Жамоавий ижтиҳод ва унинг бугунги кундаги аҳамияти Принтер учун
25.10.2012 й.
Маълумки, биз ҳозир техника - технология, интеллектуал билим ва салоҳиятлар асрида яшамоқдамиз. Авваллари, барча соҳада бўлганидек,  фиқҳ соҳасидаги муаммолар, турли масалаларнинг шаръий ечими якка тартибда фақиҳлар томонидан ҳал этилган.

Суннийлик мазҳабларида ижтиҳод масаласида “ижтиҳод эшиклари 13-асрда ёпилган” деган қараш мавжуд. Шундай бўлса-да, ҳар қандай ҳолатда ҳам бирор бир ҳукм чиқариш зарур бўлиб қолса, аввало, мазҳаблар таълимотига таянилади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулайлик яратиш нуқтаи назаридан келиб чиқиб, муфтийлар томонидан фатволар чиқарилиши мумкин.   

        Ҳозирга келиб, замон ўзгариши, ҳаёт кечиришнинг мураккаблашиши, фан ва техниканинг тараққиёти каби омиллар ўзига яраша муносабатни талаб қила бошлади. Энди дунёда бўлаётган ўзгаришларни , инсонлар дуч келаётган муаммолар ва ўзларини қийнаган саволларни якка шахслар ёки маҳаллий муассасалар орқали қамраб олиш қийинлашди. Хусусан, бу ўзгаришларга шариат бўйича муносабат билдириш, улар ҳақида тўлақонли фатволар чиқариш мураккаблашди. Ибн Обидин “Даврга тегишли бўлган ҳукмлар давр ўтиши билан ўзгаради, чунки исонларнинг одатлари ҳар вақтда ўзгариб туради ёки бирор янги зарурат пайдо бўлади ёхуд ўша даврнинг аҳли фисқ-фасодга берилиб кетади. Агар у ҳукмлар ўзгармасдан ўз ҳолича қолаверса, биринчидан, инсонларга турли машаққат ва зарар етади, иккинчидан, енгиллаштириш, машаққат ва зарарни кетказиш каби шариатнинг ўзгармас қоидаларига зид бўлади”.[1] Бу ва бунга ўхшаш бошқа омиллар фақиҳларнинг биргалашиб иш олиб боришларини талаб қилди[2]. Ушбу биргалашиб иш олиб бориш, берилган саволларнинг ечимини биргаликда ҳал этиш жамоавий ижтиҳод деб аталади. Жамоавий ижтиҳоднинг ҳозирги замон муаммоларини ҳал қилишдаги аҳамияти беқиёсдир. Шу ўринда “Ижтиҳоднинг ўзи нима?” деган ҳақли бир савол туғилади.

       Аввало, сўзимизни ижтиҳодга таъриф беришдан бошласак.

      "Ижтиҳод" сўзи луғатда бир ишни амалга ошириш учун бор куч ва имкониятни ишга солишни англатади. Истилоҳда эса, шариатдаги тафсилий далиллардан шаръий ҳукмларни ишлаб чиқиш, чиқариб олиш тушунилади[3].

      Маълумки, шаръий матнлар якунланувчи, тугайдиган хусусиятга эга бўлиб, инсонларнинг муаммолари, жамиятдаги мушкулликлар эса тугамайди, балки замон ўтиши, тараққиёт натижасида янгидан-янги масалалар пайдо бўлаверади. Шунинг учун ҳам уламолар жамиятда туғилаётган янгидан-янги масалалар ҳамда саволларга муносиб шаръий жавобларни  ишлаб чиқиш учун бир ёқадан бош чиқаришлари лозимдир. Тан олиб айтиш керакки, фақиҳларнинг олдида ҳаётнинг турли жабҳаларига боғлиқ  ҳар хил чигал масалалар кўндаланг бўлгач, жамоавий ижтиҳоднинг аҳамияти яққол сезилди. Айниқса, ҳозирги замонамизда жамоавий ижтиҳодга катта аҳамият берила бошланди. Зеро, жамоавий ижтиҳод якка тартибдаги ижтиҳоддан масалани ечимида пишиқлиги, ишончлилиги билан устун туради ва айни пайтда у бугунги кунда ижмоъ қилишнинг имкони бўлмаган ишларнинг ўрнига  ўтади. Бундан ташқари у мусулмонларни якка тартибдаги ижтиҳодларда содир бўлиб турадиган турли хато ва хавф-хатарлардан сақлайди. Жамоавий ижтиҳод мусулмонларнинг ҳаётида содир бўлаётган мураккаб масалаларни ҳал этишдаги энг афзал услубдир. Жамоавий ижтиҳоднинг устунликлари, асосан, иккита бўлиб,   булар қуйидагилардир:

1.     “Маслаҳат ва келишув” қоидасининг ишлатилиши.

    Дарҳақиқат, жамоавий ижтиҳодда маслаҳат қоидаси яққол кўзга ташланади. Бунинг маъноси қуйидагича: жамоавий ижтиҳодда иштирок этувчилар  ўзаро фикр алмашиш, ўртага ташланган фикр-мулоҳазаларни текшириш ва уни ҳар томондан  ўрганиш йўли билан кенгаш ўтказадилар. Охир-оқибат барчалари якдил бир фикрга келадилар ёки кўп овоз олган фикрни бир овоздан маъқуллайдилар. Албатта, бундай маслаҳатлашишдан, ўз навбатида, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларига амал қилиш ҳам ирода қилинади:

     "Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур[4] " (Шўро сураси, 38-оят), ҳамда "Ва улар билан кенгашиб иш қилинг! [5]" (Оли Имрон сураси, 159-оят).  Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларни маслаҳатлашиб иш қилишга ундаганлар.

    Саъид ибн Мусаййаб Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у зот шундай деганлар: "Мен: "Эй Расулуллоҳ, баъзида биз шундай ишга йўлиқиб қоламизки, у иш борасида на оят нозил бўлган, на ҳадис ворид бўлган. Бундай ҳолларда қандай йўл тутайлик?" дедим. Шунда У зот: "Бу ишга олимларни ёки мўмин обидларни жалб қилинглар ва ўша ишни ўзаро маслаҳат асосида ҳал қилинглар. Бир кишининг фикри билангина  ҳукм чиқарманглар, дедилар" (Молик ва Табароний ривоят қилишган).

Хулафои рошидинлар[6]нинг ҳам йўллари, услублари шундай эди. Агар бирор масаланинг ечимини Китоб ёки Суннатдан топа олишмаса, одамларнинг орасидан тақволи, илмли, фаросатлиларини маслаҳатга чақиришар, барчалари қандай тўхтамга келсалар, ўша шаръий ҳукм ҳисобланар эди. Тарихда Иккинчи Умар, Хулафои рошидинларнинг бешинчиси дея ном қозонган Умар ибн Абдулазиз[7] розияллоҳу анҳу ҳам бу каби ишларда Хулафои рошидинларнинг изидан бориб, иш тутган. Дарҳақиқат, у киши ижтиҳодларда "маслаҳатлашиб иш кўриш" қоидасини ишлатилишига жуда катта эътибор қаратар эди.

Мазҳаббошиларимиз ҳам ўзаро келишув асосида ҳукм чиқаришар эди. Аслида имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз мазҳабларини маслаҳат ва кенгаш асосига барпо этганлар. Ижтиҳодни бошқаларнинг иштирокисиз бир ўзлари ишлаб чиқмас эдилар. Бирорта савол ёки масала туғилиб қолса шогирдларига таклиф қилар, бу орада ўзларининг ҳам фикрларини баён қилар, баъзан улар билан биргина масалани бир ой  ёки ундан ҳам кўпроқ вақт мобайнида муҳокама қилар эдилар. Ушбу муҳокамада аниқ ва кучли далилларни келтирар эдилар. Охир оқибат имомларнинг келишувлари асосидаги ажойиб ҳукм эълон қилинар эди. Табиийки, бу каби кўпчиликнинг келишув ва маслаҳати билан чиқарилган ҳукм бир киши ёлғиз ўзининг фикрига таяниб чиқарган ҳукмга қараганда анча мустаҳкам, ишончли, хатолардан узоқ, қалбларни ўзига мойил этадиган, қаноатлантирадиган хусусиятларга эга бўлади.  Шундан сўнг имом Абу Юсуф муҳокама асносида келтирилган энг кучли  далилларни ва чиқарилган ҳукмни  китобга қайд этар эди. Буни қуйидаги мисолда кўришимиз мумкин.

“Савол: Бир одам бошқа бир одамга закотга ҳакли деб, закотни берди. Кейинчалик маълум бўлишича, закот берилган  одам ўзининг ўғли ёки мукотаб (маълум миқдорда пул тўлаб озод бўлишга хўжайини билан келишган қул)и экан. Бу  ҳақда уч имомимиз нима дейдилар?

Жавоб: Ҳар учала имомимиз[8] иттифоқ қилиб (ўзаро келишиб) бу закотдан ҳисоб бўлмайди деб айтадилар.

Қуйида эса қисман келишув асосида чиқарилган ҳукмга гувоҳ бўламиз.

Савол: Бир одам бошқа бир одамга закотга хакли деб, закотни берди. Кейинчалик маълум бўлишича, закот берилган  одам бой киши ё хошимий  ёки кофир экан.  Ёки яна бир киши бошқа бир одамга қоронғида фақир деб гумон қилиб  закот  берди, кейин маълум бўлдики, у ўзининг отаси ё ўғли экан. Бу ҳолатларда закот ҳисобга ўтадими?

Жавоб: Имом Аъзамга кўра, ушбу ҳолатларда закот ҳисобга ўтади, иккинчи марта закот бермайди. Имом Муҳаммад ҳам шундай деганлар. Имом Абу Юсуф эса, юқоридаги кўринишларда  закотни қайтадан беради, деганлар[9]”.

Кўриниб турибдики, биринчи саволнинг жавобида уч имомимиз келишиб ҳукм қилишган, кейингисида эса, икки имом бир тараф, бир имом бир тарафда туриб, ҳукм эълон қилинган, яъни қисман келишув содир бўлган. Мана шу тарзда мазҳабимиз доирасида жамоавий келишувларга асосланган кўплаб асарлар вужудга келган. Бунга биргина Ҳиндистонда бобурий шаҳзодалардан Аврангзеб Оламгир буйруғига кўра Шайх Низом бошчилигида жуда кўп ҳанафий уламолари томонидан ёзилган “Фатовойи Оламгирия” ёки “Фатовойи Ҳиндийя” асарини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

2.     Тўғрилиги ва аниқлигининг юқори даражада эканлиги.

     Жамоавий ижтиҳод кўпчилик уламолар ва мутахассислар иштирокида, уларнинг ўзаро фикр алмашиши орқали амалга оширилгани учун ҳам якка тартибдаги ижтиҳоддан устун туради. Чунки, у ўртага ташланган масалани ҳар томондан қамраб олиш, янада яхшироқ тушуниш имконини беради. Шунинг учун ҳам бу ижтиҳоднинг хулосаси, деярли тўғри ва аниқ  бўлади. Чунки, кўпчиликнинг фикри кучли илм соҳиби бўлган бир кишининг фикридан кўра ҳақиқатга яқинроқ бўлади.  Зеро, бир киши масаланинг бир томонинигина қамраб олса,  кўпчилик бўлиб иш кўрганда эса, бири масаланинг бир томонини, иккинчи олим эса, бошқа томонини мулоҳаза қилади, англаб етади[10].

        Ҳозирда фаолият олиб бораётган кўплаб исломий ташкилотлар, жумладан Халқаро ислом фиқҳи академиясининг қарор ва фатволари  ҳам мана шу услубда чиқарилади.   

Нозимжон Ҳошимжон

                                                                                                                                  



[1] Ибн Обидин. Роддул мухтор ала ад-Дурр ал-мухтор. Ливан. Дор ал-кутуб ал-илмия. 2001. Т.6. –Б.456.

[2] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Фиқҳий йўналишлар ва китоблар. "Sharq" нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти. Тошкент, 2011. -Б.260.

 

[3] Доктор Муҳаммад Муваффақ ибн Абдуллоҳ ал-Ғалойиний. Жамоавий ижтиҳод ва унинг замонавий фиқҳий муаммоларни ҳал этишдаги аҳамияти. Ислом олами робитаси қошидаги Ислом фиқҳи академияси йиллик конференциясининг тарқатма материали. Маккаи Мукаррама, 2009.

[4]. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири.

[5] . Ўша манба.

[6] Исломда тўғри йўлдан борган халифалар деб аталадиган, 632-661 йилларда ислом халифалигини бошқарган тўрт халифа: Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Абу Қуҳофа, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумлар.

[7] Умавийлар халифалигининг энг тақводор ва адолатли халифаси бўлиб, 717-720 йилларда халифа бўлган.

[8] Имом Абу Ҳанифа, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳимаҳумуллоҳ.

[9] Муҳаммад Ошиқ ал-Бараний. Ат-тасҳил аз-зарурий ли масаил ал-Қудурий. Мактаба аш-Шайх. Карочи. 1988. 

[10] Доктор Муҳаммад Муваффақ ибн Абдуллоҳ ал-Ғалойиний. Жамоавий ижтиҳод ва унинг замонавий фиқҳий муаммоларни ҳал этишдаги аҳамияти. Ислом олами робитаси қошидаги Ислом фиқҳи академияси йиллик конференциясининг тарқатма материали. Маккаи Мукаррама, 2009.

 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri