Оиша розияллоҳу анҳога ўргатилган дуо Принтер учун
22.12.2012 й.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ушбу дуони ўргатганлар: Аллоҳим! Мен Сендан ҳар турли хайрни, тез бўлгани ва кеч бўлганини, билганим ва билмаганим барча яхшиликни истайман, ҳар турли ёмонликдан, тез келадиган ва кеч келадиганидан, билганим ва билмаганим барча ёмонликлардан ҳам Сенга сиғинаман. Аллоҳим! Мен Сендан банданг ва Пайғамбаринг сиғинган ёмонликдан ҳам Сенга сиғинаман. Аллоҳим! Мен Сендан жаннатни ва жаннатга яқинлаштирадиган сўз ва амални тилайман. Жаҳаннам оловидан ва дўзахга яқинлаштирадиган сўз ёхуд амалдан ҳам Сенга сиғинаман. Мен учун ҳукм қилганинг ҳар қазо (ва қадар)ни хайрли қилишингни ҳам Сендан сўрайман. Ибн Можа, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳоким ривоятлари.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шубҳасиз дуо ибодатнинг ўзидир” (Ибн Можа ривоятлари), деб ушбу оятни ўқидилар: “Сизлар Менга дуо қилинглар, дуоларингизни қабул (ижобат) қилурман! Дарҳақиқат, менинг ибодатимдан бош тортувчилар тез кунда хор бўлиб, жаҳаннамга тушгайлар” (Ғофир, 60).
Аллоҳнинг дуоларни қабул қиламан деган ваъдасига кўра, Яратган ва банда ўртасида (дуо ва ёлбориш) орқали боғланиш бўлади. Қудратли Яратувчининг қулига жавоб бериши унинг дуосига, илтижосига боғлиқдир.
Ояти каримада келган: Менга дуо қилинг жумласи икки хил тафсир қилинади:
а) Дуо ибодат ва қуллик маъносида қўлланади. Бу ҳолатда ояти карима “Менга ибодат қилинглар, сизларга савоб ва мукофот бераман” деган  маънони англатади.

б) Дуо сўраш ва ниёзда бўлиш маъносида келади. Бу ҳолатда ояти карима “Мендан сўранглар, сизларга сўраганларингизни бераман” маъносини беради.
Ҳар икки изоҳ шакли бирга олиб қаралса, дуо билан ибодат орасида яқин боғлиқлик, дуо билан ибодатнинг ажралмас бир бутун экани англашилади. Қуръони каримнинг йигирма жойида келган “дуо” лафзи бир жиҳатдан ибодатнинг моҳиятини билдирса, бошқа жиҳатдан ибодатнинг қабул бўлиш шарти деб қаралади. Ибодатнинг дуога тобеъ қилиниши, дуонинг муҳимлигини таъкидлаш учундир. Дуо банданинг Аллоҳ билан ўзига хос суҳбатлашиш шаклидир.
Дарҳақиқат, ўз истак ва хоҳишларини Аллоҳга арз қилган, Унга дуо-илтижо қилган банда бутунлай Аллоҳга йўналади, куч ва имкон соҳиби бўлган инсонларни бир тарафга ташлаб, бутун умидини Унга боғлайди. Берадиган ва оладиган Зот Аллоҳ азза ва жалла эканини эътироф қилади, барча нарса Унинг қудрати билан ҳаракат қилишини англайди. Аллоҳга қуллик қилишнинг гўзал шакли бўлмиш дуо айни пайтда инсонга руҳий хотиржамлик берадиган, сиҳатга етиштирадиган муолажанинг бир туридир.
Бундан ташқари, инсоннинг фақат Аллоҳга ёлбориши ва юзланиши билан қадрга эришишини ифода қилиб:  “(Эй, Муҳаммад! Мушрикларга) айтинг: “Агар дуоларингиз бўлмаганида, Парвардигорим сизларга парво қилмас эди” (Фурқон, 77) , ояти дуонинг бир меъёрий хусусиятга эга эканини кўрсатади. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ваҳий, ишорат ва иршодига сазовор бўлган, энг гўзал ахлоқ соҳиби, энг шарафли инсон бўлишларига қарамай, давомли дуо ва истиғфорда бўлганлар. У зот охиратни ўйлаб, титраган умматига хитобан: “Аллоҳдан фойдали илм истанг, (дунё ва охиратда соҳибига) фойда бермайдиган илмдан Аллоҳга сиғининг” (Ибн Можа ривояти), дея тавсияда бўлар эканлар, ўзлари ҳам тез-тез ушбу дуони айтганлар:
“Аллоҳим! Менга ўргатган илмингдан мени фойдалантир. Фойдаси тегадиган билимларни менга эҳсон айла ва илмимни орттир ҳамд, ҳар ҳандай ҳолатда (ғам-қайғу ва мусибат ёхуд хурсандчилик, нашъали онларда ҳам) Аллоҳгадир. Мен жаҳаннам азобидан Аллоҳга сиғинаман (Ибн Можа ривояти).

ҲАДИСИ ШАРИФДАН ҚУЙИДАГИ ФОЙДАЛАР ЧИҚАДИ

1. Ҳар бир мусулмон аёлу эркак кунлик ҳаётида ўқиши лозим бўлган дуоларни ўрганиши ва уни ҳар доим такрорлаши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан аёллари ва қизлари турли василалар билан қилинадиган дуолар ҳақида билим олишган ва амал қилишган. Масалан, Оиша онамиз қадр кечасида қандай дуо қилишни сўраганларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳим! Сен кечиргувчисан, авф қилишни севасан. мени ҳам авф эт, дейсан” (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ибн Ҳанбал ривоятлари) деб ўргатганлар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотимага ўргатиб, эрталаб ва кечқурун такрорлашни буюрган дуолари ушбудир:
“Эй Ҳайй ва Қаййум бўлган Аллоҳим! Сенинг раҳматингга илтижо қилиб, Сендан ёрдам тилайман. Менинг барча ишларимни тузат ва мени бир лаҳза бўлса ҳам нафсим билан ёлғиз қолдирма! (Ҳоким, Байҳақий ривоятлари).
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан айтилган дуоларни биладиган киши бошқаларга ўргатмоғи лозим. Бошқа ибодатларда бўлганидек, дуонинг ҳаётга татбиқ қилиниши хусусида ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнак бўлган, ҳатто солиҳ инсонларнинг дуоларини олишни насиҳат қилганлар.
Шахсан ўзлари Умар розияллоҳу анҳудан дуо сўраб: “Бизни ҳам дуо қилишни унутма, эй биродарим!” деганлар ва яна Ҳазрати Умарга хитобан “Сизлардан ким Увайс ал-Қароний билан учрашса, сиз учун дуо ва истиғфорда бўлсин” дея тобеъинларнинг буюги ва фазилат тимсоли бўлган, авлиё Увайс ал-Қаронийдан дуо олишни тавсия қилганлар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи саҳобалар қилган дуоларини “Ижобат қил, Аллоҳим!” маъносида “Омин” деганлари ҳам маълум. Ваҳий котибларидан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Мен, Абу Ҳурайра ва яна бир биродарим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Қани, дуо қилинг, – дедилар. Мен ҳамда биродарим бирга дуо қилдик. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қилган дуомизга Омин дея қўшилдилар.
Кейин Абу Ҳурайра:
– Аллоҳим! Мен икки биродаримнинг орзу ва талабларини айнан Сендан тилайман. Шунингдек, Сендан унутилмайдиган илм (кучли хотира) истайман, дея дуо қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуога ҳам Омин дедилар. Шунда қолган икки саҳоба ҳам:
– Биз ҳам шуни истаймиз, ё Расулуллоҳ! – дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Абу Ҳурайра сиздан олдин ҳаракат қилди, – дедилар (Ҳайсамий, Ибн Ҳажар ривоятлари).
3. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога ўргатган дуоларида дунё ва охират ҳаётининг барча яхшиликлари мужассамдир. Чунки хайр–барча эзгулик ва яхшиликларни ўзида жамлаган сўздир. Унинг зидди бўлган шарр эса, барча ёмонлик ва разолатларни ифодаловчи лафздир.
4. Дуода эътиборни тортадиган яна бир нуқта Жаннат ва жаннатга яқинлаштирадиган ҳар қандай сўз ва амал ифодасидир. Жаноби ҳақ таоло: Роббингиздан (келувчи) мағфират ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари шошилингиз (Оли Имрон, 133), деб мусулмонларнинг жаннатга етишишини истар экан, Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланингиз! Аллоҳ ва пайғамбарига итоат қилингиз! Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлсангиз (Оли Имрон, 131-132), дея жаҳаннамдан сақланишни ва унга олиб борувчи ҳар қандай сўз ёхуд амалдан йироқ бўлишни буюрмоқда.
5. Ҳар бир аёл-эркак мусулмон ўзига Аллоҳ тарафидан белгиланган қазо ва қадар (тақдир)нинг хайрли бўлишини сўраб, илтижо қилмоғи лозим. Чунки саломат бир иймонга эга бўлган мусулмон, Аллоҳ таолонинг қудрати қаршисида ожиз эканини англаб, таслимият кўрсатади ва ҳамма насанинг Унинг илми дохилида ҳаракат қилишини ўйлайди.
Жумладан, Агар Сизга бирор яхшилик (ғалаба ёки ўлжа) етишса, (бу) уларга ёқмайди. Агар Сизга бирор мусибат етишса: Ишнинг олдини олибмиз, – деб хурсанд ҳолларида юз ўгириб кетадилар.
Айтинг: Бизга Аллоҳнинг ёзиб қўйганидан ўзга нарса етмайди. У хожамиздир. Аллоҳга эса, фақат мўминлар таваккул этсинлар
(Тавба, 50-51), дея буюрган қудратли Роббимиз бу ҳақида шундай баён қилган.
Ҳеч ким илоҳий тақдирни ўзгартира оладиган куч-қудратга эга эмас. Фақат Аллоҳ Таоло бандасининг дуосини қабул қилиш билан тақдирини ўзгартириши мумкин. Чунки юзага келган воқеалар сабаб-натижа муносабати билан изоҳланади. Инсонга тақдир қилинган ёмонликни кетказиш учун эса дуо бир сабаб қилинади. Хусусан, бало ва мусибатларнинг дуо билан даф бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳадислар бор. Албатта бунда дуонинг қабули учун одоб ва шартларга риоя қилмоқ лозим. Масалан, дуонинг тўла таслимият билан, бутун борлиғи билан қалбдан ва қабул бўлишига ишонган ҳолда қилиш, “Дуо қиляпман, лекин ҳеч қабул бўлмаяпти”, деб шошмасдан, эринмасдан, зерикмасдан ихлос билан дуода бардавом бўлиш, ҳалол ва ҳаромга эътибор қилиш лозим бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Киши узоқ сафар қилади, сочлари тўзғиган ва уст-боши чанг-тупроқ бўлган ҳолатда “Эй Роббим! Эй Роббим!” дея қўлларини кўтариб, дуога очади. ҳолбуки, унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва (ўзи ҳам) ҳаром билан улғайган. Бундай кишининг дуоси қандай қилиб қабул бўлсин?” (Муслим, Термизий, Доримий, Аҳмад ибн Ҳанбал ривоятлари).
Аллоҳ таоло барчамизга Оиша розияллоҳу анҳога ўргатилган дуони ва ҳадислардан келган бошқа барча дуоларни ихлос билан қилишимизни ҳамда улардаги фойдалардан баҳраманд бўлиб боришимизни насиб қилган бўлсин! Омин! 

Нозимжон Ҳошимжон

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort