Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб дуо қилиш Принтер учун
11.12.2012 й.
Ўзбек халқининг ўз руҳий қиёфаси, миллий хусусияти, миллий ҳарактери, миллий туйғуси, мижози, хулқ-атвори, аҳлоқи, диди, таъби алоҳида ажралиб туради. Бола аҳлоқини, одобини такомиллаштириш аввало оилада акс этади. Оилавий тарбия ижтимоий тарбиянинг бир бўлаги ҳисобланади.
Аллоҳ таоло инсонга фарзандни неъмат қилиб берган. Бу неъматнинг муносиб фарзанд бўлиб етишишида ота - онанинг хизмати беқиёсдир. Шундай экан фарзанд тарбиясида отанинг ҳам, онанинг ҳам ўзига яраша вазифалари мавжуддир.
Оилада ўз ҳатти-ҳаракати билан фарзандга намуна кўрсатиши керак. Отанинг серқирра ҳаёти фарзандни оқил қилур, отанинг худбин ҳаёти фарзандни қотил қилур. Мурғак тасаввурли бола илк тарбияни оиладан олади. Фарзанд ота-онанинг оғушидан, илиқ нафасидан, қалб ҳароратидан баҳра олиб ўсади. Шунинг учун ота-она фарзандларининг биринчи тарбиячиси дейилади. Тарбияни тўғри йўлга қўйишнинг асосий воситаси унинг маънавий оламида эътиқодни шакллантиришдир.
Фарзанд тарбияси ва уни амалга ошириш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари ҳар бир мусулмон учун дастур бўлмоғи керак: "Ҳеч бир ота ўзининг боласига яхши тарбия ўргатишда одоб беришдан ортиқ хадя қилолмайди". Бухорий ривояти.
Бошқа бир ҳадисда эса, фарзанд тарбияси нечоғли фазилатли иш экани айтилган:
"Фарзандларингизни одобли этиб тарбиялашларингиз ҳар куни бечораларга ярим соъ (1,088 кг) донни садақа қилишлигингиздан яхшироқдир". Термизий ривояти.
Ота-она, аввало, Аллоҳдан солиҳ фарзанд беришини сўраб дуо қилмоғи лозим. Зеро, барчани ҳидоят қилувчи Аллоҳнинг Ўзидир. Дуода Аллоҳдан фарзандини солиҳ бўлишини, турли ёмонликлардан ва шайтоннинг васвасасидан узоқ юрадиган зурриёд ато этишини сўраш керак. Қуръони каримга назар ташлайдиган бўлсак, жуда кўп ўринларда фарзандни Аллоҳдан салоҳиятли қилишини сўраб қилинган дуоларга дуч келамиз. Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли бандаларининг фарзанд борасида дуо қилишларини қуйидагича васф қилади: "Улар: "Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!" – дейдиган кишилардир" (Фурқон, 74).
Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам фарзандларини туғилмасидан олдин Аллоҳдан солиҳ бўлишини сўраб дуо қилишган.
Закариё алайҳиссаломнинг дуолари ҳақида шундай дейилади:
"Энди Сен Ўз даргоҳингдан менга бир дўст (фарзанд) бер. У менга ва (бобом) Яъқуб наслига меросхўр бўлсин ва ундан барчани рози қилгин!" (Марям, 5 - 6).
"Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: "Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан" (Оли Имрон, 38).
Иброҳим алайҳиссалом ҳамда ўғиллари Исмоил алайҳиссаломлар шундай дуолар қилишган:
"Эй, Раббимиз, иккимизни Ўзингга бўйсунувчи эт ва зурриётимиздан ҳам Сенга итоат қиладиган уммат (чиқаргин)!" (Бақара, 128).
"Эй, Раббим! Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ато этгин!" (Соффат, 100).
"Эй, Раббим! Мени ва зурриётимдан (кўп фарзандларимни) намозни баркамол адо этувчи қилгин! Эй, Раббимиз! Дуоимни қабул эт!" (Иброҳим, 40).
Аллоҳга қилинган дуолар ижобат бўлиб, солиҳ фарзанд дунёга келганидан кейин ҳам ота-она фарзандларининг комил инсон бўлиб вояга етишларини сўраб доимо Аллоҳга дуолар қилиш ҳамда шу дуоларнинг ижобати учун амалий тарбияга ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо фарзандларининг, набираларининг ҳамда бошқа мўминларнинг фарзандларининг ҳақларига дуолар қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севимли набиралари Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳунинг ҳақига қуйидагича дуо қилганлар: "Эй Аллоҳим, мен уни яхши кўраман. Сен ҳам уни яхши кўргин". Бухорий ва Муслим ривояти.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ва Ҳасанни қўлларига олиб: ""Эй Аллоҳим, мен у иккисини яхши кўраман. Сен ҳам у иккисини яхши кўргин", деб дуо қилар эдилар. Бухорий ривояти.
Умму Салама розияллоҳу анҳога Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳунинг ўлдирилгани ҳақидаги хабар келганида Ироқ аҳлини "Ҳусайнни ўлдиришди, Аллоҳ ҳам уларни ўлдирсин! Уни алдашди, хорлашди, Аллоҳ уларни лаънатласин!" деб дуои бад қилдиларда, кейин айтдилар: "Мен шундай воқеанинг гувоҳи бўлганман: бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига Фотима кириб келдида, қўлидаги нонуштага ўзи пиширган шўрвани идиши билан У зотнинг олдиларига қўйди. Шунда У зот: "Амакингнинг ўғли қаерда?" деб сўрадилар. "У киши уйдалар" деди Фотима. Расулуллоҳ: "Бориб, уни чақириб кел, иккала ўғлингни ҳам олиб кел!" дедилар. Бироздан кейин Фотима иккала ўғлини икки ёнига олиб кириб келди, Али эса уларнинг ортида келиб, ҳаммалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига киришди. Фотима икки ўғлини У зотнинг қучоқларига қўйди, Али У зотнинг ўнг тарафларига, Фотиманинг ўзи эса чап тарафларига келиб ўтирди. Менинг тагимдан кечаси ўраниб ётадиган катта хайбарий чойшабни суғуриб олдилар. Биз Мадинада ўша чойшабга ўраниб ухлар эдик. Кейин у билан ҳаммаларини ўрадилар. Чап қўллари билан чойшабнинг бир учини ушладилар, ўнг қўлларини унинг орасидан чиқариб, қуйидагича дуо қилдилар: "Эй Аллоҳим, булар менинг аҳлим! Улардан нопокликни кетказ! Уларни бутунлай пок қилгин! Эй Аллоҳим, булар менинг аҳли байтим! Улардан нопокликни кетказ! Уларни бутунлай пок қилгин! Эй Аллоҳим, булар менинг аҳли байтим! Улардан нопокликни кетказ! Уларни бутунлай пок қилгин!" Шунда мен: "Эй Расулуллоҳ, мен сизнинг аҳлингиз эмасманми?" деб сўрадим. У зот: "Йўқ, сен ҳам менинг аҳлимсан" дедилар. Амакиларининг ўғли, икки набиралари ҳамда қизлари Фотиманинг ҳақига дуо қилиб бўлганларидан кейин мен ҳам ўша чойшабнинг ичига кириб олдим". Аҳмад ривояти.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғирлашиб қолганларида мен ва мен билан кўплаб одамлар Мадинага тушдик-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдик. У зот жим бўлиб қолган, гапирмаётган эдилар. Бир пайт икки қўлларини самога кўтариб, сўнг мен тарафга ишора қилгандек ҳаракат қилдилар. Шунда менинг ҳақимга дуо қилаётганларини билдим". Аҳмад ривояти.
Юқоридаги оят ва ҳадислардан шу нарса маълумки, ҳар бир оила раҳбарлари, яъни ота-оналар фарзандларини нафақат чиройли тарбия қилишлари, балки туғилишидан олдин Аллоҳдан уларнинг салоҳиятли бўлишини, тақводорларга пешво бўладиган зурриёд бўлишини сўрашимиз, фарзандларимизни тарбия қилиш асносида бу ишнинг осон бўлишини У зотдан сўраб, бу борда Аллоҳ таолога доимо илтижолар қилиб боришимиз лозим.

Абу Абдуллоҳ Мустафо ибн ал-Адавий,
"Фарзандларни тарбия қилиш фиқҳи" китобидан таржима
Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz