Қалбларни имтиҳон қилинадиган ўринлар Принтер учун
25.12.2012 й.

Аллоҳ таоло бизларни бу дунёга синаш учун юборган. Бу дунё синов дунёсидир. Кишининг охиратдаги мақоми унинг синовлардан яхши ўтиши ёки ўтолмаслиги билан белгиланади. Шундай экан банда ана шу имтиҳонлардан чиройли тарзда ўтишга ҳаракат қилмоғи лозим. Кўпчилик инсонлар қалбнинг синови фақат гуноҳ ишларга рўпара келинганда бўлади деб ўйлашади. Аслида эса, Аллоҳнинг синови ҳам ёмон, ҳам яхши ишлар қаршисида бўлади. Зеро, У зот Қуръонда шундай марҳамат қилади: "Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз" (Анбиё, 35). Қуйида қалбнинг ана шундай синов ўринларини келтириб ўтамиз.

Ибодат пайтида.
Масалан, намоз, рўза, ҳаж, садақа ва бошқа ибодатлар асносида банданинг қалбидаги ихлоси, риёдан холи эканлиги имтиҳон қилинади. Аллоҳ таоло айтади: "(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби фойдасиз) қилиб қўйгандирмиз" (Фурқон, 23). Бир ҳадисда эса "Махфий ширкдан сақланинглар", дейилган. Шунда саҳобалар: "Махфий ширк нима Эй Аллоҳнинг Расули?" деб сўрадилар. У зот: "Бир одам бошқалар кўриши учунгина намоз ўқиса, мана шу махфий ширкдир" дедилар. Ибодатда синалишдан мақсад банданинг амалининг саҳиҳлигини, мукаммаллигини билииш ҳамда унда тақво малакасини ҳосил қилишдир. Аллоҳ айтади: "Лекин у Зотга сизлардан тақво етар" (Ҳаж, 37).
Илм олиш пайтида.
Бу пайт имтиҳоннинг энг сермаҳсул пайтидир. Чунки, кўп одамлар мана шу пайтда имтиҳондан ўта олмайдилар. Бир тоифа одамлар, аввал бошида, Аллоҳ ризоси учун илм олишга киришадилар. Кейинчалик ниятлари енгил-елпи шаҳватларга, яъни раҳбарлик, шуҳрат, моддий фаровонлик, бошқалардан устун бўлиш, талашиб-тортишиш ва бошқа нарсаларга бурилиб кетади. Бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: "Кимки Аллоҳнинг розилиги кўзланадиган илмни дунёдан бирор нарсага эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди". Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари.
Хилоф қилиш ва талашиб-тортишиш пайтида.
Бу шайтоннинг экинзорларидан бир экинзордир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бизларни бундай пайтларда энг чиройли услубни қўллашимизга буюриб шундай дейди: "Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!" (Наҳл, 125). Чунки, аввал бошида, мунозара ҳақни, ҳақиқатни юзага чиқариш учун бўлади. Кейин эса, ниятлар ўзгариб, нафснинг устун келиши учун тортишишга ўтилади. Шайтоннинг экинзорига уруғ қадаш худди мана шу ердан бошланади. Аллоҳ таоло дейди: "(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз" (Анкабут, 46). Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: "Хилофнинг барчаси ёмонликдир" деганлар.
Шаҳватлар ҳужум қилган пайтда.
Бу пайтда жуда кўп иродаси суст инсонлар имтиҳондан ўта олмайдилар. Шаҳватларга мол-дунё, улов-маркаб, чиройли хотин, қўша-қўша ўғиллар, данғиллама ҳовли-жойларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Зеро, буларнинг синов эканлигида шубҳа йўқ. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Сизларнинг мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фақат бир синовдир" (Тағобун, 15). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Албатта, дунё ям-яшил ширинликдир. Аллоҳ таоло сизларни бу дунёга "Қандай амал қилар эканлар?!!" деб халифа қилди. Дунёдан сақланинглар! Аёллардан сақланинглар! Чунки, Бани Исроилнинг фитнаси аёллар туфайли эди". Муслим ривояти.
Турли шубҳалар ва фитналар содир бўлган пайтда.
Бу иккиси нарса содир бўлган пайт ҳам имтиҳоннинг сермаҳсул ўринларидандир. Чунки, ақидаси заиф инсон бирор шубҳага тушганда ёки бирор фитна содир бўлганда ўзининг мавқифи (позицияси)ни сақлаши, шубҳалардан қутулиб, энг тўғри фикрда, энг тўғри ақидада қолиши жуда-жуда қийин бўлади.
Раҳбарлик ва мансаб эгаси бўлган чоғда.
Раҳбарлик ва мансаб қанчадан қанча қалбларни ўзгартириб юборади. Чунки, инсон бу нарсаларга эришганда нафақат ўзи ўзгаради, балки унга нисбатан ҳам ҳасадчилар, кўролмайдиганлар, гина ва адоватчилар пайдо бўлади.
Насаб, ҳасаб ва обрў.
Булар қалбнинг касалланиши учун энг ҳосилдор ерлардир. Ўзини бошқалардан устун деб билиш, ота-боболари билан фахрланиш, кибр ва бошқа кўп иллатлар, кўпинча, мана шу насаб, ҳасаб ва обрўдан келиб чиқади.
Биз юқорида қалбни бемор қиладиган ҳамда унга синов майдони бўлиб хизмат қиладиган айрим нарсалар хусусида сўз юритдик. Қалбнинг синалиши учун бундан ҳам кўп ўринлар мавжуд. Аммо биз уларни умумлаштиришга ҳаракат қилдик. Қалбининг доимо имтиҳонда эканлигини билишга интилган ва қандай ўринларда мазкур имтиҳонга жиддий тарзда ёндошиш кераклигини билмоқчи бўлган азизларимизга шуларнинг ўзи етарли деб ҳисоблаймиз.
Аллоҳ барчамизни дунёнинг барча синовларидан муваффақият билан ўтиб, Ўзининг даргоҳига ёруғ юз билан боришимизни насиб этсин! Омин!

Нозимжон Ҳошимжон

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz