Кишининг ёмон хабарларни етказишда мана шундай фаросат ва ҳикмат билан иш кўриши унинг  маънавияти нақадар юксак эканлигини кўрсатади.
27.     Вафот этган яқин кишининг оила аъзоларига таъзия билдириш одоблари.
Агар дўстингиз ёки танишингизнинг бирор яқини вафот этса, унга таъзия билдиришни унутманг. Вафот этганини эшитган заҳотингиз кечиктирмай таъзия билдириб қўйинг. Дўстингизнинг мусибати ва хафалигида сиз ҳам шерик эканингизни билдиринг. Чунки, бу қариндошлик, дўстлик ва мусулмонлик ҳаққидир. Агар дўстингизнинг вафот этган яқинини дафн этиш ишларига кўмаклашишга имконингиз бўлса, албатта кўмаклашинг. Бу ишингиз туфайли сиз жуда катта ажрга эга бўласиз. Бундан ташқари бу нарса сизга катта мавъиза, ўзига хос бир дарс ва ҳар бир инсон йўлиқадиган ўлим ҳамда қабр тайёргарлигини эслатади. Шоирлардан бири дўстини сўнгги манзилга кузатаётганида шундай деган экан:
“Сенинг ҳаётинг менга кўп ибрат эди, дарс ўлароқ,
Бугунги вафотинг эса ҳаётингдан ибратлироқ”
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вааллам бир ҳадии шарифларида шундай деб марҳамат қилдилар: “Мусулмоннинг мусулмонда бешта ҳаққи бор: саломга алик олиш, касал бўлса бориб кўриш, вафот этса жанозасида қатнашиш...”. Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вааллам дедилар: “Касалларни бориб кўринглар, жанозаларга қатнашинглар, сизларга у охиратни эслатади”. Имом Аҳмад ривояти.
28.     Таъзия ва ҳамдардлик билдириш ҳамда маййитнинг ҳақига раҳмат ва мағфират сўраб дуо қилиш.
Яқин кишингиз ёки дўстингизнинг яқини вафот этганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вааллам Абу Салама розияллоҳу анҳу вафот этганда қилган дуоларидек дуо қилсангиз суннатга амал қилган бўласиз. Ўша дуо қуйидагича: “Эй Аллоҳим, Абу Саламанинг гуноҳларини кечиргин, икки дунёда ҳам унинг даражасини кўтаргин, орқасида қолган болалари ва оила аъзоларига Ўзинг ўринбосар бўлгин, унинг ҳам, бизнинг ҳам гуноҳларимизни кечиргин, қабрида унга чиройли муомала қилгин, унга қабрида нур ато этгин”. Муслим ривояти. Яқинини йўқотганларга таъзия билдиришда вафот этган яқинларининг гуноҳларини кечиришини сўраш, мусибатга бериладиган ажрнинг улканлигини эслатиш, бу дунёнинг ўткинчи эканлиги, охират ҳақиқий қароргоҳ эканлигини эслатиш каби мусибатни енгиллатадиган сўзлар билан таъзиянгизни изҳор этинг. Мавзуга доир оят ва ҳадислардан, баъзи салафларнинг бу борадаги ҳикматли сўзларидан айтиб ўтилса, янада яхши бўлади.  Масалан, Аллоҳнинг ушбу “Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара сураси, 156, 157-оятлар), оятини, ёки “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир”(Оли Имрон сураси, 185-оят) оятини ёки “(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг «юзи» боқий қолур” (Раҳмон сураси, 26, 27-оятлар). Бундан ташқари Муслим ва бошқа ровийлар ривоят қилишган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу “Эй Аллоҳим, мусибатимга ажр бергин ва менга ундан яхшироғини қолдиргин”, ҳадисларини ҳамда Бухорий ва Муслим томонидан ривоят қилинган “Олиш ҳам, бериш ҳам Аллоҳнинг измидадир. Унинг ҳузурида ҳамма нарса ўлчовлидир” ҳадисини эслаш ўринлидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари Иброҳим алайҳиссалом вафот этганида: “Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, лекин биз Роббимизни рози қиладиган нарсанигина айтамиз. Эй Иброҳим, биз сени йўқотганимиз учун маҳзунмиз”, дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари. Салафларимизнинг мусибатни енгиллаштирадиган ҳикматли сўзларидан гапирилса ҳам яхши бўлади. Масалан,  Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кўпинча шундай дер эдилар: “Ҳар куни фалончи вафот этибди, фалончи вафот этибди, дейилади. Албатта, Умар вафот этибди, дейиладиган кун ҳам келади”. Яна улуғ тобеин Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Эй Одам боласи, сен кунлардан иборатсан. Ҳар қачон бир кун ўтса, сенинг ҳам баъзи қисминг кетган ҳисобланади”. Ёки Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳнинг ушбу гапларини эслаш фойдалидир: “Тақводорларнинг тўйи, ҳурсандчилик қиладиган куни қиёмат кунидир”. Бир шоирнинг шеъри вазиятга жуда мос тушади:
“Биз кунимиз ўтди деб шодланамиз,
Ваҳоланки, ҳар бир кун бизни ажалга яқинлаштиради”.
Яна бир шоир бундай деган экан:
“Биз сенга таъзия билдиришимиз ҳаётимизга ишонганимиздан эмас, балки, динимизнинг кўрсатмаси шундай бўлганидан.
Таъзия билдирувчи ҳам, таъзия қабул қилувчи ҳам абадий яшамайди. Уларнинг ҳам ҳаёти чегараланган”.
Яна бир шоир бундай деган эди:
“Биз ҳар куни ўлиб-тириламиз. Ҳали шундай кун келадики,
унда биз ўламиз, лекин қайта тирилмаймиз”.
Баъзилар таъзия билдиргани боришганда мусибатзадага унинг табиати кўтара олмайдиган, кўнглидаги маҳзунликни бироз кетказиш ўрнига, уни баттар нафратланишига сабаб бўладиган турли сўзларни гапирадилар. Бу нарса ислом одобига мутлақо зиддир.
29.     Суҳбат қуриб ўтириш, паст овозда гаплашиш ва суҳбат учун мавзу танлаш одоби.
Кўпчилик бўлиб суҳбатлашиб ўтирганингизда бирор кишига гапирмоқчи бўлсангиз, овозингиз мулойим ва паст оҳангда бўлсин. Фақат керакли миқдордагина овозингизни баландроқ қилиб гапиринг. Чунки, керагидан ортиқ баланд овозда сўзлаш гапирувчининг одобига мутлақо тўғри келмайди ва бу ўша ерда ўтирганларга нисбатан ҳурматсизлик белгиси ҳисобланади. Бу одобга ҳар қандай вазиятда: дўст билан, таниган ва танимаган билан, катта-ю кичик билан бўлса ҳам амал қилиш лозимдир. Ота-она ва уларнинг мартабасидаги кишилар билан ўтирганда эса бу одобга, яъни овозни пастлатиб гапириш одобига янада қаттиқроқ риоя қилиш талаб этилади. Қуйида сўзимизнинг далилларини келтирамиз: Қуръони каримда Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига шундай насиҳат қиладилар: “...Овозингни паст қилгин!” (Луқмон сураси, 19-оят). Яъни одамларга гапирганингда бақириб гапирмагин. Чунки, ўринсиз равишда овозни баландлатиб гапириш ҳунук ва қабиҳ ишдир. “Саҳиҳ Бухорий”  китобида қуйидаги ҳадис келтирилган: “Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу “Эй, имон келтирганлар! Амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолингизда зое бўлиб кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз ва унга бир-бирларингизга баланд овоз (дағал сўз) қилгандек баланд овоз қилмангиз! Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган кишилар – айнан ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир. Улар учун мағфират ва улкан мукофот бордир” (Ҳужурот сураси, 2, 3-оятлар) ояти нозил бўлгандан кейин дедилар: “Ушбу оят нозил бўлганидан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу агар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор гап гапирмоқчи бўлсалар сирини айтаётган одамдек ҳеч ким тушунмайдиган қилиб паст овозда гапирар эдилар. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу  соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг баъзи сўзларини эшитмасдан қайтадан сўрар эдилар”. Ҳофиз Заҳабий раҳимаҳуллоҳ буюк тобеин ва улуғ фақиҳ имомлардан бўлмиш Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолини баён қилишда қуйидаги ҳикояни келтиради: “Бакор ибн Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Авндан ривоят қилади: “Муҳаммад ибн Сирин онасининг олдида шу қадар паст оаозда гапирардики, у кишини билмаган ва танимаган одам овози пастлигидан, бу киши касал бўлса керак, деб ўйлар эди”. Яна Ҳофиз Заҳабий раҳимаҳуллоҳ Ибн Сириннинг шогирди Абдуллоҳ ибн Авн Басрийнинг таржимаи ҳолини баён қилишда шундай дейди: “Ибн Сиринни онаси чақирди. У киши  жавоб бераётганида овози онасининг овозидан баландроқ чиқди. Шунда қўрққанидан иккита қул озод қилди”. Осим ибн Баҳдала Куфий Муқриъ айтадилар: “Мен Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига кирдим. Бир киши унга баланд овозда гапирди. Шунда у: “Секинроқ! Бўлди қил! Киши ўзининг ёнидаги шериги ва бошқа бирга ўтирганлар эшитадиган даражада гапирса кифоя қилади” деди”.
30.     Суҳбатдош билан бирга ўтириш, гарчи аввал сен эшитган гапларни гапирса ҳам қайтадан унинг гапларига қулоқ солиш одоби.
Агар суҳбатдошингиз сизни эшитмаган деб ўйлаб бирор гап айтмоқчи бўлса, сиз унинг айтмоқчи бўлган сўзларини эшитган бўлсангиз ҳам, унга бу гапларни билишингизни айтиб хижолат қилманг, билағонлик қилиб унинг сўзларига аралашманг, аксинча, худди энди эшитаётган кишидек аҳамият ва диққат билан гапларини тингланг. Буюк тобеин, имом Ато ибн Рабоҳ айтади: “Бир киши сенга бир гап айтса, сен у айтмоқчи бўлган гапни билсанг ҳам худди энди эшитаётгандек уни тинглагин”. Умар ибн Абдулазиз ва Ҳишом ибн Абдулмаликнинг суҳбатдоши Холид ибн Сафвон Тамимий айтади: “Агар сен бир гапни гапираётган кишини кўрсанг, у айтаётган сўзларни сен аввалроқ эшитган бўлсанг ҳам, ёки бир одам сенга маълум бўлган хабарни етказаётган бўлса, сен ўша гапдан ёки ўша хабардан ундан олдин хабардор бўлганингни сездириб қўйиш учун унинг гапига аралашма. Борди-ю, шундай қилсанг, катафаҳмлик ва одобсизлик қилган бўласан”. Имом Молик, Лайс ибн Саъд ва Саврийнинг дўсти буюк имом Абдуллоҳ ибн Ваҳб ал-Қураший ал-Мисрий айтади: “Гоҳида мен баъзи кишилардан улар туғилмасларидан аввал эшитган нарсаларни эшитаман. Шундай бўлса ҳам унинг сўзларига худди аввал эшитмагандек қулоқ соламан”. Иброҳим ибн Жунайд дейди: “Бир донишманд ўз ўғлига дебди: “Эй ўғилчам, гўзал гапиришни ўрганганингдек, гўзал тинглашни ҳам ўрган. Албатта, гўзал тинглаш суҳбатдошинг сенга ўз сўзларини тўла айтиб бўлгунича гапириш имкониятини беришинг, унга юзланиб ўтиришинг, ўзинг билган нарсаларни гапирса ҳам унинг сўзларига аралашмаслигингдир”. Ҳофиз Хатиб Бағдодий шу ўринда шеър келтиради:
“Гапирувчининг сўзига ҳаргиз шерик бўлмагин,
Гарчи унинг сўзларин аслин-фаръин билсанг ҳам”.
31.     Тушунмаган нарсани сўраш ва таълим олишда гўзал муноқаша қилиш одоби.
Агар сизга гапираётган одамнинг сўзини тушунмасангиз, то гапини тугатгунича сабр қилиб туринг. Тугатганидан кейин одоб ва мулойимлик билан аста сўранг. Гапириб турганда гапларини бўлманг. Чунки, бу тинглаш одобига зид ва кўнгилга ёқимсизлик ҳиссини олиб киради. Бироқ мазкур ҳолат илм мажлисида бўлса, майли. Чунки, илм мажлисида бирор жумлани тугатгандан сўнг ёки муаллим ўша жумлага маъно айтиб бўлгандан сўнг, ўша жумла борасида савол бериш ва муноқаша қилиш яхшидир. Аммо, илм мажлисларидаги муноқаша ҳам одоб ва мулойимлик асосида бўлиши лозим. Халифа Маъмун шундай деган экан: “Илм муноқаша устига қурилгандир”. Аббосий халифалардан Абу Жаъфар Мансур, Маҳдий, Ҳодий ва Хорун ар-Рашиднинг суҳбатдоши, тарихчи ва адиб Ҳайсам ибн Адий шундай деган: “Ҳукамолар: “Киши ўзининг сўзини ҳақ дейиш учун бошқалар билан тортишиши ва бошқаларнинг сўзини кесиш учун уларга эътироз билдириши энг ёмон иллатлардандир”, деганлар”.
32.     Суҳбатдошлар билан савол-жавоб қилиш одоби.  
Агар ёнингизда ўтирган одам ўртага бир савол ташласа, у саволга жавоб беришга сиз шошилманг. Ўзингиздан илмлироқ жавоб беришига имкон беринг. Мана шу ишингиз одобингизни сақлашга, шахсингизни янада юксалишига ҳамда сўзингизнинг таъсири янада ортишига ва мартабангиз кўтарилишига сабаб бўлади. Буюк тобеин Мужоҳид шундай ҳикоя қилади: “Луқмон ўз ўғлига шундай насиҳат қилди: “Эй ўғилчам, сендан бошқадан сўралган саволга, худди ўлжани қўлга киритган ёки бир бойликка эришган одамдек сен жавоб бермагин. Агар бировга берилган саволга сен жавоб берсанг, сўралганни таҳқирлаган, савол берувчига жабр қилган ҳамда илмсиз жоҳилларга калтафаҳмлик ва одобсизликни ўргатган бўласан”. Ҳанбалий мазҳабининг буюк фақиҳ ва муҳаддисларидан Шайх Ибн Батта айтади: “Мен имом Абу Умар аз-Зоҳиднинг, яъни ҳофиз, аллома, тилшунос Муҳаммад ибн Абдулвоҳид Бағдодийнинг ҳузурида эдим. Бир киши устозимдан бир масала хусусида сўради. Шошилиб, ҳалиги саволга мен жавоб бердим. Устозим Абу Умар аз-Зоҳид менга қаради ва: “Фузулиёт нималигини биласанми?” деди. Яъни сен чақирилмаган меҳмондек, сендан сўралмаган саволга қизиққонлик қилиб жавоб бердинг, мени хижолат қилдинг” деди.
33.     Муслима сингилларимизга зиёрат вақтлари, одоблари, дугоналари билан ўзаро суҳбат қилиб ўтириш одоблари, суҳбатларида гапиришлари керак бўлган нарсалар хусусида насиҳатлар.
Муҳтарама сингилларимиз ва мўмина қизларимизга қисқача сўз: агар аҳлингизни ёки баъзи мўмина дугоналарингизни зиёрат қилмоқчи бўлсангиз, зиёрат учун муносиб вақт ва муносиб кунни танлашга эътибор беринг. Баъзи вақтлар борки, ўша вақтларда зиёрат қилиш яхши ҳисобланади. Баъзи вақтларда эса, хатто ўз аҳлингиз ва дугоналарингизни ҳам зиёрат қилиш дуруст бўлмайди. Зиёратнинг бошидан охиригача мулойимлик, оҳисталикни ўзингизга шиор қилиб олинг. Мезбонларингизни малоллантириб қўйишдан эҳтиёт бўлинг. Меҳмондорчилигингиз чўзилиб кетмасин. Вақтга эътибор қилинг. Буюк тобеин Муҳаммад ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий айтган: “Агар мажлис чўзилиб кетса, у ерда шайтон учун ҳам насиба ҳосил бўлади”. Меҳмондорчиликда гапирадиган гапларингизнинг ҳаммаси фақат фойдали гаплар бўлсин. Ғийбат, чақимчилик ва беҳуда гапдан бутунлай юз ўгиринг. Ақлли муслима аёл меҳмонга борганда ҳеч қачон гапни чўзиб, мезбонга оғирлик солмайди.
34.      Одам ухлаётган уйга кириш одоблари.    
Агар бир уйга кечасими, кундузими, кирсангиз, у ерда бирор киши ухлаётган  бўлса, ҳаракатларингиз мулойим, овозингиз пастроқ оҳангда бўлсин. Шовқин-сурон қилиб ухлаётганларга оғирлигингизни солманг, уларни безовта қилманг. У ерда доимо юмшоқлик ва мулойимлик билан ҳаракат қилинг. Биз рисоламизнинг бошида қуйидаги ҳадисни такрор-такрор келтирган эдик: “Кимда-ким мулойимликдан маҳрум бўлган бўлса, барча яхшиликдан маҳрум бўлибди”. Буюк саҳобий Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун сутни ушлаб кутиб турардик. У зот кечаси келар эдилар-да, ухлаганларни уйғотиб юбормайдиган, уйғоқларгагина эшитадиган овозда салом  берар эдилар”. Муслим ва Термизийлар ривоят қилишган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжуд ўқисалар, уйғоқлар эшитадиган, ухлаётганларни уйғотиб юбормайдиган овоз билан қироат қилар эдилар.
35.     Никоҳ ақдига келиш ва никоҳланаётганларни табриклаш одоби.
Агар сизни никоҳ ақдига ёки никоҳ тантанасига чақиришса, у ерга боринг. Модомики у ерда шариатга зид ишлар бўлмаса, шариат ҳаром қилган ичимликлар ичилмаса, ундай зиёфатларда қатнашиш суннат амаллардан саналади. Зеро, бағрикенг ислом шариати турмуш қуришни ибодат ва тоат амаллардан деб эълон қилган. Шунинг учун ҳам никоҳ ақдини масжидларда боғлаш зарур. Фиқҳ китобларимизда бунга далиллар жуда кўп. Бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Никоҳни эълон қилинглар ва уни масжидларда ўқинглар ҳамда никоҳни эълон қилиш мақсадида даф чалинглар”. Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган. Яна қуйидаги ҳадис ҳам сўзимизни қўллаб-қувватлайди: “Никоҳни эълон қилинглар”. Имом Аҳмад, Ҳоким ва бошқалар ривоят қилишган. Яна бир ҳадисда эса: “Ҳалол билан ҳаромнинг ўртасидаги фарқ: никоҳда овоз ва даф чалмоқдир”. Имом Аҳмад, Термизий, Насаий ва Ибн Можа ривоят қилишган. Шундай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳ ақдида аёлларга даф чалишга рухсат берганлар. Шунингдек, баъзи уламоларнинг наздларида энг саҳиҳ гапга кўра, эркакларга ҳам даф чалишга рухсат берилган. Албатта, бундан мақсад никоҳни эълон қилиш, яқин ва узоқ қариндошларга ушбу никоҳни сездиришдир. Шариатнинг эса, никоҳни жорий қилишдан кўзлаган мақсади янада олийроқдир. Бу ҳаром аралашиш, яъни зино билан ҳалол жуфтлашиш, яъни никоҳнинг орасини ажратишдир. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол билан ҳаромнинг ўртасидаги фарқ: никоҳда овоз ва даф чалмоқдир”, дедилар.  Имом Аҳмад, Термизий, Насаий ва Ибн Можа ривоят қилишган. Уламолар ушбу ҳадисдаги “овоз” дан мақсад никоҳни одамлар орасида эълон қилиш, аёлларнинг баланд овозда шодона қичқириғлари ва эркакларнинг никоҳни англатувчи қўшиқларни куйлашларидир. Сизнинг ўша никоҳ ақдига, маросимига келишингизда эълон қилишдан кўзланган мақсад рўёбга чиқади. Бундан ташқари, никоҳ ақдига ташриф буюришингиз никоҳга шарт қилинган гувоҳликнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Қолаверса, бир мўмин биродарингизнинг ёки мўмина синглингизнинг ҳурсандчилигига шерик бўлган, ҳаётининг мана шундай унутилмас кунида ёнида турган бўласиз. Бундан ташқари бу никоҳ тақво асосига қурилаётган бўлса, келин ҳам, куёв ҳам динининг ярмини сақлашга интилган бўлади, қолган ярмига эса, ўзларининг тақволари билан ҳаракат қиладилар. Бундай никоҳда иштирок этган одам, албатта, савобга ҳам шерик бўлмай қолмайди. Янги келин-куёвларни никоҳ деб аталмиш ибодатга қўл урганлари билан муборакбод этиш, бу тоатни чиройли тарзда, шоду хуррамлик билан амалга оширишларида ёнларида туриш исломий биродарлик ҳақларидандир. Шунинг учун сизни никоҳ ақдига чақиришганда, қалбингизда у ерга ташриф буюришдан мақсадингиз муборак ва хайрли амалга ижобат қилиш нияти бўлсин. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирилган жойга ижобат қилишни буюрганлар. Бу покиза маросимга бораётганингизда энг тоза либосларингизни кийиб олинг. Саҳобаи киромлар ҳам бирор жойга зиёратга борсалар, чиройли ҳолда борар эдилар. У ерга борганингизда фақат маросимга мос, чиройли сўзларни, табрикларнигина айтинг. Бошқаларни хафа қиладиган, дилни оғритадиган, қулоқларга ёқмайдиган бемаза сўзларни мутлақо гапирманг. Зеро, мўмин одам фаросатли, зийрак ва ақлли бўлади. Келин-куёвни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган дуолар билан муборакбод этинг. Зеро, у зот: “Аллоҳ сизларга бу никоҳни муборак қилсин, иккалангизни Ўзининг марҳаматига эриштирсин ва ўрталарингизни яхшилик устида жамласин” деб дуо қилар эдилар. Бу ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Ҳоким ва Ибн Можа бу ҳадисни саҳиҳ дейишган. Келин-куёвларга баъзи одамлар одат қилганидек, “Бахт ва ўғиллар тилаймиз” деб тилак билдирманг. Бу жоҳилият табриги бўлиб, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай табриклашдан қайтарганлар. Бизга юқоридаги ҳадисда келтирилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кифоя қилади. Яна бир ҳадисда: “Аллоҳ сизларга бу никоҳланишингизни муборак қилсин, сизларга Ўзининг марҳаматидан насиб айласин” дейилган. Бу ҳадисни Насаий ва Ибн Можа ривоят қилишган. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйландилар. Мени олиб келиб, уйларига олиб кирдилар. Кирсам ичкарида ансория аёллар бор экан. Улар: “Яхшилик ва барака устига келинг, кўп ризқу насиба устига келинг” деб дуо қилишар эди”. Бухорий ривояти. Бағрикенг шариатимиз келин тушириб келинаётганда аёлларга мубоҳ қўшиқларни куйлашга рухсат беради. Шу билан бирга даф чалиб, никоҳни англатувчи шеърлар ва чирой сўзларни куйга солиб айтишга ҳам рухсат беради. Аммо ўша шеър ва чиройли сўзларда севги муҳаббт, ишқ, гўзаллик, юз, чеҳра, гавда, қад-қомат ва бошқа фисқу фужурлар тараннум этилмаслиги шарт. Қўшиқнинг сўзлари покиза, латофатли бўлиши, унда никоҳ сабабли ҳурсандчилик ва шодлик уфуриб туриши керак. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ансорлардан бир кишининг уйига келин тушириб келинди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Оиша, сизларни лаҳвларингиз қани? Чунки, ансорийлар лаҳвга қизиқишади” дедилар”. Бухорий ривояти. Ҳадисдаги “лаҳв” сўзи қўшиқ ва даф чалишни англатади. Ҳофиз Ибн Ҳажар ўзининг “Фатҳул Борий” китобида юқоридаги ҳадиснинг давомидан Табароний ўзининг “Ал-авсат” китобида Шарикдан ривоят қилган ушбу ҳадисни ҳам келтиради: “Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Келинни олиб келувчилар билан бирга қўшиқ айтиб даф чалувчи жорияни ҳам қўшиб жўнатдингларми” дедилар. Мен: “У жория қўшиғида қандай сўзларни айтади” дедим. У зот: “Мана биз сизникига келдик, энди сиз ҳам бизникига борасиз. Агар олтин бўлмаганда, водийларингизга келмасдик, агар буғдой бўлмаганда, қизларингиз семирмасди” дейди” дедилар”. Аёлларнинг никоҳдаги қўшиқлари мана шундай покиза ва латиф маъноларда, никоҳни англатувчи, шодлик ҳисси сезилиб турувчи бўлиши керак. Аммо, севги-муҳаббатни, эҳтиросни ифода этадиган, шаҳватларни жўштирадиган, турли бузуқ маъноли қўшиқларни куйлаш мутлақо таъқиқланган бўлиб, бу иш ҳаромдир.
Хотима
Юқорида айтиб ўтилганлар ислом одобларидан бир қисмигина, холос. Айтиб ўтилган мазкур одоблар сизнинг оталарингиз ва боболарингизнинг одобларидир. Сизга уни бироз кенгайтириб ва тушунарли қилиб баён этишга ҳаракат қилдик, холос. Мақсадимиз сиз ҳам ота-боболарингизга ўхшаб мана шу одобларга амал қилсангиз, шу одоблар асосида ҳаёт кечирсангиз. Мазкур одобларга амал қилишнинг энг яхши майдони, ўрни, албатта, бу сизнинг уйингиз, ака-укаларингизнинг уйи, дўсту қадрдонларингиз ва уларга қарашли кишиларнинг уйларидир. Уларга амал қилишда асло бепарволикка йўл қўйманг. Ўз оила аъзоларингиз даврасида бўлганингизда ҳам уларга оғишмасдан амал қилинг. Зеро, бу каби яхшиликларни қилишингизга энг ҳақли кишилар сизнинг аҳлу оилангиз,  қариндош-уруғларингиз ҳамда ёру дўстларингиздир. Шу ўринда юқорида келтирган ҳадисларимиздан бирини келтиришга ижозат бергайсиз: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, менинг гўзал муомаламга инсонларнинг ичида ким энг кўп ҳақли?” деб сўради. Шунда у зот: “Онанг, сўнгра онанг, сўнгра онанг, кейин отанг, ана ундан кейин яқин қариндошларинг” дедилар”. Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Эй азиз дўстим, айниқса, ота-онангиз билан бирга бўлганингизда ушбу китобда баён этилган одобларга бепарво бўлишдан эҳтиёт бўлинг. Бошқалар билан муомала қилганингизда ҳам ўша одоблар чечарасидан чиқманг. Агар ота-онангиз билан чиройли муомала қилсангиз-у, бошқаларга одобсизлик қилсангиз, ўзингизни алдаган, бошқаларга нисбатан адолатсизлик қилган, устингиздаги исломий биродарлик ҳаққини адо этмаган бўласиз. Энг асосийси, саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадяларидан, кўрсатмаларидан, суннатларидан четга чиққан бўласиз. Аллоҳнинг розилигига эришиш ва шариатининг барча одобларига амал қилиш учун Ўзидан ёрдам сўрайлик. Зеро, солиҳ бандаларининг ишларини ўнглаб қўювчи Унинг Ўзидир. Аллоҳ барчамизни Ўзини, Расулини севадиган бандаларидан қилсин. Унинг барча буюрганларини қилиб, қайтарганларидан қайтишимизда, Пайғамбаримизга сидқи дилдан эргашишимизда Ўзи ёрдамчимиз бўлсин. Аллоҳ Ўзининг энг севимли Расулига, у кишининг оила аъзоларига, барча саҳобаларига кўплаб саловот ва саломларни юборсин. Бутун оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ азза ва жаллага беадад ҳамду санолар бўлсин.

Ушбу рисолани сизнинг дуоларингизни умид қилиб қолувчи
Абдулфаттоҳ Абу Ғудда ёзди.

Таржимон Имом Бухорий номли Тошкент ислом иститути битирувчиси Нозимжон Иминжонов.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz