“Субҳаналлоҳ” сўзининг таржимаси Принтер учун
08.01.2013 й.
“Субҳаналлоҳ” жумласи Аллоҳ таоло бандалари айтишини яхши кўрадиган зикрлардан ҳисобланади. Биз ҳар куни беш маҳал намоз ўқиганимизда ўттиз уч мартадан “субҳаналлоҳ”, “алҳамдулиллаҳ” ва “Аллоҳу акбар” зикрларини айтамиз. Унинг қанчалик савобли иш эканидан хабардормиз. Аммо биз қуйида “субҳаналлоҳ”нинг фазилати эмас, балки мазкур жумланинг ўзбек тилига таржима қилиниши ҳақида тўхталиб ўтамиз. Зеро айтаётган зикрларимиз мукаммал бўлиши ва ибодатимизда ихлос ҳосил қила олишимиз учун зикрларнинг маъносини билиш талаб этилади.
 
 
“Субҳаналлоҳ” жумласи аслида арабча سَبْحًا – يَسْبَحُ – سَبَحَ  сўзидан ясалган бўлиб, у луғатда “дарёда сузмоқ”, “юлдузларнинг осмонда сузиб юриши” каби маъноларни ифодалайди. سُبْحَانَ сўзи эса, мазкур феълдан ясалган масдар (ҳаракат номи) ҳисобланади. سُبْحَانَ اللهِ жумласи қисқартирилган шакл бўлиб, у аслида أُسَبِّحُ اللهَ سُبْحَانًا أو تَسْبِيحًا шаклига эга.
Биздаги диний адабиётларнинг аксариятида “субҳаналлоҳ” сўзи “Аллоҳни поклаб ёд этаман, Аллоҳни поклайман”, деб ўгирилган. Мазкур жумлани бу тарзда таржима қилиш нотўғри. Чунки Аллоҳ азалий пок Зот, У бизнинг поклашимизга муҳтож эмас. Аллоҳнинг айбу нуқсондан Поклигининг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам йўқ. У Зот бандалари “субҳаналлоҳ” деганларидан сўнг Пок бўлган эмас ёки бандалар “субҳаналлоҳ” демай қўйсалар У Зотнинг Поклигига путур етмайди.
Ҳадиси қудсийларнинг бирида шундай дейилган: “Эй бандаларим, сизлар Менинг зараримга (яъни, Менга зарар етказиш даражасига) ҳеч қачон ета олмайсизларки, Менга зарар берсангизлар! Менинг фойдамга ҳам асло ета олмайсизларки, Менга фойда берсангизлар!” (Муслим ривояти).
Аслида биз Аллоҳни поклаб ёд этмаймиз, балки Уни пок деб биламиз, ҳар қандай айбу нуқсондан холи эканини тан оламиз, эътироф этамиз, холос.
Яҳудийлар: “Узайр Аллоҳнинг ўғлидир”, насронийлар эса: “Масийҳ Аллоҳнинг ўғлидир” деган даъвони қилишди. Шунингдек, улар фаришталар Аллоҳнинг қизлари, Аллоҳ ўзига фарзанд тутди, деб нолойиқ гап-сўзларни тарқатдилар. Лекин бу билан Аллоҳнинг шаънига зиғирча доғ тушгани йўқ. Улар бу сўзлари билан Аллоҳ Поклигига путур етказолмайдилар. Шунингдек, мўминлар “субҳаналлоҳ” дейиш билан Аллоҳни поклаган ҳам ҳисобланмайдилар. Улар “субҳаналлоҳ” дейишлари билан Аллоҳнинг Поклик сифати зиёда бўлиб қолмайди. Бу ерда ҳамма нарса эътиқодга боғлиқ. Кофир ва мушрик кимсалар Аллоҳ шаънига нолойиқ гапларни айтадилар ва Аллоҳга шерик қиладиган. Уларнинг эътиқоди шундай. Мўминлар эса, Аллоҳни ҳар хил айб-камчилик ва нуқсонлардан Пок ва Улуғ Зот деб тан олдилар. Бандалар бундан ортиқ нарсага тоқат қила олмайдилар.
Шуни унутмайликки, “покламоқ” сўзи “аслида тоза бўлмаган”, “кир босган, ифлосланган нарсани тозалаш”га нисбатан ишлатилади. Масалан, қўлингиз кир, уни поклаш учун сув билан яхшилаб ювиш лозим. Кийимни ҳам худди шундай тозаланади. Энди, бир ўйлаб кўринг, “тозаламоқ” ва “покламоқ” сўзини Аллоҳга нисбатан қўллаш қанчалик катта хато!?
Араб тилида “бобут-тафъийл” вазнида ясалувчи сўзларнинг маъноларидан бири шуки, у “фаъала боби”даги феъл ифодалаган иш-ҳаракат ёки сифатни мавжуд деб ҳисоблаш ёки тан олишни билдиради. Масалан:
صَدَقَ   –   рост гапирмоқ,  صَدَّقَ –   рост гапирган (ёки ростгўй) деб тан олмоқ
كَذَبَ   –   ёлғон гапирмоқ,  كَذَّبَ –   ёлғон гапирган демоқ ёки ёлғончига чиқармоқ
Шунга ўхшабسَبَّحَ  феъли ҳам “покламоқ” эмас, балки “пок деб тан олмоқ” маъносини ифодалайди.
Араб тилидаги луғат китобларда, жумладан “Лисанул-ароб”, “Ан-ниҳоя”, “Мухторус сиҳоҳ” китобларида تَسْبِيحٌ  сўзи التَّنْزِيهُ وَالتَّقْدِيسُ وَالتَّبْرِئَةُ مِنَ النَّقَائِصِ деб изоҳланган. Яъни, унинг маъноси “нуқсон ва камчиликлардан холи, пок деб тан олмоқ”, “Аллоҳнинг Пок Зот эканини эътироф этмоқ”дир.
Бас, шундай экан, “субҳаналлоҳ” жумласини ўзбек тилига таржима қилишда юқорида айтиб ўтилган муҳим ва нозик жиҳатлар эътибор олинса, барчамиз Ўз Зоти ва сифатида Тенгсиз ва Улуғ бўлган Аллоҳ таолонинг шаънига тўғри келмайдиган сўзларни айтишдан сақланардик.

Зиёвуддин Раҳим
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri