Юнус сураси, 62-66 Принтер учун
31.10.2012 й.
islom.uz
62. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар.

Ҳа, Аллоҳнинг дўстларига ҳам бу дунёда ва ҳам охиратда ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга дўст бўлганлари учун, У зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, молу-мулкига, обрў–эътиборига, оиласига, жонларига, умуман ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ.
Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб–уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.
Аллоҳнинг дўстлари бу дунёю охиратда ҳеч хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар.
Ана ўша бахтиёр шахслар, Аллоҳнинг дўсти бўлиш шарафига муяссар бўлганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлардир?

63. Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир.
Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало, У зотга иймон келтириш; иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўзи ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳга дўст бўлганларга эса:

64. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир.
Аллоҳнинг дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила, аввало, бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар.
Мазкур хушхабар Аллоҳнинг сўзларидир.
«Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир».
Ҳозирда баъзи мусулмон жамиятлар ўша улуғ ютуққа бу дунё ҳаётида эриша олмаётган бўлсалар, бу нарса Аллоҳнинг калималари ўзгарганига эмас, балки иймон ва тақвода камчилик борлигига ёки иймон ва тақвонинг умуман йўқлигига далилдир.
Мазкур хушхабардан сўнг Аллоҳ таоло Ўз дўстларининг раҳнамоси Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, дейди:

65. Уларнинг гапи сени хафа қилмасин. Азизликнинг барчаси Аллоҳникидир. У эшитгувчи ва билгувчи зотдир.
Яъни, кофирларнинг гапидан ҳеч хафа бўлма. Улар ҳар доим ўзларини мақташади. Мўминларнинг шаънларини ерга уриш учун турли гаплар тарқатишади. Уларнинг гаплари беҳуда. Аслида:
«Азизликнинг барчаси Аллоҳникидир».
Азизлик (куч-қудрат ва ғолиблик) сифатига соҳиб бўлган зот дўстларини ҳимоя қилиб олади.
«У эшитгувчи ва билгувчи зотдир».
У зот ким нима деяётганини эшитиб ва ким нима қилаётганини билиб турибди.

66. Огоҳ бўлингким, осмонларда ким бўлса ва ер юзида ким бўлса, албатта, Аллоҳникидир. Аллоҳдан ўзга шерикларга илтижо қилаётганлар нимага эргашурлар? Улар фақат гумонга эргашурлар, холос. Улар фақат тахмин қилурлар, холос.
Эй одамлар, ўйлаб кўринглар, огоҳ бўлинглар! Осмонлару ерда ким бўлса ҳам–фариштами, жинми, одамми, тақводорми, исёнкорми–ҳамма-ҳаммаси Аллоҳникидир. Унинг Ўзи кимни хоҳласа, ғолиб қилади, кимни хоҳласа, мағлуб этади. Аллоҳга иймон келтиринглар, Унинг амрига бўйинсунинглар, Унинг кўрсатмаларига эргашинглар.
«Аллоҳдан ўзга шерикларга илтижо қилаётганлар нимага эргашурлар?»
Аллоҳга илтижо қиладиганлар оламларнинг Робби бўлган зотга эргашадилар. Аммо Аллоҳга илтижо этмай, Унга иймон келтирмай, ибодат қилмай, айтганини бажармай юрганлар нимага эргашадилар? Турли-туман нарсаларга–баъзилари бут ва санамларга, бошқалари шахсларга, айримлари тузум ва ғояларга эргашадилар. Бир сўз билан айтганда:
«Улар фақат гумонга эргашурлар, холос. Улар фақат тахмин қилурлар, холос».
Эй гумонга, тахминга эргашаётганлар, нима учун Роббингиз Аллоҳ таолога эргашмайсиз?
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz