Исломий одобларнинг хусусиятлари Принтер учун
07.12.2012 й.
islom.uz
Исломий одобларнинг бош хусусиятини уларнинг илоҳий манбадан экани ҳақидаги маълумотлар орқали юқорида кўриб ўтдик. Ана шу ҳолатдан келиб чиқиб, бу одобларнинг қуйидаги яна бир қанча ўзига хос хусусиятлари борлигини таъкидлашимиз лозим:

Биринчидан, одоб билан одобнинг фарқи борлигини айтиб ўтишимиз лозим. Кишининг бирор одобни ўзига сифат қилиб олиши яхши иш саналади. Аммо ўша сифат доимий  ёки вақтинча бўлиши ҳам мумкин. Агар сифат собит бўлиб туриб қолса, «мақом» деб аталади. Агар вақтинчалик ва тез заволга учрайдиган бўлса, бундай сифат «ҳол» дейилади.   

Ислом барча одоблар ҳар бир кишининг “мақом”ига айланиши ҳақида қайғуради. Чунки сифат вақтинчалик ҳол бўлганидан кўзланган мақсадга тўла эришиб бўлмайди. Одам иккиюзламачи бўлиб қолиши хавфи ҳам бор. Бунга мисол қилиб баъзи кишилар ўзини бир масала бўйича маълум вазиятда бир хил, бошқа вазиятда эса, бошқача тутишини олишимиз мумкин. Бир тоифа одамлар кўпчилик ҳузурида одоб қоидаларига амал қилади. Аммо ўша кўпчиликдан узилиб, йироқлашган заҳоти мазкур одоб қоидаларига амал қилмай қўяди. Баъзи кишилар одамлар билан юзма-юз турганда одобни жойига қўяди, орқаваротда туриб ёки интернетга кирганда бошқа исм ортига яшириниб олиб, кўнглига ёққан беодобликни қилаверади. Демак, унинг одоби  доимий сифатига айланмаган. У одобга амал қиладиган бўлса,  хўжакўрсинга қилади, одамларга одобли бўлиб кўринишгагина уринади.

Иккинчидан, исломий одоблар ҳаётнинг барча жабҳалари ила чамбарчас боғлиқдир. Инсон ҳаётининг бирор жабҳаси тўла-тўкис исломий одобдан холи эмас.

Учинчидан, Исломда одоб инсоннинг зийнати даражасига кўтарилган. Шунинг учун ҳам ота-оналарга, ишбошиларга фарзандлари ва қўл остидагиларига одобдан таълим бериш вазифа қилиб юклатилган.

Тўртинчидан, Исломда одоб масаласи иймон – эътиқодга, ақидага боғланган.

Бешинчидан, Исломда одоб масаласи ибодат даражасига кўтарилган. Шаръий одобларга амал қилган кишиларга ажр-савоб ваъда қилинган ва ибодатларни адо этишда ҳам одоблар жорий қилинган.

Барча замонларда, ҳамма ўлкаларда яхши хулқли, олийжаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Айниқса, Шарқ олами бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлган. Олий хулқ соҳиби бўлмиш Пайғамбар алайҳиссаломга эргашган инсонлар Яратганнинг ҳукмларига бўйсуниб, хулқларини тузатишган, яхши фазилатлар соҳиби бўлишган. Оилада, яқинлар даврасида, одамлар билан муносабатларда комил одобларини намойиш қилишган.

Ҳусни хулқ (яхши, чиройли хулқ)қа қандай қилиб эришилади? Нима қилса инсонларнинг гултожи бўлиб, икки дунё саодати қўлга киритилади? Бу ҳақда одоб китобларимизда жуда кўп тавсия-маслаҳатлар келган:

«Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин! Кичикни ҳурмат қилмаган, кексанинг қадрига етмаганлар биздан эмас».

«Одамларга таом беринглар ва ширинсўз бўлинглар».

«Яхшиликни чеҳралари очиқ, хушрўй одамлардан кутинглар».

«Дин чиройли хулқ ва ғазаб қилмасликдир».

«Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқ-атвори яхши бўлгани ва хотинларига яхши муомала қилганидир».

«Дўст-биродарларига қовоғини солиб қарайдиган кишиларни Аллоҳ ёқтирмайди, У ҳар ишда мулойимликни яхши кўради».

«Яхши инсонлар гўзал хулқлари билан кечаси ибодат қилганлар ва кундузи рўзадор бўлганлар даражасига эришишади».

«Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига севимли бўлган икки хислат бор: булар мулойимлик ва вазминликдир».

«Одамлар билан хуш муомалада бўлинглар, уларга қаттиққўллик қилиб беҳаё сўзламанглар».

«Ўзини камтарин олиб юрувчи, ҳалол касб қилувчи, қалби пок, кўриниши ёқимли, одамларга зарар етказмайдиган, хайр-эҳсон қиладиган, беҳуда гапдан ўзини тиядиганлар инсонларнинг энг яхшиларидир».

Яхши хулқ инсонларни бир-бирига улфат қилади, ёмон хулқ уларни ажратиб ташлайди. Яхши хулқ муҳаббатни, ҳамкорлик ва муросани тақозо этса, ёмон хулқ нафрат, ҳасад ва келишмовчиликларга сабаб бўлади.

Анас ибн Молик бундай деганлар: «Албатта инсон чиройли хулқи билан жаннатда олий даражага эришади – гарчи у ибодатгўй бўлмаса ҳам ва ёмон хулқи билан жаҳаннамнинг энг тубига етиб қолади – гарчи у ибодатгўй бўлса ҳам».

Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: «Ёмон хулқнинг мисоли худди синган сопол идишга ўхшайди, уни ямаб ҳам, лойга қайтариб ҳам бўлмайди».

Фузайл ибн Иёз эса: «Чиройли хулқли фожир (ярамас) кимсанинг менга ҳамсуҳбат бўлиши ёмон хулқли обид (ибодатли) киши суҳбатидан яхшироқдир», деган.

Умар ибн Хаттоб: «Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар», деб айтганлар.

Али ибн Абу Толиб: «Ҳусни хулқ уч хислатда бўлади: ҳаромлардан сақланишда, ҳалолни исташда ва оилани фаровон қилиб қўйишда», деганлар.

Ҳасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: Ҳусни хулқ очиқ юзли бўлиш, молни сарфлаш ва азият беришдан ўзини тийишдир».

Саҳл Тустарий айтадики, «Ҳусни хулқнинг энг ози азиятларни кўтариш, товон (пули)ни тарк этиш, золимга раҳм қилиш ва унга истиғфор айтишдир».

Ҳусайн Воиз Кошифий бундай ёзади: «Гўзал феъл-атвор, яхши хулқ нишонаси ўнтадир: яхшилик қилиш, инсофли бўлиш, бошқа одамдан айб қидирмаслик, ножўя ҳаракат қилаётганни тўғри йўлга бошлаш, айбига иқрор бўлганнинг узрини қабул қилиш, бошқалар машаққатини зиммага олиш, фақат ўз манфаатини кўзламаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш, муҳтожлар ҳожатини чиқариш, мулойим ва тавозеъли бўлиш».

Подшоҳ Анушервон доно вазири Бузургмеҳрдан: «Мулойим кишининг белгилари қайсилар?» деб сўраганида вазири: «Мулойим кишида учта нишона бўлади: биринчиси – юзсиз, бадфеъл кишилар қўпол сўзласа ҳам у яхшилик қилаверади; иккинчиси – қаҳр-ғазаби алангаланганида ҳам тишини тишига босади; учинчиси – бир кишидан зиён етсаю жазо беришга қодир бўлса ҳам аччиғини ютади», деб жавоб қилди.

Луқмони ҳакимдан: «Сен ўзинг кўрган иллатлар ва айблардан қай бирига даво топа олмадинг?» деб сўрашибди. У: «Мен барча иллатларга ҳикмат юзасидан даво топдим, аммо даволай олмаганим бадфеъллик бўлди», дея жавоб қайтарган экан.

Суқрот ҳакимнинг бундай сўзлари бор: «Ҳалол меҳнат, муҳтожларга ёрдам, ғазаб вақтида ёмон сўзлардан тилни ва бировга озор беришдан қўлни тийиш, камчиликни битириб ҳамда ёмон хулқ-атворни тузатиб, гўзал ахлоқ соҳиби бўлиш энг яхши фазилатлардир».

«Тўғри йўлдан оғишмаслик, инсофли-адолатли бўлиш, нафснинг орзусига қарши бориш, олим-фозиллар билан суҳбат қуриш, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқат қилиш, самимий дўстлар маслаҳати билан иш тутиш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш эзгуликнинг маъданидир», деган улуғ ҳакимимиз Абу Али ибн Сино.

Юсуф ибн Асботнинг айтишича, «Ҳусни хулқнинг аломати ўн хислатдадир: ўзгалар билан ихтилофга бормаслик, чиройли инсоф, бировларнинг тойилиб кетишини истамаслик, бошқаларнинг билинган камчилигини яхшиликка йўйиш, узр сўрай олиш, азиятларга чидаш, нафсини тергов қилиб туриш, ўзганинг эмас, ўз айбини билиш, каттаю кичикка бирдай очиқ юзли бўлиш, ўзидан юқори ёки паст кишига ҳам мулойим сўзлаш».

Ҳикоя қилишларича, Ардашер Бобак юртини адолат зийнати билан безаган эди. Бир куни у ўғлининг ғоятда қимматбаҳо кийимлар кийиб олганини кўрди. Уни олдига чақириб: «Ўғлим, киши шундай либос кийсинки, бундай либос ҳеч бир хазинада бўлмасин», деди. Ўғли ундан: «Эй ота, у қандай либос, нимадан тикилади?» деб сўради. Отаси унга: «У шундай либоски, матоси яхши хулқ ва яхши ишдир, ипи эса муроса ва сабрдан бўлади», деб жавоб берди.

Қуйида ҳусни хулқ асоси бўлган муомала одобининг айрим қирралари билан танишинг:

Одамлар билан муомала қилишда ширинсўз, мулойим, босиқ, ҳалим ва камтар бўлишга ҳаракат қилинг.

Ғазаб келганида ва жаҳл чиққанида уни ичга ютиб, ташқарига чиқармаслик мардлик ва кучлилик белгисидир.

Кичикларни иззат-икром, катталарни ҳурмат-эҳтиром қилиш хушхулқлиликнинг бир кўринишидир.

Одамлар билан яхши муносабат ўрнатинг, уларга қўпол ва беҳаёларча сўзлаб дилларини оғритманг.

Инсонларнинг энг яхшиси муросага осон келадиган, қалби пок, ортиқча гап-сўзлардан ўзини тиядиган кишилардир.

Оила аъзоларига, бола-чақасига, ҳамкасблари ва яқинларига чиройли муомала қилиш, қовоқни уюб, зарда билан, кесатиқ, киноя йўсинида гаплашмаслик ҳам одоблилик белгисидир.

Чиройли хулқли бўлиш учун нафсингизни жиловлай олинг, ўзгалардан айб-нуқсон қидирманг, бировда ёмонлик содир бўлса, яхшиликка йўйиб, сабр қилинг, бошқалар ғамини енг.

Одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир.

Ўзгалар билан муомала чоғида уларни ғийбат қилиш, ҳасадгўйлик, суҳбатдошини камситиб, камчилигини юзига солиш, бошқаларни менсимай-паст назар билан қараш, обрўйи, бойлиги ёки мансабига қараб муомала қилиш ҳам одобсизликдир.

Ёши улуғ кишилар, устозлар, илм аҳллари билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, амрларини сўзсиз бажариш, хизматларига шай туриш ҳам ярашиқли одобдандир.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri