Намоз китобидан Принтер учун
08.03.2007 й.

Намоз арабчада «Салот» дейилиб, луғатда яхшиликка дуо маъносини англатади. Шариатда эса: «Такбир ила бошланиб, салом бериш ила тугайдиган махсус шартлари бор гаплар ва ишлар намоздир». Намоз Исро кечасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан олдинроқ фарз бўлган. Беш вақт намоз фарзлиги Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам, Ижмоъда ҳам қайта-қайта таъкидланган. Намоз балоғатга етган ҳар-бир мусулмон учун фарз айндир. Ҳар ким ўзи учун намоз ўқимоғи фарздир. Ким намозни инкор қилса, Исломдан чиқиб, кофир бўлади.

Намоз, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади.
У банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари жуда кўпдир.
Аввало намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир.
Унда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножот қилади, барча дардларини тўкиб солиб, руҳий, маънавий лаззат олади.
Бу дунёда ҳаёт кечираётган одамнинг ўзига яраша дарди ҳасратлари бўлади. Уларни бошқа одамларга айтса, ёрдам олса бўлмаслиги мумкин, қолаверса, улар сирини бошқаларга фош қилиб, дард устига чипқон бўлишади. Дард ҳасратни Аллоҳ таолога айтилганда эса, Аллоҳ ёрдам беради ва сирни фош қилмайди. Энг ози банда дардини тўкиб солиб ҳузур қилади.
Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.
Иккинчидан намоз ютуқлар ва нажот йўлидир.
Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўлидир.
Намоз доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.
Намоз намозхонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди. Фақат Аллоҳдангина иззат талаб қилишга ўргатади.
Намоз инсонни бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади.
Намоз ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат касб этади.
Намоз ўқийдиган одам, ғафлат уйқусидан қутилиб ушбу ҳаётдаги ўз масъулиятини сидқидилдан адо этадиган бўлади.
Намоз кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.
Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли, сабр каби кўплаб шахсий сифатларга эга бўлади.
Намоз ўз эгасини юксак инсоний фазийлатларга, эга бўлишига, турли разийлатлардан холи бўлишга олиб боради.
Учинчидан, намознинг намозхонлар жамиятига келтирадиган фойдалари ҳам жуда кўпдир.
Маълумки, намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзалдир.
Жамоат билан намоз ўқиш намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди. Куч жамоатда эканини англатади. Ижтимоий боғланиш, ҳамкорликни кучайтиради.
Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган муҳим омилдир. Намозда ким бўлишидан қатъий назар, бир жойда, бир сафда туради, бир хил амални бажаради ва бир Аллоҳга банда эканликлари изҳор қилинади.
Жамоат намози мусулмонларнинг сафлари бир, гап сўзлари бир эканини кўрсатади.
Намозда жамоат шаклида имомга бўйсиниш, бир мақсадга йўналиш кўринишлари номаён бўлади.
Жамоат намози орқали мусулмонлар бир бирлари билан танишиб, унсу улфат ортдирадилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга одатланадилар. Улар жамоат намози туфайли бир-бирларининг ҳолларидан хабар оладилар. Ичларида бемор, мазлум, ҳожандмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар.
Жамоат намозида қатнашувчилар бир-бирларига ёрдам бериш билан бирга хатоларини ҳам тузатадилар ва бошқа кўплаб ўз жамиятлари учун керакли ишларни амалга оширадилар.
Намоз мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи асосий белгидир. Шунинг учун ҳам намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотирижам бўлади.
Тўртинчидан, намоз поклик рамзидир.
Намозхон одамнинг энг аввало қалби пок бўлади. қолаверса бадани, кийим-боши ва макони пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда кофирга ҳам сир бўлмай қолди.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Намозни Исломнинг беш рукнидан иккинчи рукн қилган ва «намозни Менинг зикрим учун қоим қил» деган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!
Худди менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинг деб биз умматларига намозни ўргатиб берган маҳбуб пайғамбаримизга батамом ва мукаммал саловоту дурудлар бўлсин!
Намозни ўзлари учун илоҳий неъмат ва ҳузуру ҳаловат деб қабул қилиб, уни хушуъ – хузуъ ила адо этишни йўлга қўйган саҳобаи киромлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи рози бўлсин!
Қуръон ва Суннатдан намоз аҳкомларини чиқариб олиб, мусулмон уммати учун осонлик туғдирган уламоларимизга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!
Ҳаммамиз намоз диннинг устуни ва мўминнинг меърожи эканини яхши биламиз. Бу улкан ибодатнинг қадр-қиммати ва фазлу баракотини ҳам яхши биламиз.
Шу билан бирга намознинг аҳкомлари кўплиги ва амаллари ўта дақиқлигини ҳам тўла англаб етмоғимиз лозим. Уларни англаб етиш билан бирга илмий асосда ўрганмоғимиз ва ҳаётимизга татбиқ этмоғимиз ҳам лозим.
Намознинг қадри улуғ, аҳамияти буюклигини ҳадис ва фиқҳ китобларимизнинг энг кўп қисмини айнан намоз ҳақидаги ривоятлар ва ижтиҳодлар тўлдирганидан ҳам билиб олсак бўлади. Ҳатто юртимизнинг улуғ олимларидан бири Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий раҳматуллоҳи алайҳи «Таъзиму қадарис Солати» «Намознинг қадрини улуғлаш» деган икки жилдли катта китоб ёзган эканлар.
Намоз ибодати бир кунда беш марта фарз қилинган бўлиши билан бирга намоз ва унга алоқадор нарсалар мўмин банданинг онадан туғилишидан бошлаб, то бу дунёни тарк этгунича бирга бўладиган нарсасидир.
Бола туғилиши билан унинг қулоғига намозга айтиладиган азон айтилади. Бола ҳали эсини танимай туриб ўз атрофидаги кишиларни намоз ўқиётганларини кўради. Сўнг ўзи ҳам намоз ўқиганларга тақлид қилишни бошлайди.
Кейинчалик балоғатга етганида кунига беш вақт намоз ўқимоғи фарз бўлади. Банда фарз намозларга қўшиб суннат намозларни ҳам ўқийди. Бу амалнинг ҳузурини ўзида алоҳида завқ билан ҳис этган кишилар эса нафл намози ҳам ўқишга ўтадилар.
Нафл намозларнинг тури ҳам кўп. Оддий ҳолатда, кўнгил тусаганда икки ракъат намоз ўқиб ҳузурланишдек роҳат борми дунёда?! Икки ракъат ишроқ – қуёш чиқишидан кейинги намозни ўқишни одатланганлар ҳам оз эмас. Кейинроқ зуҳо – чошгоҳ намози ўқилади. Шомдан кейин Аввобийн намози ўқилади. Ётишдан олдин тўрт ракъат нафл ўқиш ўта фазилатли иш.
Кечаси туриб таҳажжуд намози ўқишнинг фазлини айтиб тугатиш қийин.
Турли ҳолат ва муносабатларнинг ҳам ўзига аталган намозлари бор.
Аллоҳга ва бандалардан бирига ҳожати тушган киши ҳожат намози ўқийди.
Бирор ишни қилиш ёки қилмасликни билмай қолган одам истихора намози ўқийди.
Сафарга чиқишдан олдин ҳам, сафардан қайтгандан кейин ҳам икки ракъат намоз ўқилса, яхши бўлади.
Тавба қилишни ирода қилган одам ҳам бу ишга атаб намоз ўқийди.
Қурғоқчилик мўмин бандаларни ташвишга солса, истисқо намоз ўқиб серобчилик сўрайдилар.
Шунингдек, мўмин бандалар қуёш ёки ой тутилса, кусуф ёки хусуф намози ўқийдилар.
Никоҳ тўйи куни ҳам келин-куёв бир-бирлари билан учрашишларидан олдин икки ракъатдан намоз ўқийдилар.
Байрам кунлари мўминлар ийд намозларини ўқийдилар.
Вақти соати етиб мўмин киши вафот этганда эса унга жаноза намози ўқилади.
Хулласи калом, аввал айтилганидек, мўмин-мусулмон банда умри давомида доимо намоз биландир.
Авваллари бизда жуда оз сонли кишиларгина, асосан ёши ўтиб, кексайиб қолганларгина қўрқа-писа қўлларидан келганича намоз ўқир эдилар. Кўпчилик намознинг суратини билар эди, холос. Илмий маънода ҳужжат далил билан намоздан бохабар кишилар оз эди.
Аллоҳнинг инояти ила истаган кишилар учун намозни ўрганиш ва адо этиши имкон ҳам туғилди. Аммо намоз ўрганиш билан бир қаторда намоз ҳақидаги ихтилофлар ҳам қулоч ёзди. Имом жаҳрий намозда «Фотиҳа» сурасини ўқиб бўлганидан кейин иқтидо қилувчилар «омийн»ни овоз чиқариб айтишидан бошланган ихтилоф бора-бора намоздаги баъзи бир бошқа масалаларни ҳам қамраб олди. Шахслар, масжидлар ва жамоалар орасида катта хилоф ва жанжаллар чиқди. Жанжаллар жангларга ва ҳукумат идораларига боришгача айланиб кетди. Оқибатда ўта кўнгилсиз ҳодисалар ва натижалар юз берди.
Жанжалларнинг ривожланишига асосан икки тарафнинг ҳам илмни ўртага солмагани сабаб бўлди. Бир тараф аввалдан бўлиб келаётган нарсани маҳкам ушлаган бўлса, иккинчи тараф четдан келаётган нарсани маҳкам ушлаган эди. Орада мусулмонлар ва динни тутганлар ҳақидаги тасаввур салбийлашиб борар эди.
Ҳижратда юриб мазкур масалаларни эътиборга олиб «Ихтилофлар ҳақида» деган китоб ёзган эдим. Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикматга биноан мазкур китобни чоп этиш қийин бўлди. Чоп этилгани ҳам ўқувчига етмай қолди.
Ҳижратдан қайтгандан кейин намоз ҳақидаги ихтилофлар сиртдан қараганда камайган, кўзга ташланмайдиган бўлиб кўринса ҳам аслида чуқурлашгани, улар фиқҳий масалалар билан чегараланиб қолмай ақийдавий масалаларга ҳам ўтгани аён бўлди. Мазкур ихтилофлар жуда ҳам кенгайиб, намозни ўқимаса ҳам бўлаверар экандан тортиб, намозни тарк қилган кофир, унинг уйига кириб бўлмайди, таомини еб бўлмайдигача етиб борган эди.
Буларнинг ҳаммасига илмий жавоб керак эди. «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг намозга бағишланган жузларида барча аҳкомларни ёритиш билан бирга ана ўша саволларга қўлдан келганича илмий жавобни беришга ҳаракат қилдик.
Бу борада ақийдага тегишли, куфр ва иймонга тегишли масалаларни аҳли сунна ва жамоа мазҳаби бўйича ёритдик. Фиқҳга тегишли масалаларни эса ҳанафий мазҳаби асосида баён қилдик. Аслида шундоқ бўлиши керак ҳам эди.
Чунки бошқалар Қуръон ва Суннатга амал қилиб, ҳанафий мазҳаби одамларни бу икки масдардан четлаштириши даъво қилинар эди. Шунинг учун ҳам юртимиз мусулмонларининг доимий бўлган ҳанафий мазҳабининг Қуръон ва Суннатга бошқалардан ҳам нозикроқ тарзда амал қилганлигини баён қилишга уриндик.
Биз шарҳ қилаётган китобнинг муаллифи шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи шофеъий мазҳабида бўлганлари учун баъзи жойларда ҳанафийлар далил қилиб келтирган ҳадисларни олмай ўз мазҳаби далил қилган ҳадисларни олган экан. Биз бошқа китоблардан ҳанафий мазҳаби далил қилган ҳадисларни топиб зикр қилдик.
Бошқа мазҳаблар олган ҳадисларни нима учун ҳанафий мазҳаби олмаганини ҳам зикр қилиб ўтдик.
Бунда заррача ҳам мазҳабга таассуб йўқ. Бунда барча мазҳабларни ҳурмат қилган ҳолда мазлум ҳанафий мазҳабининг ҳақиқати ҳақида маълумот беришга ҳаракат бор.
Бунда мусулмонлар орасидаги ихтилофларга қарши ва уларга барҳам бериш йўлида ҳаракат бор.
Бунда жамоалар орасида иттифоқлик ҳукм суриши орзусида қилинаётган уриниш бор.
Ушбу китобда ихтилофли масалалар оз ўрин эгаллаган. Ундаги кўп масалалар ҳамма учун керакли ва зарур ҳукм ҳамда маълумотлардан иборатдир.
Бу китобни диққат билан ўқиб, Исломнинг беш рукнидан иккинчиси бўлган намоз ибодати ҳақида анчагина илм ҳосил қилсангиз, ажаб эрмас.
Қўлингиздаги китобнинг бош мавзулари қуйидагилардан иборат бўлди:
Намознинг фарзлиги ва фазли ҳақида.
Намознинг ҳикматлари.
Намозларни муҳофаза қилиш.
Ўрта намоз – Аср намози.
Намозни тарк қилувчининг ҳукми.
Намознинг вақтлари ҳақида.
Бир ракъати топилган намоз ҳаммаси топилур.
Намознинг узрлари.
Намознинг шартлари.
Поклик.
Қиблага қараш.
Сафардаги нафл намоз.
Авратни бекитиш.
Аёлнинг намоздаги кийими.
Пок кавуш ила намоз ўқиш жоиз.
Намозда калом ва амални тарк қилиш.
Азон ва иқомат ҳақида.
Азон ва иқоматнинг баёни.
Азоннинг мустаҳаби.
Масжидда иккита муаззин бўлиши.
Азон эшитувчига мустаҳаб нарсалар.
Икки азон орасидаги дуо мақбул.
Мисвок ҳақида.
Салла ҳақида.
Сутра ҳақида.
Сутрага яқинлашиш.
Имомнинг сутраси орқасидагиларга ҳам сутра.
Намозни кесади дейилган нарсалар.
Намознинг кайфияти ҳақида.
Икки қўлни кўтариш ва такбирлар ҳақида.
Намозни бошлаш дуоси.
Аъузу биллаҳини айтиш.
«Фотиҳа»дан кейин омийн айтиш.
«Фотиҳа»дан кейин зам сура қилиш.
Пайғамбар алайҳиссалом Пешин ва Асрда қироат қилган нарса.
Шом ва Хуфтонда қироат қилинган нарса.
Бомдоддаги қироат.
Бир сурани икки ракъатда қайта ўқиш.
Рукуъ ва ундаги тасбиҳ.
Рукуъдан бош кўтариш ва ҳамд айтиш.
Саждадаги дуо мустажобдир.
Икки сажда орасида ўтириш ва дуо.
Биринчи ташаҳҳуд ва ундаги ўтириш ҳайъати.
Намозда хушуъ ва уни гўзал адо этиш.
Намознинг қайси амали афзал.
Намозда Қунут.
Саломдан олдинги дуо.
Туришга ва қироатга ноқодир кишининг ҳукми.
Фарз нуқсони нафл орқали тўлдирилади.
Намоздаги макруҳ ишлар.
Осмонга назар солиш ва аланглаш.
Тупуриш, қўлни белга тираш, тошларни тўғрилаш ва қўл билан ишора қилиш.
Таом ҳозир бўлганда ва ҳожат қистаб турганда намоз ўқиш.
Сочини йиғиштириш ва кийимини ерга судраш.
Эснаш, панжаларни гирра қилиш ва пуфлаш.
Суннат намозлари ҳақида.
Фарз намозлари суннати.
Бомдоднинг суннати.
Таъкидланган суннатлар.
Таъкидланмаган суннатлар.
Витр ҳақида.
Витр баёни.
Витрдаги қироат.
Намоздан кейинги дуо ва зикр.
Саҳв саждасининг сабаблари.
Тиловат саждаси ҳақида.
Тиловат саждаси ҳукми.
Шукр саждаси.
Намозда ҳожат учун енгил иш жоиз.
Аллоҳ таолонинг розилиги тилаб қилинган бу ожизона ишни Ўзи даргоҳида қабул қилган бўлсин! Омийн!



 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri