Ҳар бир бидъат, залолатдир! Принтер учун
19.12.2012 й.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Жуфт-жуфт бўлиб истиқомат қилишимиз учун эркак ва аёл қилиб яратган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, шаръий йўл билан оила қуриб ҳамжиҳатликда яшашимиз учун Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ҳукмларни беками-кўст етказган икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.

Халқимиз ўз ҳаётларини тўйларсиз тасаввур қила олмайдилар. Демак, ҳар куни бўлаётган тўйлар бизнинг ҳаётимизнинг ажралмас қисми десак ҳато қилмаган бўламиз. Аслида буни ҳеч қандай ёмон томони йўқ. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг саҳобийларига тўй қилиш борасида турли кўрсатмаларни бериб борганлар, жумладан:
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْه أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  رَأَى عَلَى عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ أَثَرَ صُفْرَةٍ فَقَالَ: مَا هَذَا قَالَ: يَا رَسُولَ الله إِنِّي تَزَوَّجْتُ امْرَأَةً عَلَى وَزْنِ نَوَاةٍ مِنْ ذَهَبٍ قَالَ: بَارَكَ اللهُ لَكَ أَوْلِمْ وَلَوْ بِشَاةٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқлик аломати кўриб:
“Бу нима?” дедилар.
“Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллога бир аёлга уйландим”, деди у.
“Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қилгин”, дедилар”.
Бешовлари ривоят қилишган.
Бизни ташвишга солган ва сўз юритмоқчи бўлган мавзуимиз мазкур тўйлар ҳақидаги тушунчани суъистемол қилиб ундан усталик билан душманларимизнинг фойдаланиб қолишларидир. Қандай қилиб, дейсизми? Буни тушунишимиз учун тахминан 80 йил орқага назар солишимиз керак бўлади. “Октябр” инқилобидан кейин секин-асталик билан туб аҳолини ўзлигидан, маданиятидан, миллийлигидан ва динидан айриб, тарихини, ўтмишини унутган, у ҳақда қизиқиши ҳам йўқ тайёр хизматкор, итоаткор қул ва чўриларга айлантириш сиёсати амалга оширила бошланди.
Кўп йилларга мўлжалланган, пухта режалар билан мустаҳкамланган, худосизлар тузумининг асосий ғояларидан бири эди. Биз сўз юритмоқчи бўлган никоҳ тўйлари ҳам уларнинг мазкур режаларини амалга оширишлари учун жуда ҳам қулай ва жуда ҳам тез натижа берадиган имконият эди. Шўролар бу имкониятдан унумли фойдаландилар. Биринчидан, никоҳ тўйларини тунда ўтказишни жорий қилдилар. Иккинчидан, бу тўйда келин-куёвни бевосита иштирок этишларини таъминладилар. Учинчидан, тўйда эркак ва аёллар биргаликда аралаш ҳолда бўлишларини жорий қилдилар. Тўртинчидан, уларга русларни ўрнак қилиб, эркак-аёл биргаликда рақс тушушларини киритдилар.

Бешинчидан, мазкур ишларнинг барчаси кўнгилдагидек амалга ошиши учун давранинг ўзларини шаҳвоний куй ва қўшиқлари билан қиздириб турадиган санъаткорлар билан таъминладилар. Олтинчидан, тўйларнинг вақтини чегараламай, балки тонг отгунгача давом этадиган қилдилар. Еттинчидан, энг асосийси зиёфатда солинган дастурхонлардаги ноз-неъматларнинг “кўрки” сифатида спиртлик ичимликлар тортилди. Бу рўйхатни хоҳлаганча давом эттириш мумкин. Лекин, шуниси ҳам етарли деб ўйлаймиз.
Натижа қандай бўлди дерсиз? Шўролар ўйлаганидан ҳам кўпроқ самара берди. Халқимиз бу бидъатларни чин қалбдан ва очиқ чеҳра билан қарши олдилар. Шунинг самараси ўлароқ халқимизга мазкур бидъатлар бизнинг миллий урф-одатларимиздан эмас, балки бизнинг маънавиятимизга, маданиятимизга, динимизга ёд нарсалар десангиз!!! Бекорларни бештасини айтибсан, ота-боболаримиз шундай қилиб келишган деб ёқа йиртиб талашадиган бўлиб кетдилар. Бу борада ҳар қанча далил-исботлар келтирсангиз ҳам халқимизни асл ҳақиқатга ишонтириб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолдилар. Энг ачинарлиси мазкур бидъат ҳали ҳануз ўз-ўзидан урчиб, халқимизнинг қон-қонига “ота-боболаримиз маънавияти” деган тарзда сингиб кетмоқда.
Халқимиз “ёмон қовунни уруғи кўп бўлади” деганларидек, мазкур ёмонлик ҳам кундан кунга болалаб кўпайиб бормоқда. Авваллари ушбу ёмонликни кўпайтириш учун шўролар жонбозлик кўрсатган бўлсалар, ҳозирда “оммавий маданият” ходимлари томонидан урчитиб, юртимиз ёшларини ўз гирдобига тортмоқда. Қуруқ бўлмаслиги учун тунги базми жамшидларда пайдо бўлаётган баъзи бир ёмонликлардан мисол келтирамиз:
1. Тасаввур қилингга, келин-куёв ҳашаматли тўйхонада шаҳзода ва маликалардек тўрида тахти-равонда ўтирибдилар. Уларни бу хурсандчилик билан табриклайдиганлар, муборакбод қиладиганлар сон-соноқсиз. Лекин, нимадир етишмайди. Ҳа, тўғри топдингиз фаришталар етишмайди. Келин-куёвларни ўзларига ўхшаш инсонларнинг табриклари қониқтирмай қўйди. Тўғрида, нима учун фаришталар келиб табрикламаслиги керак экан. Бу муаммо ҳам осонгина ўз ечимини топди. Ишбилармонлар тезда фариштадек бегуноҳ норасида қизалоқлардан қўштирноқ ичидаги “фаришта”ларни ясашди. Улар ўзларининг ноқис тасаввурларида фаришталарни қандай деб билсалар ҳудди шундай қилиб ясашди. Ҳа тўғрида тирикчиликни айиби борми? Ҳаттоки, норасида  қизалоқларни меҳнатини эвазига бўлса ҳам. Халқимиз “мушик бекорга офтобга чиқмайди” деганларидек, сохта фаришталар ҳам бекорга саҳнага чиқмайдилар. Зотан уларнинг орқаларида мўмайгина даромадни кўзлаб тинмай меҳнат қилаётганлар бор. “Фаришталар”нинг ҳар бир чиқишлари тахминан 50-100$ туради холос!
2. Тунги базми жамшид тугалланиш арафасида барча иштирокчилар рақсга тушавериб тинкаси қуриганидан  кейин, хотима ўрнида келин-куёвни даврага тушиб ҳаммани кўз ўнгида бир-бирини пинжига кириб рақсга тушишларини талаб қиладилар. Бу рақсни алоҳида номи “вальс”дир. Ғарбликларнинг алоҳида машҳур рақсларидан биридир. Мазкур рақс бизнинг халқимизга бегона бўлганлиги туфайли  уни келин-куёвлар билмасликлари аниқ. Лекин буни ташвишланарли  жойи йўқ. Чунки, уни ўргатадиган мутахассислар етарли бўлиб, уларни пулига чидасангиз бўлди.

Обрў керак бўлганидан кейин пулни юзига қарамайдиганлар кераклича топиладилар. Қарабсизки, бу иш ҳам битди.  Келин-куёв сабр билан қимматли вақтларидан 2-3 ойни ажратсалар бўлди. Хизмат ҳаққи ҳам унчалик кўп эмас. 400-500$ бўлади холос. Ҳа, нима қилибди умрида бир маротаба бўладиган нарсага, қарзга ботиб бўлса ҳам қилиши керак, тўғрида бировдан кам жойи борми?;
3. Базми жамшидда келин-куёвларни никоҳ тўйигача бўлган вақтни ичида нималар билан шуғилланганликлари, неча маротаба учрашганликлари, қайси истирохат боғларида айланганликлари, бозорларга бориб нималар харид қилганликлари, қандай қилиб танишиб, пинхона учрашиб юрганликларидан тортиб қўйингки барча майда-чуйда, икир-чикирларигача видео лавҳа қилиб тўйхонада ҳаммага намойиш этилади. Аслида буларнинг ҳаммаси ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти бўлиб, бу тўғрисида одамларга лавҳалар кўрсатиш пасткашлик, ориятсизлик ва даюсликдир. Тўғри бир неча йиллар олдин ҳудди шунга ўхшаш ҳолат ойнаи жаҳон орқали  алоҳида  кўрсатув қилиб ҳам намойиш этилган. Кейинчалик бу бачканаликка барҳам берилган эди. Лекин, илдизи билан қўпариб ташланмаган шекили, ҳозирда тўйхоналарда ўша иллат бўй чўзиб қолди;
4. Тунги никоҳ тўйининг охирида келин саҳнада тўй иштирокчиларига  тескари ҳолда туради, қўлида эса гулдаста. Орқасида бир гуруҳ ҳали турмушга чиқмаган қизлар саф тортиб туришади. Келин гул дастани орқасига қарамаган ҳолда отади. Орқасида турган қизларнинг қайси бири гулдастани ушлаб олса, уни бахти очилар эмиш!
Бу ҳам “оммавий маданият” номи ила ғарбликлардан кириб келган бир бидъат. Шу билан бир қаторда ўлжани қўлга киритиш мақсадида қўйилган қопқондир. Ваҳима қилмасайизчи! Буни нимаси ёмон дерсиз? Тўғри зоҳирий кўринишидан ҳеч қандай ёмонлиги йўқ оддий ҳурсандчиликнинг бир кўринишига ўхшаб туйилади. Аслидачи! Бир пайтлар турмушга чиқишлик тўғрисида гап-сўз бўладиган бўлса, юзлари анордай қизариб, кўзлари ер чизиб қочгани жой топа олмай қоладиган Ўзбекнинг, Мусулмонларнинг ҳаёли, иболи қизлари ҳозирда бир неча эркак томошабинларнинг кўз ўнгида «Мен эрсираб қолганман» дегандек, гулдастага ташланиши тўғрими? Балки, бу одат кимларгадир фахр, обрўдир. Лекин, бизларнинг миллатимизга эмас. Бизларнинг қизларимиз имону ислом, дину диёнат, ахлоқу одоб, ҳаёю иффат ва ору номус билан безангандирлар. Ҳаттоки улардан ўз оталари  фалончидан совчи келибди қизим нима дейсан деб сўраганларида очиқчасига жавоб беришга ҳаё қилганлар. Мазкур ҳақиқат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ўз ифодасини топган.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْها قَالَتْ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَرَادَ أَنْ يُزَوِّجَ شَيْئًا مِنْ بَنَاتِهِ جَلَسَ إِلَى خِدْرِهَا فَقَالَ إِنَّ فُلَانًا يَذْكُرُ فُلَانَةً يُسَمِّيهَا وَيُسَمِّي الرَّجُلَ الَّذِي يَذْكُرُهَا فَإِنْ هِيَ سَكَتَتْ زَوَّجَهَا وَإِنْ كَرِهَتْ نَقَرَتْ السِّتْرَ فَإِذَا نَقَرَتْهُ لَمْ يُزَوِّجْهَا .
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон қизларидан бирортасини узатмоқчи бўлсалар, унинг пардаси олдига ўтириб, “Фалончи Фалонани зикр қилмоқда”, деб, унинг ҳам, уни зикр қилган эркакнинг ҳам исмини айтар эдилар.

Агар у сукут сақласа, никоҳлар эдилар. Агар у қиз ёқтирмаса, пардани чертар эди. Қачон қиз пардани чертса, уни никоҳламас эдилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Халқимиздаги “сукут аломати ризо” деган нақл ушбу ҳадиси шарифдан олингандир. Азизлар бу маданиятни, маънавиятни ахлоқу-одобни, қизларнинг ҳаёларини, иффатларини қандай бўлишини томошо қилинг! Ўрганинг! Ва амал қилинг!
Мана азизлар биргина бидъат бир неча маротаба болалаганини гувоҳи бўлдингиз. Бу ҳали ҳаммаси эмас! Мазкур бидъат болалашликда давом этмоқда.
Энг ачинарлиси эса, уни кундан кунга кўпайиб боришига ўз ҳиссасини қўшаётган инсонлар халқимизнинг ичидаги энг таниқли кишилар эканлигидир. Мазкур рўйхатнинг биринчи ва иккинчи ўринларида эса, албатта ўйлаганингиздек хонандалар ва актёрлар туради (ҳозирги кунда бу икки тоифа аралашиб кетган). Булар томонидан қилинадиган барча яхши ва ёмон ишлар халқимизга тезда етиб боради ва таъсир кўрсатади. Зотан ойнаи жаҳон, матбуот ва кўпгина ахборот воситалари ҳам тинмай уларни ташвиқот қилишликда хизмат қилади. Лекин уларга бу воситаларнинг ҳам хизмати камлик қилаяпти шекили, ҳозирги кунда ўзларининг никоҳ тўйларини ойнаи-жаҳонда кўрсатишликни имконияти бўлмаганлиги туфайли алоҳида дискларга ёзишиб ноқонуний йўллар билан бўлса ҳам уларни тарқатиш пайида бўлишмоқда. Тўғрироғи “оммавий маданият”нинг жарчилари ҳамда ходимлари десак адашмаган бўламиз. Буларни бундан бошқа нима деб ҳам аташ мумкин!
Мазкур иллатларнинг барчасини бошида илмсизлик ёки билсада унга амал қилмаслик турибди. Шу ўринда билганлар учун эслатма, билмаганларга эса билиб амал қилишлари учун, хулоса ўрнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шарифни нақл қилиб келтирамиз:
 عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ  عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَصْدَقَ الْحَدِيثِ كِتَابُ اللهِ، وَأَحْسَنَ الْهَدْيِ هَدْيُ مَحَمَّدٍ، وَشَرُّ اْلأُمُورِ مُحْدَثَاتُهَا، وَكُلُّ مَحْدَثَةٍ بِدْعَةٌ، وَكُلُّ بِدْعَةٍ ضَلاَلَةٌ، وَكُلُّ ضَلاَلَةٍ فِي النَّارِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ واللَّفْظُ لَهُ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Албатта, энг содиқ Калом, Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят, Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони, янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш, бидъатдир. Ҳар бир бидъат, залолатдир. Барча залолат, дўзахдадир”, дедилар”.
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган. Лафз Насаийники.

“ Тўхтабой ” жомеъ масжиди имом хатиби: 

 Бегматов Исоқжон домла

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz