Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг энг катта мўъжизалари Қуръондир. Расулуллоҳ (с.а.в.) кўплаб мўъзижалар соҳибидир, лекин биз энг асосийларидан бўлмиш биттаси, яъни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзига хос фазилатлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг таржимаи ҳолининг ўзи мўъжиза. Расулуллоҳ (с.а.в.) биз каби оддий инсон бўлганлар ва буни ҳаммага эълон қилганлар: “(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда...”[1] Яъни, Расулуллоҳ (с.а.в.) биз каби сифатларга эга инсондир, лекин бу улуғликда ҳам биз билан баробар дегани эмас. Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (с.а.в.) каби гўзал хулқли бошқа инсон яратмаган!
Тарихда яшаб ўтган энг таниқли шахсларга Расулуллоҳ (с.а.в.)ни тенглаштириш ноҳақлик ва зулмдан бошқа нарса эмас. Чунки бу таниқли шахслар ақлли бўлиши мумкин, лекин гапга нўноқ бўлган ёки гапга чечанлиги билан танилган бўлиши мумкин, лекин фикри ва ғояси яхши шаклланмаган, раҳбарлик ва қўмондонлик билан шуҳрат қозонган бўлиши мумкин, лекин ахлоқи намуна бўладиган даражада яхши бўлмаган.
Муҳаммад (с.а.в.) эса ҳамма яхши хислат ва сифатларни ўзида жамлаган ягона шахсдир. Тарихда ўтган ҳар қандай машҳур инсоннинг одамлардан яширадиган, ўзи ёки оиласининг шаънига доғ туширадиган гуноҳлари ва ёмонликлари бўлган. Муҳаммад (с.а.в.) эса ўз ҳаётини сир сақламасдан барча инсонларга намуна сифатида ошкора баён қилиб қолдирган ягона Зотдирлар.
Муҳаммад (с.а.в.) саҳобаларига ўзидан содир бўладиган иш ва сўзларни оқизмай-томизмай бошқаларга етказишни буюрган, тинчлик, уруш, ғазаб, рағбат ва касаллик чоғларидаги ҳолатларини ҳам беркитмасдан ҳаммага етказишни амр қилган ягона шахсдирлар.
Ҳатто Муҳаммад (с.а.в.) ўзи билан аёллари орасидаги муносабат ва муомаларни ҳам бошқаларга ибрат юзасидан етказишдан ор қилмаган ягона шахс бўлиб қолмоқдалар. Оиша (р.ҳ.) оиласидаги ҳолат ва ҳодисаларни Муҳаммад (с.а.в.)нинг изни ила бошқа саҳобийларга ибрат ва ўргатиш мақсадида ошкора айтар эдилар. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳар бир қилган иши ва айтган сўзи шариат ва дин эди. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ҳатто ота ўз ўғлига гапиришдан уяладиган маслаҳатлар ҳам ривоят қилинган. Биз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қандай овқатланишини, қандай кийимларни кийиши, қай ҳолатда ухлаши, ҳатто ҳожатини қандай раво қилишини ҳам биламиз. Тарихда Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бошқа ким ўз ҳаётини ҳаммага ошкора эълон қилиб, дўсти-ю душманига кўрсатган?! Таржимаи ҳолининг ҳар бир куни ибрат ва намунага тўла бўлган ҳолда китобларда ўз аксини топган Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бошқа бирорта тарихий шахс борми?!
Улуғлик шахсий хулқларнинг гўзаллиги, бажарилган улуғ ишлар ёки келажак авлод учун қолдирган улкан унутилмас мерослар билан ўлчанади. Тарихда ўтган улуғларда шуларнинг бири топилиши мумкин. Лекни Расулуллоҳ (с.а.в.)да бу жиҳатларнинг ҳаммаси топилади. Ўтмишдаги улуғлар фақат ўз қавми ва халқи учун фойда келтирган бўлишса, Расулуллоҳ (с.а.в.) дунёдаги барча халққа фойда бўладиган Ислом неъматини олиб келган Зотдир. Шунингдек, улуғлик бутун дунё тан оладиган даражада кенг бўлиши мумкин, лекин уларнинг ҳам чегараси бор. Масалан, табиат қонунларидан бирини кашф қилиш, бедаво касалликка қарши дори ихтиро қилиш, янги фалсафий назария ўйлаб топиш, чиройли ва бетакрор қисса ёки шеър ёзиш ва ҳоказолар орқали эришилган шуҳратни бутун дунё билиши, тан олиши мумкин, лекин бу машҳурликнинг имконияти чекланган бўлиб, вақт ўтиши билан ўз моҳияти ва машҳурлигини йўқотиши ёки ундан-да машҳурроқ ҳодисалар рўй бериши мумкин. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг улуғликларининг эса чегараси йўқ, ҳаммага бирдек фойдали ва бардавомдир.
Тарихдан бизга таниш бўлган даъватчилар, йўл бошловчи ва саркардалар қилган маъруза ва берган тавсияларининг ҳаммасига ҳам ўзлари амал қилишмаган. Уларнинг гаплари қалбидаги ўйлаган ниятларига тўғри келмаган. Улар инсонларни ёмонликлардан тийилишга чорлашган, лекин хилватда, рағбати кучайганда, ғазаби келганда ёки эҳтиёж сезганда ўзлари амал қилишмаган. Шу боис уларнинг маърузаларининг таъсири узоққа бормаган. Аммо Расулуллоҳ (с.а.в.) эса мактаблар ташкил қилиб, соатлаб маъруза қилмаган бўлсалар-да, қалбларни забт эта олган. Расулуллоҳ (с.а.в.) зарур бўлганда уйда, масжидда, йўлда ҳам яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарганлар. У зот (с.а.в.) нафақат сўзлари билан, балки амаллари билан ҳам ўзгаларга намуна бўла олганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг хулқлари Қуръон бўлган. Биз бу гапни кўп эшитамиз, лекин маъносини чуқур ўйлаб кўрмаймиз. Бунинг маъноси шуки, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қилган ҳар бир иши, айтган ҳар бир сўзи ва хулқлари Ўзи тиловат қилаётган оятлар, инсонларга етказаётган маърузалар, мажлисларда қилаётган ваъз-насиҳатларга мос демакдир! Тарихда ҳар бир сўзига амал қиладиган ва ичи-ю таши бир хил бўлган Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бошқа яна бирорта шахс борми?!
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдинги-ю кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса ҳам, тунларни намоз билан бедор ўтказар эдилар, ҳатто товонлари шишиб кетар эди. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳар бир қилгани иши ибодат эди. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бу каби намунали хислатларининг сон-саноғи йўқ. Шулардан бирини келтириб ўтамиз.
Тарихда таниқли ва обрўйли шахслар жиноят содир этишса, кам ҳолларда уларга нисбатан жазо қўлланилган ёки жазо енгиллаштирилган. Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида ҳам ҳудди шундай воқеа содир бўлди. Қурайшнинг энг обрўли оилаларидан бири, яъни Бану Махзум қабиласидан бир қиз ўғрилик қилди. Бу қабила Ҳошим ва Умайя қабилаларидан кейин энг катта ва обрўли қабила ҳисобланган. Ўғрилик содир этилгач, инсонлар “Расулуллоҳ (с.а.в.) кечиримли Зот, уни афв этадилар, қолаверса, бу қиз обрўли оиладан, ҳеч бўлмаганда бошқа енгилроқ жазо қўлланса керак”, деб ўйлашди. Лекин Расулуллоҳ (с.а.в.) буни эшитиб, ғазабландилар ва “Сизлардан олдингилар обрўли инсон жиноят қилса, жазо бермасдан заиф инсон жиноят қилса, жазолаганликлари учун Аллоҳнинг ғазабига учраб, ҳалокатга йўлиқишган”, деб таъкидладилар. Сўнг тарих мислини кўрмаган ва фақат Ислом динига хос бир ҳадисни айтдилар: “Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммад (с.а.в.)нинг қизи Фотима (р.ҳ.) ўғрилик қилса, унинг ҳам қўлини кесаман!” Бу Расулуллоҳ (с.а.в.) учун табиий ҳолат эди. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) хоҳиш-истаги ва бутун борлиғи Аллоҳдан тушаётган ваҳий билан боғлиқ эди. Бу ваҳийга қарама-қарши бўлган йўл У зот (с.а.в.) учун бегона йўл ҳисобланар эди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) бойлик тўплаш, фақат таом ва либос учун яшаш, нафсининг барча истакларини қондиришдан холи Зот эдилар. Шу билан бирга узлат, очликни даъво қиладиган зоҳидлардан ҳам эмасдилар. Доим фақирлик либосида юрмасдилар, балки ҳадя қилинган либослардан ҳам киярдилар, келтирилган таомдан ер, агар ёқмаса, емасдилар, лекин таомни айбламас эдилар, очликка чидай олмаганларида қоринларига тош боғлаб олардилар, бор либосни кияр эдилар, либоснинг маълум бир тури ёки рангини танлаб киймасдилар, гоҳида дўппининг устидан салла ўраб олардилар, баъзан салла ўрамасдан дўппининг ўзини кияр, баъзан эса дўппи киймасдан салланинг ўзини ўраб олардилар. Либослари кўйлак, изор ва ридодан иборат бўларди, тўн ва чопон ҳам киярдилар, лекин У зот (с.а.в.)нинг чопонлари ҳозиргидек енги кенг ва муҳташам эмасди, балки тор енглик чопон киярдилар, шунингдек, саллалари ҳам ҳозирги муҳташам саллаларга ўхшамасди, балки бир парча матони бошларига ўраб олардилар, эҳтиёж сезмаганида эса, салаларини ечиб, елкаларига ташлар ёки бошқа ишларга ишлатар эдилар, ҳатто жанг маҳали саллаларидан асирларни боғлашда ҳам фойдаланганлар, саллаларини орқа тарафга кокил бўлиб тушиб турар эди. Салла ўша даврда ва ҳозирда ҳам иссиқ ўлкаларда, айниқса, Ҳижозда иссиқдан сақловчи либос сифатида ишлатилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) фақат бир хил рангли салла ўрамаганлар, Фатҳ куни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саллалари қора бўлган.
Ислом динида авратни ёпиб турадиган ҳар қандай либосни кийишга рухсат бор. Лекин либос билан боғлиқ бошқа чекловлар ҳам бор. Масалан, эркакларга ипак либослар мумкин эмас, шунингдек, бошқа дин вакилларининг махсус диний либосларини кийиш ҳам жоиз эмас, яъни кўрган одам мусулмон ёки мусулмонмаслигини ажрата олмайдиган даражада роҳибларнинг кийимини, масалан, кийишга рухсат берилмайди. Яна аёлларга эркакларга хос либосларни, эркакларга эса аёлларга хос либосларни кийиш таъқиқланади, бундан бошқа ҳар турли либосни модомики исрофгарчиликка йўл қўйилмас экан, кийиш жоиз саналади.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳ таоло ўз бандалари учун чиқариб қўйган зийнатларни ва ризқларни ҳаром қилмаганлар, лекин буларга ҳирс ҳам қўймаганлар ва асосий ғам-ташвиши бу зийнат ёки ризқлар бўлмаган. Шунингдек, Расулуллоҳ (с.а.в.) бойликка ҳам ўч эмас эдилар. Қурайшликлар Расулуллоҳ (с.а.в.)га катта бойлик ва подшоҳлик ваъда қилишган ва эвазига Исломни ёйишдан воз кечишини сўрашганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) рози бўлмаганлар, чунки У зот (с.а.в.)нинг қалбларида бойликка бўлган муҳаббатдан асар ҳам йўқ эди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) шаҳвоний иллатлардан ҳам холи Зот эдилар. Лекин баъзи шарқшунослар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳаётини ўрганиб, Узот (с.а.в.)ни ўзлари билган тарихдаги шахсларга қиёслаб, хулоса чиқаришга уринишмоқда. Улар Муҳаммад (с.а.в.) шаҳватга берилган киши бўлган, бир вақтнинг ўзида тўққизта хотинга уйланган, деб нотўғри фикрлар билан омманинг онги заҳарланишига ҳисса қўшмоқдалар. Жинсий рағбатнинг энг жўш урган вақти йигирма беш ёшлар атрофига тўғри келади. Бу ёшдаги йигит ва қизлар маъсиятга олиб борадиган йўллар ва сабаблардан ўзларини узоқ тутишлари, айниқса, ҳаром нарсалардан назарларини олиб қочишлари лозим. Чунки бу давр ёшлар учун энг хатарли ҳисобланади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ёшларида қаерда эдилар, нима билан машғул эдилар? Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ёшларида мустақил юртда яшаган ҳур киши эдилар, истаса, ҳаромлардан лаззатланиши мумкин эди, У зот (с.а.в.)га монелик ва назорат қиладиган бирорта қариндоши, ҳатто ота-аналари ҳам йўқ эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) билан тенгдош ёшлар ҳаром нарсалардан лаззатланишга муккасидан кетишган эди, уларни бў йўлдан қайтара оладиган на дин бор эди, на қонун. Шундай бўлишига қарамай, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бу каби ножўя ҳатти-ҳаракатлар содир бўлмади, буни ҳамма тарихчилар таъкидлашади. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сийрати, ҳаёт тарзи дўсту душман учун бирдек очиқ-ойдин. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ёшда бошқа тендошлари каби ҳаром лаззатларга берилиб кетган, дея оладиган бирорта одам топиладими?! Бир марта Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам ўз тенгдошлари каби фикрлаб, ёшлигида бир тўйни томоша қилишга борадилар, лекин Аллоҳ таоло У зот (с.а.в.)нинг кўзларига уйқу бериб, бу ҳолатдан қутқаради. Агар Расулуллоҳ (с.а.в.) тенгдошлари каби ёшлигида маишатга берилиб кетганида У зот (с.а.в.)нинг ашаддий душманлари бўлмиш мушриклар бу фурсатни қўлдан бой бермасдилар, ҳаммага овоза қилиб, шарманда қилишган бўлардилар! Расулуллоҳ (с.а.в.) йигирма беш ёшларида уйланганлар, лекин чиройли, ёш ва бокира қизга уйланмаганлар! Балки қирқ ёшли аёлга уйланганлар! Қолган аёлларига эса қариган чоғларида уйланганлар! Элликдан ошган одам шаҳвоний ҳирсини қондириш учун уйланадими?! Расулуллоҳ (с.а.в.) қариган чоғларида урушда эри ўлган беваларга ёрдам бериш, қабилалар орасидаги ришталарни боғлаш ва етимларга ёрдам бериш мақсадида уйланганлар. Шунингдек, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (с.а.в.)га бошқа мусулмонларга берилмаган имкониятни берган, яъни Расулуллоҳ (с.а.в.)га тўрттадан ортиқ аёлга уйланишга рухсат берилган. Лекин бунинг эвазига бошқа мумсулмонларга берилган ҳуқуқ Расулуллоҳ (с.а.в.)дан олиб қўйилган, яъни Расулуллоҳ (с.а.в.)га талоқ қилиш ҳуқуқи берилмаган.
Қолаверса, жинсий қувватга эга бўлиш айб ҳисобланмайди. Чунки бу хислат мардликнинг бир белгисидир. Агар бу хислат бўлмаса, эркаклардаги ғурур қаерда қолади?! Лекин жинсий қувватни ҳаром йўл билан қондириш, фақат шаҳвоний эҳтиёжни қондириш учун яшаш ва бундан бошқа нарсалар ҳақида ўйламаслик айб ҳисобланади! Аммо Расулуллоҳ (с.а.в.)да бу каби иллатлар топилмаган!
Шу ўринда кўплаб тортишув ва низоларга сабаб бўлган Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Зайнаб (р.ҳ.)га уйланишлари ҳақида гапириб ўтмасликнинг иложи йўқ. Зайнаб (р.ҳ.) ёш ва чиройли аёл бўлганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг у аёлга уйланишларига монелик қиладиган ҳеч қандай ҳис ва сабаб бўлмаган. Аллоҳ таоло жамиятни ислоҳ қилиш учун бу никоҳни амалга оширишга буюрган. Аввало, Аллоҳ таоло жоҳилиятдаги тарафкашлик ва табақалашувни бартараф қилиш мақсадида арабларнинг энг обрўли оилаларидан бўлган Зайнаб (р.ҳ.)ни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг асир ва тутинган ўғиллари Зайд (р.а.)га никоҳлашни хоҳлади. Бу никоҳ ўша давр учун катта ўзгариш эди. Ҳар иккала тараф ҳам мажбурликдан оила қуришган эди. Ҳаётлари жанжал ва келишмовчиликлар билан ўтиб борар эди. Иккаласи ҳам ажрашишни хоҳлашар эди, лекин Расулуллоҳ (с.а.в.) бунга рухсат бермасдан, шундай насиҳат қилардилар: “Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин (яъни талоқ қилишга шошмагин), Аллоҳдан қўрқгин!”[2]
Ниҳоят ажралишдан бошқа йўл қолмаганида, Зайд (р.а.) Зайнаб (р.ҳ.)ни талоқ қилди. Шу ердан жамиятни ислоҳ қилишнинг иккинчи босқичи бошланди. Бу босқич авваалгисидан ҳам машаққатли ва қийинроқ эди. Бу машаққатнинг оғирлигини кўтариш Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг зиммаларига юкланди. Расулуллоҳ (с.а.в.) тутинган ўғли талоқ қилган хотинга уйландилар. Бу никоҳ билан ўша даврдаги одат, яъни тутинган ўғлининг талоқ қилинган хотинига уйланиш мумкин эмас, деган ақида бекор қилинди. Бу ҳодисанинг машаққати шунда эдики, одамлар Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ўз ўғлининг хотинига уйланишда айблай бошладилар. Бу Расулуллоҳ (с.а.в.) учун ўта оғир машаққат эди, лекин Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳнинг амрига итоат қилган ҳолларида бу оғирликни кўтардилар.
Жисмоний қувват моддий кучларни бартараф қилишга ёрдам берса, қалбдаги қувват эса таъна-дашномларга қарши курашишда қўл келади. Лекин булардан ҳам кучли бошқа бир қувват ҳам бор бўлиб, у хулқ, деб аталади. Гўзал хулқ – нафс, унинг хоҳиш-истаклари ва рағбатига қарши кураша оладиган ягона кучдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қаҳрамон жанг майдонида ҳаммани енган одам эмас, балки ғазаби келганда ўзини қўлга оладиган кишидир”, дея марҳамат қилганлар. Ҳақиқатдан ҳам шундай! Жанг майдонида душманга қарши ишлатиладиган куч юздан бир фоизни ташкил қилса, қолган тўқсон тўққиз фоиз ҳисса ғазаб келганда уни тўхтатиб, қалбдаги ғазабнинг оловини ўчириш, аъзолар ва овоздаги сокинликни сақлаш учун кетадиган кучга тегишлидир. Ғазаб кўзини кўр қилган, ҳеч кимни тингламайдиган даражада ғазаб отига минган одамнинг ҳусни хулқни ёдга олиб, бир сонияда мулойим беозор кишига айланиб қолишини бир тасаввур қилиб кўринг! Шундай инсонга ҳаётингизда дуч келганмисиз?!
Тасаввур қилинг, бир одам сизнинг энг яқин инсонингиз жонига қасд қилди. Сўнг ёнингизга келиб, сиздан афв тилади. Сиз унинг айбидан кўз юма оласизми?! Чеккан азобларингизни унутиб, уни кечира олсизми?! Расулуллоҳ (с.а.в.) амакиси Ҳамза (р.а.)нинг қотили Ваҳший (р.а.) Исломни қабул қилгач, уни афв этганлар. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳусни хулқлари нафсининг рағбатини парчалаб ташлаган эди! Лекин Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам Ислом шариатига хилоф бўлмаган ва ҳеч кимга зарар етмайдиган ўринларда инсоний табиатдан холи эмасдилар. Шу боис: “Кўзимга кўринмай юргин”, дея амакиларига бўлган муҳаббатини ошкор қилдилар. Чунки ҳар сафар Ваҳший (р.а.)ни кўрганларида амакилари ёдига тушарди.
Абу Суфённинг хотини Ҳинд (р.ҳ.) ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.)га кўп душманликлар қилган, у қилган хунрезликни ҳатто ҳайвонлар ҳам қилмайди. Ҳинд (р.ҳ.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг амакилари Ҳамза (р.а.)нинг кўкрагини ёриб, жигарини суғириб олган ва уни чайнаб ташлаган эди. Лекин Ҳинд (р.ҳ.) Исломни қабул қилгач, Расулуллоҳ (с.а.в.)ни афв этиб, байъат қилганлар.
Макка аҳли Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзларига, яқин инсонларига ва ақидаларига катта зарар берган. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)ни саҳобалридан айриб, йўлларига тиконлар сочишар, сажда қилиб турганларида бошларига туянинг ичакларини ташлаб кетишар ва доим масхара қилишар эди. Бу ҳол бир ёки икки йил давом этгани йўқ, балки ўн уч йил муттасил давом этди. Сўнг маккаликлар Расулуллоҳ (с.а.в.)га қарши жанг қилишиб, яқинлари ва сафдошларини сўйиб юборишди. Лекин Расулуллоҳ (с.а.в.) барига сабр қилиб, ниҳоят уларнинг устидан ғалаба қозондилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) Маккани фатҳ қилганларида маккалик мушриклар қўлларидан ҳеч нарса келмаган ҳолларида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг берилажак ҳукмини кутиб туришарди. Чунки улар ҳам кечирилмасликларини, ўлимга маҳкум эканликларини ва шунга лойиқ иш қилганларини билишар эди. Шундай бўлса-да, бу мушриклар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳусни хулқлари ҳақида гапирар эдилар, кечирилишларига умид қилишарди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларнинг ҳаммасини қатл қилишга буюрсалар, хато бўлмас эди, тарихда Исломга доғ тушадиган даражада хатолик содир бўлмаган бўларди. Шундай бўлсада, Расулуллоҳ (с.а.в.) бошқа йўлни танладилар, бу ҳукмни ҳеч ким кутмаган эди. Ҳатто тарих бундай марҳаматга гувоҳ бўлмаган эди ва ҳозиргача бу каби ҳусни хулқ эгасини тарих кўргани йўқ! Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кетаверинглар, сизлар озодсизлар”, деб марҳамат қилдилар!”
Китоблар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мўъжизалари билан тўлиб тошган, лекин биз бошқа жиҳатни ёритишга ҳаракат қилдик. Ахир, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳеч кимда топилмас бу хислат, сифат ва хулқлари мўъжиза эмасми?! Мўъжиза – инсонлар ўхшашини келтиришдан ожиз бўлган иш демакдир. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг тўғри сўзликлари ва омонатдорлиги, мўъжиза эмасми?! Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг омонатдорлигини эсланг! Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилганларида Али (р.а.)ни гаров учун қолдириб кетганлар. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.)да Қурайш қабиласининг омонати бор эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳатто кофирнинг омонатига ҳам хиёнат қилмаганлар! Расулуллоҳ (с.а.в.) энг охири бўлиб ҳижрат қилганлар. Қурайшликлар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бошқа ишончли омонатдор инсон топа олишмаган. Тасаввур қиляпсизми, бир-бирига қарама-қарши икки тараф, ўртада жанг кетаётганига қарамай мушриклар Расулуллоҳ (с.а.в.)га ўз моллари ва пулларини ишониб топширганлар, У зот (с.а.в.)нинг ростгўйликларига ишонганлар! Агар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ростгўйлиги ва омонатдорлиги мўъжиза бўлмаганида бу мушриклар У зот (с.а.в.)га ишонмас эдилар!
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳаёти мўъжиза, тарихда ҳеч ким У зот (с.а.в.)нинг ҳаётидек яшамаган. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳар бир ҳаракатлари, жисмоний ва руҳий ҳолатлари мўъжиза. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг шижоатлари ва саботи олдида ҳар қандай душман ҳам ўзини йўқоиб қўярди, лекин шу билан бирга фақирларга, бева-бечораларга ва мискинларга ўта раҳимдил эдилар. Ҳақиқатни тан олиши ва ростгўйлиги шу даражада эдики, ҳатто Ўзининг айби ва хатоси ҳақида нозил бўлган оятларни ҳам бутун инсониятга баралла айта олардилар! Аҳдларга вафо қилиши, сўзининг устидан чиқиши, қанчалик қийин бўлмасин, омонатга хиёнат қилмаслиги мўъжизадан бошқа нарса эмас!
Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳатто таомланиш, ухлаш, юриш-туриш ва покланиш одобларини тузиб чиққан Зотдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) икки оламнинг подшоси бўлишларига қарамай, саҳобалари билан бирга ишлар, ҳаётлари уларнинг ҳаётидан фарқ қилмас эди, улардан маслаҳат сўрар ва саҳобаларнинг гапларига қўлоқ солар эдилар. Мажлисга борганларида қаерда бўш жой бўлса, шу ерга ўтирар эдилар, ҳатто келган одам: “Қайси бирингиз Муҳаммадсиз (с.а.в.)?”, деб сўрарди. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобалардан ажралиб, алоҳида жойда ўтирмас эдилар, ҳатто кийган либослари ҳам саҳобалариникидан фарқ қилмас эди.
Аёлларга муносабати, оиласига, дўстларига бўлган муносабат ва муомаласида ҳам ҳеч қандай айб, нуқсон ва иллат топилмас эди. Тавозелиги ва шуҳратни севмаслиги боис Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаммага бирдек ёқардилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларини туриб кутиб олишдан қайтарардилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) оиладаги ишларни ўзи қилар, аёлларига ёрдам берар эдилар, оёқ кийимини ўзлари кийиб, ўзлари ечардилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) фақир ҳолатда ҳаёт кечирганлар, фақирлиги ожизлигидан эмас, балки бойликка ружу қўймагнликларидан эди. Агар хоҳлаганларида Эрон шоҳлари Кисро ва Қайсарларнинг саройларидан ҳам каттароқ қаср қурдириб олардилар. Лекин У зот (с.а.в.) дунё бойлигидан Охиратни устун қўйдилар. Битта ҳовлида тўққизта аёл билан кун кечирар эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак ҳужраларининг узунлиги йигирма беш метрдан ошмаган. Оиша (р.ҳ.)нинг уйлари бир хонали бўлиб, гуваладан қурилган эди. Уйнинг торлигидан Расулуллоҳ (с.а.в.) намоз ўқиганларида Оиша (р.ҳ.) ухлай олмас эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) сажда қилганларида Оиша (р.ҳ.) оёқларини йиғиштириб олардилар, Расулуллоҳ (с.а.в.) шу жойга сажда қилардилар. Уйда ойлаб қозон осилмас эди. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг оиласининг таоми ҳурмо ва сувдан иборат эди.
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг фасоҳати, чиройли гапиришлари эса алоҳида мавзу. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бу сифатларининг ҳаммаси ҳам мўъжиза бўлиб, Аллоҳ таоло бежизга Расулуллоҳ (с.а.в.)ни охирги пайғамбар қилиб танлаб олмаганидан дарак беради: “...Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни яхшироқ билгувчидир...”[3]
--------------------------------------------------------------------------------
[1] Каҳф, 110. [2] Аҳзаб, 37. [3] Анъом, 124.
|