Уламоларни ҳурмат қилиш вожибдир Принтер учун
03.01.2013 й.
Уламолар пайғамбарлар меросхўрларидир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатларнинг ҳалқ орасига кириб келишини олдини оладиган зотлардир. Аллоҳ таолодан чин маънода қўрқиш олимларнинг сифати эканлигини Ҳақ таолонинг Ўзи Каломи шарифида баён қилган.
 “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли Зотдир[1]”.

Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас[2]”.

Амр ибн Мурра роҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Агар Аллоҳнинг Китобидан бирор оятни тушунмасам ўшандан ҳижолатга тушаман. Чунки Аллоҳ таоло: “Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас” деган”.

Яна бошқа бир ўринда Аллоҳ таоло шундай дейди:

Сендан уларга нима ҳалол қилинганини сўрарлар. Сен: «Сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Овчи итларга ўхшатиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан уларга ҳам ўргатган овчи ҳайвонларингиз сизга тутиб берган нарсадан енглар. Уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳисоби тезкор зотдир», деб айт! [3]”.

Аллоҳ таоло ояти каримада таълим олган итнинг овда тутиб келган нарсаси мусулмонлар учун ҳалол эканлигини эълон қилмоқда. Агар шу овни ўргатилмаган ит олиб келса, у ҳаром бўлади. Шунинг ўзи ақл эгалари учун илмнинг шарафи нақадар улуғ эканлигини билдиради. Ибнул Қоййим оятнинг тафсирида худди шуни баён қилиб ўтган.

Эй иймон келтирганлар! Агар сизларга мажлисларда силжиброқ ўтиринг, дейилса, бас, силжинг, агар туринг дейилса, туринг. Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир[4]”.

Бу ояти каримада илм аҳлларининг даражаларини Ҳақ таолонинг Ўзи кўтаришини айтмоқда. Аллоҳ таолонинг ҳузурида илм аҳлларининг қадри баланд эканлиги тортишилмайдиган ҳақиқатдир. Олим инсонни  жоҳилга тенглаштириб бўлмайди. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 9‑оятида шундай дейди: “Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Робби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар”.

Бу оятда олим инсоннинг амал соҳасида ҳам пешқадамлардан эканлигига ишора бўлмоқда. Жоҳиллар орасида олимларни камситишга уринишлар доим бўлиб келган. “Олимнинг айтганини қил, қилганини қилма!” деган мақолни кўп марта эшитганмиз. Бу мақол олимни обрўсизлантириш мақсадида асосан жоҳиллар томонидан ишлатилади. Аслида бу мақол олимнинг обрўсига путур етказмайди. Чунки олимнинг айтганини қил, дегани, олим сенга муносиб, сен қила оладиган амални айтиб беради, қилганини қилма, дегани эса, сен унинг қилганини қила олмайсан, деган маънодадир. Зеро Аллоҳни танийдиган олим инсон беамал бўлмайди.

Беамалларни эса шариат олимлари деб айтилмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васалламдан ҳам уламонинг фазли тўғрисида бир неча ҳадислар ворид бўлган. Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги, менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳлллари ҳатто уясидаги чумоли ва ҳатто балиқ одамларга яхшиликни таълим берадиганга саловат айтади”, дедилар[5]”.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Ким илм талаб қилиб йўлга чиқса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бир йўлга йўллаб қўяди. Дарҳақиқат фаришталар қанотларини илм талаб қилувчи учун рози бўлган ҳолида тўшаб туришади. Олим учун осмонлару ердагилар, сувдаги балиқлар истиғфор айтади. Олимнинг обиддан ортиқлиги ўн тўрт кечалик ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлиги кабидир. Дарҳақиқат уламолар набийларнинг меросхўрларидир. Набийлар дийнор ва дирҳам мерос қолдиришмаган. Улар илм мерос қолдиришган. Ким уни олса, тўлиқ насибани олибди”, дедилар[6]”.

Олимга душманлик қилган одам Аллоҳга уруш қилганга ўхшайди. Аллоҳ азза ва жалла  билан урушган ғолиб бўлармиди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васаллам айтадилар: “Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан[7]”. Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳнинг дўстидан мурод Аллоҳни танийдиган, Унинг тоатида доим бўладиган олимдир[8]”.

Хатиб Бағдодий Абу Ҳанифа ва Шофеъий роҳимаҳумаллоҳларнинг шундай дейишганини ривоят қилади: “Агар фуқаҳолар Аллоҳнинг дўстлари бўлмаса, демак Аллоҳнинг дўсти йўқдир”.

Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг Расули улуғлаб турсаю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳурматсизлик қилишдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ким фақиҳга азият етказса, дарҳақиқат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламга азият етказибди. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламга азият етказса, дарҳақиқат Аллоҳ азза ва жаллага азият етказибди[9]”.

Уламоларни ғийбат қилишнинг хатари бошқаларни ғийбат қилиш хатаридан кўра хавфлироқдир. Ғийбатнинг ёқимсизлиги ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.

Ибн Асокир роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Олимларнинг гўштлари заҳарлангандир, уларнинг обрўсини туширадиганларга Аллоҳнинг муомаласи маълумдир”.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Олимларнинг гўштлари заҳарлангандир, ким уни ҳидласа касал бўлади, еган эса ўлади”.

 У киши яна айтади: “Ким олимга тил теккизса, унинг ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.

Абдуллоҳ ибн Муборак роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ким олимларни пастга урса, унинг охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, унинг дунёси барбод бўлади. Ким  биродарларини пастга урса, унинг одамгарчилиги барбод бўлади”.

Авзоий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аҳли илмларни, хусусан уларнинг улуғларини ортидан гапириш гуноҳи кабиралардандир”.

 Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Устозим Ҳаммоднинг уйи томонга оёғимни узатмадим... У вафот топгач ҳар намозим ортидан ота‑онамга қўшиб унга ҳам истиғфор айтардим”.

Уламоларни ҳурмат қилиш иймоннинг саломатлигига далилдир. Уларни камситиш эса нифоқ аломатидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламни фақат мунофиқлар ёмон кўришар, у зотни камситишга ҳаракат қилишарди. Олимларимиз Набий соллаллоҳу алайҳ васалламнинг омонатларини етказувчилардир. Шу маънода уларни ёмон кўриш мунофиқлик аломатлардан дейилади.  Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Катталаримизни  улуғламаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимларимизнинг ҳаққини билмаган умматимдан эмасдир”, дедилар[10]”.

Халқлар орасида олимларнинг борлиги Аллоҳнинг неъматидир. Уларнинг вафоти эса оғир мусибатдир. Зеро илм уларнинг вафоти орқали кўтарилади. Набий соллаллоҳу алайҳ васаллам ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: “Албатта Аллоҳ илмни бандалардан бир суғуришда суғириб олмайди. Лекин илмни уламоларни қабз қилиш орқали олади. Ҳатто агар олим қолмаса, одамлар ўзларига жоҳилларни йўлбошчи қилиб олишади. Шунда улар илмсизларча фатво беришиб, ўзларини ҳам ўзгаларни ҳам адаштиришади[11]”.

Салафларимиз олимларга гўзал муносабатда бўлишарди. Шаъбий роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу отга миндилар. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо отнинг юганидан ушлаб юра бошладилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу у кишига: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламнинг амакиларининг ўғли, бундай қилманг”, дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Олимларимизга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз”, дедилар. Зайд розияллоҳу анҳу: “Қўлингизни беринг”, дедилар. У киши қўлларини узатган эдилар, уни ўпиб: “Набийимиз соллаллоҳу алайҳ васалламнинг аҳли байтларига шундай муомала қилишга буюрилганмиз”, дедилар[12]”.

Бу одобнинг намунасини бизларга мерос қилиб қолдираётганлар улуғ саҳобалардир.

Муслим ибн Ҳажжож роҳматуллоҳи алайҳ Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг олдиларига келиб: “Эй устозларнинг устози, муҳаддисларнинг саййиди, ҳадис иллатларининг табиби, келинг оёғингиздан бир ўпай!” дедилар[13].

Бу каби тавозеъ намунаси бизларга мерос қилиб қолдираётганлар икки саҳиҳнинг соҳибларидир.

Исҳоқ Шаҳидий айтади: “Яҳё Қаттонни кўрдим.  Асрни ўқиб сўнг масжиднинг минорасига суяниб ўтирди. Унинг олдида Алий ибн Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маъин ва бошқалар тик турган ҳолларида ундан шом намозига қадар ҳадис сўрашди. Яҳё Қаттон уларнинг бирортасига: “Ўтир”, демади, улар ҳам унинг ҳайбатидан ва ҳурматидан ўтириб олишмади”.

Бу қадар фидоийликнинг намунаси умматнинг энг ишончли инсонларидан содир бўлмоқда.

Айюб роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳасан Басрийнинг мажлисида тўрт йил ўтирдим. Унинг ҳайбатидан бирор нарса сўрай олмадим”[14].

Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Қуръон, Ҳадис, Наҳв ёки бошқа ҳар қандай илмни олишда одобга амал қилдим. Мадинага келгунимга қадар ҳам табиатим шундай эди. Мадинада Моликни кўрдим. Унинг каби ҳайбатли илмни улуғловчи кишини кўрмадим. Унинг мажлисида варақлашда чиқадиган овоздан хавотирланиб китобни ниҳоятда сокинлик билан варақлар эдим”.

Маълумки, Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳдаги бу ҳайбат ўзларининг шахсий хулқлари бўлмаган. Балки улар буни устозларидан, устозлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олишган. Бу улуғ насибадир. Бу насиба илмни ҳурмат қилиш, одобга амал қилиш орқалигина устозлардан олинади. Олимларни эҳтиром қилиш тўқиб чиқарилган иш эмас, балки бу салафларимиздан бизгача етиб келаётган нурли манҳаждир.

Робеъ ибн Сулаймон роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳга қасамки, Шофеъий менга қараб турса, унинг ҳайбатидан сув ичишга журъат қила олмасдим”.

Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳашимни тўрт йил лозим тутдим. Унинг ҳайбатидан шу орада фақат икки мартагина савол сўрай олдим холос”.

Абдус роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Абу Абдуллоҳ (яъни  Имом Аҳмад) бир куни менинг кулаётганимни кўриб қолди. Бугунгача уни эсласам уялиб кетаман”.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий роҳматуллоҳи алайҳ Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳнинг зиёратларига келиб: “Эй Абу Довуд, сизда ҳожатим бор”, деди. У киши: “Нима у?” дедилар.

“Ҳожатингни имкон қадар раво қиламан, десангиз айтаман”, деди. У киши: “Ҳожатингни имкон қадар бажараман”, дедилар. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан ҳадис ривоят қилган тилингизни чиқарсангиз, уни ўпсам”, деди. Шунда у киши тилларини чиқардилар Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий уни ўпди”[15].

Айримлар бу воқеани умуман танларига сиғдира олишмасликлари мумкин. Улар бу манҳаждан бенасиб бўлишса, биз нима қилайлик?! Ахир бу воқеанинг қаҳрамони “Сунан”нинг соҳиби Абу Довуд‑ку!

Имом Кисоий роҳматуллоҳи алайҳ Ҳорун ар‑Рашиднинг Амин ва Маъмун исмли икки ўғлини тарбия қиларди. Бир куни дарс тугагач, Имом Кисоий ўринларидан турдилар. Амин ва Маъмун ҳам шошилганича туришиб, устозларининг оёқ кийимларини тўғирлашни талашиб қолишди ва иккиси бир пойдан тўғрилаб қўйишди. Бу хабар Хорун ар‑Рашидга етганда Имом Кисоийга болаларини бундан қайтармасликни, балки уларнинг бу билан қадрлари ошишини айтди”[16].   

Ҳорун ар‑Рашид халифа бўлгач, Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳдан саройга келиб ўзи ва ўғиллари учун илм беришни сўради. Имом Молик халифага қараб: “Эй мўъминларнинг амири, илм бормайди, унга борилади”, деди. Бир муддат ўтгач Ҳорун Имом Моликнинг эшигига келиб рухсат сўради. Жория эшик олдида мўъминларнинг амири Ҳорун турганлигини айтганида, Имом Молик бориб ғусл қилди, энг чиройли кийимини кийиб хушбўйланди. Халифа шунча фурсат эшик олдида кутиб турди. У киргач: “Бу нимаси, эй Молик? Чақирсак олдимизга бормайсиз, ўзимиз келсак эшигингиз олдида куттирасиз”, деди. Имом: “Илм бормайди, балки унга бориш лозимлигини сенга айтгандим. Тўғри, сени эшикда куттириб қўйдим. Чунки сен Молик учун, мол‑обрў ёки бошқа бирор нарса учун эмас, фақат илм учун келдинг. Шу сабабли сенга илм берар эканман, чиройли кўринишда бўлайин”, дедим”, деди”[17]. 

Малик Солиҳ Айюб Шомга волий бўлди. Иззуддин ибн Абдуссалом жума куни Дамашқдаги Бани Умайя жомеъ масжидида хутба қилиб: “Аллоҳим, бу умматни ишини ўнглагин, Сенга итоат қилганларни азиз қилгин, сенга исён қилганларни хорлагин”, дея дуо қилди. Насронийлар Дамашқдан қурол аслаҳа сотиб олишарди. У киши Дамашқликларга насоролар учун қурол сотишни ман қилиб фатво берди. Шунда волий Иззуддин ибн Абдуссаломни, у кишидан сўнг Имом Аҳмадни ва кўпчилик уламоларни қамаб қўйди. Кейин Малик Иззуддин ибн Абдуссаломга ўзининг бир одамини жўнатди. У келиб Иззуддин роҳматуллоҳи алайҳга: “Мен ўртага тушиб сени зиндондан чиқараман, фақат сен Маликни кечириб, унинг пешонасидан ўпасан”, деди. Шунда у киши: “Бор кет, Аллоҳга қасамки, Малик менинг қўлимдан ўпишига ҳам рози бўлмайман. Сизлар мубтало бўлган нарсадан Аллоҳ менга офият берсин. Эй қавмим, мен боғдан гапирсам, сизлар тоғдан гапирасизлар‑а”, деди. Малик насроний қўмондонлари билан кўришишга Иззуддин роҳматуллоҳи алайҳни ҳам олиб бориб, бир чодирга қамаб қўйди. Малик насоролар билан ўтирар экан, Иззуддин роҳматуллоҳи алайҳ Қуръон ўқир, унинг овози уларга эшитилиб турарди. Шунда Малик: “Бунинг кимлигини биласизларми”, деди. Улар: “Йўқ”, дейишгач, у: “Бу бизнинг қиссисларимиздан”, деди. Олимларимиздан демади. “Нима учун уни қамаб қўйганимни биласизларми?” деди. Улар: “Йўқ”, дейишди. Малик: “Чунки у сизларга қурол сотишни ман қилиб фатво берди”, деди. Насоролардан бири: “Аллоҳга қасамки, агар бу бизнинг қиссисларимиздан бўлганида эди, унинг оёғини ювиб, ўша сувни ичардик”, деди. Малик қаттиқ ҳижолат бўлиб, Иззуддин ибн Абдуссалом роҳматуллоҳи алайҳни  қўйиб юборишларини айтди”[18].

Олимларимизни ҳурмат қилиш маданий савиянинг аломатидир. Билмаган нарсаларимизни улардан сўрашимиз Ҳақ таолонинг бизга кўрсатган кўрсатмасидир. Қуръони каримнинг икки жойида:

Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз[19]”, дейилган.

Бугунги кунда уламоларимиздан оммавий ижтимоий тармоқлар орқали бемалол билмаган нарсаларимизни сўраб олишимиз мумкин. Бунинг бизга улуғ неъмат эканлигни эътироф қиламиз. Аммо кузатишлар натижасида шу тармоқлар орқали олимларга нисбатан беҳурматлик қилаётганларни ҳам кўриб турибмиз. Улардан мисолларни келтириб мақоланинг ҳуснини, ўқувчининг табиатини бузмоқчи эмасмиз. Лекин олимлар Пайғамбарларимизнинг меросхўрлари эканлигини, улар билан бўладиган муносабатда одоб доирасидан чиқмаслик лозимлгини эслатиб қўймоқчимиз. Савол сўрашнинг ҳам ўзига хос одоблари мавжуд. Буларга амал қилмасдан, ҳуда‑беҳудага савол қилавериш олимга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Бунинг оқибати савол қилувчи учун яхшилик бўлмаслигини юқорида салафларимизнинг сўзлари орқали билдирдик. Шу сабабли барчамиз уламоларимизни ҳурмат қилайлик. Уларнинг ҳақларини адо этайлик. Агар уларга манфаат етказиш қўлимиздан келмаса, зарар беришдан ўзимизни сақлайлик. Уларнинг халқ учун зарур бўлган қимматли вақтларини олмайлик. Аллоҳ таоло олимларимизнинг умрларини узоқ қилсин. Уларнинг қилаётган хизматларига Ўз фазли ила барокотлар, манфаатлар ва мукофотлар ато қилсин!

Аброр Мухтор Алий


[1] Фотир‑28.
[2]Анкабут‑43
[3] Моида‑4
[4] Мужодала‑11.
[5] Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривояти.
[6] Термизий ривояти.
[7] Бухорий ривояти.
[8] Фатҳул Борий 11/342.
[9] Мажмуъ Шарҳул Муҳаззаб 1/42.
[10] Имом Мунзирий “Тарғиб”да зикр қилган. Ҳадиснинг санади ҳасандир.
[11] Бухорий ривояти.
[12] Ибн Саъд буни “Табоқот”да, Заҳабий “Сияр”да, Ибнул Жавзий “Сифатус Софва”да, Ибн Абдулбарр “Мужоласа” ва “Жавоҳирул илм”да, Ҳофиз “Исоба”да ривоят қилган.
[13]  Сияр Аъломин Нубало 23/425.
[14] Ҳулятул авлиё 3/11
[15] Вафийётул Аъён 2/405
[16] Ибн Халликон, Вафийётул Аъйён 2/510
[17] Шайх Атийя Муҳаммад Солимнинг “Матнур Роҳбия”га ёзган шарҳи 13.
[18] Субкий  “Табоқотул Шофиъийятил Кубро”да келтирган. 8/224.
[19] Наҳл‑43, Анбиё‑7.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz