Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимки Ашуро куни оиласига кенглик қилса, Аллоҳ йил бўйи унга кенглик қилади” (Табароний “Кабийр” ва “Авсат”да, Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).
Имом Табароний “Кабир”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Ашуро куни аҳлига кенглик қилса, йил бўйи кенглик (фаровонлик) ичида бўлади”, деб айтганлар.
“Ашуро” сўзи луғатда “муҳаррам ойининг ўнинчи куни” маъносини англатади. Мазкур кун бир неча жиҳатларга кўра фазилатли саналади. Уларнинг энг муҳими ушбу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Фиръавн ва лашкарларининг зулм ва адоватидан халос қилганидир.
Жоҳилият даврида Қурайш мушриклари Ашуро куни рўзасини тутар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу кун рўзасини тутиб келганлар. Мадинага келганларида бир йил тутганларидан кейин Рамазон рўзаси фарз бўлгач, ўз умматларига ушбу кун рўзасини тутиш ихтиёрий эканини маълум қилдилар. Шу зайл Ашуро кунининг рўзаси суннат бўлиб қолган.
Амалда Ашуро кунининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутилади. Сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида яҳудийлар ҳам бу кунда рўза тутишлари маълум бўлди. Табиийки, у зот аҳли китобларга тескари иш қилардилар. Шу сабаб: “Келаси йил тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Аммо келаси йил келмай туриб, у зот Аллоҳнинг даргоҳига риҳлат қилдилар. Шундай бўлса-да, у зотнинг сўзлари мусулмонлар учун қонун бўлиб қолган.
Саҳиҳ ҳадисларда Ашуро кунининг рўзаси ўзидан аввалги йилнинг гуноҳларига каффорат бўлиши айтилган. Бу ҳам ушбу куннинг нечоғли фазилатли эканига далолат қилади.
Биз ўрганаётган ривоятда айтилишича, Ашуро куни аҳли-аёли ва қўл остидагиларга ейиш, ичиш, кийим-кечак ва шу каби нарсаларда кенглик қилиш йил бўйи банданинг кенглик ва фаровонликка эришишига сабаб бўлар экан. Бундан келиб чиқадики, мўмин-мусулмонлар Ашуро кунининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутишлари, ўнинчи куни оила бошлиғи ота-она ва фарзандларига ёки бирон жамоатнинг раҳбари, масъул кишилар қўл остидагиларга сахийлик кўрсатишлар яхшидир. Бу нарса мўминлар ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланиши, меҳр-муҳаббат ришталари боғланиши ва яхшилик қилаётган кишининг ризқи ва касб-корига барака киришига омил бўлиб хизмат қилади.
Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани
бош имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов